Баҳор ҳали ўзининг қизғин палласига тўлиқ кириб улгурмаган чоғда чанг нималигини билмас яшил япроқча тўйиб-тўйиб нафас оларди. Шамол дарахт шохларини у ён-бу ёнга тебратган маҳалларда яшил япроқча дир-дир титрар эди. Қуёшнинг жазирама иссиғи гирибонидан тутганда яшил япроқча охиригача чидам билан кутарди. Ҳатто шамол кўча тупроғини тўзғитиб, уни у ёқдан-бу ёққа думалатиб ўйнатганида ҳам нолимасди. Зеро, у бир ажойиб кун келиб ёмғир ёғишини, унда маза қилиб чўмилишини билар эди-да. Шундай бўлди ҳам: яшил япроқча ёмғирнинг сирли шитир-шитирига монанд рақсга тушди, томчиларнинг лабидан бўса олди. Кейин эса куз келиб, яшил япроқчани узмоққа чоғланди… аввалига танасини қуритиб, кейин унинг ширадор яшил рангини сариққа айлантирди. Энди унинг бир вақтлардаги тароватли чеҳрасидан асар ҳам қолмаган, файзини йўқотган эди, қуёш нурларида сўнгги бор чўмилаётганини ҳис этиб турарди, ниҳоят, бетакаллуфларча эсган шамолдан сариқ япроқчанинг бутунлай шарти кетиб, парти қолди, узоқ дириллаб турди-да, охири шохдан чирт этиб узилиб тушди, ҳавода муаллақ учиб юрди, учиб юриб-юриб йўл ёқасига келиб урилди ва шундагина ўзининг баландда бўлганини, энди эса пастга тушиб қолганини англади; чумолилар ҳам, бола-бақралар ҳам, машиналару велосипедлар ҳам уни бемалол босиб ўтиб кетаверар, одамлардан биронтаси ҳам оёғи остига қарамас ва нима учундир япроқчани кўрмас, унинг юракни ларзага солувчи фарёдини эшитмас эди… Эртасига тонг билан қандайдир аёл кўчани супурди, япроқчани чиқинди-ахлатларга қўшиб, ҳаммасини бир жойга уйди-да, ёқиб юборди. Япроқча оловдан жизғанаги чиқиб, тутаб ёна бошлади, тутуни аччиққина эди…
Эҳтимол, шохдан узилиб тушгандан кейиноқ ҳаёти тамом бўлганидан алами келиб йиғлаётгандир…
* * *
У ҳукмни индамай, тик турганча ва хотиржам эшитди, юзида қилча ўзгариш сезилмасди. Киприк ҳам қоқмади. Жабрдийданинг қариндош-уруғлари суд ҳукмидан мамнун бўлиб чапак чалишди. Айбдор эса ҳамон қилт этмасди, чеҳрасида ҳамон ўша совуқ ифода, рангининг қони ҳам қочгани йўқ. Олдин тасаввур қилганидек, лоақал тиззалари ҳам қалтирамади.
Ҳакам – баланд бўйли чиройли аёл ҳукмни ўқиб эшиттирди, бир лаҳза сукут сақлади-да, келганларга бирров кўз югуртириб, қўшиб қўйди:
– Бир ҳафта давомида раддия беришингиз мумкин.
Бу таъкид ҳам маҳкумнинг юзида ҳеч қандай ўзгариш ясолмади. У ҳамон суд залининг топ-тоза қилиб артилган деразалари оша олислардан, баланд тоғлардан нигоҳини узмас эди. Кўзлари ўша ёқда-ю, миясида минг турли ўйлар чарх урарди: унинг ҳақ-ҳуқуқини ҳеч ким поймол этолмайди, ўзининг қирқ йиллик умри мобайнида бирон марта ҳам уч минг метрли баландликка кўтарила олмаган ва шу боисдан у ердаги ҳавонинг нақадар тиниқ ва тоза эканини тасаввурига келтира олмасди. Ўйларининг охири кўринмасди, ҳатто ҳукм ўқиб эшиттирилгандан кейин ҳам ўзининг шунга қодирлигидан ўзига қойил қолди – бирон марта ҳам на қуёш чиқишини, на қуёш ботишини кузатибди, тонг ҳам, шом ҳам ўз гўзаллиги билан бир-биридан қолишмаслигини фарқлабди. “Балки шундайдир”, деди у ичида. Балки имконияти бўлган минглаб, миллионлаб одамлар тоққа чиқишни орзу қилмай, табиатнинг бетакрор манзаралари завқидан ўзларини маҳрум этмоқдалар. Аммо ҳозир у ўзини ўша миллионлаб одамлардан истисно этмоқда. Бўлар иш бўлиб, ғишт қолипдан кўчганди. Шу боис ўзининг беғамлигидан пушаймон бўлди…
Деразадан четланар экан, суд залини тарк этаётган сўнгги бекорчихўжа томошабинларга кўзи тушди. Шундагина у бошини хиёл эгди. Сўнг қайрилиб, ҳакамга юзланди. Бу чиройли аёл жойида ўтирар ва иягини кафтига тираганча унга қараб турарди. Аёлнинг кўзлари маъносиздай кўринар эди-ю, бироқ унинг маҳкумга ачинаётганини пайқамаслик мумкин эмасди. Ҳукм унга эмас, бошқа бировга ўқилгандек, маҳкум жилмайиб қўйди. Аслида ҳеч ким унинг жилмайишига монелик қилолмасди. Ҳозир у ўзи учун ҳаётнинг ғалати бир зиддияти фош бўлганидан юзига табассум югурганди… “Шубҳасиз, мен айбдорман ва кимнингдир марҳаматига зор эмасман. Юракдан энг қаттиқ жазога тайёр эдим. Аммо шундай гўзал хилқат мени олий жазога ҳукм қилади, деб асло ўйламагандим. Тушунаман, тан оламан, бу унинг инсоният олдидаги бурчи… Бироқ, шу билан бирга, ҳайратланмай иложинг ҳам йўқ…”
– Маҳкум олиб чиқилсин! – амр этди аёл ва унинг хаёл ришталарини узиб, ўрнидан турди.
– Оҳ, шўрим қурсин!!! – чинқириб юборди онаси ва ерга йиқилди. – Наҳотки, шунинг учун сенга оқ сут берган, шу кунларни кўриш учун бешигинг устида аллалар айтган бўлсам… Ахир, отанг иккимиз ҳеч кимга ёмонлик қилмаган, на кундузи, на кечаси тиним билар эдик; ер чопардик, пахта титардик, қоринларинг тўқ, эгниларинг бут бўлсин дердик. Қишда совқотиб қолманглар, деб ғўзапоя юлардик, иссиқ нон ёпиб берардик, пилла қурти боқардик, туршак сотиб тирикчилик қилардик… Наҳотки, сен барини эсдан чиқарган бўлсанг? Аввалбошдаёқ сенинг мана шу лаънати бизнесингга қарши эдим. Аммо гапимга кирмадинг, очкўзлигинг бошингга етди, бизни шармисор қилдинг. Оилангдан айрилдинг… Э-вой, қайси ёзуқларим учун бу кўргиликлар? Бир парча жишни қотил бўлсин деб боқиб, одам қилганмидим? Бегуноҳ одамлар бошига не мусибатлар солмадинг, худога мункир келдинг… Бундан кўра мени қаро ер ютса бўлмасмиди?.. Яхши номинг булғанмаслиги учун бир эмас, минг жонимни бермасмидим! Қандай шармандалик… айт, Қурбон, айт, оқпадар, болаларингнинг, одамларнинг, таниш-билишларнинг, қўни-қўшниларнинг кўзига қандай қарайман… Оҳ, бундан икки кўзим оқиб тушгани яхши эди… Нима қилиб қўйдинг?! Одам умри шунчалик беқадр бўлиб кетганми?.. Ўша шўрлик аёл билан бечора эркакнинг етимларига ким ота-оналик қилади? Э-воҳ, сени туққандан кўра ўлиб қўя қолганим яхши эди!
* * *
Ошпаз Сайидбой кичик ўғлига суннат тўй бермоқда. Етти яшардан етмиш яшаргача тўй дастурхонига тўпланган. Ҳамма еб-ичар, хурсандчилик қиларди.
Осмон мусаффо ва булутсиз эди. Оёқ остида уч кун бурун ёққан қалин қор ғирчилларди. Машшоқлар созларини созлаб бўлгандан кейин шаҳарда масхарабоз деб ном чиқарган Мансур кал ўз шогирдлари билан еру кўкни ларзага солиб карнай чаларди. Ўша йиллари бундай тўй-ҳашамлар қош қорайиши билан бошланар ва ярим тунгача давом этарди. Карнай овозлари тўй бошланганидан дарак берарди.
Ҳаво совуқ эди ва шу боис ошпаз уста Иброҳимжон – ўрта бўйли чаққон киши – мен ва мен тенги уч-тўрт йигитга сарой ортидан қуруқ ўтин келтиришимизни айтди. Аввалига биз уч қучоқдан ғўзапоя келтирдик ва ўйин майдончаси ўртасида гулхан ёқдик. Уста Иброҳимжон ғўзапоя остига бир парча газета тиқди-да, устидан керосин сепиб, гугурт чақиб юборди. Бироз тутун чиқариб турган ўтин, сал ўтгач, гуриллаб ёна кетди.
– Қани-қани, шоввозлар, – деди уста. – Келтирган ўтинларингиз тутантириққа ярайди, холос. Биз эса зўр зиёфат қилмоқчимиз, шунинг учун тонг отгунча олов ловуллаб ёниб турмаса бўлмайди. Бас, шундай экан, чопинглар, йўғонроқ шохлардан кўпроқ келтиринглар, қуруқ бўлсин.
Бу гал биз гулхан олдига тут шохлари ва озроқ арраланган шафтоли ходаларини келтириб қўйдик. Уста бизни конфет, кулча, узум билан сийлади-да:
– Сизларнинг ишингиз, йигитлар, гулханни гуриллатиб ёқиб туриш, тамом! Тушундиларингми? – деди.
Биз бараварига бош ирғадик, чунки оғзимиз ҳозиргина олган неъматлар билан тўла эди. Эркаклар гир айланиб ўйинга туша кетишди, айримлари гулхан устидан сакраб ўтар эди. Буни кўриб, шу қадар завқландимки, шартта ўйинга тушиб кетгим келди, аммо уялдим. Ўйинга тушгудек бўлсам, ҳамма мени бармоғи билан кўрсатадигандек ва куладигандек туюлди. Шу топ устанинг топшириғи ёдимга тушди-да, яна ўтин келтиргани чопдим. Узун, ингичка хода ва… чанг босиб ётган эски бешикни суғуриб чиқардим-да, келтириб, гулханга ташладим. Ғайрат-шижоатимдан ўзимни ғоят бахтиёр ва хурсанд сезаётган эдим.
Бешикнинг бош томони ёна бошлаганда қулоғимга устанинг овози чалинди:
– Ҳай аттанг! Болага иш буюр, орқасидан ўзинг югур. Бешикни ким олиб келганди?
– Мен, – дедим саволи маъносини ҳали англамай.
– Бешикни қайси аҳмоқ ёндиради, а? Бир эмас, бир неча оиланинг кулини кўкка совурганингни биласанми?
Тунда уйга қайтгач, бу воқеани ойимга айтдим.
– Уста тўғри айтибди. Бешикни ёқиш ўз бошига мусибат сотиб олиш дегани, болам… Аттанг…
* * *
Ойим бошини эгиб ўтирарди. Мен кўзимнинг қири билан унга қараб, бирдан раҳмим келиб кетди… Мени муздай суд залидан олиб чиқишди. Бир неча киши ҳали ҳам ҳовлида эди, афтидан, суд мажлиси ишини муҳокама қилишарди. Кимдир нафрат билан, кимдир қизиқсиниб мени кузатарди. Менинг аҳволим, ташқи кўринишим тўғрисида нималар дейишаётганини билмасдим. Аммо бир нарсани комил ишонч билан айта оламанки, шомдан ўтиб хуфтонгача уйдагиларга кўрганлари ва эшитганлари ҳақида гапириб бериб, сўнг мени унутиб юборадилар. Бу аниқ!
– Эшак гўшти ва қанжиқ тиши! – қичқирди аллаким.
Қоқилиб кетмаслик учун гоҳ ерга, гоҳ соқчиларга қараб юриб борардим. Тўда ичида яқин қариндош-уруғлар ва танишлардан ҳеч ким кўринмасди. Суд ҳақида ҳеч гап билмасликлари ҳам мумкин. Балки менинг ишимдан улар ор қилаётгандир. Эшикдан мени қамоқхонага олиб кетадиган милиция машинасигача тўққиз ярим қадам экан. Чуқур ўриндиққа ўтиришдан олдин мен илтижо билан катта соқчига қараб қўйдим.
– Нега туриб қолдинг? Ўтир!
– Осмонга бирров қараб олсам майлими?
– Жинни-пинни бўлиб қолмаганмисан?
Мен бошимни кўтардим. Осмон мусаффо ва кўм-кўк эди, қуёш эса одамлар ва менинг устимга сахийлик билан нурини тўкарди. Оҳ, қанийди, қанотларим бўлсайди-ю, учиб кетсайдим… Осмонга ҳам, қуёшга ҳам, ҳеч нарсага қараб ўтирмай учиб кетар эдим. Оғир ғам-андуҳ, қўрқув, омад ва қийинчиликларга, эзгулик ва зулмга, инсонийлик ва разилликка, ўзимнинг барча гуноҳларимга қарамай, парвоз қилаверардим… Йўқ, аёвсиз ва ҳаққоний ҳукмдан қочиб қутулиш учун эмас, балки қуёшнинг ўтли нурлари остида куйиб кулга айланиш учун учар эдим. Токи мендан на бирон нишон, на хокитуроб қолсин. Аслида қуёшнинг олдида мен ким ё нима бўлибман? Аммо шу билан биргаликда яна бошқа гап ҳам бор – мендай тубан, пасткаш ва қотил бир одамдан жирканиши бор гап-ку!
