«Илиада»га илҳом берган «Декамерон» (атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов билан суҳбат) (2010)

Атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов билан учрашиб суҳбатлашиш мақсадида хонадонига йўл оларканман, устоз билан дастлабки танишганим ёдимга тушди. Ўшанда Тошкент Миллий университети филология факултетида Қодир аканинг қизи Раиса Мирмуҳамедова билан бирга ўқирдик. Бизга Раисанинг оддийлиги, камгаплиги, энг асосийси, адабиётни, айниқса, чет эл адабиётини яхши билиши жуда ёқарди. Кимнинг фарзанди эканини билганимиздан сўнг адабиётга меҳри баландлигининг сабаби аён бўлди.

Ўттиз бир йил олдин “Ўзбекфилм” киностудиясининг дубляж бўлими раҳбари сифатида мени қандай самимий, очиқкўнгиллик билан кутиб олган бўлса, Қодир акани ҳамон ўша самимият, бағрикенглик тарк этмаган. Бироз чўкиб, сочлари оқарганини ҳисобга олмаганда, у инсоннинг тўқсонни қаршилаётганига ишонгинг келмайди. Ўзига шу гапни айтганимизда, устоз бир хўрсиниб қўйдилар-да, гап бошладилар:

— Ҳа, мен тенгиларнинг сафи анча сийраклашиб қолди. Синфдошларимдан композитор Икром Акбаров билан иккимиз қолдик. Шунисига ҳам шукур. Кечагина бола эдик, учта синглим ва мен ота-онамизнинг бағрида ташвиш нималигини билмай юрардик. Отам иморат устаси эди, онам фарзандлар тарбияси билан шуғулланарди. Ҳаётда нимага эришган бўлсак, аввало, бу ота-онамизнинг бизга берган тарбияси туфайли. Айниқса, бола тарбиясида онанинг ўрни катта, чунки ота кўчанинг одами. Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда, онамни миннатдор бўлиб хотирлайман. Отам ҳам оддий уста бўлгани билан, саводли инсон эди, форс ва рус тилларини биларди, бизнинг ўқимишли бўлишимизни истарди.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда адабиётга меҳрим бўлакча эди, ўқитувчининг ҳар бир гапини жон қулоғим билан тинглардим. Кейинчалик сўз устаси сифатида танилган Убай Бурҳон билан синфдош эдик. У билан акаси Шукур Бурҳонов хизмат қиладиган театрга тез-тез бориб турардик. Мен спектаклларни томоша қилиб, саҳнада кечаётган воқеалар таъсирида ёзувчиликка қизиқиб қолганман. Болалик экан-да, ўша вақтларда ёзганларим китоб бўлиб чиқишини орзу қилардим, ҳатто асарларимнинг муқовасини тасаввур этиб кўрганман. Бироқ хаёл бошқа, ҳаёт бошқа экан…

Ҳа, Қодир аканинг айни йигитлик даври иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. У 1941 йилдан 1946 йилгача урушнинг даҳшатли суронлари ичида бўлди. 1941 йили 19 сентябрда Полтава-Перятин шаҳрида бутун дивизия немислар томонидан асирга олиниб, уларни Черниговга ҳайдашади. Қодир ака баъзи воқеаларни кўзида ёш билан эслайди.

— Немислар қуршовида борарканмиз, йўл-йўлакай ҳолдан тойиб юролмай қолганларни отиб ташлашарди. Юриб-юриб бир жойда тўхтадик. Ейиш-ичишнинг тайини йўқ, эртадан кечгача ишлаймиз. Бу ердаги кўргиликлар жонимга тегиб, таваккал қилиб қочдим. Юриб-юриб ўрмонга бориб қолдим. Ўрмон йўлида арава ҳайдаб кетаётган бир мужик қишлоқни кўрсатиб юборди. Қишлоққа кириб, чеккадаги бир уйни тақиллатдим. Эшикни очиб, уйга киритишди. Уйда бир кампир, ўрта яшар аёл ва иккита ёш бола бор эди. Аёл учта идишга бўтқа сузиб келиб, менга ва болаларга берди. “Сизлар еяверинглар, биз тўқмиз, боя еганмиз”, деди. Лекин улар ўз насибаларини менга илинганларини билиб турардим. Ниҳоятда очиққанимдан ейишга мажбур бўлдим.

