Бернард Шоу. Қалблар парчаланадиган хонадон (пьеса)

ҚАЛБЛАР
ПАРЧАЛАНАДИГАН ХОНАДОН

Инглиз мавзусида русча услубда битилган уч
пардали хаёлий (фантастик) пьеса

Қатнашувчилар:

КАПИТАН ШОТОВЕР
ЭЛЛИ ДЭН
МИССИС ХЭШЕБАЙ, ГЕСИОНА – Шотовернинг катта қизи
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД – Шотовернинг кичик қизи
МАДЗИНИ ДЭН – Элли Дэннинг отаси
ГЕКТОР ХЭШЕБАЙ – миссис Хэшебайнинг эри
МЕНГЕН
РЭНДЕЛЛ ЭТТЕРУОРД – Леди Эттеруорднинг қайниси
ЭНАГА
ЎҒРИ

БИРИНЧИ ПАРДА

Кема палубасининг орқа қисмини акс эттирувчи саҳна. Ҳар икки томонда қўшни бинолар билан туташ йўлаклар. Бутун деворлар бўйлаб кемаларнинг иллюминаторларини эслатувчи деразалар. Уларнинг тагларида қатор жавонлар. Сентябрь ойи. Кечки пайт. Чизмачилик столи олдидаги курсида бошига шляпа, эгнига ёмғирпўш кийган навжувон қиз – Элли китоб ўқиб ўтирибди. Деворда осиғлик турган каттакон соат кечки олтига бонг уради. Элли ўз билагидаги соатга қараб қўйиб, яна китобга тикилади, аммо кўп ўтмай кўзлари юмулиб, уйқуга кетади. Китоб аста-секин сирғалиб ерга тушади. Кекса Энага киради.
ЭНАГА. Вой, худойим-эй!
Элли уйғонади ва китобни ердан кўтариб, столга қўяди.
Мисс, кечиргайсиз, сизни уйғотиб юбордим, шекилли. Илло, сизни танимаяпман… Кимни кутяпсиз?
ЭЛЛИ. Бу хонадонга таклиф этилганимни биладиган бирон кишини кутяпман.
ЭНАГА. Вой, таклиф этилганмидингиз? Сизга ҳеч ким қарамадими? Вой, худойим!
ЭЛЛИ. Хўмрайган бир чолнинг деразадан қараб: “Энага, мана бу ерда ёшгина, чиройли бир аёл ўтирибди. Келиб, хабар олинг. Не мақсадда ўтирганини билинг-чи”, деганини эшитдим, холос. Энага сиз бўлсангиз керак?
ЭНАГА. Шундай, мисс. Гинесс энага мен бўламан. У эса қари капитан Шотовер, мисс Хэшебайнинг отаси. Қичқирганини эшитдим, лекин бошқа нарса тўғрисида гапиряпти, деб ўйлабман. Сизни, ҳойнаҳой, миссис Хэшебай таклиф қилган бўлса керак, шундайми?
ЭЛЛИ. Ҳарқалай, мен шундай деб тушунган эдим. Яхшиси, кетақолай.
ЭНАГА. Йўғ-э, нима деяпсиз? Буни хаёлингизга ҳам келтирманг. Миссис Хэшебайнинг эсидан чиққан бўлса, сизни кўриш у киши учун кутилмаган совға бўлади.
ЭЛЛИ. Мени бу ерда ҳеч ким кутмаётганининг ўзи кутилмаган “совға” бўлди.
ЭНАГА. Мисс, ҳали бунақа муносабатларга кўникиб кетасиз. Тартиб-қоидаларимизни билмаган киши учун хонадонимиз кутилмаган воқеаларга бой.
Йўлакда катта, оппоқ, пахмоқ соқолли, лекин ҳали бақувват қария – капитан Шотовер пайдо бўлади. Эгнида қўш ёқали куртка, бўйнига ҳуштак осиб олган.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Энага, ана у ерда, зинада аллақандай жун рўмол ётибди. Кимдир, ўтган-кетган қоқилиб йиқилсин, деб атайлаб қолдирган, шекилли. Ҳа, айтгандек, теннис ракеткаси ҳам бор. У ерга ташлаб қўйганлари нимаси?!
ЭЛЛИ. Менинг нарсаларим бўлса керак.
КАПИТАН ШОТОВЕР (чизмачилик столининг олдига келиб). Энага, адашиб юрган бу ёш хоним ким бўлди?
ЭНАГА. Мисс Гесиона таклиф қилган, деяптилар-ку, сэр.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Нима бало, бу бечорани Гесионанинг мулозаматидан асраб қоладиган биронта қариндоши ё дўсти йўқ эканми? Ҳа, хонадонимиз зўр! Ёшгина, ёқимтойгина ледини таклиф қилишибди-ю, унинг буюмлари зинада сочилиб ётибди. Ледининг ўзи эса чарчаган, очқаган бир ҳолда бу ерда ўтирибди. Буни, бизнингча, меҳмондўстлик, дейди! Одоб! На бирон хона ва на иссиқ сув тайёрлаб қўйилган. Меҳмонни кутиб оладиган бирон бека йўқ. Меҳмон қизимизнинг ҳовуз бўйига бориб ювинишига, айвонда тунашига тўғри келади, шекилли.
ЭНАГА. Йўғ-э. Ҳозир миссга чой келтираман. Чой ичиб бўлгунича хона ҳам тайёр бўлади. (Эллига қараб) Азизим, шляпангизни ечиб қўйиб, ўз уйингизда ўтиргандек, бемалол ўтиринг. (Эшик томон юради.)
КАПИТАН ШОТОВЕР (энага унинг ёнидан ўтар экан). Ҳой, жонгинам! Бу ёш хоним камситилиб, эътиборсиз қолдирилган экан, ўзинг бефаросат қилиб тарбиялаган бебахт фарзандларим билан қандай муомала қилган бўлсанг, у билан ҳам шундай муносабат қилишим мумкин, деб ўйлайсан, шекилли?
ЭНАГА (Эллига). Қизим, унга эътибор берманг. (Вазмин осойишталик билан ичкарига кириб кетади.)
Капитан Шотовер. Қизим, марҳамат қилиб айтинг-чи, исмингиз нима? (Катта тўқима курсига бориб ўтиради.)
ЭЛЛИ. Менинг исмим Элли Дэн.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Дэн… Бир пайтлари кемамда Дэн деган боцман бўларди, ёрдамчим. Асли денгиз қароқчиси эди. Кейин дўкон очиб, ҳар хил майда-чуйда кема ашёларини сотадиган бўлди. Бу ашёларни мендан ўғирлаб олганлигига етарли далилларим бор. Бойиб кетганлигига шубҳа йўқ. Сиз ўшанинг қизимисиз?
ЭЛЛИ (ранжиб). Йўқ. Ҳеч-да! Бу дунёда отамнинг ишлари унчалик юришмаган бўлса-да, ҳеч кимса у ҳақда бирон ножўя гап айта олмайди. Отам – яхши одамларнинг сараси!
КАПИТАН ШОТОВЕР. Батамом ўзгариб кетган бўлиши ҳам мумкин. Мушоҳаданинг еттинчи даражасига ета олдими?
ЭЛЛИ. Гапингизга тушунмаяпман…
ШОТОВЕР. Илло, қизи бўлатуриб бунга қандай эриша олди? Мен сизга айтсам, иккита қизим бор. Улардан бири сизни бу ерга таклиф қилган Гесиона Хэшебай. Мен хонадонимизда тартиб ва саришталик бўлишига ҳаракат қиламан. У эса ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиш билан машғул. Мен мушоҳаданинг еттинчи даражасига етишга интиламан. У эса уйга меҳмон чақиради-да, шуғулланишни менга ташлаб қўяди.
Энага патнисда чой кўтариб келиб, столга қўяди.
Менинг яна бир қизим бор. Лекин, худога шукрки, ўша тўнка эри билан бирга империямизнинг олис бурчагида истиқомат қилади. Кичкиналик пайтида кеманинг манглайидаги ўймакор нақшлар туширилган шакл­ларни санашни яхши кўрарди. Кемам “Жасур” деб аталарди. Дунёдаги энг ажойиб кемалардан бири эди. Куёв ўша шаклларга ўхшаб кетарди. Ёғочдек ҳиссиз, шу билан бирга тадбиркор қиёфаси ўша тасвирнинг айнан ўзи эди. Қизим шунақа тўнкага эрга тегди. Эндиликда бу хонадонга ҳеч қачон қадам босмайди.
ЭНАГА (патнис қўйилган столчани катта стол томон суради). Бекорларни айтибсиз! У айни чоғда Англияда. Сизга, қизингиз келяпти, саломатлигини мустаҳкамлаш учун уйимизда йил бўйи туради, деб шу ҳафтанинг ўзида уч марта айтишди. Жигарбандингиз билан шунча йиллардан кейин дийдор кўришишдан хурсанд бўлишингиз керак, сэр.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Мен эса ҳеч ҳам хурсанд бўлаётганим йўқ. Инсон деган махлуқнинг фарзандига бўлган табиий меҳр муддати – олти йил. Қизим Ариадна туғилганида мен қирқ олти ёшда эдим, ҳозир саксон саккиздаман. Мабодо, келиб қолгудай бўлса – мен уйда йўқман. Бирон нарса зарур бўлса – олаверсин. Мен ҳақимда сўраса, буткул қариб қолган, сени мутлақо эслай олмайди, деб айтинглар.
ЭНАГА. Ёш қиз олдида бу қанақа гап! (Эллига) Қани, чойга қаранг. Қулоқ солманг унга. (Чой қуйиб узатади.)
КАПИТАН ШОТОВЕР ( жаҳл билан ўрнидан туради). О-о, парвардигор! Булар нозикниҳол қизга мана бу ҳинд чойини ичиришмоқчи! Ичак-чавоқни ошлайдиган бемаза дамлама-ку бу! (Чойнак ва финжондаги чойни чарм челакка ағдаради.)
ЭЛЛИ (афсусланиб). Вой, илтимос… чанқаган эдим… Қаттиқ чарчаганман.
ЭНАГА. Бу нима қилганингиз! Унга қаранг, бечора қиз зўрға ўтирибди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Мен сизга ўзимнинг чойимдан дамлаб бераман. Мана бу пашшага ем бўлган қандга ҳам тега кўрманг. Буни фақат итга бериш мумкин. (Ҳужрага кириб кетади.)
ЭНАГА. Қандай одамлигини тушуниб бўлмайди. Капитанлик даражасига эришгунга қадар Зинбаргда қалбини иблисларга сотган, деб бекор айтишмайди. Ёши ўтган сари мен бунга кўпроқ ишоняпман.
Ташқаридан аёл кишининг овози эшитилади.
ОВОЗ. Уйда бирон кимса борми? Гесиона! Энага! Дада! Биронтангиз чиқсангиз-чи! Буюмларни олинглар.
Гўё кимдир шамсия билан деворга ураётгандек товуш эшитилади.
ЭНАГА. Вой, худо! (Эллига) Бу мисс Эдди. Леди Эттеруорд, миссис Хэшебайнинг синглиси. Мен ҳозиргина капитанга айтган мисс. (Эшик томонга) Ҳозир, кетяпман! (Столни жойига суриб қўйиб, шошиб ташқарига қараб юради ва леди Эттеруорд билан тўқнашади.)
Ғоят гўзал, дид билан чиройли кийинган, оққувадан келган Эттеруорд жаҳли чиққан бир кайфиятда кириб келади. Барча ҳаракатлари илдам, шитобли. У шошиб гапиради, бир қараганда, енгилтак бўлиб кўринади, бу – янглиш таассурот.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Вой, энага, бу сенмисан. Қалайсан? Ҳеч қаримабсан. Нима, уйда сендан бошқа ҳеч ким йўқми? Гесиона қаерда? Хизматкорлар қани? Ана у зинада ётган буюмлар кимники? Дадам қани? Ё бари ухлагани ётишганми? (Эллига эътибор бериб) Вой, кечирасиз. Жиянларимдан бири бўлсангиз керак-а? (Қучоғини очиб, унга яқинлашади.) Холангни ўпиб қўй, жонгинам.
ЭЛЛИ. Мен бу ерда меҳмонман, холос. Зинадаги буюмлар меники.
ЭНАГА. Жонгинам. Ҳозир иссиққина чой дамлаб кираман. (Патнисни қўлига олади.)
ЭЛЛИ. Кекса жентльмен, чойни ўзим дамлайман, деб чиқиб кетди-ку.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (энагага). Дадамларни айтяптими?
ЭНАГА (вазминлик билан). Ҳа, мисс.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (жаҳли чиқиб). Тентак бўлма, энага, мени “мисс” деб чақира кўрма.
ЭНАГА. Хўп бўлади, жонгинам. (Патнисни олиб, чиқиб кетади.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (шитоб билан бориб, диванга ўтиради). Сиз бу ерда ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни тасаввур этиб турибман. Эҳ, бу хонадон, бу хонадон! Мен бу ерга йигирма уч йил деганда энди келиб турибман. Бу хонадон ҳамон ўшандай: зинада буюмлар сочилиб ётибди; хизматкорлар чидаб бўлмайдиган даражада бебош бўлиб кетишган; уй кимсасиз; меҳмонларни кутиб оладиган бирон одам йўқ; овқатланиш учун маълум вақт белгиланмаган; ҳеч кимнинг овқатлангиси ҳам йўқ, негаки, ҳамма ҳамиша ё сариёғ билан нон, ё олма кавшаб кетаверишади. Энг даҳшатлиси шуки, бу ердаги кишиларнинг гап-сўзлари, ўй-фикрлари, ҳис-туйғуларида ҳам ўша бўшлиқ, ўша бесаранжомлик. Қизалоқлик чоғимда бу ердаги ҳолатдан бошқа нарса кўрмаганим учун бўлса керак, мен буларни сезмаганман. Лекин ўзимни бахтсиз деб билардим. Ўша вақтдаёқ ҳақиқий леди бўлишни, бу ҳақда ўйламаслик учун бошқалардек яшашни жуда-жуда истардим. Ўн тўққиз ёшимда, нима бўлса-да, бу ердан узоқроқ кетиш учун турмушга чиқдим. Эрим сэр Гастинг Британия қироллигининг барча колонияларида навбат билан губернатор бўлган. Мен ҳамиша ҳукумат қароргоҳининг бекаси бўлиб келганман. Бахтли эдим. Одамларнинг бундай яшашлари мумкинлигини эсимдан чиқариб қўйганман. Аммо отамни, опамни, жиянларимни кўргим келди. Бунинг қанчалик ёқимлилигини ўзингиз билсангиз керак. Ҳа, буни орзу қилардим. Энди ота-онамнинг уйини мана бундай аҳволда кўриб турибман! Қари энагамиз Гинесснинг сурбетлигини айтмайсизми! Гинесс уйда бўлиб турса, мен учун бирор нарса ҳозирлаб қўйса бўлмасмиди? Очиқ гапирганим учун мени кечиринг. Лекин ростдан ҳам кайфиятим бузилди. Хафа бўлдим. Улардан кўнглим қолди. Бундай бўлишини билганимда асло келмаган бўлардим. Айни пайтда уларга бирон сўз айтмасдан, шартта ўгирилиб чиқиб кетсамми, деган ниятим ҳам йўқ эмас. (Йиғлагудек ҳолатга тушади.)
ЭЛЛИ (маъюсланиб). Мени ҳам ҳеч ким кутиб олгани йўқ. Мен ҳам жўнаб қолсамми, деб турибман. Лекин қандай қилиб, леди Эттеруорд? Буюмларим зинада ётибди, извош аллақачон жўнаб кетган…
Капитан Шотовер ҳужрадан чиройли чой идишлари терилган патнис кўтариб чиқади. Уни аввал стол чеккасига қўяди, сўнг столдаги чизмачилик тахтасини олиб, столнинг оёқларига суяб қўяди, ана шундан кейин патнисни ўртага суради. Элли шошиб финжонга чой қуяди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Мана сизга чой, ёш леди! Вой тавба, яна бир хоним пайдо бўлибдими? Демак, яна битта финжон келтириш керак. (Эшик томон ўгирилади.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (дивандан туриб, қаттиқ ҳаяжонда). Дада, нима, мени танимаяпсизми? Қизингизман-ку!
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бўлмаган гап. Менинг қизим тепада ухлаб ётибди. (Чиқиб кетади.)
Леди Эттеруорд кўз ёшларини кўрсатмаслик учун дераза олдига бориб туради.
ЭЛЛИ (финжонни кўтариб, унинг ёнига боради). Хафа бўлманг. Мана, чой ичиб олинг. Ўта ғалати одам экан. У мени ҳам мана шунақа тарзда кутиб олди. Тушунаман, бу даҳшат. Ишончим комилки, отангиз атайлаб қилгани йўқ буни.
Капитан Шотовер финжон кўтариб, қайтиб киради.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Мана энди ҳаммага етади. (Финжонни патнисга қўяди.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (жиғибийрон бўлиб). Дада, мутлақо унутиб юборган бўлишингиз мумкинмас! Мен – Ариаднаман. Кичкина Пэдди Пэткинс. Наҳот қизингизни қучиб ўпишни ҳам лозим кўрмасангиз?! (Унинг бўйнига осилади.)
КАПИТАН ШОТОВЕР (совуққонлик билан). Ариадна бўлишингиз мумкин эмас. Сиз, хоним, анча ёшга бориб қолган аёлсиз. Ташқи қиёфангизни яхши сақлаб қолгансиз, лекин ёш эмассиз.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Дада, мени неча йил кўрмаганингизни эсланг. Ахир, ҳамма қатори мен ҳам улғайишим керак-ку.
КАПИТАН ШОТОВЕР (унинг қучоғидан чиқиб). Ҳа, ёшингиз анчага бориб қолганини ҳисобга олиб, бегона эркакларга осилишга барҳам берадиган вақтингиз келган. Балки улар мушоҳада қилишнинг еттинчи даражасига етишга интилаётгандирлар.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мен сизнинг қизингизман-ку! Мени шунча йиллар давомида кўрмагансиз!
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ҳа, балли, шундай экан… Туғишганларимиз уйда бўлганларида уларнинг хислатларини эслаб яшаймиз, акс ҳолда чидаб бўлмайди. Улар уйда бўлмаган тақдирда эса бадкор хусусиятларини хотирлаш билан ўзимизни овутиб, айрилиққа бардош берамиз. Шундай қилиб олисдаги қизим Ариаднани ўтакетган малъун, дейишга ўрганиб қолганман. Хуллас, сизнинг қизингизман, деб меҳр қозонишга уринманг. (Шитоб билан хонанинг бир чеккасига қараб юради.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Меҳр қозониш… Йўқ, бу энди… (Такаббурона). Жуда соз! (Чизмачилик столи олдига ўтириб, ўзига чой қуяди.)
КАПИТАН ШОТОВЕР. Мен хонадон соҳиби сифатида ўз вазифамни ёмон бажаряпман, шекилли. Дэн эсингиздами? Вилли Дэн?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Сизни тунаб кетган ўша ифлос матросни айтяпсизми?
КАПИТАН ШОТОВЕР (Эллини таништириб). Ўшанинг қизи. (Диванга ўтиради.)
ЭЛЛИ. Йўқ, бекор гап!
Энага чойнак кўтариб киради.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Мана бу бемаза ичимлигингизни кўзимдан йўқотинг! Эшитяпсизми?
ЭНАГА. Ростдан чой дамлагансиз, шекилли. (Эллига) Сизни эсидан чиқариб қўймабди-да, а? Капитанга ёқиб қолдингиз.
КАПИТАН ШОТОВЕР (хўмрайиб). Ёшлик! Гўзаллик! Покизалик! Мана шулар етишмайди бизнинг хонадонда. Мен мункайиб қолган қарияман, Гесиона, айтайлик, нисбатан ёш. Унинг фарзандлари эса болага ўхшамайди.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Бу уйда болалар қандай қилиб бола ҳолида қолиши мумкин? Тилимиз чиқмасданоқ турли ғояларни миямизга қуйиб қўясизлар. Бу ғоялар одобли, бамаъни кишилар учун эмас, эллик ёшга бориб қолган файласуфлар учун мақбул.
ЭНАГА. Мисс Эдди, эсимда, сиз илгарилари ҳам одоб ҳақида кўп гапирардингиз.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Энага, шуни яхши эслаб қолингки, мен мисс Эдди ҳам, қизалоқ ҳам, жажжигина қиз ҳам эмас, леди Эттеруордман!
ЭНАГА. Яхши, жонгинам. Ҳаммага сизни миледи деб чақиришни та­йинлаб қўяман. (Вазмин осойишталик билан патнисни олиб чиқиб кетади.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Шу ҳам қулайлик бўлди-ю! Хонадонда бунақа имиллаб юрадиган бесўнақай хизматкорни тутишдан не фойда?
ЭЛЛИ (ўрнидан туриб, бўш финжонни столга қўяди). Леди Эттеруорд, сиз нима деб ўйлайсиз, миссис Хэшебай мени ростдан ҳам кутяптими ё йўқми?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Э-э, сўраманг. Ўзингиз кўриб турибсиз, мен йигирма уч йиллик айрилиқдан сўнг ҳозиргина кириб келдим. Ягона синг­лисиман. Лекин, маълум бўлдики, бу ерда мени ҳам ҳеч ким кутмаган.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ёш ледини кутишганми, йўқми, бунинг нима аҳамияти бор? Унинг бу ердалигидан мамнунмиз. Каравот бор, овқат етарли. Унга хонани ўзим тайёрлаб бераман. (Эшик томон юради.)
ЭЛЛИ (уни тўхтатмоқчи бўлиб ортидан юради). Тўхтанг, шошманг. Илтимос…
Капитан Шотовер чиқиб кетади.
Леди Эттеруорд, нима қилишга ҳам ҳайронман. Отангиз ўзини тунаб кетган ўша матрос менинг дадам эканига ишончи комил, шекилли.
ЛЕДДИ ЭТТЕРУОРД. Энг яхшиси, буни сезмагандек бўлиб юраверинг. Отам ўта ақлли одам, лекин ҳамиша ҳамма нарсани унутиб юради. Қариган чоғи хотираси янада заифлашган, албатта. Шуни ҳам айтиш керакки, баъзида бирон нарсани ростдан ҳам унутиб қўйганига ишониш қийин.
Миссис Хэшебай елиб кириб, Эллини қучоқлайди. У леди Эттеруорддан бир ё икки ёш катта бўлиб, унга нисбатан ҳатто гўзалроқ. Эгнида қора духобадан тикилган чиройли халат.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Элли! Жонгинам! (Уни ўпади.) Кўп бўлдими келганингизга? Мен ҳамиша уйдаман. Хонангизни тартибга келтириб, гуллар олиб кириб қўйдим. Кейин бир нафасга у ёқ-бу ёққа қараб ўтириб, пинакка кетиб қолибман. Дадам уйғотиб, сизнинг келганингизни айтди. Ҳеч ким кутиб олмаганидан ва бу ерда якка ўзингиз ўтириб қолганингиздан ранжиб, нималар деб ўйлаганингизни тасаввур қилишим мумкин. (Яна ўпади.) Бечора қизалоқ! (Эллини диванга ўтқазади.)
Леди Эттеруорд уларнинг эътиборини ўзига қаратиш учун олдинга юради.
