Адабиётшунослигимиз ўтган давр мобайнида қизғин мунозараларга сабаб бўлган модернизм масаласида якуний хулосаларга келиб улгурмасидан, постмодернизм деб аталмиш янги бир йўналишга тўқнаш келмоқда. Адабиёт илмига доир асарларда бу терминни бот-бот учратишга, соҳа вакиллари томонидан “у постмодернчи”, “бу постмодерн асар-да…” қабилидаги гапларни тез-тез эшитишга кўниккан бўлсак-да, ўзбек адабиётининг бирон намунаси шу нуқтаи назардан жиддий таҳлилга тортилганини, умуман, бу борада муайян тадқиқот олиб борилганининг гувоҳи бўлмадик.
Замонавий ўзбек адабиёти янгича хусусиятлари, ўзига хос тамойиллари билан шакилланиб бораётгани кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда. Хусусан, насрда анъанавий ёҳуд модерн йўналишидаги асарлардан тамомила фарқ қилувчи роман, қисса ва ҳикоялар дунёга келмоқдаки, албатта, булар жаҳонда ҳукум сураётган ижтимоий-маданий ҳаёт, янгича бадиий тафаккур хусусиялари билан узвий боғлиқ.
Ҳамонки шундай экан, адабиётшунослик илми мавжуд ўзгаришларга бугунги кун нигоҳи, янгича метод – таҳлил усуллари асосида ёндашмоғи зарур. Зеро, инсоният тараққиётининг бу босқичи ўзи билан мавҳум, мураккаб ва серқирра манаданиятни олиб келганки, уни ўрганишда хозир дунёни тушунишнинг илғор методларидан саналувчи синергетика, постмодернизм тамойилларидан айро туриб бўлмайди.
Албатта, биз насримиздаги ўзгаришларни тамомила постмодернизм билан боғлашдан йироқмиз. Биз муайян асар таҳлилга тортилганида янгича йўналишнинг ўзига хос тамойиллари назардан қочирилмаслигининг тарафдоримиз, холос. Хусусан, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдошев каби ёзувчилар асарларини адабиётшуносликнинг анъанавий услублари билан тўла қонли баҳолаб бўлмайди. Уларни тушунишда постструктурализм, герменефтик таҳлил усулларидан борган маъқул.
Аммо адабиётшунослигимизнинг хозирги имконияти бу борада кўпроқ чет эл мутаҳассислари тадқиқотларидан фойдаланишга ярамоқда, холос. Бу эса масаланинг иккинчи бир нозик жиҳатини юзага келтиради. Яъни адабиётимиздаги ўзгаришларга Ғарб постмодернизми нуқтаи назаридан ёндашарканмиз, улар ҳақида бирмунча сунъий, айни дамда, нотўғри хулосаларга келишимиз турган гап. Чунки, соғлом фикр юритилса, постмодернизм худди модернизм каби ижобий ҳодиса эмас. Яна шундай фикр юритилса, бу йўналишларнинг муайян таъсирини ҳам инкор этиб бўлмайди. Боиси, Ғарб ва Шарқ кишиси ўртасидаги фарқ катта бўлмасин, жаҳонда ҳукм сураётган глобализация, маданий, иқтисодий-сиёсий ҳаётнинг умумий жиҳатлари талайгина топилади. Шу сабабдан янгича йўналишларга муносабат билдирилаётганда уларнинг таъсирини инкор этмай, адабиётимизда яратилаётган асарларга умумжаҳон кайфиятининг миллий замин таянган қадриятлар билан ўзаро синтези сифатида қараш ўринли бўлади. Бизнингча, адабиётшунослигимиз олдидаги долзарб масала ҳам шунда, яъни умумийликда хусусийликни белгилаб олишдан иборат.
Бугунги кун кечагисидан тамомила фарқ қилади. Фан-техника, камуникатив воситаларнинг ҳадсиз ривожи давр кишиларига тарқоқ кайфиятларни улашмоқда. Олам бугунги кун кишиси учун турли ракурсларда аксланмоқда. Дунёда содир бўлаётган тезкор ўзгаришлар, сиёсий-иқтисодий вазият, ўзига хос демократик тамойиллар ортидаги маънисиз турмуш киши хаёлини шоширади, унинг мақсад ва вазифаларини кичрайтиради.
