Жўра Маҳмуд. Cтаниславский ва Чехов

Михаил Чехов гарчанд умрининг ўттиз етти йилини чет элларда ўтказган бўлса-да, театр санъати соҳасидаги амалий ва назарий билимларини Константин Сергеевич Станиславский кашф этган “система” (услуб) асосида ўзлаштирди, устозига ҳурмат ва эътиқоди умрининг охирига қадар сўнмади.

К.С.Станиславский билан М.Чехов тарбия топган муҳит буткул ўзгача эди. Станиславский ўзига тўқ оилада тарбия кўрди. Оила аъзолари ёш Константиннинг барча хоҳишларини муҳайё қилишар, ҳатто унга кичкина “оилавий театр” ҳам очиб беришганди. Станиславский Владимир Немирович Данченко билан Москва бадиий театри (МХТ)ни ташкил этди. Ўз даврининг етук артистларини шу театрга таклиф этиб, улар даврасида камолга етади.

Михаил Чехов эса ўз меҳнати ва қобилияти туфайлигина катта саҳнага йўл олади. У 1891 йилда Санкт-Петербургда туғилади, 1907 йилда Петербургдаги Суворин театр-студиясига ўқишга киради. Петербургдаги гастрол сафари чоғида М.Чехов маҳорати билан танишган Станиславский уни Москва Бадиий театрига ишга таклиф этади. Бу ерда у Е.Вахтангов билан танишади. Икки ёшни театр санъатига ошуфталик дўстлаштиради. Вахтангов “система” бўлғуси актёрларга бошланғич таълимот сифатида зарур, аммо актёр ўз йўлини топиши керак”, деб ҳисобларди. М.Чехов ҳам унинг қарашларини қўллаб-қувватлайди. Бора-бора Москва Бадиий театридаги ёшлар сафи кенгаяди, ўз йўллари, ижрочилик мактабларини яратишга интиладилар. Ёшлардаги ғайрат-шижоат Станиславскийни “Ёшлар студияси”ни ташкил этишга ундайди. Бу студия кейинчалик машҳур Вахтангов театрига асос бўлди.

Вахтангов ва Чехов ўз ҳаётий тажрибасидан эмас, тасаввурдан илғайди тимсолни. Қаҳрамон қиёфасини теварак-атрофдагилардан қидиради. Гоццининг “Маликаи Турандот” спектакли учун Е.Вахтангов топган режиссёрлик ечими ҳамда ижрочилик услуби Москва Бадиий театрининг реалистик услубидан тубдан фарқ қилади. Вахтангов услубига ҳозирги кунга қадар қатор театрлар, шу жумладан, Ўзбекистон ёшлар театри барча спектаклларида мурожаат қилади. Вахтанговнинг бевақт ўлимидан кейин М.Чехов ўзига ҳамфикр топа олмайди. Жудолик, маънавий ёлғизлик уни Европага етаклайди ва ўз назарияларини амалиётга татбиқ этади.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига келиб, Европада, айниқса, Россия театр оламида Михаил Чехов номи тез-тез тилга олинар, унинг ижоди кўпроқ ёш режиссёрлар эътиборини оҳанрабодай тортар эди. Инчунун, Ўзбекистонда Чехов шахсига қизиқиш, унинг меросини ўрганиш Эргаш Масофаев ижодида янгича кўриниш олди. У актёрлар нутқидан  Станиславскийнинг машҳур “Агарда мен” иборасини сиқиб чиқаришга, ўрнига “Агарда у” иборасини қўллашга уринди.

К.Станиславский “система”си билан М.Чеховнинг “Актёр техникаси” ўртасида қандай тафовут бор? Маълумки, ҳаётий ҳақиқат ва бадиий ҳақиқат ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Бадиий ҳақиқат ҳаётийликнинг ижодкор тасаввурида қайта жонланган кўриниши. Ижодкор – рассом, композитор, ҳайкалтарош, ёзувчи, режиссёр, актёр – борлиқни истак-хоҳиши,  олдига қўйган мақсади, илгари сурган ғояга кўра талқин этади. Икки ижодкор усулидаги фарқ шуки, К.Станиславский “системаси”да табиийликка, ҳаётийликка кўпроқ интилган бўлса, Михаил Чехов “мактаби”да бадиийликка интилиш кучлироқ.

