Антон Чехов. Капитан мундири (ҳикоя)

Чиқиб келаётган қуёш уезд шаҳрига сал-пал нур сочиб хўрозлар эндигина қичқира бошлаган пайт, аммо Рилкин амакининг қовоқхонасига мижозлар келибди. Улар уч киши бўлиб, машиначи Меркулов, миршаб Жратва ва молия маҳкамаси хат ташувчиси Смехунов эди. Уларнинг учаласи ҳам ичиб олишган.
— Қўй, гапирма! Гапирмасанг-чи! — деб сўз уқдирарди миршабнинг тугмасидан ушлаб олган Меркулов — Тикувчилик бобидаги маҳкама мансабдори, яъни юқори мартабали киши, ҳар қанақанги генерални боплайди. Мана мисолга камергерни олайлик… У қандаи одам ўзи? Унинг мансаби қанақа? Сен яхшилаб ҳисоблаб кўр… Унга Прюндель билан ўғиллари хўжайин булган энг яхши фабриканинг тўрт газ мавути кетади, тугмалари ёқалари тилладан, шими оқ тилла лампасли, кўкраги ярқираб туради, ёқаси, енги ва чунтакларининг қопқоғи ҳам ялтироқ бўлади! Энди, борди-ю ҳалиги гофмейстерлар, шталмейстерлар, цермониймейстерлар ва бошқа министерийларга тикадиган бўлсак-чи… хўш, сен қандоқ тушунасан? Ҳалиям хотиримда, биз гофмейстр граф Андрей Семенич Вонляревскийга мундир тиккан эдик. Шундай мундир бўлдики, асти қўя бер — яқин келгани киши қўрқади! Унга қўл текизсанг азбаройи шифо, томирларинг дик-дик уриб кетади. Юқори мартабали киши бирон нима тикадиган бўлса уни безовта қилиб ўтирма. Ўлчовини олади-ю, тика беради, қандай тикиляпти, кўринг деб олифтагарчилик қилишга ҳожат қолмайди. Агар сен уста машиначи бўлсанг, ўлчовга қара-ю, бира тўла тикавер… Шундай қилки, томдан сакраганингда оёғинг тўғри этикка тушсин — мана шундай! Оғайнилар, ҳалиям эсимда, бизнинг ёнимизда миршабхона бор эди. Хўжайинимиз Осип Яклич ана шу миршаблардан дурустини, яъни қадди-қомати бизга буюртма берган кишига ўхшаганини танлаб, кийимни ўшанга кийгизиб кўриб, тиктираверарди. Хўш десанг, оғайним, ҳалиги… биз граф мундирини тикиш учун бир миршаб танладик. Чақириб келдик… Қани кийиб кўр-чи, нусха, қалай!.. Жуда қизиқ бўлди! Шундай қилиб, мундирни у қийди-ю кўкрагига кўз ташлади-да, нима бўлди дегин! Бирдан ўзини йўқотиб қўйса бўладими, тушундингми, қалт-қалт титраб, эсини йўқотди қўйди…
— Исправникка тикканмидинглар? — деб сўради Смехунов
— Эй, исправник ҳам мансабдорми? Петербургда улар итдан ҳам кўп… Бу ердагина уларга мулозамат қилишади, у ерда бўлса — “қоч йўлдан, нега тиқиласан” дейишади. Биз нуқул ҳарбий мансабдорларга, кейин фақат биринчи тўрт даражага мансуб юқори мартабали кишиларга тикардик. Одамдан одамнинг фарқи бор… Дейлик, агар сен бешинчи даражага мансуб бўлсанг, у тақдирда сен билан пачакилашиб ўтирмаймиз… Бир ҳафтадан кейин кел деймиз — ҳамма нарса тап-тайёр, чунки унда ёқаси билан енгидан бўлак тикадиган жойи йўқда… Борди-ю, агар тўртинчи даражага ёки учинчи, эҳтимол борингки иккинчи даражага мансуб бўлган киши келса хўжайин дарҳол ҳаммага мушт дўлайтириб, тишни қоқиб олгудек бўлиб, ишга киришиб кетади, дарров миршабхонага одам югуртиради, ўлчагани-да. Бир марта биз, оғайним, мен сенга айтсам, эрон консулига тикиб бердик. Кўкрагига ва белига бир ярим минг сўмлик ҳар хил зар тикиб қўйдик. Биз ўзимиз ҳам у шунча пулни тўламаса керак деб ўйлаган эдик; йўқ, тўлади… Петербургда ҳатто татарларда ҳам олижаноблик бор.
