Миразиз Аъзам. Ҳикмат қудрати

Камина 1961 йили “Ғунча” журнали бош муҳаррири Абдусодиқ Ирисовнинг топшириғи билан Бекобод металлургия заводига бориб, Анвар Тошпўлатов ҳақида болалар учун баллада ёзиб келганди.
– Балладангиз “Ғунча” ўқувчиларига эмас, каттароқ болаларга тўғри келади, газетага бера қолинг, – деди муҳарриримиз.
“Баллада ёқмаган бўлса, баҳона қиляпти”, деган хаёл билан ғаладонга ташлаб қўйдим. Орадан анча вақт, чамаси бир йил ўтгандан сўнг ўқиб кўрсам, чинданам, Абдусодиқ Ирисовнинг гапида жон бор экан. Балладани болалар газетасига бергандим, дарҳол чиқаришди.
Эртасига Қудрат Ҳикмат таҳририятга келиб табриклади. Шундан сўнг мени “Металлург” деб атай бошлади. Бир куни: “Металлург, шеърларингни тайёрла. Китобингни чиқазамиз”, деб қолди дабдурустдан. Мен бўлсам, бу гапни шунчаки айтди-қўйди-да, деб тушунибман. Шоир эса ҳар ҳафта ё ҳафта оралатиб: “Металлург, қўлёзмаларни тайёрладингми?” деб сўраб қолади. Ниҳоят, топширдим. Энди ҳар учрашганда: “Планга кирди, муҳаррир кўряпти”, дер эди. Қўлёзма теришга тайёр бўлганда, қарасам, бир кичкина китобчада икки муаллифнинг исми-шарифи турибди.
– Бу қанақаси, менга ҳаммуаллифнинг кераги йўқ, чиқармай қўяверинг! – дедим аччиқланиб. Қудрат ака эса мени қўлтиқлаб олиб, кўчага йўл бошлади. Чойхонага кирдик. Чой устида изоҳ берди:
– Ҳозир болалар шоирлари кўп. Ҳаммасини чиқарай, десак, ҳукумат қоғоз ажратмайди. Олим Маҳкамов яхши, лирик шоир. Лекин бир ўзининг китобини чиқаролмаймиз.
– Ўзингиз биласиз, – дедим ҳафсаласизлик билан.
Шундай қилиб, 1964 йили Миразиз Аъзамов билан Олим Маҳкамовнинг шеърлари “Металлург” номи билан нашрдан чиқди. Кейин ўйлаб қарасам, бу ҳаёт ҳикматларини яхши ўзлаштирган одамнинг тутган йўли экан.
Қудрат ака кўпинча тушлик пайти таҳририятга келиб, чойга таклиф қиларди. Бир пиёла чой баҳона жонидан ортиқ кўрган фарзандларининг ёқимли ва ширин гапларини, қилиқларини севина-севина гапириб берарди. Ўғли Муроджоннинг шўхликлари, тиниб-тинчимаслиги ҳақда “Ҳайрон қолдирар” номли шеър ҳам ёзган.

Ҳандалак бўй Муроджон
Гоҳо гижинг той бўлиб,
Хивич толни “ҳа-чув”лар
Кўлмак сувда лой бўлиб.
Шунда тушар эсимга
Ғирт ўт бўлган ёшлигим.
Қишда қушдай диргизлаб
Қор кечган бебошлигим, –