Фан тараққиёти ҳам шунга монанд. Яъни постноклассик фан ўзидан олдинги методларни ривожлантирган, экспрементлар жараёнида такомиллашган эса-да, унинг ҳар бир кашфиёти ўз қаршисида ўнлаб жумбоқларни юзага келтирмоқда. Янги фан олға сураётган универсал эволюционизм ғояси ва синергетика борлиқнинг бир бутунлик парадигмасини тасдиқлайди. Унга кўра олам – биосфера, ноосфера, жамият, инсон ягона, яхлит тизимда мужассамдир. Бунинг натижаси ўлароқ, маълум бўладики, инсон ўзи тадқиқ этаётган “объектив” воқеликдан асло ташқарида тура олмайди. Гўё у футбол ҳақида томошабиндай эмас, балки ўйинчидай таассуротга эга, холос. Демак, унинг оламни билиш жараёнидаги тасаввур ва хулосалари ҳам ҳамин қадар… Албатта, фан тараққиётининг хос тамойиллари ўз йўлига. Аммо фан ва маданият ривожи ўзаро боғлиқ тенденциялар асосида давомлидир. Шу маънода постмодернизм йўналиши бугунги илм-фан, ижтимой-сиёсий ҳаётнинг бутун нозикликлари билан ифодаловчи асосий методлардан бири саналади.
Постмодернизм ўта мураккаб ва серқирра йўналиш бўлиб, у ифода шакллари, мазмун-моҳиятига кўра ривожланиб бормоқда. Унинг асосида оламни хаос деб билиш, пароканда ва бемаъни дунёда инсон мавжудлигининг аҳамиятсизлиги ифодаси ётади. Ҳамонки шундай экан, санъаткор ҳам ўзи яратаётган асарда оламни билиш, уни тушуниш ва тушунтиришга бўлган эҳтиёжини унутади, дунёни яхлит, мақсадли “метаривоят”лар ўрнига узуқ-юлуқ, тартибсиз “ривоя”лар асосида ифодалайди. Постмодернизм бугунги кундаги омма маданияти (попкультура) ва оммавий дидсизлик истилоҳлари билан ҳам узвий алоқадаги ҳодисадир. Кўринадики, бу йўналиш давр ҳаётини акслантиришда кенг имкониятларга эга. Аммо Ғарб кишиларининг кайфияти хаосни тасдиқлаб турган, жамиятлар турмушида идеал ва олий мақсадлар емирилаётган бир вақтда постмодернизмни айнан кўчириб олишимиз ўринли бўлармикан?!
Ўзбек адабиётида постмодернизмнинг куртаклари бундан йигирма йиллар олдин, биз модернчи деб атаётган шоирлар бисотида акс этган бўлса-да, унга жиддий қизиқиш жуда кеч бошланди. Аниқроғи, адабиётшунослигимиз модернизм ва постмодернизмни ўзаро фарқлаш эҳтиёжига бироз кейинроқ етиб келди. Айниқса, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” (“Шарқ юлдузи” журнали 2010 йил, 6-сон) романидан сўнг постмодернизмга қизиқувчилар янада кўпайди. Албатта, янги роман ёзилишида эътироф этаётганимиз йўналишнинг таъсири катта. Адиб худди постмодернчилар каби дунё манзарасини кичик, узуқ-юлуқ воқеалар асосида чизади. Замон ва макон уйғунлиги бузилган роман ифодасида тарих, бугун ва келажак қоришиб кетади. Унда сиз турмуш ҳаётимизнинг кичик деталларидан тортиб, замонавий илм-фан ютуқлари, тарих солномалари, афсона ва ривоятлардаги сюжет мотивлари, фалсафа, сиёсат, маданиятга дахлдор омилларнинг бевосита ва билвосита ифодаси, интертекстуал ўйинга дуч келасиз. Аммо муаллиф постмодернизмнинг мана шундай шаклий хусусиятларига мурожаат этади, холос. Яъни постмодернизмга хос ифода шакллари шарқона тафаккур хусусиятлари билан пайвандланади ва мазмун-моҳияти билан уни инкор этади. Агар Ғарб постмодернизми оламни бемаъни дея ҳукум чиқарса, Исажон Султон романида шу маънисиздек кўринаётган дунёда дарбадарликдан қочиш кераклиги ғояси олға сурилади. Аҳамиятлиси, ижодкор мавжуд шароитнинг хаотик ифодасидан қочмайди. Яъни роман қаҳрамонлари ўз мавжудлигидаги ҳақиқатни турли йўллардан қидираркан, муаллиф аниқ бир ҳукм, Идеални кўрсатишга ожиз эканлигини яширмайди. Лекин унинг қаҳрамонлари ана шу Идеални қидиришдан чарчамайди.
