Бегойим Холбекова. Ўзбек тилидан инглиз тилига таржималар тарихидан

Ўзбек адабиёти жаҳондаги энг қадимий адабиётлардан бири ҳисобланади.

“Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари”нинг 2003 йилда нашр этилган биринчи жилди (тузувчилар – профессорлар Насимхон Раҳмон ва Ҳамидулла Болтабоев) сўзбошисида ўзбек адабиётининг (умуман, қадимги туркий адабиётнинг) илк даври тўғрисида фикр юритилиб, милоднинг V асридан бошлаб адабиётда алоҳида бурилиш юз бергани таъкидланади ва шу сабабли ўзбек ёзма адабиётини Х асрдан – “Қутадғу билиг”дан бошлаб эмас, балки милоднинг бошларидан ўрганиш лозим, деган мулоҳаза билдирилади. Бу ҳам, шубҳасиз, ўзбек адабиётининг жаҳондаги қадимий адабиётлар сирасига киришини тасдиқлаб турибди.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ўзбек адабиёти намуналаридан инглиз тилига қилинган таржималар тарихини ўрганиш асносида, икки жиҳатга эътибор қаратишни жоиз деб ҳисобладик.

Биринчидан, адабиётимиз намуналарини инглиз тилига, нафақат инглиз тилига, балки бошқа тилларга ҳам таржима қилиш шу пайтгача режали йўсинда олиб борилмаган, аслида, бу ерда режани талаб қилиш ҳам ўринсиз, таржима ҳам ижод, ижодни эса режага солиш мушкул. Аксар ҳолларда, бирон адиб ёки шоирнинг юбилейи ёки адабиёт кунлари, умуман олганда, бирон сабаб билан таржималарга қўл урилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисидаги 2010 йил 26 февралдаги қарорида уюшма олдига “…халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимиз муносиб намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинишини ҳамда Интернетда кенг тарғиб этишни” муҳим вазифа қилиб қўяди. Бундай мўътабар ҳужжат ижодкорларни илҳомлантиришига, адабиётимизнинг бадиий пишиқ асарларини хорижий тилларга таржима қилишда катта аҳамият касб этишига шубҳа йўқ.

Ўзбек адабиёти намуналарининг инглиз тилига қилинган илк таржималари, табиийки, Алишер Навоий номи билан боғлиқ. Буюк мутафаккирнинг “Лисон ут-тайр” достони Е.Фитцжеральд томонидан инглизчага таржима қилиниб, 1899 йилда АҚШннг Бостон шаҳрида нашр этилган эди. Худди шу асарнинг насрий баёни канадалик таржимон Гарри Дик томонидан ўзбек таржимашунос олими Н.Қамбаров ҳамкорлигида инглиз тилига ўгрилди. “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласи Роберт Деверукс таржимасида 1966 йилда АҚШда китоб ҳолида босилиб чиққан бўлса, буюк шоирнинг “Сабъаи сайёр” достони америкалик профессор В.Фирман томонидан инглизчага таржима қилинди. 1988 йилда Ўзбекистон “Ватан” жамияти Алишер Навоий ҳикматларини Маргарет Беттлиннинг инглизча таржимасида лотин алифбосида чоп этган. 1961 йилда Тошкентда нашр қилинган “Ўзбекистон гапиради” номли инглизча тўпламга Алишер Навоийнинг ғазаллари, рубоийлари, ҳикматларидан намуналар ҳамда “Фарҳод ва Ширин” достонидан парча киритилган.

Соҳибқирон Амир Темур қаламига мансуб жанр жиҳатидан ҳужжатли, тарихий, бадиий, автобиографик асар деб баҳоланиши мумкин бўлган “Темур тузуклари” ҳам инглиз тилига қилинган дастлабки таржималардан ҳисобланади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ўзининг “Маънавиятимиз тарихида “Темур тузуклари”нинг тутган ўрни” мақоласида ушбу ёдгорлик ҳақида теран мулоҳаза юритар экан, унинг асли туркий тилда ёзилган қаҳрамонлик достонидек ўқилишига урғу беради, моҳият ва маънонинг беҳад қуюқлиги “Алп Эр Тўнга” достонини ва тош битиклардаги Билга Хоқон ва Култегин тарихларини эслатади, дейди. Ҳажми кичик бу асарнинг маъно, моҳият-мазмуни баъзи кўп жилдлик романларга ҳам сиғмаслигини айтади. “…Олти аср давомида, – деб ёзади адиб, – Ўзбекистон тупроғида пайдо бўлган энг улуғ тарихий, адабий ва лисоний ёдгорликларнинг олдинги қаторидан “Темур тузуклари” ўрин олишга муносибдир. … “Темур тузуклари” ўзбек адабиётида бундан олти аср бурун реализмни бошлаб берган автобиографик асар(таъкидлар бизники – Б.Х.) сифатида юксак даражада қадрланиши ва мактаб дарсликларига киритилиши керак”.