Вой, бир ўзингиз келмаганмидингиз?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Гесиона, ростдан ҳам мени танимаяпсанми?
МИССИС ХЭШЕБАЙ (назокат билан). Йўғ-е, чеҳрангиз танишдек. Лекин қаерда учрашганмиз?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Наҳот дадам мени шу ерда, деб айтмаган бўлса? Йўқ, бу энди ҳаммасидан ошиб тушди! (Ўзини креслога ташлайди.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Дадамми?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Ҳа, дадам. Дадамиз! Ярамас, ҳиссиз қўғирчоқ! (Ғазабнок бўлиб ўрнидан туради.) Ҳозироқ меҳмонхонага кетаман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (уни елкасидан қучиб). Вой, худойим! Қудратли тангрим! Наҳот бу Эдди бўлса?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Ҳа, бу – мен, Эдди. Агар мени жиндек яхши кўрганингда танимай қолган бўлишинг мумкин эмасди. Шунчалик ўзгариб кетмаганман-ку. Дадам эса ҳатто менинг келганлигимни сенга айтишни лозим топмабди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Қизиқ ҳангома! (Синглисини қучиб, бағрига босиш ўрнига уни кресло сари итаради.) Ўтир. Лекин кўринишинг аъло! Янада гўзаллашиб кетибсан. Элли билан танишиб олган бўлсанг керак? Ҳақиқий миллионерга, хомсемиз, бесўнақай бир одамга турмушга чиқмоқчи. Черков сичқонидек камбағал бўлиб қолган отасини асраб қолиш учун ўзини қурбон қилмоқчи. Уни бу ниятидан қайтариш учун менга кўмаклашишинг лозим.
ЭЛЛИ. Қўйинг, Гесиона, илтимос.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Жонгинам, ўша шахс бугун отангиз билан бирга бу ерга келиб, сизга хушомад қила бошлайди. Қарабсизки, ўн дақиқа ўтар-ўтмас ҳаммаси аён бўлади-қолади. Шундай экан, буни сир тутмоқ не даркор?
ЭЛЛИ. У ҳеч ҳам ёмон одам эмас, Гесиона. Унинг отамга қанчалар меҳрибонлик қилганини билмайсиз. Мен у кишидан ғоят миннатдорман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (энди леди Эттеруордга мурожаат қилади). Эдди, Эллининг отаси ажойиб одам. Исмлари Мадзини Дэн. Мадзини машҳур одам бўлган. Эллининг бувиси ва бобоси билан яхши таниш. Улар Браунинг каби шоир бўлишган… Эллининг отаси, яъни Дэн туғилганида, Мадзинининг шахсан ўзи: “Мана, яна бир озодлик курашчиси!” деб, унга Мадзини исмини қўйган. Озодлик учун у ўзича курашиб келмоқда, шу боис ҳам камбағал.
ЭЛЛИ. Отамнинг камбағаллиги билан ғурурланаман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ҳа, албатта, жонгинам. Шундай экан нега уни камбағаллигича қолдириб, бошқа, ўзингиз севган кишига турмушга чиқмайсиз?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (ўзини тутолмай сапчиб ўрнидан туриб кетади). Гесиона, сен мени ўпасанми, йўқми?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Бунинг сенга нима зарурияти бор?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Опа-сингилмиз, йигирма уч йил дийдор кўришмадик. Шундай экан, синглингни ўпиб қўйсанг бўларди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Эртага эрталаб ўпаман, азизим. Пардоз-андоз қилишингдан олдин ўпаман… Упа ҳидига тоқатим йўқ.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Тошбағир…
Эшик бўсағасида Мадзини Дэн билан Гектор пайдо бўлишади. Гектор Мадзинини олдинга ўтказади, унинг орқасидан ўзи киради.
МАДЗИНИ. Қанақа ғаройиб-а! Элли, қизалоғим! Мистер Хэшебай ҳозиргина менга шунақа бир ғаройиб…
ЭЛЛИ. Эшитганман. (Хонанинг иккинчи томонига ўтиб кетади.)
ГЕКТОР (унинг орқасидан юриб). Йўқ, буни сиз ҳали эшитмагансиз. Тушки овқатдан сўнг гапириб бераман. Сизга маъқул бўлади, деб ўйлайман. Тўғрисини айтсам, буни мен сиз учун тўқиганман. Гапириб бераман, деган ниятда эдим. Лекин, афсуски… Майли, сиз бўлмасангиз, отангизга…
ЭЛЛИ (орқага чекиниб, нафрат билан, лекин осойишта оҳангда). Меҳнатингиз зое кетмабди. Отам сизга ишонади. Мен ишонмаган бўлардим.
МАДЗИНИ (хайрихоҳлик билан). Қизимнинг табиати шунақа қалтисроқ, мистер Хэшебай. Аслида бунақа фикрда эмас. (Китоб жавонининг олдига бориб, уларга разм солади.)
Ташқаридан Босс Менген, унинг орқасидан капитан Шотовер киришади. Менген, черковгами ёки расмий бир йиғингами отлангандек, башанг кийинган. Ёши эллик бешларда, юзи рангпар, қарашлари бежо.
КАПИТАН ШОТОВЕР (миссис Хэшебайни янги меҳмон билан таништиради). Исмим Менген деяпти. Ҳарбий хизматга яроқсиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (алоҳида тавозе билан). Хуш келибсиз, мистер Менген.
МЕНГЕН (унинг қўлини қисиб). Ғоят хурсандман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Дэн ўзининг барча мускулларидан халос бўлибди. Лекин, бунинг эвазига руҳан тетик бўлиб қолибди. Алкаголь безгагини уч марта бошидан кечирган одамнинг… (Чиқиб кетади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Мистер Дэн, табриклайман.
МАДЗИНИ (ҳайрон бўлиб ). Нима деяпти, мен спиртли ичимликларни бир умр оғзимга олган одам эмасман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Дадам нимани хоҳласа, шуни гапираверишига қанчалик имкон берсангиз, шунча қулоғингиз тинч бўлади.
МАДЗИНИ. Бўҳтон-ку бу!
МИССИС ХЭШЕБАЙ (Менгенга қараб). Мистер Менген, эрим билан танишмисиз? (Гекторга ишора қилади.)
МЕНГЕН (Гекторга қўлини узатиб) Ғоят хурсандман. (Эллига мурожаат қилади.) Йўлдан унчалик чарчаб келмаган бўлсангиз керак, деб ўйлайман. (У билан қўл бериб кўришади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Гектор, мистер Дэнга хонасини кўрсатгин.
ГЕКТОР. Ҳа, албатта. Мистер Дэн, юринг. (Мадзинини бошлаб чиқиб кетади.)
ЭЛЛИ. Гесиона, ҳали менга хонамни кўрсатмадингиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Вой, худойим-эй, нақадар тентакман, юринг. Мистер Менген, марҳамат қилиб, ўз уйингиздек ҳис этинг. (Ичкарига қараб) Дада, мистер Менгенга уйимизни кўрсатинг. (Элли билан бирга чиқиб кетади.)
КАПИТАН ШОТОВЕР (киради). Дэннинг қизига уйланмоқчимисиз? Бундай қила кўрманг. Ўта қарисиз.
МЕНГЕН (ҳанг-манг бўлиб). Шунақа, денг! Капитан, тўсатдан бунингиз нимаси!
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ҳақиқат-ку бу.
МЕНГЕН. Элли бунақа деб ўйлаётгани йўқ.
КАПИТАН ШОТОВЕР. У ҳам айни шундай фикрда.
МЕНГЕН. Ёшлари мендан каттароқ кишилар ҳам…
КАПИТАН ШОТОВЕР (унинг гапини давом эттириб). Аҳмоқ бўлиб қолишган. Бу ҳам ҳақиқат.
МЕНГЕН (асабийлашиб). Нима учун сиз, бу ишларга аралашишга ҳақлиман, деб ўйлайсиз, тушунмаяпман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бунга ҳар қандай киши аралашиши лозим. Бундай вазиятларда осмондаги юлдузлар ҳам титраб кетади.
МЕНГЕН. Шунга қарамай мен унга уйланаман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Қаёқдан била қолдингиз буни?
МЕНГЕН (ўзини иродали, қатъий табиатли киши қилиб кўрсатишга уриниб). Мен шундай қилмоқчиман. Шунга қарор қилдим. Тушунарлими? Мен ҳеч қачон бирор ишга қарор қилиб, уни охирига етказмай чала қолдирган эмасман. Шунақа одамман. Капитан, сиз буни жиддий равишда англаб олсангизгина, биз бир-биримизни яхши тушуна оламиз.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Кинематографияни яхши кўрар экансиз!
МЕНГЕН. Балки. Буни сизга ким айтди?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Экрандаги қўғирчоқдай эмас, одамга ўхшаб гаплашар экансиз. Бир йилда юз минг даромад кўраман, демоқчисиз.
МЕНГЕН. Мен бу билан мақтанмайман. Лекин йилига юз минг ишлаб топадиган кишини учратсам, унинг қаршисида шляпамни ечиб, қўлини қисаман ва уни, оғайни, дейман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Демак, сизнинг ҳам бир йиллик даромадингиз – юз минг. Шундайми?
МЕНГЕН. Йўқ, мен бунақа демаган бўлардим. Эллик минг, бу – бошқа гап.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Демак, ярим оғайни. (Одатдаги кескинлик билан терс ўгирилиб, столдаги финжонларни йиғиштира бошлайди.)
МЕНГЕН (асабийлашиб). Менга қаранг, капитан, мен бу хонадонда ўзимнинг кимлигимни билолмай қолдим. Мен қизингизнинг таклифи билан келган эдим. Айтинг-чи, мен унинг уйидаманми ё…
КАПИТАН ШОТОВЕР. Сиз осмон остида, парвардигорнинг паноҳидасиз. Бу деворлар орасида нимаики ростакам бўлса, ташқарида ҳам шундай. Хоҳ денгизга боринг, хоҳ тоққа чиқинг, водийга тушинг – барибир, у қиз сиз учун ўта ёш.
МЕНГЕН (бўшашиб). Ёшим элликдан озгина ошган, холос.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Тўғрироғи, олтмишга озгина етмайди. Босс Менген, денгиз қароқчисининг қизига уйланмайсиз. (Патнисни кўтариб, омбор томон юради.)
МЕНГЕН (унинг орқасидан юриб). Қанақа қароқчи? Нималар деяпсиз?
КАПИТАН ШОТОВЕР (ичкарида туриб). Элли Дэнни айтяпман. Сиз унга уйланмайсиз.
МЕНГЕН. Ким менга халал бера олади?
КАПИТАН ШОТОВЕР (омбордан чиқиб). Қизим. (Ташқарига чиқиладиган эшик томон юради.)
МЕНГЕН (унинг орқасидан эриб). Миссис Хэшебайми? У мени шу мақсадда чақирган, демоқчимисиз?
КАПИТАН ШОТОВЕР (тўхтаб, унга ўгирилади). Мен унинг кўзларидан уққан нарсамни биламан, холос. Ҳа, у ростдан ҳам шунга эришади. Менинг маслаҳатимга қулоқ солинг: вест-индиялик ҳабаш аёллардан бирига уйланинг. Хотин қилсанг арзийдиган аёллар улар. Ўзим ҳам қачонлардир ҳабаш аёл билан икки йил яшаганман.
МЕНГЕН. Жин урсин!
КАПИТАН ШОТОВЕР. Уриб бўлган! Бир пайтлари мен ҳам бировларнинг тузоғига илинган эдим. Ўша ҳабаш аёл қутқариб қолди.
МЕНГЕН (чорасиз бир ҳолатда). Қизиқ тарих экан. Ростини айтсам, аллақачон бу ердан кетишим керак эди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Нима учун?
МЕНГЕН. Биласизми, сизнинг гаплашиш услубингиз унча-мунча одамга ёқмайди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бўлмаган гап. Одатда жанжаллар бошқача услубда гаплашишдан келиб чиқади. Мен билан ҳеч ким ҳеч қачон жанжаллашган эмас.
Эшикдан дид билан кийинган, ўзини тутиш услуби Вест-Энду табақасига мансуб бўлган Рэнделл кириб келади. Дастлаб ёш, ёқимли, бўйдоқ йигит сифатида кўринса-да, кейинчалик камида қирқ ёшдан ошгани маълум бўлади.
РЭНДЕЛЛ. Бунақа, тасодифан, сўрамасдан кириб келганим учун узр сўрайман. Гап шундаки, эшик қоқадиган болғача йўқ экан. Қўнғироқ эса, янглишмасам, ишламайди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Болғачанинг сизга нимага кераги бор? Қўнғироққа нима зарурият? Эшикларимиз очиқ.
РЭНДЕЛЛ. Ҳа, балли. Шунинг учун ҳам тўғри кириб келаверишга журъат этдим…
КАПИТАН ШОТОВЕР. Яхши қилибсиз. Ҳозир сизга бирон хона топиб бераман. (Эшик томон юради.)
РЭНДЕЛЛ (уни тўхтатиб). Менинг кимлигимни билмасангиз керак, деб ўйлайман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Наҳот менинг ёшимдаги кишилар одамларни табақаларга ажратиб муомала қилишади, деб ўйласангиз? (Чиқиб кетади.)
Менген билан Рэнделл бир-бирига қараб туриб қолишади.
МЕНГЕН. Бу, капитан Шотовер ғалати одам экан.
РЭНДЕЛЛ. Ҳа, ростдан ғалати одамга ўхшайди.
КАПИТАН ШОТОВЕР (ташқаридан туриб қичқиради). Гесиона! Яна биттаси келди. Хона керак унга. Ўзига бино қўйган, олифта. Эллик ёшларга бориб қолган.
РЭНДЕЛЛ. Гесионанинг нима деб ўйлашини фараз қиляпман. Ижозатингиз билан сўрасам, сиз ҳам шу оиланинг аъзосимисиз?
МЕНГЕН. Йўқ.
РЭНДЕЛЛ. Мен эса қайси бир маънода қариндошман.
Миссис Хэшебай киради.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Хуш келибсиз. Келганингиз қандоқ яхши.
РЭНДЕЛЛ. Сиз билан танишишдан ғоят хурсандман, Гесиона. (Уни ўпади.)
Эшик олдида капитан Шотовер пайдо бўлади.
Капитан, қизингизни ўпганим учун мени кечиринг. Мен сизга айтсам…
КАПИТАН ШОТОВЕР. Беҳуда гап! Қизимни ҳамма ўпади. Ўпаверинг. Истаганингизча ўпаверинг. (Омбор томон юради.)
РЭНДЕЛЛ. Миннатдорман. Капитан, бир дақиқа.
Капитан Шотовер тўхтаб, унга ўгирилади. Рэнделл унинг ёнига боради.
Балки ёдингиздадир. Унутган бўлишингиз ҳам мумкин. Ахир, орадан кўп йиллар ўтиб кетди. Кичик қизингиз Гастингс Эттеруордга турмушга чиққан эди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Эсимда. Қизим, бу уйдан кетиш учун ҳар қандай одамга турмушга чиқишга розиман, деган эди. Сизни танимай қолишим ҳам мумкин эди. Каллангиз энди ёнғоққа ўхшамайдиган бўлибди. Илвираб қолибсиз. Кўп йиллар давомида нонга қўшиб, сутга солиб қайнатишганга ўхшайди. Одатда аёллар ўз эрларини шунақа қилишади. Бечора! (Омборга кириб кетади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ (Рэнделлнинг олдига келиб, унга синовчан нигоҳ ташлайди). Сизнинг Гастингс Эттеруорд эканингизга ишонмайман.
РЭНДЕЛЛ. Йўқ, мен у эмасман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Шундай экан, мени ўпишга қандай журъат қилдингиз?
РЭНДЕЛЛ. Сизни жудаям ўпгим келди. Гап шундаки, мен Гастингс Эттеруорднинг номақбул укаси Рэнделл Эттеруорд бўламан. У уйланган пайтда мен чет элда эдим, элчихонада хизмат қилардим.
Хонага елиб леди Эттеруорд кириб келади.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Гесиона, менинг хонамдаги жавоннинг калити қаёқда? Брилиантларимнинг барини сумкамда олиб келган эдим. Уларни яшириб қўймоқчиман. (Рэнделлни кўриб лол бўлиб, туриб қолади.) Рэнделл, бу ерга келишга қандай журъат этдингиз? (Унга қараб юради.)
Миссис Хэшебай диванга, Менгеннинг ёнига бориб ўтиради.
РЭНДЕЛЛ. Нимага журъат этибман? Ноўрин ҳеч нарса қилганим йўқ-ку.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Менинг бу ердалигимни сизга ким айтди?
РЭНДЕЛЛ. Кларижейларникига борган эдим. Сизнинг бу ёққа жўнаб кетганингизни эшитдим-у, келавердим. Кўринишингиз зўр.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мен билан бунақа гаплашманг.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Нима бўлди, Эдди?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (ўзини бироз босиб олиб). Ҳеч нарса. Лекин таклиф этилмасдан бу ерга келиб, дадамни безовта қилиш – беодоблик. (Дераза раҳига бориб ўтиради ва жаҳл билан тескари ўгирилиб олади. Боғда сайр қилиб юришган Гектор билан Эллини кузатади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Мистер Менген билан таниш эмассан, шекилли?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (Менген томонга қараб, совуққина бош илғайди). Кечирасиз (Рэнделлга ўгирилиб), Рэнделл, сиз кайфиятимни бузиб, мени ўнғайсиз ҳолатга солиб қўйдингиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (Менгенга). Леди Эттеруорд. Синглим.
МЕНГЕН. Танишганимдан ғоят бахтлиман, леди Эттеруорд.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (янгича бир қизиқиш билан). Боғда мисс Дэн билан сайр қилиб юрган жентльмен ким бўлди?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Билмадим. Ўн дақиқа аввал эрим билан қаттиқ айтишиб қолган эди. Яна бошқа бирон кимса келганини кўрганим йўқ. Янги меҳмон бўлса керак. (Дераза олдига бориб, ташқарига қарайди.) Бу – Гектор-ку. Демак, ярашиб олишибди.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Эрим дейсанми? Ўша хушсурат жентльмен-а?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ҳа-а. Нега энди менинг эрим хушсурат бўлмаслиги керак?
РЭНДЕЛЛ (уларнинг ёнига келиб). Эрлар ҳеч қачон чиройли бўлишмайди, Ариадна (Леди Эттеруорднинг ўнг томонига ўтиради.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Опа-сингилларнинг эрлари эса, мистер Рэнделл, чаккимас-а?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Бачкана бўлманг, Рэнделл! Гесиона, сен ҳам ундан қолишмайсан.
Ўнг томондаги эшикдан Элли билан Гектор киришади. Рэнделл ўрнидан туради. Элли бурчакка, омбор томонга қараб юради, Гектор олдинга ўтиб кетади. Миссис Хэшебай ўрнидан туради.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Гектор, бу – Эдди.
ГЕКТОР (таажжубланиб). Йўғ-э, шу ледими? Бўлиши мумкин эмас.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (жилмайиб). Нега бўлиши мумкин эмас?
ГЕКТОР (ўткир нигоҳ ташлаб). Менинг тасаввурим бошқача эди… Кечиргайсиз, леди Эттеруорд. Сизни ниҳоят ўз кулбамизда муборакбод қилганимдан ғоят бахтиёрман. (Унга қўлини узатади.)
МИСС ХЭШЕБАЙ. Ўпишингга илҳақ бўлиб турибди.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Гесиона! (Лекин жилмайишда давом этади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Уни Эдди деб чақиравер. Яхши почча сифатида уни ўпиб қўй. Ортиқча мулозаматларни йиғиштиринглар.
ГЕКТОР. Гесиона, одаб сақласанг-чи. Леди Эттеруорд бу хонадонда меҳмондўстлик билан бирга самимий мулозаматга лойиқ.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД . Ташаккур, Гектор.
Дўстона қўл олишади. Дераза ёнидан ўтиб кетаётган Мадзини Дэн кўринади, омбордан капитан Шотовер чиқиб келади.
КАПИТАН ШОТОВЕР (Эллига мурожаат қилади). Отангиз ювиниб бўлди.
ЭЛЛИ (вазминлик билан). Дадам тез-тез ювиниб туришни хуш кўрадилар.
КАПИТАН ШOТОВЕР. Ғалати ўзгариш. Омборхонанинг деразасидан кўриб турдим.
Ўнг томондаги эшикдан жилмайган ҳолда Мадзини Дэн киради ва Менген билан Хэшебайнинг ўртасида тўхтайди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (таништириб). Мистер Мадзини Дэн, (леди Эттеруордга ишора қилиб) леди Этте… Вой, эсим қурсин, сизларни таништирганим мутлақо ёдимдан кўтарилибди.
МАДЗИНИ (Эллининг қўлини кафтига олиб). Мисс Ден билан ҳам учрашганмиз. (Кулиб) Бу менинг қизим!
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ҳа, албатта!
РЕНДЕЛЛ (тавозе билан Мадзинининг қўлини олиб). Мен леди Эттеруорднинг қайниcи бўламан. Мистер Дэн, сиз билан танишганимдан мамнунман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Бу менинг эрим.
ГЕКТОР. Азизим, бизни таништиришга ҳожат йўқ, биз танишмиз. (Катта курсининг ёнига боради.) Леди Эттеруорд, балки ўтирармиз?
Леди Эттеруорд ўтиради.

