Шодмон Отабек. Ибратга йўғрилган хотиралар

Тоҳир Маликнинг “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” дея шоирона номланган китобида асосан, икки йўналиш, икки мавзу устувор. Биринчиси – муаллифнинг таржимаи ҳоли, кўрган-кечирганлари, замондошлари ҳақидаги хотиралари, иккин­чи­си – ёзувчининг сўнгги йиллардаги кўпгина асарларида кўп ва хўп қаламга олинаётган мавзу – ахлоқий қадриятлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари.

Маълумки, дидактика Шарқ менталитети, фалсафаси ва адабиётининг муҳим таркибий қисмидир. Бу мавзуда ўлмас асарлар битилган. Асрлар синовидан ўтиб, ҳали-ҳамон таълим-тарбия борасида муҳим қўлланма бўлиб келаётган машҳур “Қобуснома” ҳам дидактик асардир.

Мавриди келганда яна бир мулоҳаза. Назаримда, сермаҳсул, мухлислари беҳисоб адиб Тоҳир Малик ижоди негадир танқидчи ва адабиётшунос олимларнинг эътиборидан четда.

Адабиётнинг ўзгармас қонуни – гап нима ҳақида ёзишда эмас, гап қандай ёзишда! Жаҳон адабиётининг жуда кўп дурдона асарлари ўша детектив-саргузашт жанрида ёзилгани аён бўлади. Достоевскийнинг машҳур “Жиноят ва жазо” романи ҳам соф детектив асар. “Ўткан кунлар”да ҳам детектив лавҳалар бор.

Тоҳир Малик ахлоқий қадриятлар ҳақида ёзганда, шунчаки умумий мулоҳазалар билан чекланмайди. Ҳамиша қамровни кенгроқ олади. Мавзуни атрофлича теран ёритишга интилади ва аксар ҳолатларда мақсадга эришади. Қаламга олинган мавзулар ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайдиган, ҳар бир мўмин-мусулмон билиши лозим бўлган масалалардир. Адиб ўз фикр-мулоҳазаларини асослаш, қувватлантириш, таъсирчанлигини ошириш мақсадида муқаддас “Қуръон” оятларига, маданий меросга, турли ривоятлар, ҳикматларга, мумтоз ва замонавий адабиёт намуналарига мурожаат этади. Айниқса, муқаддас ислом динимизнинг моҳияти, асосий қадриятларини содда, равон ва изчил баён этишга алоҳида аҳамият беради. Демак, ушбу китобни маълум маънода диний, маънавий ва маданий қадриятларимизнинг ўзига хос қомуси дейиш мумкин. Шу аснода адибнинг ўзига хос услуби, бетакрор истеъдоди, қалби, дунёқараши, билим доираси, салоҳияти, донишмандлиги ҳам намоён бўлади. Дарвоқе, донишмандлар фақат ўтмишда ўтмаган. Бу сўзни иккиланмай Тоҳир Маликка нисбатан ҳам бемалол қўллаш мумкин. Академик Азиз Қаюмов ўзаро бир суҳбатимизда “Тоҳир Малик бизнинг Толстойимиз” дея адиб ижодига юксак баҳо берганки, самимий бу эътирофда жон бор, албатта…

Юқорида эслатилган китобда тилга олинган масалаларга адиб куйиб-ёниб, астойдил муносабат билдиради, шу боис “дарди”ни китобхонга ҳам “юқтира” олади.

Кундалик ҳаётимизда “ҳалол”, “ҳаром” деган сўзларни кўп эшитамиз. Ўзбек курашининг довруғи туфайли бу сўзлар халқаро миқёсда ҳам қўлланадиган бўлди.

“Ҳалолга ҳаром аралашаверса, бировнинг ҳақидан қўрқув ҳисси танамизни бир марта ҳам жимирлатиб қўймаса, энг ёмони – бу тирикчилик воситасига айланиб улгурган бўлса, биз қандай одам бўлдик?” дея огоҳлантиради адиб.