Меркулов узоқ вайсади. Соат тўққизларга яқинлашиб қолганда у, ўтмиш хотираларидан ўпкаси тўлиб, йиғлаб олди, кейин нуқул савдогар ва мешчанлар билан тўлган мана шу бемаза шаҳарчага келиб қолгани учун ўз тақдиридан нолиб, шикоят қилишга киришди. Миршаб аллақачон икки кишини полицияга олиб бориб топшириб келди. Хат ташувчи ҳам бу орада икки марта почтахонага ва ундан молия маҳкамасига бориб, яна қовоқхонага қайтди, Меркулов эса ҳамон шикоят қиларди. Кун тушга етганда у дьячок олдида туриб, зўр бериб мушти билан ўзининг кўкрагига уриб, ҳасрат қиларди.
— Мен юзсиз, беор одамларга кииим тикишни истамайман! Бунга розимасман ҳам! Петербургда шахсан ўзим барон Шпуцелга яна қанчаю-қанча офицер жанобларга мундир тикиб берганман! Йўқол кўзимдан, башарангни кўрмай рўдопо! Йўқол дейман!
— Трифон Пантелеич, сиз ўзингизни жуда ҳам осмон тарашламанг, — деб унга насиҳат қилади дьячок. — Дарҳақиқат ўз ишингизга моҳирсиз, лекин, худо билан динни унутмаслик керак. Арий ҳам сизга ўхшаш жуда баландпарвоз эди, ич кетар касалига учраб ўлди. Оҳ, сиз ҳам ўлиб кетасиз!
— Ўлиб кетаман! Майли, чакмон тикиб утиргандан кўра ўлганим яхши!
Бирдан эшик орқасидан:
— Лаънати шу ердами? — деган хотин кишининг овози эшитилади ва қовоқхонага Меркуловнинг хотини Аксинья киради. У кекса, енгларини шимариб, белини маҳкам боғлаб олган аёл эди. — Қани у, башаранг қурғур? — деди Аксинья қовоқхонада ўтирганларга ғазаб билан кўз ташлаб. — Лахатга киргур, ҳозир уйга юр, сени аллақандай офицер кутиб ўтирибди!
— Қанақа офицер? — деб сўради Меркулов ҳайрон бўлиб.
— Мен қаёқдан билай! Гапига қараганда мундир тиктиргани келибди.
Меркулов бармоқлари билан каттакон бурнини қашиди. У, қаттиқ ҳайрон қолган пайтларида шундай қиларди. Ниҳоят:
— Бу хотин жинни бўлиб қолганми дейман… деб минғирлади. — Ўн беш йил бўладики, биронта олижаноб кишини кўрганим йўқ, энди тўсатдан, рўза куни мундир тиктиргани офицер келган эмиш! Ҳм!.. Бориб кўрайчи…
Меркулов қовоқхонадан чиқиб, қоқила-суқила уйига кетди… Хотини алдамаганди. У, уйи олдида маҳаллий ҳарбий қисм бошлиғининг ишлар мудири капитан Урчаевни кўрди.
— Сен қаерда санқиб юрибсан-а? — деб уни кутиб олди капитан. — Нақ бир соатдан бери кутаман-а… Менга мундир тикиб бера оласанми?
— Жаноблари… Ё раббий! — деди минғирлаб, нафаси ичига тиқилган Меркулов ва бошидан бир тутам сочи аралаш шапкасини юлиб олди. — Жаноби олийлари! Нима, мен биринчи марта тикяпманми? Вой, худойим-ей! Мен ахир барон Шпуцелга… Эдуард Карличга кийим тиккан машиначиман… Жаноб подпоручик Зембулатов бўлса ҳали ҳам ўн сўм қарзлар. Эҳ! Хотин, қани, жаноби олийларига стул бер, вой тавба-ей… Хўш, нима ҳил дейсиз ўлчашга рухсат этасизми ё кўз билан чамалаб тикаверайми?
— Хўш-хўш… мовути ўзингдан, бир ҳафтадан кейин тайёр бўлсин… Қанча оласан?
— Жаноби олийлари, марҳамат қилиб… Сизни қаранг-у, деди Меркулов жилмайиб. — Ахир мен бирон савдогар эмасман-ку. Жаноблар билан қандай муомала қилишни биламиз… Ҳалиги эрон консулига тикканимизда ҳам индамай тикаверганмиз…
Меркулов капитандан ўлчов олиб, уни кузатиб қўйдида, уй уртасида, хотинига анқайиб қараб бир соат туриб қолди. Буюртма олганига у ишона олмас эди.