– Қани, юр! – дея соқчи мени туртди. Мен истамайгина итоат этдим. Машина ичи қоп-қоронғи эди. Қуёшни йўқотганимни ҳис этдим. Энди абадий йўқотдим. Мен буни аниқ билардим. Ток ургандек бир силкиниб тушдим. Энди мўъжиза рўй бермайди. Ортимдан залворли темир эшик гумбурлаб ёпилди. Менга нима учун етти кун, етти тун яшашга имкон беришганига ҳалигача тушунолмайман. Кўз очиб-юмгунча ўтиб кетадиган етти кун ва етти тун.
Ҳаётимнинг иккинчи ярми ҳукм эълон қилинмасидан кейин бошланди. Энди мен озодман. Кутишлар ортда қолди. Ниҳоят, мен сўнгги нуқтагача етиб оламан.
* * *
Болага дала кенг ва бепоёндай кўринди. Ҳар бир ирмоқ, ҳар бир тут ва ўрик дарахти, атрофдаги ҳар бир бута унга ҳаддан ташқари таниш ва қадрдон эди. Атрофда ундан бошқа ҳеч ким йўқ. Аммо бола ўзини танҳо ҳис қилмаётганди. Аксинча, гулларнинг муаттар бўйи, теварак-атрофнинг мўъжизакор манзараларидан у масту мустағриқ эди. Қўлларини қанотдай кенг ёзганча у дала бўйлаб чопиб бораркан, шодон қичқирарди.
Ортидан акс садо янграйди:
– Э-ҳе-ҳе-ҳей-йй!..
Унинг овози тоғ этакларига, баланд чўққилар, оппоқ булут қадар тараларди. Аммо у акс садони эшитмасди. Шу паллада унинг бошига патлар тўкилди. Оппоққина, момиққина, елдай патлар, худди қор учқунлари дейсиз. Бола уларни тутишга ҳаракат қилди.
Юраги дук-дук қиларди, бу ерга нима учун келганини унутиб, шеър ўқигиси, қўшиқ айтгиси келарди. Ойиси эса уни ўтин тергани юборганди…
Кампиршо супада ўтирганча қуёш нурлари остида эски кийимини кўклар эди.
Бола устидаги чангни қоқиб-қоқиб ташлади-да, ювинди. Кейин қандайдир қўшиқни димоғида хиргойи қилганча уйга кирди-да, бир бўлак патир ҳамда бир коса муздай сув олиб чиқиб, бувисининг ёнига келиб ўтирди. У нонни совуқ сувда ивитганча:
– Бувижон, “Минг бир кеча”дан бир қизиқ ривоят айтиб беринг… – деб сўради.
– Бувингнинг эртакларини бошингга урасанми? Ҳаммаси қуруқ чўпчак. Эртак билан қорин тўйдириб бўлмайди, – деди ойиси, бувисини оғиз очгани ҳам қўймай. – Ундан кўра тезроқ нонингни егин-да, ўтинга чоп.
– Ҳозиргина ўтин териб келдим-ку.
– Яна териб кел, қолиб кетадиган бошқа ишинг бормиди? Ўтин қанча кўп бўлса, шунча яхши.
Кампиршо кўзойнагини тўғрилаб, игнадан ипни ўтказишга уринарди.
– Тўғри, эртакка қорин тўймайди, ичадиган сув ҳам эмас. Аммо эсингизда бўлсин, улар одам юрагини тарбиялайди, нурга тўлдиради, орзу қилишга ўргатади. Бунисига энди йўқ деб бўлмайди.
Келин ён беришни истамади.
– Эртакларингиз боламнинг миясини ачитиб, жинни қилиб қўйди. Ана, энди у бизни ташлаб кетишни орзу қилиб юрибди.
– Ота-боболаримиз, орзуга айб йўқ, деганлар, – битта гапда туриб деди кампир.
– Сизларникига келин бўлиб тушганимга ўн саккиз йил бўлибди. Шунча йил ичида бирон марта айтганингизни ерда қолдирмадим…
– Гапни айлантираверма, қизим. Яхшиси, ўғлингнинг эртанги кунини ўйлайлик.
– Бунинг нимасини ўйлайсиз?
– Йўқ, мен ўлақолсам рози эмасман. Агар эрим тирик бўлганида, ҳамма иш хамирдан қил суғургандек битарди…
Бола аллақачон нонни еб бўлиб, энди ойиси билан бувисининг суҳбатига қулоқ соларди. “Ҳа, ойим тўғри гапиряпти. Отам агар мактабда яхши ўқисам, мен учун ҳеч нарсани аямаслигини айтарди. Охирги кўйлагини сотиб бўлса ҳам менга яхши таълим бераман, дерди”.
Кампир бир зум ўйланиб қолди.
– Менинг эрим ўн тўрт ёшида етим қолганди. У пайтларда замон оғир, очарчилик эди. Онаси ва укасига қараш унинг зиммасига тушган, бошқа иложи ҳам қолмаганди…
– Энди шундай қисмат неварангизнинг чекига тушиб турибди. Ўзингиз ўйланг, эмизикли бола билан қаерга борардим? Менинг қўлимдан нима ҳам келарди?
– Худога шукур, келин, мен ҳали тирикман, тўрт мучам соғ…
– Йўқ дедимми, йўқ, гап тамом, вассалом! Ҳазрат Хизр дуч келиб, илтимос қилганида ҳам рози бўлмасдим…
Келин ғазабини босолмай уйга кириб кетди. Зум ўтмай қўлида китоб билан чиқиб келди.
– Шу китобсиз ҳам бир кунини кўрар, бир бурда нонини топиб ер… – Шундай дея келин китобни шарт-шурт йиртишга тушди… Йиртилган варақлар ҳовли бўйлаб сочилиб кетди.
Кампир нохос тек қолди, ҳайрат тўла кўзларида ғамгинлик пайдо бўлди. Сўнг аста ўрнидан турди, супадан тушди. Энгашиб, варақларни тера бошлади. Кўзлари ёшланди. Чурқ этиб оғиз очмаган невараси унга ёрдамлашди. Улар варақларни йиғиштириб бўлди. Кампир қаддини ростлагач, невара кафти билан бувисининг ёшини артди. Кампир титроқ қўллари билан болани бағрига босди, оғир хўрсинди, пешонасидан ўпиб, бошини силай бошлади.
Келин ерда чўнқайиб ўтирганича, улар томон кўзининг қири билан қараб турарди.
* * *
Чўлдами ёки бошқа бирон жойдами, изғиринли шамол ғувиллаб, совуқ суяк-суякдан ўтиб турганда ҳатто томига похол тўшалган капа ҳам жаннатдай туюлиб кетади. Ҳар нима бўлганда ҳам Қурбон шундай ўйларди. Аммо қамоқхонада ҳамма нарса ўз маъносини йўқотганди, фақат у содир этган гуноҳлар ва савоблар, оғзидан чиққан пештаҳам сўзлар, ҳис этган севинч ва ғамлар бундан мустасно. Ўлим тўшагида ётган, саноқли кунлари қолган бемор учун дунёнинг ҳар қандай бойлиги бир чақага қиммат бўлиб қолишини Қурбон англаб ётарди. Энди унинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам кераксиздай ҳис қиларди. Уни ёруғ олам ва одамлар билан боғлаб турувчи кўзга кўринмас қирқ ришта пирт-пирт узилиб бўлган эди…
Қурбон ўзини ёмон ҳис қила бошлади, кайфияти йўқ эди. У на бир жойда ўтира оларди, на бир бурчакдан бошқа бурчакка бориб келарди, тунда ҳам, кундузи ҳам мижжа қоқмасди. Охири тоқати тоқ бўлди-да, эшикни уриб-тепа кетди. Қоровул эшик кўзчасидан қаради.
– Нима керак сенга? Гаплашиш мумкин эмаслигини биласан-ку!
– Дунёда нималар бўлаяпти?
– Сенинг дунёнг шу ерда – зиндонда!
– Номаъқулнинг бештасини айтибсан, сен етмай турувдинг, аблаҳ…
– Тупурдим сенга.
– Рўзноманг борми?
– Рўзномани бошингга урасанми? Оёғингни гўр тортиб турибди-ку.
– Ўқийман, тентак!
– Бўпти. Қанақадир кундалигим бор эди. Бўладими?
– Кимнинг кундалиги?
– Сендан олдингиларники. Бутун бир роман. Босилса, қўлма-қўл бўлиб кетади. Мен ҳозир…
Қоровул қўйнидан титилиб кетган эски бир дафтарни олди, камера эшигига яқинлашиб деди:
– Эшик олдидан нари тур. Бусиз ҳам барча қонунларни оёқости қилдим.
Қурбон ўзини бурчакка олди.
Қоровул эшикни қия очди, кундаликни бетон ерга итқитди:
– Ичида қалам бор. Тилакларингни ёз. Битта-яримта ўқиб қолиши мумкин.
Эшик ёпилгач, Қурбон бориб, дафтарни ердан олди. Қоровул эшик кўзчасидан қичқирди:
– Тилакларингни ёз!
Бирдан маҳкумнинг эсига Афанди, Ҳобил, дор ва подшоҳ ҳақидаги латифа тушди. Жилмаймоқчи эди, уддалай олмади.
– Қанақа тилакларни айтаётибсан? Тилаклар аллақачон қирилиб битган! Эшитдингми?!
Мактабда бир анъана бўларди: ўқувчилар кундалик тутарди, кундаликларини бир-бирларига берарди, унга расмлар солар, фотосувратлар ёпиштирар, шеърлар ёзарди. Ва албатта, тилаклар бўларди. Дастлабки йилларда Қурбон гоҳ-гоҳ кундалигини варақлаб қўярди. Бироқ кейинчалик кундалик қаёққадир йўқолди. Нима бўлганда ҳам кўп вақтдан буён ҳеч кўзга тушмади.
Энди бўлса нотаниш бир кимсанинг кундалиги қўлида турибди. У кундаликни варақлай бошлади ва ундаги хатлар бошқа-бошқа одамники эканини кўрди. Олий жазога ҳукм қилинган ўн-ўн иккитаси бунга ўзининг сўнгги тилакларини ёзиб қолдирганди, кимдир бир, кимдир ярим бет, қайсидир ялқов эса имзо чекиб қўя қолибди.
Қурбонни даҳшат қамраб олди. Лаблари пир-пир учар, қўллари дағ-дағ титрарди. У дафтарни бир четга итқитди-да, дод солиб юборди. Унинг қичқириғи камера деворлари, шифти ва ерига урилиб, акс садо берди. Қулоғи шанғиллади…
* * *
Унинг кўзлари аллақачон камерадаги қоронғиликка ўрганиб бўлганди. Уйқусизлик қийнарди ва у фақат ўйлар, ўйлари эса алкаш-чалкаш эди. Шундай бўлса-да, навбатчи посбоннинг калитлари шақиллашию қадами товушларидан бошқа ҳеч нима уни безовта қилмасди. Тўсатдан бир жуфт чақноқ кўз ўзига тикилиб турганини кўрди. Ҳайратдан кўзларини қисди ва яна очди. Бу чақноқ кўзлар унга болаликдан таниш…
– Наҳотки беш-ўн сўм пул тополмайдиган замонларга қолган бўлсак? – таажжубланарди ота.
– Бунақа сиқилаверманг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, – тасалли берарди она. – Эртага маош оласиз…
– Лекин менга пул ҳозир керак! – дерди ота.
Эсида, ўшанда она кулиб, бундай деганди:
– Билмадим, мен бўлмасам, сиз, эркаклар, нима қилар эдингиз. Бир кун ҳам яшолмасдингиз, бир кун ҳам…
Она қўшни хонага кирди, оқ тугун олиб чиқди, ечиб, супага қўйди. Бу ақчадон эди. Она ганч мушукни силкита бошлади.
– Мана олинг, синдиринг уни, – деди у. – Қора кунга деб тийинлаб йиғиб юргандим.
Ота ўйчан бир ҳолда энсасини қашиди-да, қатъий оҳангда деди:
– Йўқ, кераги йўқ. Бирор нарса ўйлаб топарман…
Онанинг кичик бир сирини Қурбон ана шу тариқа тасодифан билиб қолганди. Кунлар ўтаверди. Ёши ўн тўртга етган бола ақчадон борлигини салкам эсидан чиқарганди.
Тўғри, гоҳо бирдан эслаб қоларди уни. Аммо бир куни яхши кўрган қизига совға олиш учун пул жуда керак бўлиб қолди.
У ота-онасидан пул сўраёлмасди, уяларди.
Шунда бирдан ақчадон эсига тушди. “Тўрт-беш сўм пул олсам, ойим билиб ўтирибдими? Мактабга берган пулидан аста-секин жойига қўйиб қўяман, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам…”
У пайт пойлай бошлади. Узоқ кутишга ҳожат қолмади.