Ёзувчининг тўғрилик, ростлик ҳақидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор.

“Инсондаги ажойиб хулқлардан бири ростлик – тўғриликдир. Тўғрилик одамдаги барча ишларнинг тартиб ва маромда кетишини таъминлайди. Тўғрилик издан чиқдими, демак, ҳамма ишларнинг тартиби бузилади. Хоҳ катта ва улуғ ишлар бўлсин, хоҳ кичкина ва арзимас амаллар бўлсин, агар диққат кўзи билан қаралса, уларда тўғрилик йўқ экан, ҳаммаси хароб бўлади. Барча турдаги ишларнинг бари тўғрилик билан барқарор, шу ишларни амалга оширувчилар эса тўғрилик билан бардам ва устувордирлар. Ҳаётда одамнинг узоқ яшаши эмас, тўғри яшамоғи муҳимроқ”.

Мундоқ қараганда жуда оддий, аммо худди ҳикматдай жаранглайдиган бу доно сўзларнинг маъноси нақадар ҳаққоний ва нақадар ҳаётий! Дарвоқе, адиб илмига ўзи амал қилгани учун ҳам ҳаётда, адабиётда ўз ўрнини топиб, муваффақиятга эришди.

Сир эмас, ҳаётдаги жуда кўп муаммолар тарбиядаги ноқисликлар туфайли юз беради. Китобда ушбу муҳим мавзу юзасидан ҳам атрофлича, асосли мулоҳазалар билдирилганки, уларни бефарқ ўқиш мумкин эмас. Адиб гўё китобхонга кўзгу тутади, мавриди келганда аччиқ ҳақиқатларни эсга солади.

“Илмга интилган киши энг яхши инсондир. ИЛМДАН ЮЗ ЎГИРИШ – ИНСОНИЙЛИКДАН ЮЗ ЎГИРИШ демак. Чунки ИЛМ – ИНСОНИЙЛИК ТОЖИ ҳисобланади.

…МАЪРИФАТ – ДУНЁНИНГ ЎЗИДА ЖАННАТГА ЭРИШИШ демакдир” (Таъкидлар муаллифники).

Бу ҳикматмонанд сўзларни ҳар бир ўқув даргоҳи пештоқига, ҳар бир хонадонга шиор янглиғ ёзиб қўйса бўлади, деб ўйлаймиз.

Илму маърифат борасидаги мулоҳазаларида ёзувчи ноилож чиқарган ушбу ҳукм-хулосага, афсуски, қўшилмай илож йўқ.

“…мен ўзим учун ҳақиқат бўлиб туюлаётган гапни айтишга мажбурман: болаларимизга бўлган муносабатимиз яхши эмас. Биз бу муносабатни тубдан ўзгартирмас эканмиз, келажакда буюк давлат мартабасига етишимиз чўзилиб кетади”.

Дўппини мундоқ олиб қўйиб фикрласак, ёзувчининг гапларида жон бор деймиз. Мен ҳаётда болаларининг таълим-тарбияси билан мутлақо шуғулланмаслиги, бу ишни хотинига юклаб қўйганини айтиб, мақтанадиган кимсаларни биламан. Гумроҳлик шу даражада!.. Беихтиёр Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ҳаёт-мамот масаласидир” деб айтган пурҳикмат сўзлари эсга тушади.

Маърифатли китобхон, таълим-тарбияга дахлдор ҳар бир одам ёзувчи куюнчак­лик билан айтган сўзларнинг мағзини чақади ва тегишли хулоса чиқаради.

Тарбиячилар, муаллимлар ёшларга Ватан ҳақида гапирганларида кўпинча умумий, китобий гапларни айтадилар, шу боис сўзларининг таъсири, салмоғи бўлмайди. Ёзувчи бу борада ҳам ибратли мулоҳазалар билдирган.

