Ўрта асрларда ижод қилган юртдошларимиз ўзларининг етук билимлари билан жаҳон илми тараққиётига муносиб ҳисса қўшганликларини бугунги кунда Шарқ ва Ғарб олами тўлиқ тан олаётганига гувоҳмиз. Форобий фалсафаси, Ал Хоразмий математикаси, Беруний геологияси, Ибн Сино тиббиёти ХХ аср олий даражадаги илм даргоҳларидаги фундаментал таълим тизимининг асосини ташкил этмоқда. Ажабланарли жиҳати шундаки, алломаларимиз аниқ ва ижтимоий фан йўналишларида уйғун фаолият кўрсатганлар. Уларнинг астрономия, ҳикмат, кимё, математика соҳасидаги янгиликлари муттасил равишда фалсафа, мусиқа, бадиий адабиёт ва таъбир жоиз бўлса, тарбия билан узвий алоқада амалга оширилган. Бу жиҳатдан ХV асрнинг даҳо шоири Алишер Навоий ўтмиш устозларнинг муносиб давомчиси сифатида маърифат майдонида гавдаланади. Фарҳод тилидан “Топилмас мушкули мен қилмаган ҳал” деганда, Алишер Навоий илм, фан, бадиий ижод соҳасида ўзи ечимини топмаган муаммо йўқ эканини таъкидлагандек бўлади. Фақат аввалги устозлардан фарқли ўлароқ атоқли адиб илм ва фан соҳасидаги улкан маълумотларни ўз бадиий асарларида намоён қилди. Натижада, “Хазойин ул-маоний”, “Хамса”, “Лисон ут-тайр” ва бошқа сўз санъати намуналаридаги ифодалар илмий тафсилотлар нуқтаи назаридан ҳам мукаммаллашди.
Алишер Навоий умри давомида ёзган лирик асарлари, достонларидаги илмий мукаммаллик ҳақида Амонилло Валихонов “Ғазал нафосати” китобида қизиқарли маълумотлар беради. Хусусан, “Риёзиёт уммони мавжида”фаслида шундай дейилган: “Навоий ўз асарларида арқоми мантуқ – “гапирувчи”, яъни рационал сонлар; арқоми асам – “соқов”, яъни иррационал сонлар; жазр – даража асоси ёки илдиз; мажзур даража ёки илдиз чиқариладиган сон, хатти мустақим – перпендикуляр каби соф математик терминологиядан фойдаланади”[1]. Олимнинг таъкидлашича, шоир аниқ фанлар соҳасидаги билимларини ўрнида амалиётга ҳам татбиқ этган. Унинг фикрича, айлана узунлигининг диаметрига нисбатидаги аниқлик даражаси миноралар ва гумбазларни қуришда жуда муҳим ҳисобланган. Ғиёсиддин Жамшид ибн Масъуд Коший нисбатнинг анчайин аниқ қийматини ишлаб чиққан. Коший бу рақамларни эслаш учун байт ҳам тавсия этиб, матнини келтиради. Амонилло Валихонов ёзади: “Коший тубандаги арабча шеърни тавсия қилади:
Ва баҳ ша ҳажи саза заттаҳҳавҳу,
Муҳитун ли қутрин ҳува – сиани минҳу.
Бу икки мисранинг биринчиси – юқоридаги ўн етти рақамни абжад жадвали воситасида ифодаловчи ҳарфлардангина иборат бўлиб, иккинчи мисраси мазмунан: “Айлана узунлигининг диаметрга нисбати бундан икки баровар кичикдир”, деган тушунчани беради.
Навоий Самарқандда олган билимлари асосида меъморларга π нинг қиймати учун мазкур сонни тавсия қилган ва юқоридаги шеърни ёд олишни маслаҳат бергани маълум[2].
