Султонмурод Олим. Тилакка етиш сирлари

Ахир, Тилак Жўрасиз қандай дор ул-таржима бўлсин?!

Ғайбулла ас-Салом

Тилак Жўра 1947 йилнинг 26 майида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Сайёд қишлоғида деҳқон оиласида туғилганлар. Ҳаёт бўлганларида 70 ёшга тўлар эдилар.

1972 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультети сиртқи бўлимини тугатганлар. 1978 – 1981 йилларда университет аспирантурасида таълим олганлар. 1986 йили “Нозим Ҳикмат ва ўзбек адабиёти” мавзусида номзодлик диссертацияси ёқлаганлар.

Бир муддат Қоракўл тумани газетасида ишлаганлар. 1970 йилдан то умрларининг охирига қадар ўзлари ўқиган университетнинг “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедрасида ёш авлодга дарс берганлар. 1994 йилнинг 21 апрелида Тошкент шаҳрида вафот этганлар. Ўзлари туғилиб-ўсган Сайёд қишлоғи қабристонига дафн этилганлар.

“Райҳон” (1977), “Олам остонаси” (1980), “Юлдузлар табассуми” (1981), “Чорраҳадаги уй” (1983), “Сандувоч” (1988), “Руҳият” (1990), “Саратон” (1991),  “Сайланма” (2011) шеърий китоблари чиққан, турк, озарбойжон, арман, француз, тожик, уйғур, қрим-татар, туркман шеъриятидан таржималар қилганлар, адабий алоқалар ва таржима назариясига оид илмий мақолалар битганлар.

Булар – расмий маълумотлар, холос.

Хўш, Тилак Жўра ким эдилар?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла ас-Саломдан ошириб жавоб бериш – қийин: “Мен бешта Тилак Жўрани билардим, – деб ёзадилар устоз: – одамохун, шоир, олим, таржимон, мураббий”[1].

Тилак аканинг одамохунликлари шундан иборат эдики, у киши худдики бу дунёнинг вакили эмасдек эдилар: хаёлларида ҳамма нарса ҳазрати Инсон учун, ҳамма нарса Эзгулик асосига қурилиши керакдай эди. Бироқ ҳаёт бундай эмас-ку! Ана шунисини тан олмас эдилар. Кейин юракларининг туб-тубида келиштириб бўлмас бир қарама-қаршилик, кутилмаган бир ғалаён пайдо бўлар эди.

Истарали одам эдилар. Ҳам зоҳиран, ҳам ботинан. Бу иккаласи қўшилиб, камдан-кам кишида учрайдиган ажиб бир ёқимтойлик пайдо қилар эди. Бу ҳақда устозимиз, атоқли шарқшунос, профессор Нажмиддин Комилов: “Тилакжонни яхши кўрмаслик мумкин эмасди. …Яхши одамнинг фариштаси бор, деб шуни айтсалар керак. У, ҳақиқатан ҳам, фариштали, Худо ярлақаган инсон эди”[2], – деб ёзган эдилар.

Ана шу одамохунлик атрофларига одам йиғар эди. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида у киши ҳамиша ижодкор талабалар қуршовида юрар эдилар. Шогирдлари эъзозида эдилар.

Ҳар доим уйлари одамга тўла бўлар эди. Ҳовли қанча тор бўлса, соҳиби хонадоннинг кўнгли шунча кенг эди.

Ўзи, уйдаги иқтисодий аҳвол айтарли эмас эди. Аёллари ишламас, уч фарзандлари бор эди. Университет муаллимининг қўлига оладиган 100 сўмдан сал ошиқроқ маоши беш кишига нима бўлади?!

Шеърларига газета, журнал ёки радиоданми қалам ҳақи тегиб қолса, бўлди, Тилак Жўрадан сахий кимсани топа олмас эдингиз. Албатта, тўрт-беш улфатларини йиғиб, қалам ҳақи олганларини “ювиб” бермасалар, кўнгиллари тинчимас эди.

Биз – оиласи билан ижарада яшаб юрганлар Тилак аканинг кафтдаккина келадиган ана шу ҳовличаларига ҳавас қилар эдик. Икки хонасида оила истиқомат қилар эди. Тепада кичкинагина айвончали бир болохонаси ҳам бор эди. Шоир шу ерда ижод қилар эдилар. Вилоятлардан келиб, Тошкентда диссертация ёқлайдиган, китоб чиқараётган айрим ижодкорлар ҳам шу болохонага жойлашиб олиб, ишлар эди. Токчаларида китоблар тартиб билан терилган бўлар эди. Ўртасида шоиримизнинг портретлари ҳам турарди. Иш столида эса Сергей Есенин портрети бўларди.

