Сени излаб ўтаман, бахтим… (Жорж Санд)

Бўлиши мумкин эмас!

Эркак адиб аёл қалбининг нозик кечинмаларини бунчалик ҳис қила олиши, унинг табиатини бу қадар яхши билиши ақлга сиғмайди! XIX аср биринчи ярмида француз китобхонларини бу ҳол қанчалик лол қолдирган бўлса, ХХ аср охирларида биз, Жорж Санднинг “Консуэло” асарини талашиб-тортишиб ўқиган толибалар ҳам улардан кам ҳайратга тушмаганмиз. Аслида, ушбу тахаллус остида ижод қилган адиба ҳар бир қаҳрамонида ўз қисмати, ўз қалбини ифода этган экан. Аммо анча вақтгача бадбахт Консуэло изтироблари таъсиридан чиқолмай юрган, ҳали ўзларини-да аёлликнинг қандай кечмишлари кутаётганидан бехабар биз ғўр қизлар буни билмасдик…

Жаҳон адабиёти тарихида Жорж Санд номи билан танилган Амандина Аврора Люсиль 1804 йил 1 июлда Парижда, келиб чиқиши қироллар авлодига мансуб Морис Дюпен хонадонида таваллуд топади. Оддий парранда сотувчининг қизи, ёш раққоса София-Виктория Делаборд ҳусну малоҳати билан жаноб Дюпенни мафтун этганди. Мориснинг онаси анчагача “зоти паст” келинини тан олишни истамайди, ҳатто оилада қизалоқнинг дунёга келиши ҳам қайнона-келин муносабатларига илиқлик киритолмайди. Адабиёт ва мусиқага салоҳияти борлигига қарамай, Дюпен ҳарбий соҳани танлаб, француз инқилобчилари армияси сафига қўшилади. 1808 йилда ҳарбий юришлардан Ноанга, ота уйига қайтган Морис Дюпен тунги сайр чоғида отдан йиқилиб, ҳаётдан кўз юмади. Машъум воқеадан кейин бувиси Аврорани ўз қарамоғига олишни ихтиёр этади – Дюпен хоним қизалоқ тарбиясини “оми” келинига ишониб топширолмасди, ахир! Авроранинг улкан меросдан маҳрум бўлишидан чўчиган она узоқ иккиланишлардан сўнг уни Ноанда қолдириб, ўзи Парижга кетади. “Онам билан бувим мени талашганларида бағрим тилка-пора бўларди”, – ёзганди кейинчалик адиба ўз хотираларида. Қаттиққўл, бироқ маърифатпарвар Дюпен хоним набираси кўнглида адабиётга меҳр уйғотади, айниқса, ўзининг севимли ёзувчиси Жан-Жак Руссо ғояларини Аврорага ҳам сингдиришга интилади. Хат-саводини чиқариш баробарида қизга пианино чалиш ва қўшиқ ижрочилиги маҳоратидан сабоқ беради.

Улғайиб қолган қиз қайнона-келинни яраштиришга кўп бора уринади, онасига талпинади, у билан яшаш истагини билдиради. Афсуски, бу вақтда яна турмуш қурган, бошқа фарзандларининг тарбияси билан овора бўлиб қолган София-Виктория қизи билан мулоқотга рағбат кўрсатмайди, ўзини ундан тортади. Набирасининг “нонкўрлиги”дан ранжиган Дюпен хоним эса Аврорани аёллар монастирига жўнатишга қарор қилади.

Ўлими олдидан буви набирасини уйига қайтариб, оилавий мол-мулкни, йиққан-терганининг барчасини унга васият қилади, хусусий ер бошқарувини ҳам 17 яшар қизга қўшқўллаб топширади. Шундай қилиб, каттагина меросу хонадон ташвишлари ёшига нисбатан анча ақлли Авроранинг зиммасига тушади.