Энди мулоҳаза юритайлик, математиканинг нозик ва сирли жиҳатларини бу қадар яхши билган, улардан ҳаётда, бадиий ижодда кенг фойдаланган шоир фаннинг бошқа йўналишлари бўйича қандай тушунчаларга эга бўлиши мумкин? Бизнинг саволимизга яхши жавобни коинот сирлари мутахассиси Сайид Баҳром Азизов “Ойфалак” деб аталган илмий тадқиқотида берган. Бу олим келтирган мисол ва далилларда Алишер Навоий ғазалларида, “Хамса” таркибидаги достонларда, “Лисон ут-тайр”да космосга оид ўнлаб маълумотлардан фойдалангани исботланади[3]. Айниқса, сутурлоб ҳақида айтилган фикрлар жуда қизиқарли. Сутурлоб астрономик асбоб. Диаметри 10 сантиметрдан 50 сантиметргача ҳажмга эга бўлар экан. Навоий сутурлобни тилга олади, аммо шоир ифодаларида осмон жисмларининг шу қадар катта ва аниқ тасаввурлари бериладики, уларда “Хамса”дан қарийб 100 йил кейин ихтиро қилинган телескопдангина кўриш мумкин бўлган маълумотлар бор.
Шубҳасиз, Алишер Навоий ижодида, хусусан, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонларида фантастик тасвирнинг бадиий самараси ҳақида атрофлича маълумот беришни филология фанлари доктори Раъно Иброҳимова амалга оширган. “Ўзбек адабиётида илмий фантастика жанри”[4] китобининг номланиши ўзбек адабиёти билан белгиланган бўлса-да, салмоқли қисм ўзбек фантастикасининг шаклланиш манбаларини илмий жиҳатдан мукаммал равишда кўрсатишга бағишланган. Бу фаслнинг асосини эса Алишер Навоий достонларидаги фантастик лавҳалар эгаллайди. Уларни олима уч гуруҳга ажратиб таҳлил қилган:
1. Соф фантастик элементлар.
2. Илмий фантастик элементлар.
3. Илмий бўлмаган фантастик элементлар[5].
Асосий эътибор фантастик воқеалар кўламини ўрганишдан иборат бўлганлиги сабабли Р.Иброҳимова фақат энг муҳим ўринлардагина Навоий хаёлида пайдо бўлган ўта муболағали лавҳаларни замонавий янгиликлар билан боғлайди. Муҳими, тадқиқотчи ҳар бир мулоҳазасини баён қилишда Алишер Навоий инсон тафаккури, унинг илмий салоҳиятига суянганини таъкидлайди: “Навоий достонларида фантастик элементларнинг мавжудлиги фақат ўша замондаги реал ҳаёт билангина боғланган бўлмай, келажакка ҳам қаратилган ҳолатда шоир ва етук мутафаккирнинг комил ишончи бўйича, албатта, ҳақиқатда ечимини топиши билан ҳам уйғунлашган эди”[6].
Аслини олганда шоир даҳосидаги фавқулодда ўрин олган кейинги асрлар кашфиётларига аввалги навоийшунослар ҳам эътибор берганлар. Хусусан, Е. Э. Бертельс 1948 йилдаёқ ёзган “Навоий” монографиясида “Сабъаи сайёр” достонидаги иккинчи ҳикояда Зайд ҳар тарафга юриши мумкин бўлган тахтнинг (бугунги кунда театрдаги саҳна ҳаракатини эсланг. Муаллиф) саккиз зинаси ўз-ўзидан ҳаракатга келишини ёзар экан: “Навоий қизиқишларини – техник фантазияни ифодаловчи бу ғаройиб тасвир бизнинг кунда амалга оширилган: Навоий тахти ўзида автомобилни ва эскалаторни бирлаштиради”[7], дейди. Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий асарларини мутолаа қилган ўқувчи буюк ўзбек фарзанди хаёлот оламининг серқирра мўъжизаларга бой эканидан ҳайратга тушади.
Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” девонларининг биринчиси – “Ғаройиб ус-сиғар”га ёзган дебочасида “Кўнглумга ўзга қувват кирди ва табъимга ўзга жавдату жалодат ҳосил бўлди, килким жардайи тезкомиға ўзга равонлиғу хаёлим саҳоби барқ хиромиға ўзга гавҳаравшонлиғ юзланди”[8], – деб айтган эди. Бу фикр давомида “Чун бу маъно гавҳарлари барча ул ҳазратнинг табъи баҳридину зеҳни конидин ҳосил бўлди ва алфозу иборат хазойини ҳамул маънолар гавҳаридин тўлди, бу маънодин анинг отин Хазойин ул-маоний қўюлди”[9]ларини ўқиймиз. Шоир бутун ҳаёти давомида илм олишдан, фикр юритишдан, хаёл суришдан, ғаройиб тасвирларни кашф қилишдан тўхтамади. Бу фазилат буюк даҳо асарларига доимий ҳаёт бағишлади. Фавқулодда топилган муболағалар, қиёсий ифодалар, тазод – қаршилантириш санъати намуналари ўқувчини беихтиёр шоир қалами кетидан изма-из эргашишга мажбур этган. Хаёл шоирга сеҳрли ҳодисалар оламида сайр қилиш имконини берди. У ёзади:
Комин қилур эрмиш одамийзод хаёл,
Нақш айлар эмиш кўнглига юз фикри маҳол,
Мундин ғофил қолибки, хаййи мутаол,
Келтурғуси тонгла анинг оллиға не ҳол[10].
