Антон Чехов. Москвадаги Трубной майдонида (ҳикоя)

Рождествинская монастирига яқин жойда кичкинагина бир майдон бўлиб, уни Трубной ёки қисқа қилиб Труба деб атайдилар, ҳар якшанба куни унда бозор бўлади. Худди ғалвирдаги қисқичбақага ўхшаб юзлаб пўстинлар, чакмонлар, мўйна шапкалар, цилиндрлар ғимирлаб туради. Баҳор чоғини эслатиб, ҳар хил овоз билан қушлар сайрайди. Агар қуёш чақнаб турса ва кўк юзида булут кўринмаса, қушларнинг сайраши ва пичан ҳиди кучлироқ сезилади, бу баҳор хотираси киши фикрини уйғотиб, уни узоқларга олиб кетади. Майдончанинг бир четида қаторлашиб аравалар турибди. Аравалардаги нарсалар пичан ҳам эмас, карам ҳам эмас, лўя ҳам эмас, булбуллар, саъвалар, майналар, красавкалар, тўрғайлар, қора ва кулранг тусли дроздлар, читтаклар, снигирлардир. Буларнинг ҳаммаси, қўлда ясалган ёмон-юмон қафасларнинг ичида сакрайди, эркин юрган чумчуқларга рашк билан қарайди ва чурқиллайди. Майналар бир миридан, саъвалар қимматроқ. Улардан бошқа паррандаларнинг нархлари аниқ эмас.
— Тўрғай неча пулдан?
Сотувчи тўрғайнинг нархи қанчаданлигини ўзи ҳам билмайди. У бўйнини қашийди ва харидорнинг кўринишига қараб, бир сўмданми ёки уч тийинданми, иш қилиб, худо нимани дилига солса, ўшани сўрайди. Нархи қиммат қушлар ҳам бор. Булғанч бир ходачада, туси айниган ва думи юлинган қари дрозд қўниб турибди. У басавлат, кеккайган, худди истеъфога чиққан генералга ўхшаш сусткаш. У ўзининг эрксизлигига аллақачон парво қилмай қўйган ва кўм-кўк осмонга кўпдан бери лоқайд қарайдиган бўлиб қолган. Ана шундай бепарволиги учун у ҳам ақлли қуш саналса керак. Уни қирқ тийиндан арзонга сотиб бўлмайди. Қушларнинг ёнида лойда шалоплаб, тиқилишиб, модали пальто кийган гимназия ўқувчилари, мастеровойлар, йигитчалар, эскириб кетган, шапкалари тўзиб баайни сичқон кемиргандай дабдаласи чиққан шимларини қайтариб олган ишқивозлар юришибди. Ёшларга ва мастеровойларга паррандаларнинг урғочиси ўрнига эркагини, ёшлари ўрнига қарисини сотадилар… Уларнинг бунга ақллари етмайди. Аммо ишқивозларни алдаб бўлмайди. Ишқивозлар қушларни узоқданоқ билишади.
Ишқивозлардан бири бир саъванинг оғзини очиб кўриб ва думининг патларини санаб:
— Бу яхши парранда эмас экан, — дейди. — Ҳозир бу сайраяпти, нима бўпти? Улфатларнинг орасида мен ҳам ашула айтаман-да. Йўқ оғайни, сен, улфатларсиз, сайраб кўр-чи; агар сайрай олсанг, битта ўзинг сайрагин… Сен ҳов анави жим ўтирганни бер. Индамасини бер! Индамаётганида гап бор-да…
Парранда ортган араваларнинг орасида бошқа хил ҳайвонлар юклаган аравалар ҳам чиқиб қолади. Уларда сиз қуёнларни, уй қуёнларини, типратиконларни, денгиз свинкаларини, сассиқ қўзанларни кўрасиз. Қуён ўтириб олиб, аламидан похол чайнайди. Денгиз свинкалари совуқдан қалтирайди. Типратиконлар эса, ўз тиконларининг остидан одамларга қизиқсиниб мўралайди.
— Мен бир жойда ўқиган эдим, — дейди, ўнгиган пальтоли, почта идорасининг амалдори, ҳеч кимга назар-эътибор этмай ва қуёнга меҳр билан қараб, — қандайдир бир олимнинг мушуги, сичқони, қийғири ва чумчуғи, ҳаммаси битта косада овқат еяр экан.
