Антон Чехов. Володя (ҳикоя)

Ёз якшанбаларидан бирида, оқшом соат бешларда, Володя деган ўн етти ёшли хунук, касалманд, қўрқоқ ўсмир бола Шумихиналар чорвоғидаги шийпонда зерикиб ўтирар, учта ғамгин ўй унинг тинчини бузар эди: биринчидан, ўртага, яъни душанба куни, математикадан имтиҳон бериши керак; ёзма масалани ҳал қилиб беролмаса, мактабдан чиҳаришларини билади, чунки олтинчи синфда икки йил қолган. Бунинг устига, алгебрадан йиллик баҳоси 23/4. Иккинчидан, ўзларини оқ суяк деб даъво қилувчи бадавлат Шумихиналарникида туриши иззати нафсига ҳамма вақт тегиб келади. Унинг назарида, m-me Шумихина ва жияни унинг ўзига ҳам, mamanига ҳам камбағал қариндошларига ва сиғиниб тирикчилик қилувчиларга қарагандай қарашади, унинг mamanини ҳурмат қилишмайди, ҳатто ундан кулишади. У бир кун m-me Шумихинанинг айвонида бўласи Анна Федоровнага айтган гапини бехосдан эшитиб қолди. M-me Шумихина: «maman ҳали ҳам ўзига оро бериб, яшариб юради. Карта ўйнаб ютқазиб қўйса, ҳеч тўламайди, бироннинг ботинкаси билан тамакисига жуда ҳам ўч-да» деган эди. Володя Шумихиналарникига бормагин деб ҳар кун mamanига ялинса ҳам, бойларникида mamanнинг обрўйи икки чақалигини айтса, далиллар келтирса, дағал гаплар қилса ҳам, лекин умрида икки бойликни — ўзиники билан эриникини совурган, ҳамиша олимақом одамлар орааига суқилиб кирадиган, енгилтак, маймана mamanи Володянинг мулоҳазаларига тушунмас эди. Шу сабабли, Володя mamanни у жирканч чорвоққа ҳафтада икки марта бошлаб келишга мажбур эди.
Учинчидан, йигит бечора ўзи учун тамом янги бўлган таажжуб, ёқимсиз бир ҳисдан ҳеч қутилолмайди… Назарида, Шумихинанинг бўласи ва меҳмони Анна Федоровнани яхши кўриб қолгандай бўлиб юради. Анна Федоровна бир ерда тиниб ўтиролмайдиган, овози йўғондан келган, ўттиз ёшларда, соғлом, бақувват, пуштиранг елкалари юмалоқ, ияги ҳам юмалоқ, серэт, юпқа лабларидан табассум аримаган қизиқ табиатли бой жувон. У чиройли ҳам эмас, ёш ҳам эмас — буни Володя жуда яхши билади; шундай бўлса ҳам у негадир Анна Федоровна тўғрисида ўйлашдан, Анна Федоровна крокет ўйнаётиб юмалоқ елкаларини қисганда ёки силлиқ бақбақасини қимирлатганда ё бўлмаса зиналарда югура-югура, кула-кула ўзини креслога ташлаб кўзларини қисганда, оғир-оғир нафас олиб, шу билан кўкраги димлик ва торлик қилаётганини билдирганда унга қараб қолишдан ўзини тиёлмас эди. Анна Федоровнанинг эри бор эди. Эри савлатли бир архитектор. У ҳафтада бир марта чорвоққа чиқиб, тўйиб ухлаб оладида, яна шаҳарга қайтиб кетади. Володядаги ғалати ҳис ўша архитекторни сабабсиз ёмон кўриб қолишидан бошланди; архитектор ҳар сафар шаҳарга қайтиб кетганда у суюнадиган бўлди.
Мана ҳозир, шийпонда, эртага бўладиган имтиҳон билан mamanини ўйлаб ўтириб, Нютани (Анна Федоровнани Шумихиналар шундай деб аташар эди) жуда ҳам кўргиси, кулгиларини, кўйлагининг шитирини эшитгиси келди… Бу истак у романлардан билган ва ҳар кун кечқурун ёта туриб орзу қилган тоза, шоирона муҳаббатга ўхшамас, қандайдир таажжуб, тушуниб бўлмайдиган истак эди; бу истакдан жуда ҳам номаъқул, харом иш қилиб қўйиб, кейин тан бериш жуда оғир бўлган бир нарсадай уялиб, қўрқиб юрар эди…
— Бу севги эмас, — деяр эди ўзига у. — Ўттиз яшар бир жувонга ҳеч ким ошиқ бўлмайди… Бу шунчаки бир ҳавасча… Ҳа, ҳавасча…
У ана шу ҳавасчани ўйлаганда, ўзининг сурбет қўрқоқлиги, муйловларининг йўқлиги, бетидаги сепкиллари, қийиқ кўзлари эсига тушиб кетади. Хаёлида ўзини Нютанинг ёнига келтириб қўяди — бу хил жуфт ақлга сира тўғри келмайдигандай туйилади; ана шундан кейин ўзини чиройли, дадил, сўзга чаққон, энг охирги мода билан кийинган қилиб тасаввур этишга шошилади…
Ширин хаёллар авжига минган ва ўзи шийпоннинг қоронғи бурчида икки букилиб, ерга қараб ўтирган пайтда енгил оёқ шарпаси эидитилди. Хиёбонда биров шошмасдан келаётган эди. Ҳадемай дупур жимиди, кираверишда оқ нарса йилт этиб кўринди. Кейин:
— Ҳеч ким борми бу ерда? — деган аёл товуши эшитилди.
