Антон Чехов. Орзулар (ҳикоя)

Бири қора соқол, чорпаҳил, орқасидан қараганда оёқлари ўзгаларникидан анча пастдан бошлангандай кўринади; иккинчиси эса, дароз, озғин ва таёқдай тўғри, сийрак тўқ сариғ соқолли икки солдат ўзининг кимдан бўлганини билмайдиган бир дайдини уезд шаҳарига ҳайдаб боради. Биринчиси тартақайлаб, теварак-атрофга аланглаб, гоҳ похолни, гоҳ ўз енгини чайнар, сонларига уриб минғирлар эди; умуман бу одам бепарво ва енгил табиат кўринади; иккинчиси эса, озғин кифтлари торлигига қарамасдан салобатли, сипо, қоматининг бичими ва шакли қадимги попларга ёки қадимги санамларда тасвир этилган жангчиларга ўхшайди; унга «донолиги учун худо қўш пешона ато қилган», яъни кал, бу эса, уни попларга янада кўпроқ ўхшатади. Ҳалиги чорпаҳилининг оти — Андрей Птаха, новчасининг оти — Никандр Сапожников.
Булар ҳайдаб бораётган киши одамлар тасаввур қилган дайдига асло ўхшамайди. Кичкина, сўлғин бу одам заиф ва касалманд, рангида қони йўқ, афт-ангоридан кимлигини билиб бўлмайди. Унинг қошлари сийрак, оҳиста ва итоаткорона боқади; ёши ўттиздан ошган бўлса-да, мўйлови эндигина сабз урмоқда. У қўлларини енгига тиқиб, зўрға қадам ташлайди. Унинг пальтоси деҳқонча эмас, драпдан тикилган ва кийила бериб тақири чиқиб кетган; пальтосининг ёқаси кўтарилиб, фуражкасининг қирғоғига тегиб турганидан қип-қизил бурчигина ёруғ дунёга кўриниб турибди. У ингичка товуш билан ёлворгандай гапиради, дам-бадам йўталади. Бу одамни асло ўз номини яширувчи дайди деб булмайди. Бу одам кўпроқ худо ишини ўнгидан келтирмаган попваччага, пиянисталигидан қувилган мирзага, актёрликда ўзининг паст истеъдодини синаб кўргач, энди, адашган ўғил пьесасининг охирги пардасини ижро этиш учун ўз уйига қайтаётган савдогарваччага ёки унинг жиянига ўхшайди; унинг юриб бўлмас кузги лойгарчиликда қандай чидам ва тоқат билан юраётганига қараганда «тинч ва гуноҳсиз ҳаёт» ахтариб, рус монастирларининг унисидан бунисига кўчиб юрувчи черков хизматидаги мутаассиб одамга ўхшатса бўлади…
Йўловчилар анчадан бери йўл босаётган бўлсалар ҳам, ҳамон бир бўлак ердан нари кетолмайдилар. Уларнинг орқасида ҳам, олдида ҳам, беш сажинча қоп-қора ботқоқ йўл. Ундан нари ҳар томонда, оқ туман девордай туради. Улар қанча юрсалар ҳам, бир парча жойдан ҳамон чиқолмайдилар, оқ девор яқинлашмайди. Йўлда қиррали оқ тош, сув уриб кетган ўнгир, йўловчилардан тушиб қолган бир қучоқ пичан, бўтана кўлоб сув кўзга чалинади. Тўсатдан олдинда аллақандай бир соя пайдо бўлади; яқинлашган сайин, кичиклашади ва қораяди. Йўловчилар унга етиб борганларида рақамлари ўчиб, қийшайиб турган чақирим ёғочини ёки йўлдаги гадойга ўхшаш, яланғоч, хунук, ҳўл бир қайин кўрадилар. Қайин унда-мунда қолган сариғ барглари билан нималарнидир шивирлайди, унинг битта барги узилиб, ўйнаб-ўйнаб учиб тушади… Ундан нарида эса, яна туман, лой, йўл ёқасида қорамтир ўтлар. Ўтларда нурсиз, хунук томчилар осилиб туради. Булар ернинг ёз пайтида, қуёш чиқаётганда ва ботаётганда тўккан ва эрта тонгда беданаларни, қизилоёқ ва узун тумшуқ чиройли қушларни суғорган томчилар эмас! Йуловчилар вазмин, ёпишқоқ лойда ҳар бир қадамни зўрға кўтариб, қийинчилик билан босадилар.
