Антон Чехов. Хор артисткаси (ҳикоя)

Кунлардан бир кун, хор артисткаси ҳали ёшроқ, қўҳликроқ, овози ҳам ўткирроқ пайтларда унинг жазмани Николай Петрович Колпаков артистка боғида сават курсида ўтирар эди. Ҳаво обдон иссиқ ва дим эди. Колпаков ҳозиргина овқатланди ва бир шиша ёмон портвейн ичиб олди, табиати тирриқ ва ўзини ёмон ҳис қилмоқда эди. Иккалалари ҳам зерикишиб, сайр қилиш учун иссиқнинг тапти тушишини кутиб ўтиришарди.
Бирдан йўлакда қўнғироқ чалиниб қолди. Сюртуксиз ва сарпойчанг ўтирган Колпаков ирғиб турди, Пашага савол назари билан қаради.
— Хат ташувчи ёки дугонам бўлса керак, — деди ашулачи.
Колпаков Пашанинг дугоналаридан ҳам, хат ташувчидан ҳам уялмас эди, лекин ҳар эҳтимолга қарши ўз кийим-бошларини қучоқлаганича ёндаги уйга кириб кетди. Паша эшик очгани ғизиллаб чиқди. Эшикни очиш билан ҳайронликдан эсанкираб қолди. Остонада хат ташувчи ҳам эмас, дугонаси ҳам эмас, қандайдир ёш, чиройли, яхши кийинган, кўринишига қараганда олий табақадан чиққан нотаниш бир аёл турар эди.
Аёлнинг рангги ўчган, худди баланд зинадан чиққандек хансирар эди.
— Сизга нима керак? — деб сўради Паша.
Бариня дарров жавоб бермади. У олдинга бир қадам ташлади, уйга разм солди ва чарчагандан ёки бетобликдан туришга ҳам мадори қолмаган кишилардек ўтирди, кейин нимадир айтмоқчи бўлиб оппоқ оқарган лабларини анчагача пириллатиб турди.
— Менинг эрим сизникидами? — деди у ниҳоят ёшли, қизариб кетган катта кўзларини Пашага тикиб.
— Қанақа эрингиз? — деб шивирлади Паша ва бирдан ўзи шундай қўрқдики, оёқ-қўллари бўшашиб кетди. Қанақа эрингиз? — деб такрорлади у, дир-дир титраб.
— Менинг эрим. Николай Петрович Колпаков.
— Йў-қ… пошша ойим … Мен… мен ҳеч қандай эрни билмайман.
Бир дақиқа жимжитликда ўтди. Нотаниш аёл оппоқ оқарган лабларига бир-икки марта дастрўмол тегизиб қўйди ва ичидан келаётган титроқни босиш учун нафас олмаи турди, Паша унинг олдида қимирламай турар ва унга анғрайиб, қўрқиб қарар эди.
— Ҳа, ҳа, у бу ерда йўқ дейсизми? — деб сўради бариня бу гал қатъият билан ва ғалати илжайиб.
— Мен… мен кимни сўраётганингизни билмайман.
— Сиз ифлос, қабиҳ, разил аёлсиз… — деб тўнғиллади нотаниш аёл, Пашага нафрат ва жирканиш билан қараб. — Ҳа, шундай… Сиз ифлоссиз. Ниҳоят, кўнглимдаги гапларни сизга айта олганим учун жуда хурсандман!
Паша бу қора кийимли, кўзлари ғазабдан чақнаган, оппоқ нозик бармоқли хонимга қандайдир ифлос ва бадбашара кўринаётганини сезди ва шунинг учун ўзининг семиз қизил ёноқларини, бурнининг устидаги чўтирини ва ҳеч ҳам тепага таралмайдиган пешонасидаги гажакларини ёмон кўриб кетди. Балки у озғинроқ бўлса, упа-элик сурмаганда ва мана шу гажаги бўлмаганда эди ўзини андишасиз аёл эканини яшириши мумкин бўларди ва мана бу нотаниш, сирли аёл олдида шунчалик ваҳимага тушмай ва уялмай тура олар эди.
