Баъзан мавҳум фикрлаш орқали муайянликдаги чувалашиқлар ечилса, гоҳида муайянлик воситасида мавҳумликдаги чалкашликлар ҳал қилинади. Бундай тафаккурий синоатни айниқса шеъриятда, хусусан Алишер Навоий ғазалиётида кўп кузатиш мумкин. Шу жумладан бобокалон шоиримизнинг “Холу хаттинг” ғазалида ҳам бундай ҳол яққол намоён бўлган.
Умуман, биз ҳар бир меҳрдан янги, “теша тегмаган” фикрлар излашга ўрганиб қолганмиз. Бу назаримда нотўғри. Шеъриятнинг асосий вазифаси “теша тегмаган” фикр айтиш эмас, балки бирон-бир фикрни “теша тегмаган” тарзда айтишдир. Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ҳам Навоий илгари кўп маротаба қалам сурган, дейлик “қора кўзум” ғазалида ҳам фикр юритган мавзу – соғиниш мавзусидир. Лекин боя айтганимиздек, гап мавзунинг эски ёки янгилигида эмас, балки талқиннинг бетакрорлигидадир. Бинобарин, мавзу ҳам худди муҳаббатдек эски бир нарса, лекин ҳар бир шоирнинг қалами, худди муҳаббатни ҳар бир кўнгил янгилагандек, мавзуни янгилайди.
Холу хаттинг хаёлидин, эй сарви гулузор.
Гаҳе кўзумга хол тушубтур, гаҳе ғубор.
Халқимизда бировга узоқ тикилиб қолган одамга “нима бало, юзига хол қўймоқчимисан”, дейдилар. Халқ даҳосининг далили бўлмиш бу қочирим айтиш мумкинки, деярли фотографик бир сирни ифода этади: узоқ тикилиш натижасида инсон кўзининг қораси гўё бошқа бир инсоннинг юзига кўчиб ўтиши мумкинлиги айтилади. Бир қарашда, буни муболаға деб ўйлаш мумкин. Лекин муболағамикан? Маълум бир ирққа мансуб кишиларнинг бошқа ирққа қарашли халқ орасида узоқ яшаганидаги ҳолатини ё кузатган, ё эшитган бўлсангиз эҳтимол. Бундай ҳолларда бир ирқ кишиси иккинчи ирққа хос ташқи белгиларни у ёки бу даражада ўзига қабул қилиб олади. Бу физиологик хусусиятнинг, албатта, ишқ-муҳаббатга алоқаси йўқ. Бу – судралувчиларда эмас, балки инсонда ҳам маълум маънода буқаламунлик хусусияти. (Биз бу ерда кўп гапириладиган маънавий-ахлоқий буқаламунликни эмас, балки ғайри ихтиёрий бир жисмоний буқаламунликни назарда тутмоқдамиз, албатта) мавжуд эканлигини кўрсатади.
Алишер Навоийнинг ушбу ғазалида эса муболаға нафосати юқорида биз гапирган бўрттиришдан ҳам ошиб тушган, тўғрироғи, бу нафисликдан ҳам ингичкароқ назокат билан изҳор этилган муштоқлик шамойилидир.