– Дарсларимни анави уйда қиламан, ҳеч ким менга ҳалақит бермайди, – деди у, зеро, “дарс” деган сеҳрли сўз ўзи учун ҳар қандай эшикни ланг очишини яхши биларди…
Биринчи тунда у тахмондаги кўрпа-кўрпачалар орасидан сирли ақчадонни олди. Унинг зилдай оғирлигидан ҳайрон қолди. Қаламтарош учи билан астагина тирқишларини йўниб, “мушук”ни ағдарган эди, дарҳол иккита танга тушди – ўн беш ва йигирма тийинлик чақалар бўлиб, ганч гарди билан қопланганди.
Энди Қурбон қарийб ҳамма дарсини ичкари уйда “тайёрлар” эди. Кейин эса бу одат тусига кирди. Дастлабки кунлари у битта-яримтанинг кириб қолиши ёки ойисининг ақчадон енгил тортиб қолганини билиб қолишидан қўрқиб юрди. Аммо вақт ўтиб, ҳечам ҳадиксирамайдиган бўлиб қолди…
Лекин у бир куни мактабдан қайтганида…
Ойиси катда ўтирарди. Ёнгинасида синдирилган “мушук” парчалари сочилиб ётарди. Она кўз ёшларини артди…
У ўғлига чурқ этиб оғиз очмади. Ғам-қайғудан адойи тамом бўлганча ўтираверди.
Тунда эса туш кўрди: ичкари хонада у портфелни очмоқчи бўлар, аммо очолмаётганди. Ажабо! Портфель ёпилмаган-у, аммо очилмасмиш. Бирдан чироқ ўчиб қолди. Ҳаммаёқни зулмат чулғади. Тўсатдан орқасида мушук миёвлади. У орқасига ўгирилиб қараганди, бир жуфт ёниқ кўзни кўрди. Кейин мушук дунёни бошига кўтариб, “қаҳ-қаҳ” уриб кулди, жуда қўрқинчли кулди…
Бу унинг болаликдаги энг даҳшатли туши эди. Икки ёниқ нуқта қоронғида гоҳо уни таъқиб қилар, бундан у даҳшатга тушарди.
Энди эса уларни камерада кўриб, кўнгли хотиржам бўларди. Бу уларнинг сўнгги учрашуви эканига ва энди ҳеч нарсадан қўрқмаса бўлаверишига ишончи комил эди…
Шундай бўлса-да, Қурбон кафтлари билан юзини беркитди ва бошини кўтарди. Ойиси ёғоч каравотда ўтириб, унга ўкинч билан қараб тургандек кўринди. Кўзларида ёш, нигоҳида мунг… дард… ёзғириқ…
* * *
Тақдирига ёзилганми, ё бу дўсту душманнинг ишими, нима бўлганда ҳам ҳаммаси ўша лаънати тундан бошланди, ўшанда бу менинг ҳаётимдаги энг яхши, энг омадли тун бўлган эди. Тан олиб айтаманки, синфдошимдан ажралиб кетар эканман, ҳайратимнинг чеки йўқ эди: қара, қисмат ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди! Ўзгартирмай-чи! Таътилда пойтахтдан туманга кетиш ва бир ойда жарақ-жарақ пул ишлаш. Зўрми? Ҳа, дердим мен, мушук текинга офтобга чиқмайди. Бизнинг замонда бебилиска пул топиб бўларканми? Узоқ йиллар мен билан бир партада ўтирган Усмон савдогар дўстлари даврасига таклиф қилди:
– Даврамизга қўшил. Сен бегона эмассан. Бошида ўзимиз ёрдам қиламиз.
Шундай қилиб, улар билан бирга Саратовга, кейин Волгоградга кетдим. У ерда кўрмаганимизни кўрдик: бирга азоб чекдик, оч қолдик, ҳар нима бўлдик, яшириш нега керак? Бир тўғрам нон топаман деб ёт ўлкаларда сарсон бўлган ҳар биримиз бош-кўзимизга қарамай чангитиб сўкинардик. Бироқ фойдани бўлаётганда ҳаммаси эсдан чиқиб кетди. Менга ҳам ишлаганимга ярашасини беришди. Биласизми, пул олганимдан сўнг, қора, мудҳиш кунлар менга бор-йўғи бемаъни тушдай кўриниб қолди. Ҳатто осмондаги ой ҳам кулиб қараётгандай эди. Пул нималар қилмайди дейсиз. Мен худди кайфи тарақ одамдай маҳалла-кўйда сандироқлаб юрар, йўқ, қушдай парвоз қилардим. Ярим тун эди. Ҳатто ит ҳам ҳурмасди. Симёғоч учидаги фонусда ғира-шира кўриниб турган эшигимни зўрға топдим. Ёнгинамда суви жилдираб турган ариқ бор эди. Эшикни тақиллатмоқчи бўлдим, аммо эшикка қулф солинмаганини кўриб, итариб очдим-да, ҳовлига қадам қўйдим.
– Қурбон, сенмисан? – қоронғида ойимнинг овози эшитилди. Ойим мени кўриб суюниб кетади деб ўйлагандим, аммо у чурқ этиб оғиз очмади.
Азонда уйғондим. Ойим аллақачон туриб, нон ёпган эди, қатиқ олиб келди. Хотиним билан болаларим уйда ивирсиб юрар эди – барчалари шод-хуррам.
Кейин укам келди. Бирга нонушта қилдик.
– Ука, бугун якшанба, юр, бозор қиламиз, – дедим.
Ўша куни менинг эски “Жигули”м бир дақиқа ҳам тиним билмади. Мен ойимга телевизор, музлаткич, икки қоп олий нав ун, ёғ олиб келдим. Хотиним билан болаларимга кийим-кечак ва пойабзал сотиб олдим. Молларга бир тонна кунжара ғамладик. Акамга янги костюм-шим совға қилдим.
Ҳаёт менга беғубор ва бахт абадийдек кўринганди. Фақат ойимнинг гапига кирмаганим чакки бўлди. У яккаш: “Катта сув ариқни бузади, катта пул одамни йўлдан уради”, – дерди.
Икки ҳафта ўтгач, Усмон келди.
– Ҳозир қўлни чўнтакка солиб юрадиган вақт эмас, – деди у. – Агар йўқ демасанг, иккита “КамАЗ”ни тўлдирамиз-да, Россияга урворамиз.
Мен эса нима қилишни билмасдим:
– Пулнинг ярмидан кўпини сарф қилиб бўлдим…
Шерикларим эса менга тасалли беришди.
– Шу ҳам гап бўлди-ю, – дейишди улар. – Цемент сотадиган Шариф кал бор-ку, ўша сенга қарзга пул беради. Икки ойдан кейин қайтарасан. Фойданг эса уч йил ётиб ейишингга етиб ортади. Ўзинг кўрдинг-ку.
Мен уларга ишондим. Биз Шарифнинг олдига бордик, уни ҳатто танимасдим. У менга Душанбедаги тўрт хонали уйим билан “Жигули” машинамнинг ҳужжатларини гаровга қўйиш ҳисобидан беш минг доллар пул берди. Барча пулга баргак сотиб олдим. Йўл харажатларини шерикларим зиммасига олишди. Ҳаммаси шу қадар тез содир бўлдики, нима бўлганини ҳам англолмай қолдим…
Ойим билан укам мени ўртага олиб койий кетишди:
– Сени сувга олиб бориб, суғормай келишса-чи, унда нима бўлади? Кўзингни оч, бола…
Аммо мен изимдан қайтмадим – йигит сўзи битта бўлади. Хотиним ҳам роса дод-вой қилди – болаларимни ўйламасдан уйимизни гаровга қўйганимиз жон-жонидан ўтиб кетганди.
Юкни жўнатгач, бир ҳафтадан кейин биз, Усмон ва иккита шерик, поездга ўтирдик-да, йўл бўйи ашулани вадаванг қўйганча маишат қилиб кетдик.
* * *
Тунлари унинг уйқуси тинч бўлмасди. Алоқ-чалоқ тушлар кўрарди. Бироқ эрталаб уйғонганда ҳеч нарсани эслай олмасди. Тушида далани, кенг ғўзапояни кўргиси келарди, у ерларда оёқяланг югурарди, сигир ўтлатарди, пахта терарди. Ўрикзорни, тутзорни соғинарди, бу дарахтлар остида соатлаб ўтирарди, келажак ҳақида ўйларди, юмшоқ гиламдай майсазорда ағанагиси, тубсиз мовий осмонга киприк қоқмай тикилиб ётгиси, сузиб кетаётган ё бир жойда туриб қолган оқ булутлардан таниш қиёфаларни топгиси келарди… Ҳа-а… у вақтлар беғубор, бахтиёр бўларди… Оёқяланг, беғам-бепарво югуриб юрган вақтлар…
Пичан ўрими вақтида далани кулги, қўшиқ ва турфа овозлар тутиб кетарди. Болалар ўз сигирлари ва бузоқларини анғизга боғлаб қўяр эдилар, давра қуриб ўтиришар ва соатлаб девлар, алвастилар, жодугарлар ҳақидаги турли-туман эртак ва чўпчаклар айтар эдилар. Топишмоқ топиш ўйнашарди… Булар бари жонга теккач, у ўзини хилватга урарди. Танҳоликка интилиш унда ўша вақтда ниш урган бўлса, эҳтимол…
Бир куни туни билан у варрак ясаб чиқди. Ёзги таътил ниҳояланиб борарди. Тушликдан кейин сигирга ўт, сув берди, уни ўрик дарахтига боғлаб қўйди. Сўнг уйга чопди-да, яримта нон, ручка-дафтар, варрак, оқ-қора иккита ғалтакипни олиб, далага учди. Шундай чопдики, гўё у ерда уни севгилиси кутиб тургандай…
Сигир хотиржам кавш қайтарарди. Сарин шабада эсарди. У шошиб ипни варрак бурчагига улади, ғалтакни ҳовучида қисди, учинчи ва тўртинчи бармоқлари орасига ипни жойлади-да, аста-секин варракни осмонга қўя бошлади. Қўлларини баланд кўтариб, орқага чопиб кетди. Варрак шамолда парр-парр қилар, ранг-баранг думини у ён-бу ёнга чайқатар, ўзи тобора юқорилаб борарди. Гоҳо у ё чап, ё ўнг томонга шиддат билан юлқинар эди…
Кўп ўтмай варрак қушга ўхшаб қолди. У суюнар, яйрар эди, чунки варракни бунча баланд ва узоқ тутиб туриш ҳали ҳеч кимга насиб қилмаганди. Бу аниқ. Аммо, афсуски, худди жўрттага қилгандай ҳеч ким унинг бу ғалабасини кўрмади.
У тиниқ осмонга қаради ва унга варрак қуёшни ёпиб қўйгандек туюлиб кетди. У ипга иккинчи ғалтакни ҳам улади, унга қулоғини тутди ва варракнинг қандай варр-варр қилишини эшитди…
Чўнтагидан дафтар-ручкасини олди-да, бир варақ қоғозга бор-йўғи бир нечтагина сўзни ёзди: “Севимли ва азизам Нисога”… хатнинг бир четини тишлаб узди, тешикдан ғалтакни ўтказди-да, хатни варрак билан учириб юборди… Нисога… қуёшга… Юқорилаб бораркан, хат баттар пирпирар эди. У эса ўзи ўйлаб топган нарсасига ўзи қойил қолганча тек турар эди…
Кейин у иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи… хатни ёзди. Ҳар гал хатига бир янги сўз қўшарди…
Қуёш бота бошлади. У варракдан ҳам пастроққа иниб улгурган эди.
Хатлар Нисога қандай етиб боришини тасаввур қилиб, у бир зум кўзларини юмди. Варрак ҳамон пириллаб, осмонда тўлғанарди. Ва… бирдан ип аллақаеридан узилиб кетди. Варрак биланглаб, айланиб, пастга равон иниб келарди… у қуш патининг ўзгинаси эди. Енгил шабада хатларни бутун дала бўйлаб, болалигининг даласи бўйлаб сочиб ташламоқда эди. Улар севгига, болаларча беғубор муҳаббатга тўлиқ эди…
У ўтирди…
Ўтирди ва қўлидаги бўш ғалтакка қаради…
Қаради-ю, кафтига кўз ёшлари томаётганини пайқамади.
Узоқ ёз давомида қаттиқ соғинган Нисо билан талай вақт гаплашиб ўтирди, сенга бундан чиройлироқ, бундан маҳкамроқ варрак ясаб бераман деб ваъда қилди.