— Қани эрим? — деб давом этди хоним. — Майли, у бу ердами ёки бу ерда эмасми энди менга барибир, лекин сизга шуни айтиб қўйишим керакки, унинг қилган растрати очилиб қолган ва Николай Петровични қидирмоқдалар… Уни қамоққа олишмоқчи. Кўрдингизми нима иш қилиб қўйдингиз!
Бариня ўрнидан турди ва тутоқиб уйда у ёқдан бу ёққа юрди. Паша унга тикилар ва азбаройи қўрқиб кетганидан ҳеч нарса тушунмас эди.
— Уни бугуноқ топиб қамоққа олишади, — деди бариня ва пиқиллаб йиғлаб юборди. Бу йиғида ҳам ҳақоратланиш, ҳам алам эшитилар эди. — Уни бу фалокатга ким дучор қилганини мен яхши биламан! Ифлос, разил! Ярамас, сотилган махлуқ! (Баринянинг лаблари қийшайди, жирканишдан бурни буришди.) — Мен ожизман, менга қаранг эй, разил хотин!.. Мен ожизман, сиз мендан кучлироқсиз, лекин мен ва болаларимнинг раҳмини ейдиган ҳам бор! Худога солдим! У одил! У менинг ҳар бир томчи кўз ёшим, уйқусиз тунларим учун сизни қаҳру ғазабига олади. Бир кунмас бир кун мени эслаб қоларсиз!
Яна жимлик чўкди. Бариня уйнинг у бошидан бу бошига юрар ва бармоқларини қисирлатар эди. Паша эса ҳамон унга ҳайрон бўлиб, анғрайиб қарар ва ундан янада даҳшатлироқ гап кутар эди.
— Мен, ойимпошша, ҳеч нарса билмайман! — деб тўнғиллади у ва бирдан йиғлаб юборди.
— Ёлғон! — деб бақирди бариня ва унга ғазаб билан кўзларини ўқрайтирди. — Менга ҳаммаси аён! Мен сизни аллақачондан бери биламан! Биламан, у кейинги вақтларда хар куни сизникига келарди!
— Ҳа, Нима бўпти? Бир гап бўлиб қолиптими? Меникига меҳмонлар кўп келади, лекин мен ҳеч кимни зўрлаб олиб келмайман. Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида.
— Растратаси очилиб қолди деяпман мен сизга! У ўз корхонасида бировнинг пулини растрат қилиб қўйипти! Сиз… сизга ўхшаганлар учун жиноят йўлига кирган. Менга қаранг, — деди бариня қатъий оҳангда, Паша рўпарасида тўхтаб. — Сизда ор-номус деган гап йўқ, сиз фақат ёмонлик қилиш учун яшайсиз, бу сизнинг муддаонгиз, лекин шу даража тубанлашиб кетган бўлсангиз ҳам, инсонлик хусусиятидан ному нишон қолмаган, деб бўлмайди! Унинг хотини, болалари бор… Агар уни суд қилиб, сургунга юборишса мен ва болаларим очимиздан ўламиз… Бунга тушунинг ахир! Шу бнлан бирга уни ва бизни қашшоқлик ва шармандаликдан қутқариш чораси бор. Агар мен шу бугун тўққиз юз сўм тўласам, уни ўз ҳолига қўядилар. Фақат тўққиз юз сўм!
— Қанақа тўққиз юз сўм? — деб секин сўради Паша — Мен… мен билмайман… Мен олганим йўқ…
— Мен сиздан тўққиз юз сўм сўраётганим йўқ… Сизда пул йўқ, сизнинг пулингиз менга керак эмас. Мен бошқа нарсани сўраяпман… Эркаклар одатда сизга ўхшаганларга қимматбаҳо ҳадялар келтиради. Сиз менга фақат эрим берган нарсаларни қайтаринг!
— Ойимпошша, у киши менга ҳеч нарса ҳадя қилганлари йўқ! — деди чийиллаб, масалага энди тушуниб қолган Паша.
