Шуҳрат Ризаев. Янги давр таржимачилигимиз кашшофи

Авлоний портрети. «Унутилмас сиймолар» (1999) тўпламидан олинди

XX аср тонги янги ўзбек адабиётининг туғилишида бир қатор маърифатпарвар, жадид бобокалонларимиз қаторида Абдулла Авлонийнинг ҳам табаррук номи келади. Жадидчилик ҳаракати ва ҳаракат намоёндалари ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий фаолиятнинг барча турлари билан бевосита шуғулланганлари каби Абдулла Авлоний ҳам ижтимоий онг соҳаларининг таълим-тарбия, бадиий ижод, матбуот, театр, хайрия жамиятлари, ижтимоий-сиёсий йўналиш каби қатор турлари билан қизиқди ва баҳоли қудрат шуғулланиб келди. Шу жумладан, таржимонлик соҳаси билан ҳам.

Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг Мерганча маҳалласи (ҳозирда телевидение биноси атрофлари)да туғилиб, балоғатга етгач Миробод маҳалласидан ҳовли жой қилиб, 1934 йил ҳаётининг сўнггигача умрининг барча яхши ёмон, баланд паст кечмишлари шу жавонибда ўтди. У XIX асрнинг сўнггида Туркистонда илдиз отиб, шакллана бошлаган жадидчилик ҳаракатига қўшилиб, умри поёнига қадар шу ҳаракат ғояларини турли жабҳаларда амалга ошириб, тарғиб этиб келди. Бу ҳаракат аввало ва асосан Туркистон халқлари учун ҳурлик, озодлик маслакларини илгари сурган, сиёсий ғояларни кўтариб чиққан ҳаракат экани бугун ҳеч кимга сир эмас. Лекин қарийб бир ярим асрдан аввалги тарихда сиёсий ҳаракат ва маслаклар учун ишни нимадан бошламоқ лозимлиги масаласи тарих саҳнида кўндаланг бўлган эди. Ҳаракатнинг отаси ва бош назариётчиси қримлик Исмоилбек Гаспирали Россия мустамлакасидаги мусулмон халқларининг келажак ҳуррияти учун дастлабки ҳаракатни маърифатдан бошлаш, хусусан, мактаб, маориф тизимини эскича шарқона усуллардан янгича, оврўпача йўналишга ўтказиш масаласини асослаб берган эди ва унинг тарафдорлари бутун Туркистон бўйлаб ана шу ғоянинг амалий йўсин касб этиши учун саъй кўрсатмоқда эдилар. Абдулла Авлоний шулар таъсирида ҳаракатга қўшилди ва у ҳам бу жабҳадаги асосий фаолиятини янги усулдаги мактаблар очишда кўрди. Мирободдаги уйида бир неча даъфа янги усул – усули савтия мактаблари очиб, миллат болаларини ўқита бошлади. Ҳар қандай ўқитув учун лозим нарсалар янги усул мактаблари учун ҳам зарур эди албатта. Бу биринчи навбатда мактаб ўқув адабиётлари билан боғлиқ. Шу кезлар жадид мактаблари дарсликлари ўлароқ Саидрасул Азизийнинг “Устози аввал” ҳамда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Адиби аввал” алифбо китоблари дунё юзини кўрганди. Улар қаторига Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим” номли алифбо дарслиги ҳам қўшилади. “Биринчи муаллим” то 1917 йилги октябрь воқеаларига қадар тўрт марта нашр этилади.

Тараддуд бирла мактабда ўқинг ўғлонлар, ўғлонлар,

Бўлурсиз бир кун оламда зўр инсонлар, ўғлонлар

сатрларини шиор қилиб олган бу дарслик инқилобдан кейинги йилларда ҳам миллий мактабларнинг ибтидоий – бошланғич синфлари учун энг мақбул дарсликлардан бўлиб қолаверди. 1912 йили “Алифбодан сўнг ўқитмак учун” уқтируви билан ўша дастлабки дарсликнинг давоми бўлган “Иккинчи муаллим” дарслиги чоп этилади. Бу китобча ҳам қайта қайта нашр этилиб, янги миллий ўзбек педагогикасининг туғилиши ва тарққиётида муҳим аҳамият касб этади. Ахлоқий ҳикоялар, адабий шеърлар ила зийнатланган мазкур тўпламда Абдулла Авлонийнинг таржимонлик иқтидори ва маҳоратига далолат бўлувчи намуналар учрайди.

