Нарзулла Жўраев. Таваллодан муножотгача (илмий-фалсафий эссе)

XVIII асрга келиб Европада Зардуштийлик фалсафаси кенг тарқалди. “Авесто” турли йирик илмий тадқиқот марказларида, кутубхоналарда мутахассислар томонидан зўр қизиқиш билан ўргана бошланди. Ушбу давр Европа фалсафий тафаккурида кескин бурилиш даври бўлди, десак хато бўлмайди. Европа фалсафасида бутунлай ўзгача йўлдан кириб келган, инсоншунослик ғоясини қалб ва руҳият орқали ўрганиш тамойилини илгари сурган Фридрих Нитше ўз фалсафий қарашлари билан кенг жамоатчиликка тез танилди. Албатта, у ўзидан олдинги йирик файласуфлар, жумладан, Шопенгауэр фалсафасини чуқур ўрганди. Унга эргашди, метафизик қарашларидан фойдаланди. Бироқ, ёш олимнинг ҳеч кимга ўхшамаган хулосалари, ҳаёт йўли, одам ва оламга бўлган муносабати жаҳон фалсафасида мутлақо янгилик бўлди.

Нитше фалсафасида оламнинг бус-бутунлиги, инсоннинг баркамол ва етуклиги муаммоси асосий ўрин тутади. У яхлит оламнинг барча гўзалликлари-ю жозибаси билан бирга салбий жиҳатларини бир бутунлигича қамраб олади. Натижада идеал инсон ва идеал ҳаёт тарзини орзу қилади. Ана шу ушалмас орзу унинг бир умрлик фалсафий қарашлари моҳиятига айланди.

Нитшенинг Зардушт фалсафасига бутунлай берилиши ва бу таълимот мақомидаги фалсафани ўрганиши, ўрганибгина қолмай, уни ўз қалбидан, руҳиятидан ўтказиб, реал воқеликка айлантириш ғояси тасодиф эмас. Нитше протестант руҳонийси оиласида туғилди. Унинг мурғак онги тақво ва ибодат таъсирида шаклланди, ривожланди. Тақводорлик муҳити унинг илк диний тасаввурларини бойитди. Гимназияда ҳам диний таълим олди, черковларга қатнади. Қалбан ва руҳан илоҳиятга ўта яқинлиги, жозибадор ва кўркам йигитча бўлганлиги туфайли бўлса керак, ўртоқлари уни “ибодатхонадаги 12 ёшли Исо” дейишарди. Бу эса шахс сифатида ёш Нитшенинг сурати ва сийрати, шакли ва мазмуни, зоҳири ва ботини бир хиллигидан далолат беради.

Ёш Нитшенинг адабиёт, санъат, тарих ва фалсафага қизиқиши жуда баланд эди. У, ҳатто, ўн ёшидан шеърлар ҳам ёза бошлайди. Илоҳий китобларни қироат билан ўқишни яхши кўрарди. Диний қўшиқларни меъёрига етказиб ижро эта оларди. Қироат, оятларни ғоят оҳангдорлик билан қўшиқ қилиб куйлаш ишқи ва маҳорати унинг диний-мистик қарашларини шакллантирди. Бонн ва Лейпциг университетларида таълим олди. Базел университетида профессор бўлиб ишлади. Ана шу йиллар олимнинг самарали ишлаш, Ғарб фалсафасида бетакрор, ўзига хос илмий кашфиётлар қилиш даври бўлди.

Нитшенинг санъат, тарих ва адабиётга қизиқиши фалсафий қарашларига ҳам ўзига хос таъсир этди. Бошқача қилиб айтганда, мураккаб фалсафий тафаккурни жозибадор бадиий сўз ҳамда образли ифода билан уйғунлаштириб, мутлақо янги шакл ва мазмундаги фалсафий асарларни дунёга келтирди. “Мусиқа руҳидан фожианинг туғилиши” (1872), “Қувноқ фан” (1882), “Зардушт таваллоси” (1883), “Ҳамма учун ва ҳеч ким учун” (1883-1892), “Ҳокимиятга интилиш” (1906) сингари асарлари номланишининг ўзиёқ кишининг диққатини тортади, қизиқишини оширади. Бу асарларнинг ҳар бири муаллифга кўпдан-кўп шуҳрат келтирди.

Оғир касаллик туфайли жамоадан ажралиб қолган Нитше идеал инсон орзуси билан яшади ва бу мавзуда қатор асарлар яратди. 1872 йили “Мусиқа руҳидан фожианинг туғилиши” китоби нашр этилади. Ушбу асарда яшаш завқи ва фожиавийлик туйғулари билан мушоҳадалилик, мантиқийлик, катта интеллектуал салоҳият, ақлий устуворлик муаммолари ўртасидаги қарама-қаршиликлар, зиддиятлар фалсафий талқин этилади ва инсон онгидаги бундай азалий зиддиятларнинг ўзига хос талқини Нитше фалсафий қарашларининг бетакрорлигидан далолат беради. У кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Икки қисмдан иборат “Зардушт таваллоси” китобининг биринчи қисми 1883 йили, тўлиқ нашри эса 1892 йили чоп этилади. Муаллифга жуда катта шуҳрат олиб келган ушбу китоб фикр билан туйғу, ақл билан ҳиссиёт, юксак фалсафий мушоҳада билан эҳтиросли бадиият қоришиб, мутлақо ўзига хос насрий достон сифатида юзага келган. Ушбу нодир асарни таниқли олим ва йирик таржимон Иброҳим Ғафуров зўр маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган[1].

Нитше файласуф сифатида, айтиш мумкинки, қарашларида инсоният имкониятлари чегарасидан чиқиб кетган онгни мужассамлаштирган Зардушт билан ўзини тенглаштиради. Яъни, кишилик тарихида илк марта илоҳий ғояларни илгари сурган Зардушт билан ҳамфикр бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ушбу асарда чуқур психологик ҳолат билан мантиқий асос уйғунлашган. Қалб изтиробларини, зарбаларини, титроқларини, бесаранжом, беорому беҳаловат туйғуларини руҳий ҳолат орқали ифода этади.

Китобда ҳаёт фалсафаси, инсон тушунчаси, кишилик ҳаётининг ёруғ ва қоронғу томонлари, зиддиятлар ва изтироблар ўз аксини топган. “Авесто” ғояларини чуқур ўзлаштирган, айни пайтда ана шу ғояларда одам ва олам моҳиятини кўра билган, унда диний ва дунёвий қарашлар уйғунлашганини англаган Нитше ўз фалсафий қарашларини, илмий ғоялари ва муносабатларини Зардушт орқали ифодалашга эришади.

Асар услубида Зардушт билан Нитшенинг тенглиги яққол кўзга ташланади. Дарҳақиқат, муаллиф илоҳий шахс билан ўзини тенг қўяди, ўзаро мулоқотда бўлади, кўп ҳолларда Зардушт номидан гапиради, Зардушт ғояларини ўзининг қалб кечинмалари билан синтезлаштиради. Гарчи улар туғилган макон турли минтақаларда жойлашган, жуда улкан, маҳобатли тарихий давр уларни ажратиб турган бўлса-да (улар яшаган давр қарийб уч минг йиллик масофа билан фарқланади), қарашлар уйғунлиги фавқулодда ҳодиса сифатида, айни пайтда ўта табиий ҳолатда юзага келади. Бу шу даражада табиий, шу даражада мусаффо ва гўзалки, уни бир-биридан ажратишга интилиш ёки бир-биридан айро ҳолда тушуниш жиддий хатоликка олиб келади. Асарда муаллиф Зардушт билан замондошдай, яқин дўстдай гаплашади. Ўзининг ғояларини тўғридан-тўғри Зардушт орқали тушунтиришга ҳаракат қилади ва бунга эришади:

“Қаранг, мен сизларга аъло одам ҳақида таълимот беражакман”.

Аъло одам – заминнинг мазмуни. Сизнинг иродангиз айтсин: “Майли, аъло одам заминнинг мазмуни бўлсин!” (6-бет).

Аъло одам. Бу жамиятнинг сараланган, табиий танланган қатламига, элитасига дахлдор одам. Нитшенинг аъло одамни кўргиси келяпти. Маънавий баркамол, интеллектуал жиҳатдан юксак, қудратли, шижоатли, бағрикенг, тўғрисўз, баркамол одамни соғиняпти. Ҳаётда шундай одамлар мавжуд бўлишини балким орзу қилгандир. Балки шундай одамлар мавжудлигига ишонгандир. Жамиятда аъло, яъни баркамол одамларга эҳтиёж ҳамма вақт бўлган ва бор, у бизга шуни яна бир бор эслатаётгандек.

“Аъло одам заминнинг мазмуни! Зотан, замин ҳаёт манбаи, ризқу рўз манбаи, фаровон ва бахтли ҳаёт маскани. Агар аъло одам унга эгалик қилсагина! Ва илоҳий имдод келади: “Майли, аъло одам заминнинг мазмуни бўлсин!” “Биродарларим, мен сизга илтижо қилиб айтурман: заминга содиқ бўлингиз ва ер узра умид тўғрисида сизга сўзлаётганларга ишонмангиз. Ўзлари биларларми-билмасларми, барибир, улар заҳарлагувчилардир.