Бу байтда, матлаъда сенинг хаттингни, мийиқингдаги мўйларни ўйлайберишдан, кўзим худди ўша хатлардек хираликка гирифтор бўлди, холингни соғинишдан эса, кўзимга хол тушди деб айтмоқда. Бу биз мақоламизнинг кириш қисмида айтиб ўтганимиз халқ иборасидаги муболағадан ҳам ортиқроқ бўрттириш шундан иборатки, бунда ўз ҳузуридаги ёрнинг холу хаттидан эмас, балки олисдаги, ҳали ўзи васлига мушарраф бўлмаган гўзалнинг холу хаттидан ошиқнинг кўзига хол тушиб, гоҳи ғубор қўнмоқда. Бу байтда тағин бир жиҳатга ҳам эътиборни қаратмоқ жоиз – бу шундан иборатки, одамнинг кўзларига, аксар, ғубор кексайганда келади. Бундан англаниладики, ошиқ ўз маъшуқасини, унинг холу хаттини узоқ вақт мобайнида, балки умр бўйи ўйлайберган, кексаликдаги кўз хиралашувини, кўзга хол келганлигини ана шу муштоқликнинг оқибати деб билмоқда. Шуни унутмаслик керакки, ғазал оҳангида бу муштоқликдан, умр бўйи давом этган бу фироқдан шоир ўз руҳида ўксиниш эмас, балки ифтихор сезаётганлиги яққол англашилади. Шу нуқтада тасаввуфий бир оҳангни ҳам уқиб олиш мумкин. Бу ҳолда биз “хат”ни – Қуръони карим ҳарфлари, холни эса шу ҳарфлардаги нуқталар деб тушунмоғимиз керак бўлади. Ошиқнинг эса ўша хатдек ғубор, ўша нуқталардек хол тушган кўзлари ва бу кўзлар мансуб бўлган айрилиқзада жисми тобора висолга яқинлашиб бормоқда, яъни унинг вафот этадиган фурсати. Аллоҳ даргоҳига ноил бўладиган дамларига оз вақт қолаётир… Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ҳам керак – Алишер Навоий талқинидаги муҳаббатда илоҳийлик ва инсонийлик бир-бирини инкор эмас, балки тақозо этадиган тушунчалардир.
Алишер Навоий ҳар гал ўз ғазалини мана шундай авж пардаларда бошлайди. Матлаънинг ўзидаёқ мукаммал бадиий гўзаллик, фикрий бемиқёсликка эришадики, гўё бу байтдан кейин бу мавзуда гап айтишга ўрин қолмагандек туюлади. Лекин туюлади, холос. Навоий ўз тафаккур торларини мана шу авж пардадан кейин яна авжлантира борадики, бу юксакликка шоир қаламига эргашиб кўтарилмоқ улкан бир маънавий қанот бахш этади кишига.
Юзида хол саҳифада томған каби қаро,
Холинг малоҳати, туз эрурким, қарода бор
Бу ўринда беихтиёр пайғамбаримиз Расулиллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаламнинг Билол Ҳабаший ҳақидаги лутфлари эсга тушади. Қора танли бу инсоннинг исломга юксак эътиқодини таъкидлаб, Муҳаммад алайҳиссалом айтган эканларки, келажакда барча гўзалларга холлар Билол Ҳабашийнинг вужудидан улашилғайдир… Бинобарин, гўзаллар рухсоридаги холлар фақат гўзаллик тимсоли эмас, шунинг билан бирга эътиқоднинг мукаммаллигига ҳам ишорадир. Англашиладики, Навоийнинг гўзалликдан мақсади гўзалликкина эмас, балки Аллоҳ таолога ихлос ҳамдир. Шунинг учун ҳам Навоий бу мисрада тағин матлаъдаги сингар қоғоз ва унга томган сиёҳ ташбеҳини тараққий топтиради, ўқувчи идрокини қутлуғ саҳифаларга йўналтиради.
Юзингда хол сафҳада томған киби қаро…
Бу – инсон гўзаллигини ифодалашда бетимсол бир гўзал мисрадир. Лекин Алишер Навоий бу ифода билан қаноатланиб қолмасдан, ўзининг қаламига хос муболаға чексизлиги билан бизни ҳайратлантиришда давом этади.
Холинг малоҳати, туз эрурким, қарода бор.