Дунёни хаотик манзара асосида ифода этиши жиҳатидан Улуғбек Ҳамдамнинг кейинги йилларда эълон қилинган бир туркум ҳикоялари ҳам постмодернизмга яқин келади. Адиб хаос деб кўринаётган оламда Идеални излаш масаласига ўзига хос, айни дамда, Шарқ яшаш фалсафасининг мезонлари асосида ёндашади. Унга кўра, ҳар бир Инсонинг умри муайян ЙЎЛда кечади. Гарчи у ўз манзили, мавжудлигидаги ҳақиқатни тўла идрок эта олмаса-да, шу йўлдан боришга маҳкум. Пировардида инсон учун эришилган Идеал манзил эмас, балки, унгача босиб ўтилган ЙЎЛ – жараён умр мазмунига айланади. Ижодкор бу хаотик оламда ҳар биримиз манзилга қараб интилишимиз, излаганимиз маъно – идеални эса ўз қалбимиздан қидиришимиз кераклигини уқтираётгандай бўлади.
Яқиндагина эълон қилинган Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” (“Жаҳон адабиёти” 2012 йил, 9-сон) номли ҳикояси ҳам дунёнинг бугунги манзараси ва шарқона қадриятларни гўзал уйғунликда ифода этиши билан қадрлидир. Бу ижодкорни қийнаган масала ҳам – Идеал муаммоси. Унинг қаҳрамонлари ҳам мавжудликнинг ягона ечими – “Коинот формуласи”ни қидириш билан овора. Эътиборлиси, ёзувчи бу жараённинг бутун нозикликлари билан тасвирлашга эриша олади. Яъни бизни ўраб турган бу олам сиру синоатларга ва иродамиздан ташқарида бўлган ҳақиқатларига эга. Ҳамонки шундай экан, инсоннинг бу тартиботда мавқеи нимадан иборат? Маънавий қашшоқ ҳолида ҳам “умргузаронлик” қилиб юрган Тиркашнинг йўли тўғрими? Ёки зиммасида рўзғор ташвишлари бўла туриб, ҳаётини олам ҳақиқатини топишга бағишлаган, оқибатда хору зорликдан бошқасига эришолмаган қаҳрамон тақдири? Балки авлиёлардек эҳтиёжлардан ҳоли, на пулга қизиқадиган ва на одамлар билан суҳбат қурадиган, топгани, Петербургдаги ихчамгина уйида қамалиб олиб мураккаб гипотезалар ечиш билан машғул бўладиган Перельман тутган йўл тўғридир? Кўринадики, оламнинг Идеал ечимини излашдан воз кечилса ҳам, умрни унга бағишласа ҳам, ва хатто ўша “Коинот формуласи” ечилса ҳам, булар қурбонликларсиз амалга ошмайди. Яъни ҳар бир йўлнинг ўз ютуқ ва камчиликлари мавжуд. Шундай экан, бугунги кун кишиси умр маънисини динданми, фанданми, турмушданми қидиришни билолмай танг бўлаётган ҳолида, қай тарафга юзлансин? Ҳикоя охиридаги биргина жумла барисини ҳал қилади: “Буни Шарқ деб қўйибдилар” дея ҳайқиради қаҳрамон. Ғарб кишилари ҳаётни бемаъни дея эътироф этиб, ижтимоий-маданий ривожланишнинг гармониясини йўқотиб, боши берк кўчага кириб қолаётган бир вақтда нажотни Шарқнинг битмас-туганмас маънавий бойликларида топаяпти. Зеро Шарқ донишмандлари Идеал доим инсон руҳида яшаб келади, дея уқтиради. Шундай экан, биз учун олам ҳеч қачон бемаъни туюлмаслиги лозим.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ўзбек адабиёти, хусусан, насрида ўзига хос бир йўналиш шаклланиб бормоқда. Албатта, у бугуннинг кайфияти, ижтимоий-маданий ҳаётнинг ифодаси учун жуда мос келади. Ўзбек адабиёти шаклда ҳар қанча янгиланмасин, ўз моҳиятида шарқона яшаш фалсафасини сақлаб қолаверади. Шу боис ҳам уларда оламни англаш йўлида инсон иродасидан ташқаридаги Кучнинг бевосита ифодаси, инсонни дунё чархпалагининг оддий, аммо кузатувдаги йўловчиси сифатида тасвирлашга бўлган ҳаракат мавжуд. Аммо биз уни Ғарбда шаклланган постмодернизм нуқтаи назаридан тушунишга ҳаракат қилсак, модернизмга бўлган муносабат айнан қайтарилиши мумкин. Шу сабабдан ҳозирги кун адабиётини тадқиқ этаётганда дунёда содир бўлаётган ўзгаришлар ва постмодерн санъатининг муайян таъсирини инкор этмай, бу йўналишни ўзбек постмодернизми дея аташимиз мақсадга мувофиқ.
ЎзАС, 2012. 27 июл. №30