Антон Чехов. Бадфеъл одамлар (ҳикоя)

Руҳонийлардан чиққан майда ер эгаси Евграф Иванович Ширяев (унинг марҳум отаси Иоан ҳазратга генерал хотини Кувшинникова 102 десятина ерни инъом қилган эди) бурчакдаги дашшуда қўл ювмоқда. Одатдагидек унинг кўриниши серташвиш, қовоғи солиқ, соқоли таралмаган.
— Шу ҳам ҳаво бўлди-ю! — дейди у — Бу ҳаво эмас, худонинг балоси. Яна ёмғир ёғяпти!
У вайсар, оила аъзолари эса дастурхон устида овқатланиш учун унинг қўл ювиб бўлишини кутиб ўтиришади. Унинг хотини Федося Семёновна, студент ўғли Петр, катта қизи Варвара ва учта кичик боласи аллақачон унинг келишига маҳтал Пучуқ-сучук, иркит, юзлари лўппи, тиканакдек сочларига хийла вақтдан бери қайчи тегмаган болалар — Колька, Ванька ва Архипка тоқатсизлик билан ўтирган ерларида ғивирлашади, катталар эса ғинг этмай ўтиришади, афтидан улар учун овқат ейиш ҳам, кутиш ҳам бирдек эди…
Ширяев уларнинг сабри-тоқатини синамоқчи бўлгандек, имиллаб қўлини артади, имиллаб чўқинади ва шошилмасдан стол олдига келиб ўтиради. Хаш-паш дегунча карам шўрва келтирилади. Ҳовлидан дурадгорларнинг болта уриши (Ширяев янги омбор солдирмоқда) ва курканинг жиғига тегаётган малай Фомканинг кулгиси эшитилмоқда. Ойнага сийрак, лекин йирик-йирик ёмғир томчилари урилмоқда.
Кўз ойнакли, елкаси букчайганроқ студент — Петр онасига қараб-қараб қўйиб овқат кавшар эди. У гап бошлаш учун бир неча марта қошиқни қўйиб, томоғини қиради, бироқ отасининг авзойини кўриб, яна овқатини еяверади. Ниҳоят шавла келтирганларидан кейин у қаттиқ йўталиб қўйиб, гап бошлайди:
— Шу бугун кечки поезд билан жўнасам деган эдим. Аллақачон кетишим керак эди, ҳали ҳам икки ҳафта кечикдим. Лекциялар биринчи сентябрдан бошланади!
— Ҳа, боравер, — дейди Ширяев маъқуллаб. — Нима қилиб юрибсан? Боравер, оқ йўл.
Бур минут жимлик.
— Унга Евграф Иванович, йўлга пул керак… — дейди онаси астагина.
— Пул? Бўпти! Пулсиз кетиб бўладими. Керак бўлса ҳозир ола қол. Аллақачон олсанг ҳам бўларди!
Студент енгил нафас олади ва севиниб онасига қараб қўяди. Ширяев ён чўнтагидан ҳамёнини оҳиста олади ва кўз ойнагини тақиб:
— Қанча керак? — деб сўрайди.
— Москвагача… йўл кира ўн бир сўм қирқ икки…
— Эй пул қурсина, пул! — дейди ота ва уҳ тортади (у ҳамма вақт пулни кўрганда, ҳатто олаётганда ҳам бир уҳ тортиб қўяди) — Мана ўн икки сўм. Ортгани, оғайни, йўлда керак бўлиб қолар.
— Раҳмат.
Бироздан кейин студент:
— Ўтган йили боришим билан дарсга киролмаган эдим. Билмадим бу йил қандай бўларкин; тез орада иш тополмасам керак. Уй ижараси ва овқат учун сиздан ўн беш сўмча сўрамоқчи эдим, — дейди.
Ширяев ўйлаб туриб яна уҳ тортиб қўйиб:
— Ўн сўм бўлса ҳам етади, — дейди. — Ма, ол!
Студент раҳмат айтади. Лекцияга тўлаш, китоб олиш учун яна пул сўрамоқчи эди-ю, лекин у отасига қараб, азмойиш олади-да, хира бўлмай қўя қолишга жазм қилади. Қувлиқ-шумликни билмаган ва фаҳми-фаросати калта онаси эса ҳамма оналар каби ўзини тутолмайди-да:
— Ахир, Евграф Иванович, инсоф қилиб яна этик учун ҳам олти сўм берсанг бўларди. Ўзинг кўргин, шу чурук этик билан Москвага бориб бўладими? — дейди.
