Шодмон Ҳайитов. «Алишер Навоий» кемасини биласизми? (1990)

Жумҳуриятимиз аҳли жаҳон маданиятининг буюк намояндаларидан бири, адабиётимизнинг улуғ бобокалони Мир Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигини тантанали нишонламоқда. Феодал урушлар авж олган, тахт ва мансаб йўлида шоҳ ва шаҳзодалар ўзаро курашаётган бир даврда яшаб ижод этган Навоий туркий халқлар адабиётини, маданиятини шундай юксакликка кўтардики, шоирнинг номи ўша даврдаёқ халқларни тинчликда, ҳамкорликда ва дўстона яшашга даъват этувчи рамзи бўлиб хизмат қилди. Мутафаккирнинг нияти шунинг учун ҳам улуғ эдики, у барча халқларнинг ирқи, ижтимоий келиб чиқиши, ривожланиши даражасидан қатъий назар барчанинг тинч-тотув яшашини истарди.

Бизнинг замонимизда ҳам улуғ бобомизнинг ниятлари, орзу-истаклари умумбашарий тус олганлигини кўрамиз. Ижтимоий тузуми турлича бўлган давлатларнинг тинч-тотув яшаши, ядро уруши хавфининг олдини олиш, инсониятни, она сайёрамизни сақлаб қолиш йўлида ибратли ишлар қилинаётгани ҳаммага маълум. Дўстлик, умуминсоний масалаларни ҳал қилишда ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиш, инсоний масалаларни ҳал қилишда байналмилал анъаналарни тиклашга интилиш ҳаракати кучаймоқда. Ҳазрат Навоийнинг орзу-умидлари эндиликда рўёбга чиқмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу улуғ мақсад йўлида устод рамзий маънода ҳамон сафимизда.

СССР денгизчилигида мамлакат байроғи билан чет эл сафарларига чиқадиган кемаларнинг 20 га яқини Ўзбекистон билан боғлиқ. Совет денгизчилигидаги кемаларнинг анчаси ёзувчи ва шоирлар номи билан юритилади. Сувратли қилиб айтганда Тинч ва Шимолий муз уммонларида, Эгай денгизи, Қора денгиз ва Азов денгизида «Ҳамза», «Садриддин Айний», «Михаил Луконин», «Якоб Колас», «Мухтор Авезов», «Сергей Смирнов», «Владимир Маяковский» сингари адабиётчилар флоти хизматда.

Шарқнинг улуғ фарзанди номи билан аталадиган «Алишер Навоий» теплоходи Ёзувчилар флотидаги энг тўнғич кемалардан бўлиб, мамлакатимиз буюртмаси билан Югославиянинг Риека заводида қурилган. У 1969 йилда Владивосток шаҳрида сувга туширилди. «Навоий» кемасининг ҳаракат чизиғи Владивосток — Иокосуко — Сингапур — Сидней — Сан-Франциско шаҳарларидан ўтади. У ерларга дон, техника қурилмалари, мих ва турли хўжалик буюмлари етказиб беради. «Навоий» кемаси Владивосток соҳилида сувга туширилган дастлабки кундаёқ ушбу қувончли хабар Ўзбекистон жамоатчилигига — буюк мутафаккир номи билан аталадиган Навоий шаҳри аҳолисига етиб келди. Ўзбек адабиётининг асосчисига ҳурмат, унинг ғояларига содиқлик рамзи бўлган ушбу кема ўзининг 20 йиллик фаолияти давомида Америка, Англия, Япония, Канада, Янги Зеландия, Австралия, Ҳиндистон, хуллас Африка қитъасидан бошқа барча чет эл соҳилларида бўлди. Шунингдек, «Алишер Навоий» кемаси СССР — АҚШ, СССР — Канада, СССР — Япония Дўстлик жамиятларининг аъзоси ҳамдир.

Табиийки, кема бўсағасига қадам қўйган ҳар бир чет эллик кема номи билан қизиқади. Денгизчиларимиз Навоий ва унинг ижодий фаолияти ҳақида уларга мароқ билан ҳикоя қилиб берадилар. Шуни таъкидлаш ўринлики, кеманинг 32 кишилик жамоасининг кўпчилиги ҳозир улуғ адибнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида хорижларга инглиз тилида маълумот бера олади. «Навоий» кемасига ташриф буюрган ҳар бир киши унинг номи билан боғлиқ лавҳалардан катта маълумотга эга бўладилар. Жумҳуриятимиз жамоатчилиги, айниқса Навоий шаҳридаги оталиқ ташкилотлар кемага кўмак бермоқда. Бу соҳада Навоий шаҳар ижроия комитети, Навоий шаҳар халқ маорифи бўлими, шаҳардаги пионерлар уйи ҳамда 1 6-ўрта мактаб ўқувчилар жамоаси томонидан ҳар йили ўнлаб нусхада Навоий асарларидан кемага юборилиб, ўз бурчларини садоқат билан адо қилмоқдалар. 1975 йилдаёқ оталиққа олинган ташкилотлар томонидан юборилган жиҳозлар асосида кемада музей ҳамда буюк шоир — «Навоий» бурчаги ташкил этилган.

Ўзбекистон ССР Фанлар академияси ҳамда Навоий номидаги жумҳурият адабиёт музейи ташаббуси билан кемага шоирнинг 10 жилдлик асарлари, унинг ижоди, ҳаёт йўлини акс эттирадиган тадқиқот асарлари юборилди. Мутафаккир номидаги пионерлар уйи жамоаси эса унинг мўйқалам соҳиблари чизган каттакон суратини совға қилди. Чет элликларга намойиш этиш учун «Ўзбекфилим» киночилаои томонидан «Навоий» фильми кемага совға тарзида инъом қилинди. Ҳозир Навоий бурчагида ўзбек классик адабиётининг ўзбек, рус, чет тилларидаги нодир асарлари, тантаналар муносабати билан тайёрланган жилдлар китоб ва рисолалар, газета ва журналларда чоп этилган мақолалар алоҳида кўргазмадан ўрин олган. Кираверишда, кўзга яққол ташланадиган жойга эса Мир Алишер Навоий сурати ўрнатилган.

Кемада тўпланган материаллар, ўзбекистонлик ҳамда чет эллик меҳмонлар билан ҳамкорликда Навоийхонлик кунларини ўтказишга имкон беради. Ушбу анжуманларда жамоа шарқона кийинади, ўзбек миллий таомлари билан чет эллик меҳмонларга илтифот кўрсатилади. Бу эса жаҳон халқларининг Навоий ҳақидаги билимларини бойитади, халқларни бир-бирига яқинлаштиради.

Салкам чорак асрдан буён Тинч океани — баҳри муҳитда сузиб юрган, тинчлик ва дўстлик элчиси бўлган «Навоий» кемасининг сафари доимо бехатар бўлсин!

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 2-сон