— Шундай бўлиши ҳам мумкин, жаноблари. Чунки мушук калтакланган, қийғирнинг думи бутунлай юлиб олинган бўлса керак. Бунда ҳеч қандай олимлик йўқ, тақсирим. Менинг отахонимнинг мушуги бор эди. Мен сизга айтсам, у бодиринг еярди. У қамчи билан икки ҳафта, мулла бўлгунича савалади. Қуённи, агар урсанг, гугуртни ҳам ёқадиган бўлади. Сиз нимага таажжубланасиз? Таажжубланадиган жойи йўқ! Гугурт донасини оғзига солади-да, чиқ этказиб чақади!.. Ҳайвон ҳам одамнинг худди ўзи. Одамзод таёқ еса доно бўлади, жониворлар ҳам шундақа.
Узун чакмон кийган одамлар хўроз ва ўрдакни қўлтиқлаб, йиғиннинг ичида у ёққа бу ёққа ўтар эди. Паррандалар ҳаммаси озғин, оч. Бошининг парлари тўкилган жўжалар, хунук бошини катакнинг ичидан ташқарига чиқариб, лойдан нимадир чўқийди. Каптар кўтарган ўғил болалар юзингизга тикилиб қарашади ва каптарга ишқивозлигингизни билишга тиришади.
— Ҳа-а! Сизга гапиришнинг ҳожати йўқ! — деб қичқиради кимдир аччиғланиб. — Сиз олдин кўринг, кейин гапиринг! Бу каптарми? Каптар эмас, бургут-ку!
Новча, ориқ, икки чаккасидан соқол қўйган, мўйлови қирилган, кўринишича хизматкорга ўхшаш, касалванд ва маст бир киши оппоқ қордай сержун лайчани сотмоқда. Бу қари лайча ғингшиб турибди.
— Бекам бу ифлосни сотиб келгин деб буюрди, дейди хизматкор, жирканиш билан кулимсираб, — Қариганда синиб қолди, егани нарсаси йўқ, мана энди итларини ҳам, мушукларини ҳам сотяпти. Йиғлаб, уларнинг ифлос тумшуғини ўпади, ўзи бўлса, муҳтожликдан сотади. Худо ҳақи, гапларим рост! Сотиб олинглар, жаноблар! Кофе олишга пул керак бўлиб қолди.
Аммо ҳеч ким кулмайди. Ёнида турган битта ўғил бола бир кўзини қисиб, унга раҳми келиб, жиддий боқади.
Ҳаммадан ҳам балиқ сотиладиган қатор ажойиб. Ўнтача мужик тизилиб турибди. Уларнинг ҳар қайсисининг олдида биттадан челак, челакнинг ичи тўс-тўполон дўзах. Челакдаги кўкимтир, бўтана сувда товон балиқлар, илон балиқлар, чавоқ балиқлар, шилиқ қуртлар, ит балиқлар, илон қуйруқлар ғиж-биж. Оёқлари синдирилган катта-катта дарё қўнғизлари, челакнинг торгина юзида, товон балиқларнинг устига тирмашиб чиқиб ва ит балиқларнинг устидан ирғиб ўтиб, у ёқдан бу ёққа юради. Ит балиқлар қўнғизларнинг устига, илон қуйруқларнинг устига чиқишади. Жони қаттиқ маҳлуқлар! Тўқ зангори йилтироқ балиқларнинг нархи қимматроқ бўлиб, имтиёздан фойдаланадилар: улар сузиб бўлмайдиган махсус банкачаларга солиб қўйилган. Банкачаларнинг ичи, ҳар ҳолда, у қадар тор эмас…
— Товон балиқнинг димоғи баланд! Жаноблари, бу қуриб кеткур товон балиқнинг жони қаттиқ. Челакка солиб бир йил қўйсанг ҳам, бари бир, тирик тураверади. Бу балиқларни тутганимга бир ҳафта бўлди. Тақсир, буларни Перервадан ушлаганман, ўша ердан пиёда кўтариб келдим. Товон балиқлар икки тийиндан, илон балиқлар уч тийиндан, қуриб кеткур чавоқчаларнинг ўнтаси ярим танга! Қани, чавоқдан бир мирилик берайми? Чувалчанглардан олмайсизми?
