Антон Чехов. Баҳорда (ҳикоя)

Ердан ҳали қор аримаган, кўнгил эса, баҳорни тусаб қолган. Агар сиз бир вақтлар оғир бетоб бўлиб тузалган бўлсангиз, соғайганингиздан кейин руҳингиз енгил тортганини биласиз, шундай пайтда номаълум туйғу-ҳислардан киши ҳайрон қолади ва ҳеч бир сабабсиз жилмаяди. Афтидан, табиат ҳам шу тобда ана шундай ҳолатда эди. Ер совуқ, оёқ остида лой аралаш қор билчиллайди, аммо теварак-атроф эса, қувноқ, навозишли ва ёқимтой! Ҳаво шундай тиниқ ва мусаффоки, агар киши каптархонага ёки черковнинг қўнғироқхонасига чиқса, бутун олам у бурчидан бу бурчигача кўриниб тургандек бўлади. Офтоб чарақлаб туради, унинг ўйнаб, жилмайган нурлари чумчуқлар билан бирга кўлмак сувларда чўмилишади. Сойнинг сатҳи кўтарилиб қораяди, у уйқудан уйғонган, бугун эмас, эрта ўкириб оқади. Яланғоч дарахтлар жонланиб, нафас олмоқда.
Шундай пайтларда ариқлардаги ифлос сувларни супурги ёки курак билан ҳайдаш, сувга қоғоз кемачалар қўйиб юбориш ёки безбет музларни пошнанг билан уриб тешиш завқли бўлади. Каптарларни осмон-фалакка ҳайдаб учириш ёки дарахтларга тирмашиб чиқиб, майнага уя қўйиб тушишнинг ҳам кайфи бўлади. Хусусан ёш бўлсангиз, табиатни севсангиз, башарти сиз инжиқ ва тажанг бўлмасангиз, агар хизмат вазифаси юзасидан эртадан кечгача тўрт девор ичида ўтиришга мажбур бўлмасангиз, йилнинг бундай бахтиёр мавсумида ҳамма нараса дилбардир. Борди-ю сиз бетоб бўлсангиз, ёки маҳкамада сарғайиб ўтирсангиз, агар илҳом билан банд бўлсангиз чатоқрақ.
Шундай. Баҳорда илҳомга берилиш ярамайди.
Сиз оддий кишиларнинг ўзларини қандай яхши, қандай ёқимли ҳис этганларига бир назар ташлангиз. Мана, боғбон Пантелей Петровични олинг. Саҳар туриб катта похол шляпасини кийиб олган, эрталаб йўлкадан топган сигара қолдиғини сира оғзидан ташлагиси келмайди; қаранг у муштини биқинига тираб, ошхона деразаси тагида турар экан, кеча сотиб олган этиги тўғрисида ошпазга ҳадеб бирнималар дейди. Новча ва чувак қомати унинг ўзига бино қўйгани ва хурсандлигини кўрсатади. Шундай қадди-қомати учун хизматкорлар унга «чувалчанг» деб лақаб қўйган эдилар. Табиатга у ундан юқори тургандай бир кайфиятда қарайди, унинг қарашида алланечук ишбилармонлик, омиллик ва ҳатто менсимаслик аломати сезилади. Дарвоқе у ўз гулхонасида ўтириб, ё эса боғда ер чопиб, ўсимлик оламидан ҳеч кимса билмаган нарсаларни билиб олганга ўхшар эди.
Унга табиат улуғвор, даҳшатли ва сермўъжиза, унинг олдида мағрур инсон бўйин эгиши керак, деб тушунтириш беҳуда бўлар эди. Ўзининг назарида у ҳамма нарсани билади, ҳамма сир ва мўъжизалардан хабардордек, гўзал баҳор эса унинг назарида, гулхона ёнидаги айвонда унинг болаларига ёвғон карам шўрва ичираётган чувак, қоқ суяк оқсоч хотинга ўхшар эди.