Қиз фалсафий адабиётларга жуда қизиқар, Шатобриан, Боссюэ, Монтескьё, Арасту, Паскаль асарларини қўлдан қўймай ўқирди. Қадрдон бўлиб қолган Руссо асарлари таъсирида унинг нафақат адабий, балки ҳаётий қарашлари ҳам шаклланади. 1822 йили Аврора ўзига ўхшаш зодагон оиланинг ягона меросхўри бўлган Казимир Дюдеван билан танишади. Йигит унинг бойлигига учмаётганига ишонч ҳосил қилгач, унга турмушга чиқишга рози бўлади. Ёш оила Ноанда зодагонларга хос ҳаёт кечира бошлайди. 1823 йилда уларнинг тўнғич фарзанди Морис, 1828 йили қизалоқлари Соланж дунёга келади.

Эр, болалар, рўзғор – анъанавий турмуш, одатий ҳаёт… Дюдеван на китоб, на мусиқага қизиқар, вақтини ўзига ўхшаган бекорчи бойваччалар даврасида, “маҳаллий миқёсдаги сиёсий жараёнлар” ҳақидаги сафсаталар билан ўтказарди. Жуфти ҳалолидан китоблардагидек, муҳаббатга лиммо-лим муносабатни кутган жувон бундай турмушдан қаттиқ азият чекади. Рисоладагидек оила бошлиғи, намунали ота ҳисобланмиш жаноб Дюдеван эса рафиқаси нимадан норозилигини сира тушунмайди, ижодга мойил, бироз хаёлчан аёлининг ички оламини идрок этолмайди.

“Вақти келиб, инсон севгига, бор вужудни қамраб олувчи муҳаббатга эҳтиёж сезади. Бутун олам ёлғиз севгилисида жам бўлишини истаб қолади. Ўзини фақат ва фақат ёрига бағишлаш иштиёқи уни чулғаб олади. Аммо сен буларнинг ҳеч бирини ҳис қилолмадинг. Туйғуларимнинг, муҳаббат ҳақида билганларимнинг кераги йўқ эди сенга…”

1830 йили Аврора эрини ташлаб, Парижга кўчиб кетади. У ерда ўзи истагандек ҳаёт кечира бошлайди, айни вақтда ижод уммонига шўнғийди. Илк машқларидан бири – “Эме” романини мутахассислар ҳукмига ҳавола этади. Улар муаллифни ушбу “хомгина” асарни чоп эттириш фикридан қайтаришади, аммо умидли қаламкаш матбуот нашрларининг назарига тушади.

Аврора чинакам ижодини таж­рибали ёзувчи Жюль Сандо билан ҳамкорликда бошлайди. Жюля Санд тахаллуси остида нашр этилган “Комиссионер” (1830) ва, айниқса, ундан кейинги ҳамкорлик маҳсули бўлган “Роз ва Бланш” (ёхуд “Актриса ва роҳиба”) романлари катта шуҳрат қозонади. Мазкур романга адиба монастирда ўтган кунлари, онасидан эшитган хотираларни асос қилиб олган эди. Китоб қўлма-қўл бўлиб кетади. Нашриётлардан муаллиф(лар)-га янги асарлар борасида таклифлар туша бошлайди. Авроранинг илҳоми қайнаган бир пайтда, Сандога бу ижодий ҳамкорлик малол келиб қолади, бундан кейинги китобларни ўз номидан чиқаришдан бош тортади. Ноширларнинг эса талаби қатъий: янги асар танилиб улгурган муаллифнинг номидан кетиши шарт; фақат шу йўл билан асарнинг оммалашувини таъминлаш мумкин, деб ҳисобларди улар. Ахийри икки ижодкор муросага келади – унга кўра эндиликда адиба ўз асарларини Жорж Санд тахаллуси остида чоп этадиган бўлади…

Аврора ёшлигидан отда сайр қилишни ёқтирар, овчилик билан шуғулланарди. Бу пайтларда унинг учун энг қулай, энг маъқул кийим йигитлар либоси эди. Тарки одат – амри маҳол. Энг нозиктаъб хонимлар макони – фаранг пойтахтига келиб ҳам унинг диди ўзгармайди. Адиба эгнига эркаклар кийимини илиб, ўзини ҳурмат қилган аёллар қадамини ҳам босмайдиган кўчаларда сайр қилади, турфа одамларни кузатади. Бундай юришларга иштиёқманд қаламкаш учун эркак муаллиф тахаллуси остида ижод қилиш айни муддао эди…

