Норқул Бекмирзаев. Буюк ибрат (2010)

Низомиддин Мир Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида шундай ёзади:

“Темур Кўрагон — агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқибдурларким, анингдек бир байт ўқиғони минг яхши байт айтқонича бор”. Яъни, ул зот ўзи шеър ёзмаган бўлса-да, лекин шеърий ва насрий асарлардан шунча кўп ёд олган ва уларни шундай яхши ўқир эканки, бунга ҳамма қойил қолар экан. Бундай қобилият эса фақат билимдон, нозиктаъб инсонларда бўлади.

Зеҳни ўткир, заковати тенгсиз Соҳибқироннинг бу борадаги фазилатлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” китобида ҳам муҳим тарихий манбалар асосида алоҳида таъкидланган. Амир Темур саройида котиб бўлиб ишлаган ва унинг ҳаёт йўлини яхши ўрганган тарихчи Ҳофизи Абрў “Зубдат ут-таворих” асарида қуйидагиларни ёзади: “Амир Соҳибқирон мактабда ўз тенгқурларидан сабоқда ўзиб кетарди. Балоғат ёшига етгунча илм, адаб, хат ва суханворлик касб этди. Ундаги теран билим шижоатга пайванд бўлди ва шундан сўнг амирлик мансабини эгаллади”.

Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихида тақдир ажойиботлари” китобида Соҳибқиронни шундай тасвирлаган: “Темур баланд бўйли, қадимий паҳлавонлардай улкан қоматли, елкалари кенг, боши шерникидай катта, бармоқлари йўғон, оқу қизил тиниқ юзли, йўғон овозли, икки кўзи бамисоли икки ёниқ шамдай оловли, бадани пишиқ, худди тош мисоли қаттиқ, ўлимдан қўрқмайдиган изтиробсиз вазмин одам эди”.

Ҳофизи Абрў бежиз “суханворлик касб этди” деб ёзмаган. Ибн Арабшоҳнинг: “…йўғон овозли.., вазмин одам эди”, деб таъриф беришида ҳам Соҳибқироннинг Аллоҳ юқтирган истеъдодига ишора бор.

Нотиқ учун вазминлик ва тингловчиларга залвор билан етиб борадиган овоз жуда муҳим. Соҳибқирон Амир Темур бобомизда нотиқ учун керакли бўлган барча сифатлар жамулжам бўлган. Ул зотнинг нотиқлигини исботловчи мисоллар Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида кўплаб учрайди.

Шомий ”Зафарнома”сининг икки қўлёзма нусхасигина сақланиб қолган. Биринчиси Амир Темурга тақдим этилган қўлёзманинг 1425 йилда кўчирилган нусхаси бўлиб, у Истанбулдаги “Нури Усмония” масжиди кутубхонасида 3367-рақам билан сақланмоқда. Иккинчиси муаллиф томонидан Амир Темурнинг набираси Мирзо Умар Баҳодир ибн Мироншоҳга тақдим этилган қўлёзмадан кўчирилган нусха бўлиб, у Лондондаги “Британия музейи” кутубхонасида сақланади.

Мазкур асарнинг Амир Темур ҳақида ёзилган манбалардан фарқли томони шундаки, унда Соҳибқироннинг айтган ва сўзлаган нутқлари жуда кенг ўрин олган. Бу ҳолат эса Амир Темурнинг ўткир нотиқлигини, нутқида ортиқча сўз ва ибораларга ўрин бермаганлиги, ҳар бир сўзни ўз оҳанги билан, ихчам ва лўнда ҳамда кескин ҳолатда айта олиш маҳоратини намоён этади.