МИССИС ХЭШЕБАЙ. Кечирасизлар. Таништиришни жиним суймайди. Гўё “чиптангизни кўрсатинг”, дегандек гап.
МАДЗИНИ (ақл ўргатаётгандек). Бундоқ олиб қарасангиз, бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Гап бизнинг кимлигимизда эмас, нималигимизда.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ҳа-а. Олайлик, масалан, сиз нимасиз?
МАДЗИНИ (эсанкираб). Мен нимаман?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ўғрими, денгиз қароқчисими? Қотилми?
МАДЗИНИ. Сизни қаттиқ ишонтириб айтаман, адашяпсиз.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Авантюристнинг ҳаёти. Бу эса нималарга олиб келиши мумкин? Басавлатликка. Қизингиз чинакам леди. Нутқи, ўзини тутиши – ҳаммаси марказдаги тарғиботчиларга хос. Буларнинг бари биз учун ибрат бўлиб қолсин. (Боққа чиқиб кетади.)
МАДЗИНИ. Бу ердагилар менинг ўғри, денгиз қароқчиси, қотил эмаслигимга ишонсалар керак, деган умиддаман. Миссис Хэшебай, кечирасиз, бир нафасга чиқиб кетаман. У киши билан бу англашилмовчиликни ҳал қилишим керак. (Капитан Шотовернинг орқасидан чиқиб кетади).
МИССИС ХЭШЕБАЙ (унинг орқасидан). Бефойда. Яхшиси, ҳаммамиз ичкарига кириб, чой ичганимиз маъқул. Бизда чой ҳеч қачон белгиланган вақтда тайёр бўлмайди. Лекин истаган пайтингизда чой топилади. Хизматкорнинг хонасида кун бўйи қайнаб туради. Галерея ёнидаги ошхонадан сўрасангиз, дамлаб беришади. Истасангиз, кўрсатиб қўйишим мумкин. (Эшик томон юради.)
РЭНДЕЛЛ ( у билан ёнма-юради). Ташаккур. Чой ичгим йўқ. Лекин боғингизни кўрсатсангиз…
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Дадамнинг обсерваториясини айтмаса, боғимизда кўрсатгудек ҳеч вақо йўқ. Айтганча, дадамнинг динамит ва бошқа шу каби ашқол-дашқоллари сақланадиган, қум тўлдирилган ертўла ҳам бор. Ҳарқалай, хонада ўтиргандан очиқ ҳавода юрган маъқул. Юринг.
РЭНДЕЛЛ. Динамит дейсизми? Ахир, бу хавфли-ку!
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Йўғ-э! Момақалдироқ бўлган пайтларда у ерга тушмаймиз-ку.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Бу мен учун янгилик. Динамитлар нимага керак?
ГЕКТОР. Одамзод ҳаддидан ошиб кетгудай бўлса, уни портлатиб, кулини кўкка совуриш учун. Дадам Маҳатманинг ҳукми билан мавжуд бўлган барча портловчи моддаларнинг кулини кўкка совурадиган аллақандай руҳий нурни кашф қилмоқчи.
ЭЛЛИ. Мистер Эттеруорд, капитаннинг ажойиб чойи бор экан.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (эшик олдида тўхтаб). Наҳот дадам сизни ўзининг чойи билан сийлаган бўлса?
ЭЛЛИ. Мен бунга муваффақ бўлдим.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Вой, тирранча-эй! (Рэнделл билан бирга чиқиб кетади.)
МЕНГЕН. Сиз-чи, сайр қилишни истамайсизми?
ЭЛЛИ. Чарчаганман. Мен, яхшиси, биронта китоб билан хонага кириб, озгина дам оламан. (Китоб жавонининг олдига боради.)
МЕНГЕН. Маъқул. Бундан яхшисини ўйлаб топиш қийин. Лекин мен хафа бўлдим. (Рэнделл билан миссис Хэшебайнинг ортидан чиқиб кетади.)