Володя товушни таниди-ю, юраги дукиллаб, бошини кўтарди.
Нюта шийпонга киратуриб:
— Ким бор? — деб сўради, — Вой, сизмисиз, Володя? Нима қилиб ўтирибсиз? Ўйлаяпсизми? Одам деган ҳадеб ўйлайверадими? Нуқул ўйлаганингиз ўйлаган… Бундақа қилаверсангиз жинни бўлиб қоласиз-ку!
Володя ўрнидан турди-да, ўзини йўқотиб, Нютага қаради. У ҳозир чўмилиб келаётган эди. Елкаларида чойшаб билан пахмоқ сочиқ; бошидаги оқ шойи рўмоли тагидан чиқиб турган ҳўл сочлари пешонасига ёпишиб қолган. Ҳўли тамом қуримаган баданидан муздай сув ва хушбўй совун ҳиди келиб турибди. Тез юриб келгани учун ҳаллослайди. Кўйлагининг юқориги тугмаси қадалмаган экан, йигитча унинг бўйни билан кўкрагини кўриб турди.
Нюта Володяга кўзини югуртириб:
— Нимага индамайсиз? — деб сўради. — Сиз билан хотин киши гаплашаётганда индамай туриб олишингиз одобсизлик бўлади. Бузоқнинг ўзгинасиз-да, Володя! Нуқул ўтирганингиз ўтирган, чурқ этмайсиз, бамисоли файласуфдай, яланг ўйлайсиз! Ҳеч тирик одамга ўхшамайсиз, ўтингиз йўқ! Ўлай агар, жуда бемазасиз… Сиздақа ёшлар яйраб-яшнаши, ирғишлаб ўйнаши, оғзи тинмай сўзлаши, хотинларга парвона бўлиши, кўнгил бериши керак.
Володя, момиқдай оқ, юмшоқ қўл ушлаб турган чойшабдан кўзларини узмай, ўйлар эди…
— Индамаганини! — деб Нюта ҳайрон қолди. — Жуда ҳам ғалати-я!.. Ҳой, менга қаранг, мундоғ эркакка ўхшасангиз-чи! Лоақал илжайиб қўйинг-а! Фу, рўдапо файласуф! — деб кулди у. — Ҳой, Володя, нега бундақа бузоқлигингизни биласизми? Хотинларга эргашмаганингиз учун шундақа бузоқсиз. Нимага эргашмайсиз? Тўғри, бу ерда ойимқизлар йўқ, лекин жувонлар орқасидан тушсангиз биров бир нима дейдими? Мана, масалан, менинг орқамдан тушсангиз бўлмайдими?
Володя Нютанинг сўзларини эшитар, аҳволи танг бўлиб, оғир бир ўй ичида чеккасини қашилар эди.
Нюта унинг қўлини чеккасидан туртиб юбориб:
— Фақат такаббур одамларгина бировга индамай, танҳо юришни яхши кўради, — деди, сўзини давом қилдириб, — Сиз ўшанақа такаббурсиз, Володя! Нимага ер остидан тумтайиб қарайсиз? Каллангизни кўтаринг, турқингизни кўрай ахир! Вой ўлай, бузоқнинг ўзи-я!
Володя гапиришга жазм қилди. Кулимсирамоқчи бўлиб, пастки лабини қимирлатди, кўзларини пирпиратиб, қулини яна чеккасига олиб борди.
— Мен… мен сизни яхши кўраман! — деб айтди Володя.
Нюта ҳайрон бўлиб, қошларини чимирди, кейин кулиб юборди.
Опера ашулачилари бемаза нарсани эшитганларида кўйлаганларига ўхшатиб:
— Вой, қандай сўзларни эшитяпман!? — деб куйлади. — Нима? Яна бир марта айтинг? Айтинг, айтинг…
— Мен… мен сизни яхши кўраман! — деди Володя яна бир марта.