— Менинг эски этигимни ола қолсин. У ҳали яп-янги.
— Ҳеч бўлмаса шим учун бергин. Шимидан одам уялади…
Шундан кейиноқ бутун оилани даҳшатга келтирадиган бўрон қуши учиб келди: Ширяевнинг калта, семиз гардани бирдан алвондек қизариб кетади. Қизиллик аста-секин қулоққа, қулоқдан чекага ўтади, сўнгра бутун юзни қоплайди. Евграф Иванович стулнинг суянчиғига тиралди ва нафаси бўғилиб қолмаслиги учун сарочкаси ёқасининг тугмасини ечади. Афтидан у ўзини ўраб келаётган туйғу билан курашмоқда эди. Қаттиқ сукунат чўкади. Болаларнинг нафаси ичига тушиб кетади. Федосья Сомёновна эса эрининг аҳволига тушунмаётгандек сўзида давом этади:
— Ахир у энди ёш бола эмас. Ёмон кийиниб юришга уялади.
Ширяев бирдан ўрнидан сакраб туради ва кучининг борича қалин ҳамёнини столнинг ўртасига кўтариб қаттиқ уради, тарелкадан бир бурда нон отилиб чиқади. Ғазаб, алам, хасислик бирга қўшилиб важоҳати жирканч бўлиб кетади.
— Ҳаммасини олинглар! — деб бўғилиб, бўкиради у. — Таланглар! Ҳаммасини олинглар! Бўғинглар!
У ўтирган еридан ирғиб туриб, қоқилиб кетиб, бошини чангаллаганича уйда югураверади.
— Қолган-қутганигача таланглар! — деб шанғиллайди у. Барини сўринглар! Таланглар! Бўйнимдан бўғинглар!
Студент лавлагидек қизариб ерга қарайди. Томоғидан овқат ҳам ўтмай қолади. Йигирма беш йилдан бери эрининг феъли бадига кўника олмаган Федосья Семёновна эса ғужанак бўлиб, ўзини оқлаш учун алланималар деб бидирлайди. Унинг ҳамиша бефаҳмлик ва қўрқув акс этиб турадиган, чакаклари буришиб кетган қушсимон юзларида ажабланиш ва қаттиқ қўрқув аломатлари кўринади. Болалар ва бўйи етган рангсиз, хунук қиз Варвара қўлларидаги қошиқларни қўйганча, тирракдек қотиб қолади.
Ширяев тобора бадтар ғазабланиб, бири-биридан расво сўзларни айтиб, стол олдига югуриб келади-да, ҳамёнидаги пулларни стол устига қоқади.
Увинг аъзойи-бадани қалтираб:
— Олинглар! — деб хириллайди. — Еб, ичиб ўлмадинглар, энди мана, пулимни ҳам олинглар! Менга ҳеч нарса керакмас! Янги этик тиктирасизларми, мундир тиктирасизларми, билганларингни қилинглар!
Студентнинг рангги ўчиб кетади ва ўрнидан туриб:
— Менга қаранг, дада, — деб гап бошлайди бўғилиб. — Мен… мен бас қилишингизни сўрайман, чунки…
— Жим! — деб шундай қаттиқ бақириб, отасининг бурнидан кўз ойнаги тушиб кетади. — Жим!
— Авваллари мен… бунақа қилиқларингизга чидар эдим, лекин… энди мен тўполонлардан чиқиб қолдим. Тушунасизми? Чиқиб қолдим!
— Жим! — деб бақиради отаси ер тепиниб. — Сен менинг гапимга қулоқ солишинг шарт! Мен нимани хоҳласам шуни гапираман, сенинг ишинг жим туриш! Сендек вақтимда мен пул топардим, сен аблаҳ биласанми менга қанчага тушасан? Ҳайдаб юбораман! Текинхўр!
— Евграф Иванович, — деб ғўлдирайди Федосья Семёновна, асабийлик билан бармоқларини қимирлатиб. Ахир у… ахир Петя…
— Жим! — деб қичқиради унга Ширяев, ғазабидан ҳатто кўзидан ёш ҳам чиқиб кетади, — Сен буларни эрка қилиб юборгансан! Сен! Ҳаммасига айбдор сенсан! У бизни ҳурмат қилмайди, ибодат қилмайди, пул топмайди! Сизлар ўнта, мен битта ўзим. Ҳаммангни уйдан ҳайдаб юбораман!
Қизи Варвара анчагача анғрайиб онасига боқади, кейин деразага бақрайиб қарайди, рангги қув учиб, чинқиради ва стул суянчиғига ўзини ташлайди. Отаси қўл силтайди, туфлайди ва ғизиллаб ҳовлига чиқиб кетади.