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Ўша саҳна.Чироқ ёниб турибди, дераза пардалари тушириб қўйилган. Элли, унинг ортидан Менген киришади. Ҳар иккаласи бошқа либосларда. Элли чизмачилик столининг олдига келади. Менген стол билан тўқима курси (кресло) оралиғида тўхтайди.
МЕНГЕН. Шу ҳам овқат бўлди-ю! Иссиқ овқатсиз, чой билан бирга бериладиган қуруқ бир таом.
ЭЛЛИ. Менген, мен бунақа таомларга кўникиб қолганман. Борига шукур. Айтгандек, капитан менга макарон пишириб берган эди.
МЕНГЕН (жирканиб, зарда билан). Шу ҳам овқат бўлди-ю! Мен бунақа нарсаларни ея олмайман. Бу миямни кўп ишлатишим билан боғлиқ бўлса керак. Ишим шуни талаб қилади. Бу тадбиркорнинг ҳаётидаги энг оғир машаққат. Бир умр ўйлашга тўғри келади, ўйлаш, ўйлаш… Дарвоқе, ўзимиз холи қолганимизда, ижозатингиз билан, шу дақиқалардан фойдаланиб, ўртамиздаги муносабатлар қандай бўлишини аниқлаб олмоқчиман.
ЭЛЛИ (чизмачилик столи олдидаги курсичага ўтириб). Ҳа, ҳа, мен ҳам айни чоғда шуни билмоқчи эдим.
МЕНГЕН (довдираб). Шуни истаяпсизми? Тўғриси, бу мен учун бироз ажабланарли. Негаки, бугун мендан узоқроқ юриш пайида эканингизни сезгандек бўлдим. Тағин бу биринчи марта эмас.
ЭЛЛИ. Чарчаган эдим. Умуман, ўзимни ёмон ҳис қилган эдим. Бу ғайритабиий хонадонга ҳали кўникмагандим. Илтимос, мени кечиринг.
МЕНГЕН. Майли, ҳечқиси йўқ. Хафа бўлмайман. Аммо капитан Шотовер менга сиз ҳақингизда гапирган эди. Англаяпсизми – сиз ва мен ҳақимда.
ЭЛЛИ (қизиқсиниб). Капитанми? Хўш, нималар деди?
МЕНГЕН. Биласизми, у сиз билан менинг… ёшларимиз ўртасидаги фарққа эътибор қаратди.
ЭЛЛИ. Унинг сезмаган нарсаси йўқ.
МЕНГЕН. Демак, сиз бунга эътибор бермайсиз, шундайми?
ЭЛЛИ. Албатта. Мен шуни яхши биламанки, унаштирилишимиз…
МЕНГЕН. Демак, ўша учрашувимизни унаштирилиш, деб биласиз?
ЭЛЛИ. Ё шунақа эмасми?
МЕНГЕН. О, албатта, албатта. Сиз шунақа дер экансиз. Ахир, бу сўзни биринчи марта талаффуз қиляпсиз. Мен учун эса бу мужмал бўлиб туюлган эди. Гапим тамом. (Тўқима курсига ястаниб ўтириб олади.) Кечирасиз, нимадир демоқчи эдингиз…
ЭЛЛИ. Йўғ-э? Эсимдан чиқиб қолди. Эслатинг-чи? Бу ер сизга ёқадими? Тушлик овқат пайтида миссис Хэшебайдан яқин-ўртада яхшироқ ҳовли-жой топилармикан, деб сўраганингизни эшитиб қолдим.
МЕНГЕН. Бу ерлар менга маъқул бўлди. Ҳавоси тоза, шекилли, эркин нафас оласиз. Шу ерни макон қилсам, ажабмас.
ЭЛЛИ. Мен ҳам, бу ердан яхшироқ жой бўлмаса керак, деган фикр­даман. Ҳавоси ҳам, сиз айтгандек, тоза. Қолаверса, Гесионага яқинроқ жойда яшашни истардим.
МЕНГЕН. Бу ерларнинг обу ҳавоси бизга тўғри келади, албатта. Илло, сиз билан мен бир-биримизга мос тушамизми-йўқми, мана, масала қаерда. Сиз бу ҳақда ўйлаб кўрдингизми?
ЭЛЛИ. Мистер Менген, биз сиз билан ўйлаб иш қилишимиз керак, шундай эмасми? Ўзимизни Ромео билан Жульетта деб ҳис этишимизга ҳожат йўқ. Лекин астойдил ҳаракат қилсак, бинойидек муроса қилишимиз мумкин. Сизнинг мунис қалбингиз менга шундай имкониятни беради, деб ишонаман.
МЕНГЕН (олдинга эгилади, овозида эса норозилик оҳанги пайдо бўлади). Мунис қалб?.. Ҳм-м. Ахир, отангизни синдириб, хароб қилган мен-ку: бу сизга маълум бўлса керак?
ЭЛЛИ. Лекин қасддан қилинган эмас-ку, шундай эмасми?
МЕНГЕН. Айнан шундай. Мен буни қасддан қилганман.
ЭЛЛИ. Қасддан?!
МЕНГЕН. Шахсий адоватим бўлгани учун эмас, албатта. Ўзингизга маълумки, отангизнинг ишлари барбод бўлганида мен у кишига иш бердим. Аммо иш ҳамиша ишлигича қолаверади. Мен уни ишимизга салбий таъсир қила оладиган шахс сифатида барбод этдим.
ЭЛЛИ. Бунақа бўлишига ақлим етмаяпти. Менинг сизга мутлақо қарам эмаслигимни ҳис этиб, муаммони эркин ҳал этишга мажбур қилмоқчисиз. Шундайми?
МЕНГЕН (ўрнидан туради ва ўжарлик билан). Йўқ. Мен нима деган бўлсам, шуни айтмоқчи эдим.
ЭЛЛИ. Бундан нима наф кўрдингиз? Ахир, у сарфлаб қўйган пул сизнинг пулингиз эди-ку?
МЕНГЕН (заҳархандалик билан). Ҳа. Менинг пулларим. У пуллар ҳозир ҳам меники, миссис Элли. Дўстларининг у билан ҳамкорликда йўқотган барча пуллари ҳам меники. (Қўлларини чўнтагига солиб, тиржаяди.) Мен уларни арини уясидан тутун билан қувиб чиқаргандек ҳайдаб солдим. Бунга нима дейсиз? Бу сизни даҳшатга соляпти, шундай эмасми?
ЭЛЛИ. Бугун эрталаб бу мени ростдан ҳам даҳшатга солган бўлар эди. Ҳозир эса, мутлақо аҳамиятсиз эканлигини тасавур ҳам қилолмайсиз. Лекин бу ғоят қизиқарли. Фақат сиз менга тушунтириб беришингиз керак. Унчалик ақлим етмаяпти. (Осойишта бир ҳолатда унга тикилиб, диққат билан тинглашга ҳозирланади.)
МЕНГЕН. Тўғри, сиз буни тушунмайсиз. Бизнинг ишларимизда нимани ҳам тушунардингиз? Диққат билан қулоқ солиб, ўрганишга ҳаракат қилинг. Отангизнинг фаолияти янги иш эди. Мен эса янги бир иш бошлашни хуш кўрмайман. Одатда бу ишни бошқаларга қўйиб бераман. Улар эса корхонани оёққа турғазиш учун пуллари, шунингдек, дўстларининг жамғармалари, бутун куч ва маҳоратларини сафарбар этганлари ҳолда жон-жаҳдлари билан ишга киришади. Бу, мен сизга айтсам, чинакам ғайрат, шижоат. Шу нарса эътиборга сазоворки, ишнинг вақтинча, оз муддатга бўлса-да, тўхтаб қолиши улар учун офат билан тенг. Чунки молиявий тажрибалари йўқ. Одатда, бир йил, нари борса, икки йил ўтар-ўтмас инқирозга учрашади, ё бўлмаса ўз корхоналарини пайчи шерикларидан бирига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан арзимаган пулга сотишга мажбур бўладилар. Ҳатто бир мири ҳам ололмай қолишлари мумкин. Кўп ҳолларда янгидан ташкил топган компанияларда худди шундай вазият содир бўлади. Компания эгалари қўшимча маблағ сарфлаб, бор имкониятларини сафарбар қилганлари ҳолда яна бир ё икки йил ишлаб туришади-ю, оқибат натижада учинчи шахсга сотиб юборишади. Агар бу чинакам йирик корхона бўлса, учинчи харидорлар ҳам анчагина меҳнат ва маблағ сарфлаб қўйганлари ҳолда, уни сотишга мажбур бўладилар. Ана шунда чинакам ишбилармонлар пайдо бўлишади. Энди майдонга мен кириб келаман. Лекин аксарият одамларга нисбатан айёрроқман. Ишни жойидан жилдириш учун бирмунча маблағ сарфлайман. Отангизнинг қандай одамлигини дарров билиб олдим. Ғояси яхшилиги, агар бу ғояни амалга ошириш учун имконият яратиб берилса, жонини жабборга бериб ишлашини англадим. Қолаверса, нақд маблағ камлик қилиши, бозорни эгаллаш учун қулай фурсат кутиш лозимлигини тушунмас эди. Пул билан муомала қилишни билмайдиган кишини синдириб, инқирозга учратишнинг энг яхши услуби – унга қарзга пул бериш эканлигини билардим. Мен ўз ғоямни Ситидаги баъзи дўстларим билан ўртоқлашдим. Улар пул топишди. Чунки мен ҳатто ғояларим учун ҳам маблағ сарфламайман. Отангиз, шунингдек, ўз маблағларини у билан бирга таваккал қилишга жазм этган дўстлари мен учун бир пақир эди. Хуллас, сиз менга беҳуда миннатдорчилик билдирдингиз. Менинг… қалбим тўғрисидаги гаплар эса – ғирт сафсата. Отангиз ёшли кўзлари билан менга термилиб, оғзи тўлиб миннатдорчилик изҳор этганини кўрсам, кўнглим айниб, беҳузур бўламан. Бор ҳақиқатни унга айтмоқчи бўламан, акс ҳолда ёрилиб кетадигандек ҳис қиламан ўзимни. Барибир ишонмайди, деган фикргина мени тўхтатиб қолади. Буни, сиз айтгандек, мунис ва камтарлигимдан деб ўйлайди. Хуллас, нима деса дейди-ю, лекин ҳақиқатни билмайди. Мана шунинг ўзи ҳам унинг нақадар нодонлигидан далолат беради. Мен эса ўзим ҳақимда ғамхўрлик қила оладиган одамман. (Ўз-ўзидан тўла қаноат ҳосил қилган кишидек курсига ястаниб олади.) Хўш-ш, энди мен ҳақимда нима дейишингиз мумкин, мисс Элли?
ЭЛЛИ (қўлларини тушириб). Ажабо, бу ишларга ақли етмайдиган онам сиз ҳақингизда мутлақо тўғри фикрда бўлган экан. У ҳамиша биз болаларига – отам бўлмаган пайтларда, албатта, сизни айнан шунақа одам, деб айтардилар.
МЕНГЕН (қаддини ростлаб, кўнгли оғриб). Шунақами? Шунга қарамасдан, менга эрга чиқишингизга қаршилик кўрсатмабди-ку.
ЭЛЛИ. Мистер Менген, биласизми, онам жуда яхши инсон билан оила қурган. Отам, иш жиҳатидан у киши ҳақида нима дейишингиздан қатъий назар, ғоят мунис одам. Шу боис тажрибасини такрорлашимни истамаган бўлиши мумкин.
МЕНГЕН. Ҳарқалай, энди менга турмушга чиқмайсиз, шундай эмасми?
ЭЛЛИ (ўта осойишта). Йўғ-е, нега энди?
МЕНГЕН ( ҳанг-манг бўлиб, ўрнидан туради). Ростми?
ЭЛЛИ. Сиз билан тил топиша олмаймиз, дейишга асосим йўқ.
МЕНГЕН. Ҳа, аммо… Менга қаранг, тушунасизми… (Жим бўлиб қолади.)
ЭЛЛИ (осойишта). Нима эди?
МЕНГЕН. Сизни инжиқ бўлсангиз керак, деб ўйлаган эдим.
ЭЛЛИ. Мистер Менген, агар биз, аёллар, эркакларга нисбатан, сиз айтгандек, ўта талабчан, инжиқ бўлсак, унда умуман турмушга чиқмаган бўлардик.
МЕНГЕН. Ёшгина бўлганингиз ҳолда “Биз аёллар!” деб гапирганингизни эшитиш! Йўқ, жиддий гапираётган бўлишингиз мумкин эмас.
ЭЛЛИ. Рост айтяпман. Нима, сиз жиддий гапирмаяпсизми?
МЕНГЕН. Мендан воз кечмайман, демоқчимисиз?
ЭЛЛИ. Сиз-чи, сиз воз кечмоқчимисиз?
МЕНГЕН. Йўғ-э. Воз кечмаймангина эмас…
ЭЛЛИ. Бўлмаса гап нимада?
Менген жавоб бергани гап тополмайди. Чўзиб ҳуштак чалади-да, сўнг юзида муғомбирона илжайиш пайдо бўлади. Курсининг дасталарига суяниб, паст овозда сирли бир оҳангда гапиради.
МЕНГЕН. Мабодо, мен бошқа бир аёлни севиб қолдим, десам нима бўларди?
ЭЛЛИ (ўша услубда). Борди-ю, мен: “Бошқа бир кишини яхши кўриб қолдим”, десам-чи?
МЕНГЕН (сапчиб ўрнидан туради). Мен ҳазиллашаётганим йўқ.
ЭЛЛИ. Нима учун мени ҳазиллашяпти деб ўйлаяпсиз?
МЕНГЕН. Мутлақо жиддий гапиряпман, деб такрорлайман. Сиз жиддий гаплашиш учун ҳали жуда ёшсиз. Аммо менга ишонишингизга тўғри келади. Мен… миссис Хэшебайга яқинроқ бўлишни истардим. Уни севиб қолдим, шекилли. Мана, ниҳоят, юрагимдагини тўкиб солдим.
ЭЛЛИ. Мен эса оғайнингиз мистер Хэшебайга яқин бўлишни истайман. Уни яхши кўриб қолдим. (Ўрнидан туради ва гапини жиддий тарзда тугатади.) Мана, ҳамма нарса ойдин бўлиб, орамизни очиқ қилиб олдик. Энди ҳақиқий дўст бўлиб қоламиз. Дилингиздаги дардларни ошкор қилганингиз учун ташаккур…
МЕНГЕН (дарғазаб бўлиб). Мен билан бунақа муомала қилишингизга йўл қўймайман!
ЭЛЛИ. Қўйинг, мистер Менген. Ахир, сиз нопок ишларингизда отамнинг кўнгилчанлигидан фойдалангансиз. Никоҳ ҳам аёллар учун шунга ўхшаш гап. Хўш, нима учун мен оилавий муносабатларда бундан фойдаланмаслигим керак?
МЕНГЕН. Чунки мен бунга йўл қўймайман. Чунки сизнинг отангизга ўхшаган ғирт лақма эмасман!
ЭЛЛИ (нафрат билан). Мистер Менген, сиз, ҳатто отамнинг туфлисини тозалашга ҳам арзимайсиз…. Мен сизга мурувват кўрсатиб, ўзингиз айтгандек, марҳаматингиздан фойдаланмоқчиман. Тўғри, шуни истар экансиз, унаштирувни бекор қилиш имкониятингиз бор. Аммо шундай қилсангиз, бу хонадоннинг остонасига қадам босмайсиз. Сизга айтдим-қўйдим.
МЕНГЕН (ғазабнок бўлиб). Бориб турган малъун экансиз!.. Мени ер билан яксон қилдингиз. (Ҳолдан тойгандек ўзини курсига ташлайди-ю, айни дамда нажоткор фикр келгандек, дадиллашади.) Йўқ, йўқ, шошманг! Сиз, ўзингиз ўйлагандек, айёр эмассиз. Босс Менгенни осонликча маҳв этиш қўлингиздан келмайди. Борди-ю, ҳозир тўғри миссис Хэшебайга бориб, Элли Дэн эрингизни севиб қолибди, деб маълум қилсам-чи?
ЭЛЛИ. Миссис Хэшебайнинг бундан хабари бор.
МЕНГЕН. Ўзингиз айтдингизми-а?!
ЭЛЛИ. Буни менга унинг ўзи айтди.
МЕНГЕН (чакагини чангаллаб). Бу хонадон аллақандай жиннихона! Ёки мен ақлдан озиб қолганманми?! Нима бало, эрини сизнинг бўлажак турмуш ўртоғингизга алмаштириш ҳақида сиз билан келишиб қўйганми?
ЭЛЛИ. Нима, сиз ҳар иккаламизга эгалик қилмоқчимисиз?
МЕНГЕН (батамом гарангсиб, ўзини курсига отади). Йўқ, бунга чидай олмайман. Бошим қақшаб кетяпти. Ёрдам беринг! Тезроқ! Бошимни ушланг, қисиброқ ушланг. Мени қутқаринг!
Элли унинг орқасидан келиб, бошини маҳкам ушлайди, сўнг аста-секин уқалайди.
Раҳмат. (Уйқусираган овоз билан) Енгиллашяпти. (Мудраб) Фақат гипноз қила кўрманг. Бу сеҳрдан одамларнинг ақлдан озганини ўз кўзим билан кўрганман.
ЭЛЛИ (дадил ишонч билан). Тинчланинг. Баъзи инсонлар гипнозсиз ҳам тентак бўлиб қолганига гувоҳман.
МЕНГЕН (ювошгина бўлиб). Мени силаб-сийпалаш сизга малол келмас, деган умиддаман. Ахир, бугунга қадар менга ҳатто бармоғингизни ҳам теккизган эмассиз.
ЭЛЛИ. Ҳа, албатта, сизни ҳеч қачон ёнига яқинлаштирмайдиган, катта ёшдаги, кўркам аёлни севиб қолмаганингизга қадар, албатта. Мен ҳам мистер Хэшебайни ўзимга яқинлаштирмайман.
МЕНГЕН. У барибир тинчимайди.
ЭЛЛИ (унинг юзини силашда давом этиб). Жи-м-м… Ухланг. Эшитяпсизми? Ҳозир тинчиб қоласиз. Уйқуга кетасиз, ухлайсиз, ухлайсиз… Ухланг, ухланг…