Овчи Иван Захарович-чи? Устига нураган мовут нимча, яланг оёғига калош кийиб, отхона ёнида тўнкариб қўйилган бочка устида гильзага мўлжаллаб эски пўкакларни кесиб ўтирибди. У кечки пайтда учиб ўтадиган қушларни пойламоқчи. Унинг хаёлида овга борадиган йўли, сўқмоқлар, кўлмак сувлар, жилғалар гавдаланади. Кўзларини юмиб, қўлида милтиқ ушлагани ҳолда, кечки салқиндан қўнишиб, ширин хаёл ичида қулоғини днккайтириб, қатор-қатор узун дарахтлар остида турганини тасаввур қилади. Ўрмон лойхўрагининг қағиллаганини эшитгандай бўлади. Қўшни монастирда кечки ибодатдан сўнг, у қушларнинг учиб ўтишини пойлаб турганда, ҳамма қўнғироқлар данғиллаб чалинганини эшитгандай бўлади. Унинг вақти чоғ, беҳад ва бемаъни даражада шод!
Энди ёш йигит Макар Денисичга бир назар ташланг. У генерал Стремоуховда мирзами ёки кичик гумаштами бўлиб хизмат қилади. У боғбонга қараганда икки ҳисса кўп маош олади, оқ уст кўйлак кияди, нархи икки сўмлик тамаки чекади. Ҳар доим қорни тўқ, усти бут. Ҳар сафар генералга дуч келганида унинг брильянт узук таққан оппоқ семиз қўлини сиқиб кўришади. Лекин шунга қарамай, ҳар қалай, у бахтсиздир. Доим қўлида китоб, йигирма беш сўмлик журнал олиб туради, ёзгани ёзган… У ҳар кеч, ҳар гал тушки овқатдан кейин, ҳамма уйқуга кетган маҳалда ёзади. Ёзганларининг ҳаммасини катта сандиғига солиб яшириб қўяди. Сандиқнинг энг тагида эса яхшилаб тахланган шим билан желатка ётади; уларнинг устида ҳали очилмаган бир пачка тамаки, хаб доридан бўшаган ўнтача қути, лоларанг шарф, сариқ қоғозга ўроғлик бир дона атир совун ва шунга ўхшаш кўпгина буюмлар бор. Сандиқнинг четларида ёзилган қоғозлар қисилиб қолган, шу жойда яна Макар Денисичнинг ҳикоя ва хабарлари босилиб чиққан «Наша губерния» журналининг икки-уч сони ётади. Бутун уезддагилар уни адабиётчи, шоир деб биладилар, ҳаммалари унда алланечук бир нарсани кўрадилар, уни ёқтирмайдилар. Унинг гапириши ҳам, юриши ҳам, чекиши ҳам ўзгача дейдилар. Бир маҳал уни гувоҳ тариқасида мировой судга чақирганларида у «адабиёт билан шуғулланаман» деб юборган ва шунда худди товуҳ ўғирлагандек қизариб кетган.
Ана ўзи кўк пальто, духоба шапка кийиб, қўлида таёқча билан хиёбонда аста юриб кетмоқда… Беш қадам юриб тўхтайди-да, осмонга тикилади, ёки арча шохида ўтирган қари гўнгқарғага қараб қолади.
Боғбон қўлларини биқинига тираб тик туради, овчининг чеҳраси жиддий кўринади, Макар Денисич эса букчайган, худди баҳор ўзининг ҳовури ва гўзаллиги билан уни бўғиб эзгандай йўталиб-йўталиб қўяди ва афтини бужмайтириб қарайди!.. Юраги ваҳимада. Баҳор унда севинч-қувонч, умид, ҳаяжон уйғотиш ўрнига кўнглида аллақандай мажҳул ва ўзини безовта қиладиган истаклар уйғотади. Мана, у юрипти-ю, нима истаганини ўзи ҳам билмайди. Дарҳақиқат унга нима керак ўзи?