Одатда Ширяевлар оиласида бўладиган можаролар шу билан тугар эди. Бироқ бахтга қарши бу гал студент Петрнинг тўсатдан фиғони ошиб кетади. У ҳам худди отасига, поп авлоди бобосига ўхшаш сержаҳл ва бадфеъл эди. Рангги ўчиб, муштларини тугиб, онасининг олдига келади ва овозининг борича унга бақиради:
— Бу расво таъналар жонимга тегди. Ҳеч нарсангиз керак эмас! Ҳеч нарса! Очимдан ўлсам ўламанки, нон ушоғингизга ҳам оғиз тегизмаиман! Мана, олинг, мана бу сабил пулларингизни! Олинг!
Онаси, деворга ёпишиб қолиб, унинг олдида ўғли эмас, арвоҳ тургандек, қўлларини силкитади.
— Менинг гуноҳим нима? — деб йиғлаб юборади у. Нима?
Ўғли ҳам отасидек қўл силтаб, ҳовлига чопиб чиқиб кетади.
Ширяевнинг ҳовлиси чўлни кесиб ўтадиган беш чақиримча келадиган жар ёқасида якка туради. Унинг чекаларида ёш дуб ва зирк дарахтлар бўлиб, пастда сув шалдираб оқади. Уйнинг бир томони жарга, бир томони далага қараган, девор ва ёғоч тўсиқлар қилинмаган, бир-бирига зич-зич турган ҳар хил иморатлар девор хизматини бажарар, шулар айланиб келиб, уй олдида унча катта бўлмаган саҳн ҳосил қилар эдики, у ҳовли деб ҳисобланар, бу ерда товуқлар, ўрдаклар ва чўчқалар юришар эди.
Ташқарига чиққандан кейин студент лой йўлдан далага кетди. Куз ҳавоси изғирин ва нам эди. Йўл шилп-шилп лой, у ер бу ерда кўлмак сувлар ялтирарди, сап-сариқ далада эса ажриқлар орасидан хазин, чирик зулмат куз мураламоқда эди. Йўлнинг ўнг томонида ҳамма ёғи кавлаб ташланган, у ер бу ерда боши қорайган кунгабоқарлар турган кўримсиз полиз бор эди.
Петр ўз кўнглида шу аҳволда, бош яланг, йиртиқ этик билан ва бир тийин пулсиз Москвага пиёда кетавериш ҳам чакки бўлмасди, деб ўйлайди. Петр юз чақиримча йўл босгач, ҳурпайиб ва қўрқиб кетган отаси унинг орқасидан етиб бориб ялина бошлайди, қайтиб боришини, ёки пул олишини сўрайди, лекин у отасига қайрилиб ҳам қарамайди, ҳамон йўлида давом этаверади… Яланғоч ўрмонлардан кейин маъюс далалар келади, яна ўрмонлар кўринади; ҳадемай ер дастлабки қор билан оқаради ва дарёлар муз билан қопланади… Аллақаерларда, Курскдами ёки Серпуховдами очликдан ҳолсизланган Петр йиқилади ва жон беради. Унинг танасини топадилар ва ҳамма газеталарда фалон ерда, фалон студент очдан ўлибди деган хабарлар босилиб чиқади…
Полизларда бирор нарса қидириб санқиб юрган, думи иркит оқ ит унга бир қараб қўйди-да, орқасидан эргашиб кетаверди…
У йўл-йўлакай ўз ўлими, меҳрибонларининг қайғуси, отасининг руҳан эзилишлари ҳақида ўйлар ва шу зоҳоти бири-биридан қизиқ турли-туман йўл саргузаштлари — даҳшатли тунлар, тасодифий учрашувларни кўз олдига келтирар эди. У, хаёлида қатор-қатор художўй аёлларни, ўрмон ичида кичкина уйни тасаввур қилади; уйнинг якка дарчасидан зимистонда чироқ кўринмоқда; у дераза олдида туриб тунашга рухсат сўраяпти… Уни киргиздилар, қарасаки, улар қароқчилар экан. Яна, қолаверса, у катта помешчикнинг ҳовлисига келиб қолади. Бу ерда унинг кимлигини билиб едирадилар, ичирадилар, рояль чалиб берадилар, унинг шикоятини тинглайдилар. Кейин шу помешчикнинг гўзал қизи бунга ошиқ бўлиб қолади.