Ҳеч нарсани фаҳм этмасдан, ҳеч нарсани ўйламасдан, иродасининг сира ҳам иштироки бўлмасдан, Нюта сари ярим одим ташлади-да, жувонни билагидан маҳкам ушлади. Кўзлари хираланди, ёш олди, бутун олам чўмиладиган жой ҳиди келиб турган каттакон пахмоқ сочиққа айланди.
— Яша, яша! деган садо аралаш шўх кулги эшитди йигитча. Нега индамайсиз? Мен гапиришингизни хоҳлайман! Гапиринг!
Володя қўлини ушлашга қаршилик қилмаётганини кўриб, Нютанинг кулиб турган кўзларига қаради. Кейин икки қўли билан жувонни белидан ноқулай қучоқлади, аммо панжалари жувон яғринида қовушиб қолди. Володя уни белидан қучоқлаб турар, у эса, қўлларини елкалари устидан орқасига қайириб, тирсакларидаги чуқурчаларини кўз-кўз қилиб, рўмол тагидаги сочларини тузатар, хотиржам бир товуш билан гапирар эди.
— Шунақа, Володя, чаққон, меҳрибон, дилкаш бўлиш керак. Хотинлар билан маҳрамлик қилгандагина ана шундақа бўла олади киши. Лекин юзингиз бирам бадҳайбат, заҳарки… Кўпроқ гапириш, кулиш керак… Шундақа, Володя, тумтайиб юриш ярамайди, ҳали ёшсиз файласуфлик қилишга улгурасиз. Бўлди, қўйворинг кетаман, қўйворинг, вой!
У белини осонгина қутқарди-да, аллақандай ашулани айтиб, шийпондан чиқиб кетди. Володя бир ўзи қолди. У сочларини силаб, кулимсиради. Кейин, у бурчакдан бу бурчакка уч мартача юриб, скамейкага ўтирди, ўтириб бўлиб яна бир марта кулимсиради. Ер ёрилса ерга кириб кетгудай бўлиб уялади. Одам боласининг уялиши шу қадар қаттиқ, шу қадар кучли бўлишига ўзи ҳам ҳайрон қолади. Уялганидан кулимсирар, қовушмаган сўзларни шивирлар, қўлларини турли алпозда ўйнатар эди.
Шу топда ўзига худди ёш боладай муомала қилганлари учун уялар, ўзининг юраксизлиги учун, айниқса ёш жиҳатидан ҳам, ташқи қиёфа жиҳатидан ҳам, ижтимоий вазияти жиҳатидан ҳам, ўзига туйилишича, ҳеч қандай ҳақи бўлмаганига қарамай, туппа-тузук жувонни белидан қучоқлаб олишга ботингани учун уялар эди.
У сакраб ўрнидан турди, шийпондан чиқиб, теварагига қарамасдан уйдан узоққа, боғ ичкарисига кириб кетди.
«Оҳ, тезроқ бу ердан жўнаб кетсам эди! Э худо, тезроқ кетай-да!» деб ўйлар эди у, бошини чангаллаб.
Володя maman билан тушиб кетадиган поезд соат саккиз-у қирқ минутда жўнар эди. Поезднинг жўнашига ҳали уч соатча бор, лекин Володя mamanни кутмасданоқ, ҳозирнинг ўзидаёқ жон-жон деб стандияга чиқиб кетган бўларди.
У соат еттидан ошганда уйга қайтди. Бутун авзойида: «Нима бўлса бўлар» деган гап мана мен деб турар эди. Ҳеч нимани писанд қилмасдан дадил киришга, рўйирост тик қарашга, баланд товуш билан гапиришга жазм қилган эди.
У айвондан, катта залдан ўтиб бориб, нафасини ростлаб олиш учун меҳмонхонада тўхтади. Ёндаги емакхонада чой ичиб ўтирганларнинг гурунги бу ерда бемалол эшитилиб турарди.
Володя қулоқ солди.
— Ёлғон айтсам ўлай агар! — деяр эди Нюта. — Кўриб турган кўзларимга ўзим ҳам ишонмай қолдим. Менга муҳаббатини айтиб, белимдан қучоқлаб олса бўладими! Вой ўлай, болангизни таниёлмай қолибман. Тавба, ғалати одати бор экан! Мени яхши кўриб қолганини айтаётганда, бамисоли черкассга ўхшаш, юзи йиртқич тусига кириб қолди.
Maman узундан-узоқ кулиб:
— Наҳотки! — деб юборди. — Наҳотки! Худди отасянинг ўзи бўпти-я!
Володя югурганича ташқарига чиқиб кетди. У ерда қўлларини силтади, ғазаби қайнаб осмонга қаради-да: «Шунақа гапни қандай бир-бирига айтишади-я! Овозларини баралла қўйиб, ўзларини бепарво тутиб туриб гапиришганларини… Maman ҳам кулди… Maman! Нима учун менга шунақа она бердинг, э худо? Нима учун?» деб қийналар эди.