Замондошларининг таърифлашича, Жорж Санд бўйи пастаккина, суяги йўғон, кўзлари киртайган, хуллас, аёллик малоҳатидан йироқ, кўринишидан эркакшода бир жувон бўлган. (Отасидан эрта етим қолгани етмагандек, она меҳридан ҳам мосуво бўлиб вояга етган аёлга бундай айб қўйиш қанчалик тўғрийкин?..) Ташқи кўриниши қандай бўлмасин, Санд аёл қалби торларидан таралувчи ҳар бир нозик оҳангни илғай олган. Илғабгина қолмай, уни китобхонларга етказиб беришнинг ҳам уддасидан чиққан, буни адибанинг ҳар бир асарида кузатиш мумкин. Машҳур романларидан бири “Индиана”да Жорж Санд нафсига тобе, манман эркак билан бир умр покиза севгига муштоқ яшаган аёлнинг кўнгил кечинмалари ўртасидаги зиддиятни қаламга олади. Кейинроқ китобхонлар ҳукмига ҳавола этилган “Лелия” асари ҳам кўплаб мунозараларга сабаб бўлади. Асар бош қаҳрамони (унинг прототипи – муаллифнинг ўзи) бахт излаб, атрофдагиларга меҳр-муҳаббат улашиб юради. Аксарият китобхонлар “суюқ” қаҳрамонининг ишқий саргузаштлари туфайли Сандни эътирозларга кўмиб ташлайдилар. Муаллиф кейинчалик романга ўзгартиришлар киритиб, уни “эпақага келтиришга” мажбур бўлади.

Ўша даврларда кимдир Жорж Санд асарларида аҳлоқсиз ҳаётни тарғиб қилувчи саҳналарнинг кўплигидан шикоят қилса-да, бироқ уларда аёл қалбининг унсиз фарёдини эшитадиганлар ҳам топилади. Жумладан, адабиётшунос Сент-Бёвни шундай мунаққидлар қаторига қўшиш мумкин:

“Эрмакка бирор китоб ўқимоқчи бўлган кенг омма бу асарларни рад этиши тайин. Аммо уларда инсон қалбининг туб-тубида яширинган ва ўта нафис чизгиларда ифодаланган туйғуларни илғай олган зийрак ўқувчи муаллифга юқори баҳо бериши шубҳасиз… Ўттиз ёшни ҳам қораламаган, кўринишидан ҳали гўдак бу адибанинг бунчалик нозик қалб кечинмаларини қачон ўрганиб улгургани, инсон табиатини қандай қилиб шу қадар муфассал таҳлил қила олгани, бошқаларнинг сочини оқартирган бу билимларни нечоғлик маҳорат билан, зўриқмай акс эттира олганидан ҳайратга тушасан киши…”

Адибанинг замондошларидан бири файласуф Пьер Леру жинслар тенглиги ғоясини тарғиб қилиб, аёлларнинг эрки учун курашиб танилади. Ундан, ўзи айтмоқчи, “хотиржамлик, куч, умид ва ишонч” олган Жорж Санд ўн беш йил давомида Леруни қўллаб, имкон қадар таъминлаб ҳам туради. Унинг ғоявий қарашларидан илҳомланиб “Спиридион”, “Лиранинг етти тори” асарларини ёзади. XIX аср ўрталарида дунё юзини кўрган “Орас”, “Консуэло” ва “Графиня Рудольштадт” асарларининг асосий қаҳрамонлари ҳам, табиийки, аёллар эди.

Жорж Санд мамлакатнинг сиёсий жараёнларидан ҳам четда қолмайди, инқилобчи-пролетар шоирлар (Савиньен Лапуэнт, Шарль Маг, Шарль Понси кабилар) ижодини тарғиб қилиш билан шуғулланади. “Дарбадар шогирд”, “Анжиболик тегирмончи” асарларида меҳнаткаш ҳалқ ва бахил аслзодалар ўртасидаги курашни акс эттиради. 1848 йил май ойида авом халқ қўзғолон кўтариб, Миллий кенгаш биносини забт этишга уринади. Француз матбуоти бу ишларда Жорж Санднинг ҳам қўли борлиги ҳақида бонг уради. Ёзувчининг ҳибсга олингани ё энди олиниши ҳақида гап-сўзлар тарқалади.