Ўзининг қайғуси ва ҳалигидек хаёлларга чўмган кичик Ширяев ҳамон йўлида давом этади… Олдинда узоқ-узоқ қулранг булутлар тагида карвон сарой қорайиб кўринмоқда; карвон саройдан ҳам нарироқда, уфқнинг худди ўзида кичкина тепалик кўринмоқда; бу темир йўл станцияси. Шу тепалик унинг турган ери билан, фонарлар ёниб турган, извошчилар тарақлаб юрган, лекциялар ўқиладиган Москва ўртасидаги алоқани эслатарди, у қўмсаш ва тоқатсизликдан йиғлаб юборай дейди. Мана бу тантанали табиат манзараси тартиб ва гўзалликлари билан, мана бу атрофдаги жимжитлик унинг сабр косасини тўлдиради ва нафратмни қўзғотади!
— Пўшт! — деган қаттиқ овоз эшитди у орқа томондан.
Студент ёнидан нозик фойтунда таниш помешчик кампир ўтиб кетди. Петр унга таъзим қилди ва оғзи қулоғига етиб илжайди. Шу лаҳзада ўзининг ҳозирги қайғули аҳволига ҳеч мос келмайдиган илжайишидан ажабланди. Кўкси тўла алам ва қайғу-ку, бу илжайиш қаердан келди?
У, ҳатто энг оғир аҳволда ҳам ўз уясини яширадиган тулки ёки ёввойи ўрдак каби ўз уясининг сирини сақлаш қобилиятини эҳтимол инсонларга табиатнинг ўзи бергандир. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша шодликлари ва фожиалари бор, лекин улар ҳар қанча катта бўлмасин бегона одамнинг кўриши қийин; улар сир сақланади. Масалан, ҳозиргина ўтиб кетган помешчик аёлнинг ўз отаси қандайдир ёлғон бир гап билан Николай подшо қаҳрига учраб, ярим умри ҳазон бўлган, эри картабоз эди, тўртта ўғилдан биттаси ҳам тузукроқ чиқмади. Унинг оиласида ҳам аллақанча ғалвалар бўлганини, қанча кўз ёшлари тўкилганини тасаввур қилиш мумкин. Шунга қарамай кампир шод-ҳуррам кўринади ва унинг илжайишига у ҳам илжайди. Студентнинг эсига ўз оиласи ҳақида истар-истамас гапирадиган ўртоқлари, эри ва болалари ҳақида гап борганда деярлик ҳамма вақт ёлғон гапирадиган ўз онаси тушди…
То қоронғи тушгунча Петр уйидан узоқ ерларда юрди ва ҳар хил хаёлларга ботди. Ёмғир ёға бошлаганда уй томонга йўл олди. Уйга келаётганда у нима бўлса ҳам отаси билан гаплашишга, унинг билан бирга ҳаёт кечириш оғир ва хавфли эканини тушунтиришга қатъий жазм қилди.
Уйда сукунат ҳукм сурмоқда эди. Опаси Варвара тўсиқ орқасида ётар ва бош оғриқдан астагина инграр эди. Онаси ажабланган ва айбдорга ўхшаган ҳолда унинг олдидаги сандиқда ўтириб Архипканинг шимини ямамоқда эди. Евграф Иванович у дераза билан бу дераза ўртасида юрар ва оби-ҳаводан диққат эди. Унинг юришидан ҳам, йўталишидан ҳам, ҳатто гардонидан ҳам ўзини айбдор сезгани кўриниб турар эди.
— Демак бугун кетмасликка жазм қилибсан-да? — деб сўради у.
Студентнинг отасига юраги ачишиб кетди, лекин шу заҳоти бу ҳиссиётни енгиб, гап очди:
— Менга қаранг… Мен сиз билан жиддий гаплашиб олишим керак… Ҳа, жиддий гап бор… Мен сизни ҳамиша ҳурмат қилиб келдим ва… ва ҳеч қачон сиз билан шу йўсинда гаплашишга журъат қилолмасдим, лекин сизнинг феъли-атворингиз… ярамас қилиқ…
Отаси деразага қараб жим турар эди. Студент бир нарсани муҳокама қилгандек пешонасини силади ва кучли ҳаяжон ичида давом этди:
— Овқат устида ҳам, чой устида ҳам ғалва кўтарасиз. Сизнинг берган нонингиз ҳаммамизнинг халқумимизга келиб қадалди… Дунёда, ош-нонни писанда қилишдан қаттиқ ҳақорат, хўрлик йўқ… Гарчи сиз ота бўлсангиз ҳам на худо, на табиат сизга шунчалик оғир ҳақоратлашга, хўрлашга, ўзингиздан ожиз одамларга ўз заҳарингизни сочишга ҳуқуқ бермаган. Сиз онамни қийнаб юбордингиз, назар-писанд қилмайсиз, опам ғариби бенаво бўлиб қолди, мен бўлсам…
— Менга ўргатиш сенинг ишинг эмас, — деди ота.