Андрей Птаха бироз безовта бўлиб, дайдига назар ташлайди-да, тирик, эсли-ҳушли одам ўз номини қандай эсдан чиқариб қўйганини билмоқчи бўлиб:
— Сен православмисан ўзинг? — деб сўрайди.
— Православман, — деб жавоб беради дайди.
— Ҳимм… Ундай бўлса, сени чўқинтиришгандир?
— Бўлмаса-чи! Мен турк эмасман. Черковга ҳам бориб тураман, буюрилган вақтда рўза ҳам тутаман. Худонинг йўлидан сира чиқмайман…
— Хўш, ундай бўлса отинг нима?
— Мени қайси ном билан атасанг атай бер, йигит!
Птаха елкасини қисади ва таажжуби ортиб, ҳайронликдан нима қилишини билмай қўлларини сонларига уриб қўяди. Иккинчи солдат, Никандр Сапожников эса, сиполик билан жим туради. У Птаха сингари гўл эмас. Православ мазҳабидаги кишининг ўз номини бошқалардан яшириш сабабини яхши биладигандай кўринади. Унинг кўркам башараси совуқ ва жиддий. У буларнинг гапига қўшилмай ўз ҳолича боради, бекорчи гаплардач ўзини тияди, ҳаммага, ҳатто туманга ҳам, ўзини гўё сипо ва доно кишидай кўрсатмоқчи бўлади. Птаха ҳамон гапдан тўхтамай:
— Ўзинг қандай махлуқсан, — дейди, — мужик деса мужикка ўхшамайсан, барин деса баринга ўхшамайсан, алланима балога ўхшайсан. Тунов куни мен ҳовузда ғалвир юваётиб, худди манови, бармоғимдай келадиган, думи бор бир олачипор заҳарли илонни ушлаб олдим. Мен уни олдин балиқ деб ўйловдим. Қарасамки, қуриб кетгурнинг оёқлари бор экан. Балиқ ҳам эмас, заҳарли илон ҳам эмас, алланима балога ўхшайди… Сен ҳам худди ўшанга ўхшайсан… Ахир, ўзинг қайси табақадансан?
— Мен мужикман, деҳқон зотидан, — дейди дайди, уҳ тортиб. — Менинг волидам крепостной канизаклардан эдилар. Менинг мужикка ўхшашлик ерим йўқ, бу тақдири илоҳий, яхши йигит. Волидам баринларникида энагалик қилар эдилар, ҳеч нарсадан камлик-зорликлари йўқ эди. Сиз волидамни кўрингу мени кўринг, мен у кишининг нусхасига ўхшайман. Мен ҳам волидам билан бирга баринларникида турар эдим. Волидам мени оддий табақа кишиси бўлиб қолмасин, яхши одам бўлиб етишсин деб эркалатиб тарбиялар эди. Кроватда ётардим, кунда лаззатли таомлар ердим, дворян болаларидай шим ва қўнжи калта этик киярдим. Волидам ўзлари нима есалар, менга ҳам ўшанақа овқат егизардилар; у кишига жаноблар кўйлаклик совға қилса, ўзлари киймай менга тикиб берардилар. Турмушимиз яхши эди. Ёшлигимда конфет ва пряникни шу қадар кўп еганманки, ҳозир уларнинг пулига битта яхши от келади. Мени волидамнинг ўзлари ўқитдилар, ёшлигимдан художўй қилиб ўстирдилар, одобли бўлиб ўсдим, ҳозир мужикча сўзлашга ва қўпол гапиришга ҳеч тилим бормайди. Арақ ҳам ичмайман, йигит, озода кийинаман, яхши одамлар орасида ўзимни тузук тута биламан. Агар у киши ҳаёт бўлсалар, худо саломат қилсин, вафот этган бўлсалар, жойлари жаннатда бўлсин!
Дайди сийрак сочларп пурпайиб турган бошини очади, кўзларини юқорига тикиб, икки бор чўқиниб қўяди.