Уруш, нотинчлик, очарчилик одамларни бир-бирига меҳрибон қилиб қўйганди. Улар менинг миллатимни ҳам суриштириб ўтиришмади,овқатдан сўнг аскар кийимимни оддий кийимга алмаштириб беришди, ҳар ҳолда, бехавотирроқ. Кейин бу ердан чиқиб, қайси томонга юришимни кўрсатиб юборишди.

Бу уйдан чиқиб, Шарққа қараб 900 километр йўл босдим. Ҳамма жойда одамлар қорнимни тўйдириб, кийимларимни алмаштириб, йўл кўрсатиб туришди. Қирқ иккинчи йилнинг 21 январида бир украин қишлоғига кириб бордим. Бир хонадонга кирсам, ўқимишли одамлар экан, кимлигимни билиб, “Бу ер фронтга яқин, ёнимизда Винница қишлоғи бор, ўша ерга борсанг, бирортасиникида хизматини қилиб юришинг мумкин”, дейишди.

Шундай қилиб, Винница қишлоғида ўғли билан яшайдиган бир кампирникидан бошпана топдим. Колхозга чиқиб, ер ҳайдадим. Шу ерда украин тилини ўргандим, украинча китобларни ўқидим. Виктор Гюгонинг “Кулаётган одам” китобини шу ерда, украин тилида ўқиганман. 1943 йилгача шу тарзда кун кечирдим…

Қодир ака бу воқеаларни ҳазин оҳангда, маъюс, ўйчан ҳикоя қиларкан, уруш йиллари унинг бошига қанчалик оғир кунлар тушганини ич-ичимдан ҳис этиб турардим. Айни пайтда, ўзим яхши биламан, деб юрган одам ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслигимни сезиб қолдим. Устознинг ҳикояларини тинглар эканман, яшаш учун кураш одамдан метин ирода, чўнг матонат талаб этиши ҳақида ўйлардим.

Хуллас, 1945 йилнинг апрел ойида улар турган шаҳар озод қилинади. Қодир ака бошидан кечирган воқеаларни айтиб бергач, уни 22-дивизияга миномётчи қилиб жўнатишади. Ғалабани шу дивизия билан бирга қарши олган Қодир Мирмуҳамедов декабргача Германияда бўлиб, кейин полк билан ортга қайтади. 1946 йил июн ойининг бошларида унга уйига кетишга рухсат тегади.

Эндигина урушдан қайтган Қодир аканинг зиммасида оилани боқиш вазифаси турарди. Ўқишга, ижодга чанқоқ собиқ аскар Педагогика институтининг кечки бўлимига ўқишга киради.

— Институтда антик давр адабиётидан ажойиб инсон,адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймон дарс берарди, — ҳикоясини давом эттирди Қодир ака. — Дарсларни шундай таъсирчан ўтардики, вақт қандай ўтганини сезмай қолардик. Ўша сабоқлар боис, антик давр адабиётига қаттиққизиқиб қолганман. Бешинчи курсни тугатганимда Ҳамид ака мени Москвага, аспирантурага жўнатмоқчи бўлди. Лекин уйдагилар розилик беришмади.

Институтни битирган йилим оғир дардга чалиниб қолдим. Врачлар икки ёқлама ўпка шамоллашининг оғир шакли, дейишди. Ўша пайтларда стрептомицин, деган дорини топиш жуда қийин, нархи ҳам баланд эди.Оллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг, “Снежок” деган асарни таржима қилиб, топшириб қўйгандим. Касалхонадалигимда матбуотда чоп этилиб, номимга 1800 сўм қалам ҳақи келибди. Шунинг минг сўмига дори олиб, муолажани бошлаб юбордик. Уч ой деганда соғайиб кетдим.