ИККИНЧИ ПАРДА

Менген уйқуга кетади. Элли секин ўрнидан туриб, чироқни ўчириб, боққа чиқиб кетади. Даҳлиз эшиги очилиб, у ердан сизиб кирган нур остида Энага пайдо бўлади.
ЭНАГА (орқасига ўгирилиб, кимгадир гапиради). Мистер Менген йўқ бу ерда, жонгинам. Бу ерда ҳеч ким йўқ. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, зимистон.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (ташқаридан туриб). Боққа қаранг. Биз мистер Дэн иккимиз менинг хонамда бўламиз. Олдимизга бошлаб келинг.
ЭНАГА. Хўп бўлади, жонгинам. (Қоронғида боғ эшиги томон юради ва ухлаб ётган Менгенга қоқилиб кетади. Қичқириб) Вой, Худойим-эй! Қоронғида кўрмай қолибман. Бу ким ўзи? Вой, сизмидингиз, мистер Менген? Бирон ерингиз лат емадими? Буни қаранг-а, оёқларингизга йиқилиб тушибман-а! (Унга яқинлашиб) Сизни қидириб юрувдим ўзи. Миссис Хэшебай сизни… (Унинг қимирламай ётганини кўриб). Вой, худойим! Ишқилиб, ўлдириб қўймаган бўлай! Сэр! Мистер Менген! Сэр! (Елкаларидан тутиб силкийди. Менген курсидан ағанайди, Энага уни ушлаб қолиб, ёстиққа суяб ўтқазади.) Мисс Гесси! Мисс Гесси! Тезроқ бу ёққа келинг, ўргилай! Мисс Гесси!
Даҳлиздан Миссис Хэшебай билан Мадзини Дэн киришади.
Вой, миссис Гесси! Ўлдириб қўйганга ўхшайман!
Мадзини Менгеннинг атрофида айланиб чиқиб, Энаганинг тўғри гапираётганига амин бўлади.
МАДЗИНИ. Ҳой, хотин, бу жиноятни содир этишингизга нима сабаб бўлди?
МИССИС ХЭШЕБАЙ (хохолаб юборишдан ўзини тутиб, Энагага) Буни қасддан қилдим, демоқчимисан?
ЭНАГА. Наҳот шундай ишларга қодир бўлсам?! Қоронғида унга қоқилиб, устига йиқилиб тушдим, босиб қолдим. Вазним оғир-да. У эса бирон нарса демади, ҳатто силкитмагунимча қимир этмади. Кейин қарасам, полда ўлиб ётибди. Фалокат оёқ остида, деб шуни айтадилар-да!
МИССИС ХЭШЕБАЙ (Энаганинг ёнидан ўтиб, Мадзинининг олдига боради, синчковлик билан Менгенга қарайди). Бўлмаган гап! У тирик. Қаттиқ ухлаяпти, холос. Нафас олаётганини кўриб турибман.
ЭНАГА. Бўлмаса нега уйғонмаяпти?
МАДЗИНИ. Менген, азизим! (Унинг қулоғига пуфлайди.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Бу иш фойдасиз. (Уни қаттиқ силкийди.) Мистер Менген, уйғонинг! Эшитяпсизми?
Менген курсидан сирғаниб туша бошлайди.
Вой, энага! Энага! Ағанаб тушяпти, ёрдам!
Энага ёрдамга шошади ва Мадзини билан бирга Менгенни кўтариб, курсига ётқизиб қўйишади.
ЭНАГА (курси ортида туриб, Менгеннинг устига эгилиб, ҳидлаб кўради.) Балки мастдир, сен нима дейсан, жонгинам?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Эҳтимол, дадамнинг ромидан ичиб олгандир?
МАДЗИНИ. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У бунақа одам эмас. Эшитишимча, бир вақтлар яхшигина ичган экан. Ҳозир эса спиртли ичимлик­ларни мутлақо оғзига олмайди. Миссис Хэшебай, биласизми, назаримда, у гипноз таъсирида ётибди.
ЭНАГА. Гипноз? Ким уни гипноз қила қолди?
МАДЗИНИ. Бир куни биз гипноз сеансида қатнашиб, уйга қайтганимиздан кейин болалар “гипноз-гипноз” ўйинини бошлаб юборишди. Ана шунда Элли секин-аста бошимни силади. Тасаввур қилинг-а, қаттиқ уйқуга кетибман. Ҳатто ўн саккиз соатдан кейин мутахассисни чақиришга мажбур бўлишибди. Қизиғи шундаки, болалар мени юқорига, ётоқхонамга чиқариб ётқизмоқчи бўлишибди-ю, қўлларидан тушириб юборишибди. Мен бечора зинанинг бошидан охиригача думалаб кетибман. Аммо шунда ҳам уйғонмабман.
Миссис Хэшебай кулгидан ўзини аранг тўхтатиб туради.
Ҳа, сизларга кулгили, албатта, миссис Хэшебай, мен эса асфаласофилинга равона бўлишим ҳеч гап эмасди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Барибир жудаям кулгили экан. Сиз ўлиб қолганингизда ҳам ўзимни кулгидан тўхта олмасдим, мистер Дэн. Демак, мистер Менгенни Элли гипноз қилиб қўйган экан-да! Ана сизга қизиқ ҳангома!
МАДЗИНИ. Йўқ, йўқ. Ўша воқеа қизим учун даҳшатли сабоқ бўлган. У бошқа ҳеч қачон бунга журъат қилолмаса керак, деб ўйлайман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Унда ким қилган? Масалан, менинг ишим эмас бу.
МАДЗИНИ. Балки капитан ўзи сезмаган ҳолда шундай қилиб қўйгандир. Ахир, унинг магнитлари кучли. У менга яқинлашгудек бўлса, танамда титроқ пайдо бўлади.
ЭНАГА. Ҳарқалай, уни капитан уйғота олади. Буни менга қўйиб беринглар. Ҳозир бориб, чақириб келаман. (Эшик томон юради.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Озгина сабр қилиб тур. (Мадзинига) Ўн саккиз соат бемалол ухлаши мумкин, дедингизми?
МАДЗИНИ. Ўн саккиз соат ухлаган бу – мен.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Шундан кейин сизга бирон нарса бўлиб, тобингиз қочиб қолмадими?
МАДЗИНИ. Негадир эсимда йўқ. Улар менга бренди ичиришди, биласизми…
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Жуда соз. Ҳарқалай, тирик қолибсиз-ку. Энага, бор, мисс Дэндан илтимос қил, ёнимизга келсин. Миссис Хэшебайнинг сизда зарур гапи бор экан, деб айт. Ҳозир Мистер Хэшебай билан бирга бўлса ажабмас.
ОҚСОЧ АЁЛ. Менимча, жонгинам, мистер Хэшебай мисс Эдди билан бирга юрибди. Қидириб топаман, олдингизга юбораман. (Боққа чиқиб кетади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ (курсида ётган Менгенга ишора қилиб). Қаранг, мистер Дэн. Йўқ, яхшилаб қаранг. Сиз ҳали ҳам қизингизни мана шу полиз қўриқчисига қурбон қилиш ниятидамисиз?
МАДЗИНИ (хижолат чекиб). Миссис Хэшебай, сизнинг гапларингиздан кейин бутун борлиғим ағдар-тўнтар бўлиб кетди… Кимда-ким мени – озодликнинг туғма аскарини, шундай дейиш жоиз бўлса, қизим Эллини кимга ёки нимагадир қурбон қилиши ёки ҳис-туйғуларини поймол этиши мумкин деб ўйласа, ўша одам қаттиқ хато қилган бўлади.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (бирмунча лоқайдлик билан). Кечиринг.
МАДЗИНИ (ҳамон ухлаб ётган Менгенга маъюс нигоҳ ташлаб олиб). Миссис Хэшебай, бу бечора Менгенда нима хусуматингиз бор? Фикримча, у яхши одам. Мен унга ўрганиб, меҳр қўйганим рост.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Наҳот сизда юрак, қалб деган нарсалар бўлмаса? Мана бу ҳайвонга қаранг. Унинг панжаларида навниҳол қизингиз қай аҳволга тушишини бир тасаввур қилиб кўринг-а… Бир умр қанчадан-қанча бесўнақай, бебош ишчиларни бўйсундириб, мол-дунё тўплаш илинжида қора терга ботишга мажбур қилаётган қулдор-ку бу! Сизнингча, у саноат капитани, шундайми? Наҳот бечора фарзандингизни шу қўлларга топширишга қодир бўлсангиз?! Қизингиз серҳашам кошонада дуру гавҳарларга кўмилиб яшаши, нақадар бадавлат эканини бошқалар кўриши учун қиляпсизми, шу ишларни?
МАДЗИНИ (унга ҳайрат билан қарайди). Азизим Хэшебай, худо хайрингизни берсин, айтинг-чи, ишбилармонлар ҳаёти ҳақидаги бунақа хаёлий тасаввур сизда қаёқдан пайдо бўлган? Бечора Менген ундай одам эмас.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (нафратланиб). Бечора Менген! Ростдан ҳам!
МАДЗИНИ. Биласизми, машиналарга мутлақо ақли етмайди. Ишчиларга ҳатто яқин боролмайди. Шу боис уларни бошқаролмаса керак. Ходимлардан қўрқади. Мен уни ишлаб чиқариш билан ҳеч қачон қизиқтира олмаганман. Бу масалада у сиздан кўп нарса билмайди. Одамларнинг Менген ҳақидаги фикрлари мутлақо нотўғри. Менгеннинг иш услуби қўполроқ, шунинг учунми, кўпчилик уни дағал, зўравон, деб ўйлайди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Жажжигина, бечора Эллини ўзига қарам қилиб олишга Менгеннинг кучи етмайди, деб мени ишонтирмоқчи бўляпсизми?
МАДЗИНИ. Никоҳнинг келажагини аввалдан айтиш қийин, албатта. Лекин шахсан мен, Менгеннинг Эллидан устун бўлиш учун ҳеч қандай имконияти йўқ, деб ўйлайман. Элли иродали қиз. Мен унда болалигиданоқ Шекспирга муҳаббат уйғотишга муваффақ бўлганман. Ундаги бу хусусият шундан бўлса керак.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (менсимагандек бўлиб). Шекспир! Энди Менгендан кўпроқ пул тополаман, дейишингиз қолди. (Ғоят асабийлашган ҳолда диваннинг чап ёнига бориб ўтиради.)
МАДЗИНИ (унинг орқасидан юради ва диваннинг иккинчи томонига ўтиради). Йўқ, бунга қодир эмасман. Кўриб турганингиздек, унчалик хоҳишим ҳам йўқ. Шуҳратпараст ҳам эмасман. Менген эса пул масаласида бошқача. Пулдан бошқа ҳеч нарсани ўйламайди. Энг ёмони шундаки, у бечора пулларини нимага сарфлашни, ҳатто ёш бола сингари нима еб, нима ичишни ҳам билмайди. Мана оқибати, жигарини оғритиб олган. Элли уни вақтида овқатланиб, парҳез сақлашга мажбур этади. Уни яқиндан билиб олсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Сизни ишонтириб айтаманки, Менген – дунёдаги энг нотавон одам. Шу боис унга ачиниб, меҳрибонлик қиласиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Айтинг-чи, бўлмаса, у кишининг корхоналарини ким бошқаради?
МАДЗИНИ. Мен ва менга ўхшаган кишилар.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Сиз ҳаммангиз у кишига нисбатан ақллироқ экансиз, нега унга қарам бўлиб қолгансиз?
МАДЗИНИ. Биз усиз хароб бўламиз. Бирор йил ўтар-ўтмас барча ишларни барбод қиламиз. Мен буни синаб кўрганман. Биламан. Биз ҳар хил ишларга, масалан, маҳсулот сифатини оширишга керагидан ортиқча мояна сарфлаб юборган бўлардик. Оқибатда бу ишларнинг бари биз учун жуда қимматга тушарди. Ишчилар билан муносабатда ҳам шундай: баъзи масалаларда уларга ён босган бўлардик. Менген эса барчамизни бир меъёрда ушлаб туради. Ҳар бир ортиқча пенни учун дакки эшитамиз. Биласизми, у арзимаган олти пенни тежаб қолиш учун тун бўйи ўйланиб ўтиришга қодир. Элли эса бутун оилавий хўжалик ишларини ихтиёрига олиб, Менгенга буйруғини ўтказарди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Демак, бу нотавон муттаҳам ҳатто саноат капитани сифатида ҳам бориб турган фирибгар экан-да?
МАДЗИНИ. Саноат капитанларимизнинг бари, сиз айтгандек, фирибгар бўлмаса керак, миссис Хэшебай! Тўғри, айтаётган гапини мулоҳаза қиладиган фабрикачилар ҳам бор, албатта. Лекин улар Менген сингари катта даромадга эга бўлолмайди. Сизни ишонтириб айтаманки, Менген – яхши одам. Жуда хокисор.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Билмадим, кўримсиз одам экан. Бунинг устига ёши ҳам ўтиб қолган.
МАДЗИНИ. Мен сизга айтсам, миссис Хэшебай, ҳеч қандай эркак узоқ вақт ёш бўлиб қололмайди. Бундан ташқари, ҳозирги замонда йигитлар эрта уйланолмайди ҳам.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ана, кўряпсизми, агар мен шундай деганимда зукколик бўлиб туюларди. Сизда эса бунинг акси. Сизга нимадир етишмайди. Нима учун ҳурмат ва ишонч қозона олмайсиз?
МАДЗИНИ (тавозе билан). Назаримда, гап менинг камбағаллигим-да. Бу оила учун нақадар оғир эканини тасаввур қилолмайсиз. Йўқ, бирон марта нолишган, дея олмайман. Улар мени қаттиқ ҳурмат қилишади, камбағаллигим билан фахрланишади. Ҳатто ҳазиллашиб жиғимга теккан бўлишади. Лекин хотинимга қийин. Барига бардош бериб келяпти.
Миссис Хэшебай беихтиёр бир сесканиб қўяди.
Мана шунақа гаплар, миссис Хэшебай. Хуллас, Элли ҳам шундай кунга тушиб қолмасин, дейман.
Боғ эшиги олдида Элли пайдо бўлади, руҳи сўнган.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (ўрнидан туриб). Мана, ниҳоят – Элли.
ЭЛЛИ (остонада тўхтаб). Гинесс мени кўрмоқчи бўлганингизни айтган эди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Сизни узоқ кутишимизга тўғри келди… Ҳа, майли. Отангиз жуда ажойиб одам экан. (Мадзинининг сочини енгилгина силаб қўяди.) Бировга ёқиб қолиш учун астойдил ҳаракат қилганимда, менга чидай олган ягона киши – сизнинг отангиз. (Менгеннинг чап томонидаги катта курсига яқинлашиб.) Бу ёққа келинг. Мен сизга бир нарса кўрсатмоқчиман.
Элли курсига яқин боради. Миссис Хэшебай Менгенга ишора қилади.
Кўриб қўйинг!
ЭЛЛИ (Менгенга бефарқ қараб олиб.) Биламан. Ухлаб ётибди. Тушликдан сўнг гаплашиб ўтирган эдик. Бир маҳал гап орасида ухлади-қолди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ўзингиз ухлатиб қўйдингизми, Элли?
МАДЗИНИ (ўрнидан сапчиб туриб, уларнинг олдига келади). Сен ухлатиб қўймаган бўлсанг керак. Ёки чиндан ҳам сенинг ишингми бу?
ЭЛЛИ. Унинг ўзи илтимос қилган эди.
МАДЗИНИ. Бу ўта хавфли-ку! Қай аҳволга тушганим эсингдами?
ЭЛЛИ (мутлақо бепарволик билан). Уни ўзим уйғота олсам керак, деб ўйлайман. Мен бўлмасам, бошқа биров.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ҳозир бунинг аҳамияти йўқ, чунки Менгенга турмушга чиқишингиз бемаънилик эканига отангизни ниҳоят ишонтира олдим.
ЭЛЛИ (жаҳл билан). Нима учун бундай қилдингиз? Мен унга турмушга чиқишни хоҳлайман. Қатъий қарорим шу!
МАДЗИНИ. Элли, бунга ишончинг комилми? Миссис Хэшебай бу ишни калта ўйлаганимга мени ишонтирди.
ЭЛЛИ. Дада, агар миссис Хэшебай қачонлардир бошқа хаёл билан юрганимни сизга тушунтирмоқчи бўлса, қулоғингизни беркитиб, кўзларингизни юмиб олинг. Гесиона мен ҳақимда ҳеч нарса билмайди, ҳеч қачон билолмайди ҳам. Дада, буни қанчалик хоҳламай, фаровон турмушим учун зарур бўлмаган ишни ҳеч қачон қилмайман, деб сўз бераман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Мен бир нарсани мутлақо тушунмаяпман: ҳаётингизни мана шу полиз қўриқчиси билан боғлаб, Гекторга хотин бўлолмаганингиздан тасалли топа олармикансиз?
ЭЛЛИ. Мен ҳозир эрталабки мулойимгина қизча эмасман, лекин сиз буни тушунмаяпсиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Йўқ, тушунаман. Чунки миянгизга, ярамас бир иш қилиш керак, деган бўлмағур фикр ўрнашиб қолган.
ЭЛЛИ. Йўқ, Гесиона, бу менинг хаёлимга ҳам келмаган. Лекин тилка-пора бўлган юрагимни тинчлантириш учун нимадир қилишим керак-ку?!
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Қўйинг-э! Бари ўтиб кетади. Юрагингиз ҳам бутунлигича қолади.
ЭЛЛИ (ўрнидан туради ва Менгеннинг тепасига бориб, унга назар солади). Гесиона, бу хусусда ташвиш тортмасангиз ҳам бўлади. Босс Менгенга кўпроқ нарса беришим мумкин. У эмас, мен уни сотиб оламан. Қиммат баҳода. Аёллар бу каби ишларда эркакларга қараганда яхшироқ фикрлашади. Босс Менгеннинг хотини сифатида кўп нарсаларни амалга оширишим мумкин. Аминманки, бунга ўнта босс Менген ҳам қаршилик кўрсатишга ожиз. (Менгеннинг танасига энгашади.) Ростдан ҳам қаршилик кўрсатишмайди, тўғрими, босс? Ишончим комилки, йўқ. (Чизмакашлик столи олдига бориб, энгашади ва деразага қарайди.) Ҳарқалай, бир умр қўлқопларим қишга чидармикан, деган ўй билан яшамайман-ку?
МИСС ХЭШЕБАЙ (улуғворлик билан ўрнидан туриб). Элли! Сиз жуссангиз кичик бўлса-да, ифлос ва разил ҳайвон экансиз. Мен эса сизни асраб қолиш учун шу даражага бордимки, ҳатто бу жирканч махлуқни ўзимга ром қилмоқчи бўлдим. Яна шуни маълум қилишга ижозат бергайсиз: мабодо сиз бу жирканч никоҳга розилик берсангиз, Гекторни ҳеч қачон кўрмайсиз. Гапимга ишонаверинг.
ЭЛЛИ (унинг гапига эътибор бермай). Мен эса Менгенни, агар менга уйланмайдиган бўлса, сизни ҳеч қачон кўролмайди, деб огоҳлантириб қўйдим. (Ўрнидан туриб, столнинг бир чеккасига бориб ўтиради.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Сиз… сиз…
ЭЛЛИ. Мана, кўриб турибсизки, дўқ-пўписангиз мен учун кутилмаган ҳол эмас. Яна нима дейиш мумкин. Ҳаракат қилиб кўринг. Мен Маркни хонаки ит эмас, одам қилган бўлардим.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (чатнаб кетади). Бу нима деганингиз?!
ЭЛЛИ (дўқ қилгандек бўлиб). Унга мен ҳақимда ўйлашга имкон беринг-а, кўрамиз нима бўлишини.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Йўқ, мен ҳаётимда бунақа сурбет махлуқни ҳеч қачон кўрмаганман. Гектор, маълум бир чегара бор, ундан кейин қонун-қоидани менсимайдиган кишиларга нисбатан ягона чора, бу – унинг башарасига тушириш, деган эди. Мен ҳам шундай қилсам-чи?