— Худоё худовандо! У кишининг охиратларини бергин! — дейди у, чўзиқ, кампирча овоз билан. — Эй парвардигор, Кисеня қулинг гуноҳини ўзинг кечиргин, тўғри йўлга солгин! Агар меҳрибон волидам бўлмагапларида эди, оддий мужикнипг ўзгинаси бўлиб қолар эдим! Энди, йигит, мендан нимани сўрасанг: дунёвий илмни ҳам, ухравий илмни ҳам, ибодатларни ҳам, катехизисни ҳам, ҳаммасини айтиб бераман. Мен доим тақводорлик билан яшаб келаман… Бировнинг дилига озор бермайман, худога шукур, пок ва шарм-хаёлиман, рўзани канда қилмайман, овқатни ҳам ўз вақтида ейман. Ўзгалар вақтларини арақ ичиб, ялла қилиб, кайф-сафо билан ўтказадилар, мен-чи, меи агар вақтим бўлса, бир бурчакда ўтириб китоб ўқийман. Ўқиб ўтириб йиғлаб-йиғлаб, хун бўламан…
— Нега йиғлайсан?
— Одамнинг раҳми келади! Йиғламай илож йўқ! Баъзи китобчаларни беш тийиига оласан-у, йиғлай бериб абгор бўласан.
— Отанг ўлганми? — деб сўрайди Птаха.
— Билмайман, йигит. Ёлғон гапириб, гуноҳга ботишнинг нима кераги бор, кимдан бўлганимни билмайман. Ўйлашимча, волидамнинг ҳароми боласи бўлсам керак, Волидам умрларини жанобларнинг эшигида ўтказдилар, оддий мужикка тегишни истамадилар…
— Барин билан топишиб қолган бўлса керак-да! — деб жимлайиб қўяди Птаха.
— Аниғи шуки, у киши ўзларини тиймаганлар. Ўзлари жуда тақводор, худодан қўрқардилар-у, аммо қизликларини сақлай олмаган бўлсалар керак. Бу, албатта, гуноҳ, шаксиз зўр гуноҳ-ку, аммо, шуниси яхшики, менинг қонимга дворян қони аралашиб қолган. Мен номига мужик, тагим асилзода жаноблардан.
У «асилзода жаноблар» иборасини, тор пешонаспни тириштириб, совуқдан қизарган бурнидан ғижиллаган овоз чиқаргани ҳолда, ингичка товуш билан гапирлди. Птаха унинг гапларини тинглайди, ажабсиниб унга қия боқади ва елкаларини қисади.
Олти чақирим пўл юргандан кейин, солдатлар билан дайди бир тепаликка келиб, дам олгани ўтиради.
— Ит ҳам ўз отини билади,— деб гўдурлайдп Птаха, — менинг отим Андрюшка, уники Никандр. Ҳар бир кишининг азиз исмп бор. Бу исмни унутиш сира-сира мумкин эмас!
— Менинг номимни билиш кимга керак? — дейди уҳ тортиб дайди ва муштини иягига тирайди — Бунинг менга нима фойдаси бор? Мени бўшатиб юборганлари яхши эди. Истаган томонимга кетардим. Бўлмаса, аҳволим бундан ҳам ёмонроқ бўлади. Оғайнилар, мен православман, қонун-қоидани биламан. Эиди мен ўз зотини билмайдиган дайди бўлиб қолдим, ҳаммадан ёмони Шарқий Сибирга ҳукм қилишлари, ўттиз ёки қирқ дарра уришлари, агар ўзимнинг чин ном ва табақамни айтиб берсам борми, улар мени яна тағин каторга ишига ҳукм қиладилар. Бунга кўзим етиб турипти.
— Ҳеҳ-ҳа, сен ҳали каторга ишида ҳам бўлганмисан?
— Бўлганман, азизим. Тўрт йил сочимни қирдириб, оёғимда кишан билан юрганман.
— Нима учун?