Чиндан ҳам, ушбу нодир автобиографик асарда Соҳибқирон сиймоси, сажияси, руҳияти, табиати, бой шахсияти, инсонийлиги, тўлақонли образи ёрқин кўриниб туради. Уни адабиётимизда Cоҳибқирон сиймоси намоён бўлган дастлабки асар дейиш мумкин.

Адабиётимизни бойитган, юртимизни дунёга танитган “Темур тузуклари” ХVШ асрдаёқ инглиз олимларининг диққатини ўзига тортган эди. Инглиз шарқшунос олими Майор Дэви Ҳиндистонда хизматда бўлган вақтида “Темур тузуклари”нинг Абу Толиб ал-Ҳусайний томонидан форсчага қилинган таржимаси билан танишади ва Буюк Британияга қайтгач, асарни инглиз тилига ўгириб, уни Жозеф Вайт деган олим тайёрлаган форсча матни билан бир муқовада 1783 йилда Оксфордда нашр этади. Ушбу нашр “Темур тузуклари”нинг дунё бўйлаб тарқалишида катта аҳамиятга эга бўлган.

Ўзбек адабиётини дунёга кенг ёйилишида Захириддин Муҳаммад Бобур яратган “Бобурнома” ҳам муҳим қиммат касб этган. Вашингтон университети магистранти Дилбархон Аҳмедова “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2008 йил 15 август сонида эълон қилинган “Бобурнома” инглиз тилида” номли фактларга бой мақоласида ушбу нодир асарнинг инглиз тилига таржималари ҳақида батафсил маълумот беради. Ёш тадқиқотчининг ёзишича, “Бобурнома”нинг биринчи марта инглиз тилига таржима қилиниб нашр этилиши 1826 йилда юз берган, уни инглиз шарқшунослари Ж.Лейден билан В.Эрскинлар амалга оширишган. Асарнинг иккинчи таржима қилиниши инглиз олимаси Аннетта Бевериж номи билан боғлиқ. 1900 йилда Буюк Британиялик таниқли шарқшунос Ҳ. Бевериж Ҳайдарободда “Бобурнома”нинг бир нусхасини қўлга киритади ва уни факсимиле шаклида 1905 йилда Лондонда эълон қилади. Унинг рафиқаси бўлган Аннетта Бевериж хоним ана шу факсимиле нусхасидан инглизчага таржима қилиш борасида узоқ меҳнат қилган. “Таржимон деярли ҳар бир саҳифада кўплаб туркий сўзларни қавс ичида ёки қавссиз бериб кетиш билан бирга, – деб ёзади Дилбархон Аҳмедова, – инглиз ўқувчиларига нотаниш сўз-иборалар, тушунчаларга эринмай батафсил изоҳлар илова қилади, исм ва жой номлари талаффузини сақлашга уринади”. 880 саҳифалик асар “Бобурнома” инглиз тилида: “Бобур эсдаликлари” деган сарлавҳа билан икки жилд ҳажмида Лондондаги “Лузак Энд Ко” нашриётида 1922 йилда босилиб чиқади. Ушбу таржима кейинги йилларда яна уч (Янги Деҳлида – 1970, ноширлар Нирмал Д.Жейн билан С.К.Меҳра; Покистонда – 2002, ношир – Ниёз Аҳмад; Ҳиндистонда – 2006, ношир – Дилип Хейро) нашр этилди.

“Бобурнома”нинг учинчи маротаба таржима қилиниши 1993 йилда рўй берди. АҚШнинг Ҳарвард университетида йилига бир марта чиқадиган “Туркий тадқиқотлар журнали”нинг 18 сонида “Захириддин Муҳаммад Бобур Мирзо. “Бобурнома” номида аслият нусхаси, форсча таржимаси ва У.Такэстон томонидан амалга оширилган инглизча таржимаси биргаликда чоп қилинди.

