Антон Чехов. Гриша (ҳикоя)

Гриша, бундан икки йилу саккиз ой илгари дунёга келган дўндиққина бола, энагаси билан бульварни сайр қилиб юради. Эгнида пахталик тўн, бўйнида шарф, бошида чўққисига каттакон пахмоқ тугма тикилган қалпоқ, оёғида эса иссиқ калиш. У исиб кетганидан нафаси сиқилиб, терлаб пишади, бунинг устига апрелнинг шўх қуёши кўзларини қамаштиради.
Унинг қўпол, чўчиброқ битта-битта қадам ташлаб борувчи гавдасида ҳайрат аломати зоҳир эди.
Шу маҳалгача Гриша фақат тўрт бурчакли оламни билар эди; бир бурчакда ўзининг кровати, иккинчи бурчакда — энагасининг сандиғи, учинчи бурчакда — стул, бўлиб, тўртинчисида шамчироғ ёниб турарди. Кровать тагига энгашиб қараса, бир қўли синдирилган қўғирчоқ билан дўмбирани кўрарди, энагаси сандиғининг орқасидаги нарсаларнинг саноғи йўқ: ғалтаклар, қоғоз парчалари, қопқоғи йўқ қутичалар, синиқ масхаравоз қўғирчоқ ва бошқалар ётади. Бу оламда Гриша билан энагадан бошқа кўпинча онаси ва мушуги ҳам бўлиб туради. Онаси қўғирчоққа ўхшайди, мушук эса дадасининг пўстинига ўхшайди, аммо пўстинининг кўзи билан думи йўқ. Гўдаклар бўлмаси деб аталган оламнинг эшигидан каттакон бўшлиққа чиқилади, у ерда овқат ейилади, чой ичилади. Бу ерда Гришанинг баланд стули туради, деворда эса соат осиғлиқ бўлади, бу соатнинг капгирчасини силкитиш ва жом чалишдан бошқа иши йўқ. Овқатхонадан қизил креслолар тизилиб турган бўлмага ўтиш мумкин. Ерга солинган гиламнинг ўртасида каттакон доғ бор, бу доғ учун ҳамон Гришага бармоқ ўқталишади. Ундан кейин яна бир бўлма бор, у ерга ҳеч ким киритилмайди. У ерда фақат дадаси туради, у ниҳоят даражада сирли шахс кўринади. Энага билан онаси маълум: улар Гришани кийинтиришади, унга овқат егизишади, кроватга ётқизиб ухлатишади, аммо дадасининг нимага керак эканлиги — номаълум! Яна бир сирли шахс бор бу дунёда: у — Гришага дўмбира олиб берган холаси. У гоҳ пайдо бўлади, гоҳ ғойиб бўлади. Қаёққа ғойиб бўлар экан у? Гриша кўпинча кровать тагини қарайди, сандиқнинг орқасини, диваннинг тагини қидиради — йўқ…
Бу янги, кўзни қамаштирувчи қуёшли оламда эса дадалар, оналар, холалар шу қадар кўпки, қайси бирининг олдига чопиб боришингни билмайсан. Аммо ҳаммадан қизиғи ва ғалатиси — отлар. Гриша юриб бораётган отларнинг оёқларига тикилади, аммо ҳеч нарса тушуна олмайди. Ўзини ажаблантирган нарсани тушунтириб бериш учун энагасига қарайди, аммо энага индамайди.
Бирдан унга даҳшатли гурсиллаш товуши эшитилади… Қўлтиқларига ҳаммом супургилари қистирган, юзлари қип-қизил бир тўда солдат бульвардан тўғри унинг устига бостириб келмоқда эди. Гришани ваҳима босиб, бадани жимирлашиб кетади. Қўрқинчли эмасми, деб энагасига қарайди. Энагаси йиғламайди ҳам жойида туради, демак, хавф йўқ. Гриша солдатларни кўзи билан кузатади ва ўзи ҳам уларнинг қадамига мослаб қадам ташлайди.
Иккита узун тумшуқ катта мушук тилини осилтириб, думларини хода қилиб, бульвардан чопишиб ўтди. Гриша мен ҳам чопсам бўлар экан деб, мушуклар кетидан югуради.
— Тўхта! — деб қичқиради энага унинг елкасидан сиқиб ушлаб, — Қаёққа чопасан? Ким айтди сенга шўхлик қилсин деб!
Бир жойда қандайдир энага тоғорада апельсин олиб ўтирарди. Гриша унинг ёнидан ўтиб бора туриб, имдамасдан бир апельсин олади.