“Биз Ватанни тинмай мадҳ этишни ватанпарварлик деб ўйлаймиз. Тўғри, мадҳ этмоқ ҳам лозим, аммо бу бир заррадир, холос… Донолар айтадиларки: “Ватанпарварлик – номусли ва назокатли туйғудир. Муқаддас сўзларни эҳтиёт қил, ­шамолга совурма. Ватанга муҳаббат хусусида дуч келган ерда оғиз кўпиртирма, яхшиси унинг фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қил”.

Муаллиф асарида фақат фазилатлар хусусида эмас, хиёнат, лафзсизлик, ялқовлик, ёлғончилик каби қусурлар борасида ҳам батафсил сўз юритади.

Китобда диққатни жалб қиладиган яна бир фазилат кўзга яққол ташланиб туради. Ҳар куни, ҳамма ерда эшитиб юрганимиз мақол, ҳикматлар замиридаги теран маъноларни адиб китобхонга содда тилда, мағзини чақиб, қайтадан “таржима” қилиб бераётгандек туюлади. Асарни варақлашда давом этамиз:

“Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат”, деган мақол оддий гапга ўхшайди, бироқ шу ҳикматнинг замирида улуғ бир ҳақиқат мавжуд: халқнинг фасодга берилиши буюкларга ҳурмат, кичикларга муҳаббат кўрсатмасликдан бошланади”.

Тоҳир Малик китобида тилга олинган масалаларни бевосита ҳаёт йўлида кузатган ёки ўз бошидан кечирган воқеалар мисолида жонли, қизиқарли тарзда баён этгани асарнинг муҳим фазилатларидан биридир

Энди, китобдаги иккинчи йўналиш хусусида кенгроқ тўхталиш жоиз. Асардаги дидактик йўналишни мутлақо камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, муаллифнинг бевосита таржимаи ҳоли билан боғлиқ бўлган иккинчи йўналиш китобхонни янада кўпроқ қизиқтириши табиийдир.

Машҳур кишилар ҳаёти, туриш-турмуши ҳамиша кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган.

Мемуар адабиётга қизиқиш ҳамиша кучли бўлган. Бизда бу жанрда сўнгги йил­ларда бирмунча жонланиш кузатилмоқда. Тўғри, медалнинг икки томони бўлга­нидек, елиб-югуриб, ўзи ҳақида китоб ёзишни, аниқроғи, ёздиришни уддалаётган олғирлар ҳам йўқ эмас.

Тоҳир Маликнинг китоби аввало самимийлиги, воқеа-ҳодисаларга холис ёндашгани ва улардан ибратли маъно чиқара билгани билан эътиборга моликдир.

Адибнинг севикли устози, раҳматли Асқад Мухторнинг “Ёзувчининг таржимаи ҳоли қанчалик бой бўлса, шунчалик яхши” деган ибратли бир ўгити бор. Сир эмас, ёзувчи асосан ўзини, кўрган-кечирганларини ёзади.

Тоҳир Маликнинг отаси Абдумалик ака ва онаси Санобар аялар (Оллоҳ уларни ўз раҳматига олган бўлсин) ҳалол, имон-эътиқоди бутун инсонлар эди. Улар оиланинг кенжаси Тоҳирни ҳам ўзларидай ҳалол инсон қилиб тарбиялайдилар. Бўлажак адиб кичиклигидан меҳнатдан бўйин товламай, астойдил ҳунар ўрганади, оиласига баҳоли қудрат ёрдам беришга тиришади, китобга, бадиий ижодга меҳр қўяди. Ёзувчи китобда ўз оиласи, ота-онаси, катта бобоси Исмоилхўжа шажараси ҳақида юксак ҳурмат-эҳтиром билан ёзади.

Эллигинчи йилларда мактаб ўқувчиси бўлган ёш Тоҳирнинг “Гулхан” журналида кичик бир ҳикояси чиқади. Ҳар бир қаламкаш учун биринчи асарнинг қувончи, завқи, нашъу намоси беқиёсдир.

“Ҳикоянинг чиқиши мен учун улуғ шодлик эди, ҳозир катта-катта китобларим чиқса ҳам ўшандай қувонмайман” дея эслайди адиб.