Орадан уч йил ўтиб, яъни, 1996 йилда мазкур таржима иккинчи марта турли миниатюралар ва хариталар билан бойитилиб, “Бобурнома: шаҳзода ва император Бобурнинг эсдаликлари” деган сарлавҳа билан Вашингтон Д.С. шаҳрида Артур М.Саклер Галереяси Смисониян институти томонидан чоп этилган. 2002 йилда Нью-Йоркдаги “The Modern Library” нашриёти эса “Бобурнома”ни учинчи марта нашрдан чиқарди.

У.Такэстон асарнинг иккинчи нашрига илова қилган мақоласида, “Бобурнома” матни ва таржималари тарихи, уни ўрганилиш жараёнлари хусусида сўз юритади. Дилбархон Аҳмедова таржимоннинг Бобур шахси ва сулоласига нисбатан адолатсиз номланишлари ҳақидаги ўринли мулоҳазаларига эътиборни қаратади ва У.Такэстон мақоласидан қуйидаги парчани келтиради: “Тарих Бобурни нафақат Марказий Осиёликдек (яъни, туркистонликдек – Д.А.) ўзлигидан айирди, (балки) Бобур ва унинг авлодларига, Бобурни ранжитиши аниқ бўлган “муғуллар”, яъни, мўғул, монгол номини бериш билан унинг темурий бўлишдек ўзлигини ҳам ўғирлади. (таъкид бизники – Б.Х.) У.Такэстоннинг фикрича, европаликлар Бобур хонадони ва мўғуллар орасида қандайдир боғлиқлик борлигини билганлари ҳолда, бу боғлиқлик қандайлигининг аниқ тагига етмай туриб, сулолага номувофиқ мўғул(могол, могул, мағол ва ҳ.к.) номли вариантларни бериб, бу сўзни “улуғлик” сўзига муқобил сифатида ишлатганлар”.

Дилбархон Аҳмедова ўз мақоласида, У.Такэстоннинг таржимаси ҳозирги инглиз тилига ўгирилганлиги билан ҳам диққатга сазовордир, деган фикрни билдиради. Бунга қўшилиш керак. Шунингдек, таржимоннинг нашрга Бобур ҳаётининг хронологияси, қисқача диний-сиёсий терминлар луғати ҳамда библиографиясини илова қилгани ҳақида ёзади.

1958 йилда Москвада инглиз тилида “Uzbek poetry”(“Ўзбек шеърияти”) номида кўп асрли ўзбек шеъриятининг мухтасар анталогияси нашр этилди. Назаримизда, бу нашр антология сифатида инглизчага таржима йўсинидаги илк қадамдир. Китобга ўн тўртта ўзбек шоири (3 шоир мумтоз адабиёт, 11 шоир замонавий шеърият вакилларидан)нинг ижодидан намуналар киритилган эди. Китоб адабиётшунос олим Иззат Султоннинг “A few words on Uzbek poetry” (“Ўзбек шеърияти ҳақида бир неча сўз”) номли сўзбошиси билан очилади. Унда олим кўп асрлик ўзбек шеърияти ҳақида инглиз ўқувчилари учун янгилик бўлган маълумотлар бериб ўтади. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” номли дидактик асари, Яссавий, Қутб, Хоразмий, Дурбек, Атойи каби шоирлар ижоди, Лутфийнинг “Гул ва Наврўз” достони борасида фикр юритади. Буюк тафаккур соҳиби, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Хазоин ул-маоний” (муаллиф мақолада “Чордевон” деб ёзади) каби китобларига киритилган достонлар ва ғазаллар, Захириддин Муҳаммад Бобур асарлари, шунингдек, замонавий ўзбек шоирлари: Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир, Зулфия, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Мамарасул Бобоев, Қуддус Муҳаммадий ҳамда улардан кейинги авлод вакиллари ижоди тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар ҳам мақолани мазмунли қилган, бойитган. Ҳар бир муаллиф ҳақида қисқача биографик маълумотлар берилганлиги китобнинг қимматини янаям оширган.

Мазкур антологияга Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан парча ҳамда уч ғазали ва ҳикматлари киритилган. Шунингдек, Муқимий ва Фурқатнинг ғазаллари ҳам мумтоз шеърият намуналари сифатида китобдан жой олган.