ЭЛЛИ. Сочларингизни чангаллаб олган бўлардим.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (истеҳзо билан). Мен эса буни писанд қилмайман. Чунки… кечаси ечиб қўяман.
ЭЛЛИ (ғоят таажжубланиб, унга яқинлашади). Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас, Гесиона. Бунақа ажойиб сочнинг сунъий бўлишига ишонмайман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (сочини силаб). Фақат Гекторга айта кўрманг. У табиий деб ўйлайди.
ЭЛЛИ. О, уни мафтун этган сочларингиз ҳам, бошқа нарсаларингиз ҳам – ҳаммаси сунъий!
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Қани, тортиб кўринг-чи. Шундай аёллар борки, эркакларни ўз сочлари билан тузоққа туширишади. Мен эса болаларимни шу сочларимда аллалайман. Сиз, тилла соч мисс, бундай қилолмайсиз.
ЭЛЛИ (шаштидан тушиб). Йўқ, қилолмайман. Менинг Маркдан туғилажак чақалоқларимни сиз ўғирлагансиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Жонгинам, мен ҳозир йиғлаб юборишим мумкин. Биласизми, уни хонаки итга айлантирганим тўғрисидаги гапингизда қисман жон бор. Лекин дунёдаги биронта аёл буни кечира олармиди?
ЭЛЛИ. Хўш, уни бутунлай ўзингизники қилиб олишга нима ҳаққингиз бор? (Ҳаяжонини босиб олиб.) Хўп, етар, сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ. Ҳеч ким айбдор эмас. У ҳам айбдор эмас. Бас, менга бошқа гапирманг. Ортиқ чидолмайман. Яхшиси, келинг, ана у ажинани уйғотайлик. (Менгеннинг бошини энди тескари томонга қараб силайди.) Уйғонинг, эшитяпсизми? Кўзингизни очинг. Ҳозироқ уйғонишингиз лозим. Уйғонинг. Уйғонинг. Уй…
МЕНГЕН (сапчиб туриб кетади ва дарғазаб бўлиб, уларга ташланади.) Уйғонингмиш! Нима, мени ухлаб ётибди, деб ўйладингизми? (Стулни оёғи билан бир чеккага суриб, миссис Хэшебай билан Эллининг ўртасига туриб олади.) Мени сизлар тарашадек қотириб қўйдингиз: на қўлларимни, на оёқларимни қимирлата олдим. Мени тириклай кўмиб юборишларингиз ҳам мумкин. Яхшиямки, иш бу даражага етмаган. Сизлар эса мени, шунчаки ухлаб ётибди, деб ўйлагансизлар. Мени қайта-қайта силтаб оёққа турғазмоқчи бўлганингизда полга йиқилиб тушишим, бурнимни пачақ қилиб, бир умр пучуқ бўлиб юришим мумкин эди. Энди, мана, сизларнинг ким эканингизни авра-астаригача билиб олдим. Сизлар қандай одамсиз, мен қаерга келиб қолдим, ҳамма-ҳаммасини билиб турибман. (Эллига) Барча сўзларингизни аниқ эшитдим. Отангизнинг сўзларини ҳам, (миссис Хэшебайга) сизникини ҳам. Демак, мен полиз қўриқчисиман, ажинаман! Мен ярамасман! Ҳатто нима еб, нима ичишни билмайдиган тентакман! Модомики, агар мен ишчиларга мояна олиш имкониятини бермаганимда, бари очдан ўлган бўларди. Лекин ростини айтсам, улардан қўрқаман. Мен…. фақат устомон аёлларга, шунингдек, қўл остидаги калтафаҳм иш бошқарувчиларга ем бўлишгагина ярайдиган қари, қабиҳ, зиқна одамман. Мен…
МИССИС ХЭШЕБАЙ (назокат билан). Шошманг… шошманг… Мис­тер Менген, сизнинг обрўйингиз гўё уйқу пайти эшитган барча гапларни хотирангиздан чиқариб ташлашни тақозо этади. У гапларнинг бари сизни эшитсин деб айтилмаган.
МЕНГЕН. Ухлаганга солиб ётганмишман! Наҳот шунча туҳмату ҳақоратларни эшитиб, жимгина ётаверсам? Ўрнимдан туриб, сизлар ҳақингизда қандай фикрда эканимни айта олганимда эди! Ёрилиб кетмаганимга ҳайронман.
Чап томондаги эшикдан смокинг кийган Рэнделл, ўнг томондаги эшикдан миссис Хэшебай киради ва чап қўли билан Гекторни, ўнг қўли билан леди Эттеруордни бўйнидан қучиб, диван томонга тортади.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Альф, улар менга ишонишмади.
Ҳамма қизиқиш билан Менгенга қарайди.
МЕНГЕН. Балки мени ҳайвонот боғидаги янги махлуқ сингари томоша қилгани яна бирон киши топилиб қолар.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Сиз ростдан ҳам янгича ҳайвонсиз.
Менген унга жавоб беришга улгурмасдан тепадан оғир бир нарсанинг ағанаб тушган товуши, сўнг ўқ овози ва кимнингдир қичқиргани эшитилади.
МАДЗИНИНИНГ ОВОЗИ. Бу ёққа келинглар!.. Ўғри!.. Ёрдам беринглар!
ГЕКТОР. Ўғри!
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Йўқ-йўқ, Гектор. Ўлдириб қўйиши мумкин!
Гектор отилиб тепага чиқиб кетади.
КАПИТАН ШОТОВЕР (ҳуштагини чалиб). Ҳамма тепага кўтарилсин! (Гекторнинг ортидан чиқиб кетади.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Менинг олмосларим! (Капитаннинг орқасидан чиқади.)
РЭНДЕЛЛ (унга эргашиб). Йўқ, Ариадна, мен борай…
ЭЛЛИ. Дадамни ўлдириб қўйишган бўлса-я! (Чопиб чиқиб кетади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Қўрқиб қолдингизми?
МЕНГЕН. Йўқ. Худога шукрки, бу менинг уйим эмас.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ўғрини тутишса, балки судда гувоҳ бўлишингизга тўғри келар. Унда бизнинг шахсий ҳаётимизга доир турли саволлар беришлари мумкин.
МЕНГЕН. Фақат у ерда ҳақиқатни айта кўрманг, барибир ишонишмайди.
Даҳлиздан ғоят ҳаяжонланган Мадзини дуэлларда қўлланиладиган каттакон, қўпол тўппончани кўтариб кириб келади ва чизмачилик столининг олдига боради.
МАДЗИНИ. Уни нариги дунёга жўнатишимга сал қолди-я! (Тўппончани столга қўяди.) Уни ростданам ўлдирмоқчи бўлганимга ишонмассиз деган умиддаман, ардоқли миссис Хэшебай.
Кекса, юпун бир кишини гирибонидан ушлаб Гектор пайдо бўлади ва уни ўртага турғазиб қўяди. Уларнинг кетидан Элли кўриниш беради ва ота­сининг ёнига бориб, уни қучоқлайди. Темир косов кўтариб Рэнделл киради.
РЭНДЕЛЛ. Менген, эшик олдида сергак бўлиб туринг. Мен нариги эшикни қўриқлайман. (Ўнг томондаги эшик олдига бориб туради.)
Леди Эттеруорд киради ва миссис Хэшебай билан Менгеннинг ўртасига келиб туради. Ундан кейин Энага кириб, Менгеннинг чап томонига ўтиб тўхтайди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Қани, нима бўлди?
МАДЗИНИ. Хизматкорингиз, кимдир тепага чиқиб кетди, деб (столда турган тўппончага ишора қилиб) ана у қуролни қўлимга тутқазди. Мен ўғрини шунчаки пўписа қилиб қўрқитмоқчи эдим, аммо уни қўлимга олишим билан ўз-ўзидан отилиб кетди.
ЎҒРИ. Ҳа, қулоғимни яралади. Яхшиямки, ўқ пешанамга келиб қадалмади. Қўлингиз тегиши билан ванғиллаб отилиб кетадиган бу дардисарнинг ўрнига ҳақиқий револьвер олсангиз бўлмайдими?
ГЕКТОР. Кечирасиз, бу менинг дуэлда ишлатадиган тўппончаларимдан бири.
МАДЗИНИ. У шу заҳоти қўлларини кўтариб, таслим бўлди, чунки барча қоидаларга мувофиқ қўлга олдингиз, дея тан берди.
ЎҒРИ. Худди шундай бўлди. Полицияни чақираверинглар.
ГЕКТОР. Йўқ, онт ичиб айтаманки, қоидага мувофиқ эмас бу, чунки бир кишига қарши – тўрт одам.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Уни нима қилишади?
ЎҒРИ. Ўн йил. Тўғридан-тўғри бир кишилик камерага тиқиб қўйишади. Ҳаётимнинг ўн йили чиппакка чиқиб кетди, деяверинг. Мен энди шунча йил қамоқда ўтира олмайман, чунки қариб қолдим. Йўқ, бу мен учун айнан гўр.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Нега бу ҳақда олмосларим пайида бўлишдан олдин ўйламадингиз?
ЎҒРИ. Леди, ахир, қайтариб олдингиз-ку уларни. Лекин сиз ўн йиллик умримни қайтариб бера оласизми?
МИССИ ХЭШЕБАЙ. Йўқ, бир неча олмос учун бир одамни тириклай кўмиш адолатдан эмас.
ЎҒРИ. Ўн дона ялтироқ тошчалар учун ўн йиллик жаҳаннам!
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Жиноий ишлар бўйича судда кечадиган машмашаларга дош бериш… Бунинг устига оилавий можароларингиз газеталарда босиб чиқарилади. (Ўғрига қараб) Гастингс сизни яхшилаб калтаклаб, кўчага отишни буюрса, ҳеч нарса демаган бўлардим. Аммо бу ерда, Англияда… мутлақо ҳимоясиз…
ЎҒРИ. Леди, мен калтакланишга ярамайман, жуда кексаман. Полицияга одам жўнатинглар, тамом-вассалом. Мана шуниси адолатдан бўлар эди.
РЭНДЕЛЛ (унинг ишни тинч-тотув йўл билан ҳал қилиш ниятида эканини сезиб, олдинга чиқади). Оғайни, энди уйғонган виждонингизни енгиллаштириш учун судда кечадиган баъзи кўнгилсизликларга ҳушимиз йўқ. Яхшиси, ҳозирча шундай имконият бор экан, туёғингизни шиқиллатиб қолинг.
ЎҒРИ (қатъий). Йўқ, гуноҳимни ювишим керак. Қолган умримни тавба-тазарру қилиб, қоронғи зиндонда ўтказишга имкон беринглар. Мукофотни арши аълода олавераман.
МЕНГЕН. Бу хонадонда ҳатто ўғрилар ҳам ўзларини ўғридек тутишмайди.
ГЕКТОР. Ҳой, илтифотли одам, гуноҳларингизни ювиш учун бошқа бировлардан фойдаланарсиз, бизни эса тинч қўйинг. Сизни қонун қўлига топшириш ниятимиз йўқ.
ЎҒРИ. Шунақами?
ГЕКТОР. Ҳа, шунақа.
ЎҒРИ. Жуда соз. Мен ўзим полиция идорасига бориб, айбимга иқрор бўламан. (Қатъият билан эшик томон юради.)
ГЕКТОР (унинг йўлини тўсиб). Йўқ, бундай қилмайсиз.
РЭНДЕЛЛ. Бас, аҳмоқлик қилманг.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Майнавозчиликни йиғиштиринг! Нима, уйингизда ўтириб пушаймон қилсангиз бўлмайдими?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Айтганимизни қилинг.
ЎҒРИ. Демак, жиноятни яширмоқчисиз. Шундайми?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Ахир, бу ўта кетган бемаънилик-ку. Биз таъқиб қилишни истамаяпмиз, ким бунга бизни мажбур қила олади?
МАДЗИНИ (ишонч билан). Етар, бас! Истасангиз, жиноятингизни ўз фойдангизга ўгиришни ўргатиб қўяман. Масалан, шу ерда чилангар бўлиб қолишингиз мумкин. Ахир, ҳар қандай қулфни очиш бўйича устаси фарангсиз.
ЎҒРИ. Бу гапингиз тўғри, сэр. Лекин чилангар бўлиш учун энг ками йигирма фунт пулим бўлиши керак.
РЭНДЕЛЛ. Сиз учун йигирма фунт ўғирлаш нима деган гап? Яқин-ўртадаги банкка бориб келсангиз, бас.
ЎҒРИ (даҳшатга тушиб). Сиздек жентльменнинг гуноҳ ботқоғидан чиқмоқчи бўлган бечора жиноятчига бунақа маслаҳат бергани нимаси? Уялинг-э! Худо ўзи кечирсин сизни. (Курсига ўтириб, гўё ибодат қилаётгандек, қўллари билан юзини беркитиб олади.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Рэнделл, ростдан ҳам, гапингизни тушунмадим!
ГЕКТОР. Кутилмаганда тавба қилаётган бу гуноҳкор фойдасига пул йиғиб берсак, деган фикрдаман.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Йигирма фунт, буни қаранг-а!
ЎҒРИ (юзини очиб). Леди, зарур ускуналар сотиб олишимга тўғри келади.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Бемаъни гап, ўзингизнинг ўғриликда асқотадиган ускуналарингиз бор.
ЎҒРИ. Бурғи, фомка, ацетилин лампа ва қулф очадиган мослама. Бор-йўғи шу. Булар билан кўп иш қилиб бўлмайди. Менга темирчилик устахонаси, темирчилик печи ва бошқа ускуналар керак бўлади.
ГЕКТОР. Йигирма фунтнинг ўзи йўқ бизда.
ЎҒРИ (энди, ҳозирги ҳолатда ўзининг устунлигини ҳис этиб). Ўзаро бирикиб, тўпласаларингиз бўлади-ку.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Гектор, бир фунт бергин-да, ҳайдаб чиқар уни.
ГЕКТОР ( унга бир фунт узатиб). Мана. Энди жўна бу ердан!
ЎҒРИ (ўрнидан туриб, пулни олади). Мен сизларга ҳеч нарса ваъда қилолмайман. Менимча, сизларда кўпроқ пул бўлиши керак.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (шиддат билан). Яхшиси, келинглар, уни тегишли жойга жўнатайлик-да, бу ишни бас қилайлик. Менда ҳам виждон бор. Ўжарлик қилиб, савдолашиб турганини қаранг. Умуман, уни шундайлигича жўнатиб юборишга ҳақли эмасмиз, деб ўйлайман.
ЎҒРИ (шошиб). Хўп, леди, хўп. Сизларга ёмонлик қилиш ниятим йўқ. Хайр, леди ва жентльментлар. Ғоят миннатдорман. (Тезроқ чиқиб кетишга шошади. Аммо эшик олдига етганида капитан Шотоверга рўпара бўлади.)
КАПИТАН ШОТОВЕР (бир нафас қараб туриб). Бу нимаси тағин? Нима бало, сизлар иккитамисизлар?
ЎҒРИ (капитаннинг олдида тиз чўкиб, қўрқувдан титраб). О, худо, нима қилиб қўйдим! Капитан Шотовер, наҳот мен ўғриликка сизнинг уйингизга кирган бўлсам?
Капитан Шотовер уни гирибонидан тутиб, ўрнидан турғазади ва хонанинг ўртасига олиб боради. Гектор орқага ўтиб, миссис Хэшебайнинг ёнига бориб туради.
КАПИТАН ШОТОВЕР (ўғрини Эллига қаратади). Бу сенинг қизингми? (Уни қўйиб юборади.)
ЎҒРИ. Мен қаёқдан билай, капитан? Сиз билан биз қандай яшаганимизни ўзингиз биласиз-ку. Дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, шу ёшдаги ҳар қандай қиз менинг қизим бўлиши мумкин.
КАПИТАН ШОТОВЕР (Мадзинига қараб). Сиз Билли Дэн эмассиз. Мана бу одам – Билли Дэн. Сиз мени алдаб келдингиз-а?
ЎҒРИ (ғазабнок бўлиб). Сиз менинг номимдан фойдаланганмидингиз?! Бу ҳам етмагандек, манглайимга ўқ қадамоқчи бўлдингизми? Демак, агар шундай дейиш жоиз бўлса, ўз-ўзингизни овлаган экансиз-да?
МАДЗИНИ. Азиз капитан Шотовер, мен хонадонингизга қадам қўйганимдан буён сизни ўзимнинг мистер Вильям Дэн эмас, Мадзини Дэн, яъни бошқа одам эканимга ишонтиришга ҳаракат қилиб келдим.
ЎҒРИ. У авлодимизнинг бошқа бўғинидан бўлади. Бизнинг авлодимиз икки бўғиндан иборат: бири олимлар авлоди, иккинчиси – ичкиликбозлар. Мен ана шу иккинчи тоифага мансубман. У эса мияси билан иш қиладиганлардан. Лекин, бу, мени отиб ташлаши мумкин, дегани эмас.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Демак, сен ўғри бўлиб қолгансан?
ЎҒРИ. Йўқ, капитан. Мен денгизчилар шаънига доғ тушишига йўл қўймайман. Мен ўғри эмасман.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Бўлмаса, олмосларимни нима қилдингиз?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ўғри бўлмасанг, нимага бировнинг уйига кирасан?
РЭНДЕЛЛ. Нима, ўз уйим, деб ўйлаганмидинг?
ЎҒРИ. Энди ёлғон гапиришимга ҳожат қолмади. Мен ҳар қандай капитанни лақиллатишим мумкин, фақат капитан Шотоверни эмас. Чунки у Занзибарда иблисларга сотилган, ер тагидан сув чиқаришга қодир бўлган, тилла қаердалигини биладиган, бировнинг юрагига яширинган ҳақиқатни кўра биладиган одам. Фақат мен ўғри эмасман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ҳалол одаммисан?
ЎҒРИ. Капитан, ўзингиз яхши биласиз, мен ҳеч қачон ўзимга яқин кишиларга нисбатан яхшироқ бўлишга интилган эмасман. Менинг машғулотим эса гуноҳдан холи, ҳатто худога ҳам мақбул бўладиган иш. Мен аввал яхши одамларнинг қаерда яшашини билиб оламан-да, ҳозиргидек иш тутаман. Уйга кириб, бир нечта қошиқ ёки олмосми, бошқа нарсами, чўнтагимга солиб қўяман-да, шовқин кўтараман, осонгина ушлаб олишларига имкон бераман, сўнг худди ҳозиргидек пул йиғиб оламан. Ўзингни ўзинг тутиб бериш қанчалик қийинлигини тасаввур қилолмайсиз. Бир сафар битта хонадонда анча стул синдиришимга тўғри келди. Лекин, қани энди, бирон тирик жон уйғонса. Хуллас, қуруқ чиқиб кетишга мажбур бўлдим.
РЭНДЕЛЛ. Шундай ҳолларда қошиқ ё олмосларни қайта жойига қўясизми?
ЎҒРИ. Нима десам экан… Яратганнинг амрига қарши боролмайман.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Гинесс, сиз бу одамни танийсизми?
ЭНАГА. Нега танимас эканман. Бу одамхўр золим менинг эрим эди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Йўғ-э?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Гинесс!!!
ЎҒРИ. Қонуний никоҳдан ўтмаганмиз. Бунақа хотинларим кўп бўлган. Туҳматнинг нима кераги бор?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Омборга қамаб қўйинглар. (Уни ўз ёшига мос келмайдиган зарб билан итариб юборади.)
ЭНАГА. Ошхонага, демоқчимисиз? Бу гўрсўхтани у ерга қўйишмайди. Оқсоч аёл ҳар қанақа ўғрию қаланғи-қасанғилар билан ҳамсуҳбат бўлишни истармиди?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Қуруқликдаги ўғрими, денгиздаги ўғрими – бари бир гўр. Уни бу ерда кўришга кўзим йўқ. Ҳар иккаланг йўқолинглар!
ЎҒРИ. Хўп бўлади, капитан. (Чиқиб кетади.)
МАДЗИНИ. Уни уйда қолдириш хавфли эмасми?
ЭНАГА. Сэр, нега уни отиб ўлдириб қўя қолмадингиз? Кимлигини билганимда, ўзим ўлдирган бўлардим. (Чиқиб кетади.)