Мактабни битирган ёш Тоҳир университетнинг журналистика факультети, кечки бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда ишлайди. Дурадгорлик ва қурувчилик касбининг сир-асрорларини янада пухтароқ эгаллайди. Кейинчалик, ёзувчи сифатида танилиб, турли таҳририятларда ишлаб юрганида ҳам мабодо ишдан кетсам, тирикчилигим нима бўлади, дея ортиқча ташвишланмаган. Индамай, ранда, тешасини олиб, ҳунари орқасидан рўзғорини тебрата олиш имконияти борлигидан хотиржам эди.

Журналистика факультетининг кечки бўлимида адабий учрашувлар деярли ўтказилмасди. Ёш қаламкаш эълонлар тахтасини кузатиб, кундузги бўлимда уюштириладиган тадбирларга борган, таниқли, номдор адибларни кўрган, суҳбатларидан баҳраманд бўлган.

Ёзувчи ҳарбий хизматда юрганида Тошкентнинг Навоий кўчасидаги таниш иморат сурати қўлига тушиб қолади. Шунда у суратнинг тагига “Навоий кўчаси – 30-уй” – мен туғилган уй” деб ёзиб қўяди. Дарҳақиқат, кўпчилик ижодкорлар учун таниш ва қадрдон бўлган бу қутлуғ масканда Тоҳир Малик ёзувчи сифатида туғилган, у кўп йиллар хизмат қилган “Ленин учқуни” газетаси (ҳозирги “Тонг юлдузи”), Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, “Чўлпон” нашриёти, Маданият вазирлиги шу бинода жойлашган эди. Бу табаррук даргоҳ ҳар бир ижодкор ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи адабий муҳитнинг қайноқ ўчоғи эди.

Тоҳир Малик таржимаи ҳолида кўзга яққол ташланадиган яна бир ҳолатга алоҳида тўхталиш жоиз. Маълумки, мустақилликдан илгари газета, журналлар саноқли бўлгани боис таҳририятларга ишга кириш осон бўлмаган. Айниқса, шоирларни ишга масъулиятсиз бўлишади дея ишга олишмасди. Тоҳир Малик эса ёзувчи сифатида анча-мунча танилгани ва ишга масъулият билан ёндашгани учун харидорлари кўп бўлган. Аммо бир жойда узоқ ишламаган. Радионинг ўзига уч марта, “Шарқ юлдузи” журналига ҳам уч марта қайта-қайта ишга борган. Шундай маҳалда мен уни учратиб қолсам, (биз у билан тенгдошмиз) “Мавлоно, меҳнат дафтарчангиз неча том бўлди ўзи?” дея ҳазиллашиб қўярдим.

Ёзувчининг тез-тез ишини ўзгартириши – ишни эплолмаслиги ёки одамлар билан чиқишмаслиги туфайли эмас эди. Хотиралар китобида тўғрисўз адиб ўзининг айрим камчиликларини ҳам очиқ ёзади. Унинг кўнгли нозик эди, биронтаси бир оғиз ножўя гапирса ёки ноҳақ хафа қилса, ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлиб, ол ишингни дея кетворарди. Адолатни тиклаш учун курашмасди, иродасизлик қиларди. Бу иши яхши эмаслигини китобда ўзи ҳам эътироф этади. Умуман, ёзувчи китобида айрим хотираларда бўлганидек, ўзини идеаллаштирмайди, фаришта қилиб кўрсатмайди.

Ўсмирлик чоғим фаришта эмас эдим, то шу ёшга етгунимга қадар ҳам бу мартабага даъво қилмаганман. Бошқаларда бор камчилик каминада ҳам озми-кўпми бўлган, ҳозир ҳам мавжуд” дея эътироф этган муаллиф ўз камчиликларига танқидий назар билан қарай олган ва улардан қутулишга ҳаракат қилган.