Умуман, Абдулла Авлонийни таржимон сифатида ўрганар эканмиз, мавзуни тизимли тартибда ифода этиш учун уни икки йўналишда маҳражлантирмоқ мақсадга мувофиқ бўлади:

  1. Мактаб ўқув дарсликларидаги аксар ижодий жиҳатдан қайта ишланиб амалга оширилган таржималар;
  2. Театр саҳналарида намойиш этиш учун қардош озабайжон, татар ва усмонли турк тилларидан ўзбекчага ўгирилган пьесалар.

Айрим таржима асарлари ҳақида кенгроқ фикр юритишдан аввал бир фактни қайт этмоқ керак, Абдулла Авлоний таржимонлик фаолиятининг салмоқли қисмини ташкил этадиган драматургия таржималари билан боғлиқ йўналиш жиддий тадқиқотчиларини талаб қилиб турибди. Сабаби бу йўналишда А.Авлоний озар татар, турк драматургиясидан “Қотили Карима”, “Уй тарбиясининг бир шакли”, “Хиёнаткор оиласи”, “Бадбахт келин”, “Хўр-хўр”, “Жаҳолат”, “Ўликлар” каби ўнга яқин асарларни таржима қилиб, уларнинг саҳналаштирилишида бош-қош бўлган. Ўзи асосчиларида ҳисобланган бўлган “Турон” театр труппасининг репертуаридан жой олган мазкур асарлар афсуски нашр этилмаган ва табиийки, бизнинг давримизгача етиб келмаган ёки ҳозирча топилган эмас. Фақат қўшимча равишда шундай фактни келтириш мумкин: 1916 йили Тошкентда бўлган рус шарқшуноси А. Самойлович “Колизей” театрида озарбойжон драматурги Жалил Маматқулизоданинг Абдулла Авлоний таржимасидаги “Ўликлар” спектаклини томоша қилиб, ўз таассуротларини қуйидагича ёзиб қолдиради: “Тошкентнинг улкан Колизей театрида озарбойжончадан сарт тилига таржима қилинган “Ўликлар” пьесаси қўйилди. Ижро жуда яхши эди…”

Мана шу фактларнинг ўзи Авлоний таржимачилигининг театр йўналишидаги изланишлари нақадар баракали ва муваффақиятли бўлганлигини англатиб турибди.

Буюк маърифатпарварнинг таржимонлик маҳорати борасида ҳозирча асосан, унинг дарслик ва бошқа ўқув адабиётларидаги таржималарига суяниб, муайян фикрлар айтиш мумкин.

Маълумки, Абдулла Авлонийнинг ўз таржимаи ҳолида ёзишича, 1904 йилдан мустақил равишда Мирободдаги ҳовлисида мактабдорлик билан шуғулланиб келган. Бу ва бошқа усули савтия мактаблари учун 1909-17 йиллар давомида 10 дан ортиқ дарслик-қўлланмалар яратган. Булар юқорида қайд этилган “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”дан ташқари “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, “Мактаб гулистони ” каби дарсликлар ҳамда “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” номли бир неча жуз шеърий тўпламлардир. Улардан ташқари Авлонийнинг нашр этилмаган “Учинчи муаллим”, “Мактаб жўғрофияси”, “Ҳисоб масалалари” каби дарслик китоблари ҳам бўлганлиги маълум. Мазкур китобларнинг деярли барчасида Авлонийнинг оригинал ижоди билан бирга таржимонлигидан ҳам далолат берувчи намуналар учрайди. Масалан, Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарларига тақлидан яратилган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида муаллиф Саъдийнинг асаридаги кўпгина ҳикоятларни ўз замонасига мослаштирган ҳолда таржима қилганлиги ёки Алишер Навоийнинг “Ҳайратул аброр”, Пошшохўжанинг “Мифтоҳул адл” (“Адолат калити”), “Гулзор тўпламларидан” машҳур ҳикояларни олиб қайта ишлаганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Булардан ташқари Авлоний Лев Толстой ва Крилов асарларидан ўқувчиларни баҳраманд этишнинг ўзига хос усулларини ҳам жорий этганки, булар барчаси “Авлоний – таржимон” мавзуси доирасида атрофлича тадқиқ этилиши мумкин.