Китоб тузувчилари инглиз китобхонини замонавий ўзбек шеъриятининг атоқли намояндалари ижоди билан кенгроқ таништиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган. Таржима учун, асосан, шоирларимизнинг маълум ва машҳур шеърлари танлаб олинган. Шеърларни (албатта, рус тили орқали ўгирилган, деб ҳисоблаш керак – Б.Ҳ) В.Иевлева, Д.Ротенберг, О.Моисеенко сингари таржимонлар инглиз тилига ўгирганлар. Ушбу антология инглиз ўқувчисига ўзбек шеъриятининг олис йўллари ҳақида яхшигина тасаввур бериши билан қадрлидир.

Америкалик туркшунос олима, таржимон, Вашингтон университети профессори Илза Сиртаутас бутун дунёда ўзбек адабиётини, тилини, маданиятини тарғиб этибгина қолмай, балки адабиётимиз намуналарини немис ва инглиз тилларига таржима қилиш билан ҳам шуғулланиб келади. Олиманинг 1980 йилда Висбаден шаҳрида нашр этилган “Chrestomаthy of Modern Litrerary Uzbek” (“Ҳозирги замон ўзбек адабий тили хрестоматияси”) китоби ўзига хос хусусиятга эга бўлган қимматли мажмуадир. Китоб ўзбек тилини ўрганувчиларга мўлжалланган эса-да, тилнинг материали адабиёт эканлигидан, муаллиф ўз китобига қисқа-қисқа халқ эртакларидан намуналар, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Уйғун, Ҳамид Ғулом, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Саида Зуннунова, Шукрулло, Ўлмас Умарбеков каби таниқли адиблар қаламига мансуб асарлардан парчаларни аслиятда беради ва улардаги сўзлар, иборалар, идиоматик бирикмалар, тимсолларнинг инглизча эквивалент таржималарини ҳавола қилади. Китобда 128 саҳифа глоссарийлар берилганлиги ҳам диққатга сазовордир.

Ўзбек адабиётининг фидойиси бўлган Илза Сиртаутас хоним кейинги пайтларда ўзбек шеърияти намояндалари ижодидан қатор таржималарни амалга оширди. Жумладан, у Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кулган бошқалардир, йиғлаган менман…”, Эркин Воҳидовнинг “Барча шодлик сенга бўлсин…” каби шеърларини, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Али каби шоирларнинг туркум шеърларини ҳам инглизчага таржима қилди.

Илза Сиртаутас ўзи ва шогирдлари билан инглиз тилида нашрга тайёрлаган кичик ўзбек ҳикояларидан иборат китобга “Қор қўйнида лола” (Чўлпон), “Менинг ўғригина болам” (Ғафур Ғулом), “Бемор”, “Анор” (Абдулла Қаҳҳор), “Широқ” (Миркарим Осим), “От”, “Сароб” (Саид Аҳмад), “Қўллар” (Саида Зуннунова), “Соат”, “Дутор” (Ўлмас Умарбеков), “Сурат” (Ўткир Ҳошимов), “Балиқ ови” (Қамчибек Кенжа) каби ва бошқа ҳикояларни жамлаган.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Ўз-ўзингни англаб ет” эссеси америкалик олим Ҳасан Паксой томонидан инглизчага ўгирилди ва, даставвал, АҚШда чиқадиган “Aacar bulletin” журналида эълон қилинди.

Шунингдек, муаллифнинг Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ёзилган “Амир Темур ҳақида сўз” (“Some words about Amir Temur”) номли мақоласи Вашингтонда чиқадиган “Сентрал Эйша монитор” (“Марказий Осиё кўзгуси”) журналида Ж. Насафий таржимасида нашр этилди.

Ўзбек адабиёти намуналарининг инглиз тилига таржима қилинишига назар ташлаш мобайнида шу нарсага ишонч ҳосил қилиш мумкинки, ҳам мумтоз, ҳам замонавий маънода, ўзбек адабиёти пурмазмун, залворли асарларга бойдир. Уни кенг тарғиб этиш, нафақат инглиз, балки жаҳоннинг бошқа тилларига ҳам таржима қилиш ҳамиша долзарб муаммолардан бўлиб қолаверади.

Бегойим Холбекова,
тадқиқотчи
«Шарқ юлдузи» журналининг 2010 йил 4-сонидан олинди.