деб бошланувчи бу шеърдан шоирнинг болалиги қандай ўтганини аниқ тасаввур қилиш мумкин. Айни чоғда халқда “Шўх бола бот қуйилар” дейилганидек, ҳозир “пайпоғи, шими исқирт”, “илма-тешик қалпоқли” бу бола “серҳаракат, мард, дуркун” азамат бўлиб ўсажаги ва ундан кулганларни “ҳайрон қолдиражаги” ҳақида ишонч ва меҳр билан тўла сатрлар битган эди.
1967 йили Қудрат ака мени нашриётга ишга таклиф қилди.
– Нашриётда сенга ўхшаган бир гаплашадиган, сирлашадиган одамим йўқ. Сен бизга ўтгин…
– Билмасам, жамоамиздагилар ҳам, муҳарриримиз ҳам яхши одам. Улардан фақат яхшилик кўрдим. Кетишим – унчалик ўхшамайди-да…
– Бизникилар ҳам ҳаммаси яхши одамлар. Директоримиз Сотволди Йўлдошев адолатли, тўғрисўз, ҳазилкаш, аскиячи. Бирор марта бирор кишини силтаб гапирганини кўрмаганман. Сенинг бошлиқларинг билан ўзим гаплашаман. Ҳеч ким сендан хафа бўлмайди. Мана, кўрасан…
Сотволди Йўлдошев мени очиқ юз ва самимий табассум билан кутиб олди:
– Сизни ҳозирча ёшлар публицистикаси бўлимига катта муҳаррир қилиб оламиз. Икки-уч ойда болалар адабиёти бўлимига ўтасиз. Ҳозир тўғридан-тўғри болалар адабиёти бўлимига катта муҳаррир қилиб олсак, у ерда неча йиллардан бери бу ўринни орзулаб ўтирган муҳаррирлар бор, улар хафа бўлиб, шикоят қилишлари мумкин…
Худди уларнинг мўлжалидай бўлиб, болалар адабиёти бўлимига бир мунча кейинроқ ўтдим.
Қудрат ака танаффус чоғи кулиб:
– Мен бу бўлимда “подшо”, сен “сарой котиби” бўласан, – деди.
– Котиб бўлиб нима иш қиламан? – дейман.
– Менга кўмак берадиган, келажакда мен кетсам, йўлимни давом эттирадиган издош. Ҳозирча ёрдамчим бўлиб иш юритасан, – деб хохолаб кулди ва кифтимга уриб-уриб қўйди.
Шу-шу, энди мен Металлург эмас, Котиб бўлдим.
Қудрат ака ўзидан катталардан, айниқса, Ойбек домладан, Қуддус Муҳаммадийдан яхши меҳр кўрган эди. Буни унутмади, улардан олганларини ортиғи билан ўзидан кичикларга қайтарди.
Бир куни мени Миркарим Осимникига олиб борди. Домла, Қуддус Муҳаммадий билан ширин суҳбат қуриб ўтирган экан.
– Миркарим ака! Бу йигит Миразиз Аъзам деган шоиримиз. Сизга ўхшаган “Мир”лардан, – деб домлага таништирди.
– Қани, сен “Китоб, нима десалар?” деган шеърингни ўқи-чи! – деб қолди. Ўқидим.
Қудрат ака сабаб Миркарим Осим билан яқин бўлиб қолдим.
Бошқа устозларнинг уйларига, ишхоналарига олиб борар, ижод намуналарини чиқаришга кўмаклашарди. Турсунбой Адашбоевнинг китобини чиқариш учун қўлёзмасини нашриёт муҳаррирлар кенгашида муҳокама қилдириб, сўнг режага киритди. Қудрат аканинг ҳаётида бундай мисоллар жуда кўп. Асосан ёшларнинг китобларини режага киритишда жонбозлик кўрсатарди.
Қудрат ака ҳали ёш бўлишига қарамай, кейинги йилларда кўп касаллана бошлаганди. “Ўғлим билан суҳбат” номли ўн босма табоқ шеърлар ва достонлар қўлёзмасини шошилинч топширди.
– Тезроқ тушириб бер, – деди.
– Қудрат ака, мен сизнинг энг яхши шеърларингизни ўзим саралаб тўплам тайёрламоқчи эдим.
– Уни кейин тайёрлайсан, шуни тезроқ тушириб бер, – деди.
Мен қўлёзмани тез ўқиб чиқиб, нашрга тайёрлашга киришдим: тўпламни бош муҳаррир ҳам маъқуллагандан кейин расмлар муҳаррири Геннадий Жирновга тўпламдаги барча шеър, эртак ва достонлар мазмунини айтиб бердим (у пайтда нашриётлардаги ва журнал таҳририятларидаги расм муҳаррирлари асосан бошқа миллат вакиллари бўлиб, ўзбекча қўлёзмани ўқий олмас, шунинг учун китоб муҳаррирлари расм муҳаррирларига бутун китобнинг мазмунини айтиб, тушунтириб бериши шарт эди). Генадан тез ва яхши ишлайдиган рассомларга расм буюртиришини илтимос қилдим. Р.Б.Левицкий билан В.Кайдалов расм ва безакларни битириб беришди. Ниҳоят тўплам китоб қилиб чиқариш учун тайёр бўлди ва уни ишлаб чиқариш бўлимига топширдик.
Бу орада Қудрат ака Хотинкўприкдаги шаҳар клиник касалхонасига даволангани ётди. Буйрагининг биттаси ишдан чиққан, операция қилмаса бўлмас экан. Биз ҳар гал уни кўргани борганимизда “Китоб нима бўлди?” деб сўрарди. “Чиқиб қолар”, дердик. Аммо директоримиз, очиғини айтганда, уни босмахонага топширишга рухсат бермас, қўлёзма ишлаб чиқариш бўлимида ҳаракатсиз ётарди. Касалхонага нашриётимизнинг муҳаррири Эркин ака Сиддиқов билан Қудрат акани кўргани борганимизда, у: “Ахир, нима гап?” деб китобининг тақдирини суриштирди. Биз тўғрисини айтишга мажбур бўлдик. Унинг кўзлари ёшланди. “Мен бир аҳволда ётсам-у, директор менга шундай муомала қилса… бу нимаси? Мени кўргани келмади. Майли, ҳар ким ўз томига тушган қорни кураши керак. Аммо қўлёзмани нега тўхтатиб турибди?” деди аччиғи келиб. Дард эса кундан-кунга оғирлашиб борар эди. Эркин Сиддиқов бир куни Қудрат акани кўргани бориб, совуқ хабар олиб келди. Даволовчи врач: “У него в голосе похоронний звон”, деганмиш. Афсуски, бу хунук башорат тўғри чиқди. Эртасигами, индинигами (ўшанда 1968 йил эди), Қудрат ака буйрак касалидан 42 ёшида вафот этди. Албатта, шоир учун бу энг навқирон – жўшиб ёзадиган, ижод қиладиган палла. Минг афсуски, Қудрат Ҳикмат ижодий баркамолликка эришган айни авж нуқтада дунёни тарк этди. Аммо шоир шеърларини ҳали-ҳануз турли дарсликларда, тўпламларда ўқирканмиз, шеърлар қатидаги умрбоқий ҳикматлар қудратига ўлим бас келолмас экан, деб кўнглимиз ёришади.

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 6-сон