“Комин қилур эрмиш одамийзод хаёл” тамойили шоир ижодининг бошланишидан якунигача давом этадиган доимий хусусият сифатида баҳоланиши мумкин. Бу хаёл “жоми гетинамой” – оламни акс эттирадиган қадаҳ, темир одам – робот, эскалатор, сув ости кемаларини тасаввур қилиш имконини беради. Замонавий илм-фан тараққиётида фан-техника кашфиётларининг вужудга келиш жараёни, асосан, уч босқичдан иборат бўлади. Аввало, кашфиёт ғояси пайдо бўлиши зарур. Иккинчидан, унинг лойиҳаси, техник ечими ишлаб чиқилади. Учинчидан, лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.
Жаҳон халқлари оғзаки ижодида, шу жумладан, ўзбек эртаклари ва достонларида қадим-қадимдан узоқ масофаларни тезликда босиб ўтиш, хавотир олган кишисининг тақдиридан хабардор бўлиш, иложи бўлса, у билан сўзлашиш, тўкин ҳаёт кечириш, деҳқончиликда, ҳунармандчиликда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўъжизалар яратиш ғоялари анъана эди. Ҳаётда фан-техника ривожлангани сари хаёлий ҳодисалар ўз ечимини топди ва топмоқда. Инсон орзусининг амалга ошиши инсоният ривожини таъминловчи омилга айланди. Пахта териш машиналаридан тортиб, ғалла ўриш комбайнларигача, уяли телефонлардан тортиб, интернет сайтларигача “одам” деб аталувчи мўъжизанинг хаёллари маҳсули эмасми? Салоҳият, илм даражаси юқори бўлгани сайин фикр юритиш савияси ҳам мутаносиблашаверади. Бинобарин, Алишер Навоий ижодида тасвирланган муболағали ифодалар қайсидир йўсинда илмий асосланган тарзда вужудга келди ва уларнинг аксарияти ХХ ва XXI асрда ўзининг ечимини топди.
Алишер Навоий “Фавойид ул-кибар” девонидаги 594-ғазалда шундай дейди:
Муҳандисе топаю эгнима қанот ясатай,
Учуб ҳавосида қушлар аро ўзимни қотай[11].
Табиийки, инсон табиат манзараларидан роҳатланади. Тоғлардан тошларга урилиб оқаётган зилол сув унга завқ бағишлайди. Шу пайт осмонда пайдо бўлган бургут, лочин, жуда бўлмаганда оддий каптар унинг эътиборини жалб қилади. Унинг ўзи ҳам қоядан-қояга учишни, тоғ чўққиларини осонгина забт этишни ўйлайди. Қуш қанот қоқиб учгани сари инсон ҳам осмондан, қуш парвозидан ажиб ерни томоша қилишни ҳавас қила бошлайди. Туркий мумтоз адабиётда Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида Намруднинг кўкка учгани ҳақида қисса берилган. Унда Намруд қора қушлардан фойдаланиб, махсус сандиқда кўкка парвоз қилганди, гўшт баланд устунга боғланганда қушлар унга интиладилар ва ўзлари боғлаб қўйилган сандиқни ҳам кўтариб учадилар. Кейин гўшт пастга боғланади ва қушлар энди пастга қараб учадилар. Шу зайлда Намруд ўз кўнглида осмонга ҳам эга бўлганини зикр этади. Аммо Алишер Навоий масалага бу қадар содда ёндашмайди. У осмонга учиш учун махсус қанотли қурилма зарурлигини тушунади. Бу қурилмани эса фақат муҳандис – техник инженер ясайди, деб ҳисоблайди. Муҳандис ясаган қанотгина шоирни кўкка олиб чиқиши ва қушлар қаторида парвоз қилиб, улар билан аралашиб учиш орзусига етишига имкон яратиши мумкин, деб билади.