— Ҳей, Макар Денисич, саломатмисиз? — генерал Стремоуховнинг товушини эшитиб қолади. — Нима, почтахонадан ҳали келишгани йўқми?
Макар Денисич барваста ва қувноқ генерал ўз қизчаси билан ўтирган коляскага қайрилиб қарар экан:
— Йўқ ҳали, жаноби олийлари, — деб жавоб қилади.
— Ажойиб ҳаво! Баайни баҳор-а! — дейди генерал. — Сиз сайр қилиб юрибсизми? Нима, илҳом олаяпсизми?
Генералнинг кўзлари: «Истеъдодсиз! Қобилиятсиз!» деб турибди.
Генерал жиловни ушлар экан дейди:
— Оғайни, бугун кофе ичиб ўтириб, бирам ажойиб нарсани ўқиб чиқдим. Икки бетли арзимас нарса, лекин ўзи шунақанги яхшики! Эсиз, сиз французчани билмайсиз, бўлмаса сизга ўқигани берардим…
Генерал шошиб-пишиб, ўзи ўқиб чиққан ҳикоянинг мазмунини наридан-бери гапириб беради. Макар Денисич эса, бу гапни эшитиб, ўзи кичик ҳикоялар ёзадиган француз ёзувчиси бўлмагани учун гуноҳкордек ўнғайсизланади.
у узоқлаб кетган колясканинг орқасидан қараб, ўйланиб қолди: «Билмадим, нимаси ёққан экан унга? Мазмуни бемаза, чайналган… Мен ёзган ҳикоялар мазмунлироқ».
Макарнинг юраги ғурмушлайди. Ёзувчилик иззати-нафси — руҳий хасталик ва жароҳатдир. Бу хасталикка дучор бўлган киши қушларнинг сайрашини ҳам эшитмайди, офтоб нурини ҳам, баҳорни ҳам кўрмайди… Унинг бу жароҳатига сал тегиб кетсангиз, бутун вужуди изтироб ичида қолади. Заҳарланган Макар йўлида давом этади ва боғнинг эшикчасидан ўтиб, лой кўчага чиқади. Кўчада баланд бричкачада бутун баданини селкиллатиб, жаноб Бубенцов қаёққадир шошиб кетмоқда.
— Э, муҳтарам ёзувчи, биздан сизга саломлар бўлсин! — деб қичқиради у.
Макар Денисич ёлғиз мирза ёки кичик гумашта бўлганида ҳеч ким унга менсимасдан муомала қилмасди, лекин у («ёзувчи», у истеъдодсиз ва қобилиятсиз!
Бубенцов сингари жанобларнинг санъатга фаҳмлари етмайди ва унга кўп ҳам қизиқмайдилар. Аммо ундай кишилар истеъдодсиз ва қобилиятсиз одамлар билан учрашиб қолсалар, раҳм-шафқатни йиғиштириб қўядилар. Улар ҳар қандай кишини кечирсалар ҳам, лекин бу омадсиз, савдойинамо ва сандиғида лиқ тўла қўлёзмаси бўлган Макарни кечиролмайдилар. Боғбон эски фикусни синдириб, кўпгина нодир ўсимликларни чиритиб қўйди. Генерал эса ҳеч иш қилмайди, бировнинг ҳақини ейди. Бубенцов жаноблари бўлса, мировой судьялик вақтларида ҳар ойда битта иш кўрардилар, ишни кўриш вақтида хиқичоғи тутиб, қонунларни пала-партиш қўллаб ва бемаъни ҳукм чиқарарди. Лекин булар ҳаммаси кечирилади, билинмай ўтиб кетади. Аммо бўлмағур шеър ва ҳикоялар ёзувчи истеъдодсиз Макарга хафа қиладиган бир гап айтмасдан, ёнидан кўрмагандай ўтиб кетишмайди. Генералнинг қайинсинглиси хизматкор хотинларни тарсакиласа, карта ўйинида кирчи хотинлардай сўкинса, попнинг хотини ўйинда ютқизганда ҳеч қачон тўламаса, Флюгин деган помешчик Сивобразов деган помешчикнинг кучугини ўғирласа, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Аммо яқиндагина «Наша губерния» журналидан Макарнинг ярамас ҳикоясини қайтариб берилгани бутун уездга маълум бўлган, кулгиларга, гап-сўзларга, норозиликларга сабаб бўлган. Энди Макар Денисични Макарка деб атайдиган бўлдилар.