Унинг самимий ваъдасини эшитган Нисо жилмайиб қўйди…
* * *
У аллақачон бўйдоқ яшашга ўрганиб қолгандек эди. Россия бўйлаб уч ой сарсон-саргардон юриш, қийинчиликлар ва мана, бир ярим йилки, Душанбедаги ёлғизлик… Дастлабки вақтларда у дўстлари ва танишларини ҳовлисига зўрлаб чақирар, зиёфат уюштирарди. Улар йўқ дейишолмасди, албатта. Кимдир истамайгина, кимдир раҳми келганидан. Улар билан юз грамдан отиб, вақтни ўтказарди. Аммо булар бари омонат, сершитоб экан… Ўзининг совуқ, бефайз ижарахонасига келар, иштаҳаси бўлмасди, шунчаки очликни босиш учун баъзида ўзига тухум қайнатар, суви қочган нонни чой билан тамадди қиларди. Уйига ҳеч кимни таклиф қилмасди, ўзи ҳам меҳмонга бормасди, тўғрироғи, ҳеч ким уни меҳмонга чақирмасди… у на шўрва, на ош пиширар эди. Кечқурунларини танҳо ўтказарди. Каллайи саҳардан танҳолик жонига тегиб, кўчага қочиб чиқарди…
Аммо бу танҳоликни камерадаги ёлғизлик билан тенглаштириб бўлмасди. Зеро, унинг ҳозирги танҳолиги тўрт эмас, олти томондан: ўнг, чап, олд, орт, тепа ва пастнинг қаттиқ тазйиқи остида кечаётганди. Баъзи паллаларда у ўй суриб кетар, қаерда эканини ҳам унутиб ўзи билан ўзи гаплашар, кенг ёғоч каравотни кўриб турса-да, ўтириш учун ўзига жой тополмасди…
“Ҳой, темир эшик! Мен сенга айтаяпман. Сенлар, эй, совуқ тош деворлар, гапимга қулоқ беринг!” – дерди у сассиз, бамисоли сўзлар бўғзида тиқилиб қолгандек. Дарвоқе, на эшик, на деворлар унинг гапини эшитар, улар бамисоли кар ва соқов эди. У уларни муштуми билан дўппослар, оёғи билан тепкиларди. Жавобдан эса ном-нишон йўқ…
Баъзан тушига узун, оқ чилвир кирарди. Чилвирни занглаган занжир ўрнига боғларди, иккинчи учини чуқур тубига ташларди ва қўрқувдан муз қотганча унга осилиб қудуқ тубига тушарди. Тушиб кетаверар, кетаверар эди-ю, аммо сувдан дарак бўлмасди. Пастда юракни ларзага солувчи зулмат ҳукмрон. Тепадан осмоннинг кўм-кўк парчаси кўринади, холос. У қудуқнинг сирпанчиқ ҳўл деворларини пайпаслаб нималарнидир қидирарди. Эшикни қидираётганини кейин англайди. Бироқ ғовак деворлар қимир этмайди. Уларда ҳеч қанақа тирқиш йўқ. Унинг залворидан таранглашган чилвир титрайди. Қўллари, елкалари, тирсаклари заифлашади. Шу аснода ер остиданми, ё баландданми – кимнингдир масхарали кулгиси янграйди. Энди чилвирда осилиб туришга унинг мажоли етмайди. У бўғилади…
Ҳар гал мана шу жойда у қаттиқ қичқириб уйғониб кетади. Тошойна бўлганида қўрқувдан буришиб кетган башарасини кўриб, даҳшатга тушмоғи муқаррар эди…
* * *
Енгил шабада очиқ деразани ғичирлатди. Кутилмаган манзара ва қўрқувдан у бир жойда тош қотиб қолди, тиззаларидан мадор қочди, аъзойи бадани титраб кетди. Бир дақиқадан кейин у тинчланди, бир маромда нафас ола бошлади. Бироқ шу топ ташқарида машинанинг қаттиқ тормоз бергани эшитилди. Ундан ҳеч ким тушмади, акс ҳолда очилган эшик товуши келган бўларди.
Аёл жасади ҳамон стулда ётарди. Ўзига келгач, Қурбон томир уришини текширишга қодир бўлди.
– Жин урсин! – деди хириллаб, тишларини қисганча қулоғини жасад кўкрагига қўйди: юрак урмаётганди. Аммо жасад ҳали иссиқ эди. Аёлнинг бўйнидан қармоқни авайлаб чиқариб олди-да, ўлик танани эски гиламга ётқизди. Чўнқайиб ўтирди-да, ҳорғин оппоқ чеҳра ва тим қора сочларга қаради. Бир лаҳза унга раҳми келиб кетди: ким бу аёл, қаерлик, уйида кимлари кутаяпти… Аммо шу заҳоти бу туйғуни ўзидан аритди. Чўнтакларни ковлаштира кетди – қўлига даста-даста пул илашди.
“Ҳар куни шаҳарда ўнлаб одамлар бедарак йўқолади. Бирда сал кўпроқ, бирда сал камроқ. Ҳеч қанақа фарқи йўқ. Ахир, мен уни чақирганим йўқ эди-ку. Ўзи келди… Ўзи айбдор, демак…”
У хонасидаги чироқни ўчирди-да, пастга тушди. Ташқари эшигини очди. Шамол тўкилган баргларни ариққа супурар эди. Ўлик барглар. Осмон булутли эди. Ёмғир иси бор. Борлиқ зулмат ичида.
Икки соатча вақт ўтди ҳамки, қоровулдан дом-дарак йўқ. У қанча кеч келса, шунча яхши. У билан тонг отгунча қолиш имкони бўлади. Жасадни қаерга қўйишни, ундан қандай қутулишни у ҳали билмасди. Кейин эса… ахир, уни бу ердан гумдон қилиш, биронта очиқ мозорга тиқиш керак-ку. “Майли, бирон нима ўйлаб топарман”, ўзига тасалли берди у…
Ташқаридан қараганда у хотиржам эди. Аммо мияси қаттиқ ишлар, чора қидирарди. Шунда миясига ажойиб бир фикр келиб қолди-ку… “Қанақасига? Қурбонимни бўғаётганимда нима учун ўзимни тиймадим, ҳатто киприк ҳам қоқмадим. Аёлнинг бўйнига сим ўраётганимда нега қўлларим титрамади? Мени нима ушлаб турибди? Менда ғаройиб ўзгаришлар рўй берганди – иродамни бука олишмади, миям ва юрагимга шайтон кириб олишига йўл қўйдим, у мени ўзининг шайтоний феъл-атворига шунчалик авраб олиб киргандики, мен одам ўлдирдим! Энди шайтон яйраяпти, ўйнаяпти, устимдан кулаяпти, ўзининг ғалабасидан мамнун бўлаяпти… Нега? Нима учун?”
– Қотил!..
– Қотил!..
– Қотил!..
Ҳар томондан акс садо қайтариб, аёл овози уни маломат қилар, устидан куларди. Бу бешафқат кулгидан қулоқлари чўғдай қизиди. У қўллари билан қулоқларини маҳкам қисиб олди.
Шу вақтда қоровул келиб қолди.
Қотилликдан кейин бир соат ўтгач, у ўзини гирдобга тушиб қолгандай ҳис этмоқда эди. Оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолди, боши берк кўчадан чиқиб кетиш йўлини қидирарди. Бир қарашда унинг омади чопгандай эди. Қоровул атайлаб кечикканди ва у уни кутишга мажбур эди. У бир кечага қолиши керак ва шарт эди. Ҳаммаси табиийдек кўриниши, ҳеч ким ҳеч кимдан гумон қилмаслиги учун баҳона ўйлаб топиш зарур эди.
Қоровул дастурхон солди.
– Кел, бирга овқатланамиз, – деди у дастурхонга нон ва шолғом қўйиб.
– Ростини айтсам, йўқ демасдим… Кейин уйга қандай етиб бораман? – сўради Қурбон. – Уйда ҳеч ким бўлмаса, ахир, бир ўзим тураман-ку.
– Меникида ётиб қоласан, – деди қоровул.
– Бўпти, сиз айтгандай бўлақолсин, – “таслим” бўлди Қурбон. – Хонадаги эски диванчада ётиб ухларман.
– Бир кеча минг кеча бўлмас, – Қурбонни қувватлади қоровул.
Қурбон учун бу тун ҳал қилувчиси эди. Айнан шу тунда у чора топиши керак, йўқса, тамом бўлади. Олдинда шанба ва якшанба. Дам олиш кунлари бу ерга келиши хатарли…
У бироз тинчланди.
– Мен ҳозир, бир сония, – деди у ва иккинчи қаватга югуриб чиқиб кетди.
Аёлнинг мурдаси у қолдирган жойда ётарди. У чарм курткасини кийди, сейфдан бир даста пул олди, чўнтагига суқди ва мурда юрагига ваҳима солишини ҳис этиб, пастга тушди. Аста-секин ўзига келиб, Қурбон нима қилиб қўйганини англай бошлади…
* * *
– Мен ҳозир келаман, – деди у ва спиртли ичимлик қидириб кўчага чиқиб кетди. Сийрак чироқлар дарахтларни, уйларни элас-элас ёритарди. Қоронғида унинг ваҳимаси бадтар хуружга олди. Бирдан хотини биринчи фарзандини туққани эсига тушди. Тонгга яқин соат тўртларда ҳамшира қиз унга қизли бўлганини айтиб, суюнчини олди ва ўз ишларига қараб кетаркан, унга бундай деди:
– Эрталаб онасига товуқ шўрва олиб келинг.
Ўша тунда ҳам у бир ўзи севинчи ичига сиғмай, оёқ остидаги фалокатдан бехабар кетиб борарди. Аммо ўшанда осмон мусаффо, юлдузлар жимир-жимир қилар, жилмайиб, уни табриклар эди…
Энди ўша осмон қоп-қора, оғир булутлар қоплаганди. Ўчакишгандай, биронта ҳам деразадан ёруғ тушмаётганди. Ҳар замон-ҳар замонда битта-яримта машина ёнидан ўтиб қоларди. Тун сирли, юракни сиқувчи эди ва у ҳеч ким, бирон-бир тирик жон унинг жиноятидан хабар тополмаслиги билан ўзига таскин берарди. Аммо дунёда одамлар кўзидан яшириш мумкин бўлган яна бир сир бўлмаса керак. У буни билар ва тушунар эди. Нима бўлса, бўлар!..
Қизи туғилган ўша тунда бор пулини доя қизга берган ва елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлган эди. Энди-чи? Бу тубсиз чоҳдан, бу қоронғи боши берк кўчадан қандай қилиб қутулиб чиқа олсин? Умуман, бунинг иложи бормикан? Қочиб кетсинми? Кимнинг олдига? У битта ҳам саволга жавоб топа олмас эди…
У бўм-бўш қаҳвахонага кирди. Официант қиз бир кишилик қовурилган жўжа, икки юз эллик грамм арақ, газак ва нон олиб келди. Товуқ гўштидан бир тишлам узиб олди-да, қадаҳни бир кўтаришда сипқорди, кейин яна… яна… Аммо на гўштнинг, на арақнинг таъмини туяр эди. Кўз ўнгида аёлнинг чеҳраси турарди. Ана, у стол орқасида пул санаяпти. Энди у бўйнига тортилган симдан бўғилмоқда… У ўзини ҳам кўрди: тик турганча бемалол аёлнинг бўйнига сим тортаяпти. Энди шўрлик аёл унга чуқур хандақнинг тубидан қараб турибди. Киприк қоқмай қараб турибди. Айнан мана шу нигоҳ уни даҳшатга солди. Томоғига бир нарса келиб тиқилди. У қадаҳдаги арақни охиригача сипқорди, унинг аччиғини ҳам билмади, сувдай кетди. Ҳар бир луқма, ҳар бир ютум арақ томоғида тиқилар, уни бўғарди.
У яна бир шиша арақ олди-да, ҳисоб-китоб қилиб, ташқарига чиқди. Қоровул ва аёл жасади унга мунтазир эди…
Қоровул иккаласи шишани бўшатди. Қоровул ўзи ҳақида гапириб берди, Қурбон – ўзининг Россияда кўрган қийинчиликлари, кредит қарз қистовлари, уйини сотгани, хотини болаларини олиб онасиникига кетиб қолгани ҳақида ҳикоя қилиб берди…
Тунги соат ўн бирда қоровул ухлаб қолди. У Қурбондан шамол синдириб юбормаслиги учун эшик-деразаларни ёпиб қўйишини сўради…
– Хотирингиз жам бўлсин, ўзим ҳаммасини қараб чиқаман.
Дарҳақиқат, иккита деразани очиқ қолдиришганди. У деразаларни ёпиб қўйди. Ходимлар ҳовлига чиқадиган орқа томондаги эшикка яқин борган эди, қараса, эшик очиқ экан. “Афтидан, ишчилар ёпишни эсдан чиқарган, қоровул ҳам ё ёпишга улгурмаган, ё эсидан чиқарган”, кўнглидан ўтказди Қурбон.
Воқеаларнинг бундай тус олишини, омад ўзига кулиб боқишини тасаввурига ҳам келтирмаганди ва бироз тинчланди. Сигарета тутатиб, бундан кейин нима қилиши кераклиги устида ўй суриб кетди. Қоровулнинг қошига борди. У тош қотиб ухлаб ётарди. Унинг елкасидан туртиб, ҳар эҳтимолга қарши сўраб қўйди:
– Калитлар қани? Анави ерда эшик очиқ қолибди, қулф осиғлиғ-у, калитлар эса йўқ…
У қоровулнинг эски камзули чўнтагидан калитлар шодасини олди. Яна битта сигарета тутатди. Бу жасаднинг олдига чиқиш учун энг қулай фурсат эди. Бироқ ҳаяжоннинг зўридан оёқлари оғирлашиб, унга бўйсунмаётганди. Қурбон ирода кучини бир жойга тўплашда устаси фаранг эди, бунга у болалик давридан ўрганган эди. Ўрнидан туриб, билдирмайгина бино ичига қадам қўйди. Иккинчи қават йўлагида чироқ ёниб турарди. У хонаси эшигини очди ва йўлак чироғини ўчирди. Ҳар хил ўй-фикрлару қўрқувни бир четга йиғиштирди-да, жасадни қучоқлаб елкасига ортмоқлади. Шўрлик аёлнинг танаси оғир ва муздай эди.
Атрофга кўз югуртириб, қоронғида овозсиз одимлай бошлади ва ўнгга бурилди. У ўз нафасини аниқ эшитиб турарди. Шу тариқа, у пайпасланиб биринчи қаватга тушди. Вестибюль эшиклари очиқ эди. Кучли шамол уни ағдариб юбораёзди. Аммо ундай бўлмади, у хиёл чайқалиб кетди, холос. Энди хандаққа бориши кераклигини Қурбон билар эди. Аёлнинг ўзи ресторанда шунга шама қилган эди.