Станиславский “Актёрнинг ўз устида ишлаши”[1] асарида актёрдаги туғма қобилият ва уни сайқаллаш йўлларини назарий жиҳатдан исботлашга ҳаракат қилади. Китобда, табиий ҳиссиёт, психотехника, руҳият, туйғу ҳамда “агарда мен шундай шароитга тушиб қолсам нима қилган бўлар эдим?” тарзидаги савол орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкин деган тавсия берилади. Китобда шунингдек, мақсад, олий мақсад ва етакчи хатти-ҳаракат бир-бири билан узвий боғлиқлиги илмий-назарий жиҳатдан исботланади. Мазкур “система” бўйича актёр берилган роль устида ўзининг ички ҳис-туйғуларини ҳолатга ва айни пайтда ҳаракатга келтира билиши, бунинг учун ишни ўзидан, ички имкониятларини ишга солишдан бошлаши лозим. Станиславский системасининг асосий моҳияти “КЕЧИНМА” ва “ТАҚЛИД” бўлиб, “Менинг санъатдаги ҳаётим” ҳамда “Актёрнинг ўз устида ишлаши” китоблари айни шу масалага бағишланган.

Бу ҳақда муаллиф шундай ёзади: “Менинг санъатдаги ҳаётим” номли нашрдан чиққан китобим шу асарнинг биринчи томи, яъни муқаддимасидир. “Кечинма” ижодий процессида “Ўз устида ишлаш” номли ушбу китоб эса шу асарнинг иккинчи томидир. “Яқин орада учинчи томни ёзишга киришаман. Унда “Образга кириш” ижодий жараёнида “ўз устида ишлаш” ҳақида гап боради. Тўртинчи томни “рол устида ишлаш”га бағишлайман”. (Афсуски, учинчи ва тўртинчи жилдларни ёзиш учун муаллифнинг умри етмай қолади).

Станиславскийнинг бутун ижоди давомидаги олий мақсади – актёр табиатида ихтиёрсиз ижод қўзғатиш йўлларини излаб топиш эди. Михаил Чехов эса роль устида ишлашнинг дастлабки онлариданоқ актёр ўзига топширилган ролнинг ташқи қиёфаси, хулқ-атворини қидириши керак деган ғояни илгари суради. Унинг фикрича, биз саҳнада ўзимизни эмас, аксинча, тасаввуримиздаги қаҳрамон тимсолини яратамиз. Чехов учун ижодий илҳом муҳим ҳисобланса, Станиславский ижодий илҳом “система”ни ўзлаштирган актёрда ўз-ўзида пайдо бўлувчи ҳиссиёт деб санайди.

Станиславскийнинг 1932 йилда Берлинга қилган сафари чоғида М.Чехов билан сўнгги учрашуви масалага янада ойдинлик киритади. Бу тарихий учрашув Берлин шаҳридаги Курфюрстендам қаҳвахонасида кеч соат бешдан эрталабки олтига қадар давом этади.

Учрашув чоғида Станиславский ҳали тугалланмаган “Актёрнинг ўз устида ишлаши” китобидан айрим бобларни Чеховга ўқиб беради.

Станиславский актёр ҳаётидаги воқеа ва ҳодисаларга диққатини тўпласа, кутилган натижага олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди. М.Чеховнинг фикрича, ҳақиқий ҳиссиётлар актёр тасаввури ва фантазияси орқалигина пайдо бўлади. Актёр бошидан кечган-кечирганларига камроқ назар солса, унда яратиш имкониятлари кўпаяди. Унинг қалби шахсий ҳиссиётлардан тозаланади ва янги ҳиссиётлар билан бойийди. Актёр мудом шахсий туйғуларга таянар экан, кўп ўтмай унда асабий зўриқиш ва  номутаносиблик кучая боради.