— Тавба, буни қара-я, қизиқ-ку! — деди ниҳоят ғўлдираб у. Мовутга пулни мен қаёқдан оламан! Аксинья, мен сенга айтсам, оғайним, ҳалиги сигир сотган пулингни қарз бериб турасан!
Аксинья унга икки бармоғи орасидан учинчисини кўрсатди-да, туфлади. Сал ўтмай косов олиб қувди. Эрининг бошига уриб кувачани синдирди, уни соқолидан ушлаб сургади, охири кўчага югуриб чиқиб: «Ҳой художўй бандалар, қаранглар! Мени ўлдирди!..» деб бақирди, лекин барча норизоликлардан ҳеч фойда чиқмади. Эртасига эрталаб Аксинья ўрнида ётиб, машиначи шогирдидан кўкариб қолган кўзини яширар, Меркулов эса у дўкондан бу дўконга ўтиб, савдогарлар билан койишар ва муносиб мовут излар эди.
Машиначи учун янги давр бошланди. Энди у эрталаб уйқудан туриб, нурсиз кўзлари билан ўз ҳаётига аввалгидек боқмас, қаҳр-ғазаб билан туфламасди… Энг қизиғи шу эдики, у қовоқхонага боришини ташлаб, боши билан ишга шўнғиб кетди. Оҳиста ибодат қилар, пўлат бандли каттакон кўз ойнагини тақиб, қовоқларини солиб, жиддий бир қиёфада мовутни стол устига ёзиб қўярди.
Бир ҳафтадан кейин мундир тайёр бўлди. Меркулов уни дазмоллаб, кўчага олиб чиқди, четан деворга осиб қўйиб тозалашга тушди; бир дона илашган тукни олиб, бир саржин орқага чекинар ва кўзларини қисиб мундирга узоқдан қарарди, яна тукни олиб орқасига чекинарди — хуллас икки соатча у шу зайил банд бўлди.
— Жанобларга бир нимани ёқтириш ниҳоятда қийин! — дерди у йўловчиларга. — Жуда чарчаб ҳолдан кетдим! Маълумотли, нозик одамларга ёқтириб кўр-чи!
Мундирни тозалагач, эртасига Меркулов сочини мойлаб таради-да, мундирни янги коленкорга ўраб, капитан уйига олиб кетди.
— Сен лақмалар билан гаплашишга вақтим йуқ! — дерди у йўлида учраган ҳар бир кишини тўхтатиб, — Нима, кўрмаяпсанми, капитанга мундир олиб кетяпман?
Ярим соатдан кейин у капитан олдидан қайтиб келди.
— Трифон Пантелеич, олган ҳақингиз билан табриклайман! — деди уни кутиб олган Аксинья оғзи қулоғига етиб ва бироз уялиб.
— Эсинг йўқ-да! — деди эри, — Чинакам жаноблар пулни шу заҳоти берармиди? Ахир улар пулни шартта санаб берадиган савдогар тоифа одамлар эмас-да, эсинг йўқ-да…
Меркулов икки кун печкага ағанаб, емай, ичмай, Геркулес ўзининг бутун қаҳрамонликларидан кейин қаноат ҳосил қилиб ётгандай, у ҳам ўз ишидан мамнун бўлиб ётди. Учинчи куни ҳақини олгани капитан уйига борди.
— Жаноби олийлари, уйқудан турдиларми? — деб сўради деншчикдан шивирлаб даҳлизга кираркан.
Деншчикдан йўқ жавобини олгач, Меркулов эшик ёнида устундай қотиб қолиб, унинг уйғонишини кутди.
Узоқ кутгандан кейин капитаннинг хириллаб:
— Олдинга солиб жўнат! Шанба куни келсин! — деган овозини эшитди.
Шанба куни келганда ҳам у, шу сўзларни эшитди, кейинги ва ундан кейинги шанбаларда ҳам жавоб шу бўлди… У бир ойдан ортиқ капитан уйига қатнади, даҳлизда неча-неча соатлаб кутиб ўтирди, ҳар сафар ҳам пул ўрнига жўна ва шанба куни кел деган буйруқ эшитди. Лекин Меркулов умидсизланмади ҳам, зорланмади ҳам, аксинча… у ҳатто семириб кетди. Унга даҳлизда узоқ кутиб ўтириш ёқиб қолди, «Олдинга солиб жўнат!» деган жавоб унинг қулоғига ажойиб музикадай эшитиларди.
— Олижаноб одам бундоғ бўлибди! — дерди завқ билан у ҳар сафар, капитан уйидан қайтаркан, — Бизнинг Питерда уларнинг ҳаммаси шунақа эди…
Меркулов умрининг охиригача капитан уйига қатнашга, даҳлизда ўтириб кутишга рози эди, лекин, сотилган сигирнинг пулини қистаб Аксинья уни ўз ҳолига қўймас эди.