Қоп-қора осмонда ёмғирли булутлар жунбишга келарди. Аммо Қурбон буни кўрмади. Сариқ япроқларини тўкиб, дарахт шохлари силкинарди. Йўлни у кундузи кўз тагига олиб қўйганди ва шу боис дадил юриб борарди. Нафасини ростлаб, у чўнқайиб ўтирди ва аёл жасадини ерга қўйди. Увушиб қолган елкасини уқалади, олдинга эгилди ва хандақ қопқоғини базўр очди, жасадни қопқоқ олдига судраб келди. Марҳуманинг оёқлари хандақ устида осилиб турарди. Қурбон ўрнидан турди, жасадни кўтарди ва… атрофга кўз югуртирди. Шамол куч билан увилларди. Қурбон кўзларини қисди ва жасадни бор кучи билан пастга итариб юборди. Унга тушиб кетаётган жасад овози атрофда қулоқни тешгудек акс садо бераётганга ўхшади. У титраб кетди, ғужанак бўлиб олди. Аммо атрофда пашша учса билинадиган сукунат ҳукм сурарди. У қопқоқни гурсиллатиб ёпди…
Бориб, эшикни қулфлаб қўйди. Калитлар шодасини беғам-бепарво уйқуни ураётган қоровулнинг чўнтагига қайта жойлади…
* * *
Кўчада ҳам, Қурбоннинг юрагида ҳам қиш аёзи жунбишга келган. Тез-тез бўралаб қор ёғар, гоҳо икки-уч кунгача узлуксиз ташларди, аммо ҳавонинг юмшоқлиги қорларнинг узоқ қолиб кетишига йўл қўймасди. Қор эриб кетарди. Кунлар бир тутам, бир-бирига ўхшаш, зерикарли. Қурбон қишнинг роса чўзилиб кетишини, баҳор кеч келишини худодан ёлбориб сўрарди… Агар бунга қурби етганида эди, борлиқ оламни, айниқса, ҳовли ва хандақни абадий музлатиб ташлаган бўларди…
Қоронғи тушмасдан у хонасидан чиқди. Уни арқонга солиб уйига базўр олиб кетишаётгандек эди. Аммо кундузи ҳам зиғирча ҳаловати йўқ. Ҳар гал хандақ ёнидан ўтаётганида эти жимирлаб кетар, юраги дук-дук урар, ўзини қўйгани жой тополмай қолар, асабийлашар, елкаси учиб-учиб тушарди.
– Раис, нон беринг, – бу сўзлар уни хаёл осмонидан ерга олиб тушди.
– Нима?
– Қорним оч.
– Раисни ҳам топибсан! Тиланчилик қилаяпсанми?
– Йўқ, фақат бугун…
Нотаниш киши кўринишдан Қурбонга тенгқур эди. Озғин, буғдойранг, кўзлари мунгли, қарашлари – илтижоли. Ранги унниққан костюмда. Оёғида йиртиқ туфли.
– Нега тиланчилик қилаяпсан? Кўринишинг соз – тоғни урсанг, талқон қиладигансан.
– Қора иш билан шуғулланаман. Уч кундан бери иш йўқ. Кеча тушда иккита сомса едим. Бугун бир тўғрам нонга ҳам зор юрибман. Итдай очман…
– Ҳа, аравани қуруқ обқочавер…
– Ўлай агар, ростини айтаяпман.
Қурбон чўнтагига қўл суқди. Нотаниш кишининг кўзларида умид учқунланди. Аммо Қурбон сигарета олиб, тутатди. Киши ғужанак бўлиб, бошини эгди. Қурбон оғзидан паға-паға тутун чиқариб, оғир хўрсинди.
– Арақ ичасанми? – сўради у.
– Устимдан кулманг, раис, бу яхшимас.
– Жиддий сўраяпман.
– Ишонинг-ишонманг, ҳатто таъмини эсдан чиқарганман.
– Юр мен билан.
– Қаёққа?
– Қўрқма? Овқат егинг борми? Юр, ортимдан қолма…
Ҳайронликдан оғзини очганча нотаниш одам у билан ёнма-ён йўлга тушди.
– Мен шу атрофда тураман. Беш дақиқалик йўл. Сен қаерда турасан?
– Мен туманданман.
– Ҳар куни шаҳарга келасанми?
– Йў-ўғ-эй. Бозор меҳмонхонасида яшайман…
– Ҳарқалай, кўчада қолиб кетмабсан-ку.
– Начора. Қарзга тураман. Иш топсам, турганим учун ҳақини тўлайман-да, оиламга қайтаман. Жонга тегиб кетди бунақа ит ётиш, мирза туришлар…
– Ўкинма, бу кунлар ҳам ўтиб кетар, – деди Қурбон. – Билсанг, қийинчилик ва муаммоларсиз ҳаётнинг қизиғи қолмасди.
Тезда қоронғи тушди. Оёқ остида сап-сариқ қовжироқ барглар шитирлар эди.
– Одамзоднинг ҳам мана шу япроқларга ўхшаб қадри қолмади, – хўрсинди нотаниш кимса.
– Жа гапирасан-да! Айтмоқчи, отинг нимайди, ваҳимачи? – сўради Қурбон.
– Исмат…
Қурбон бирдан қуриган қудуқ ҳақида ўйлади-да, жим қолди. Ҳалиги аёл уни умрининг охиригача таъқиб қилажагини эҳтимол биринчи марта аниқ ҳис этди.
– Итинг қопмайдими? – тўсатдан сўради Исмат.
– Нима? Ҳа… Йўқ, бу ит ҳуришга ҳам эринади.
Қурбон ит томонга йўл олди ва дарчани чертди. Дарча очиқ, уларнинг димоғига хамир ҳиди келиб урилди.
– Нон борми? – сўради у бошини ташқарига суқиб қараган боладан.
У бурилиб шеригига қаради-да, деди:
– Йўқ. Бугун биз тўйга буюртма олганмиз.
– Менга атиги тўртта нон керак. Мен сизларнинг доимий мижозингизман-ку, ахир.
Улар нонни олиб, нариги томонга ўтди ва кўҳна тўрт қаватли уй олдига борди. Қурбоннинг узоқ бир қариндошидан деярли сувтекинга олган бир хонали уйи биринчи қаватда жойлашган эди.
Қурбон чироқни ёққач, Исмат ҳадиксирабгина у билан изма-из ичкари кирди. Уйнинг ҳавосидан нафас олиш оғир эди. Қурбон бунга кўникиб кетганди, Исмат эса эътибор бергани йўқ, у тезроқ бирон нима еб олса бўлди эди. Аммо ичкаридаги тартибсизликни кўриб, ғалати бўлиб кетди. Гарчи ўзи қишлоқлик бўлса-да, тозалик ва тартибни яхши кўрарди, сиртдан сир бой бермасликка ҳаракат қиларди.
– Тўғри айтадилар, тўзиган уйга меҳмон келади деб, – тартибсизликлар учун кечирим сўрагандек деди Қурбон. – Тўғриси, хонага қарамай қўйганимга ҳам анча бўлди.
– Қўяверинг, ўзим супуриб-сидириб қўяман… фақат… – деди Исмат ва тутилиб қолди.
У очлигини яна эслатгиси келмади.
Қурбон чой қўйди.
– Қон босиминг баландми, пастми? – сўради у.
– Нимайди?
– Қора чой ичасанми, кўк чойми?
– Э-ҳа, қораси дуруст…
Қурбон ихчамгина эски музлаткичдан тўртта тухум олиб, қайнатгани оловга қўйди.
– Ҳозир картошка ҳам қовурамиз, – сигарета тутатиб, деди Қурбон. – Бизда тузлама бодринг, қурут бор, бироз қаттиғ-у, аммо бўлаверади. Пиёз ҳам бор. Биласанми, яқинда ишда биз йигитлар билан битта ёпган нону битта пиёз билан уч шиша арақни паққос урдик. Бошқа газак бўлмагандан кейин ҳамма нарса кетавераркан.
Меҳнатсевар Исмат уй эгасига, ифлос, сувоқлари шишган, ис босган деворларга қараб ҳайрон қолмоқда эди. Шаҳар марказида бунақасини кўраман деб сира ўйламаганди…
– Бир ўзим тураман. Супуриб-сидиришга ҳам, таъмир қилишга ҳам қўлим бормайди. Замон шунақа. Ҳамма бир бурда нон топиш ғамида, – ўзини оқлай бошлади Қурбон.
– Хотин, бола-чақаларингиз қаерда? – сўради Исмат.
– Туманда… Кўп бўлди бунга. Кўпроқ ишлаб топсам, олиб келаман уларни.
– Ҳа, уруш ҳаммани тўзитиб юборди. Мен қишлоқда ўқитувчи эдим. Аммо тўрт йилдан буён мактаб остонасини ҳатлаб ўтганим йўқ. Тўртала болам доим оч юради, кийимлари бир аҳвол. Илгари ер ижарага олдим, иккита қўчқорни сотиб, дон олдим. Яхши ҳосил оламан деб ўйлагандим-да… Ўхшамади… Энди мардикорлик қилаяпман. Муҳтожлик одамни ҳар кўйга соларкан, – алам ва андуҳ билан деди Исмат.
– Ҳаёт кун билан тунга ўхшайди, бир қарасанг ёруғ, бир қарасанг қоронғи, бир аччиқ, бир чучук. Аммо бандаси ҳаммасига чидаркан, – тасалли берди унга Қурбон. Кейин улар овқатлангани ўтирди. Ичишди, ейишди. Исмат хонани супуриб-сидиришга шайлана кетди.
– Манави кўрпа билан кўрпачалар. Тўшагин-да, ётиб ухла. Супур-сидирни эртага қиласан, – қатъий оҳангда деди Қурбон, диванга чўзиларкан.
Қурбон тушда қайтиб келди, уйига кирди-ю, кулбасини таниёлмади. Ҳаммаёқ саранжом-саришта, пол ёғ тушса ялагудек, ойналар чарақлаб турибди, ҳавосидан нафас олиб тўймайсан.
– Мана бу сенга қўшалоқ маош, – деди ич-ичидан қувонган Қурбон ва Исматга пул узатди. Сўнг ўйланиб туриб сўради: – Ҳеч савдо қилганмисан?
– Йў-ўқ…
– Ҳмм… Мато ўлчашни биласанми?
– …
Қурбон шкафдан ичига бир той мато солинган оқ қопни олди.
– Буни ол. Кредитга. Бозорда бир метри ўн икки-ўн тўрт минг туради. Мен сенга олти мингдан бераман. Хоҳла шу ерда – бозорда сот, хоҳла қишлоғингга олиб бор. Тушундингми?
– Ҳа. Аммо…
– Қўрқма, ўғирлик эмас. Илгари фирмага кредиторлар олиб келганди… пул ўрнига. Шеф арзон-гаров сотиб юборишга ҳам рози. Фойдаси сенга бўла қолсин.
Бошига гўё ҳумо қуши қўнган Исмат қаққайиб туриб қолди.
* * *
Бир неча кун ичида Исмат молни битта қўймай сотиб бўлди, ўзининг чамасига кўра мўмай даромад кўрди. Энди бошини баланд кўтариб юрадиган бўлди. Ҳатто томир уриши ҳам ўзгаргандек туюлди унга. У анча хотиржам, дадил кўринар эди. Яна бир неча марта Қурбондан мол олди. Сўнгги бор келганида Қурбон унга молни улгуржи бериш учун пулдор мижоз топишни тайинлади. Шунда у ёқдан-бу ёққа бориб келишга ҳожат қолмас, пуллар йўлга сарф бўлмас эди. Бир неча кун Исмат ҳаммасини бир бошдан ҳисоб-китоб қилиб, ҳар томонлама ўйлаб кўрди. Якшанба куни хотинининг “қўйинг-қўйинг”ига ҳам қарамай болаларини боқиб, рўзғорга яраб турган иккала сигирни сотиб юборди. Деярли барча пулни қўйнига тиқди-да, шаҳарга йўл олди. Иккита таниш мардикор учраб қолган эди, ўзининг бизнеси ҳақида чурқ этмади. Кўз тегишидан қўрқди…
Ичига нонлар, ҳолва ва бир шиша арақ солинган елим халтачани тутганча Исмат Қурбоннинг эшигини тақиллатди. Уй эгаси унга мунтазир эди…
* * *
Ишдан бўш вақтларида Қурбон доим ушбу тубсиз чоҳдан чиқиб олиш йўлини қидирарди. Аммо қидиришлари беҳуда кетарди…
“Ариза ёзиб ишдан кетишми? Сабабини сўрасалар-чи? Айтаман, туманга кетмасам бўлмайди, болаларимни соғиндим, хотиним билан ярашмоқчиман, дейман… Йўқ, бу жиддий сабаб эмас. Бунинг учун таътил кифоя. Кейин, ғалатироқ ҳам, қиш ҳали тугамаган, мен эса таътилга чиқмоқчи бўлсам. Йўқ, сабр қилиш керак. Борди-ю, жасадни топиб олишса-чи, ҳаммани бир бошдан сўроқ қилишади. Қурбоннинг таътилга чиққанини билишса борми, дарҳол ундан шубҳаланишади. Яхшиси, сабр қилиш… Хандақни тупроқ билан тўлдириб бўлмаслиги чакки бўлди-да. Юзлаб одам бедарак кетган. Ер тагида битта аёлнинг жасади ётган бўлса, дунё тескари айланиб қолмас. Тўхта, Қурбон, тўхта! Сен ҳаммасини шунақанги остин-устун қилиб ташладингки, бир қадам юролмайдиган бўлиб қолдинг. Яхшиси, хандаққа яқин йўлама. Бу жуда муҳим. Иттифоқо битта-яримтанинг кўзи тушиб қолади-да, ўша ерда айланиб юрганини кўрувдим, дейди. Хандақни хаёлингга келтирма, ўйлама ҳам. Билдингми? Ҳеч қанақа хандақ-пандақни билмайман, тамом… Қор ва ёмғирлар изингни аллақачон ювиб юборган…”
Ўзини ўзи алдаб тасалли топди, Қурбон ҳали эсини еган одам эмас. У ўша хандақни ҳеч қачон унутмайди, унута олмайди, ўла-ўлгунча хотирасидан бир қадам нари кетмайди. Бунисига у тўла кафил…
* * *
У типпа-тик турарди, аммо унга танасида жон йўқдай туюларди. У латта-путталардлан ясалган “қўриқчи”га ўхшарди. “Қўриқчи”нинг қўлидан фақат қушларни қўрқитиб қочириш келарди, холос… Ўзини танимай қўйганига анча бўлди, бамисоли ўзи ўзига бегонадай. Бутун умри майда бўлакларга бўлиниб кетганди, энди уларни ҳеч бир мўъжиза билан ҳам бир-бирига елимлаб улаб бўлмайди. У ўзини абадулабадга йўқотганди…
Ҳаводан баҳор ҳиди анқирди. Қурбон баҳор келишидан ажалдан қўрққандай қўрқарди.