УЧИНЧИ ПАРДА

Боғ манзараси. Ажойиб сокин кеча. Ой кўринмайди. Леди Эттеруорд тўр беланчакда, чўзилиб ётибди. Капитан Шотовер эса узунчоқ курсида узала тушиб ётибди. Унинг ёнида Элли ўтирибди. Орқада, нимқоронғиликда Гесиона билан Менген сайр қилиб юришибди. Ичкаридан Гектор чиқиб келади.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Қандай ажойиб кеча! Гўё бу манзара, сокин тун биз учун аталгандек.
ГЕКТОР. Кечанинг биз билан иши йўқ. У учун биз нима? (Қош-қовоғи осилиб стулга ўтиради.)
ЭЛЛИ (уйқусираган ҳолатда капитан Шотоверга суйканади). Ушбу кечанинг нафосати бутун томирларимга сингиб бораётгандек. Кексаларга ором, ёшларга умид бағишлайди.
ГЕКТОР. Буни ўзингиз ўйлаб топдингизми?
ЭЛЛИ. Йўқ. Бу капитаннинг уйқуга кетишдан олдин айтган сўнгги сўзлари.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ухлаганим йўқ.
ГЕКТОР. Рэнделл ухлаяпти. Мистер Мадзини Дэн ҳам. Менген ҳам ухлаётган бўлса керак.
МЕНГЕН. Бекорларни айтибсиз.
ГЕКТОР. Сиз ҳам шу ердамисиз? Гесиона сизни ухлагани жўнатган, деб ўйлабман.
Уларнинг орқасида миссис Хэшебай билан Менген пайдо бўлишади.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Менген, ўлимим яқинлашаётганини сезяпман, деб қайта-қайта такрорлаяпти. Ўзига бундай ташналик билан раҳм тилаган одамни умримда биринчи марта кўряпман.
МЕНГЕН (эланиб). Ростдан ҳам менда шунақа сезги пайдо бўлди. Рост айтяпман. Сиз эса эшитишни истамаяпсиз.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Мен бошқа бир нарсани тингладим. Ҳавода визиллаган аллақандай ғаройиб товуш эшитилди. Ҳеч ким эшитмадими? Аллақаердандир олисдан эшитилди, сўнг бирдан сўнди.
МЕНГЕН. Поезднинг товуши, дедим-ку.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Бу пайтда ҳеч қанақа поезд ўтмайди. Охиргиси тўққиздан қирқ дақиқа ўтганда келади.
МЕНГЕН. Балки юк ташийдиган поезддир?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Улар бу йўлдан юришмайди. Гектор, бу ниманинг товуши бўлиши мумкин?
ГЕКТОР. Бу осмону фалакнинг бизга бўлган муносабати. Мана, кўрасизлар, нимадир бўлади. Ё қоронғиликдан ўрнимизни эгаллайдиган янги бир жонзот чиқиб келади, ё осмону фалак гумбурлаб устимизга тушиб, яксон қилади. Мени айтди, дерсизлар.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (ўз гамагига бамайлихотир жойлашиб олиб, совуққонлик билан). Бемаъни гап. Гектор, нима учун бу хонадонга доим фалокат тилайсиз? Ахир, бу ерда, агар Гесиона қандай яшаш лозимлиги тўғрисида озгина тасаввурга эга бўлса, яхшигина ҳаёт кечириш мумкин-ку. Бу хонадоннинг асосий камчилиги нимадан иборат эканини наҳот тушунмасангиз?
ГЕКТОР. Камчилик, бу – биз. Туриш-турмушимизда зиғирча ҳам маъно йўқ. Биз кераксиз, шу билан бирга хавфли одамлармиз. Шунинг учун ҳам бизни йўқ қилиш керак.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Бемаъни гап! Гастингс бу ерга келиши ҳамон камчилигимиз нимадан иборат эканини менга айтган эди. Бундан йигирма тўрт йил олдин бўлган гап.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Нима? Ўша тўнка шунақа дедими?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Буни Гастингс айтган, деяпман. У эса анойи одамлардан эмас.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Хўш, уйимдаги камчилик нима экан?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Кемада қандай бўлса, бу ерда ҳам шундай. Гастингс буни кўра олган.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Аҳмоқ у. Кемада қандай камчилик бўлиши мумкин? У ерда ҳаммаси жой-жойида.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Йўқ, ҳаммаси ҳам эмас.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Хўш, нима экан? Эдди, гапни чўзма.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Қани, топинглар-чи.
ГЕКТОР. Малъунлар, занзибарлик ялмоғизлар!
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Йўқ, тополмадингиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, бу хонадонни гўзал, соғлом, ёқимли қилиш учун, барчанинг иштаҳаси яхши, уйқуси соғлом бўлиши учун зарур бўлган нарса, бу – от.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. От?! Беҳуда гап!
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Ҳа, отлар керак. Нега биз бу уйни ҳеч қачон ижарага бермаганмиз? Чунки отхона йўқ. Англиянинг росмана, соғлом, турмушларидан мамнун инглизлар яшаётган қайси жойига борманг, бутун уйнинг асосий устуни – отхона эканини билиб оласиз. Яна, меҳмонлардан биронтаси рояль чалишни истаб қолгудай бўлса, қопқоғини очишдан аввал бутун хонани остин-устин қилишига тўғри келади. Унинг устида нималар сочилиб ётмайди дейсиз! Шахсан мен то от минишни ўрганмагунимга қадар ўзимнинг тирик жон эканимни ҳис қилмаганман. Аммо ҳеч қачон ростакамига юролмайман, негаки, болалигимдан ўргатишмаган. Ҳақиқий инглиз жамоаси икки гуруҳга бўлинади: бири чавандозлар, иккинчиси – асаблари носоғлом кишилар. Ҳар қандай одамга шу нарса аёнки, ов билан машғул бўладиган кишилар – соғлом ва қобил кишилар, ов билан шуғулланмайдиган кишилар эса ҳақиқий одамлар эмас.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Озгина бўлса-да, мантиқ бор бу гапларда. Масалан, мени кема эркак қилиб тарбиялаган, кема эса, денгиз оти.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Дада, ана шунинг учун ҳам сиз, Гастингс айтганидек, ҳақиқий жентльменсиз.
КАПИТАН ШОТОВЕР. У тўнкада сал бўлсаям ақл бор. Уни кейинги сафар олиб келишинг мумкин. Гаплашиб олишимиз керак.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мистер Менген, номзодингизни тавсия қилган партияга кўп пул тикканмидингиз?
МЕНГЕН. Ёнимдан бир мири ҳам чиқарганим йўқ. Пул масаласи билан синдикат шуғулланган. Ҳукуматга аъзо бўлсам, қанчалик нафим тегишини яхши билишган.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Буларнинг бари ғоят қизиқ ва кутилмаган бир ҳол, мистер Менген. Хўш, маъмурий ютуқларингиз нимадан иборат бўлди?
МЕНГЕН. Ютуқларми? Нимани назарда тутаётганингизни билмаяпман. Илло, мен ўзга бошқармалардаги олчоқ малайларнинг режаларини устомонлик билан чиппакка чиқаришга муваффақ бўлдим. Уларнинг ҳар бири ўзини мамлакат ҳимоячиси қилиб кўрсатиш, мени эса сиқиб чиқариш, катта раҳбарларнинг ишончидан маҳрум қилиш пайида бўлишди. Камина бунга қарши олдиндан тайёргарлик кўриб қўйган эди. Автомобилларимни бир-биридан фарқлолмаслигим мумкин, аммо бировларнинг машинасига таёқ суқишни яхши биламан. Хуллас, уларнинг бари панд еб, ҳеч нарсасиз қолаверишди.
ГЕКТОР. Сиз-чи? Сизга нима насиб қилди?
МЕНГЕН. Менга бошқаларни доғда қолдириш насиб этди. Буни тадбиркорликнинг тантанаси демай бўладими?
ГЕКТОР. Биз қаерда яшаяпмиз, ўзи, Англиядами ёки жиннихонада?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мистер Менген, сиз мамлакатни асраб қолмоқчимисиз?
МЕНГЕН. Бўлмаса ким асрайди уни, балки сизнинг мистер Рэнделингиз қодирдир бу ишга?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Лапашанг Рэнделми? Йўқ, албатта.
МЕНГЕН. Ёки мана бу баландпарвоз гапирадиган, мўйловли куёвчангизми?
ГЕКТОР. О, менга шундай имконият беришса кошки эди.
МЕНГЕН (заҳархандалик билан). Беришармикан?
ГЕКТОР. Қаёқда дейсиз. Уларга сиз кўпроқ маъқул келасиз.
МЕНГЕН. Ана шунақа. Демак, мени қадрлайдиган, сизни эса менсимайдиган дунёда яшаётган экан, ҳурматимни қилишингиз лозим. Бу ерда мендан бошқа яна ким топилади?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Гастингс! Сиз аҳмоқона демократиянгизни қўйинг-да, ҳокимиятни Гастингсга беринг. Шу билан бирга британиялик инглизларни ҳушига келтириш учун етарли миқдорда бамбук таёқларини қўлига тутқазинг. Бу ишнинг уддасидан чиқишига ишончим комил.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бундан кўра барбод бўлиб кетгани маъқул. Қўлида таёқ бўлса, ҳар қандай тентак ҳам бошқара олади. Мен ҳам бошқарган бўлардим. Бу тўғри йўл эмас. Гастингс ғирт тўнка-ку!
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Барингизни бирлаштирганда ҳам у сизлардан устун. Сиз нима дейсиз, мисс Дэн?
ЭЛЛИ. Одамлар менинг отамга туҳмат қилишмаса, алдашмаса ва ҳалол инсон бўлгани учун нафратланишмаса, аъло даражада бошқара олган бўларди, деб ўйлайман.
МЕНГЕН (нафратланиб). Тасаввур қилишим мумкин: Мадзини Дэн парламентда ва ҳукумат аъзолигига интилмоқда. Худога шукрки, бу кунга етиб бормадик. Сиз нима дейсиз, миссис Хэшебай?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Биз сизларни бошқариб келаётган эканмиз, давлатни қайси бирингиз идора қилишингиз аҳамиятсиз, деб ўйлайман.
ГЕКТОР. Биз? Сўрашга ижозат беринг, “биз” деганда кимни назарда тутяпсиз?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Иблиснинг набиралари, азизим. Ажойиб аёллар.
ГЕКТОР (яна қўлларини кўкка кўтариб). О-о, фалак! Бизни иблислар сеҳридан халос эт!
ЭЛЛИ. Дунёда менинг отаму Шекспирдан ўзгаси сохта экан-да? Маркнинг йўлбарслари, Менгеннинг миллионлари – қалбаки. Ҳатто Гесионада нафис қора сочидан бўлак табиий ҳеч нарсаси йўқ. Леди Эттеруорд эса ростакам бўлолмайди, чунки ғоят гўзал. Мен учун чинакам ҳақиқат бўлиб кўринган нарса – бу капитан айтган мушоҳаданинг еттинчи даражаси эди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ром.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (осойишта). Сочларимнинг кўп қисми қалбаки эмас. Герцогина Дитеринг (сочларини силаб) беш юз гинейга сотишимни таклиф қилган. Парик деб ўйлаган. Рангдан бошқаси табиий.
МЕНГЕН (баттар дарғазаб бўлиб). Бу нимаси, а?! Ҳозир кийимларимнинг барини ечиб, қип-яланғоч бўлиб оламан! (Ечина бошлайди.)
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мистер Менген!
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бу нимаси! (Хохолаб кулади.) Қани, қани…
ГЕКТОР. Ечинаверинг!
ЭЛЛИ. Қўйинг, илтимос.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (унинг қўлидан тутиб). Альфред! Уялмайсизми! Нима бало, ақлдан озганмисиз?
МЕНГЕН. Уялиш! Бу уйда уят борми, қани у? Келинглар, баримиз қип-яланғоч бўлиб оламиз. Бир нарсани бошлагандан кейин уни охирига етказиш керак. Маънавий жиҳатдан-ку, яланғоч бўлиб олдик. Энди яланғоч таналаримизни ҳам намойиш қилайлик. Ўзимизга маъқул бўлармикан – кўрамиз. Буларнинг барини ҳазм қилишга қодир эмасман. Мени болаликдан одоб сақлашга ўргатишган. Аёлларнинг соч бўяшига, эркакларнинг ичишига қарши эмасман. Бу ростмана бир ҳол. Бироқ бу ҳақда ҳар қадамда жар солиш одобдан эмас. Қайси бирингиз бўлмасин, оғзингизни очишингиз билан, яна нима дер экан, деб мени ваҳима босади. Ўзимизни бамаънироқ кўрсатиш пайида бўлмасак, қандай қилиб ўзимизни ҳурмат қиламиз?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мистер Менген, фикрингизга тамомила қўшиламан. Буларнинг барини ўз бошимдан кечирганман. Биламан. Ўз тажрибамга асосланиб, эркаклар ва аёллар ниҳоятда нозик гулга ўхшайди, уларни ойна тагида ўстириш лозим, дея оламан. Бизнинг оиламизда эса истаган томонга тош отиш, деразани очиб қўйиб, елвизак юргизиш одат тусига кириб қолган. Бу беодобликкина эмас, саломатлик учун ҳам зарар. Ўзингизни маънавий шамоллашдан асраб қолмаган экансиз, яна жисмоний шамоллашнинг нима зарурияти бор? Қўйинг, жаҳлингиздан тушинг, кийимларингизни ечманг.
МЕНГЕН. Мен сиз айтганни эмас, ўзим хоҳлаганимни қиламан. Катта ёшдаги одамманми ёки ёш болами? Ота-оналарча ғамхўрликларингиз жонимга тегди. Ситига кетаман, у ердагилар мени ҳурмат қилишади, қадрлашади.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Хайр, Альф. Ўша Ситингизда бизни ҳам аҳён-аҳёнда эслаб туринг. Ёшгина Эллини ҳам унутманг.
ЭЛЛИ. Гесионанинг кўзларию сочлари қанақа эканини эслаб туринг.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Боғимизда одамларнинг йўлини тўсиш учун акиллаб турадиган қўриқчи ит бўлиб қололмаганингизни ҳам гоҳ-гоҳда эслаб қўйинг.
ГЕКТОР. Леди Эттеруорднинг гўзаллиги, оқилона сўзлари, нозик табиатини ҳам ёдингиздан чиқарманг.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (Гекторга). Хушомадгўй! (Менгенга) Мистер Менген, сиз учун дунёда бу ердан яхшироқ жой бормикан? Шуни ҳам эслаб қўйинг. Муҳими шу.
МЕНГЕН. Яхши, яхши. Таслим бўлдим. Майли, сизлар айтгандек бўлсин. Фақат мени тинч қўйинглар. Ҳаммангиз баравар менга ташланиб қолсангиз, қаердалигим, мен билан нималар бўлаётганига ақлим етмай қолади. Ҳеч қаёққа кетмайман. Эллига уйланаман. Тинчгина яшаш учун нима зарур бўлса, барини бажо келтираман. Шунга розимисизлар?
ЭЛЛИ. Йўқ. Мистер Менген, аслида мен ҳеч қачон сизга турмушга чиқмоқчи эмасдим. Фақат ўз қудратимни синаб кўрмоқчийдим. Агар истасам сиз қарши тура оласизми-йўқми, шуни билмоқчи эдим.
МЕНГЕН (жаҳли чиқиб). Нима-а? Олийжаноблик билан розилик берганимдан кейин мендан юз ўгирмоқчимисиз?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мисс Дэн, мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, бунақа шошмаган бўлардим. Ахир, сиз сўнгги дақиқаларга қадар истаган вақтингизда мистер Менгенни рад этишингиз мумкин. Ҳозирги ҳолатда мистер Менгеннинг инқирозга учраши мумкин эмас. Демак, у бой-бадавлат киши сифатида танилган экан, сиз бундан фойдаланиб, бемалол фароғатда яшашингиз мумкин.
ЭЛЛИ. Эрим иккита бўлишини истамайман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Иккита эр! Нима деб алжияпсиз?
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Иккита эр! Бу билан нима демоқчисиз?
МЕНГЕН. Эрга чиққанман, демоқчимисиз?
ГЕКТОР. Иккита эр! Ростакам жумбоқ бу!
ЭЛЛИ. Бундан атиги ярим соат олдин капитан мени оқ хотинликка олди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Элли, нима деб алжияпсиз! Қаерда?
ЭЛЛИ. Ҳақиқий никоҳлар қайд қилинадиган арши аълода.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Элли, бу қанақа бемаънилик! Дада, бу нимаси?!
МЕНГЕН. Отангиз мени, ўта қарисиз, деган эди. Ўзи бориб турган мўмиё-ку!
ГЕКТОР (Шеллининг шеърини ёддан ўқийди).