— Одам ўлдирганлик учун, яхши йигит! Мен ҳали кичиклигимда, ёшим ўн саккизларда бор эди, волидам баринга сода ва кислота ўрнига, билмасдан, стаканга маргумуш солиб қўйган эканлар. Омборда ҳар хил қутичалар кўп эди, адашиш мумкин эди-да…
Дайди уҳ тортади ва калласини чайқаб, дейди:
— Волидам тақводор эдилар, аммо, бировнинг дилида нима борлигини киши билмайди! Балки, билмасдан қилгандирлар, балки барин янги канизакни ўзига яқин тутганига чидолмай шундай қилгандирлар… Ёки, атайлаб солгандирлар, ким билади! У топда мен ёш эдим, бу ишларга ақлим етмас эди… Энди фаҳмласам, чиндан ҳам, барин бошқа канизак олган экан. Бундан волидам қаттиқ ранжиган эканлар. Бизнинг судимиз икки йил чўзилди. Волидамни йигирма йилга, мени, ёш бўлганим важҳидан, етти йилга каторга ишига ҳукм қилишди.
— Сени нима учун?
— Жиноятчига ёрдам бергаиим учун. Ахир, баринга стаканни мен тутар эдим-да. Ҳамма вақт волидам сода тайёрлаб, менинг қўлимга берардилар, мен уни баринга тутар эдим. Лекин биродарлар, бу гапларни сизларга христианчасига, худони ўртага қўйиб айтяпман, тағин бошқаларга айтиб юрманглар…
— Ҳе, биздан бу гапларни ким сўраб ўтирипти, — дейди Птаха — Ҳали сен каторгадан ҳам қочганмисан?
— Қочганман, азизим. Биз ўн тўрт киши қочган эдик. Худо хайр бергурлар, ўзлари билан мени ҳам олиб қочишди. Энди ўзинг инсоф билан ўйлаб кўргин, йигит, ўз табақамни айтиб беришдан менга фойда борми? Мени яна каторгага юборишади-ку! Ахир, мен каторгага муносиб кишиманми? Ўзим нозик, касалманд одамман, озода жойда ухлашни, озода жойда овқатланишни яхши кўраман, ибодат қилган чоғимда шамчироқ ёки шам ёқиб қўйишни, ёни-верим жимжит бўлишини севаман. Мен рукуъга кетганимда пол тоза бўлса, тупрукка кўзим тушмаса. Худонинг берган куни эрта билан ҳам, кечқурун. ҳам волидамни дуо қилиб, қирқ марта рукуъга бораман…
Дайди бошидан фуражкасини олиб, чўқинади-да:
— Шарқий Сибирга сургун қилишса қилишаверсин, қўрқмайман, — дейди.
— Унда яхши бўладими?
— Бутунлай бошқача бўлади. Каторгада сен, барибир, саватга тушган қисқичбақанинг ўзисан, каторга тор, тиқилинч, нафас олиб бўлмайди, дўзахнинг худди ўзи. Шундай дўзахки, худо ҳеч кимни унга гирифтор қилмасин! Сен ўғри бўлсанг, қадринг ҳам ўғриларча, кунинг итнинг кунидан ҳам бадтар. Овқат ҳам еялмайсан, ухлаёлмайсан, ибодат ҳам қилолмайсан. Аммо сургунда бундай эмас. Сургунда аввало кўпчилик қатори мен ҳам одамларга аралашаман. Бошлиқлар қонунга мувофиқ менга паёк беришга мажбур… ҳа-да! Айтишларига қараганда, у ерда ер миркам текин, қордай беқадр, олганингча олаверасан! Унда, йигитча, менга дон-дун экишга ҳам, сабзавот экишга ҳам, жой қуришга ҳам ер беришади… Одамларга ўхшаб, мен ҳам ер ҳайдайман, экаман, от-мол қиламан, асалари, қўй, ит… топган-тутганимни сичқон ва каламушларга талатмаслик учун сибирь мушуги асрайман. Ёғоч уй қуриб, оғайнилар, иконалар сотиб оламан… Худо берса, уйланиб, бола-чақа ҳам ортдираман.
Дайди ғўлдирайди ва ўз гапларини тинглаб турганларга эмас, аллақаёқларга қарайди. Унинг орзулари қанчалик бачкана бўлмасин, чин юракдан айтилганидан, тингловчиларнинг ишонмаслиги мумкин эмас эди. Дайдининг ўймоқдай оғзи илжайиб, бахт-саодатдан лаззатланиб, сув ичди ва бақрайганича қолди. Солдатлар эса, унинг гапларини тинглаганча, анграйиб қолдилар. Бу гапларга улар ҳам ишондилар.