“Ҳали бодом гуллагани йўқ”, ўзига тасалли берарди у…
Аммо тақдирини Нисо билан боғлаган ўша олис кунда бодом оппоқ бўлиб гуллаганди. Уларнинг кўзлари бахтдан ёнарди. Кейин улар “Дилписанд” ресторанига боришди. Ҳамма еб-ичиб, ўйин-кулги қилди. Нисо бемисл даражада гўзал эди. Парининг ўзгинаси. Тўй бошланишигача ҳали вақт жуда кўп эди. Қурбон ҳаммани далага боришга таклиф қилди. Очиқ ҳавода хушчақчақлик қилишга нима етсин! Буни Қурбон тўйдан анча олдин ўйлаб қўйганди. Албатта, сир тутиб, бировга айтсанг, сўзсиз кулади. У қўни-қўшнилардан биронтасининг келинчагини далага айлангани олиб чиққанини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасди. Аммо баҳорги кенг ва кўм-кўк дала Қурбонга жуда ёқар эди. Ўз қайлиғи, жону дили Нисони бу ерга олиб келаман деб ўшанда онт ичиб қўйганди… Унинг орзуси ушалди ҳам. Машиналар турнақатор бўлиб боғ олдига келиб тўхтади. Карнай ва сурнай садолари узоқ-узоқларга тараларди. Дунёдаги бор нарсани унутиб, ҳамма ўйин-кулги қиларди.
– Кетдик! – шивирлади Қурбон келинга.
– Қаёққа? – сўради Нисо.
– Боққа! – деди у ва қайлиғини белидан тутганча дарахтлар орасига бошлаб кетди. – Биз ҳозир келамиз! – қичқирди у орқасига бурилиб қараб.
Улар бутали девордан ўтишди, таажжубдан Нисо нима қилишини билмасди, тили калимага келмаётганди. Кейин эса, кейин ҳаяжон ва севинчдан чапак чала кетди, қўлларини олдинга чўзиб, чир айланди. Оппоқ бўлиб қийғос гуллаган бодом дарахтларини кўриб, тўлқинланиб кетди.
Улар ҳам худди келин билан куёвни қарши олаётгандек саф тортиб турар эди. Кейин қўлларини қўлларига бериб, икковлон дарахтлар оралаб югуриб кетди. Тўсатдан Қурбон келиннинг қўлидан тутди. Улар бир-бирининг нафасини аниқ эшитиб турар, нигоҳлари бир-бирига зор-интизор боқар эди. Улар биринчи бўсалардан масту мустағриқ бўлди.
Кимдир салом бериб, Қурбонни хаёл осмонидан ҳақиқий ерга туширди, улар кўчада туришарди, бу ерда… мана, бир ҳафтадирки, Қурбон у ёққа боришдан қўрқади, журъати етмаётганди. Охир-оқибатда болаларга меҳри ва Нисони кўриш истаги ғолиб келди. Аммо у хотини ва болаларига нима дейишни, уларнинг маъсум кўзларига қандай қарашни билмасди.
Пайшанба куни эди. Аммо Нисо учун бунинг ҳеч қандай маъноси йўқ эди. У аллақачон ҳафталар ҳисобини эсидан чиқариб юборганди, зеро, унинг учун ҳаётнинг ҳеч қандай маъноси қолмаганди. Ҳозир Нисо ивитилган сомон билан қириндини тоғорада аралаштириб, терт қораяпти. Қўйлар бир-бирини шохлаб, турта-турта терт еяпти. Кўзининг қири билан онасига қарайди. Айвонда данак чақиб ўтирган кампирнинг серажин юзи роса озиб кетганди. Қизининг тақдирига куяди, камдан-кам гапиради, кўпроқ нималарнидир ўйлайди. Нисо уни тушунади. Онанинг изтироб чекканини кўриб, бунинг учун ўзини айбдор деб билади.
– Данакка қарайман-да, ҳайрон қоламан, – дейди она, – унинг тақдири жудаям қизиқ-да. Инсон мағиз ва данакни ейди-да, пўчоғини оловга ташлаб ёқиб юборади.
– Чунки яхши ёнади-да, – деди Нисо, ўйлари билан бўлиб.
– Эринг кўриниб қолганмиш, эшитдингми?
Нисо ҳеч нима деб жавоб бермайди.
– Болаларини соғинган бўлса керак… юраги тошдан эмас-ку, ахир, кўргани келгандир, – деди кампир ва лабини тишлади, афтидан, айтган гапидан пушаймон эди.
– Билмадим, – деди Нисо аста ва тоғорани кўтариб, қўйлар томон кетди.
Узоқ тунларда болаларини ухлагани ётқизиб, у ўзининг муздек тўшагига суқулади, тун қоронғилигида тонггача ўйга ботади.
Тақдир уларнинг бошига нималар солмади. Бойиб кетиш ҳаваси, балойи нафс уларни уйдан маҳрум қилди, юзларини ерга қаратди ва охири оила бошига етди. Қурбон асли эҳтиёткор, узоқни кўзлайдиган одам эди. Мана бу лаънати пуллар уни йўлдан оздирди. Ўзига келганда эса кеч бўлганди; қулоғигача қарзга ботди, унга ҳар куни дўқ қилар, ҳақоратлар эди. У бу ботқоқдан қутулиб чиқиш учун ўзини ҳар ёққа урар эди…
Шармандаликдан қутулиб қолиш учун улар охири ота уйини сотишди, акаси бир хўжалик ерини берди, опа-сингиллари қимматбаҳо дур-гавҳарларини гаровга қўйди ва пул олиб келишди. Аммо қарзни уза олмадилар. Ойисини акасининг уйига ўтказишган ўша кунда тўрт нафар кредитор келди. Ўн кун муддат беришди.
– Акс ҳолда, – дейишди улар Қурбонга, – хотинингни олиб кетамиз-да, у билан “ҳашар-ҳашар” ўйнаймиз.
Қурбон ер ёрилмади, ерга кириб кетмади. Аммо ўзининг гуноҳини билгани учун оғзига талқон солиб олганди. Ўша куни тунда улар мижжа қоқмади. Эрталаб Қурбон аллақаёққа кетди. Беш кундан кейин у нотариус тасдиғидан ўтган уч хоналик уйнинг ҳужжатини олиб келди ва қарзларини узди.
Душанбедаги уйларидан маҳрум бўлишганини Нисо кеч, ёзнинг охирида эшитди. Бу унинг сўнгги умиди эди. Нисо ҳам болалари билан ойисиникига кетишга мажбур бўлди. Бошқа борадиган жойи ҳам йўқ эди-да. Худога шукурки, укасининг хотини яхши аёл эди, бунинг устига синфдоши эди… Шу тариқа уч ой ёз ичида уларнинг ҳаёти чаппасига айланиб кетди.
Табиатан қаноатли ва бардошли аёл бўлган Нисо аксар ўз ҳаётини бошқаларники билан солиштирарди. Бошқаларнинг қандай яшаётганини кўриб, ўзига тасалли берарди. Баҳорнинг бошида уникига синфдоши, қўйдай ювош Гулнора келганини ҳеч эсидан чиқармайди. У Самара бозорларида уч йил савдо-сотиқ қилганини ва бир дунё пул тўплаганини мақтаниб қолди… Юзлаб аёллар ва қизлар уйларидан олисда бир бурда нон топиш учун азоб чекиб юрганини Нисо шунда билди.
– Эринг қалай? – сўради у дугонасидан.
– Россияга кетувди, аммо қайтиб келди. У ерда полициячилар эркакларни талар экан. Поездларда ҳам кун беришмас экан. Бўлмаса-ку…
– Уч йил дедингми? Оиланг-чи? – яна сўради Нисо.
– Жа гапирасан-да! Сен ҳали нонни “нанна” деб юрибсан. Хумори ёмон бўлади, оёқ олиши бежо бўлиб қолади… кечирасан-у… ўзи шунақа бўлади-да. Эркин, беғам бўлганингдан кейин кўзингга на оила, на бола-чақа, на эр кўринади. Уч-тўрт кўчани айланиб кўр, ўнлаб рўзғорлар ўз-ўзидан бузилиб кетаётганини кўзинг билан кўрасан… муҳтожлик ва очлик – туққан онанг эмаски, бошингдан силаса.
– Жуда олов бўлиб кетибсан-ку, – деди Нисо.
– Дилором қилтириқни билармидинг? Биздан икки синф кейин ўқирди-ку. Уйлари анҳор бўйида, кўприк ёнида эди. Қисқаси, унинг эрини худо урди. Яшириб, хотинининг тилла тақинчоқларини, рўзғор буюмларини битта-битта олиб чиқиб арзон-гаровга сотарди, пулига ичарди. Тўшакда хотинини эсламасди ҳам. Ер ютмайдими бунақа эрни.
– Бу ҳам ҳолва-ку, – жилмайди Нисо.
– Кимга қанақа-да, – деди Гулнора ва сайраб кетди. – Қисқаси, Дилоромхонимиз чинакам эркакча эркалашларни кўнгиллари тусаб қолди. Бунақа ярамасларга дарров топила қоладиям. Эрининг гоҳида уларникига келиб турадиган бир дўсти бу “муаммо”ни ечишда ёрдам бериб юборди. Эрни бўктириб ичириб қўйишади-да, у ёқда ишрат қилишади… Натижада оила барбод бўлади. Мана шу “ёрдамчи” Дилоромни Самарага олиб кетади. У ерда эса у ортиқча нонхўрга айланади. Қарз кўтариб, шўрлик Дилором бизнес билан шуғулланади. Шундай тоифа одамлар борки, бир ўзи қолгач, бетизгин ҳайвонга айланади. Мен ўзим ҳам фаришта эмасман. Аммо Дилором ўзини қўйворди, фоҳиша бўлиб қолди.
– Сизлар маза қилиб томоша қилиб ўтиравергансизлар, – деди лол қолган Нисо.
– Бизнинг замонда биров бировга ақл ўргатмайди. Энди нима билан тугаганини эшит. Бор-йўғидан маҳрум бўлган, таҳқирланган, шармандаи шармисор бўлган Дилором ичишга берилди. Бирдан унинг қартавозларга илакишиб қолганини билиб қолдик. Қароқчи ва қотиллар уни туман марказига олиб келишади. Ростми, ёлғонми, Дилором ўн икки яшар қизини ўзи билан Самарага олиб кетади. Ота қарғишини олган Дилором ўғриларга ўз қизини сотиши қайси ақлга сиғади? Тўғрироғи, қизини қартада ютқазиб қўйган бўлади.
– Вой тавба! Ўз қизини…
– Энг ёмони, ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ… Кимга зарил кепти…
Нисо уйига келиб қараса, қўйлар тертни аллақачон еб бўлибди, у бўлса, бўм-бўш тоғорани қўлида ушлаб тик турибди.
Она ҳамон данак чақарди. У болаларининг ёнига келиб ўтирди, уларнинг бошларидан силади, кичкина Дилафрўзнинг манглайидан ўпиб, уни меҳр билан бағрига босди.
– Эрим келиб қолармикан… – деди Нисо ҳовучидаги данакларни қисмлаб.
– Келади, келмай қаёққа борарди, – жавобан деди она. – Нима бўлганда ҳам қонуний эринг.
– Хамир қориб, қатлама нон пиширай, – ирғиб туриб, маслаҳат солганнамо деди Нисо.
– Жуда соз, қизим, – суюниб илжайди она. – Иссиқ нон – одамнинг юзи. Қара, қанча данак пўстлоғини йиғиб қўйибман. Тандир бирпасда қизаради.
“Бир ярим йилдан буён бошқа-бошқа яшаймиз. Шунча вақт машаққат тортишнинг ўзи бўларканми, худо билсин, қаерлардайкин”, ўйлади Нисо.
Қурбон ўйлаганининг акси бўлиб чиқди. Қайнотасининг уйида уни жуда илиқ қарши олишди. Болалари учунми ёки ростданам уни соғиниб қолишдими? Нима бўлганда ҳам у чолнинг, ҳатто Нисонинг кўзида ҳам араз ё ғазабдан асар кўрмади.
Нисо уй чироғини ёқди.
– Соғлиғинг қандай? – сўради Қурбон хотинига қараб.