Меҳроб бўлди уларга зимистон ўрмон,
Никоҳлади қовуштириб уларни шамол.

ЭЛЛИ. Ҳа, парчаланган юрагимни, соғлом ва кучли қалбимни вужудимнинг табиий капитани бўлган, маънавий эрим ва отам мистер Шотоверга топширдим. (Капитан Шотовернинг қўлини кафтига олиб, уни силайди.)
Капитан Шотовер ухлаб қолган.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Доноларча иш қилибсиз, қизалоғим! Ғоят ақлли! Альфред, сиз ҳеч қачон Эллига тенглаша олмайсиз. Йўл бўлсин! Энди мендан оладиган жиндак шубҳангиз билан қаноатланишга тўғри келади.
МЕНГЕН (кўзларини артиб). Бу ўтакетган шафқатсизлик.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мистер Менген, ҳалиям осонгина қутулдингиз. Мисс Дэн ўзига шунақа бино қўйганки, Англияга келганимдан бери бунақасини биринчи марта кўряпман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Йўқ, бунақа эмас, тўғрими, Элли?
ЭЛЛИ. Энди ўзимнинг нималарга қодирлигимни биламан, Гесиона.
МЕНГЕН. Беномус! Бошқача баҳолаб бўлмайди.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Жим-м-м… Альфред, қўрслик қилманг. Наҳот арши аълода қайд этилган никоҳ кечасининг нақадар ажойиблигини ҳис қилмаётган бўлсангиз? Ёки сиз, Гектор, бунга норозимисиз? Кўзларингизни каттароқ очинглар. Элли билан Эдди нозик таъбли, энг талабчан эркакка ҳам хуш келадиган даражада ҳуснга эга. Биз яшаймиз, севамиз ва бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламаймиз. Буларнинг барини сизлар учун биз, аёллар яратганмиз. Нима учун ҳамон ўзларингизни кераксиздек ҳис қиласиз?
Пижама устидан рангдор халат кийиб олган Мадзини уйдан чиқиб, леди Эттеруорднинг ёнига келади.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Менинг ишваларимга дош беролган ягона одам. Нима бўлди, мистер Дэн, тинчликми?
МАДЗИНИ. Ҳеч нарса. Тинчлик. Аммо деразангнинг тагида қизиқ суҳбат кечаётган экан, бунинг устига, мана бунақа ажойиб кечада ухлаб бўлармиди? Чидаб туролмадим. Хўш, гап нима тўғрисида кетяпти?
МИССИС ХЭШЕБАЙ. О-о, бу ерда ғаройиб воқеалар бўляпти.
ГЕКТОР. Мана, масалан, Менген тадбиркор сифатида тажриба учун кўпчилик олдида қип-яланғоч ечинмоқчи бўлди ва шармандаларча мағлубиятга учради.
МАДЗИНИ (усти-бошига ишора қилиб). Бу қиёфада ҳузурингизга чиққанимга қарши бўлмасангиз керак, деган умиддаман? (Курсилардан бирига ўтиради.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Аксинча, мен сизни доим шу кийимда кўришни маъқул деб биламан.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Мистер Дэн, қизингизнинг никоҳ масаласи барбод бўлди. Биз ҳаммамиз сармоядор деб ўйлаган Менгеннинг ҳеч вақоси йўқ экан.
МАДЗИНИ. Леди Эттеруорд, мен буни билардим. Аммо одамлар унга ишониб, пул беришар, менга эса ишонишмас, шу боис пул ҳам беришмас экан, қандай қилиб Эллини ўзимга суянишга даъват эта оламан?
МЕНГЕН. Фақат мени қашшоқ экан, деб ўйламанг. Мен…
ГЕКТОР. Изоҳлашга зарурият йўқ. Тушундик. Узоқ муддатли векселларда минг фунт, шунингдек, эллик минг файингиз ва олти дона цианли калий таблеткангиз бор. Бу таблеткалар инқирозга учраганингизда асқотиб қолади. Сизнинг миллионларингиз шулардан иборат!
МАДЗИНИ. Йўқ, йўқ. У мутлақо ҳалол одам. У ҳамкорлик қиладиган барча корхоналар мутлақо қонуний.
ГЕКТОР (жирканиб). Тўғри, унчалик катта муттаҳам эмас.
МЕНГЕН. Сизнингча, шунақа. Илло, баъзи ҳалол кишилар учун…
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (унинг гапини бўлиб). Сизни тушуниб бўлмаяпти, мистер Менген. На бой, на камбағаллигингизни ва на ҳалол, на муттаҳамлигингизни билолмай турибмиз.
МЕНГЕН. Сиз яна мени таъқиб қиляпсиз. Бу аҳмоқона хонадонга кириб келганимдан буён мени масхарабозга айлантиряпсизлар.
ЭЛЛИ. Ростдан ҳам аҳмоқона; бу хонадонга келган кишининг юраги эзилади. Ҳеч қандай заминга эга бўлмаган хонадон бу. Мен бу ерни – қалблар парчаланадиган хонадон деб атамоқчиман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Бас қилинг, Элли! Бўлмаса бир махлуқ сингари бўкириб юбораман.
Менген секин йиғлашга тушади.
Ана, ахийри кўзёши тўкишга олиб келдингиз.
ЭЛЛИ. Менга унинг ғингшигани кўпроқ ёқади.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бас қилинг!
Менген йиғлашдан тўхтайди.
Қалблар беун, бетовуш парчалансин.
ГЕКТОР. Уйингизга шунақа ном берилишига қарши эмасмисиз?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Бу уй эмас, махлуқлар уяси!
Олисдан гумбурлаган товуш эшитилади.
ГЕКТОР (ўрнидан сапчиб туриб). Бу нима экан?
КАПИТАН ШОТОВЕР. Нимадир бўлди. (Ҳуштагини чалиб) Олдинда қоялар!
Чироқлар ўчади.
ГЕКТОР (ғазабланиб). Чироқларни ким ўчирди?! Чироқларни ўчиришга ким журъат қилди?!
Ичкаридан Энага чопиб чиқади.
ЭНАГА. Сэр, мен ўчирдим. Полициядан қўнғироқ қилиб, чироқларни ўчирмасангиз, жавобгарликка тортиласизлар, дейишди.
ГЕКТОР. Ҳозир юз мил наридан кўринади. (Шошиб уйга кириб кетади.)
ЭНАГА. Черков руҳонийсининг уйида бир уюм ғиштдан бўлак ҳеч нарса йўқ дейишяпти. Унга бир кечага жой бермасак, бечора кўчада қолади.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Черков ҳам расво бўлади.
ЭНАГА. Ҳаммангизни бино тагидаги омборга тушсин, дейишяпти.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Сен ўзинг тушавер. Сен ва бутун жамоа – ҳаммангиз тушинглар. Қопқоқни яхшилаб беркитиб қўйинглар.
ЭНАГА. Мен ўша қўрқоқ билан ёнма-ён тураманми? Бир пайтлари мен аҳмоқ ўшанга турмушга чиқиб юрибман! Ундан кўра томнинг тепасига чиқиб оламан.
Чироқлар ёнади.
Ана, мистер Хэшебай яна чироқни ёқди.
Ўғри пайдо бўлади ва чопиб Энаганинг ёнига келади.
ЎҒРИ. Қум тўлдирилган ўра қаёқда? Ўша ерда ертўла бор, деб ошхонадаги бола айтди. Уйингиз тагидаги омбордан наф йўқ. Қум тўкилган ўраларингиз қаерда, капитан?
ЭНАГА. Ана у ёққа ўт. Тўғри бораверсанг, тепасидан чиқасан. Худо берса, лаънати бўйнинг ўша ерда узилади. (Уни ғазаб билан итариб юборади. Ўзи гамагининг тепасига бориб туради.)
Яна биринчисига нисбатан кучлироқ гумбурлаган овоз эшитилади. Ўғри тўхтаб, титраганича туриб қолади.
ЭЛЛИ (ўрнидан туриб). Бу энди янада яқиндан эшитиляпти.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Навбатдагиси бизнинг устимизга тушади. (Ўрнидан туриб.) Суд бошланади. Ҳамма ўрнидан турсин!
ЎҒРИ. О, худо! (Ваҳима босган ҳолда чопиб боғ ичкарисига ўтиб кетади.)
МИССИС ХЭШЕБАЙ (қоронғиликдан, боғ ичкарисидан ҳансираб чиқиб келади.) Ана у чопиб кетаётган ким бўлди? (Эллининг ёнига келади.) Нимадир гумбурлаб портлаганини эшитдингизми? Осмондаги аллақандай товушни-чи? Ғаройиб! Худди оркестрга ўхшайди! Бетҳовен!
ЭЛЛИ. Чиндан ҳам, Гесиона, Бетҳовеннинг айнан ўзи.
Улар завқланиб бир-бирини қучишади.
МАДЗИНИ (ташвишланиб). Чироқлар негадир жуда ҳам чарақлаб кетди.
ЭНАГА (бинога қараб олиб). Мистер Хэшебай уйдаги барча чироқларни ёқиб, пардаларни кўтариб қўйди.
Уйдан пижама кийиб олган, саросимага тушган Рэнделл чиқади.
РЭНДЕЛЛ. Ариадна, жонгинам, қувончим менинг! Юринг, ертўлага тушамиз. Илтимос қиламан!
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД (гамакда ётганича осойишта). Резидентнинг хотини хизматкор аёл билан бирга ертўлага тушиб кетса қандоқ бўлади, Рэнделл! Ўйлаб гапиряпсизми!
РЭНДЕЛЛ. Сизни ўлдириб қўйишса, мен нима қиламан?!
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Унда сизни ҳам ўлдиришган бўлади. Қани, ҳеч нарсадан қўрқмаётганингизни бир кўрсатиб қўйинг. Флейтангизни чалинг. Илтимос, бизга “Ўчоқларда оловлар олсин аланга” куйини чалиб беринг.
ЭНАГА (ғамғин). Ҳа-а, ҳалиги… улар аланга олиш қанақа бўлишини кўрсатишади.
РЭНДЕЛЛ (флейтани чалишга ҳаракат қилиб кўради). Лабларим титраяпти. Биттаям товуш чиқара олмаяпман.
МАДЗИНИ. Бечора Менген саломат бўлса керак, деган умиддаман.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Қум тўкилган ўрага яшириниб олган.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Динамитимдан қўрқиб, ўша ерга яшириниб олди.
ГЕКТОР (уйдан чиқиб, эски жойига бориб ўтиради). Чироқлар камлик қиляпти. Шуъла кўкка етгудек бўлса эди.
ЭЛЛИ. Марк, уйга ўт қўйинг.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Бу менинг уйим, бунга йўл қўймайман!
ГЕКТОР. Бу ҳақда ўйлаганман. Лекин энди кеч бўлди, улгурмаймиз.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Охирзамон бошланди. Жасорат ҳеч кимни асраб қололмайди. Лекин қалбларингиз ҳали тириклигидан далолат беради.
МИССИС ХЭШЕБАЙ. Жим бўлинглар! Қулоқ солинглар! Эшитяпсизларми? Қандай ажойиб!
Ҳамма уйдан тескари ўгирилиб, осмонга қараб қулоқ солишади.
ГЕКТОР (салобат билан). Мисс Дэн, сизнинг бу ерда қолишингизга ҳожат йўқ. Биз, бу хонадондагилар, оловга талпинадиган ҳашоратлармиз. Сиз ертўлага тушсангиз бўларди.
ЭЛЛИ (дадил). Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайман.
МАДЗИНИ. Элли, қизим, борақол. У ерга тушиб ўтиришнинг номус қиладиган жойи йўқ. Ҳар қандай зобит ўз аскарларига: “Панага ўтилсин!” деб буйруқ берган бўларди. Мистер Хэшебай ўзига эрмак қилмоқчи. Менген билан анави дарбадар тўғри қилишган. Ана ўшалар тирик қолишади.
ЭЛЛИ. Тирик қолаверсин. Мен мистер Хэшебайга таассуф демоқчиман. Сен нима учун ўзингни хавф-хатарга қўйяпсан?
МАДЗИНИ. Тепадагилар-чи? Улар учун ўн чандон хавфли эканини билишмайдими, нима бало?
ЭНАГА. Энди шулар ҳақида ғам чекишимиз қолувди.
Даҳшатли портлаш ерни ларзага келтиради. Улар ўтирган жойларида ўзларини орқага ташлашади, кимдир уй жиҳозига ёпишади. Деразаларнинг ойналари жаранглаб тўкилиб тушади.
МАДЗИНИ. Ҳеч ким яраланмадими?
ГЕКТОР. Қаерга тушди?
ЭНАГА (заҳархандалик билан). Айнан қум тўкилган ўранинг устига бориб тушди.
ГЕКТОР. Дунёда эркаклар яна бир кишига камайибди.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ўттиз фунт динамит бекордан-бекорга кўкка совурилди.
МАДЗИНИ. Бечора Менген.
ГЕКТОР. Унинг нимасини аяйсиз, дунёда боқий яшармиди? Энди навбат бизга келди.
Ҳамма жим бўлиб, асабий равишда кута бошлайди. Гесиона билан Элли бир-бирларининг қўлини маҳкам ушлайди. Портлаш овози олисдан эшитилади.
МИССИС ХЭШЕБАЙ (Эллининг қўлини қўйиб юбориб). Бошқа томондан ўтиб кетишди.
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. Хавф ортда қолди. Рэнделл, бориб ухлагани ётинг.
КАПИТАН ШОТОВЕР. Ҳамма жой-жойига! Кема шикастланмадими? (Гамакка ўтириб, шу заҳоти уйқуга кетади.)
ЭЛЛИ. Шикастланмади. Афсус.
ГЕКТОР (қаҳр билан). Ҳа. Шикастланмади. Яна жимжитлик, яна зерикиш. (Ўтиради.)
МАДЗИНИ (бир чеккага ўтириб). Мен қанчалар янглишган эканман. Мана, биз ҳаммамиз омон қолдик, Менген билан анави дарбадар эса…
ГЕКТОР. Иккита ўғри…
ЛЕДИ ЭТТЕРУОРД. …иккита ишбилармон одам…
МАДЗИНИ. Ҳар иккаласи оламдан ўтишди. Бечора роҳиб янги уй қуришига тўғри келади.
МИСИС ХЭШЕБАЙ. Лекин қандай ғаройиб таассурот! Балки эртага яна учиб келишар.
ЭЛЛИ. Мен ҳам шундай фикрдаман!
Ниҳоят Рэнделл флейтада “Ўчоқларда оловлар олсин аланга…” ку­йини чала бошлайди.

Тамом

Рус тилидан Муҳаммад Хайруллаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 9-10-сон