— Нега бундай қиласан? — деб қичқиради энага ва Гришанинг қўлига бир уриб, апельсинни тортиб олади. — Тентак.
Энди Гриша, оёғи тагида шамчироғдай ялтираб ётган синиқ шишани олгуси келади, аммо яна қўлимга уради деб қўрқади.
Гриша худди қулоғининг устида бир кимсанинг:
— Салом! — деган йўғон овозини эшитади ва тугмалари ялтироқ новча кишини кўради.
У кишининг энагага қўл беришидан ва тухтаб гапиришидан Гриша ниҳоятда хурсанд бўлди. Қуёшнинг нури извошларнинг тарақа-туруқи, отларнинг чопиши, ялтироқ тугмалар, — буларнинг бариси шу қадар янги ва ҳеч қўрқинчли эмас эдики, Гриша хахолаб кулади.
— Юр! Юр! — деб қичқиради у, ялтироқ тугмали кишининг этагидан тортиб.
— Қаёққа юрамиз? — деб сўрайди киши.
— Юр! — деб ундайди Гриша.
Унинг онамни ҳам, дадамни ҳам, мушукни ҳам бирга олиб келсак ёмон бўлмасди дегуси келди, бироқ тилидан бутунлай бошқа нарсалар чиқади.
Бир пасдан кейин энага бульвардан бурилиб, Гришани қор босиб ётган катта қўрага етаклаб киради. Ялтироқ тугмали киши ҳам улар билан бирга. Қор уюмларини ва кўлмакларни айланиб ўтишади, кейин ифлос ва қоронғу пиллапоядан чиқиб, уйга киришади. Уйни тутун босган, пиёздоғ ҳиди келади, қандайдир бир хотин печка ёнида туриб котлет пиширмоқда. Кухарка билан энага ўпишиб кўришади, бирга келган киши билан скамейкага ўтириб секин-секин гапиришади. Буркаб ўралган Гриша исиб кетиб, нафаси бўғилади.
«Бу нимадан экан?» деб ўйлайди ва атрофга кўз ташлайди.
Тепада ис босган қора шипни, ерда каттакон оташкуракни, ўчоғи катта печкани кўради…
— А-я! — деб қичқирди у чўзиб.
— Ҳа, бўлди! Бўлди! — дейди энага, — Бир пас турсанг ҳеч нарса бўлмас!
Кухарка столга бир шиша, икки рюмка ва сомса келтириб қўяди. Иккала хотин ва ялтироқ тугмали киши рюмкаларни уриштириб, бир неча марта ичишади. Ҳалиги киши бўлса гоҳ энагани, гоҳ кухаркани қучоқлайди. Кейин уччовлашиб секин қўшиқ айтишади.
Гриша сомсага қўлини чўзади, унга битта сомса беришади. У, сомсани чайнаб, энаганинг ичишига қараб туради… Унинг ҳам ичгуси келади.
— Менга ҳам бер! Энага, бер! — дейди.
Кухарка ўз рюмкасидан унга бир қултум ичкизади. Гришанинг кўзлари олайиб кетади, йўталади, қўлларини силкитади, кухарка бўлса унга қараб кулади.
Уйга қайтишгандан кейин Гриша қаерларга борганини, нималарни кўрганини онасига, деворларга, кроватига гапириб берди. Бутун гапни у сўз билан эмас, кўпинча қўллари ва юзи билан айтди. Қуёшнинг ялтираганини, отларнинг чопишини, бақайбат печкани, кухарканинг ичишини кўрсатди…
Кечқурун у ҳеч ухлай олмади. Супурги кўтарган солдатлар, катта мушуклар, отлар, синиқ шиша, апельсин солинган тоғора, ялтироқ тугмалар бир ерга йиғилиб, унинг бошини айлантиради, у ёқдан бу ёққа ағанайди, вижирлайди ва ниҳоят ҳаёжонланишни кўтаролмай, йиғлаб юборади.
— Боламнинг иссиғи бор, — дейди онаси, унинг пешонасини ушлаб кўриб. — Нимадан иссиқ чиқди экан-а?
— Печка! — деб йиғлайди Гриша. — Кет бу ердан, печка!
— Бўкиб қолгандир… — деб тахмин қилди онаси.
Яқинда ўзи кўрган янги олам таассуротлари билан тўлиб тошган Гриша онаси қўлидан бир қошиқ касюрка ичади.

Абдулла Қаҳҳор таржимаси