Маҳмуд Абулфайз. Навбат (новелла)

– Кампир ўлса унинг ўғил-қизлари, қариндош-уруғлари билан алоқани батамом узаман, – деди тўнғич келин. – Эримнинг топганлари ўзимники бўлади, бошқаларни шерик қилмайман. Болаларим билан бамайлихотир еб ўтирамиз…
Колхоз раисининг эрка ва тантиқ аёли бўлган тўнғич келин бу гапни ўзига сирдош бўлган айрим хотин-халажларга гоҳи-гоҳи айтиб юргич эди. Бироқ ҳамма томони тош девор билан ўралган гунг, тош бино ичида айтилган ҳар қандай гап ҳам ёки содир этилган иш (гуноҳ) ҳам бир куни ошкор бўлгани каби, келиннинг бу гаплари кунларнинг бирида шамолга ёйилиб кетди.
Қайсар, ўзига бино қўйган тўнғич келиннинг бундай совуқ ва ёки қулоққа ёқмайдиган тилаклари кампирнинг қулоғига ҳам етдими, етмадими, бундан бизнинг хабаримиз бўлмади. Бироқ илоҳий адолатнинг мўл-кўл бериб турган ризқи, сув-ҳавоси, ҳаттоки тириклигини ҳам бошқалардан қизғанаётган тўнғич келиннинг бундай гапларини эшитган оқибатли одамлар ларзага тушардилар, албатта.
“Агар сув билан ҳаво келиннинг қўлида бўлсайди, эҳтимол қайнонасига бир қултум ҳам сув ва бир ютум ҳам ҳавони бермасди”, дердилар уни биладиганлар. Ана шундай бир пайтда, кексаликнинг хазонрез боғида маҳзун умргузаронлик қилаётган кампир эрта-кеч, ўғли, келини, уларнинг ҳақига энг ёруғ дуолар, тилак­лар билан кун кечирарди. Жойнамоз устида қиблага юзланиб, сўрагани фақат яхшилик эди.
Инсон эртага бошидан нималар кечишини билмаскан. Илло, билмайди ҳам. Инсоннинг бахти шундаки, эртанги куннинг бўлажак воқеаларини билмайди. Инсоннинг фожиаси шундаки, эрта бир кун ҳаётида юз бериши мумкин ёки муқаррар бўлган фожиалардан ҳам ғафлатда қолади.
…Кунлари бахтга қоришган дамларнинг бирида тўнғич келинга дард ёпишди. Унча-мунча эмас, балки зўр дард ёпишди. Аввалига “Ўтар-кетар, шунчаки тумов бўлса керак”, дейишди. Қарашсаки, тумовга ўхшамайди. Сўнгра шунчалар уринишдики, бироқ дардни келиндан, келинни эса дарддан ажратиб ололмадилар. Номаълум тарафдан келган дард унинг вужудига эски қадрдонлардек маҳкам ўрнашиб олгандек эди. “Агар кетсам, шу аёл билан бирга кетаман…” деяётгандек эди бу дард. На профессор шифокорлар, на фолбин, на мулла уни енгиллата олди.
Тўнғич келин кун сайин оғирлашиб, озиб-тўзиб бораверди. Нажот эшиклари гўё “тақа-тақ” бекилгандек эди. Иштаҳаси ҳамиша “карнай” бўлиб турадиган келин бора-бора овқатдан ҳам қолди. Тиниқ ранг-рўйи баргдек сўлиб, билқиллаб турган вужуди кун сайин озиб кета бошлади.
Гарчанд киши билмас оғир дард унинг вужудини, аъзойи баданини тилка-пора қилаётган бўлса-да, бироқ унда қандайдир беҳаловатлик, бесаранжомлик асари кўзга ташланарди. Теварак-атрофга ўқтин-ўқтин олазарак, қизғанчиқлик ва ҳарислик билан боқарди. Чамаси, бу дунёнинг моддий бойликлари, ҳою-ҳаваслари келинни тарк этмаётган эди. Янаям аниқроғи, уларнинг бир-биридан ажралишлари жуда оғир кечаётганди. Лиқ тўла сандиқлар, матолар, тиллолар, ҳашаматли уй-жойларни бемаврид ташлаб кетиш фикри қийноққа солаётган эди балки… Ким билади, бандасининг кўнглидан кечаётган гаплардан ёлғиз Яратганнинг ўзи воқифдир.
Бора-бора келин тилдан ҳам қолди. Илоҳий адолатнинг мўъжизасини, тенгсиз мурувватини, бандасининг мушкулини осон қилганини кўрингки, раиснинг аёли қанча замонлардан бери бутун борлиғини кемириб, бамисоли зулукдек ёпишиб ётган нафс­дан, молпарастлик, буюмпарастликдан ҳам қолди. Гўё унинг ич-ташини кишанбанд этиб ётган дунёвий ҳавойи нафс узилиб, парча-парча бўлиб, тўзғиб кетгандек эди. Чунки энг сўнгги дақиқаларда келиннинг юзида бир ёруғлик, қандайдир хотиржамлик ва сокинлик зоҳир бўлганини ёнидагилар сездилар, кўрдилар. Чамаси, раиснинг аёли бораётган манзилига, ҳаттоки сариқ чақани ҳам олиб кетолмаслигини аён анг­лаб етган эди ёки унга англатилган эди. Келиннинг бу оламдаги бахти шунда эдики, ўзи ўлмасдан бурун нафси ўлди. Аслида бу ҳам бир давлатмандлик эди.
…Тонг энди оқариб келаётган хира-шира палла эди. Саҳардан бери қиблага юзланиб, тасбеҳ ўгириб ўтирган муштдеккина кампирнинг ҳузурига невараси оҳиста кириб келди.
– Момо, ҳовв, момо! – деркан, невараси гапини охиригача айтолмасдан йиғлаб юборди.
Кампир зийрак эди, нохуш бир воқеа содир бўлганини сезди шекилли, сесканиб тушди.
– Нима гап, болам, тинчликми ўзи, нега йиғлаяпсан, жон болам?! – деди ортига ўгирилиб хира кўзлари билан қараркан кампир.
– Келинингиз… онам – деркан, невараси яна йиғлаб юборди.
Бу совуқ хабардан кампирнинг вужуди ларзага келди. Ўзини базўр қўлга олиб, дуога қўл кўтарди: “Яратган эгам, келинимнинг мушкулини ўзинг осон қилгин, охирати обод бўлсин! Навбат аслида меники эди-ку, навбатни мен сўраб турган эдим-ку! Келиним тушмагур шошибди-да, шошқалоқлик қилибди-да, менинг йўлимни олибди-да!” дея кампир нола қиларди. Кейин эса эшитилар-эшитилмас қилиб деди:
– Гўдаккиналари энди нима бўлади? Эй Худойим, ўзинг нажот бер, сабри жамил ато эт…

«Шарқ юлдузи» журнали, 2017 йил, 5-сон