— Қани пуллар? У ўзиникини ҳам, меникини ҳам, бировникини ҳам растрат қилди… Ахир шулар ҳаммаси қаёққа кетди? Эшитинг, сиздан сўрайман! Мен жаҳл устида сизга анча қаттиқ гапириб юбордим, лекин узр сўрайман. Биламан, сиз мендан нафратланаяпсиз, лекин сизда раҳм-шафқат бўлса менга қитдак раҳм қилинг! Ёлвориб сўрайман, беринг ўша нарсаларни!
— Ҳм… — деди Паша ва елкасини қисиб қўйди. — Мен жоним билан берар эдим, лекин худо ҳақи, у киши менга ҳеч нарса бермаганлар. Виждонимга ишонинг. Ҳа, айтгандай, ростдан ҳам сизнинг, — ашулачи хижолат чекди, — улар қайси бир кун иккита нарса келтирган эдилар. Марҳамат қилинг, агар хоҳласангиз бераман…
Паша пардоз столининг бир ғаладонини очди ва ичи кавак тилла билакузук ҳам ёқут кўзли ингичкагина узук олди.
— Олинг! — деди у нарсаларни меҳмонга узатиб.
Баринянинг аччиғи чиқиб, ҳақоратлангандек юзлари титраб кетиб:
— Сиз менга нима беряпсиз? — деди. — Мен сиздан садақа сўраётганим йўқ, мен сизга тегишли бўлмаган… ўз ҳолатингиздан фойдаланиб, менинг эримдан… шу ожиз, бечорадан сиз олган нарсаларни сўраётибман… Пайшанба куни мен сизни эрим билан пристанда кўрганимда қимматбаҳо тўғноғич ва билакузук тақиб юрган эдингиз. Шундай бўлгандан кейин менинг олдимда ўзингизни овсарликка солмай қўя қолинг! Охирги марта сўрайман: берасизми нарсаларни ёки йўқми?
— Худоё товба, жуда ғалати одам экансиз-а… — деди Паша хафаланиб. — Худо ҳақи, мен сизнинг Николай Петровичингиздан мана шу билак узук ва узукдан бошқа ҳеч нарса олмаганман. У киши менга фақат ширин сомса келтирар эдилар, холос.
— Ширин сомса эмиш… — деб захарҳандалик билан жилмайди, нотаниш аёл, — Уйда болаларга ейишга ҳеч вақо йўғу, бу ерда ширин сомса эмиш. Нарсаларни қайтгариб беришдан қатъий бош тортяпсизми?
Бариня жавоб ололмасдан ўтирди ва бир нуқтага такилиб нимадир ўйлаб қолди.
— Энди нима қилса бўларкин? — деди у, — Агар тўққиз юз сўм топмасам у ҳам хароб бўлади, болаларим билан мен ҳам хароб бўламан. Мана бу бузуқ хотинни ўлдириб қўя қолсаммикин, ёки оёғига бош урсаммикин-а?
Бариня дастрўмолини юзига тутиб ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Сиздан илтимос қиламан! — деди йиғи аралаш. — Ахир сиз менинг эримни таладингиз ва ҳалок қилдингиз, ўзингиз қутқаринг энди… Сиз унга раҳм-шафқат қилмайсиз, бироқ унинг болалари… болаларичи… Болаларнинг гуноҳи нима?
Паша кўчада турган ва очликдан йиғлаётган майда болаларни кўз олдига келтирди ва ўзи ҳам йиғлаб юборди.
— Мен нима қила оламан ойимпошша? — деди у. — Сиз мени, ифлос хотин, Николай Петровични таладинг дейсиз, мен бўлсам, худо олдида гувоҳлик бераманки, мен у кишидан ҳеч қандай фойда кўрмадим… Бизнинг хоримизда ёлғиз Мотанингина жазмани бой, қолганларимиз, ҳаммамиз ҳам аранг кун кўрамиз. Николай Петрович маълумотли, одобли жаноб бўладилар, шунинг учун мен у кишини қабул қилар эдим. Биз одам қабул қилмасак бўлмайди.
— Мен нарсаларни сўраяпман! Нарсаларни беринг! Мен йиғлаяпман… Ўзимни ерга уряпман… Рухсат этинг, мен оёғингизга бош урай! Рухсат этинг!