— Мен Сибирдан қўрқмайман, — деб ғўлдираб сўзини давом эттиради дайди. — Сибирь ҳам худди Россиянинг ўзидай. У ерда ҳам бу ердаги каби худо ва подшо бор. У ерда ҳам, худди сиз билан менга ўхшаш диндошларча гаплашадилар. Фақат у жойдаги одамлар эркинроқ, бадавлатроқ. У ерда ҳамма нарса жойида. У ернинг дарёларини айтмайсизми, бу ердагилардан анча яхши. Балиқлар, илвасинлар беҳад кўп. Ҳаммадан ҳам, оғайнилар, менга балиқ ови бўлса бас. Менга нон берма-ю, қармоқ бериб, сув бўйига ўтқизиб қўйса. Худо ҳаққи. Мен балиқни қармоқда ҳам, тўрда ҳам, саватда ҳам тутавераман, муз кўчган вақтда эса, ғоза билан тутаман Ғоза босишга кучим етмайди. Бир пақир берсам битта мужик босиб беради. Эҳ, балиқ ови қандай ҳузур-а! Агар бирорта налим ёки зоғора балиқни тутиб олсанг борми, ўз укангни кўргандай қувониб кетасан! Мен сизга айтсам, ҳар ишнинг уз ҳавоси бор. Ҳар қайси балиқни тутиш учун мияни алоҳида ишлатиш керак: бир хилига қармоққа семиз қуртни, бир хилига чувалчангни, бир хилига бақани ёки чигирткани илиб ташланади. Буларни билиш керак-да? Масалан, елим балиғини олинг. У овқат танламайди — қилтанақли майда балиқни ҳам еяверади, чўртан — танга балиққа, шилишпер эса — капалакка ўч бўлади, зоғора балиқни нишаб жойда тутишнинг ажойиб гашти бор-да! Қармоққа капалак ё қўнғизни илиб, ўн сажин ипга тош осмасдан қўйворасан, ем сувнинг юзида оқиб бораверади, ўзинг сувда яланғоч бўлиб турасан. Зоғора балиқ емга ўзини уради! Шунда ҳушёр бўлиб турасан, токи, лаънати, емни узиб кетмасин. Балиқ дик эткизиб тортдими, сен ҳам оғзингни очиб турмай, ипни дарров тортасан. Балиқ овига жуда ҳам ишқивозман. Ниҳоятда кўп балиқ овлаганман! Қочиб юрган вақтимизда бошқа маҳбуслар, ўрмонда тинч ухласалар, менинг уйқум келмай, эс-ҳушим дарёда бўлади. У ернинг дарёлари кенг, тез, қирғоқлари жуда тик! Дарё соҳиллари қалин ўрмон билан қопланган. Дарахтлари шундай баландки, учига қарасанг, бошинг айланиб кетади. Ўша дарахтларнинг ҳар тупини бизнинг бу ерда ўн сўмга олаверади.
Бу шўрпешона ўтмишнинг бадиий образларини эслаб ва келажакдаги бахтли ҳаётни орзу қилиб жим бўлади ва ўзича пичирлагандай, лабларини қимирлатади. Унинг юзларидан бетайин хушвақтлик аримайди. Солдатлар эса жим бўлиб, бошларини қуйи солиб, ўйланиб қолади. Турма дезоридай совуқ, даҳшатли туман босгаи куз фаслидаги жимлик юракни ғуссага тўлдирганда инсон эркининг чегаралаганини эслатиб қўяди. Мана шундай пайтда тез, қирғоқлари тик, кенг дарёлар, ўтиб бўлмас қалин ўрмонлар, бепоён чўлларни ўйлаш кишига ҳузур бахш этади. Ҳали кўк юзидан шафақ кўтарилмаган эрта тонгда, кимсасиз қирғоқда кичик нуқтадай бўлиб, ўрмалагандай кетаётган одам тасаввурда секин ва оҳиста пайдо бўлмоқда; дарёнинг ҳар икки томонини қоплаб, асрлар бўйи ўсаётган баланд бўйли қарағайлар бу эркин кишига хўмрайиб боқади ва тумшайиб ғўлдирайди; дарахт томирлари, улкан тошлар, чангаллар унинг йўлини тўсади, аммо у киши эса, бақувват, руҳан тетик; у қарағайлардан ҳам, тошлардан ҳам, ўзининг сўққабошлигидан ҳам, ташлаган ҳар бир қадамининг акс садосидан ҳам қўрқмайди.