— Пулни олиб келдингми? Йўқми? — дерди Аксинья унга ҳар сафар. — Мени қандай кунларга қўйдинг, моххов? Айт ҳозир? .. Митька косов қани?
Бир куни кечқурун Меркулов елкасига чипта қопда кўмир кўтариб, бозордан келаётган эди. Унинг кетидан шошилиб Аксинья келарди.
— Тўхтаб тур! Уйга борганингда гўштингни бурда-бурда қилмасам! — деб минғиллаб келарди Аксинья, сигир сотилган пулни ўйлаб.
Тўсатдан Меркулов қоққан қозиқдай тўхтаб қолди ва қувонч билан қичқириб юборди. Улар «Веселие» қовоқхонаси ёнидан ўтиб келишарди. Бирдан қовоқхонадан цилиндр кийган, юзлари қип-қизил, маст кўзлари сузилиб турган аллақандай бир жаноб қочиб чиқди. Унинг кетидан кий ушлаган, шапкасиз, сочлари тўзғиб кетган капитан Урчаев қувиб чиқди. Янги мундирининг ҳамма ёғи бўрдан оқариб, погонининг биттаси қийшайиб кетганди.
— Муттаҳам, мен сени ўйнашга мажбур қиламан! — деб қичқирарди капитан, кийни ғазаб билан силкитарди ва пешонасининг терини артарди, — Мен сен аблаҳга тузук одамлар билан қандай ўйнаш кераклигини ўргатиб қўяман!
— Ҳой тентак, анавини қара! — деб шивирлади Меркулов ҳиқиллаб кулиб, хотинининг тирсагига туртиб. — Олижаноб одам бундоғ бўлибди! Агар савдогар мужикнамо гавдасига бирон нима тиктириб олса, камида ўн йил кияди, мановини қара, аллақачон мундирни эскитипти! Энди янгисини тикса ҳам бўлади!
— Бориб пулингни сўра! — деди Аксинья, — Бора қол!
— Ия, эсинг жойидами ўзи, аҳмоқ! Кўчада-я? Оғиз оча кўрма…
Меркулов оёғини тираб олганига қарамай, дарғазаб бўлиб турган капитан олдига бориб пулни қисташга хотини мажбур қилди.
— Йўқол кўзимдан! — деб бақирди капитан, — Жонимга тегдинг!
— Мен, жаноби олийлари, ҳамма гапга тушунаман… Мен ҳеч нима демайман… Лекин хотиним… миясини еб қўйган бир махлуқ… Ўзингиз биласизки, хотин кишининг ақли кўтоҳ бўлади…
— Жонимга тегдинг! — деб ўдағайлади капитан маст, нурсиз кўзларини ола-кула қилиб унга қараб — йўқол кўзимдан!
— Тушунаман, жаноби олийлари! Мен ҳалиги хотинлар хусусида гапиряпман, чунки, мен сизга айтсам, ўша пул сигир сотилган пул эди… Иуде отага сигирни сотган эдик…
— А-а-а… сен ҳали гап сотадиган бўлиб қолдингми, ифлос!
Капитан қулочкашлаб туриб, Меркуловнинг чаккасига туширди, унинг елкасидан кўмири тўкилиб, кўзларидан ўт чақнаб, қўлидан шапкаси тушиб кетди… Аксинья данг қотиб қолди. У Лотнинг туз устунига айланиб қолган хотинидек бир минутча қимир этмай қолди. Кейин эри олдига келди ва чўчиброқ унинг юзига қаради… Аксиньяни ғоят таажжублантирган нарса шу бўлдики, Меркулов жилмайиб, кулиб турган кўзларида ёш йилтирарди….
— Ҳақиқий олижаноб одам бундоғ бўлибди! — деб ўзича ғўлдиради Меркулов. — Сипо ва маълумотли одамлар… Худди шу ерга урардилар… Барои Шпуцелга, Эдуард Карличга пўстин олиб борганимда… қулочкашлаб туриб худди шу еримга тушириб қолгандилар! Жаноб подпоручик Зембулатов ҳам… У кишининг олдиларига борсам, ўринларидан ирғиб турадилар-у, кучлари борича… Э, хотин, менинг даврим ўтди! Сен ҳеч нарсага тушунмайсан! Менинг даврим ўтди!
Меркулов қўл силтаб, тўкилган кўмирларни йиғиштириб олди ва уйига қараб кетди.

С. Абдуқаҳҳоров таржимаси