Бевосита қуйида келтирилаётган Крилов масалларидан қилинган таржималар Авлонийнинг “Мактаб гулистони” деб номланган бешинчи жуз шеърлар тўпламидан олинган бўлиб, уларда таржимоннинг шунчаки бадиий завқ олиш маъносида таржимага ёндошмаганлиги, балки, миллий таълим-тарбия нуқтаи назаридан иш тутганлиги яққол сезилади. Масалан, Криловнинг “Лебед, Шука и Рак”, “Лиса и Козёл”, “Мартишка и очки”, “Прохожие и Собаки” каби машҳур масаллари таржима қилиб берилар экан, Авлонийнинг ўз таъбири билан айтганда “уларни энг осон усул ила”, “очуқ тил ва осон таркиб ила” тақдим этиш нияти йўлидаги ҳаракат эканлигини тушунасиз. Хусусан, Криловнинг “Лебед, Шука и Рак” масалини Абдулла Авлоний “Ғайрижинс иттифоқ” номи билан тўпламга киритган. Эътиборли жиҳати шундаки, таржимон оригиналдаги Лебед яъни Оққушни Ўрдак деб, Ракни Қисқичбақа деб эмас, Тошбақа дея ижодий ўзгартириб тақдим этади. Бизнингча, бунинг сабаби шундаки, ўзбек болалари денгиз ҳудудларида яшамагани учун қисқичбақа ва оққушнинг қандай жонзот эканлигини билмасликлари мумкин эди. Тошбақа ва ўрдак каби ҳайвонлар эса бизнинг жуғрофий ҳудудларда каттаю кичик барчага маълум. Авлоний “осон усул ила” деганда худди шуни назарда тутиб, рус муаллифи асарларини ўзбек болаларига мўлжаллаб тўлиқ қайта ишлайди. Асарга маълум мақсад юзасидан ижодий эркин мурожаат қилганлиги учун унинг номини мувофиқ равишда ўзгартиради. Яъни бир тур бўлмаган ёки бир мақсад йўлида бир томонга бир хил ҳаракат қилмаган кишиларнинг интилишлари зойе, иттифоқсизлик ҳеч қачон ниятни юзага чиқишига йўл қўймайди, деган ибратли фикр илгари сурилади. Таржимоннинг Крилов асарларига ижодий ёндошгани яна ҳар бир масалнинг оригиналидан бир неча сатр ортиқроқ эканлиги ва бу сатрларда Авлоний масала моҳиятини болаларга батафсил тушунтиришга уринганида кўринади. Ундан ташқари ҳар бир масалнинг сўнгида таржима бўлишига қарамай таржимон Ҳижрон дея ўз тахаллусини қўллашида ижодийлик яна ҳам яққол билиниб туради. Таржималарда Авлонийнинг ижодий ёндошуви “Улай”, “Булай”, “Вермаюр”, “Дўз” каби татар, озар, турк тилларидаги сўз оборотларига мурожаат қилишлари ҳам яна бир бора ижодий ёндошуви самараларидир. Айни чоғда бу каби ижодий ёдошувлар Авлонийнинг таржима қилинаётган асар руҳига теран кириб бориши ва ибратли ғояни ёш ўқувчиларга ҳам тўла сингдиришга интилганини намоён этади. Авлонийнинг мумтоз форс шоири Ҳофиздан қилинган таржималарида ҳам шундай ижодийлик ва руҳиятни тўлақонли ҳис қилиш ва беришга интилиш фазилати аён кўриниб туради.

Хулоса шулки, Абдулла Авлоний XX аср тонгида янги давр адабий-педагогик таржима санъатининг ўзига хос усул ва йўлларини амалда намойиш этиб, соҳанинг тамал тошини қўйган янги давр таржимачилигимизнинг кашшофларидан дейишга ҳақли бир сиймо бўлиб қолди.

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон