Уильям Фолкнер. Каркассон (ҳикоя)

Мен оқ саман от устидаман, унинг кўзлари худди яшиннинг зангори чақинлари каби, ёллари эса – худди ўрлаган аланга тилларидай, у тепалик узра юксакка сакраб, тасирлаб чопади ва уфқлар оша сарбаланд кўклар сари кўтарилади.
Унинг суяк лоши жимгина ётади. Балки у бу ҳақда ўйлаётгандир. Ҳар ҳолда, бироз вақтдан сўнг ингради. Бироқ ҳеч нарса демади, ўзингга ўхшамаяпсан, – деб ўйлади у, – сен ҳозир ҳеч ўзингга ўхшамаяпсан, лекин андаккина тинчлик бўлса, ёмон бўлмасди, деб айта оламан.
У ёйилган қора тўлни устига ёпиб ётарди. Яъни унинг ҳашаротлару иссиқдан азият чекмайдиган бўлиб қолган аъзоларидан ташқари бор вужуди ўзининг қаерга бораётганлигидан бехабар оқ саманда бир зум ҳам толиқиш билмай укпар булутларнинг кумуш тепаликларида учиб борар, бу жойларда туёқлар сира сас чиқармас ва сира-сира из қолдирмас, мангу етиб бўлмас мовий тубсизлик томон еларди. Унинг аъзоларининг бир бўлаги на тана эди, на тана эмасди, у томларга ёпиладиган ўз қора тўли тагида ётаркан, доимо нимасидир кам, доимо нимадир етмайдиган дунёни нигоҳлари билан сузаётганидан ҳатто енгилгина титрарди.
Уйқу ҳолатига, кечадан кундузга, кундуздан кечага ўтишнинг усули ана шу тахлит соддалаштирилмиш эди. Ҳар куни эрталаб кўрпа яна айлантирилиб ўраб қўйилар ва пучмоққа тиркаларди. Бу кайвони хонимлар хат-китоб ўқиш учун кўзларига тақадиган ойнакка ўхшар, ойнакларга тасмачалар тақилган, тасмачалар ғалтакчаларга ўралиб чингилинг олтин ҳуққачага солинган (илло, олтиннинг қиммати кўрсатилмаган), ғалтак, қутича эса уйқу онасининг улкан кўкрагига маҳкамланган бўларди.
У ушбу манзарани хаёлида айлантириб, жимгина ётарди. Унинг оёқлари ёнида Ринкон ўзининг тунги сирли қора кори бадини адо этарди, ва кўчаларнинг қалин ҳамда турғун қоронғисида ёруғ дераза ва эшиклар бўёқ оқиб тушаётган чорси чўтканинг мойли чапловларига ўхшарди. Аллақайларда порт докларида кемаларнинг узун-чўзиқ наъралари эшитиларди. Бир сониягагина бу шунчаки бир сас бўлиб, кейин у ўз ичига жимликни ҳам, ҳаво-муҳитини ҳам қамраб олади ва шу билан қулоқ пардалари ичида шундай бир бўшлиқ ҳосил қиладики, энди унда ҳеч вақо ва ҳатто жимлик ҳам йўқ эди. Кейин у ўзини эркин қўйди, йўқолди, ўчди ва шунда жимлик яна бир маромда нафас ола бошлади, бу мисоли палма новдаларининг бир-бирига ишқаланишига, қумнинг металл лавҳ узра шувиллаб тушишига ўхшарди.
Ҳарқалай, унинг қуруқ суяк лоши қимирламай ётарди. Балки у шу ҳақда ўйлар ва ўзининг қора тўл кўрпасини ўз ҳолича бир кўзойнак деб тасаввур қилар, шу кўзойнак орқали ҳар кеча ўз тушларимнинг тархини кўраман дерди.