“Қаро” бу қайғу белгиси, “қаро” бу ғам тимсоли, Навоий “қаро” у кулфатнинг қайси хили бўлишидан қатъий назар, бемақсад бўлса, таъмсиз бўлади, сенинг шу қайғу билан, алам билан рангдош холинг изтиробларимга мазмун бахш этади, уни тотлиғ қилади, демоқчидек. Тағин бир мушоҳада келади хаёлга – “туз” сўзи, агар у ингичка “у” билан талаффуз этилса, туркийда тўғри, рост, деган маънони ҳам ифодалайди. Бундай ҳолда, бошқа бир дилбар муболағани ҳам идрок этиш мумкин – сенинг холинг қаролиғда шу қадар қуюқки, оқ саҳифага томган сиёҳ қандай яққол бир тарзда мавжуд бўлса, холинг қаро сатҳда ҳам шундай малоҳатли, гўзал бир тарзда кўзга ташланади. Тўғрироғи, бу ерда Навоийнинг сонсиз маҳорат қирраларидан бири бўлмиш, бу мақсадга қаратилган кўп маънолилик, яъни шоир айтган гапни ҳар хил нуқтаи назардан талқин қилиш мумкин, лекин буларнинг барчаси асосий ғояни ҳар тарафлама ёритишга хизмат қилади, холос. Навоийнинг бу байтдан чиқадиган марказий хулосаси, инсон ва унинг юзидаги хол – инсоннинг илоҳиёт билан чамбарчас эканлигига ишора ҳамда шу саодатнинг рамзи эканлигидир.
Мавриди келдики, қаро рангнинг маънавиятимиз тарихида тутган бошқача ўрнига ҳам мухтасар тўхталсак. Маълумки, “Сабъаи сайёр” достонида биринчи иқлимнинг дарвеши шу иқлим подшоси томонидан қурилган қора қасрда Баҳромга Ахий бил Фарруҳ ҳақидаги афсонани гапириб беради. Мазкур ҳикоятдаги барча нарсалар қора тусда тасвирланади. Бу ҳақда батафсил баёнга ўтиш ҳозир бизнинг мақсадимизга кирмайди. Лекин шуни эслатиб ўтиш жоизки, йўл қўйган хатолари учун жазо бўлароқ, қора ранг Баҳром учун кулфат рамзига айланади.
Бошиға солиб ул қаро жу,
Ҳар туки сою бир қаро қайғу.
Ахий ва Фарруҳларга эса дўстлик ва муҳаббатдаги садоқатлари учун қаро ранг бахт келтиради. Навоий ўз “Хамса”сида муборак қаро ранг ҳақида қуйидагича хулоса чиқаради:
Қаро ранг элга тожи торакдур,
Ким бу ранг ичра дур муборакдур.
Ушбу ғазалда тавсифланаётган гўзалнинг холидаги ранг ана шу ёвузлик учун кулфат, эзгулик учун бахт келтирадиган қарода бор, демоқда шоир. Бинобарин ёрнинг холидан андоза олмиш ҚАРО фақат ҳусн эмас, балки адолат рамзи ҳамдир. Бу ҳақда кўпроқ билишни истаганлар эътиборини “Сабъайи сайёр”га ҳавола қиламиз-да, ғазал ҳақида фикрлашда давом этамиз.
Навоий тафаккури ғазалда мисрадан мисрага худди қуюндек ҳам чарх ура, ҳам юксала боради. Энди Алишербек ҳазратлари бу юз ва бу холнинг яна ҳам аниқроқ мажозларини аҳтариб топишга ва бу ахтариб топиш орқали бу юз ва бу холнинг мангуликка, ҳаққа нисбатини аниқлашга ўтади, фикримизча.
Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,
Ўт шуъласида айла гумон бир ўчук шарор.
Нега шундай? Нега илгари юз ва хол-хат ва саҳифа, оппоқ қоғоз ва унга томган сиёҳ-қурoнга ишора, мангуликка дахлдорлик эди-ю, энди бундай? Яъни, юз ва холингнинг яна ҳам аниқроқ таърифини билмоқчи бўлсанг, бу ёниб турган ўт ва ундаги сўниб қолган бир чўғ, демакда шоир.