Ҳовлига кирганингизда ўнг қўлда ярим ертўла бир алоҳида хонача ҳам бор эди. Ўйлашимча, бу уй ўрнидаги хона адойи тамом бўлиб, қийшайиб кетганидан кейин олдинги эгаси уни бузиб, янгидан қуришга киришган. Бироқ, қараса, ёғочларининг икки чеккаси яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ўша чеккалари кесиб ташланганда эса ёғочлар калта бўлиб қолган. Бошқа ёғоч йўқ. Нима қилиш керак? Чораси топилган: ертўла қазилиб, калта ёғочлардан уйнинг тепа қисми деворлари тикланган. Шу тариқа ярим ертўла уй пайдо бўлган.

Уни “дарвешхона” деб атар эдик. Чунки айнан шу хонага қанчадан-қанча олиму шоиру адиб йиғилганига кўп гувоҳ бўлганман. Тўрт-беш шоир “халфана” қилиб, бир ош емоқчи бўлса ҳам, кимнингдир китоби чиққанини нишонламоқчи бўлса ҳам, борингки, ижод аҳлидан кимдир бир неча кунга хотинидан аразлаб қолган бўлса ҳам, шу “дарвешхона” танланар эди.

Кейин давлат Ал-Хоразмий мавзесидан беш хонали уй берди. Бир хонасини ижодхона қилиб олдилар. Китоблар худди ўша болохонадагидай қилиб териб қўйилди. Ўртада – ўзларининг портретлари. (2009 йили Вазирлар Маҳкамаси каминани икки ойга Бухоро вилоятининг айнан Тилак ака туғилиб ўсган, умрининг охирги кунларини ўтказган Қоракўл туманига вакил қилиб юборди. Қадрдон акамизнинг бола-чақаларидан ҳол-аҳвол сўрагани ота ҳовлиларига бордим. Меҳмонхонага кириб, ўзимни худди ўша Эски Жўвадаги болохонага кириб қолгандек ҳис этдим. Чунки китоб­лар худди ўшандай қилиб териб қўйилган, ўртада эса Тилак Жўранинг ўша-ўша портретлари…)

Ғайбулла ас-Салом устозимиз докторлик диссертациясини ёқладилар-у, Москвадаги Олий Аттестация Комиссиясидан тасдиқланиши ёмон чўзилди. Ишни ОАКда муҳокама қилиш учун диссертантнинг ўзларини чақиришди. Қанчалар асабий ҳолат эканини тасаввурингизга келтиринг.

Тилак Жўра устозга шогирддай эмас, ўғилдай эдилар. Бирга отландилар. Синовли кунда ёнларида бўлдилар.

Шоирликлари шунчалар эдики, назаримда, у кишини шеърдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас эди. Устоз Нажмиддин Комилов таъбирлари билан айтганда: “У деҳқон боласи, содда, афандинамо, аммо қалби гавҳардай покиза шоир эди. Шунинг учун бўлса керак, у рус шоири Сергей Есенинни жуда севар, Есенин образларига маҳлиё эди. Есенин портрети иш столи устида рўпарасида турарди. Тилакнинг табиати Есенин табиатига ўхшарди, ижоди ҳам руҳан яқин эди”[3].

Баъзи шоирларни биламиз, икки-уч сатрни ўзаро жуфтлаштирса, бўлди, ўзини алоҳида истеъдод соҳиби санаб қолади, ижодини илоҳийдан олиб, илоҳийга солади. Тилак ака бунақалар сирасидан эмас эдилар. Яна Наж­миддин Комиловга қулоқ тутамиз: “У шеърни кўз-кўз қилмас, неки юраги буюрса, шуни ёзарди”[4].

Юқорида саналганидек, саккизта шеърий тўпламлари нашр юзини кўрди.

“Олам остонаси” деган иккинчи тўпламларига машинкада бор-йўғи икки бетгина келадиган ихчам тақриз ёзган эдим. “Табиийлик” сарлавҳаси билан аввал “Ёш ленинчи”да, кейин Қоракўл тумани газетасида босилди.

Шоирнинг ҳаяжонлари шу қадар эдики, ана шу кичкинагина тақриз босилган куни кечаси эрталабгача, умуман, ухламабдилар.