Унинг шу жуфт шаффоф ойнаклари оша оқ саман ҳамон ёллари солланиб, аланга тилларидай эланиб учиб борарди. Қорнининг тиғиз солмаси остида от оёқлари орқага, олдинга бир маромда тебранар, дам ердан кўтарилар ва дам ундан итқаланар ва ҳар бир шундай нафратангиз итқаланиш тақаларнинг тақатуқига жўр бўларди. Анов узала тушиб ётганга айил ва узангиларга жойлашган оёқларнинг пошналари кўринарди. От яғрини орқасида айил уни иккига ажратар, аммо у ҳамон қаҳру ғазабга тўлиб-тошиб от устида учар ва заррача ҳам олдинга силжимасди – ана шунда узала тушиб ётганнинг эсига норманд айғири тушди, айғир мана шундай учиб мусулмон амири устига бостириб борар, кўзлари бургутдай ўткир амир эса, қилич дастасини кучли чапдаст қўлларида маҳкам қисганча дафъатан бир зарб билан отни қоқ иккига бўлиб ташлади, отнинг ҳар иккала бўлаги ҳам ғўрқиллаб муқаддас чанг-тўзон ичра елиб борар, бу ерда Бульон герцоги ҳамда Танкред аста-секин чекиниб ҳамон жанг қилардилар. Қилич билан нақ иккига бўлиб ташланган айғир жанг майдонида шундай елиб борар, қаҳр-ғазаб ва ҳужум ғуруридан энтикар, аммо ҳали ўлганлигини билмасди.
Болохонанинг осилган шипи унча баланд бўлмаган шарафа томонга тик қиялаб тушганди. Қоронғи эди, узала тушиб ётган кишининг жисмоний онги ўз устига назар вазифасини олиб, унинг идрокий нигоҳига шуларни намоён этди: у туғилган пайтдаёқ жонига жойлаб қўйилган адоқсиз емирилиш ўз ҳукмига кириб, унинг мана шу қимирламайдиган жисмини худди чақнаган фосфордай нурлантираётир, ўз-ўзи билан озиқланаётган жисм ўлаётир, лекин ўзининг янги туғилишида ўзидан эҳтиёткорона озиқланиб, тириклигини давом эттираётир, бинобарин, у ҳеч қачон ўлмаяжак, зероки, мен бори Тирилиш ва Ҳаётдирман. Эркакларга тирканмиш ўша чувалчанг эҳтиросли, ориқ ҳамда мўйдор бўлиши керак, аёлларга, нафис қизларга ато этилгани эса, гўзалликка чўммоқ учун гўзаллик билан озиқланган бўлади, уларнинг ҳар бири ногаҳон қулоққа чалинган мавзун куй каби хушрўй ва латофатли бўлмоқлари лозим, дарвоқе, буларнинг бари мен учун худди янги сутнинг қайнашидай ва айни шунинг ўзи Тирилиш ва Тирикликдир, ортиқ эмас.
Қоронғи эди. Бизнинг кенгликларимизда дарахтнинг ўлими юмшоқроқ кечади. Бўм-бўш хоналар ғичирламас ва чарсиллаб ёрилмасди. Айтгандай, балки дарахт вақт ўтиб ҳар бир одамнинг лоши каби қуруқ суяк бўлиб қолади. Ўшанда аввалги зўрлашларнинг ҳиссиётлари батамом тугаб кетган бўлади. Суяклар балким, уммон остида, чўнқир моғораларда ётарлар, уларни бу ерларга тўлқинларнинг сўниб бораётган акс садолари ҳайдаб келтирмишдир. Отларнинг ҳам суяклари ўз лаёқатсиз чавандозларини қарғаб лаънатлаб ётурлар ва бир-бирларига агар чавандозим олғир бўлганда, нималарга қодир бўлмасдим, деб мақтанурлар. Бироқ олғир чавандозларни доим кимлардир чилпарчин қилурлар. Шунинг учун ҳам, бу яхшироқдирки, денгизларнинг моғоралари ва ўра-камарларида сўнгги тўлқинларнинг сўниб бораётган мавжлари уларни титкилаб тебратганда, суяклар бир-бирларини беозор қоқиб қўйганлари маъқул.
Ундадир шунингдек, бульонлик герцог ва ундадир шоввоз Танкред.