Лекин бошига осмон ағдарилиб тушса ҳам уйга кириши керак эди. У хиёбонда уч марта айланди-да, ўзини анча босиб олиб, уйга кирди.
— Нега вақтида келиб чой ичмайсиз? — деб зуғум билан сўради m-me Шумихина.
— Кечирасиз, мен… мен жўнашим керак, — деди у ғудраниб, кўзларини ердан олмай. — Maman соат саккиз бўлди!
Maman пинагини бузмай:
— Узинг жўнайвер, жонимни қоқай, — деди. — Мен Лилиларникида ётиб қоламан. Яхши бор, жон қароғим… Айтмоқчи, кел, чўқинтириб қўяй…
У ўғлини чўқинтирди-да, Нютага қараб:
— Лермонтовга пича ўхшаб кетади, а?.. — деди француз тилида.
Володя наридан-бери хайрлашди, ҳеч кимнинг юзига қарамасдан емакхонадан чиқиб кетди. Ўн минутдан сўнг эса ўзини станция йўлида кўриб, ниҳоят хурсанд бўлди. Энди юраги ҳам ўйнамас, ўзи ҳам уялмас, энди енгил ва эркин нафас олар эди.
Станцияга ярим чақирим қолганда, йўл бўйидаги тошга ўтирди-да, темир йўл кўтармаси орқасига ярмидан кўпи тушиб кегган офтобни томоша қила бошлади. Станциянинг у ер бу ерида чироқлар ҳам ёқилган, хирагина ёниб турган бир яшил чироқ милтиллаб ўтган бўлса ҳам, ҳали поезддан дарак йўқ, аста-секин кеч кирмоқда эди; Володя уни қимирламай ўтириб томоша қилар, бундан лаззатланар эди. Шийпон ғира-шираси, оёқ товуши, чўмиладиган жой ҳиди, кулги, белдан қучиш — буларнинг ҳаммаси кўз олдида равшан гавдаланди; энди булар боягидай қўрқинчли ва аҳамиятли туйилмас эди…
«Ҳеч ким йўқ… Белидан қучоқлаб олганимда, қўлимни итариб ташламай кулиб тураверди-ку, — деб ўйларди у. — Демак, унга ёққан, ёқмаса хафа бўлар эди…»
Боя шийпонда дадилроқ ҳаракат қилмагани энди Володяга алам қилиб қолди. Шундай бемаъни аҳволда кетаётганига афсус еди. Агар ўшандай ҳодиса яна бир марта юз берсами, энди дадилроқ ҳаракат қилар, торпиниб-қимтиниб ўтирмаган бўларди, шундай қилишига ишонар эди.
Унақа ҳодисанинг такрорланиши қийин эмас. Шумихиналар кечки овқатдан кейин боққа чиқишиб, узоқ сайр қилишади. Агар Володя Нюта билан хилватроқ жойга айлапгани борса, ҳодиса такрорланди деган сўз-да!
«Ҳозир қайтаман-у, эртага саҳар поездга тушиб кетаман… — деб ўйлади у. — Поездга етолмай қолдим, деб қўя қоламан-да».
Шундай қилиб, у қайтиб кетди… m-me Шумихина, maman, Нюга, яна бир жиян айвонда карта ўйнаб ўтиришган эди. Володя поездга кечикиб қолдим, деб айтганда у эртанги имтиҳонга етиб боролмаcмикан, деб хавотирга тушиб қолишди, кейин барвақтроқ туриб жўнаш тўғрисида маслаҳат беришди. Улар карта ўйнаётганларида Володя бир четда Нютага суқланиб, уни кутиб ўтирди… Миясида план ҳам тайёр эди: хилват жойни топиб туриб Нютанинг ёнига боради, қўлини ушлайди, кейин қучоққа олади; гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ; гапсиз ҳам иккови мақсадга тушуниб олади.
Лекин кечки овқатдан кейин хонимлар сайр қилгани чкқишмади — ўйинларини давом қилдиришди. Кечаси соат бирга довур ўйнаб, кейин ухлагани тарқалишди.
Володя кўрпага киратуриб: «Жуда бемаъни иш бўлдику! — деди алам қилиб. — Майли, эртага кўраман… Яна шийпонга бораман, майли…»
Ухлашга ҳаракат қилмади у, аксинча, кўрпада тиззаларини қучоқлаб, ўйланиб ўтирди. Имтиҳон тўғрисида миясига келган фикрлар кўнглини беҳузур қилар, энди ўзини гимназиядан чиқарилган ҳисоблаб, бунинг ҳеч қандай ёмонлиги йўқ деб билар эди. Қайтага, яхши, жуда ҳам яхши деб ҳисобларди. Эртага қушдай озод бўлади, эл қатори кийинади, очиқчасига чекади, хоҳлаганда бу ерга келиб, Нютага ишқивозлик қилади; у вақт гимназия талабаси эмас, «йигитча» бўлиб қолади. Мартаба, келажак деб аталадиган бошқа нарсалар ўз йўли билан бўлаверади. Володя ихтиёр қилган хизматига киради, телеграфчи бўлади ёинки дорихонага кириб ишлайди, у ерда ҳам мартабаси кўтарилмай қолмайди!.. Нима, Дунёда амал деган нарса озми? ..