– Ўзи, уч-тўрт марта овоз чиқариб ўқиб, кейин ухлаш учун ётдим, – деб ҳикоя қилиб берган эдилар кейин ўзлари. – Ҳеч уйқум келмади. Туриб, чироқни ёқиб, яна бир карра ўқидим. Яна чироқни ўчириб, ётдим. Уйқу келмади. Яна туриб, ўқидим. Хуллас, эрталабгача ўн-ўн беш марта шу ҳолат так­рорланди. Нимага бунақа одамни ҳаяжонга солиб қўядиган қилиб ёзасиз-ей?!

Бунинг сабаби бор эди. Тилак Жўрани шеъриятдан бошқа ҳеч нарса бирламчи даражада қизиқтирмас эди. Мен ижоддан бошқа ҳамма нарсани бу қадар унутган бошқа бундай одамни кўрмаганман.

Тилак Жўранинг:

Бедазорда бедана
Бўлиб-бўлиб сайрайди, –

деб бошланадиган машҳур бир шеърлари бор. Ундаги бедазорда бўлиб-бўлиб сайраган қуш бедана эмас, балки бир кампирга ошиқ бўлган чол. У бедана бўлиб сайраш орқали маъшуқасини чорлайди.

Энди Муҳаммад Юсуфнинг “Манзара” шеъри қандай бошланганига диққат қилайлик:

Бедапоя тўридаги жуфтин қидириб,
Сайрай-сайрай жимиб қолди бедана дилгир[5].

Ҳеч ким: “Бу мисолларда устоз-шогирдлик йўқ”, – деб айта олмаса керак…

Аслида, бу ерда фикр далили учун шу биргина мисол билан чекланса бўлар эди. Аммо Муҳаммад Юсуфнинг “Тилак Жўра” деган махсус шеъри ҳам бор-да:

У: “Хўп!” – дейди, демас: “Менга ҳам керак”,
Ишонмасанг, бориб ўзидан сўра.
“Жонингни прокатга бер”, – десанг, Тилак
Икки қўллаб тутар: “Марҳамат, жўра!”

Мен уни туғилмай туриб билардим,
Мурғак чоғ жаннатда юзин кўрганман.
Тегирмончиликни орзу қилардим,
Унга ҳавас қилиб, шоир бўлганман (97).

Охирги мисрада ифодаланган эътироф катта мардликдан ҳам далолат беради. Чунки лирик қаҳрамон Тилак Жўрага ҳавасни айнан шоир бўлишининг сабаби қилиб кўрсатяпти.

Муҳаммад Юсуф “Маъруф Жалил” деган шеър ҳам ёзган. У:

Хокисорлигим ҳам кўролмаслар бор,
Гоҳо раҳмим келар душманларимга, –

мисралари билан бошланиб:

Ўзим рақибимнинг уйига бориб,
Кечирим сўрагим келар, қийналса! (145)

деган сатрлар билан якунланади.

Эътибор қилган бўлсангиз, бу икки асарда шу икки шоиримиздаги хокисорлик ва раҳмдиллик улуғланяпти ҳам. Ана шундан Муҳаммад Юсуф Сергей Есенинга яқин бу икки шоирни бунчалар қадрлагани сирини топгандай ҳам бўламиз.

Муҳаммад Юсуф устози Тилак Жўра ҳақида “Хокисор юлдузлар туркуми бор”[6] сарлавҳали хотира ҳам ёзган.

Олимликлари шундан иборат эдики, устоз Ғайбулла ас-Салом раҳбарликларида 1986 йили “Нозим Ҳикмат ва ўзбек адабиёти” мавзусида номзодлик диссертацияси ёқладилар. Москвадан оппонентлик қилиш учун кимсан – атоқли шарқшунос, Жалолиддин Румий ҳақида илмий роман ёзган Радий Фиш келдилар. Бу кун ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида филологларнинг байрамига айланиб кетди. Диссертант ёқлаш маросимида ҳам шеър ўқидилар.

“Нозим Ҳикмат издошлари”, “Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон”, “Ҳозирги турк шеърияти”, “Нозим Ҳикмат ва ўзбек шеърияти” деган мақолалар ёздилар, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари” деган маълум ва машҳур асари таҳлилига бағишланган “Аср овози” деган мақолалари босилди.