Ул зотнинг сўзлаган нутқларида аниқ мақсад, режа кўзда тутилгани ёрқин кўринади. Низомиддин Шомий ёзади: “Соҳибқирон ҳазрат менга: “Шу услубда ёзилган, ташбеҳ ва муболағалар билан оро берилган китобларда кўзланган мақсадлар ўртада йўқолиб кетади. Агар сўз қоида-қонунидан насибадор бўлганлардан биронтаси маънисини фаҳмлаб қолса қолар, аммо қолган ўнтаси, балки юзтаси унинг мазмунини билишдан, мақсадга етишдан ожиз. Шу сабабли, унинг фойдаси барчага баробар бўлмайди”, дегач, бунда (Низомиддин) ер ўпиб арз шарафига шундай етказдим: “Ҳарчанд сўз мартабалари кўп ва манзиллари саноқсиздир, аммо абадиятга пайванд ушбу давлат соясида бу фақирнинг сўз санъатида бақадри имкон қудрати ва унинг услублари борасида бу фан арбоблари наздида шуҳрати бордир. Олимлар мақбул сўз ҳақида шундай деганлар: Яхши ва равон сўз улдурким, авом халқ унинг маъносини англагай, хос кишилар эса унга айб қўймагай. Шунинг учун айтмишлар (байт):

“Гар истеъдод бўлмаса, ҳеч ким айтолмас,

Хосга мақбулу омма тушунгудек сўзни”.

Амир Соҳибқирон ҳазрат: “Мен ана ўшандоқ сўзни хоҳлайман”, деди. Мен дуо маросимини бажо келтиргач, арз иззатгоҳига шундай деб етказдим: “Агар ҳукумлари жорий бўлса, бу банда шу тариқа йўлдан боргаймен, қудратим етгунча унинг уҳдасидан чиқишга урунгаймен ва хизматини умрим шарафи деб билгаймен”.

Юқоридаги суҳбатдан кўриниб турибдики, Амир Темур сўзнинг қудратини теран ҳис этган ўта билимдон, сўз сеҳрини англаган, нотиқлик санъатини мукаммал билган, сўз билан амалга ошиши мумкин бўлган ҳар неники англаб етган юксак маънавият эгаси бўлган.Амир Соҳибқироннинг ёш йигитлик чоғи амакиси амир Ҳожи Барлос Хуросонга жўнашга қарор қилади. Амир Соҳибқирон унга шундай дейди: “Сиз Хуросон томонга боришга азм қилибсиз! Вилоят ва мамлакат ҳокимсиз ва бошлиқсиз қолиб, унга фитнаю футур йўл топгай ва зарар етгай. Агар маслаҳат кўрсангиз, мен ўз вилоятимга бориб, у жойдан подшоҳ хизматига юзланай, унинг амирлари ва вазирларини кўрай, токи вилоят хароб бўлмасин”. (Н.Шомий “Зафарнома”) Соҳибқироннинг бу сўзлари Ҳожи Барлосга таъсир этиб, маслаҳатга мувофиқлигини билди ва унинг гапларини тўғри деб топди. Эътибор берилса, Амир Темур сўзларида бирорта ортиқча, ўринсиз сўз учрамайди. Улар барчаси ақл оловида тобланиб, пишиб етилиб, нутқ орқали намоён бўлмоқда. Фикр аниқ, тушунарли, лўнда ва таъсирчан. Соҳибқирон эл-юртни ўйлаб, унинг тинчлигини таъминлаш ҳақида қайғурмоқда.

Амир Темурнинг халқпарвар, юртпарвар зот эканликларини унинг мана бу сўзлари ҳам тасдиқлайди. Мағлубиятга учраган Амир Ҳусайн Амир Соҳибқиронга: “Ўз хонадонинг ва элингни сувдан ўтказ!” — деб буюради. Амир Соҳибқирон жавоб беради: Эл-юрт, яқин кишилар сувдан кечиш мақсадида жўнаб кетдилар. Аммо бундан нима фойда? Ахир, вилоят вайрон бўлди-ку, яшашу тирикчилик одамлар учун аччиқ кечмоқда, шаҳарлар харобага айланди. Маслаҳат шулки, сиз саломат жўнайберинг! Мен яна бир неча кун туриб, лашкар тўплайман ва бу душманлар билан яна бир бор жанг қиламан”, — деди (Ўша асар, 48-бет). Унинг бу нутқидан ботирлик ва довюраклик балқиб турибди.