Маълум бўладики, буюк шоир хаёлида жонланаётган тасаввурлар йиғиндиси шу қадар кенг кўламли эдики, уларни ижодга татбиқ қилиш учун лирик асарлар чегараси, шубҳасиз, торлик қиларди. Айнан ана шу имкониятни фақат ҳажм ва мазмун жиҳатдан хийла серкўлам достонлар яратиши мумкин эди. Шунинг учун бўлса керак, биз “Хамса” таркибидаги муайян сюжет тизимига эга “Фарҳод ва Ширин”да шоиримиз тасаввурида пайдо бўлган фантастик тасвирлар мажмуи билан танишишга муяссар бўламиз.
Достонда шоир тасаввур фантазиясига эрк беради. Чин мамлакатининг хоқони узоқ умр яшаганига қарамай, фарзанд кўрмайди. Бу ўринда шоир халқ эртаклари, достонларидаги анъанавий мотивдан фойдаланади. Фольклоршунос олимларнинг таъкидлашича, узоқ кутилган ва кўпдан-кўп эҳсонлар эвазига Яратгандан тилаб олинган фарзанд ўзигача бир хил йўналишда давом этиб келаётган ҳаётда кескин бурилиш ясаши керак. “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбек, Қалдирғоч, Барчинойларни эслаш кифоя. Энди фарзанд туғилганидан кейин ота бўлмиш Хоқон унга бутун меҳрини бағишлашга тайёр. Унга замонасининг энг етук олимлари таълим берадилар. Фарҳод ҳам уларнинг умидларига етарли жавоб тайёрлайди. Аммо “фироқ”, “рашк”, “ҳажр”, “оҳ”, “дард” сўзларининг бош ҳарфларидан ишқ унга “Фарҳод” деб исм қўйгани сабаб воқеа ривожида кескин ўзгаришлар рўй бера бошлайди. Хоқон ва Мулкоро маслаҳати билан йилнинг тўрт фаслига мослаб қурилажак қасрлар тасвирида шоир бизни ҳақиқий маънодаги ажойиботлар оламига етаклайди. Моний ва Боний биноларни фалак қасри барбод бўлишдан, йиқилишдан озод бўлгани каби маҳкам қурадилар:
Келиб ҳар не бино ул қилса бунёд,
Йиқилмоқдин фалак қасридек озод.
Бўлиб туфроғи онинг хорадин берк,
Ясаб оҳакни оҳанпорадин берк[12].
Қасрларни томоша қилгани келганлар уларнинг ҳар бирида алоҳида-алоҳида фасл фазилатларига гувоҳ бўлдилар:
Кўриб боғида юз турлук ажойиб,
Топиб қасрида минг онча ғаройиб[13].
Маълумки, бадиий адабиётда ёзувчи тасвир имкониятларидан сўз воситасида иложи борича кенг фойдаланишга ҳаракат қилади. Аммо Алишер Навоий бу имкониятнинг энг самарали намунасини кўрсатишга эришган. Фарҳод ўзининг Юнонистонга қилган сафарида Суқрот билан учрашиб, у ётган ғорларга борганида қоронғи зулматга дуч келади. Атроф шу қадар қоронғи эдики, порлоқ қуёш хира тортарди, ой ғорга тушса куйган патирга айланарди (байт мазмуни Ғафур Ғулом тайёрлаган нашрдан олинди. Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”. Т. 1956. Б-255):
Анингдек ҳар бирининг жавфи тийра
Ки, андин меҳри анвар шамъи хира.
Агар кирса анга бадри мунири,
Кўруниб тийраликдан қурси қири[14].
Фарҳод борган водийда юзлаб қон оқувчи дарёлар бор. Юз минглаб қон тўкувчи аждарлар яшайди:
Оқиб водида юз дарёи хунхор,
Тоғ ичра худ минг аждарҳойи хунхор[15].
Энди Хоқон, Мулкоро, Фарҳод бу даҳшатли манзарага Қуёш, Ой нуридан ҳам кучлирок акс таъсир топишлари керак эди. Бу акс таъсир вазифасини Жамшид жоми бажаради. Бу жомни олиб келишгани заҳоти вазият ўзгаради. Ҳаммаёқ нурга бурканади. Олий яшинлик ҳукм сура бошлайди:
Равони борибон келтурдилар жом,
Ки, андин мушкил иш топқай саранжом.