1851 йилда амалга ошган декабрь қўзғолонидан кейин Жорж Санд шахсан император Луи-Наполеон ҳузурида бўлиб, сиёсий рақибларга нисбатан тазйиққа чек қўйиш тўғрисида баённома тақдим этади. Ҳукумат раҳбарлари билан олиб борилган музокаралар натижасида бир қатор республикачиларга берилган жазони юмшатишга муваффақ бўлинади.

Хуллас, адабиёт оламида ҳам, сиёсий майдонда ҳам Жорж Санднинг мавқеи, обрўйи кўтарила борди. Шахсий ҳаётда эса… Ҳусни ҳавас қилгулик бўлмаса-да, Аврора билан яқиндан танишганлар, айниқса ижод аҳли, унинг бой, гўзал ички оламига, ақл-фаросатига мафтун бўларди. Жамоатчилик орасида эса бот-бот аёлнинг гоҳо бирор ёзувчи, ё ҳайкалтарош, ёки мусаввир, гоҳида мусиқачи билан яқинлиги ҳақида миш-мишлар болалаб турарди. Бироқ, негадир, бу муносабатлар узоққа чўзилмас, адиба ўзи истаган, ўзи кутганчалик улкан, ҳақиқий бахтини ҳеч кимдан тополмасди. Шу ўринда бир истисно тарихи…

Буюк бастакор Фредерик Шопен Жорж Сандни илк маротаба учратганида уни умуман назарига илмайди. Аммо орадан вақт ўтиб, эҳтиросларга чанқоқ, таъсирчан санъаткор табиатан ўзининг акси бўлган вазмин адибага ошиқу беқарор бўлиб қолади. Улар расман бўлмаса-да, бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Ҳар қайсиси ўзича бир олам, бироқ, ниҳоят, икки ёрти бир бутунини топгандек, назм билан наво уйғун келгандек…

Ижод аҳли ўзи инжиқ бўлади, дард келганда эса, инчунун. Оғир хасталикка чалинган Шопенни аёли аввалига меҳр билан парваришлайди, имкон қадар кўнглини кўтаришга уринади. Лекин беморнинг аҳволига қўшилиб, феъли ҳам кун сайин оғирлашиб боради. Охири Жорж Санд бу синовга дош беролмай қолади, бастакорнинг ялиниб-ёлворишларига қарамай, ўн йиллик муносабатларга нуқта қўяди. Гарчи адиба буни очиқ-ойдин тан олмаган бўлса ҳам, Жорж Санд ва Фредерик Шопен муносабатлари унинг “Лукреция Флориани” романида қисман ўз аксини топган. Унда ёрини ўта худбин, ожизу нотавон қилиб тасвирлаган аёл ўзини оқлашга уринади гўё… Қаранг-ки, орадан бир йил ўтар-ўтмас, дард чекинади, бастакор оёққа туриб кетади. Собиқ жуфтлик бир даврада тўқнаш келиб қолади. Меҳр туйғулари яна жунбушга келган Санд муносабатларни тикламоқчи бўлади, бироқ Шопен лом-мим демай, эшикни қарсиллатганча даврани тарк этади…

Жорж Санд умрининг сўнгги йилларини оилавий мулки – Ноанда, кўплаб хайрия ишларини амалга ошириб, маҳаллий аҳоли ҳурматини қозонган ҳолда ва, шак-шубҳасиз, китобхонлар ардоғида ўтказади. Адиба 1876 йил 8 июнда ота уйида ҳаётдан кўз юмади.

Ўттиздан ортиқ роман муаллифи Жорж Санд вафотидан хабар топган Виктор Гюго шундай ёзган эди: “Марҳума билан видолашар эканман, унинг тимсолида боқий ижодкорни олқишлаб қоламан!”

Юлдуз Ҳошимова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон