Маълумки, Ўзбекистонда ўзбек тилидан рус тилига таржима адабий жараён, катта ҳодиса сифатида 20—30-йилларда шаклланди. Бу серзаҳмат хайрли санъатнинг дарғалари ўша суронли, репрессия кезларида ҳам мумкин қадар ўзликларини сақлаб турдилар, бадиий таржиманинг халқлар дўстлигини барпо қилувчи «элчилик» анъаналарига содиқ қолиб, ибратга, чуқур ҳурматга лойиқ ишларни амалга оширдилар. Бўҳтонлар, асоссиз танқидлар қуюнида қолган Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Элбек каби истеъдод соҳибларининг асарларини рус тилига ўгириб, катта жасорат кўрсатдилар. Л. Соцердотова, М. Буйлин, С. Паластров, М. Родионов, М. Аббосов, М. Салье сингари таржимонлар ўзларининг фидойи меҳнатлари, халқимизга, маданиятимизга меҳру муҳаббатлари билан эл ичида ҳурмат қозониб, адабиётимиз тарихидан чин маънода ҳалол ўрин олдилар.
Аслиятларни бузиб талқин қилиш, улардан сиёсий хато қидириш, таҳлилда ўша пайтда кенг қулоч ёзган вульгар-социологизмнинг тантанаси бадиий таржима санъатининг эркин ривожланиши йўлида ҳам катта ғов бўлди. Масалан, 30-йилларнинг бошлариданоқ бутун Осиёни гўзал романлари билан ҳайратга солган А. Қодирийни мунаққид С. Ҳусайн «Абдулла Қодирий пролетариат инқилобига нисбатан узоқроқ кишидир. Чунки ҳақиқатан А. Қодирий майда буржуа ёзувчисидир», — деб эълон қилди. Сотти Ҳусайндан сал аввал М. Шевердин: «Ўтган кунлар»да балки унчалик ошкора бўлмаса ҳам, унда эски одатлар, Қуръон, эски турмуш ва «фароғатли ўтмиш» тарғиб қилинади. Мафкуравий иуқтаи назардан Қодирийнинг романи — биринчи ўзбек романи — бизники эмас», — деган фикрни баён қилганди.
Бу гапларнинг бадиий таржимага алоқаси шундаки, мазкур айбномалардан сўнг «буржуазия ёзувчиси»нинг бизга «ёт» асарини бошқа тилга ўгиришга унча-мунча довюрак таржимоннинг юраги дов бермаган. Қолаверса, М. Шевердин, таржимонлар зиммасига «Ўтган кунлар»ни «мафкуравий жиҳатдан зарарсизлантирган тақдирдагина рус китобхонлари эътиборига ҳавола этиш мумкин», — деган, бажариб бўлмайдиган вазифани ҳам юклаган. Таржимонларни айни шу оғир талаб чўчитганми, ишқилиб, 30-йилларда А. Қодирийнинг бошқа йирик асарлари рус тилига ўгирилди-ю, «Ўтган кунлар» четда қолди.
Бадиий таржима ва адабий танқиднинг ўлмас аслиятларга айрича муносабатлари ўттизинчи йилларнинг бошларидаиоқ кўзга ташлана бошлади. 1932 йили «Советская литература народов Средней Азии» журналининг биринчи сони А. Қодирийнинг бир эмас, икки машҳур асаридан бир неча бобларнинг таржимаси билан бошланган. Мутаржим Исмоил Обид (Тараққий) «Меҳробдан чаён» романининг илк, М. Буйлин эса «Обид кетмон»нинг «Қуёш билан ҳам курашаман» боблари билан рус китобхонларини таништирганлар ва А. Қодирий асарларини тарғиб этишдек бир улуғ ишни бошлаб берганлар. Мазкур аслиятларнинг таржимасини ниҳоясига етказиш эса 30-йилларнинг энг довюрак, истеъдодли таржимони Л. Соцердотовага насиб қилган. Жумладан, «Обид кетмон» рус тилида 1935 йилда алоҳида китоб ҳолида чоп этилган ва ўзбек тилидан рус тилига бадиий таржима этиш борасида катта адабий воқеа бўлган. У нафақат баркамоллиги, аслият руҳининг тўла сақланганлиги, А. Қодирийдек сўз сеҳргари услубининг сақланганлиги, аслиятга реалистик ёндашилганлиги билан ажралиб туради, балки таржима санъатимиз тарихида йирик проза асарлари ўгирилишидаги илк муаллифлаштирилган таржимадир. Афсуски, мазкур таржима ўша 1935 йилги нашрида қолиб кетди, қайта чоп қилинмади, ҳозирги рус тилида ўқувчи китобхонлар ундан қарийб бехабар. Бугунги таржималар билан бемалол беллашадиган бу меҳнатни янгидан рўёбга чиқариш таржима тарихини ўрганишда ҳам, А. Қодирий ва Л. Соцердотова хизматини ёд этиб юриш борасида ҳам, бу икки санъаткорнинг ижодий ҳамкорликларининг рамзи сифатида ҳам хайрли иш бўлар эди.
А. Қодирийга қарши уюштирилаётган бўҳтонлар хуружининг кундан-кун кучайиб, сиёсий таҳдид тусига кириши Л. Соцердотованинг адибга, у яратган бебаҳо аслиятларга эътиқодини сўндира олмади. Билъакс, «Обид кетмон» қиссаси таржимасини тугатар-тугатмас моҳир мутаржим «Меҳробдан чаён» устида иш бошлади. Бу роман бошига тушган кўргуликлар «Ўтган кунлар»никидан қолишмаганлиги ҳаммага аён. (Л. Соцердотова таҳдидлардан чўчимади). «Литературный Узбекистан» журналининг 1935—1936 йилги сонларида романнинг қарийб ярми рус тилида эълон қилинди. Айрим маълумотларга қараганда ўша йиллардаёқ мутаржим аслиятнинг таржимасини ниҳоясига етказган ва таржима Ўзбекистон Ёзувчилар союзида муҳокама қилиниб, бадиий таржимага мутлақо алоқасиз баҳоналар билан рад этилган.
Хуллас, ўттизинчи йилларнинг иккинчи ярмига келиб ана шундай «ҳушёр»лик билан адабиётимизда мудҳиш бир шароит вужудга келиб, «фош этадиган» мафкурабозларнинг устиворлиги вужудга келди. Энди Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Боту, Элбекнинг номини тилга олишнинг ўзиёқ хатарли бўлиб қолди. «Фашизм агентларига ўлим, кимда-ким социалистик мамлакатимизга, унинг, ўз бахтини ўзи қўлга киритган халқига тажовуэ қилган бўлса — ҳаммасига ўлим, миллионларнинг ҳукми шу» қабилидаги мудҳиш шиорлар не-не одамларнинг онгини шол қилиб қўйган эди. Бу чақириқларда анқиб турган қон ҳидини ҳис этмаган одам қолмаган бўлса керак.
Бундай шароитда бадиий таржиманинг ҳоли не кечди? Ахир, пок номлари энг разил айбномаларнинг рамзига айланган адибларнинг асарларини таржима этиш ўз жонига ўзи атайин қасд қилиш билан баробар эканлигини аиглаш учун узоқ ўйлаб ўтиришга ҳожат йўқ эди. Бу пайтда таржимонлар оч-қорним, тинч-қулоғим, деб, тирикчилигини ўткезаверишлари мумкин эди. Лекин, улар хавфу хатар бўронида бўғилган ҳақиқат йўлини танладилар, халқимиз, адабиётимиз дардини ўз дардлари деб билиб, унинг фарзандлари бошига тушган мусибатга ҳамдард бўлишга интилдилар. Ўша оғир йилларда Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Элбек, Боту, Усмон Носир асарларининг фидойи таржимонлар томонидан рус тилига ўгирилишини фақат жасорат, деб таърифлаш озлик қилади. Л. Соцердотова каби жасур таржимонлар ўзбек совет адабиётининг энг порлоқ истеъдодларини тарғиб этишга ҳеч бир муболағасиз жонларини тикдилар. 1936 йили Л. Соцердотова Фитратнинг «Қиёмат» — «Страшний суд» асарини рус тилига моҳирона ўгирди ва «халқ душманлари»нинг кушандаларини ҳайрат, саросимага солиб қўйди. Машҳур адиб рус китобхонларига ўзининг «Октябрнинг 15 йиллиги» — «15 лет Октября» (М. Родионов таржимаси) ва «Қизнинг қотили» — «Убийца девушки» (таржимони кўрсатилмаган) асарлари билан таниш бўлса-да, «Қиёмат»нинг рус тилида чоп этилиши адабиётимиз ва таржимамиз тараққиётида сезиларли воқеага айланди.
Л. Соцердотова фақатгина Қодирий, Фитрат асарларини совет китобхонлари орасида тарғиб қилиш билан чекланиб қолмади. Чўлпоннинг гўзал асарларидан, кўпгина мақолаларида уни қоралаш қуролига айлантирилган «Куз» — «Осень»ни нодир истеъдод шеъриятидан «элчи» сифатида рус китобхонлари эътиборига ҳавола қилди. Мазкур таржима, шубҳасиз, 30-йиллар шеърий таржиманинг энг гўзал намуналаридан биридир. «Литературный Узбекистан» журналининг саҳифаларида Элбек, Усмон Носир ва бошқа «урилган» адибларнинг асарлари ҳам рус тилида босилиб турди.
Бадиий таржима санъати тарихидаги фавқулодда воқеалардан бири «Литературный Узбекистан» журналининг 1937 йилги иккинчи сонида Сталиннинг троцкийчиларyи тугатиш ҳақидаги доклади билан Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романининг русча таржнмасини бирга эълон қилиниши бўлди. Ўз исми-шарифини ошкор этмасликни маъқул кўрган таржимон, таржимани чоп этишни ўз бўйнига олган А. Карцев ўзига хос норозилик «баёноти» билдирдилар. Тўғри, бу таржима камчиликлардан холи эмас, лекин гап ҳозир Чўлпоннинг романига мурожаат қилишнинг ўзи қанчалик жасорат эканлиги ҳақида кетаяпти.
«Ашаддий халқ душманлари»нинг асарларини рус тилига ўгирилиши, турган гапки, танқиднинг ғазабига учради: «ўзларининг чин қиёфаларини — фашистларга ёлланган, қўпорувчилик қиёфаларини яширганлар журналнинг деярли ҳамма сонига ўз асарларини тиқиштиришга муваффақ бўлдилар. «Литературный Узбекистан»нинг биринчи сонида Элбек ва Чўлпоннинг шеърлари босилди».
Таржима асарларининг босилишига имкон яратганлар ҳам айбномалардан бебаҳра қолмадилар, улар айбландилар: «Элбек, Усмон Носир, Чўлпон ўзларининг мунофиқона асарларини ташисалар, телбалар дарди-лоқайдлик билан оғриган редакция ходимлари (гап «Литературный Узбекистан» редакцияси ҳақида кетаяпти — Ҳ. А.) уларнинг ҳайвоний қиёфаларини фарқлай олмай, ўзбек халқининг душманларининг асарларини чоп этдилар». Айниқса, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романининг рус тилига ўгирилиши баъзиларии жунбушга келтирди, таржимон кўрсатилмаган бўлгани учун танқид тиғи редакция ҳайъатига, романни бевосита нашрга тайёрлаганларга қаратилди: «Журнал ўз саҳифаларида ўзбек халқининг ашаддий душмани бўлган жадидларни революционерлар қилиб кўрсатишга уринган Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романини эълон қилди. Ўзбек халқининг ашаддий душмани М. Ҳасанов романнинг ўзбекча нашрини таҳрир қилиб, буржуа миллатчисини минбарга чиқиши учун имкон яратиб берган бўлса, троцкийчи А. Карцев русча матндан миллатчилик руҳидаги мулоҳазаларни қисқартириб, Чўлпонни совет ёзувчилари қаторига киритишга уринди». Кўриниб турибдики, демак муҳаррир романнинг «миллатчилик руҳидаги мулоҳазаларини» қисқартирса ҳам, барибир, «жиноятчилик» домига чап беролмаган.
Фитратнинг «Убийца девушки» — «Қизнинг қотили» асарининг эълон қилиниши ҳам вақтли матбуот саҳифаларида сиёсий хато сифатида баҳоланиб, қайта-қайта таъкидлаб турилди: «асарнинг ғояси зарарли ғоя, у қулоқларга раҳм-шафқат ҳиссини уйғотишга мўлжалланган». Ваҳоланки, мазкур асарда ёш қиз янги тузум душмани бўлган отасини колхоз йиғилишида фош қилмоқчи бўлганлиги учун ўз падари томонидан бўғиб ўлдирилади. Асар тўғри ўқилса ҳам, тескари қаралса ҳам, ундан «қулоқларга раҳму шафқат ҳиссини» топиш қийин.
Шундай қилиб, 30-йиллар бадиий таржима санъати вакиллари халқимизга, адабиётимиз ривожига сидқидилдан хизмат қилдилар, таржиманинг эзгу ният-мақсадини, ҳақиқатни, ноҳақ топталган тенгсиз аслиятларни сиёсий танқид тақдидига алмашмадилар. Замона зайлига қараб иш тутишни рад этиб, бизнинг чуқур ҳурмат ва эътиқодимизга лойиқ ишларни амалга оширдилар.
Шундай савол туғилади: «халқ душманлари»нинг асарларини таржима этаётганда ўз бошларини ҳам дорга тортаётганларини билмасмидилар ё улар республикадан узоқда яшаб, бу ердаги аҳволдан, Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир каби «аксилинқилобчилар»нинг зўр бериб фош этилаётганидан бехабармидилар? Аксинча таржимоннинг миллий адабиётни, адабий жараённи ва ҳатто ўзи таржима қилаётган асарни яратган адибни яхши билмай ҳам ишга киришавериш кўпроқ кейинги даврларга, айниқса, ҳозирги вақтга хос. Ўттизинчи йилларда эса таржимонларнинг асосий қисми ўзбек адабиёти ва ҳаётига аралашиб яшаган, барча машаққатларни ўзбек адиблари билан бирга баҳам кўрганлар. Ижодий ютуқларини ҳам, бу ютуқлардан бошларига тушадиган кўргуликларни ҳам тенг бўлишган. Шу маънода, бадиий адабиёт билан бадиий таржима ҳам бир-бири билан бақамти ривожланган. Биз 20—30-йиллар адабий жараёни ҳақида сўз юритганда ана шу елкадошликни кўпинча эътибордан четда қолдирамиз. Ҳолбуки, бу елкадошлик адабиётлар дўстлиги, икки миллатга мансуб ижодкорларнинг самимий ва довюрак биродарлиги хусусида талай ибратли мисоллар берадики, буларни чуқур ўрганнш, ўша йилларда яратилган аслиятлар билан бирга, чин жасорат кўрсатган ҳақиқий байналмилалчи заҳматкаш мутаржимлар меҳнатларини рўёбга чиқариш ҳам илмий, ҳам инсоний жиҳатдан бурчимиздир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 10 март