Анга қилғоч назар истаб кушойиш,
Жаҳон тимсолиға топти намойиш.
Қаён боққач қилиб равшан назарлиқ,
Бир иқлим этти зоҳир жилвагарлиқ[16].
XXI аср фарзанди юқоридаги байтларни ўқир экан, кўз олдида энг замонавий фильмларда ифодаланадиган кадрлар ўтаётгандек бўлади. Тасаввур қилинг, уч инсон қаршисида қон оқаётган дарёлар, аждарлар бош силкитиб кўрсатаётган қўрқинчли ҳодисалар бирдан йўқ бўлса-ю, ўрнига жон роҳат оладиган манзаралар намойиш этилса! Шубҳа йўқки, замонавий кино санъатида қўлланадиган гиперграфия усули шоир томонидан XV асрдаёқ кашф этилганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай саҳифаларни Фарҳоднинг Юнонистон сафари давомида санаб охирига етолмаймиз.
Суқрот манзилининг тасвиридa ҳам бизни қизиқтирган айрим мулоҳазали ўринлар бор. Аввало, шоир Суқрот ғорини ўта фантастик тасвирлар билан безайди. Афсонавий қаҳрамон ҳақида шундай маълумот беради:
Келиб кўнгли анингдек баҳри зоҳир
Ки, анда зоҳир аввал то ба охир[17].
Бу байтга Ғафур Ғулом шундай изоҳ беради: “Унинг кўнгли заҳираларнинг денгизидай кенг бўлиб, унда аввалдан охир нимаики бўлса кўриниб туради”[18]. Мумтоз адабиётда дунёдаги ҳодисаларни ҳис қилиш муаммоси аввалги манбаларда ҳам бўлган. Хусусан, Баҳоуддин Нақшбанднинг “Сафар дар ватан” тамойили, Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида Сулаймон пайғамбар билан Қаринчқа суҳбатида ана шу масала ҳақида фикр юритилади. Аммо Алишер Навоий достонда фикрий мулоҳазадан илгарилаб кетади ва “зоҳир” сўзи билан кўриниб туриш, очиқ-ошкорлик ғоясини илгари суради. Бу ғоя эса бугунги кунда ўз хонасида ҳордиқ чиқараётган замондошларимизнинг бутун дунёдаги ҳодисотлардан хабар топиб турганликларини эслатади. Қизиғи шундаки, шоир Суқрот лавҳасида ўта таъсирли бир кўринишни тилга олади:
Бўлиб ғорда ҳар дун анкабути,
Бир устурлоби гардун анкабути[19].
Агар устурлобни осмон жисмларини кузатиш учун фойдаланилган асбоб деб олсак, осмон ўргимчаги кўринишидаги кузатиш асбобини нима деб аташ мумкинлигини ўйлаб қоламиз. XXI асрда илм-фан соҳасида энг долзарб маълумотлар берилаётган номаълум учар жисм ҳақида гап кетмаяптими, деб қолади киши. “Фарҳод ва Ширин” достонини мутолаа қилишда замонавий тиббиёт, астрономия, физика, кимё фанлари кашфиётлари билан аниқ танишамизки, натижада бу фикрни инкор қилишдан ҳам ожиз қоламиз. Ҳатто, Суҳайлонинг Фарҳодга оғзидан ўт сочадиган Ахриман билан жанг қилишда ўтдан сақлайдиган Самандар ёғи ҳам бугунги кунда кўп фильмларда каскадёрлар фойдаланадиган махсус суюқлик эмасмикин:
Деди: “бу зарфким маръи бўлодур,
Самандар ёғидин билким тўлодур.
Ки аждар бирла разм эткан замонда,
Бу ёғ ўтдин сени тутқай амонда”[20].
Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида ўз қаҳрамонини кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган синовлардан ўтказиб чиниқтирди. Бу ўринда темир одамларга дуч келиш лавҳасини эслаш жоиз. Фарҳод ўз сафари давомида арслондан омон ўтиб, дарвоза ичидаги темирдан ясалган ҳайкалга дуч келади. Унинг кўксида қуёш кўзгусидан ойна осиғлиқ эди. Йўловчи ёй ўқи билан ўша ойнани тўғри нишонга олса, бир пайтнинг ўзида темир одам ҳам, атрофидаги унга монанд юзта ҳайкал ҳам йиқилади ва тилсимни очиш тўсиқларидан бири ҳал бўлади. Эътибор берайлик, темир одам кўксидаги ойнанинг синдирилиши атрофдаги юзта одамнинг ҳам йиқилишига сабаб бўлмоқда. Бу вазият бизга махсус буйруқ бўйича ҳаракат қилувчи қурилма – роботларни эслатмайдими?!