Улар ҳаётдан нафратланурлар, улар ўзларини-ўзлари заҳарламишлар ва ўлимлари сари йўл олмишлар, ер улардан чарчамишдир: ўлим уларга!” (6-бет).

Муаллиф қалбида олдин кучли оптимизм бор эди. У реалликка мойил эди. Бироқ инсоннинг эзгулик ва ёвузлик олами эканлигидан сесканиб кетади. “Авесто”даги даъватлар, нидолар, саловотлар ва дуолар қулоғига чалинади. У ҳушёр тортиб, реал ҳаётга қайтади. Жаҳолат, қабоҳат, надомат, хусумат мавжуд бўлган бир пайтда, идеал ҳаёт ва идеал инсон ҳақида ўйлаш қанчалик изтиробли. Бу Нитшенинг жаҳон фалсафасидаги ўзига хос имдоди эди.

Зардушт фалсафаси яхлит инсоният тафаккурининг мажмуаси, қомусий характерга эга бўлган илоҳий хаёлот, диний тоат-ибодат ва тақво, реал заминда, конкрет ҳаётда инсоният қарашлари ва тафаккур тарзини ўзида мужассам этиб, дунёвий фалсафа, дунёвий тафаккур мақомига эга бўлади. Аслини олганда, Зардушт фалсафасининг ҳаётийлиги ҳам, маҳобати ҳам, ўлмаслиги ҳам ана шунда.

Нитше “Бир куни Зардушт ҳам барча нариги дунёчилар каби ўз хаёлларини одамнинг нариги дунёсига қаратди. Ўшанда менга дунё азоб чекаётган ва абгор бўлган Худонинг аъмоли бўлиб туюлди”, – дейди (24-бет). Энди муаллиф боқий дунёдаги одамлар аҳволидан хабардор бўлади, уларни кўз олдига келтиради, азобланаётганларидан азобланади. Жаннат гаштини сураётганлардан кўнгли таскин топади.

Афсуски, азобли, уқубатли дунё кенгроқ туюлади унга ва фоний дунё унинг кўзига “азоб чекаётган ва абгор бўлган Худонинг аъмоли бўлиб туюлади”. Идеал одам фалсафаси, баркамол инсонни кўриш орзуси, ҳар томонлама етук одам билан мулоқотда бўлиш истаги энди изтиробга айланади.

“Яхшилик ва ёмонлик, шодлигу азоб, мену сен – бари менга Яратганнинг кўз ўнгидаги ранго-ранг дуд бўлиб кўринади. Яратган ўзидан ўз назирини эвиришни истади ва ўшанда у оламни бино қилди”(24-бет).

Демак, яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат, ишонч ва ишончсизлик, садоқат ва хиёнат, эзгулик ва ёвузлик оламнинг рамзи, Яратган унинг эврилишини хоҳлайди. Ўзи бино қилган оламнинг бенуқсон ва кўркам бўлишини истайди. Бу бевосита инсон оламининг қай даражадалигига боғлиқ. Қалбан гўзал инсон гўзаллик яратади. Эзгулик билан яшайдиган киши эзгулик ҳукмрон бўлган турмуш тарзини йўлга қўяди.

Нитше инсон, ҳаёт, дунё атрофида фикр юритар экан, руҳий хаёлот ва фикратдан ҳаётий хулосаларга ўтади, реал воқеликка муносабат билдиради ва шундай дейди: “Мангу зиддиятнинг акси ва нотамом тимсол, мангу нотамом бу дунё – унинг нотамом яратувчиси учун мастона шодиёна, – бир маҳаллар дунё менга шундай бўлиб туюлди” (26-бет). Зиддиятларга тўла олам, нуқсонлардан холи бўлмаган тимсол – одам. У мангу нотамом, етук бўлолмайди, идеал инсонга айлана олмайди. Демак, замин нотамомлар маскани. Кишилик ҳаёти баркамол эмас. Шундай эди, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Фақат кимлардир айрим жиҳатлари, фазилатлари ё ақлий қобилияти билан ўзгалардан ажралиб туриши мумкин. Айни ана шу инсоният ҳаётининг идеал даражада бўлмаслиги баркамол бўлмаган одамлар учун қайсидир маънода шодиёнадир. Нитше ҳам, Зардушт ҳам шундай ўйлайди ва чексиз изтироб чекади.