Китобда диққатга сазовор яна бир муҳим ҳолат ҳақида тўхталмоқчиман. Тоҳир Малик “Ёшларимиз тарихни яхши билмасалар керак” дея яқин ва узоқ ўтмишдаги айрим воқеаларга ўз муносабатини билдириб ўтадики, бу ҳам жуда муҳимдир. Собиқ шўро давридаги адолатсизликлар, қусурлар ҳақида ёзаркан, ўз даврида кўп тилга олинган “қайта қуриш” сиёсатини истеҳзо билан “қайта бузиш” деб атайди. 1966 йили бўлган Тошкент зилзиласи муносабати билан юзага чиққан ўзгаришлар, қизил империянинг айрим найранглари ҳақидаги асосли мулоҳазалар ҳам китобхоннинг яқин ўтмиш ҳақидаги тасаввур, тушунчасини бойитади.

Китобда муҳим тарихий воқеалар, буюк сиймолар ҳақида мухтасар маълумотлар берилган. Сталиннинг қатағон сиёсати қурбони бўлган жадидлар – Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Усмон Носирларнинг аянчли ҳаёт йўли, тортган азоб-уқубатлари ҳақида қон ютиб ёзилган битикларни ўқиган китобхон қалби ларзага келади. Адиб жадидлар фаолиятига алоҳида ихлос билан қарайди, улар ҳақида каттароқ асар ёзишни режалаштирганини баён қилади.

Тоҳир Малик ибратли ҳаёт йўлида яхшига ҳам, ёмонга ҳам кўп йўлиқади. Меҳрибон устозлари – Мирзакалон Исмоилий (адибнинг туғишган тоғаси), Қуддус Муҳаммадий, Асқад Мухтор, Носир Фозилов, замондош ижодкорлар – Омон Мухтор, Шукур Холмирзаев, Машраб Бобоев, Рауф Парфилар ҳақида, уларнинг бетакрор ижоди, инсоний фазилатлари ҳақида самимият ва холислик билан ҳикоя қилади, “Ижод оламида топган акаларим ҳақидаги хотираларни мен “У тирик!” деган ишонч билан ёзаман” дейди адиб. Балки ана ўша ишонч меҳр, соғинч туйғуси билан омухта бўлгани боис муаллиф ҳамнафас бўлиб яшаган замондошларининг сиймосини уста мусаввир янглиғ бир-икки чизги билан ёрқин гавдалантира олган.

Асқад ака (Асқад Мухтор Ш. О.) ярим асрдан ортиқроқ умрларини адабиётга бердилар. Асқад ака ва у кишининг тенгдошлари ижоди ҳақида гапирилганда муҳим бир ҳақиқатни четлаб ўтмаслик керак. Улар адабиётга ҳавас қўйиб, ижод сирларини ўрганаман деб аҳд қилишганда бу олам чаман эмас эди, бўстон эмас эди. Бўстонга аямажуз оралаб, чаманларнинг жонига қасд қилган даврлар эди”.

“Ёзувчилар орасида Шукур акадай (Ш. Холмирзаев Ш.О) инжиқ одам йўқ. Муҳаррир сифатида бошқаларнинг асарларига қандай инжиқлик билан талаб қўйсалар, ўзларининг романларига қўядиган талаблари янада кўпроқ эди”.

“Қисман тўғри гапириш ҳақиқат эмас… Не бахтки, Рауф Парфи қисман тўғри гапирадиганлардан эмас”.

“Машраб Бобоевга унвоннинг энг зўри берилган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган яхши одам” деган унвон сизни қониқтирадими?”

“Ўлмас ака (Ў. Умарбеков Ш. О.) ҳаётда самимий бўлганлар, атрофдагиларга ишонганлар, одамларни тоифаларга, навларга ажратмаганлар. У кишининг энг севган сўзлари “АЗИЗИМ” эди”.

“Гулистон”да (“Гулистон” журналида Ш. О.) Анвар Эшонов билан ишладим. Анвар ака назмда эмас, публицистикада ҳам маҳоратли эдилар. Агар ялқовликларини енга олганларида адабиётимизнинг сардорларидан бири бўлишлари аниқ эди”.