Айтадиларки, Алишер Навоий ҳазратлари тасаввуфнинг фано мақомига эришган зот эканлар. Бу дегани шоир бутун борлиқни Аллоҳ қошида муваққатлигини, инсон эса Ҳақ сари йўл олган бир ўткинчи эканлигини юрак-юракдан ҳис қилган ва ўзининг ҳам бу ҳолини чуқур идрок этиб, мана шу “ўткинчиликда” собит, яъни худога интилишда тўхтовсиз ҳаракатда бўлганлар. Эътибор қилинг, “жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг” дейди шоир. “Ўртамак” бу “ёқмоқ” дегани. Навоий талқинича инсоннинг юзу холи Худо томонидан яратилганлиги билан илоҳий, лекин яратгувчи қошида вақтинчалик бир вужуд. Лекин улар мана шу абадий бир мўъжизани, яъни жонни ёқади. Эҳтимол, юз ва холнинг олов ва ундаги учган учқунга ўхшатилишида, шу юздан айрилиқдаги изтиробларга ишора бордир. Бу айрилиқнинг ўткинчилиги дийдор оловининг боқий эмаслиги билан чамбарчасдир. Изтироб ва ҳусннинг умрида ҳикматли бир тенглик мавжуддир. Хуллас, нима бўлганда ҳам, бир ҳақиқат аниқ-муҳаббатда юз ва хол, яъни инсоний гўзалликнинг ўзигина бош мақсад бўлиб қолса, инсоннинг юзи, унинг жисмоний борлиги фанога, ўткинчиликка иқрор бўлмаса, гўзаллик ҳақ йўлида эмас, гўзаллик гўзаллик йўлидагина мавжуд бўлса, бундай ҳусндан қўрққуликдир, ундан дўзах ҳиди келади. Яна илоҳийлик. Яна инсонийлик…
Маълумки, юракка, шоир таъбири билан айтганда, “кўнгул”га салгина бир ёт жисм, бирон-бир бегона зарра тушса ҳам, у яшашдан тўхтайди, урмай қўяди. Бу ҳодисадан Навоий навбатдаги байтда муҳаббатнинг фавқулодда кучини намойиш этиш учун фойдаланади.
Билмам, кўнгулда холларинг ҳаёлидир,
Ё киприкинг тиканларин айблабсен устувор.
Эсласангиз, ғазалнинг биринчи байтида, яъни матлаъда шоир ошиқнинг ўз суюклиси холини хаёл қилаверишидан кўзига хол тушганини айтган эди, биз бундан ҳайратлангандик. Лекин ушбу байтда кўрамизки, матлаъда изҳор этилган азоб бунисининг ёнида ҳали ҳеч гап эмас экан.
Маълумки, чинакам кўз, тасаввуфий маънода бу – кўнгилдир (Ҳазрати Жалолиддин Румийни эсланг “Кўзни юмғил, кўзга айлансин кўнгул…”). Бу байтдан маълум бўладики, шоир матлаъда айтган кўзга тушган ҳол бу –кўнгилдаги ҳолларнинг кичик бир нишонасидир. Чинакам ҳоллар – ошиқ кўнглидаги саноқсиз доғлар ёр холларини ўйлайверишдан пайдо бўлганми ёхуд ёр киприклари билан “тиканлар” санчганми ошиқ кўнглига.
Нима бўлганда ҳам, бир мўъжиза аниқ – шоирнинг юраги мана шундай доғлар, ёр киприкларининг «тиканлари» устивор қилаётган бесаноқ жароҳатларга қарамай, ҳамон яшамоқда, ҳамон севмоқда. Бу юрак сиртдан қараганда, тирикликнинг биз юқорида айтиб ўтган оддий қонунига зид равишда ҳаёт кечирмоқдаки, бу ҳам муҳаббат туфайли содир бўлаётган мўъжизадир, бу ҳам руҳнинг жисм устидан ғалабасидир, бу ҳам инсон меҳрининг илоҳийлигига бир ишорадир.
Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзим тийра бўлмоғин
Билгай бировки ёри эрур шўху холдор.