Нариги дунёчилар зикрида давом этар экан, Нитше ўзида кучли оптимистик руҳни ҳис этади, ирода қуввати ошади, юксак маънавий куч энди унга ҳаётга рағбат, келажакка ишонч, янгидан-янги умид куртакларини очади ва “Нима бўлди ўзи, биродарларим? Мен азоб чекаётган ўзлигимни енгдим, мен ўзлигимнинг хоки туробини тоққа олиб чиқдим, ўзимга ортиқ нурафшонроқ аланга топдим. Қаранг энди! Шарпа мендан узоқлашиб кетди!”, – дейди (24-25-бетлар).

Эзгин хаёллар, кўнгилга таҳдид солувчи қора шарпалар ортда қолди! Нитше ўзида кучли иродани ҳис этди, ўзини-ўзи енгди. Орзу-умидлар тоғига чиқди, нурафшон ҳаётга ёрқин нигоҳ билан қарай бошлади. Бу муаллифнинг ички кечинмаларигина эмас, дунёда қанча одам бўлса, барчасининг қалбида ана шундай ҳис, ана шундай туйғу мавжуд. Ички ирода ва ўзини-ўзи бошқаришга қодир бўлган руҳ бор. Ҳамма гап уни қўзғата олишда, уйғота билишда, ривожлантира олишда, холос. Умуман олганда, инсон ўзининг табиий, биологик, физиологик ва маънавий тузилиши жиҳатидан мураккаб тизим. Ҳар бир одам алоҳида олам. У ўзини-ўзи бошқара олиши, йўналтира билиши, ривожлантириб, камол топтириш рағбатига эга бўлиши лозим. Ҳар ким ўз инон-ихтиёрининг ҳокими ўзи бўлсин. Ўзини-ўзи рағбатлантирсин, руҳлантирсин, ножўя хатти-ҳаракатлар қилганда ўзига-ўзи танбеҳ бера олсин, ўзини-ўзи жазолай ва кечира олсин.

Нитшенинг инсон фалсафасида қалб ва руҳият категориялари алоҳида мавқега эга. Қалб ҳар бир инсоннинг яхлит ва бир бутун алоҳида олами. Юрак эмас. Юрак одамнинг кўплаб аъзоларидан биттасигина, холос. У ўзининг биологик вазифасини ўтайди, – вужудни қон билан таъминлайди, холос. Қалб эса ҳар бир индивиднинг бетакрор, фақат ўзигагина хос бўлган, ўзининг “Мен”ига эга бўлган яхлит олами. Руҳ эса уни бошқаради, йўналтиради. Бу хулоса нафақат Зардушт фалсафасида, балки барча дунёвий динларда турли шаклларда ўз ифодасини топган. Зотан, тақвонинг тури, ибодатнинг шакли хилма-хил бўлса-да, Аллоҳ ягона! Нитше фалсафаси Зардушт орқали ана шундай мақомга эга. Бошқача қилиб айтганда, Зардушт саловоти, дуолари, таваллоси Нитше қалби орқали нитшеёна муножот бўлиб янграйди. Бу муножот ўта жарангдор, ўта файзли, тароватли, чуқур мазмунга ва хулосаларга эга бўлган ғоя. Айни пайтда бироз мискин, тушкун, ғамгин фалсафадир. Ана шу жиҳатдан қараганда, уни айрим файласуфлар тушкунликка, пессимизмга берилганликда айблашади. Аслида эса, ушбу тушкунлик, ғамгинлик тагида Нитшенинг кучли, қудратли иродаси ва ёрқин руҳияти аниқ сезилиб туради.

Зардушт ва Нитшенинг ҳам илоҳий, ҳам ҳаётий фалсафаси бу! Зардушт беморларга шафқатли, меҳрибон, раҳмдил. Бироқ, инсон ҳар қандай шароитда ҳам инсон-да. Баъзан меҳру шафқатни билиб-билмай суиистеъмол қилиши, кўрнамаклик қилиши мумкин. Аммо буюклик – буюкликдир. У фақат меҳр, шафқат, бағрикенглик, чексиз мурувват соҳиби. Кўрнамаклик, мунофиқлик, умуман барча иллатлардан устун турадиган маъво. Нитше бу ерда реал ҳаёт билан диний тафаккурни уйғунлаштиради, реаллаштиради, ҳаётийлигини ва улуғворлигини исботлайди.

Нитшенинг баён услубида, фикрни ифодалаш шаклида европалик донишмандлар услубидан кўра кескин ва ёрқин ўзига хослик бор. Биринчидан, у ҳар қандай оғир, залворли фикрни, ақлни остин-устун қилиб юборадиган гапни жўшқин ҳиссиёт ва қайноқ эҳтирос билан йўғрилган ҳолда баён этади. Иккинчидан, у бевосита ва тўғридан-тўғри Шарқ ф