Паша қўрқиб кетиб қичқириб юборди ва қўлларини силкитди. Театрдагидек баландпарвоз сўзлар айтувчи бу рангсиз, чиройлик аёл ғурур ва олижанобликда ўзини осмон тарашлаб, мени ерга уриш учун ҳам оёғимга бош урмоқчи, деб билди.
— Яхши, мен нарсаларни бераман! — деди Паша кўзларини артар экан, тараддудланиб. — Марҳамат қилинг, лекин Николай Петровичники эмас… Мен буларни бошқа меҳмонлардан олганман. Хоҳласангиз майли…
Паша комоднинг юқориги ғаладонини очди ва у ердан олмос кўзли тўғноғич, бир шода маржон, бир қанча узук, билак узук олди ва ҳаммасини хонимга узатди.
— Мана, хоҳласангиз олаверинг, лекин шуни билингки мен сизнинг эрингиздан ҳеч қандай фойда кўрган эмасман. Олинг, бошингизга уринг! — деб давом этди, оёғига бош уриш хавфидан ҳақоратланган Паша. — Агар сиз олижаноб… у кишининг қонуний хотини бўлсангиз, ёнингиздан қўзғатманг. Шундоқ қилинг! Мен у кишини чақириб келган эмасман, ўзи келган…
Бариня кўз ёшлари орасидан унга берилган нарсаларга қаради ва:
— Бу ҳаммаси эмас… Булар беш юз сўм ҳам бўлмайди, — деди. Паша комоддан шиддат билан яна олтин соат, портсигар ва запонкалар олиб ташлади, кейин қўлларини кериб:
— Бошқа ҳеч нарсам қолмади… Хоҳласангиз қидириб кўринг!
Меҳмон аёл уҳ тортиб қўйди ва титроқ қўллари билан нарсаларни дастрўмолга тугди, бир оғиз ҳам гапирмай, ҳатто бошини ҳам қимирлатмай чиқиб кетди.
Ёндаги уйнинг эшиги очилди ва Колпаков чиқди. Унинг рангги ўчган ва ҳозиргина қандайдир аччиғ нарса ютгандек бошини асабийлик билан силкитар, кўзларида ёшлари йилтиллаб турар эди.
— Сиз менга қанақа нарса келтирган эдингиз? — деди унга ҳужум қилиб Паша. — Қачон ахир, қани айтингчи?
— Нарса эмиш-а… Нарсалар нимаси! — деди Колпаков ва калласини силкитиб. — Эй худойим! У сенинг олдингда йиғлади-я, ўзини ерга урди-я…
— Мен сиздан сўраяпман: сиз менга қанақа нарсалар олиб келган эдингиз? — деб бақирди Паша.
— Эй тангрим, виждонли, номусли, покиза аёл… Ҳатто мана бу… мана бу қиз оёғига бош урмоқчи бўлди-я!.. Мен, мен уни шу аҳволга солдим-а! Шунга йўл қўйдим!
У бошини чангаллади ва инграб:
— Йўқ, мен ўзимнинг бу гуноҳимни ўлгунимча ҳам кечирмайман! Кечирмайман! Йўқол менинг олдимдан… Жирканч! — деб қичқирди нафратланиб у. Пашадан орқага тисланиб ва титроқ қўллари билан уни ўз ёнидан итариб. — У оёғига бош урмоқчи бўлди-я… Тағин, кимнинг олдида-я? Сенинг олдингда-я! Эй худойим!
У тезгина кийинди ва Пашадан жирканиш билан четланиб, эшик томон, йўл олди ва чиқиб кетди.
Паша ўринга отилди ва ҳўнграб йиғлай бошлади. Энди аччиғ устида бериб қўйган ўз нарсаларига ачинар ва алам қилар эди. У яна бундан уч йил илгари бир савдогар буни бегуноҳдан-бегуноҳ тутиб олиб ургани эсига тушди ва ундан ҳам бадтар ҳўнграб йиғлади.

Ҳ. Зиёхонова таржимаси