Бир соат ўтди, икки соат ўтди, у бўлса ўтириб олиб ўйлайверди… Соат иккидан ошиб, тонг ёриша бошлаганда эшик секин ғитиллаб очилди-да уйга maman кириб келди. У эснаб туриб:
— Вой, уйғоқмисан? — деб ажабланди. — Ухла, ухла, ҳозир чиқиб кетаман… Дорига кирувдим…
— Нима қиласиз?
— Лили бечоранинг яна тоби қочиб қолди. Ухла, болам, эртага имтиҳонинг бор…
У кичкина шкафдан ичига алланарсалар солинган шишачани олди-да, дераза ёнига келтириб, хатини ўқиди, кейин чиқиб кетди.
Володя бир минутдан сўнг:
— Марья Леонтьевна, бу дори эмас! — деган аёл товушини эшитди. — Бу ландиш, Лили морфинни сўровди. Ўғлингиз ухлаяптими? Айтинг, топиб беради…
У Нютанинг товуши эди. Володя бирдан совуқотиб кетди. Дарҳол шимини кийди-ю, елкасига шинелини ташлаб, эшикка келди.
— Уқдингизми? Морфин! — деб Нюта шивирлар эди. — Лотинча ёзилган бўлса керак. Володяни уйғотинг, топиб беради…
Maman эшикни очувди, Володя Нютани кўрди. Чўмилгани боргандаги кўйлаги эгнида эди. Сочлари таралмаган, елкаларига тўкилиб турган юзида уйқу асари, ранги хира ёруғда ширмойи тусда эди.
— Ана, Володя уйғоқ экан, — деди у. — Володя, кичкина шкафни қараб морфинни топиб беринг, барака топкур. Лилининг дастидан ўлар бўлсам ўлиб бўлдим… Туриш-турмуши ҳархаша.
Maman алланима деб минғиллади, кейин бир эснаб олиб, кетди.
— Қарасангизчи, нимага серрайиб турибсиз? — деди Нюта.
Володя кичкина шкафга борди, тиз тўкиб олиб, дори солинган қутичалар билан шишаларни қарай бошлади. Қўллари қалтирар, юраги билан қорнида эса худди совуқ тўлқин югураётгандай бир ҳис бор эди.
Эфирни, карбол кислотасини, ҳар хил кўкатларни лузуми бўлмаса ҳам қалтироқ қўллари билан ушлар, натижада улар тўкилар, ҳидлари нафасини бўғиб, бошини айлантирарди.
«Maman кетди шекилли. Соз булди… Жуда соз булди!..» деб ўйларди.
— Бўлай дедингизми? — деб сўради Нюта, овозини чўзиб.
— Ҳозир… мана шу морфинга ўхшайди, — деди Володя, шишалардан биридаги «morph…» сўзини ўқиб. — Марҳамат!
Нюта, бир оёғини йўлакка, иккинчисини уйга қўйиб, остонада сочларини тараб турар, лекин сочлари жуда қалин, узун бўлгани учун дарров тарала қолмас эди. Нюта қўллари билан сочларини тараса, кўзлари билан Володяга сузилиб қарарди. Аллақачон оқариб қолган бўлса ҳам, ҳали офтоб нурлари билан ёритилмаган осмондан уйга ғира-шира ёруғ тушиб турар эди; ана шу заиф ёруғда, кенг кўйлакда, уйқули чеҳрада, сочлари паришон Нюта Володяга малоҳатли, танноз бўлиб кўринди… Жигаридан урган Володя ана шу қомати келишган жувонни шийпонда қучоқлаганини эслашдан бунёдга келган завқ ва бутун вужудини дағиллатаётған титроқ билан дорини бературиб:
— Мунча ҳам… — деди.
— Нима?
Нюта уйга кирди.
— Нима дедингиз? — деб, кулимсираб сўради.
Володя эса индамас, ундан кўзларини узмас эди. Кейин шийпондагидай қилиб қўлини ушлади… Нюта унга кулимсираб қарар, «нима қилар экан» деб кутар эди.
— Мен сизни яхши кўраман… — деди Володя.
Нюта кулимсирашини тўхтатди, кейин пича ўйланиб тургач:
— Тўхтанг, биров келяпти шекилли, — дедию эшик томон бораётиб: — Вой бу гимназия талабалари-ей! — деб айтди. Кейин, эшикдан йўлакка моралаб, хабар қилди: — Йўқ, ҳеч ким кўринмайди…
У яна қайтиб келди…
Қейин уй, Нюта, тонг, ўзи — буларнинг ҳаммаси Володянинг назарида, бир-бирига қўшилиб, шу вақтгача кўрилмаган ғайри табиий, ғоят тотли бахт ҳиссига айланиб кетди; бундай бахт учун бутун ҳаётини бахш этиши, унинг йўлида умр бўйи қийналиб ўтишга рози бўлиши мумкин эди. Бироқ атиги ярим минут ўтди-ю, бу ҳисларнинг ҳаммаси бирдан ғойиб бўлди. Володянинг кўзлари олдида жирканч ифода бузиб юборган хунук, юмалоқ башара намоён бўлди. Ана шундан кейин ўзи ҳам бўлиб ўтган ҳодиса бирдан кўнглини айнитганини сезди.
Нюта Володядан жирканиб туриб:
— Бўлди, чиқиб кетаман, — деди. — Вой ўлай, одам деган ҳам шунақа хунук, бедаво бўладими!.. Фи, ифлос ўрдакча!
Унинг узун сочлари, кенг кўйлаги, босган қадами, овози энди Володяга бирам расво кўриниб кетдики!..
Нюта чиқиб кетгандан кейин: «Ифлос ўрдакча… — деб ўйлана бошлади у. — Чиндан ҳам мен ифлосманми… ҳамма қилган ишларим ифлос…»
Ташқарида кун чиқар, қушлар сайрар эди; боғда боғбон дўпар-дўпир юргани, замбил ғалтак ғижирлагани баҳузур эшитиларди… Бир оздан сўнг сигирларнинг маъраши, подачининг сивизғаси қулоққа чалинди. Қуёш нурлари, ташқаридан келиб турган овозлар дунёнинг аллақаерида тоза, гўзал, шоирона ҳаёт борлигини хабар қилар эди. Лекин қаерда у ҳаёт? Уни Володяга mamanи ҳам, теварагидаги одамлар ҳам ҳеч вақт айтган эмаслар.
Малай уни эрталабки поездга уйғотганда, ўзини ухлаб ётганга солиб олди…
«Ҳаммасининг ҳам падарига лаънат!» деб ўйлади у.
Володя соат ўндан ошганда ўрнидан турди. Ойна олдида сочларини тараркан, уйқусиз ўтказилган кечадан сўнг ранги ўчган хунук башарасини кўриб:
«Чиндан ҳам… ифлос ўрдакча» деб ўйлади.
Maman уни имтиҳон беришга кетмаганини кўриб эсхонаси чиқиб кетганда:
— Ухлаб қолибман, maman… Майли, хавотир бўлманг, доктордан шаҳодатнома элтиб бераман — деди у.
M-me Шумихина билан Нюта соат ўн иккида уйғонди. Володя уйқудан турган m-me Шумихинанинг деразасини тарақлатиб очганиги, унинг қўпол овозига Нютанинг жаранглаган кулги билан жавоб қилганини эшитди. Володя эшик очилиб, меҳмонхонадан жиянлар ва ҳамхўрак бўлиб яшовчилар (булар тўпида maman ҳам) нонушта қилишга кетаётганларини, Нютанинг ювилиб, кулиб турган юзи барқ урганини, ҳозиргина келган архитекторнинг қора қошлари билан соқоли Нютанинг юзига туташиб кетгудай бўлиб ўтганини кўрди.
Нюта малоросча кийиниб олибди; кийими ҳеч ярашмас, бесўнақай қилиб юборибди; архитектор нуқул одобсиз, пардасиз сўзлар билан олифтачилик қилади. Нонуштага берилган котлетга ўлгудай пиёз солишибди — Володяга шундай туйилди. Иннайкейин, Нюта ҳам жўрттага хохолаб кулаётгандай ва кечаси бўлиб ўтган гап ўзини хеч хижолатга солмаганини, ифлос ўрдакчанинг ҳам шу ердалигини тақир сезмаётганини билдириш учунгина Володя томонга қараб-қараб қўяётгандай туйилди.
Володя соат учдан ошганда maman билан станцияга жўнади. Табиатни хира қиладиган хотиралар, уйқусиз ўтказилган кеча, гимназиядан чиқарилиш, виждон азоби — буларнинг ҳаммаси энди унда оғир, хунук ғазаб уйғота бошлади. У mamanнинг ориқ бетига кичкина бурнига, Нюта ҳадя қилган плашчига қараб дўнғиллайди:
— Нимага упа қўясиз? Ёшингизга ярашмаган қилиқ! Ўзингизга яланг зеб берасиз, ютқазасиз-у тўламайсиз, бировнинг тамакисини чекасиз!.. Жирканч бу! Сизни ёмон кўраман… ёмон кўраман!
