Бу иш бир кун эрталаб Мишель Пузирёвнинг Лиза Мамунинага уйланганига роса бир ой бўлгач рўй берди. Мишель эрталабки қаҳвани ичиб, ишига кетмоқчи бўлиб, шляпасини қидириб кўз югуртираётган чоғда, унинг кабинетига қайнанаси кириб келди.
— Сизнинг беш минутгина вақтингизни оламан, Мишель, — деди, қайнана. — Қовоғингизни солманг, дўстим… Биламан, куёвлар қайнаналар билан гаплашишни ёмон кўришади. Лекин, биз бир-биримизни англаймиз, шекилли, Мишель. Биз қайнана-ю куёв эмас, ақлли одамлармиз… Гапимиз-гапимизга тўғри келади… Шундай-ку, а?
Қайнана ва куёв диванга ўтиришди.
— Хизматингизга тайёрман, она!
— Сиз ақлли одамсиз, Мишель, жуда ақллисиз; мен ҳам… бефаҳм эмасман… Бир-биримизни яхши тушунармиз деб ўйлайман… Мен кўпдан бери сиз билан сўзлашмоқчи бўлиб юрган эдим, ўғлим. Бутун… бутун муқаддас нарсалар ҳақи, ростини айтинг, қизимни нима қилмоқчисиз?
Қуёв бақрайиб қолди.
— Мен, биласизми, розиман… Майли! Нега рози бўлмас эканман! Илм яхши нарса, адабиётдан хабарсиз қолиш ярамайди… Шеърият-да! Уни тушунаман! Хотин киши ўқиган бўлиши яхши. Менинг ўзим ҳам шундай тарбия кўрганман, биламан… Лекин фариштам, бунчалик ҳаддан оширишнинг нима ҳожати бор?
— Масалан? Мен унча тушунолмай турибман…
— Мен, сизнинг Лизамга қилаётган муомалангизни тушунмайман! Сиз унга уйландингиз; лекин у сизнинг хотинингизми, умр йўлдошингизми? У — сизнинг қурбонингиз! Илм, ҳалиги китоблар, турли назариялар… Буларнинг ҳаммаси жуда яхши нарсалар, лекин дўстим, сиз шуни ҳам ёдингиздан чиқармангки, у менинг қизим бўлади! Мен бундай ишга йўл қўймайман! У менинг жони-таним ахир! Сиз уни ўлдираяпсиз! Қаранг, тўй бўлганига бир ой бўлмасдан озиб, чўпдай бўлиб қолди-я! Эртадан кечгача китобга тикилиб ўтиради, бемаъни журналларни ўқийди! Қандайдир қоғозларни кўчириб ёзади! Ахир шу хотинларнинг ишими? Сиз уни ҳечқаёққа олиб бормайсиз, мундоқ ўйнаб-кулсин демайсиз-а! Одамга қўшилмайди, танцаларга бормайди! Шундай ҳам бўладими! Ҳали бирон марта балга боргани йўқ-а, бирон марта!
— Бирон марта бормаган бўлса, ўзи хоҳламаган. Унинг ўзи билан сўзлашиб кўрингчи… Балларингиз, танцаларингиз ҳақидаги фикрни биласиз-қўясиз. Йўқ, онажон! Сизларнинг такасалтанглигингизни у хушламайди! Агар у эртадан кечгача китобга тикилса ёки иш устида ўтирса ишонинг, бунинг учун ҳечким унинг мулоҳазасига ҳалал бераётгани йўқ… Мен уни шунинг учун яхши кўраман-да… Шунинг учун ҳурмат билан қуллуқ қиламан ва илтимос қиламан, минбаъд бизнинг орамизга тушманг. Агар бирор нарса айтиш керак бўлса, Лизанинг ўзи ҳам айтади…
— Шундайми? Сиз ҳали унинг кўнгилчанглик килаётганини, дами ичида эканини билмас экансиз-да? Муҳаббат унинг тилини боғлаб қўйган! Мен бўлмасам, сиз унга бўйинтуруқ кийгазардингиз, афандим! Ҳа! Сиз раҳмсиз, золимсиз! Марҳамат қилиб, бугундан бошлаб бу хулқингизни ўзгартиринг!
— Ҳеч ўзгартмайман!
— Шундайми? Кераги ҳам йўқ! Ихтиёрингиз! Лиза айтмаса сиз билан сўзлашиб ҳам ўтирмасдим! Ўшанга ичим ачийди! Ўша, сен гапириб кўр, деб ялинганидан келувдим!
— Йўқ, энди буниси ёлғон!.. Бўлмаган гап… Бўйнингизга олиб қўяқолинг…
— Ёлғон? Ундай бўлса, мана кўрчи тошбағир! Қайнана сакраб турди, эшикнинг бандини юлқиб тортди. Эшик очилиб кетди ва Мишель ўзининг Лизасини кўрди. У остонада қўлларини ушлаб, пиқ-пиқ йиғлаб турганди. Унинг чиройлик чеҳрасини кўз ёшлари тутиб кетганди. Мишель ирғиб туриб, унинг ёнига борди-да:
— Эшитдингми? Қани тушунтир бўлмаса, онанг қизининг ким эканини билиб қўйсин! — деди.
— Онам… Онам… тўғри айтадилар, — деди Лиза ўпкасини тутолмай. — Мен бу турмушга тоқат қилолмайман… Сиқилиб кетдим…
— Ҳмм… Ҳали шундақами? Қизиқ… Хўш нега бу тўғрида мен билан ўзинг гаплашмадинг?
— Ўзим… Ўзимми… Аччиғинг келади деб…
— Ахир ўзинг доимо бекорчиликка қарши муҳокама юритар эдинг-ку! Сени мулоҳазанг учунгина яхши кўраман: атрофимдаги одамларнинг ҳаётидан безорман деган эдинг-ку? Мен ҳам сени шунинг учун яхши кўрган эдим-да! Тўйгача сен бемаъни, оворагарчилик билан кечириладиган ҳаётдан нафратланардинг, ёмон кўрардинг-ку! Нега бирданига бундай ўзгариб қолдинг?
— У вақтларда, айтсам мени олмайсан, деб қўрққан эдим… Жоним Мишель! Бугун Мария Петровнаникига балга борайлик. — Лиза ўзини эрининг қучоғига ташлади.
— Мана кўрдингизми! Энди ишонгандирсиз! — деб қайнана керилганича кабинетдан чиқиб кетди…
— Эҳ, аҳмоқ! — деди, Мишель инграб.
— Ким аҳмоқ? — деди Лиза.
— Янглишган одам!..
Зумрад таржимаси