дейди ўз фикрини давом эттириб шоир. Бунинг билан Навоий муҳаббатнинг ноёб бир туйғу эканлигини, тансиқ бу бахт ҳар ким – ҳар кимга ҳам насиб бўлавермаслигини таъкидлайди. Биласиз, дардли одам ҳамдардга зор бўлади. Айниқса, муҳаббат дардига гирифтор бўлган одам ўзига ҳаммаслак, ҳамдард излайди, унга сирларини очгиси, тотли андуҳларини ўзига ўхшаган бир ошиқни топиб, баҳам кўргиси келади. Шоир ушбу байтида ўз муҳаббатининг бетимсоллиги сабабли ана шундай ҳамдарднинг, эҳтимол, йўқлигини таъкид этади, балким, бундай ошиқнинг қайлардадир борлигини тахмин қилади, шунинг учун ҳам бу байтда номуайян бир истак билан, ҳали топилмаган ҳамдарднинг мавжудлиги мумкинлиги эканлиги ҳақида нола қилиш билан кифояланади.
Машшотаи қазо безамиш холу хаттини
Беихтиёрликда манго борми ихтиёр.
Инсоннинг измидаги воқеалар бор, измидан ташқари ҳодисалар бор. Қазо бу – илоҳий бир қисмат, ёзғит, машшота дегани маликаларни, аслзода аёлларни ясантирадиган ходима. Навоий ўзининг юқоридаги байтларида батафсил изҳор этган улуғвор ҳамда фожиавий кечинмаларига маҳкумлиги, бу маҳкумлик ўз ихтиёридан ташқарида юз бераётганини, бу Худонинг хоҳиши эканлигини айтади. Бу билан, ўзи гирифтор бўлган кулфатнинг, ўзи мушарраф бўлган бахтнинг илоҳийлигига энди очиқдан очиқ ишора қилади. Инсон қазо ҳукмига банд, инсон илоҳий дийдорга эришгандагина (ваҳдат) узил-кесил мурод-мақсадга етади. Навоийнинг қайта ва қайта таъкидлашича, одамзот ўзининг мана шу маҳкумлигига иқрор бўлмоғи зарур, ана шундагина у фано мақомига доҳил бўлади, ана шундагина у ҳақ йўлидан бораётган бир ўткинчи бўлади. Ёдингиздами,
Навоий, чорадан кўп дема сўзким,
Ғамингга чорасизлик чора бўлмиш.
Демак, чинакам дийдор бу – илоҳий муҳаббат орқали эришиладиган дийдордир. Бундай дийдорга муносиб одамнинг унга эришмоғи муқаррардир. Шунинг учун ҳам мақтаъ мана шу икки дийдор ҳақидаги илтижо билан тугайди:
Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур,
Боқсанг не бўлди суврати холиға, эй нигор.
Навоий ўзининг инсон маъшуқасига, “нигор”ига айтмоқдаки, Навоий худо яратган гўзалигига мафтунлик билан яшаб ўтади. “Жон бериш” дегани шоир фикрича, бу – яшаб ўтиш, умрбод лабинг холига муҳаббат билан хаёт кечириш, дегани. Ана энди биз эътибор беришимиз, алоҳида эътибор беришимиз зарур бўлган ибора келади.
Боқсанг не бўлди сурати ҳолиға, эй нигор.
Навоий холимни суратига, яни ташқи кўринишига боқ, демоқда. Англашиладики, бу ҳолнинг сийрати, яъни унинг асли ўзи илоҳий ва унга нигорнинг боқишга бу ҳолни англашга қурби етмайди. Бу ҳолнинг суратини эмас, балки моҳиятини англаши мумкин бўлган “Нигор” – бошқа. У– Аллоҳдир.
Алишер Навоийнинг ғазалларида инсоний ва илоҳий муҳаббат наволари аралаш келади, дейлик, Шайх Фаридидин Аттор, Аҳмад Яссавий ижодида сўфийлик соф, ёмби ҳолида учраса, Навоийнинг меросида Аллоҳга ва Инсонга муҳаббат ва бу муҳаббатнинг мўъжизавий тароналари чамбарчас боғланиб кетадики, бобомиз меросидаги бу хусусият ўз зиммамиздаги инсонлик маъсулиятимизнинг бир лаҳза бўлсин унутишга маънавий ҳуқуқимиз йўқлигини қайта таъкидлаб, бизни қутлуғ бир тарзда безовталантириб туради.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 5-сон