“Тоғай Мурод бир неча йил илгари эълон қилган дастлабки қиссасида ҳам, ҳикояларида ҳам оддий халқ ҳаётини яхши билишини, урф-одатлар билимдони эканини намойиш қилган эди… У ҳеч қайси тенгдошига хос бўлмаган бир услубда ёзади”.

“Мен шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эгаллаган илм даражаси не қадар улуғ экани хусусида сўз айта олмайман… Устоз Алоуддин Мансур суҳбатларимиздан бирида: “Агар бугунги Ислом оламида ўнта улуғ олим бўлса, биттаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, бешта бўлса, шуларнинг пешқадамларидан, иккита бўлса, биридир”, дегандилар.

Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган “Гулистон” журнали таҳририятида бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар меҳнат қилгани, уларнинг иш услуби, бу даргоҳда шаклланган ажойиб таҳрир мактаби, журналнинг республика маънавий ҳаётида нуфузли аҳамият касб этгани соғинч ва эҳтирос билан ҳикоя қилинади.

“Гулистон” мен учун унутилмас, қиёслаб бўлмас бир мактаб бўлди. Ҳатто кўнгилни хира қилувчи воқеалар, гаплар ҳам ибрат мактаби эди” деб ёзади адиб. Айни чоғда ушбу хотираларда нима учун эндиликда моҳир, зукко муҳаррирлар, ноширлар кам, нега айрим нашрларда хатоликлар кўп, таҳрир маданияти заиф деган долзарб, муҳим муаммоларга ҳам жавоб айтилгандай…

Олтмишинчи йилларда ҳукуматнинг ёзувчиларга қандай муносабатда бўлгани, театр санъатидаги муҳим воқеалар (адиб ўша кезлар Маданият вазирлигида Бош муҳаррир вазифасида хизмат қилган – Ш. О.) ҳақида маълумот беради. Шу асно ўша даврдаги адабий муҳити борасида китобхон тасаввурини бойитади. Адабиёт илмида аллақачон ўз баҳосини олган айрим сиймолар ҳақида танқидий мулоҳазалар билдиришга журъат этади. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг юксак санъатини тан олган ҳолда, ижодининг айрим қирраларини танқид қилади. Тўғри, бундай “шартакилик” айрим қаҳҳоршуносларга ёқмаслиги мумкин. Аммо адолат юзасидан айтганда, адабий қарашлар догма эмас, ҳар ким ўз фикрини айтишга ҳақли.

Эндиликда яқин ўтмишдаги, аниқроғи, ХХ асрдаги адабий меросга муносабат жиддий муаммо бўлиб турибди. Энг яхши, холис ҳакам – давр синови. Бу имтиҳондан ўтолмаган асарлар унутилмоқда. Бундай асарлар ўз даврида ҳам жиддий танқидларга учраган эди. Хўш, ундай бўлса, нега улар чоп этилган? Бундай оғриқли саволларга жавоб бераркан, муаллиф танқид маданиятини, назокатни унутмайди.

Ёзувчининг номини янада машҳур қилган, қисқа бир вақтда қайта-қайта босилган асар – “Шайтанат”нинг ёзилиш тарихи китобхонларни қизиқтириши табиий эди. Адиб хотиралар китобида бу истакларни ҳисобга олиш баробарида, “Ҳикмат афандининг ўлими”, “Фалак”, “Бир кеча, бир кўча”, “Чорраҳа”, “Иблис девори”, “Одам ови”, “Мурдалар гапирмайдилар”, “Самум”, “Алвидо, болалик…” каби асарларининг яратилиш тарихи ҳақида қизиқарли маълумотларни баён қилади. Бу самимий ҳикоялар адибнинг адабиётдан ўз ўрнини топиш учун астойдил интилгани, истеъдод интизомли меҳнат билан уйғунлашса саъй-ҳаракатлар яхши самара беришини кўрсатади.