Балиқфуруш қўлини пақирга тиқиб, қўпол ва қаттиқ панжалари билан катталиги бармоқдай чавоқчаларни ёки товон балиқларни олади. Челакларнинг ёнига иплар, қармоқлар, чўртан балиқ овлайдиган қармоқлар ёзиб ташланган, қуёшда товланиб лола ранг чувалчанглар ётади.
Қуши бор араваларнинг ва балиғи бор челакларнинг ёнида, бошига мўйна шапка кийган, темир бандли кўз ойнак таққан, оёқларига худди броненосецга ўхшаган калиш кийиб олган бир ишқивоз қари одам юрибди. Шу ердагилар бу одамни «нусха» деб атайди. Унинг ёнида бир тийини бўлмаса ҳам, савдолашади, ҳовлиқади, харидорларга маслаҳат беравериб безор қилади. У бир соатнингичида бутун қуёнларни, каптарларни ва балиқларни кўриб чиқади, уларнинг нозик нуқталаригача қараб чиқади ва бу маҳлуқларнинг ҳар бирининг жинсини, зотини, ёшини ва нархини айтади. Ёш болаларга ўхшаб, у, саъванинг болаларига, товон балиқларга ва чавоқчаларга қизиқсинади. Бордию у билан дрозд ҳақида гаплашиб қолсангиз, у тентак сизга шундай нарсаларни гапириб берадики, унинг айтганларини ҳеч бир китобдан тополмайсиз. У сизга ҳаяжонланиб, завқ билан гапиради, гапирганда ҳам, қўшимчаси билан гапиради, бу гаплардан хабаринг йўқ деб таъна ҳам қилади. Саъванинг боласи, снигирлар тўғрисида кўзларини чақчайтириб ва қулочларини ёзиб, тинмай гапираверади. Бу кишини Трубада фақат совуқ вақтларда кўриш мумкин, ёз фаслида эса, Москвадан ташқарига чиқиб кетади-да, аллақаерларда, куркурак чалиб бедана овлайди, қармоқ солиб балиқ тутади.
Мана, яна бошқа бир «нусха» — жуда новча, жуда ориқ, қора кўз ойнакли, соқол-мурти қирилган, кокардали шапка кийган, қиёфаси эски вақтдаги мирзаларга ўхшаш бир жаноб. Бу киши ҳам ишқивозлардан; унинг амали кичкина эмас, гимназияда ўқитувчи. Бу одам Трубанинг доимий аҳлларига таниқли бўлиб қолган ва унга ҳурмат билан қарайдилар, таъзим қиладилар ва ҳатто унга «ўзлари» деган иом ҳам топганлар. У Сухорева ёнида китоблар титса, Трубада яхши каптарларни қидиради.
— Келинг, келинг! — деб қичқиришади унга каптарвозлар. — Ўқитувчи афандим, ўзлари чин каптарларга қараб қўйсинлар! Ўзлари!
— Ўзлари! — деб қичқиришади унга ҳар томондан.
— Ўзлари! — деб такролайди, бульварнинг қайси бир жойидан бир ўғил бола.
Афтидан, бу номга аллақачонлар кўникиб кетган «ўзлари» эса, ўзини жиддий вазмин тутгани ҳолда, иккала қўли билан каптарни ушлайди-да, уни бошидан юқорироқ кўтариб, қарайди ва қовоғини солиб, худди фитначилар янглиғ, важоҳатини яна ҳам жиддийроқ тусга киритиб олади.
Москванинг кичик бир қисмини ташкил этган бу ерда ҳайвонлар ҳам севилади, ҳам азоб тортади. Шов-шув ва безовталиклар ичида ўз умрини кечираётган Труба олдидаги бульвардан ўтиб кетаётган ишли одамлар ва диндорларга эса, бунча оломон, бунча ранг-баранг шапкалар, картузлар ва цилиндрлар нега тўплангани, нималарни гаплашиб, нималарни олди-сотди қилиши маълум эмас.

С. Иброҳимов таржимаси