Амир Соҳибқирон қайси юртга борса, у ерда тартиб ва осойишталик ўрнатиш йўлини тутганлар. У зот Туфлис мавзеига борганларида амирларини ва аркони давлатини йиғиб, шундай нутқ сўзлайди: “Мен шу замонда воқеъ бўлган ҳодисаю харобликлар, фитнаю фасод боисидан вужудга келган ажойиб ҳолатлар ва ғаройиб ишларни кўрмоқдамен; қонун-қоидалар издан чиққан.

Подшоҳлик расм-русуми йўқолган. Албатта, қудратли подшоҳлар бўлмаганидан кейин мамлакат аҳволига ташвиш ва паришонлик йўл топиши таажжубким, ўтмиш подшоҳлар ва собиқ маликларнинг тутган сиёсати ва ҳокимияти устидадир. Уларнинг шунчалик улуғворлиги, комронлиги ва жаҳондорлиги бўла туриб… гуржий жамоалари қандай қилиб шу дамгача сақланиб, мамлакат ва салтанатни бошқарганлар” (Ўша асар, 135-бет).

Эътиборлиси шундаки, Амир Соҳибқирон нотиқликда ҳам, жасурликда ҳам ўз тингловчиларига ибрат ролини ўтаган. Унинг нутқидан бирон сўзни олиб ташлаш қийин. Ҳамма сўзлар ўз ўрнида мақсад нишонига бехато тегмоқда. Бундай нутқни тинглаган амиру уламолар, аркони давлат Амир Соҳибқирон мақсаду муродини чуқур англаб, унга ишониши, эргашиши табиий эди.

Соҳибқирон бобомизнинг қуйидаги нутқида хайрли ишларга даъват мужассам: “Номдор подшоҳлар қудратининг фойдаси, адолатшиор маликлар ғамхўрлигининг манфаати хайрли ишларни шойиъ қилиш ва яхшиликларни ёйишдир. Ҳозирда биз ўтмиш подшоҳлардан қолган асарларни назора қиляпмиз. Бироқ, албатта, биздан ҳам бирор ёдгорлик қолиши лозимки, замон ўтиши билан бизнинг номимиз ўша ёдгорликда сақланиб қолсин ва унинг ажру савоби беандоза бўлсин”. (Ўша асар, 318-бет).

Ҳазрат Соҳибқирон нутқидаги бу даъваткор куч мустақил юртимизда бениҳоя қадр топиб, Юртбошимиз саъй-ҳаракати билан обод бўлаётган шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида намоён бўлаётир.

Амир Соҳибқироннинг сўзга бениҳоя эътибори у улуғ зотнинг саркардалик ва давлатни бошқариш санъатида ёрқин из қолдирган.

Амир Темур бобомизнинг бу борадаги ўзига хос услубини чуқур ўрганиш, сўзга, нотиқликка шунчалар масъулият билан ёндашганларидан ибрат олиш баркамол авлодни тарбиялаш жараёнида алоҳида аҳамият касб этади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 15-сонидан олинди.

___________________
Адабиётшунос олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент Норқул Бекмирзаев 1944 йил 15 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган.
У “Ўзбек ҳарбий эпопеяси” (1978), “Жасорат ва адабиёт” (1980), “Ўзбек ҳарбий прозаси” (1981), “Жасоратнинг бадиий талқини” (1991), “Она юрт куйчиси” (2005), “Шеърият ишқига йўғрилган юрак” (2007) номли илмий китоблар ёзди. Бу орада у бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб “Тўғрига тўп ўтмас” (1991) номли ҳужжатли қиссасини чоп эттирди. У ўнга яқин ўқув-услубий қўлланмалар, 150 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалар, “Нотиқлик санъати сирлари” (2006), “Нотиқлик асослари” (2006), “Нотиқнинг ён дафтари” (2007), “Нутқ маданияти ва нотиқлик асослари” (2007), “Нотиқлик санъати асослари” (2008) номли ўқув қўлланмалар, “Муаллимнинг ён дафтари” (2011), “Юрист нутқи маданияти” (2011) номли китоблар муаллифи.
Норқул Бекмирзаев “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи – 2009” Республика кўрик танловида ғолиб бўлган.
2021 йил 8 август куни вафот этган.