Тузалгач, техникумда дарс бера бошладим. Бўш вақтим ўзимга ёққан асарларни таржима қилиб, радиога олиб борардим. Ўша пайтда радиога ишга кирмоқчи бўлганимда, урушда асирликка тушганим учун ишга олишмаган. Таржималаримни ўқиб эшиттиришардию, лекин фамилиямни айтишмасди. Шундай даврлар эди-да, баъзилар ҳатто соясидан ҳам қўрқарди. Сталин вафотидан сўнг кўп ўзгаришлар бўлди. Мен ҳам 1956 йилдан радиода адабий таҳририятда ишладим. Шу ерда ёзувчилар, актёрлар, режиссёрлар билан танишдим. Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад каби адиблар билан танишлигимиз, мулоқотларимиз шу даврдан бошланган.

— Қодир ака, ҳар қандай ижодкор кимдандир ўрганади, кимгадир ҳавас қилади, яъни устоз ўгитларидан баҳраманд бўлади…

— Менинг биринчи устозим раҳматли Ҳаким Назир бўлади. Радио учун биринчи ишим — «Оппоғим»ни тайёрлашда устознинг хизматлари катта бўлди. Вақти келиб бу асарни спектакл қилмоқчи бўлишди. Шунда Ҳаким ака мени Миртемир домланинг олдига юборди. Домла мени жуда яхши қаршилаб, асарни ўқиб чиқиш учун олиб қолди. Кейин келибасарни қўлимга олганимда, олтмиш фоиз Миртемир домланинг меҳнатлари сингганини кўриб хижолат бўлдим. Таржимон сифатида у кишининг номларини ҳам ёзиб қўйдим. Лекин домла ўз номларини ўчириб ташлади. Миртемир ака ижодкорларга ниҳоятда меҳрибон, бағрикенг инсон эди. Яна у киши қатори Миркарим Осим, Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилийни ҳам устоз сифатида жуда қадрлайман.

Бу устозларимдан, аввало, таржима жараёнида синоним, антоним, омонимлардан фойдаланишни, буларнинг қаҳрамон нутқини беришдаги аҳамиятини, умуман, ҳар бир сўзни ўз ўрнида ишлатишни, сўзни исроф қилмасликни ўргандим. Чунки қаҳрамон характери, қиёфаси сўзда намоён бўлади. Сўзма-сўз таржимада эса, ҳар қандай асарнинг қиммати йўқолади.

Яна бир нарсани унутмаслик лозим. Бирор асар таржимасига қўл урганда ёзувчи шахсини, у яшаган жойни, даврни, кишилар ҳаётини, муҳитни ўрганиш керак бўлади. Бусиз ҳаққоний таржима асари яратиш мушкул. Қолаверса, таржима учун қўлга олинган асар мутаржимнинг дилига яқин, унинг дунёқараши асар муаллифининг ижодий қарашлари билан муштарак бўлиши лозим. Масалан, Рабиндранат Тагор ижоди менда катта қизиқиш уйғотган, айниқса, «Хонадон ва жаҳон» романи жуда ёққан.

Ҳар қандай асар таржимасида дастлабки қадамлар қийин кечади. Кейин, воқеалар ичига кириб борганингиз сари таржима жараёни тез кетади. Бирор асарни ўгиришга киришган одамда масъулият ҳисси бўлиши керак. Яъни дуч келган асарни қўлга олиб, шунчаки ўгириб ташлайверган билан иш битмайди. Таржимон, аввало, асар муаллифи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, унинг қандай асари устида иш бошлаётганини тушуниши лозим.

—    «Декамерон»ни таржима қилишингизга нима туртки бўлган?

— Бунинг сабабини айтиш учунолдин «Илиада» достонига қай тариқа қўл урганим ҳақида гапириб беришим керак. Айтганимдек, антик давр ва антик адабиётга меҳрим бўлакча. Шу сабабли «Илиада»ни ўзбек тилига ўгириш ҳақида кўпдан ўйлаб юрардим. Фақат бундай жиддий асарга қўл уриш учун, аввало, тажриба, қолаверса, вақт керак эди. Хуллас, вақт-соати етиб, «Илиада»ниўгиришга қарор қилдим. Биласиз, бу достонни рус тилига Гнедич ва Вересаев таржима қилишган. Вересаев нусхаси соддароқ, Гнедичники жуда мураккаб ва оғир. Ўзиям 30 йил таржима қилган. Мен Гнедичникини танладим. Дастлаб асарнинг 53 сатрини ўгириб, ишлаб чиқдим. Кейин яна ишлаб, чизиб таҳрир қилдим. Ана шу 53 сатр таржимаси ҳақида ким биландир маслаҳатлашиш истаги туғилди. Ўйлаб-ўйлаб, ёзувчи Асқад Мухторга учрашдим. У киши эртасига хабар олишимни айтди. Очиғи, эртасига Асқад аканинг олдига минг бир ҳадик билан келдим. «Бу жайдари шоирлар қиладиган иш эмас, — деди у киши. — Лекин сизнинг қўлингиздан келади».

Катта ёзувчининг бу гапи менга далда бўлди. Дарҳол Миртемир акага телефон қилиб, олдиларига маслаҳатли иш билан бормоқчилигимни айтдим. Таржимон Ҳусан Рўзиметов билан бордик. Миртемир ака матнни дарҳол ўқишга тутинди. Ўқиб бўлгач, «Қофияли таржима қилибсиз. Қофия керак эмас, таржимангиз менга жуда ёқди. Давом эттиринг. Шояд мен ҳам ортингиздан бориб, «Одиссея»ни тугатсам», деди. Ҳозир битта қўшиғини таржима қилганини, жуда қийналаётганини айтди.

Улар билан хайрлашиб, уйга бориб, устознинг нима учун қийналаётгани ҳақида ўйладим. Ўзимча фикрлаб кўрсам, «Илиада»ни ўқимай таржимага киришган экан.

Хуллас, устозларнинг далдаси мадад бўлиб, нашриётга Ҳамид Ғуломнинг олдига бордим ва мақсадимни айтдим. Асарнинг таржима қилинган қисмини ўқиб чиқишини айтди. Орадан 15 кун ўтди ва менинг нашриётга боришимни айтишди. Нашриёт асарни босадиган бўлибди. Ўн йил муддатга шартнома туздик. «Илиада» жуда мураккаб, жиддий асар бўлгани учун чарчаган вақтларимда орада дам олишим зарур эди. Шунда «Декамерон»ни танладим. Сабаби, бу асарнинг тили мени ўзига тортарди. Ҳар бир образнинг ўзига хос сўзлаш услуби, ҳикоя мароми бор.

«Декамерон» «Илиада» таржимасига илҳом бериб, ҳар икки асарни ҳам борлиғимни бағишлаб таржима қилдим. Уларнинг сифатига баҳо бериш, албатта, ўқувчиларга ҳавола.

Қодир Мирмуҳамедов билан бир-икки йирик асар таржимаси ҳақида суҳбатлашиб ўтирарканмиз, устознинг ўнлаб катта-кичик асарларни таржима қилгани хаёлимдан ўтди. Улар орасида Л.Толстой, М.Шолохов, Г.Севунц, А.Пушкин, М.Горкий, Д.Фонвизин, В.Гюго, Ж.Лондон, Р.Тагор, К.Чандр, Латифа аз-Зайёд каби жаҳон таниган ва тан олган адиблар бор. Яна булар қаторига радио-телевидение, театр саҳнаси учун қилган таржималарини, дубляж соҳасида қўлга киритган ютуқларини қўшадиган бўлсак, Қодир аканинг ижодий имкониятлари ва мутаржимлик маҳорати қанчалар юқори эканини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу ўринда таржимоннинг дубляж соҳасидаги фаолиятига алоҳида тўхталишга тўғри келади. Зеро, айнан Қ.Мирмуҳамедов дубляжда ишлаган ва унга раҳбарлик қилган даврда студия фаолияти гуллаб-яшнагани, МДҲ давлатлари орасида бир неча йиллар мобайнида етакчиликни қўлдан бермай келгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша даврда студияда Эсон Каримов, Борий Ҳайдаров, Илёс Ёқубов, Софа Имонқулова, Мирғиёс Соатов, Йўлдош Абдукаримов сингари ўз ишининг усталари бўлган режиссёрлар, Юлдуз Ризаева, Шарофат Қўшбоева сингари муҳаррирлар фаолият кўрсатишган, бетакрор овозга эга актёрлар гуруҳи ҳам бу соҳа ютуқларининг мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшган.

Кино асарлари таржимасида Қодир Мирмуҳамедовнинг меҳнатини тасаввур қилиш учун «Она Ҳиндистон», «Уйимиздаги эркак», «Москва-Генуя», «Солдат отаси», «Чангда қолган гул», «Бутун умрга тенг йил», «Ҳеч ким ўлишни истамасди», «Уруш ва тинчлик», «Журналист», «Сангам», «Она муҳаббати», «Белорус вокзали», «Қирол Лир», «Бошсиз чавандоз», «Номингни унутма», «Сиёвуш ҳақида достон» каби филмларни эслашнинг ўзи кифоя. Ўша даврда ўзбек филмларининг рус тилида суратга олинганини назарда тутсак, Қодир ака кўплаб «Ўзбекфилм» картиналарини ҳам маҳорат билан ўгирганини таъкидлаш жоиз.

—Шубҳасиз, бадиий таржима ва дубляж орасида фарқ бор, — дейди Қодир ака — Бу ҳақда кўп айтилган, ёзилган. Шунинг учун батафсилликдан қочмоқчиман. Фақат шуни айтишим керакки, ҳар иккисининг ҳам ўзига хос мураккабликлари бор. Дубляжнинг мураккаб томони шундаки, унга кўпчиликнинг меҳнати сингади. Таржимон, режиссёр, муҳаррир, актёрлар ва бошқа техник жараёнлар. Дубляж муваффақияти уларнинг ҳар бирига боғлиқ. Яна ҳам муҳими, филм қаҳрамонларининг характери, ҳолати, ҳиссиётларини образларга овоз бераётган актёр ўзидан ўтказган ҳолда томошабинга етказиб бериши керак. Бунда, шубҳасиз, режиссёрнинг хизмати катта. Зеро, режиссёр актёр танлашда адашмаслиги керак.

Биласизми, бу борада бизнинг режиссёрларимизга ҳавас қилса арзийди. Айниқса, Эсон Каримов зўр режиссёрлардан бири эди. Биринчи навбатда, у образга овоз берадиган актёр ҳар томонлама мос келиш ё келмаслиги ҳақида ўйларди. Шу ўринда «Маугли» мултфилми таржимасига тўхталмоқчиман. Мултфилмда қоплон Багира образи бор. Мен бу образга Дилбар Исмоилова овоз бериши керак, деб ўйладим. Эсон Каримов эса Римма Аҳмедова овоз берса тўғри бўлади, деб туриб олди ва ҳақ бўлиб чиқди. «Қирол Лир»да ҳам бош қаҳрамонга Ҳамза Умаровни олмоқчи бўлганимизда, актёрнинг ўзи овози, сўзлаш услуби тўғри келмаслигини айтиб, рад этган. Дарҳақиқат, Қирол Лир Обид Юнус овози билан ўзбекчада ниҳоятда ишонарли жаранглайди.

— Бадиий асарлар асосидаги филмлар таржимасига қандай ёндашгансиз?

— Агар ўша бадиий асар ўзбек тилига ўгирилган бўлса, ўқиб чиқиш зиён қилмайди. Масалан, мен «Уруш ва тинчлик» филмининг дубляжи жараёнида столимга асарнинг русча вариантини, Абдулла Қаҳҳор таржимасидаги ўзбекча нусхасини қўйиб ишладим. Жараён ниҳоятда мураккаб кечди. Лекин Абдулла аканинг таржимаси менга илҳом бағишлаб турди.

Бугунги кунда филмлар таржимасининг савияси ҳақидаги саволимизга Қодир Мирмуҳамедов шундай жавоб берди:

— Ҳозир филмлар синхрон овоз бериш усулида ўгириляпти. Шубҳасиз, дубляж билан бу жараён ўртасида катта фарқ бор. Тўғри, муваффақиятли таржималар ҳам йўқ эмас. Лекин аксарият ўгирма филмларда тилга эътиборсизлик, экрандаги ҳолатдан йироқлик кўзга ташланади. Айниқса, бир актёрнинг бир неча образга овоз бериши таржима савиясига путур етказиши турган гап. Аслида гап овозни турли-туман қилишда эмас, қандай овоз беришда.

Назаримда, Қодир ака фикрларини силлиқлаб, кўнгилга тегмайдиган қилиб гапирди. Чунки бугун аксарият филмларда сўзлар пала-партиш ишлатилади, овоз бераётган актёрлар образнинг ички дунёсини, характерини етарли очиб беролмайди, овозларида ҳиссиёт, эмоция етишмайди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, филм савиясига таъсир қилади.

Суҳбат асносида Қодир ака нафақага чиққанларидан сўнг нималар билан шуғулланганларидан хабардор бўлдик. Энг асосий ишлари — «Одиссея» таржимаси. Асарни ўгиришни 2000 йилда бошлаган таржимон 2008 йили уни ниҳоясига етказди. «Жаҳон адабиёти» ва «Шарқ юлдузи» журналларида асардан айрим қўшиқлар эълон қилинди. Айни пайтда «Одиссея» китоб ҳолида чоп этилиши арафасида.

«Жаҳон адабиёти» журналида буюк масалчи Эзоп ҳаёти ҳақидаги мақоласи чоп этилганидан сўнг, Эзоп масалларидан бир қанчасини таржима қилиб журналда чиқарди.

— Бугун болаларнинг аксарияти китоб ўқимаслиги ҳақида кўп гапириляпти, — дейди Қодир ака. — Назаримда, бунинг сабабини, аввало, катталар ўзларидан қидиришлари керак. Кўп оилалар фарзандларини замонавий қиламан, деб ҳамма нарсани аралаштириб юборяптилар. Боғча ёшидаги болага компютер, видео олиб беришади, телевизордаги кўрсатувларни истаганча томоша қилишга қўйиб беришади, бошланғич синф ўқувчиси қўл телефонини кўтариб, қулоғига плеер тақиб юради. Бола ёшига, қобилиятига мос иш билан шуғулланиши керак. Ҳатто уйда ўйинчоқни ҳам кўпайтириб ташлаб бўлмайди. Чунки бундай «ғамхўрлик»дан бола тўйиб қолади, оқибатда уни ҳеч нима қизиқтирмай қўяди. Шуни ёдда тутиш керакки, кўрган, эшитган нарса тез эсдан чиқиб кетади, китобдан ўқилган матн эса узоқ вақт хотирада сақланади. Яъни китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.

Устоз билан кино танқидчилиги, бугунги таржимонлар фаолияти хусусида ҳам суҳбатлашиш ниятимиз бор эди. Бироқ уларни чарчатиб қўймаслик учун суҳбатнинг давомини навбатдаги учрашувга қолдириб хайрлашдик.

Гулчеҳра Умарова

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 4-сонидан олинди.