Хотираларда китобхонни андак ажаблантириши, ҳайратга солиши мумкин бўлган айрим тафсилотлар ҳам йўқ эмас. Сир эмас, содда китобхон ёзувчи халқини салкам фаришта ҳисоблайди, шундай ҳисоблашга ҳақли ҳам. Аммо ҳаёт жуда мураккаб, ёзувчи халқи ҳам хом сут эмган оддий банда.

Тоҳир Малик турли таҳририятларда нуфузли вазифаларда хизмат қилганида ҳар хил тоифадаги одамлар билан ишлашига тўғри келган. Бу ҳақда шундай ёзади:

“Мақтанишга йўйманг-у, камина қаерда ишламасин, ходимларга меҳр билан муомалада бўлардим, фақат яхшилик қилишни ўйлардим. Лекин хизмат вазифасини бажариш бобида қаттиққўл эдим”.

Тоҳир Малик Ёзувчилар уюшмасида ва “Ёшлик” журналида ишлаган кезлар ушбу қутлуғ даргоҳларга тасодифан келиб қолган, ҳақиқий адабиётдан йироқ бўлган айрим кишиларнинг тазйиқи – ҳужумига дуч келган. Уларнинг турли ноқонуний ишларига, ўғирликларига изн бермаган. Натижада ғаламислар турли йўллар билан адибни ишдан кеткизмоқчи бўлишади. Бу ҳақда афсус ва изтироб билан ёзишга мажбур бўлган адиб гап эгасини топар дея ғаламисларнинг асл исми шарифини очиқ айтмайди. Тафсилотларни холис, адолат билан баён қилади.

“…ҳаётда нохуш воқеаларга дуч келган ёшларга ибрат бўлармикин, деб бир чимдимгинасини қоғозга туширдим. Агар чегарадан чиққан бўлсам, узримни қабул этинг” дейди. Китоб охирида эса ўзига ёмонлик қилган кимсаларнинг гуноҳидан ўтганини изҳор этадики, бу ҳам бир ибратдир.

Ҳар қандай мемуар асарда муаллиф истайдими, йўқми, ўзининг портретини, характерини ҳам яратади. Китобхонлар шу маҳалгача Тоҳир Маликни баркамол асарлар ёзган машҳур адиб сифатида билишар эди. Мана энди улар адибнинг оиласи, шажараси, шахсияти, феъл-атвори, ижодхонаси, асарларининг яратилиш тарихи, у яшаган даврнинг муҳим хусусиятлари, адабий муҳити, замондошлари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Асарнинг қиммати ҳам шундадир.

Тоҳир Малик асарларини таҳлил қилганда адиб услубининг ўзига хослиги, бетак­рор оҳанги, самимияти, равонлиги, тилининг ширадорлиги, беқиёс юмори ҳақида сўзламаслик мумкин эмас. Айниқса, китобхонга завқ-шавқ берадиган ажойиб ҳазил-мутойибалар (“Дўрмон ҳангомалари”, “Тоҳир Малик бир куни…” китобларимда бундай ҳангомалардан намуналар берилган) асарга алоҳида жозиба бахш этган.

Китобда баҳсли ўринлар ҳам йўқ эмас. Такрорлар учрайди. Иккинчи китобнинг “Сароб” деб номланиши мантиқан тўғри эмасдай… Шунингдек, айрим тафсилотлар ҳаддан зиёд чўзилиб кетган. Адиб буни ўзи ҳам сезган шекилли, аҳён-аҳён китобхонни толиқтириб қўйгани учун узр сўрайди. Бу камчиликлар асарнинг умумий қимматини пасайтиролмайди, албатта.

Оммавий маданият ниқоби остида турли бало-қазолар ҳар томондан хуруж қилиб келаётган бир даврда маънавиятимизнинг янада баркамоллашувига хизмат қиладиган, тарбиявий аҳамияти юксак мақомда бўлган шундай керакли китобнинг ёзилиши айни муддаодир.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 3-сон