У онасини ҳақорат қилар, онаси эса қўрққанидан кўзларини жовдиратиб, қўлларини силтар, ваҳимага тушиб шивирлар эди:
— Вой, сенга нима бўлди? Вой шўрим қурсин! Кучер эшитади! Жим ахир, кучер эшитади деяпман! Ҳамма гапинг эшитилади!
— Ёмон кўраман… Ёмон кўраман! — деяверди у, нафаси бўғилиб. — Ахлоқслз, виждонсиз хотинсиз… Манови плашчни кия кўрманг! Эшитаяпсизми? Бўлмаса майда-майда қилиб йиртиб ташлайман…
— Ҳай, болам, эсингни едингми? Кучер эшитади-я! — деб йиғлаб юборди.
— Отамнинг дунёси қани? Ўзингизнинг пулларингиз қани? Ҳаммасини совурдингиз! Мен камбағаллигимдан уялмайман, сиздақа онам борлигидан уяламан… Ўртоқларим сиздан гап очишса, ҳамиша қизариб кетаман.
Поезд билан борилганда шаҳар икки станция эди; улар поездга тушиб кетишди. Володя йўл бўйи вагон даҳлизида дағ-дағ титраб турди, вагон ичига киргиси келмади — у ерда ёмон кўрган онаси ўтирар эди. У ўзидан, кондукторлардан, паровоз тутунидан, титраётганининг сабабчиси деб билгани совуқдан нафратланар эди. У ичидан қанчалик эзилиб, қанчалик хуноб бўлса, бу ёруғ дунёнинг аллақаерида, аллақандай одамларда тоза, олижаноб, роҳатбахш ва муҳаббат, шафқат тўла гўзал, шўх, яйроқ ҳаёт борлигини кучлироқ сеза борди… У кучли бир ҳис билан бу нарсалар орзусига шу қадар берилиб кетдики, йўловчилардан бири унинг афтига қараб:
— Тишингиз оғрияптими, дейман, а? — деб сўради.
Maman шаҳарда Володя билан Марья Петровнаникида яшар эди. Бу дворян хоним ижара олган каттакон уйига ўзи ҳам одам қўяр эди; шулардан икки хонасини ижарага олган: кровать қўйилиб, деворига тилла ромли иккита сурат осилган, деразали хонада mamanнинг ўзи, ёндош, кичкина, қоронғи хонада эса Володя турарди. Кичик хонада биттагина диван бор, бунда Володя ётиб юради; бу ерда дивандан бошқа ҳеч қанақа мебель йўқ. Хонада кўйлаклар солинган саватлар, шляпа қутилари, ҳар хил икир-чикирлар уйиб ташланган; бу икир-чикирларни maman негадир сақлаб келарди. Володя дарсларини онасининг хонасида ё бўлмаса «умумхона»да тайёрлайди. Бу катта уйда турувчилар тушки овқат маҳалида ва кечки пайтларда йиғиладиган каттакон хонани «умумхона» деб аташарди.
Володя уйга келди-ю, диванга ётиб, титроғини босиш учун, устига одеял ёпиб олди. Шляпа қутилари, саватчалар, икир-чикирлар унинг ўз уйи йўқлигини, mamanдан, меҳмонларидан, ҳозир «умумхона»дан келиб турган товушлардан яширингудек бошпанаси йўқлигини эслатиб турарди. Бурчакка улоқтириб ташланган китоблар ва жилиди эса топширилмаган имтиҳонни эсга соларди… Ҳеч ўрни бўлмаса ҳам, негадир Ментон эсига тушиб кетди. Ў етти ёшида марҳум отаси билан бирга ўша ерда турган эди. Иннайкейин Биарриц, қумда бирга қувишиб ўйнашган яна иккита инглиз қизча ҳам ёдига тушди… Ўша маҳалда осмон билан денгизнинг туси қандайлигини, ўзининг яйраб-яшнаши ва ўйнаб-кулиши қай даражадалигини кўз олдига келтирмоқчи бўлди-ю, лекин келтиролмади. Инглиз қизчалар хаёлида тирик кўринди, қолган нарсалар эса аралаш-қуралаш бўлиб, тартибсиз қоришиб кетди…
Володя: «Йўқ, бу ер совуқ экан» деб ўйлади-да, ўрнидан туриб шинелини кийди, кейин «умумхона»га чиқиб кетди.
«Умумхона»да чой ичиб ўтиришган эди. Самовар теварагида: maman, музика ўқитувчиси, яъни атрофи тошбақа косасидан ясалган пенснели кампир ва атир фабрикасида хизмат қилувчи Августин Михайлич деган семиз кекса француз ўтирган эди.
Мен бугун обед қилолмадим, оқсочни нонга юбориш керак эди, — деди maman.
— Дуняш! — деб чақирди француз.
Дуняшни уй бекаси бир ёққа юборган экан.
— О, бунинг ҳечқиси йўқ, — деди француз, оғзи қулоғига етгудек илжайиб. — Нонга ўзим бораман. О, бу ҳеч гап эмас!
У аччиқ, сассиқ сигарасини кўринадиганроқ жойга қўйди-да, шляпасини кийиб, чиқиб кетди. У кетгандан сўнг maman Шумихиналарникида меҳмон бўлганини, уни яхши кутиб олганларини музика ўқитувчисига сўзлади.
— Лили Шумихина қариндошим бўлади-да… — деди у. — Лилининг марҳум эри — генерал Шумихин — эримнинг бўласи бўлади. Лилининг ўзи барон Кольбнинг қизи — баронесса Кольб…
— Maman, ёлғон айтдингиз! — деди Володя, ғаши келиб. — Нима қиласиз ёлғон гапириб?
Maman, рост гапираётганлигини биларди у; mamanнинг генерал Шумихин билан баронесса Кольб ҳақида айтган гапида бир оғиз ҳам ёлғон йўқ эди. Шундай бўлса ҳам Володя уни ёлғон гапиряпти деб билди. Ёлғон унинг гап мақомида, юз ифодасида, қарашларида, ҳамма нарсасида сезилиб турар эди.
Володя яна бир қур:
— Ёлғон гапиряпсиз! — деди-да, столга мушти билан шундай қаттиқ урдики, ҳамма идиш шарақлаб, mamanнинг чойи чайқалиб кетди. — Генераллар билан баронессалар тўғрисида гапириб нима қиласиз? Бари гапингиз ёлғон!
Музика ўқитувчиси шошиб қолди, кейин ўзини қўрқиб кетганга солиб, рўмолчасига йўталди, maman бўлса йиғлаб юборди.
Володя: «Қаерга борсам экан?» деб ўйланиб қолди.
Кўчадан бўлса шу топдагина келган; ўртоқларининг олдига боргани уялди. Ўрни бўлмаса ҳам, иккита инглиз қиз яна эсига тушди… «Умумхона»да у бурчакдан бу бурчакка бир-икки қур бопиб келди, кейин Августин Михайличнинг уйига кирди. Эфир мойи билан глицерин совуннинг ҳиди думоғига урди. Столга дераза токчаларига, ҳатто стулларга ҳам ҳар хил рангдаги суюқликлар солинган ҳадсиз-ҳисобсиз майда шишалар, стаканчалар, рюмкалар териб ташланган эди. Володя столдан газетани олди, очиб сарлавҳасини ўқиди: «Figaro»… Газетадан ўткир, ёқимли ҳид келиб турарди. Кейин столдан тўппончани олди…
Қўшни хонада музика ўқитувчиси:
— Қўйинг, хафа бўлманг! — деб mamanга тасалли берар эди. — Ҳали ёш. Бу тенг болалар ҳамиша шунақа — ҳадларидан ошиб кетишади. Муроса қилмаса бўлмайди.
— Йўқ, Евгения Андреевна, у жуда ёмон бузилиб кетди! — деяр эди maman, сўзларини чўзиб. — Танобини тортиб қўядиган биронта катта одам йўқ. Аслида пешонам шўр экан!
Володя тўппончанинг ўқ чиқадиган жойини оғзига солди, тепкига ё тўсқига ўхшаган бир нарсани пийпаслаб топиб, бармоғи билан босди… Кейин бўртиб турган яна бир нарсани топиб, уни ҳам босди. Тўппончанинг ўқ отилиб чиқадиган жойини оғзидан олди, шинелининг этаги билан артиб, қулфини қаради; илгари сира қурол ушламаган эди…
— Мана бунисини кўтариб қўйиш керакка ўхшайди, — деб ўзича фаҳм қилди. — Ҳа, шунақага ўхшайди…
«Умумхона»га Августин Михайлич кирди-да, хохолаб кулиб, бир нимани айта бошлади. Володя тўппончанинг ўқ отилиб чиқадиган жойини яна оғзига суқди, уни тишлари орасига олиб сиқди. Кейин аллақаерини бармоғи билан босган эди, отилиб кетди… Володянинг гарданига бир нима жуда қаттиҳ зарб билан урувди, столдаги рюмкалар билан майда шишалар устига юзи билан йиқилди. Кейин марҳум отасини кўрди: отаси Ментонда бир хонимга аза қилиб тақиб юрган сербар қора лентали цилиндрида келди-ю, уни бирдан қучоқлаб олди ва шу куйи иккови аллақандай қоронғи, чуқур жарга қулади.
Кейин ҳамма нарса қоришиб, йўқ бўлиб кетди…

Мирзакалон Исмоилий таржимаси