Унинг суяги яна ингранди. Ўша жуфт мусаффоликлар шаффоф шиша саҳн узра оқ саман от ҳамон тўхтамай елар, ҳоримас ва олға босмасди, у уйқу танғилган отхона томон йўл оларди. Қоронғи эди. Пастдаги буфетнинг эгаси Люис унга болохонада ётиб юришга ижозат берди. Бироқ, болохона ҳам, у устига ёпинчиқ қилган қора тўл ҳам “Стандарт Ойл” компаниясиники эди. Қоронғиликнинг эгаси ҳам ўша эди. У ёқда қоронғида ухлаган чоғларида у демак, миссис Уиддрингтоннинг мулкидан истифода этарди. У эса “Стандарт Ойл”нинг қонуний хотини эди. Шошма, агар сен ҳеч қаерда ишламасанг, у сени шоир қилиб қўяди. Агарда у сенинг нафас олиб туришингдан маъно кўрмаса, унда, демак, шундай маънонинг ўзи йўқ. Унинг назарича, агар киши оқ танли бўлсаю, мабодо ишламаса, демак, у ё дайди ва ё шоир. Эҳтимол, у ҳақдир. Ахир, аёллар шунчалар оқила бўлишади. Улар борлиқни андиша қилиб ўтирмай яшашга ўрганишган, борлиқ уларни лақиллатолмайди. Қоронғи эди.
ағдарар, ағдарар менинг суякларимни Қоронғи эди.
Ва қоронғи зиғирчагина панжачаларнинг биқинган, сергак, чаққон ва билинар-билинмас сас чиқарган югургилашларига тўла эди. Баъзан совуқ панжачалар юзидан чопқиллаб ўтиб, уни тунда бирдан уйғотиб юборар ва аста қимирлаган чоғи улар худди шамол учирган хазон япроқлари каби бир зумда кўздан ғойиб бўлишарди ва тинимсиз шитир-шитирлару чисирлашлар ивирсишлар орасида орқаларидан очофатлар сирининг жуда ҳам жирканч ингичка ҳидини таратарди. Баъзан қия бўғотлар бўйлаб кундузги ёруғлик бўй-бўй бўлиб бўз тус олиб тараларкан, у ётган жойида сояларнинг қоронғиликнинг бир парчасидан иккинчи парчасига оғиб ўтишини кузатарди, соялар худди мушуклардек хира ва улкан эди, улар ушбу турғун сукунат оралаб ўз афсункор югургилашлари билан шитоб шипшиниб селдай қуйилардилар.
Каламушлар ҳам миссис Уиддрингтонга тегишли эди. Бойлар шунчалар кўп нарсаларга эгалик қиладилар-да. Фақат у, каламушлар унинг қоронғилиги ва сукунатидан фойдаланганликлари учун пул тўлаш ўрнига шеър ёзишларини кутмаганди. Улар энди ҳеч қанақа шеър-пер ёза олмасликлари учун эмас, йўқ, балки ёза билардилар, балки ёмон ҳам ёзмасдилар, йўқ. Мисол учун Байроннинг нимасидир, алланимаси каламушга менгзарди: унинг баъзи бир фикрларида ўзининг мечкайлигига айрим ишоралар мавжуд; ушоққина жимит панжачаларнинг қон сачраган девор гилам ортидаги афсункор чопқиллашлари; қайда ҳалок бўлдим, қайда ҳалок бўлдим, қайда эдим мен Шоҳлар Шоҳи – Шаҳаншоҳ, аммо аёл киши Ит кўзли аёл билан ағдармоқ, ағдармоқ учун Менинг суякларимни.
– Мен нималарнидир адо этсам девдим, – деб қўйди у қоронғиликда лабларини унсиз қимирлатиб, шунда чопаётган от яна унинг онгини тақаларнинг сассиз тасирлашлари билан тўлдирди. У айил билан чавандознинг узангидаги оёғи пошналарини кўриб турарди ва яна ўша норманд айғири, жуда кўп айғирлардан бунёд бўлган хоназот ҳақида хаёл қилди, у Англиянинг сирқов сернам яшил водийларида пўлат совут тутиб елди. Эндиликда иссиқдан ва ташналикдан, умид нишонаси қолмаган уфқлардан, жимирлаган сароб тўла бўшлиқлардан эс-ҳушини йўқотиб, у ҳамон қалдироқдек учиб борар, энди у қилич зарбидан қоқ иккига бўлиниб кетган, лекин буни билмас ва ўз тезлигида бир маромда тобора тисланиб тисариларди. Унинг боши пўлат парчаларидан ясалган дубулғада, бинобарин, олдинда нима борлигидан бехабар, пўлат парчаларнинг нақ ўртасидан эса недир туртиб чиқиб турар, чиқиб турар…
– Шамфрон, – деди унинг қоқ суяги.
– Ҳа, Шамфрон. – У бироз вақт хаёлга толди, қоқ иккига бўлинган ва ҳали ўзининг ўлганини билмаган от ҳамон қалдироқ солиб еларди, Қўзичоқ пайғамбарнинг душманлари сафлари муқаддас тўзон ичра очилар ва уни ўтказиб борарди. – Шамфрон, – дея такрорлади у. Мана шундай хилватнишин ҳаёт кечираркан, унинг суяк лоши оламнинг борлиғидан деярли бехабар эди. У ўз мавлосининг тасодифан хотирасидан чиққан турли майда-чуйда маълумотларни шипшиб айтиб туришдек бемаъни, ғашга тегадиган бир қилиқ чиқарганди. – Сен фақат сенга айтганларимнигина биласан, – зардаси қайнаб деди мавло.
– Ҳар доим ҳам эмас, – деди тана суяк лоши. – Мен мисол учун шуни биламанки, ҳаётнинг охири бу – қимирламай ётиш. Сен эса буни ҳали билмайсан. Ёки, жилла қурса, буни менга айтмагансан.
– Э, биламан мен буни, биламан, – деди у. – Миямга тоза қуйишган. Аммо гап бунда эмас. Гап шундаки, мен бунга ишонмайман.
Суяк лош ингради.
– Сенга айтяпман-ку бунга ишонмайман, – қайтарди суҳбатдоши.
– Майли, майли, – қуруққина қилиб деди суяк лоши. – Сен билан тортишмайман. Ҳеч қачон тортишмайман. Фақат сенга ўгит айтаман.
– Ҳа, кимдир шу ишни ҳам қилиши керак, – киноя қилиб деди суҳбатдоши. – Ҳарқалай, шунга ўхшайди. – У ҳамон сукунат бағрида ўз тўл кўрпаси остида ётар, афсункор тиқир-тиқирлар эшитиларди. Ва яна унинг жасади қуёш шуълаларининг укпар кунгиралари остида шаффоф сарғиш қаҳрабо йўлкалардан қиялаганча сирғала-сирғала бориб, ниҳоят шаббода йўламаган денгиз боғчаларида маскун бўлди. Атрофда ғорлару ўнгирлар чайқаларди, унинг жасади жилваланган полда ётарди, заифлашиб бораётган, олис ва бу ерда энди билинар-билинмас мавжларнинг майин чайқалишларида осуда ҳилпироқ елпинарди.
– Мен қандайдир мардона, фожиона ва қаҳҳорона бир ишни адо этгим келади, – такрорлади у реза мисол шувиллоқ сукунатда лаблари билан сассиз сўзларни пичирлаб, мана мен оқ саман той устидаман, унинг кўзлари зангори оҳанрабо сочиб ёнади, унинг ёллари тўзғиган аланга тиллари каби ва у тепалик сари гурсиллаб чопиб боради ва нари-нарироқлар, оламнинг баланд кўкларига сарафроз кўтарилади. Ва ҳамон гурсиллаб чопаркан, у юксакка учади, ва ҳамон гурсиллаб учаркан, осмоннинг узун мовий тепасида сурон солади ва унинг тўлқинланган ёллари бари олтин олов гирдобига ўхшайди.
От ва чавандоз гумбурлаб нари-нарироқларга елиб боради, аммо қалдироқ аста-аста сўнади. Мана, энди фақат сўнаётган юлдуз чексиз қоронғи ва сукунатда базўр кўзга чалинади, буларнинг ичида оғишмаган, тебранмаган, собит ва эриб бораётган, кўкраги улуғ ва бағри серуруғ, қоронғи ва фоже – унинг онаси – Замин хаёлга ботади.

Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон