Халқ тақдири орқали бутун бир даврни тасвирлашга, умуминсоний миқёсда фикрлашга интилган ёзувчилардан бири Тўлепберген Қайипбергеновдир. Агар Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» романи орқали ўзбек халқини, Мухтор Авезов «Абай йўли» эпопеяси орқали қозоқ халқини, Чингиз Айтматов «Жамила», «Асрга татигулик кун», «Кассандра тамғаси» асарлари орқали қирғиз халқини дунёга танитган бўлса, Тўлепберген Қайипбергенов «Қорақалпоқ достони», «Қорақалпоқнома» роман-эссеси ва бошқа асарлари билан қорақалпоқ номини дунёга танитди.
Қорақалпоқларнинг Дашти қипчоқ элатлари ва ўтроқ халқлар орасида боғловчи бўғин бўлгани тарихдан маълум. Т.Қайипбергенов асарларида ҳам одамларни, халқларни бирлашишга ундовчи ғоялар устивор. Жумладан, адибнинг «Қорақалпоқ достони» асаридаги Маманбий қорақалпоқларни Европа маданияти, турмуш тарзи билан таништиришга интилган илғор фикрли қаҳрамон бўлса, Ойдўсбий ўз халқини ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилувчи, бу йўлда шахсий манфаатидан эл манфаатини устун қўювчи ватанпарвар сиймо сифатида гавдаланади.
Маманбий XVIII асрда, Ойдўсбий ва Эрназарбийлар XIX асрда қорақалпоқ ўғил-қизларининг билимли, эл-юрт манфаати учун хизмат қиладиган мутахассислар бўлиб етишишини, қорақалпоқларнинг дунё танийдиган халққа айланишини орзу қилган эдилар. Мамлакатимизнинг ўз мустақиллигига эришиши шарофати билан ўтган йиллар мобайнида бу асрий орзу-умидлар ушалди. Ўлкадан етишиб чиққан ёшлар ҳозирги кунда жаҳоннинг АҚШ, Англия, Германия, Япония, Жанубий Корея сингари ривожланган мамлакатларда таълим олмоқдалар, ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар бўлиб етишмоқдалар. Қорақалпоқ давлат музейининг дунёда энг ноёб ҳисобланувчи экспонатлари жаҳон бўйлаб кезиб юрибди. «Қирққиз» достонининг шуҳрати оламга ёйилди. Миллатнинг қудратини, кучини, маданиятини намоён этадиган бундай фактларни яна кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг бари қорақалпоқларнинг дунё халқлари орасида ўзининг муносиб ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётганини кўрсатади.
Бинобарин, бу борада Тўлепберген Қайипбергенов яратган тарихий сиймоларнинг ибрати, тарбиявий аҳамияти катта. Адиб асарларининг муваффақияти ҳаёт ҳақиқатини тасвирлашда тарихийлик тамойилига амал қилиб қалам тебратганидадир. Қорақалпоқ халқи бор экан, бу асарлар фикрлашга чорловчи, ҳаяжонлантирувчи, тарих билан онгли муносабат ўрнатишга ундовчи хусусиятларини сақлаб қолаверади.
Ёзувчининг дастлабки қиссалари яшашдан мақсад, умр мазмуни каби мавзуларга бағишланган бўлса, унинг «Кўз қорачиғи», «У дунёдаги бобомга хатлар» асарларида халқаро экологик муаммо — Орол, Оролбўйи минтақаларида ҳаётни асраб қолиш масаласи қаламга олинди. Т.Қайипбергенов катта анжуманларда сўзлаган нутқларида ҳам Орол ташвиши миллионлар ташвишига айланганини қайта-қайта таъкидлайди.
Умуминсоний глобал муаммоларни бадиий асарларда таъсирчан тасвирлаб бера оладиган салоҳиятга эга бўлган сўз устаси, қорақалпоқ прозасининг оқсоқол вакили Тўлепберген Қайипбергенов маънавиятимизга ўзининг бадиий асарларидан ташқари, публицистик мақолалари, ижтимоий фаолияти билан ҳам ҳисса қўшиб келаётгани эътирофга лойиқ.
Адибнинг кўплаб асарлари ўзбек, қорақалпоқ ва турли хорижий тилларда нашр этилган. Т.Қайипбергенов «Қорақалпоқ қизи» романи учун Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофотига, «Раҳмат, ўқитувчим!» қиссаси учун Ўзбекистон давлат мукофотига сазовор бўлди. Ёзувчига 1974 йили «Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси», 1994 йили «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонларининг берилиши ҳам истеъдодининг эътироф этилишидир. 2004 йили адиб «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.
2004 йили адибнинг «У дунёдаги бобомга хатлар» асари Н.Красильников таржимасида чоп этилди (Т.Каипбергенов. «Письма на тот свет, дедушке», Издательство «Мир», 2004), Москва шаҳрида мазкур асарнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда асарни дунёнинг турли тилларига таржима қилиш тавсия этилди.
“У дунёдаги бобомга хатлар” асарида муаллиф шўролар сиёсати сабабчи бўлган Орол фожеаси оқибатларини тасвирлашда бетакрор бадиий шакл топа олган. Асар — набиранинг аллақачон оламдан ўтган бобосига Орол ҳақида ёзган хатларидан ташкил топган. Адиб асарида қадимги юнон адабиётида қўлланилган бадиий услубни танлайди.
Т.Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқман. Таваккалчиман» номли асари (Нукус, «Билим» нашриёти, 2003) муаллифнинг ватандошлари ва хорижлик китобхонлар берган қатор саволларга жавоблари билан бошланган. Китобнинг «Интервюлар, ўйлар» номли бўлимидан адибнинг Лев Толстой ва Чингиз Айтматов ижоди ҳақидаги, шунингдек, Бердақ шоирнинг 175 йиллиги арафасидаги мушоҳадалари, таниқли ўзбек адиблари, олим ва журналистлари билан суҳбатлари ўрин олган. Учинчи бўлим «ХХI аср бўсағасида туғилган адашимга 99 маслаҳат» деб номланиб, унда муаллиф ўзининг Шарқнинг ўлмас дидактик анъаналарига суяниб ёзган асарлари ҳақида фикр юритган. Шунингдек, китобда академик Андрей Сахаров, Чингиз Айтматов, Абдулла Орипов, Ҳамид Ғулом, Одил Ёқубов сингари атоқли олим ва ёзувчиларнинг Т.Қайипбергенов ижодига берган баҳолари ўрин олган.
Тўлепберген Қайипбергеновнинг ҳар бир асари унинг ўзигагина хос, бетакрор услубда ёзилган, улар бадиий мазмун ва шакл уйғунлигининг миллий намуналаридир. Ёзувчи ҳаётни тасвирлашда драматизмга тўла ҳолатларнинг сабаб ва оқибатларини бадиий далиллаб кўрсатишга уринади. Бунинг учун қаҳрамонлар характерининг мантиқий тадрижига асосланадиган европа романчилиги анъаналаридан ўринли фойдаланади. Ёзувчи асарларининг композицион тузилишида қаҳрамон монологлари, илмий маълумотлар, афсона ва ривоятлар, турли даврларда яшаган донишмандлар фикридан фойдаланиб, ҳаёт муаммоларининг туб илдизини очишга эришади.
Атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов «Қорақалпоқ достони» мақоласида шундай деб ёзади: «А.Қодирий — ўзбек халқининг, М.Авезов — қозоқ халқининг, Ч.Айтматов — қирғиз халқининг манглайига худо ёрлақаб берган ёзувчилари… Ўзининг узоқ тарихига эга бўлган қадимий қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига бугунги кунда тонг юлдузи каби ярашиб турган ёзувчи Т.Қайипбергеновдир!». Чиндан ҳам Т.Қайипбергеновнинг қиссалари, романлари, публицистик мақолалари, интервюларисиз бугунги қорақалпоқ адабиётини, умуман, бу халқнинг маънавий ҳаётини, бадиий сўз оламини тўла-тўкис тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун ҳам унинг ижоди оддий китобхонларда ҳам, адабиётшуносларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келади, юракларга йўл топа олади.
Мустақиллик йилларида Тўлепберген Қайипбергенов ижоди қорақалпоқ адабиётида янада кенгроқ тадқиқотлар доирасига олинди. Адабиётшунос олим Қ.Султонов шу мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаган бўлса, ёш олимлар П.Нуржанов, А.Абдимуротов, Ҳ.Ўтемуротова, Б.Полвонов ўзларининг номзодлик ишларида адиб ижодини асосий тадқиқот объекти қилиб белгиладилар.
«Қорақалпоқ достони»нинг рус тилига таржима қилинишида З.Кедрина, А.Пантилеев, Э.Арбенова, В.Панкиналарнинг, «Қорақалпоқ қизи» романининг Москвада китоб бўлиб чиқишида Г.Марьяновскийнинг, қиссалар таржимасида Н.Яцкевич ва бошқаларнинг хизматлари катта бўлди.
Адибнинг номи ўзбек китобхонлари орасида кенг танилишида эса атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг хизмати катта. Эндигина адабиёт майдонига кириб келаётган ёш ёзувчининг ўзбек ўқувчилари учун кашф қилинишида устоз Абдулла Қаҳҳор бевосита иштирок этиб, «Совуқ бир томчи» қиссасини 1962 йили таржимон Ғойиб Ёқубов билан бирга ўзбек тилига ўгирган эди. Бундан руҳланган Тўлепберген Қайипбергенов Абдулла Қаҳҳор билан устоз-шогирд тутинди. Шунингдек, бу ўринда адибнинг «Қорақалпоқ достони» трилогиясини ўзбекчалаштирган марҳум Лола Тожиева, «У дунёдаги бобомга хатлар», «ХХI аср бўсағасида туғилган адашимга 99 маслаҳат» асарларини, «Саҳро булбули» драмасини ўзбек тилига таржима қилган Раҳимжон Отаули номларини ҳам тилга олиб ўтиш жоиз.
Ўзининг 80 ёшни қаршилаётган устоз адиб, қорақалпоқ адабиётининг таниқли намояндаси Тўлепберген Қайипбергенов ижодини тадқиқ этиш, асарларини таржима қилиш давом этмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 19-сонидан олинди.