Станиславский назарияси бўйича, “Отелло” ролини ижро этаётган актёр ҳамиша ўзини Отелло тушиб қолган шарт-шароитда кўриши ва ҳис қилиши лозим. Бироқ Чехов фикрича, Отелло ролини ўйнаётган актёр ўзлигини унутиши ҳамда Отелло вазиятига тушган бошқа одамнинг аҳвол-руҳияти, атрофидагиларнинг унга муносабатини тасаввур орқали яратиши керак. Шундагина актёр тасаввури янаям аланга олади ва илҳом булоғи қайнаб-тошади.

Гарчанд икки суҳбатдош бир-бирини киприк қоқмай тинглаган эсалар-да, ҳар икки театр ислоҳотчиси ўз фикрида муқим қолади.

Кези келганда, бир воқеани эслаб ўтайлик.

МХАТ театрида “Ревизор” спектаклининг репетицияси эди[2]. И.М.Москвин, О.Л.Книпер-Чехова ҳамда Михаил Чехов (Хлестаков) саҳнада. Айни репетиция авжига чиққан пайтда актёрлар сўзини адаштириб юборадилар. Шу тобда томоша залида ўтирган Станиславский репетицияни тўхтатади ва мазкур саҳнани устма-уст ўн уч марта такрорлашни буюради. Актёрлар ўзлари ижро этаётган парчани ўн уч бор қайтаришга мажбур бўладилар. Назарий жиҳатдан Станиславский ҳақ эди: актёр муаллиф матнини бузишга ҳаққи йўқ. Аммо… Орадан кўп ўтмай Станиславскийнинг ўзи саҳнага кўтарилади ва ҳоким ролини ўйнай бошлайди. Ўзи сезмаган ҳолда устоз тасаввурга зўр бериб, бадиҳага киришиб кетади. Натижада режиссёр сифатида ўзи талаб қилаётган ҳолатдан ўзи ҳам ташқарига чиқади. Унинг ижроси шу қадар жозибали, ишонарли бўлганидан ҳеч ким уни тўхтатмайди. “Ревизор” спектакли саҳна юзини кўргач, Станиславский Чеховнинг саҳнадаги топилмаларидан қотиб-қотиб кулади.

Станиславский учун театрда икки дунё, икки муҳит мавжуд эди. Бу саҳна ва ундан ташқаридаги томошабинлар дунёси. Актёр ўз ролини ишонарли, қойилмақом ижро этса, томошабин ўз-ўзидан унга эргашади, у билан ҳис-хаяжонга берилади ва актёр изтиробларига ҳамдард бўлади.

Михаил Чехов учун эса театр – актёр ва томошабин бирлиги, актёрнинг асосий вазифаси – томошабинни қизиқтира билиш. У “Саҳнадаги нимаики бор – томошабин учун!” деган ақидага бир умр амал қилиб ўтади. “Шундагина томоша-театр пайдо бўлади”, – дейди. М.Чехов ҳар сафар янги роль устида иш бошлар экан, ишни ўзи яратмоқчи бўлган тимсолнинг ташқи қиёфасини, юриш-туриши, хулқ-атворини, қоғозда акс эттирар, сўнг грим ёрдамида ўша қиёфани яратишга интиларди. “Голливуд” киностудияси актёрлари ҳозирга қадар Михаил Чеховга “Голливуд актёрларини тайёрлаш устахонаси” дея таъриф беришлари бежиз эмас.

“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон

[1] Константин Сергеевич Станиславский. Актёрнинг ўз устида ишлаши. (Т.Хўжаев таржимаси). –Т., 1965.

[2] Морозов А. Трагедия художника. –М.: “Молодая гвардия”, 1971.