Бизнингча, буюк адиб даҳоси кашф этган энг муҳим янгиликлардан бири ойнаи жаҳон – телевизор ҳисобланади. Шоир бу асбобни “Жамшиди жом”деб атайди. Дунёда рўй бераётган воқеаларни унинг ёрдамида кўриш мумкин эди. Аммо шу ўринда ўқувчида бир фикр пайдо бўлади: Нима учун Фарҳод айнан ана шу Жамшиди жомдан Ширинни кўра олмади? Ширинни кўриш учун у махсус тилсимни очиши керак эди. Ваҳоланки, Жоми Жамшиднинг таърифи жуда юқори эди:
Эрур Искандари Румий нигори,
Жаҳон аҳлиға онинг ёдгори.
Ки, айлаб тўрт юз доно билан жаҳд,
Алардин ҳар бири Афлотунға ҳамаҳд[21].
Халқ оғзаки ижодида қўшалоқлаштириш, деб аталувчи бадиий усул бор. Унга кўра, кўпинча, асар қаҳрамони учга бўлинган йўл устидан чиқиб қолади ва “борса келмас”ни танлайди. Бу билан эртакдаги бош қаҳрамоннинг оддий одам эмаслиги таъкидланади. У ҳамиша оғир вазифани бажаришга ўрганганига урғу берилади. “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам, фикри ожизимизча, Алишер Навоий ўз Фарҳодига ана шундай таъриф беради. Яъни бутун дунёдаги ҳамма воқеаларни кўрсатадиган жоми Жамшид мўъжизаси Фарҳодга ёрдам беришдан ожиз. Фарҳод сандиқдаги кўзгудан бўлажак маъшуқасини кўриш учун Искандар тилсимини бузиши керак эди. Юнонистондаги мисли кўрилмаган жасоратлар якунида қаҳрамонимиз темир одам кўксидаги кўзгуни синдириш билан бу масалани ҳал қилди. Суқрот бу ҳақда шундай хабар беради:
Яна кўзгу ишиким ҳодис ўлди.
Сенга буён келурга боис ўлди[22].
Кўзгу сирини очиш йўлида ҳамма вазифалар тўлиқ бажарилгандан сўнггина бевосита Фарҳод тақдири билан алоқадор Ширинни кўриш муаммоси ҳал этилади. Искандар тилсимини очиш мажбуриятини ўйлаб топган шоир эса, бир томондан ўз қаҳрамонини ўта мураккаб мушкулларни ҳал қилишга қодирлигини ва айни чоқда Ширинни кўриш жоми Жамшиддан ҳам мукаммалроқ ясалган қурилмага тааллуқли эканини исботлайди.
Алишер Навоий иқтидорининг қирраларидан бири шоир томонидан ҳикоя қилинаётган ва тасвир топаётган воқеа-ҳодисага ўз ўқувчисини ишонтириб боришга интилишдир. “Фарҳод ва Ширин”даги ғаройиб тасвирлар, “Сабъаи сайёр”даги эскалаторлар, ўзи юрар тахтлар шоир ифодасига кўра айни ҳақиқат сифатида ўқувчига тақдим этилади. Айни пайтда, шоир “Садди Искандарий” достонида Искандарнинг сув остига шиша идишда тушганини ҳикоя қилган Хусрав Деҳлавийга қўшилмаслигини айтади. У топган йўлнинг ҳаддан ташқари эканини, ҳаётга тўғри келмаслигини ёзади:
Вале бу ривоят эрур бас маҳол,
Вуқуъиға топмас хирад эҳтимол[23].
Шу билан бирга, шоҳ Искандарнинг сув остига тушиш орзусини ечимсиз қолдирмайди. “Қисаси Рабғузий”даги Сулаймон пайғамбар ва Қаринчқа суҳбати йўлини танлайди ва ҳаётда амалга ошириш мушкул бўлган пайтда тафаккур имкониятига суяниш зарурлигини кўрсатади. Искандар қадимда ҳам набий, ҳам валий бўлгани сабаб: “Валийликдан ўзини хабардор топиб, нубувват мақоми кўзини ёритди. Кўзи ул шуъладин нурли бўлғач, қаён боқди – кўрди, неким бор эди, қанча сирли ишлар унга ошкор эди. Сув ичида томоша қилиб юраркан, ер юзидаги жониворлар ҳам унга акс этиб кўриниб турарди”[24]. Аммо бу ўринда шоирнинг Хусрав Деҳлавийга мурожаат этиб, сув ости қурилмасини эсга олганини таъкидлаб ўтиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Буюк адибнинг ижод меросидаги хаёл бўстонини сайр этарканмиз, фавқулодда кашф этилган фикр янгиликларидан ҳайратга тушамиз. Сон-саноқсиз топилган тасвирлар тизимидаги жозиба китобхонга тинчлик бермайди. Ҳатто ўйлаб қоласан киши – Алишер Навоий XV асрда яшагану, XXI аср замонидаги кашфиётларни ҳис қилганми? Ёки унинг ўзи XXI аср одамларига замондош бўлгану, XV аср ҳаёт шароитига тушиб қолганми? Ожизона фикр юритган ҳолда “Фавойид ул-кибар” девонидаги бир ғазалга мурожаат килайлик:
Хилъатни то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шулаи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил[25].
Тўғри, бу ўринда қизил, сариқ, яшил рангларга берилган эътиборда тасодиф етакчи ўринга эгалигини инкор қилмаймиз. Аммо бугунги кунда замондошларимизнинг кўзлари кўп тушадиган ранглар муайян тартибда светофор чироқлари эканини ҳaм инкор этиш мумкин эмас. Фахр билан қайд этиш мумкинки, жаҳон шаҳарларида муттасил равишда йўл ҳаракатини бошқарувчи светофорлар ранги рамзида буюк шоиримизнинг ёр ишқида чеккан шуълаи оҳи намоён бўлгандек туюлади.
Хуллас, Алишер Навоий XV асрда яшаган буюк ўзбек мутафаккири сифатида ижод қилган ва келгусида ҳаёт тараққиётини белгилаб берган кашфиётлар ҳақида муайян тасаввурга эга эканини кўрсатишга эришган. Юқорида қайд этилган бизнинг мулоҳазаларимизни эса, сўз мулкининг султонига нисбатан оддий мухлиснинг ҳурмат изҳори сифатида қабул қилишингизга тилак билдирамиз.
Омонилла Мадаев, филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 2-сон
[1] Валихонов Амонилло. Ғазал нафосати. Т. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1985. Б-33.
[2] Ўша жойда. Б-34.
[3] Азизов Сайид Баҳром. “Ойфалак”. Қўлёзма Б-25.
[4] Иброҳимова Р. М. Жанр научной фантастики в узбекской литературе. Т. “ФАН”. 1987.
[5] Ўша жойда. Б- 21-38.
[6] Ўша жойда. Б-28.
[7] Бертельс Е. Э. Навои. Москва – Ленинград. 1948. Б-204.
[8] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Учинчи том. Хазойин ул-маоний. Ғаройиб ус-сиғар. Т. “ФАН”. 1988 й. Б-16. Кейинги иқтибосларда сон ва саҳифа келтирилади.
[9] Ўша жойда. Б-11.
[10] Ўша жойда. Б-11.
[11] Алишер Навоий. 6- том. Б-401.
[12] Алишер Навоий. Асарлар 8-том. Б-81.
[13] Ўша жойда. Б-94.
[14] Ўша жойда. Б-172.
[15] Ўша жойда. Б-173.
[16] Ўша жойда. Б-173.
[17] Ўша жойда. Б-175.
[18] Алишер Навоий. “Фарҳод ва Ширин”. Т. 1956 й. Б-259.
[19] Алишер Навоий. Асарлар. 8-том. Б-176.
[20] Ўша жойда. Б-140, 141.
[21] Ўша жойда. Б-123.
[22] Ўша жойда. Б-182.
[23] Алишер Навоий. 11- том. Б-510.
[24] Алишер Навоий. “Хамса”. Қисқартириб нашрга тайёрловчи. Анвар Ҳожиаҳмедов. Т. 2010. Б-330.
[25] Алишер Навоий. Асарлар. 6- том. Б-264.