— Йўқ, менинг ишим! Мени қанча хўрласангиз шунча хўрлайверинг, лекин онамни тинч қўйинг! Онамни қийнашингизга йўл қўймайман! — деб давом этади студент кўзларини чақнатиб. — Сиз ҳаддингиздан ошиб кетдингиз, чунки ҳеч ким сизга қарши гапирмаган. Сизнинг қаршингизда ҳамма зирилларди, ҳеч ким оғиз очолмасди, бироқ энди тамом! Қўрс, тарбиясиз одамсиз! Сиз кўрасиз… Тушунасизми? Сиз қўрс, бадфеъл, бағри тош одамсиз! Мужиклар ҳам сизни кўргани кўзи йўқ!
Студент гапнинг боши-кетини ҳам йўқотиб қўйди, гапни чўзмаса ҳам, лекин айрим-айрим сўзлар ўқдек отилар эди. Евграф Иванович эшитар ва худди довдираб қолгандек индамай турар эди. Лекин бирдан унинг гардани қизариб кетди, қизиллик юзларига келди ва у қимирлаб қолди.
— Жим! — деб бақиради у.
— Жим бўлмайман! — дейди тилини тиймасдан ўғил. — Тўғрисини айтса сизга ёқмайди, а? Жуда соз! Яхши! Яна бақира бошладингиз-а! Соз!
— Бас дедим сенга! — дейди бўкириб Евграф Иванович.
Эшик олдида анқайиб Федосья Семёновна кўринади, ранги оппоқ оқариб кетган эди, нимадир гапирмоқчи бўлади, лекин ботинолмайди, фақат бармоқлари қалтирар эди.
— Сен айблисан! — деб бақирди унга Ширяев. — Сен буни шунақа тарбия қилгансан!
— Мен ортиқ бу уйда яшамайман! — дейди студент йиғлаб ва онасига жаҳл билан қараб. — Мен сизлар билан туришни хоҳламайман!
Қизи Варвара ширма орқасидан туриб бир чинқирди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Ширяев қўл силтади ва гизиллаганича уйдан чиқиб кетди.
Студент ўз жойига бориб, жимгина ёта қолди, то ярим кечагача қимирламай, кўзини ҳам очмай ётди. У ҳеч қанақа жаҳл, ҳеч қанақа уят сезмас, аммо кўксида қандайдир ноаниқ бир алам борлигини сезар эди. У отасини айбламас, онасига ачинмас, виждон азоби билан қийналмас; уйдагиларнинг ҳаммаси ҳам ҳозир шу аламни ҳис қилаётгани унга аён, лекин ким айбдор, ким кўпроқ эзиляпти, ким озроқ эзиляпти, бу ёлгиз худога маълум эди…
Ярим кечада у хизматкорни уйғотди ва станцияга чиқиш учун эрталаб соат бешга отни эгарлашни буюрди, ечинди, бурканиб олди, лекин ухлай олмади. Отасининг тонг отгунча ухламасдан у дераза билан бу дераза ўртасида аста-аста юриб чиққани ва уҳ тортгани эшитилиб турарди. Ҳеч ким ухламади, ҳамма ҳар замонда шивиллаб гапирар эди. Икки марта унинг олдига, ширма орқасига онаси келиб кетди. Ҳар келганда ҳам ўша ғалати бир ажабланиш билан қарар, у анчагача ўғлини чўқинтирар ва асабий равишда чўчиб-чўчиб кетар эди…
Эрталаб соат бешда студент ҳамма билан майингина хайрлашди ва ҳатто йиғлади. Отасининг хонаси олдидан ўта туриб эшикка қараб қўйди. Евграф Иванович кийим-бошини ҳали ечмаган, дераза олдида турар ва ойнакни тақиллатар эди.
— Хайр, мен кетяпман, — деди ўғил.
— Хайр… Пул думалоқ столда… — деди отаси ўгирилмай ҳам.
Хизматкор уни станцияга олиб кетаётганда ёқимсиз совуқ ёмғир қуймоқда эди. Кунгабоқарлар ўз бошларини яна ҳам эгиб олибдилар, ўт ҳам қорамтилроқ кўринар эди.

Ҳ. Зияхонова таржимаси