Нозим Ҳикматнинг “Бир севги афсонаси” деган драмаси бор. Устоз Ғайбулла ас-Салом: “Модомики, “Нозим Ҳикмат ва ўзбек адабиёти” масаласини ўрганар экансиз, шу асарни ҳам таҳлилга тортмасангиз, унинг ўзбек адабиёти билан алоқасини очиб бермасангиз, бўлмайди”, – деб туриб олибдилар. Тилак ака кучлари етмайдиган, ўзларини бирламчи даражада қизиқтирмаган масалага бош суқавермас, ўзларича қайсаргина одам эдилар. “Мен Нозим Ҳикмат ижодининг ўзбек адабиётига таъсирини ўрганмоқчиман, Нозим Ҳикмат ижодига ўзбек адабиётининг таъсирини ёритишга кучим етмайди”, – дебдилар. “Ёмон ҳам соддасиз-да, Тилакжон. Ахир, шундоққина қўшнингиз айнан Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”и бўйича диссертация ёзаётган бўлса, боринг, маслаҳатлашинг, ёрдам сўранг”, – дебдилар.

Ноилож, устознинг зуғумлари билан бир куни Тилак ака рус тилида Нозим Ҳикматнинг ана шу драмаси босилган китобни кўтариб кириб келдилар. Драмада Фарҳод тимсоли асосий ўринга кўтарилган. Шунга асосланиб, камина Тилак Жўрага бир ғоя айтдим: “Нозим Ҳикмат бу асарини ёзишда Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин”идан эмас, айнан Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”идан таъсирланган, шуни кўтариб чиқиш керак!”

Драма шундай талқин қилинди. Диссертация ҳимояси олдидан бир куни Тилак ака яна уйга чиқдилар: “Ана, Радий Фиш оппонентлик тақризида айнан шу фикрга эътироз қилибди. Мен тайёрлаган жавобни ҳам кўриб берасиз энди”. Ғайбулла ас-Салом, Нажмидин Комиловлар ҳамма шогирдларига оппонентга қандай тарзда силлиқ, иззат-ҳурматни жойига қўйган ҳолда жавоб қайтаришни яхши ўргатишар эди. Тилак ака ҳам шундай дипломатик бир жавоб тайёрлаб, амалда ўз фикрларида қатъий қолдилар. Радий Фиш ҳам бу нозикликни илғаб, кулиб қўйдилар.

Ҳимоядан кейин орадан беш йил ўтди. 1991 йили Ўзбекистонимизда “Навоий йили” бўлди. Бир куни қўнғироқ қилиб қолдилар: “Нозим Ҳикматга Алишер Навоийнинг таъсири ғояси сиздан чиққан эди. Диссертациянинг ўша қисмини тайёрладим, бир устидан ишлаб, у-бу янгилик қўшиб берсангиз, иккаламизнинг номимиздан чиқса”. Шу тариқа “Алишер Навоий ва Нозим Ҳикмат” деган мақоламиз чоп этилди.

1970 йили Ғайбулла ас-Салом ташаббуслари билан ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедраси ташкил этилганда, дастлаб бор-йўғи уч киши ишлаган: кафедра мудири, яъни домланинг ўзлари, яқиндагина “Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг таржимонлик маҳорати” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақият билан ёқлаган Нажмиддин Комилов ҳамда факультетда сиртдан таълим олаётган Тилак Жўра. Бу “уч оғайни ботирлар” шундай ўзига хос ҳамкорликни йўлга қўйишдики, матбуотда кўп-кўп мақола ва тақризлар айнан шу уч имзо билан чоп этиладиган ҳам бўлди. Кафедра Тилак акани таржимашуносга айлантирди.

Иккинчи илмий йўналишлари – адабий таъсир қонуниятларини ўрганиш эди. Ўзбек адабиётида сарбаст шеърнинг юзага келишини олимлар, бу фақат Владимир Маяковскийнинг таъсирида юз берган, деб ҳисоблаб келар эди. Тилак Жўра бу фикрнинг хато эканини айтиб, бунда Нозим Ҳикмат шеъриятининг ҳам катта таъсири бўлганини исботлаб бердилар.

Таржимонликлари – алоҳида масала. Буни устоз Ғайбулла ас-Салом зўр қилиб айтиб қўйганлар: “Ахир, Тилак Жўрасиз қандай дор ул-таржима бўлсин?!”[7]

Таржима – савобли ижод тури. Бироқ шўро даврининг сўнгги ўн йилликларида у адабиётда зимдан тарғиб этиб келинаётган миллий озодлик ҳаракатининг зўр бир тарғибот қуролига айланиб улгурган эди. Шоирлар очиқ-ошкор айтолмайдиган дардини ўзга тиллардаги шеъриятдан излар, топса, ўшани таржима қилишга уриниб қолар эди. Таржимани чоп этиш – осонроқ. Қайсидир гап “қитмирроқ” тарзда айтилган бўлса ҳам, ахир, буни бошқа халқ шоири, тамоман бошқа макон ва замонда туриб айтган-ку. Айнан таржима қилмасанг, яна бўлмайди. Лекин таржимоннинг дарди ўша фикрни ўз халқига етказиш, одамларнинг кўзини очиш бўлгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Маҳмуд Саъдий деган акамиз, ҳатто ўша пайтларда “пролетариат доҳийлари” асарларидан доно-доно, лекин ўша пайтдаги ҳаётга солиштирганда, тамоман тескариси қилинаётган ғояларни топиб, таржима қилар ва газетада бостирар эди. Ўқиган киши, табиийки, бу тузумда сўз бошқа-ю, амал бошқа экан-да, деган хулоса чиқарар эди. Цензура “ғинг” дея олмас эди, таржима аслига тўғри бўлса, бас-да.

Тилак Жўра бирон-бир шеърни қалам ҳақи олиш учун таржима қилмаган. Турк шоири Ошиқ Вайсалнинг “Ҳаммамиз ҳам бир юртнинг авлодларимиз” шеъри амалда Туркия туркларига мўлжаллаб ёзилган. Лекин мустамлака исканжасида азоб чекаётган бир миллатнинг вакили бўлиб ўқиб кўрсангиз, унинг, лоақал:

Бирлашайлик бир байроқнинг остида,
Биз туркларнинг иккилик йўқ зотида.
Ёниб ёндирайлик она Ватанда,
Ҳаммамиз бир халқнинг авлодларимиз, –

деган сатрлари зимдан нимага чорлаётганини англаб оласиз.

Ёки Тавфиқ Фикратнинг “Миллат қўшиғи” шеърини олайлик.

Миллат йўлидир, ҳақ йўлидир биз бошлаган йўл,
Эй, ҳақ, яша, эй севикли миллат, яша, бор бўл! –

сатрлари такрорланиб келган бу шеърнинг: “Борлиғимиз жабру жафодан бўлди минг пора, Санчилди муқаддас Ватаннинг бағрига бигиз”, “Ҳар онда гўзал сийнага ханжар санчарлар, Топмасак чорасин, юртни буткул янчарлар!”, “Кел, эй дўсти азиз, мушфиқ онанг мени чорлар, Қутқар, у шўрликни ночорлик, зўрлик зулмидан”, “Мангу мерос бўлса ҳам аждодлардан бу чаман, Оч-яланғоч яшайсан, чўчиб ҳатто кўлкангдан”, “Не-не ҳақсизликни кўрдинг… Ҳайҳот, буми қонун! Беҳад қашшоқланиб қолдинг… Ҳайҳот, буми давлат?” – каби сатрлари бомба каби портлаётганини тасаввур қилсак, бу ифодаларда акс этган таржимоннинг дарди шоирнинг дардидан кам эмаслигидан далолат эканига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.

Бу сўз устаси турк, рус, қорақалпоқ, Лотин Америкаси шоирларидан таржималар қилди. Улар матбуот саҳифаларида сочилиб ётибди. Уларнинг ҳаммасини йиғса, бир ажиб тўплам бўлади, албатта.

Тилак Жўранинг мураббийлигини ҳам айтиб ўтмасак, бўлмас. Бу жиҳатдан у киши университет ёки институтларнинг биз билган рисоладагидек муаллимларига асло ўхшамас эди.

Мана, бу борада Ғайбулла ас-Саломнинг қарашлари: “Тилакжон етмишинчи йилларнинг ўрталарида аспирантурага кирди. Бу салоҳиятли йигитнинг сиймосида бир-бирига зид икки оқим дучлашгандай бўлди. Шоирона ҳурфикрлик билан мирзақуруқ олимлик ақидапарастлиги. Қанчалик тиришмайлик, мажнунваш шоирга олимликнинг сипо фикрлаш йўриғини юқтира олмадик. У шоир бўлиб қандай тафаккур қилса, дарсларда домла, маърузачи мақомида ҳам шундай “сайраб” юборарди…”[8]

Нажмиддин Комилов эса бундай деб ёзадилар: “Оддий мулоқотда андак дудуқланиб, тез-тез гапирадиган Тилак маърузада яйраб гапирар, ажабтовур бир енгиллик билан тингловчиларга мураккаб илмий муаммоларни тушунтириб берарди”[9].

…Бир куни маҳаллада кўришиб қолдик.