Агар бирор киши кўнгилдагидек ёзмаса, нега «шундайлиги» сабабини тушунтириб ўтирмайдилар-да:
— Яна бу итвачча бемаъни нарса ёзипти, — деб қўя қоладилар.
Мени тушунмайдилар, тушунишни истамайдилар ва тушуна олмайдилар, деган ўй Макарга баҳордан завқланиш учун халал беради. Назарида агар уни тушунсалар ҳамма нарса жойида бўладиганга ўхшарди. Лекин бутун уездда ҳеч ким ҳеч нарса ўқимагандан кейин, ўқисалар ҳам шундай ўқийдиларки, бундан кўра ўқимаганлари афзалроқ бўлгандан кейин, унинг истеъдодлими, йўқми эканини қандай била оладилар. Генерал Стремоуховга ҳалиги французча ҳикоя арзимас, юзаки, оддий ва сийқа эканини қандай тушунтирса бўлади. У шунақа нарсалардан бошқасини ҳеч қачон ўқимаганидан унга бу нарсани қандай уқдириб бўлади.
Хотинлар ҳам Макарнинг жиғига тегадилар.
— Оҳ, Макар Денисич, — дейдилар улар унга одатдагича. — Афсуски, сиз бугун бозорда йўқ эдингиз. Агар иккита мужикнинг ғалати муштлашганини кўрсангиз, сиз албатта таърифини ёзган бўлар эдингиз!
Булар ҳаммаси, албатта, беҳуда нарсалар, философ одам буларга эътибор қилмаган, менсимаган бўлар эди, лекин Макар эса, ўзини чўғ босган кишидай ҳис этади. Унинг кўнгли ўксинган, ғариб, ғусса билан тўлган. Жуда ғариб одамлар ва катта гуноҳкорларгина шундай ғусса ичида қоладилар. У ҳеч қачон боғбон сингари қўлларини белига тираб турмаган. Баъзан, бу ҳам ҳар беш йилда бир марта, бирор ўрмонда ёки йўлда, ё эса вагонда ўзидек омадсиз, савдойинамо киши билан учрашиб қолганда, унинг кўзига тикилиб, бир лаҳзагина жонланади, унисига ҳам жон киради. Улар анчагача гаплашиб, тортишиб, шодланиб кулишадилар. Четдан туриб қараган киши икковини ҳам жинни деб ўйлаши мумкин.
Аммо одатда сийрак учрайдиган бундай дамлар ҳам бешикаст ўтмайди. Худди масхара бўлгандек Макар ва унга дуч келган омадсиз киши бир-бирларидаги истеъдодни инкор этадилар ва бир-бирларини тан олмайдилар, бир-бирларига ҳасадлари келиб, кўргани кўзлари бўлмай, жаҳл устида бир-бирларига ёвлашиб, тарқалишиб кетадилар. Шундай қилиб, уларнинг ўспиринлик чоғлари қувончсиз, муҳаббатсиз, дўстлик нималигини билмай, ҳаловатсиз ва кечалари илҳом келган пайтларда бадқовоқ Макар тасвир этишни севган ҳислатлардан маҳрум ҳолда нест-нобуд бўлиб ўтади.
Аммо ёшлик орқасида баҳор ҳам ўтиб кетади.

Миркарим Осим таржимаси