– Раҳмат, ёмон эмас, ўзимизнинг мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпман, – жавоб берди Нисо чўчиганнамо, дастурхон соларкан. – Ўзингиз қалайсиз? Қандай шамол учирди?
– Душанбедан келганимга уч кун бўлди. Ойимни кўргани бориб тураркансан, раҳмат бунинг учун. Кампиршо сендан жуда миннатдор. Сени дуо қилади.
Нисо ош қилди, қоронғи тушгунча Қурбон болалар билан ўйнади, улар нима ҳақдадир суҳбатлашди. Қурбон севинчининг чеки йўқ эди. Болалар эса унинг атрофида чарх урар, олдингидай унга етишиб олар ва сира ундан ажрагилари келмасди. Кейин улар кексалар билан бирга паловхўрлик қилишди. Қайнота унга арақ таклиф қилди, аммо Қурбон кейинги сафар албатта ичаман деб кўнмади. Нисонинг отаси қисталанг қилиб ўтирмади. Чой ичишди-да, қариялар ўзларининг хонасига кетишди. Болаларни ҳам ўзлари билан олиб кетишди.
– Мен… хуллас… бироз… – у чўнтагидан тугунча олди-да, стол устига қўйди. – Ол, бу болаларга.
Қурбоннинг “пул” дейишга тили бормади. Айнан пул уларнинг бошига мусибат солган, дуппа-дуруст оилаларини йўққа чиқарган эди.
Нисо бир оғиз бир нарса демади. У тугунни ечди-да, пулларни ҳидлади.
– Бу қанақа ҳазил бўлди тағин? – ҳайрон бўлди эр.
– Катта пулларнинг ҳиди бошқача бўлади деб эшитгандим.
Нисо: “Бу пулларни қаердан олдингиз, қарз-парзга эмасми?” – деб сўрамоқчи бўлди-ю, аммо кўнглига олмасин деган иштибоҳдан индамай қўя қолди.
– Энди… – Қурбон ўрнидан турди.
– Нима “энди”? – Нисо ҳам ўрнидан турди, унинг овози ишончли ва дадил чиқарди.
– Энди борай демоқчиман…
– Дарров олисни соғиниб қолдингизми? Ёки…
Қурбон ўтириб, бошини қуйи солди. У Нисо олдида ўзини гуноҳкор ҳисобларди. Иккаласининг ўртасида қандайдир ғов бор эди. Бироқ Нисо шартта эрининг олдига борди-да, уни қучоқлаб олди, бошидан силади, ўпди ва йиғлаб юборди. Унсиз, аччиқ-аччиқ йиғлади. Кейин сал ўзини босиб олгач, деди:
– Ҳеч қаёққа бормайсиз. Ҳеч қаёққа. Кутавериб, кўзларим тешилди, чарчадим…
Ўша куни тунда Нисо Қурбонга ўзининг бор меҳри, севгиси ва аёллик лутфини ҳадя этиб, дунёдаги ҳамма нарсани унутди. Қаттиқ уйқуда ичига кириб ётган бундай оғушларни Қурбон умрида кўрмаган эди. Нисо эса яна анчагача эрини суйиб-эркалаб, сочларини силаб ётди…
Қурбон жасадини хандаққа ташлаган аёл унинг тушига кирди. Аёл уни шаҳар кўчаларида қувлаб юрганмиш. Шаҳар зулмат оғушида эмиш. Бироқ ўлик аёл сира уни кўздан қочирмаётганмиш. Тез чопганидан, қўрқув ва даҳшатдан Қурбон бўғилармиш. Тинкаси қуриган ва ўлай-ўлай деб қолган Қурбон ўзининг ифлос бир хонали хонадони эшигигача аранг етиб олади. Калитларни олмоқчи бўлган эди, бироқ чўнтаги очилмайдиган қилиб тикиб ташланганмиш. Орқадан ўша хотиннинг кўлкаси пайдо бўлади. Шунда ертўланинг темир эшиги қаттиқ ғичирлаб овоз беради. У пастга тушади. Туртиниб кетиб, ҳарқалай, ерга йиқилади. Бироқ ўзини қонга бўялган Исмат қучоғида кўради. Қўрқув ва даҳшатдан қичқириб юборади. Аммо овози бўғзида тиқилиб қолади…
– Туни билан уйқунгизда босинқираб чиқдингиз, – деди эркалаб Нисо. Аммо сабабини сўрамади.
Қурбон сир бой бермади. Нонуштадан кейин бугун кетишини айтди. Баъзи ишларни битириб бўлгач, дастлабки имкониятдаёқ уйини сотишини ва Нисонинг олдига қайтишини айтиб, ваъда берди.
– Бир бурда нон ҳар жойда топилади, – деди у.
Бошқа ҳеч ким билан хайрлашмай тўғри вокзалга йўл олди. Нисони охирги марта кўрганини ва болаларини охирги марта бағрига олганини у билмас эди.
* * *
Туриб-туриб ўзимга ҳайрон қоламан: бу поезд мени қаёққа олиб кетаётганини биламан-у, аммо қаергача олиб боришини айта олмайман. Тақдирига нима ёзилганини билмайдиган одамга ўхшайман. Агар инсон эртага нима бўлишини, миясига қандай ўйлар келишини, кимлар билан учрашиб қолишини билганида борми, дунё бошқача бўларди, ҳаёт тарзи, фикрлари, феъл-атвор, аъмоллар мутлақо бошқача бўларди. Агар худодан, қонундан, интиқомдан қўрқмаса, юз одамдан тўқсонтаси алдаш, ўғирлаш, талаш, номусга тегиш, ўлдириш сингари қаттиқ гуноҳлар содир этишдан ҳайиқмаслиги исботланган. Шунинг учун ҳам мен одамларнинг юзига узоқ-узоқ тикилиб қарайман-да, ҳеч нарсага ақлим етмай лол қоламан.
Ҳаммаси бўлиб атиги икки соат ўтди, бор-йўғи беш бекатни ортда қолдирдик, эркагу аёл, ёшу қари тиланчилардан етти нафари вагонимизга кириб улгурди. Бари Қуръондан уч-тўрт оятни қироат қилди, бошқаси яхши дуолар қилди, яна бири оқ йўл тилади. Кўр қария эса узун бир қасидани ўқиб берди. Ҳаммаси пул учун…
Тиланчилар билан аралаш-қуралаш бўлиб, бир гала аёллар қурут, ёпган нон, сомса, баргак, писта, сигарета, колбаса, қатиқ, тухум ва арақ сотиб юрар эди. Вагон бўйлаб ҳеч кимни назар-писанд қилмай у ёқдан-бу ёққа изғийдилар, қичқирадилар, шовқин соладилар, молларини мақтайдилар… Менга шундай туюладики, ҳеч ким текинга дуо қилмайди, оч болага бир тўғрам нон, битта қанд бермайди. Оллоҳ! Булар ҳам етмагандай худди ер тагидан чиққандай тўрт нафар лўли пайдо бўлади. Эгниларида йиллар совун кўрмаган рангдор, қопсимон олачалпоқ гулли кўйлаклар, сочлари ифлос, пахмоқ, кўзлари ҳорғин. Аммо тиллари нақ олти қарич дейсиз! Худди ўзларининг тўдасида бўлганидек, чегара-чегара қилиб тақсимлаб олишади-да, ундан кейин ишга киришишади. Лўли хотинларга ҳам пул керак… Вагоннинг ойналари синган, гўё бу йўловчилар эмас, маҳбуслар поезди каби панжарали деразадан бефарқ қарайман. Ана, бир киши ўғли билан ер чопаяпти. Яна икки нафари ғишт қуйяпти. Анови қизалоқ эса сигир боқиб юрибди ва қўшиқ хиргойи қилаяпти, сал нарида трактор кенг ерни ҳайдаяпти.
Бахтга қарши баҳор келди. Барибир келди.
– Ако, келинг, фол очиб қўяман. Тақдирингизда борини айтиб бераман.
Овоз эгасига кўзимни кўтариб қарадим-у, қўрқиб кетдим. Бу ёш лўли қиз мен жасадини хандаққа ташлаган аёлга жуда ўхшаб кетарди.
– Вақтим йўқ. Бор, йўлингдан қолма.
Лўли қиз қўлимдан тутди-да, тирноқларимга назар солиб чиқди.
– Яхши одам, болаларингни қурбони бўлай, бундоқ дема. Йўлинг узоқ, сен соппа-соғсан, касаллик сенга дахл қилмайди…
Мен жилмаяман, чунки жигарим касаллигини, гоҳо менга азоб беришини билар эдим.
– Бекор айтибсан.
– Мана буни кўропсанми?
Лўли иккиқат эди.
– Сенинг қорнингдагининг менга нима дахли бор?
– Сенга эмас, менинг эримга дахли бор. Мен иккиқатман, мен алдашим мумкин эмас. Иккита нонга пулингни қизғанма. Тепамизда осмон, оёғимиз тагида ер, мен тўғрисини айтаман, хотининг сени севади, қўлингдаги чизиқлар унча аниқ эмас. Аммо қайғули. Сен мендан хафа бўлма, бегона хотин сени роса қийнаяпти, таъқиб қилаяпти… Сен ундан қутула олмаётибсан…
– Ма, пулни ол-да, мени ўз ҳолимга қўй! – шундай дея кафтимни унинг ғадир-будир қаттиқ қўлларидан бўшатиб олдим.
“Нодон лўли, аҳмоқ! Қаршингда қотил турганини қаёқдан билардинг”, кўнглимдан ўтказдим мен.
Иккиқат лўли пулни олди-да, қаршимдан даф бўлди. Аммо юрагимда қора доғ анча вақтгача сақланиб қолди.
Купедошлар тановул қилишга киришиб кетишганди. Мен манти ва нон олдим. Лўли тўғри айтган эди: йўл узоқ…
* * *
Бир туннинг ўзида пойтахт об-ҳавоси бузилди, қор учқунлари ерга қўнишга улгурмай, ўша заҳоти эриб кетарди. Поезд икки соат кечикиб келди. Қурбон перронга чиқди, шаҳарда осмон булутли эди. У совқотганини ҳис қилди. Аммо барибир пиёда ўтишни маъқул кўрди. Эҳсон исмли ёш, очиқкўнгил бир йигит шулар билан бир купеда кетаётган эди, у йўл бўйи ҳаммани овқатлантириб, ҳазиллашиб, латифалар айтиб келди. Энди улар билан хайрлашди-да, эски бир “Москвич”га ўтириб, жўнаб кетди.
“Жуда ғалати одам экан, – ўйларди Қурбон, уйга йўл олар экан. – Ниманидир ўсмоқчилайди, ҳамма нарсани билгиси келади”.
Ўйлари билан бўлиб у уйга қандай етганини билмай қолди. Лиқ тўла елим халтани деворга тираб, қўшни хотинга қўнғироқ қилди.
– Ким? – таниш овоз Қурбоннинг қулоғига чалинди.
– Зина хола, бу мен, – деди у.
Бир ўзи яшайдиган Зина хола занжирни чиқармай эшикни қия очди.
– Э-ҳа-а, салом! Хуш келибсиз!
– Раҳмат! Калитларни беринг.
Афтидан, калитлар эшик ортида осиғлиқ эди, чунки кампир ўша заҳоти уларни узатди.
– Узр, ухлаётувдим… кийимларим… – узрини айтди Зина хола.
– Тушунарли. Сизга қурут билан ўрик туршаги олиб келдим. Кейин олиб кираман.
– А-ҳа… майли…
“Кийимсиз эмиш. Қари кампир кимга керак?” ўйлади у ва ҳар эҳтимолга қарши сўради:
– Мени ҳеч ким сўрамадими?
– Йўқ, йўқ! Ҳеч ким келмади, – шошиб жавоб берди кампир, эшикни ёпди-да, телефонга югурди.
Аёл ростини айтмаётганди.
Аммо қоронғида қўшнисининг юзини кўрмаётгани учун унинг алдаётганини Қурбон сезмади.
Ўзининг ифлос, файзсиз хонадонига кирар экан, Қурбон соатига қаради. Миллар кундузги иккини кўрсатиб турарди. У дераза олдига борди-да, кир пардани сурди.
“Олтигача мизғиб оламан. Ухламасам бўлмайди. Сўнгги қор. Бугун тунда иш кўп бўлади… иш кўп бўлади”…
Курткасини илиб, кийим-пийими билан каравотга таппа ташлади ва ўша заҳоти ухлаб қолди. Асаблари жойида эди, унинг ҳисоб-китоблари панд бермаслиги керак. У роса тўрт соатдан кейин уйғонади.
Қоровул уни кутиб турарди. Барибир Қурбон эшикни тақиллатганда бироз ҳаяжонланди, тараддудланди, гўё олдида эски ҳамкасби эмас, еттиёт бегона одам тургандай.
Навбатчининг савол-жавобларидан кейин Қурбон деди:
– Ёлғиз одамга қийин. Бугун келдиму шу ёққа, ишга юборишди.
– Зўр. Ўтирамиз-да иккаламиз. У ёқ-бу ёқдан гап сотамиз.
– Соғ бўлинг! Суҳбат ёпишиши учун мен бир нарса олиб келдим, – дея Қурбон халтачадан икки шиша арақ, газак олиб қўйди.
– Буниси энди ортиқча, – деди қоровул чойнакни чайгани чиқар экан. – Ростданам ортиқча.
– Мен бир ҳафтадан бери йўқ эдим. Бирон янгилик-пангилик борми? – сўради Қурбон, қоровул қайтиб келгач.