Солдатлар ўзлари илгари сира ҳам кўрмаган эркин турмушни тасаввур этадилар; улар буни қачонлардир эшитганлар, ёки узоқ ўтмишда эркин ҳаёт кечирган ота-боболаридан уларга тан ва қон билан мерос тарзида ўтиб келаётган эркин турмуш ҳақидаги тушунчаларни эсларига келтирадиларми, буни фақат худонинг ўзи билади!
Шу чоққача чурқ этмай ўтирган Никандр Сапожников ўртадаги жимликни бузади. Дайдининг орзуларига унинг рашки келдими, ёки, қуюқ туман ичида ва қоп-қора ботқоқ бир жойда туриб, бахт-саодатни орзу қилиш сира келишмаганини қалбдан сездими, ҳар ҳолда у, дайдига хўмрайиб қараб, дейди:
— Ўшанақа-ку, айтган гапларинг ҳаммаси яхши-ю, лекин, биродар, сен ўша дориломон жойларга етолмайсан, қанақа қилиб етасан? Уч юз чақирим йўл юрасан-у, жонингни худога топширасан. Ўзинг жуда ҳам нимжонсан-ку! Олти чақирим энди йўл босдинг, ҳали ҳам нафасингни ростлаб ололмаяпсан!
Дайди Никандр томонга секингина бурилади, унинг чеҳрасидаги бетайин жилманиш йўқолади. У солдатнинг сипоҳ, жиддий юзига қўрқиб ва гуноҳкордай қарайди, афтидан, ниманидир эсига келтиради ва бошини қуйи солади. Яна жимлик бошланади… Уччалалари ҳам ўйга чўмади. Солдатлар, ёлғиз худогина тасаввур эта оладиган, яъни уларии эркин ўлкадан айириб турувчи даҳшатли фазони тасаввур этиш учун фикрларини бир нуқтага тўплайдилар. Дайдининг калласида эса фазодан ҳам мудҳишроқ очиқ, равшан манзаралар чизилади. Унинг кўз ўнгида суд сарсонгарчилиги, жўнатиш ва каторга турмалари, маҳбуслар бараклари, тинкани қуритадиган йўлдаги тўхташлар, қаҳратон қишлар, касалликлар, ўртоқларнинг ўлими… бари барала гавдаланади… Дайди кўзларини гуноҳкордай пирпиратади, майда тер босган пешонасини енги билан артади ва эндигина ҳаммомнинг иссиқ хонасидан чиққан кишидай ҳарсиллайди, сўнг пешонасини иккинчи енги билан артади ва қўрқиб аланглайди
— Чиндан ҳам етолмайсан! — деб таъкидлайди Птаха — Сен қандай қилиб йўл боса оласан! Аҳволингга қара: тери билан суягинг қолипти-ку! Ўлиб қоласан, биродар!
— Ўлиши аниқ! Бунга етиш қайда!— дейди Никандр. Буни ҳозирнинг ўзидаёқ госпиталга ётқизишади… Бу тўғри!
Ўз зотини билмовчи бу киши жиддий ва ҳиссиз ҳамроҳларининг юзига ваҳима босиб қарайди ва фуражкасини олмасданоқ, кўзларини ола-кула қилиб, тез-тез чўқинади… Унинг аъзойи бадани титрайди, калласи силкинади, топталган қуртдай бужмаяди…
— Хўп, қани энди жўнайлик,— дейди Никандр, ўрнидан туриб. — Дам олдик!
Бир минутдан кейин йўловчилар лой йўлдан бордилар. Дайди яна ортиқроқ букчаяди ва қўнишиб, қўлларини енгларининг янада ичкарироғига тиқиб олади. Птаха индамайди.

С. Иброҳимов таржимаси