– “Шақу”да шеърларим чиқди, ўқидизми? – дедилар.

– Шеърларингиз қаерда чиқди? – деб сўрадим.

– “Шақу”да!

– “Шақу”да? – деб қайтариб сўрадим.

– Ҳовва, “Шақу”да, “Шарқ юлдузи”да-да…

Тилак ака кўнгил одами эдилар. Бу кўнгил кўп эзгу нарсаларни истар эди. Шоирнинг Ғайбулла ас-Саломга бағишланган “Шеърият” сарлавҳали шеърида:

 Икки дунё етолмас кўнгилдаги тилакка, –

деган ажиб мисра бор. Бу соҳиби қалам ижоди билан тўлиқ танишган киши унинг кўнглидаги бу тилак айнан нималардан иборат эканини билиб олади, албатта.

Умрининг сўнгги кунларида дўстлари Тошкентдан бориб, телевидение учун шеър ўқитишди. Шеър ўқий-ўқий, охири чарчадилар, чоғи, кутилмаганда: “Қолганини қирда айтаман”, – дедилар. Шу жойи ҳам эфирга узатилди.

Шоир туғилиб ўсган Саёт қишлоғида қабристонни “қир” дейишар экан. Чунки темир йўлнинг нариги томонидаги қирни мозор учун танлашган экан-да. Шунинг таъсирида 2009 йили “Тилак Жўранинг сўнгги тилаги” деган қуйидаги тўртлик қоғозга тушган эди:

Қирда – мозор, отам ётибди,
Борсам, ортга қандай қайтаман?
Шеър бўғзимга тиқилди охир,
Қолганини қирда айтаман.

2015 йили эса Тилак Жўранинг ўғиллари – Орифжонга бағишланган “Зурриёт” тўртлиги битилди:

Тилак Жўра ўлган эмас, ўғли – Орифжон
Қўриқлайди китоблари – қўраларини.
Бухорода – жисми, руҳи доим – Тошкентда,
Зурриёти сўраб турар жўраларини.

Камина ҳам Тилак ака ишлаган ана шу Журналистика факультетида ўқиганман. Шу кафедранинг шогирдиман. Диссертациямга Нажмиддин Комилов илмий раҳбар, Ғайбулла ас-Салом эса илмий маслаҳатчи бўлганлар. Шоир деганда дастлаб кўз олдимга Тилак Жўра келадилар. Чунки шоирлардан бу кишидан яқинроқ танишим йўқ эди.

Кейинчалик Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасида бу фоний дунё неъматларидан батамом воз кечган кўп дарвешлар ҳақида ўқидим. Ўқиш – бошқа, кўриш – бошқа. Ўша буюк шайхларнинг дунёдан воз кечиш даражаси бўлса, Тилак Жўрачалик бўлгандир, деб ўйлайман баъзан. Ахир, ижодда бир даражага эришиш учун нималардандир воз кечиш керак-да. Бусиз ҳеч имкони йўқ.

Тилак ака бу ҳаётнинг устидан кулиб яшадилар. Минг афсуски, баъзан ҳаёт ҳам у кишидан бинойигина ўч олди, чамамда. Ўзларининг 47 йиллик умрлари мобайнида у киши билганлар хотирасида абадий қолдилар. Кўплаб мухлислар орттирдилар. Ҳозир ҳам матбуотда у кишининг шеър, мақола ёки таржималари босилса, катта қизиқиш билан ўқилади.

Бир ижодкор бахти бўлса, шунча бўлар-да.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 5-сон

[1] Ас-Салом Ғ.Тилак, Тилагим // “Бухоро мавжлари”, 2016 йил, 2–3-сон. 12-бет.

[2] Комилов Н. Умидлари кўп эди // “Бухоро мавжлари”, 2016 йил, 2–3-сон. 14-бет.

[3] Комилов Н. Эслатилган мақола, 15-бет.

[4] Комилов Н. Эслатилган мақола, ўша бет.

[5] Юсуф М. Сайланма. –Т.: “Шарқ”, 2005. 95-бет. Бундан кейинги шу нашрдан олинган парчаларнинг саҳифаси қавсда бериб борилади.

[6] Юсуф М. Хокисор юлдузлар туркуми бор // “Бухоро мавжлари”, 2016 йил, 2–3-сон. 19-бет.

[7] Ас-Салом Ғ. Эслатилган мақола, 11-бет.

[8] Ас-Салом. Эслатилган мақола, 9-бет.

[9] Комилов Н. Эслатилган мақола, 14-бет.