– Қайдам, ҳаммаси ўша-ўша. Айтишларича, душанбада тафтиш бошланаркан.
– Унда айни пайтида келган эканман-да, – деди у ва сигарета тутатди.
Қоровул соатига қаради.
– Энди кеч. Ҳойнаҳой бошқа тупроқ олиб келишмаса керак. Сиз чой дамлаб туринг, мен бориб дарвозани қулфлай. Кўчада қор ёғаяпти, шеф эса бир неча машина тупроқ келтиришни буюрган.
– Келинг, яхшиси, мен борай, – Қурбон жавобни ҳам кутмасдан қоровулдан калитни олди ва деди: – Тошлар ўрнига гуллар очилиб турса ёмонми?
Уй эшиги очиқ эди. У ҳовлига чиқди. Бир қадам ташлаб у хандақ қопқоғига қаради. Ёнгинасида икки уюм тупроқ тўкилган. Ҳовлини тошдан тозалаб қўйишганди. Ҳаммаёқни чанг қоплаган. Қурбон дарвоза томон бепарво юриб кетди. Қулфни илди-да, чуқур хўрсинди.
“Сўнгги қор… қандай қилиб бўлмасин хандақни тупроққа тўлдириш керак… кейин кеч бўлади…” Ўчиб қолган сигаретини итқитиб, уй эшигини ёпди ва кўзи темир мисранг, бир нечта белкурак ва челакларга тушди… “Худди махсус мен учун тайёрлаб қўйилгандай…”
Чор атроф тун зулмати қўйнида. Қор майдалаб урарди, осмонни оқ парда қоплаган. Қурбон қоровулнинг олдига қайтди. Ярим тунгача иккаласи хумордан чиққунча ичиб, гап сотишди. Охири қоровул қаттиқ маст бўлиб қолдим деди-да, каравотга бориб ётди, кўп ўтмай у хуррак ота бошлади.
Аммо Қурбон маст бўлмаганди. Миясида оғир ўй айлангани-айланган эди – тезроқ хандақни тўлдириш ва аёл жасадини кўмиш. У қалин юнг адёлни олди-да, совуқдан ногоҳ уйғониб қолмаслиги учун қоровулни адёл билан ўраб қўйди.
Кейин хотиржам, керишганча сигарета чекди, чироқни ўчирди ва ҳовлига чиқди. У аввалига осмонга, хандаққа ва унинг ёнидаги тупроқ уюмига бир-бир қараб чиқди. Кейин бинога қайтди, иккинчи қаватга кўтарилди, резина этикни кийди. Совуққон бир ҳолатда ишга киришди.
Аввалига қийинчилик билан мисранг ёрдамида хандақ қопқоғини сурди. Димоғига қандайдир ачимсиқ ҳид урилди. Бу ириётган жасад ҳиди эканини билмасди. Журъат билан хандақ тубига кўз солди, аммо қоронғида ҳеч нарсани кўрмади.
Шаҳар уйқуда. Аҳён-аҳёнда ўтиб кетаётган машиналар овози қулоққа чалинарди. Бир ярим-икки соат ичида Қурбон хандаққа тупроқ тўлдирди. Бадбўй ҳид аллақаёққа йўқолганди. Кўнгил тўқ бўлиши учун у яна йигирма челак тупроқ ташиб чиқди. Кейин ҳеч ким билмаслиги учун тупроқ уюмини текислади-да, овоз чиқармай қопқоқни жойига суриб қўйди ва шундан кейингина енгил нафас олди. Қор тинимсиз ёққани-ёққан, ерга қор парчалари оҳиста қўнарди. Қурбон этигини тозалади ва бинога кирди. Қоровул ҳамон уйқуни урар эди. Гугурт олиб бориб, хандақни қаеригача тўлдирганини кўрмаганидан афсусланди. У йўталиб қўйди. Шу аснода чироқ ёнди. Қурбон кутилмаган ҳолдан титраб кетди ва бир жойда қотиб қолди. Рўпарасида Эҳсон турарди – бу ўша поезддаги қизиқчи бола эди.
– Нима гап? – ғудранди Қурбон ўзига келиб.
– Поездда суҳбатимиз чала қолувди, суҳбатингизни олгани келувдим.
– Нима тўғрисида? Тушунмадим… – деди Қурбон бепарволарча сигарета тутатиб. – Тасодифан мен сизга керак эмасманми?
– Сиз бир нарсани тушунтириб беринг, нима учун ярим тунда хандаққа тупроқ ташидингиз?
Лол қолган Қурбон атрофга аланглади. Орқада икки нафар норғул йигит турарди.
– Мен…
– Бекорга овора бўлибсиз-да. Бўш хандақни тўлдиришдан не маъно бор эди? Кимга керак эди? Жиноятчига, албатта. Қотилни топишимиз учун бизга рад этиб бўлмайдиган далил-исботлар керак эди. Тахминларимиз тўғри чиқди, шубҳалар барҳам топди.
Қурбонни олиб кетишганида қор тўхтаган эди. Сўнгги қор…
* * *
Катта терговчи Эҳсон Қодиров тажрибали изқувар эди, унинг чекида озмунча қўлга туширган қотиллар сўроқлари ётибдими. Аммо нима учун Қурбон бундай қотилликка қўл урганини ҳали-ҳанузгача тушунолмаётганди. Агар бошқа жиноятлар билан қиёсланса, у бўғиб ўлдирилган қурбонлар ваҳшийликда бунинг олдидан ўтаверсин. Ҳар гал у ёки бу жиноий ишни ёпар экан, у ўзига гапириниб қўяди: одамшунослик деганлари бунча оғир илм бўлмаса.
Қоровулнинг фикрича, идорадаги барча ходимлар бизнесда касодга учраган Қурбонни “бечора”, “қўй оғзидан чўп олмаган” деб атаркан. У бўлса… Ҳатто тажрибали Эҳсон ҳам бошида Қурбонга ишонай деганди. Телевидениенинг жиноят бўйича йилномасида Қурбоннинг фотосувратини кўрсатдилар, эртасига милицияга икки нафар мардикор келди ва кечаги қотилни таниймиз деди. Улар қотил билан бирга дўстлари Исматни ҳам кўрганларини айтишди. Шундан кейин Исмат ғойиб бўлган. Яна шу нарса маълум бўлдики, мардикорларнинг олдига Исматнинг хотини келган ва уларга Исматнинг фотосувратини кўрсатган. Сўнгги вақтларда Эҳсон Қодиров айнан Исматнинг ғойиб бўлиш сирини ўрганиш билан шуғулланган. Унинг тилаги билан Қурбонни сўроққа олиб келишди. Улар иккаласи юзма-юз қолди. Эҳсон индамай сигарета тортар, гоҳ-гоҳ Қурбонга қараб қўярди.
Эҳсон жилддан фотосувратни олди-да, қўлида узоқ ушлаб турди. Қурбон чурқ этмаётганди.
– Сен, – хотиржам, аммо чертиб-чертиб деди, – чиндан ҳам ифлос экансан!
– Тағин нима дейсан? Мен ҳаммасига иқрор бўлганман.
– Ҳаммасига дейсанми? Мана бу нима бўлмаса? – деди Эҳсон Қодиров ва фотосувратни Қурбоннинг олдига қўйди.
Қурбон бошга неки тушса ҳаммасини кўришга тайёр эди, афтидан. Аммо мана бунисига эмас: фотосувратдан унинг тўртала фарзанди қараб турарди, уларнинг нигоҳига бардош беролмай, у сувратни ағдариб қўйди.
– Мени хўрлашнинг кераги йўқ. Бу менинг болаларим. Уларнинг ҳеч қанақа гуноҳи йўқ.
– Унда, балки, мана булар гуноҳкордир? – Эҳсон унинг олдига бошқа сувратни ташлади.
Бу гал унга беш нафар нотаниш, жулдур кийинган болалар қараб турарди. Уларнинг кўзларида мунг ва бечораҳоллик акс этиб турарди. Қурбон фотосувратга қараб турар экан, бу болаларнинг унинг болаларига нима дахли борлигини тушунолмаётганди.
– Сен бу бахти қораларни ҳеч қачон кўрмагансан. Қани, уни бир четга қўй-да, мана бунга қара…
Эҳсон бошқа сувратни чиқарди. Қурбон ундаги ғам адойи тамом қилган аёлни танимади.
– Овора бўлма. Ёки уларнинг кимлигини биласанми?
– Йўқ, энди кўриб турибман, – ҳайратдан елка қисди Қурбон.
– Булар Исматнинг хотини ва болалари. Ҳа, ҳа, сўнгги марта фақат сен уни тирик кўрган Исматнинг болалари! Энди тушунгандирсан?
Столда Исматнинг фотосуврати пайдо бўлди. Қурбон қўллари билан юзини ёпди.
– Мен истамагандим. Мен, рости, истамагандим…
– Қайси хандақда ётибди у? – сўради Эҳсон.
– Хандақда эмас. Уни ўзимнинг тагхонамга кўмганман.
– Бўғиб ўлдирдингми?
– Йўқ, болта билан чопдим…
– Мана сенга қоғоз ва ручка. Ҳаммасини батафсил ёз.
Қурбоннинг қўли титрарди.
* * *
Камера эшиги ёпилди ва Қурбон адвокат билан ёлғиз қолди. Ҳимоячи олтмиш ёшлардаги миқти гавдали, юзлари қип-қизил, кўзлари қора, деярли оппоқ сочли киши эди. У индамай деворларни, панжарани бирма-бир кўздан кечириб чиқди, у бу ерда кўп марта бўлганидан камерадаги ҳолат унга яхши таниш эди. Аммо ҳар гал янги маҳкум келганида бу ерда янги муҳит юзага келгандай, ўзгаргандай туюлади.
Бу гал ҳам у гапни нимадан бошлашни билмай қолди. Охири Қурбонга юзланиб деди:
– Ассалому алайкум. Ишлар қалай?
– Ишларим қанақа бўлиши керак сизнингча? Қамашди – ўтирибман кутиб.
– Нимани кутиб?
– Олиб кетишларини-да. Тезроқ олиб кетишсайди, вассалом.
– Қаёққа шошаяпсан?
Жимлик. Адвокат ҳам жим қолди. Кимдир йўлакдан ўтиб кетди.
– Ҳаёт шошма-шошарликни ёқтирмайди.
– Сизга гапириш осон. Келасиз-у кетасиз. Мен эса бўларимча бўлганман. Биласизми, мана бу тошдеворлар бўғаяпти мени… нафас ололмаяпман, юрагим тарс ёрилай деяпти.
– Осмон йироқ, ер қаттиқ, – оёғининг остига қараб деди адвокат… – Панжара ортидан лоақал бир парча осмонни кўрасан… Ҳар нима бўлганда ҳам қарор…
– Қанақа қарор?! Қанақа қарор? – ҳимоячининг гапини бўлди Қурбон. – Менга таскин берманг. Ҳаммаси ёлғон бунинг! Пуч гаплар! Туш! Куйиб кул бўлган бари. Мен ҳатто ўзимни билмаяпман, – деворга суяниб деди Қурбон.
– Мен бугун судда бўлдим. Афв қилиш сўралган илтимосномага ҳозирча жавоб келмаган. Кутиш керак. Ўлим ҳақидаги ҳукмни умрбод қамоқ жазосига ўзгартириш – суд амалиётида янгилик.
– Мен афв этилишимга умид боғлаётганим йўқ. Уларнинг қотил ҳақида ўйлашдан бошқа ишлари йўқ-да, – Қурбон мушти билан деворга урди.
– Билмадим, сенга айтсаммикан ё айтмасаммикан?
– Нимани?
– Олдингга ойинг келган эди. Кейин у бир нарсани сўради… – Адвокат бирдан гапидан тўхтаб қолди.
Кампир ундан: “Инкор этган тақдирда ўғлимнинг мурдасини ололаманми?” деб сўраган эди. Шунча тажрибага эга бўлатуриб, кўпни кўрган адвокат нима дейишни билмай қолди. Қурбон ҳимоячининг нима демоқчилигини уқиб олгандай, деди:
– Жин урсин, одамдай яшай олмаганим етмай, итдай ўлиб кетаман. Жасадимни шунчаки кўмиб ташлашадими? Бу қанақа жирканч тақдир бўлди?
Адвокат Қурбонга ҳайрон қараб турарди.
– Тақдир, албатта, ўз йўлига. Аммо оқибатни ўйлаш ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. – Бироз тинч туриб, қўшиб қўйди: – Бўпти, мен кетдим. Бирон янгилик бўлса, ўзим хабар қиламан.
Қурбон кўзларини юмиб, ҳайкалдай қотиб ўтирарди. Бир оғиз сўз айтишга мажоли етмай, бош ирғаб қўя қолди.
У уйқусизликдан қийналар, афтидан, ниманидир кутаётганди. Эҳтимол, маҳкумлар ичида қадам товушлари ва катта эшикнинг ғийтиллашини эшитган ягона одам у бўлса керак. Ана, иккинчи эшикдан ҳам ўтишди. Унга гўё ўзининг олдига келишаётгандек туюлди. Қадам товушлари тобора яқинлашиб келарди.
У турмоқчи бўлди, аммо туролмади, худди тош ерга маҳкам ёпишиб қолгандай эди.
У лойга беланган одамсимон махлуқларни эслади. Улар қаҳ-қаҳ уриб куларди. Бор овозлари билан, тўхтовсиз куларди. Оғриқдан кўзларини юмди. Боши елкасига “шилқ” этиб тушди. У энди қадам товушларини эшитмаётганди. Эшита олмасди ҳам…
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 9-сон