Маъсума Аҳмедова. Жорж Санд — журналист

http://n.ziyouz.com/images/jorj-sand.jpgЖорж Санд — журналист… Ҳозирги замон китобхонлари тасаввурида шаклланиб улгурган адиба тимсолига чизилган анчайин ғайритабиий чизги.

Албатта, унинг романлари алоҳида китобга айлангунга қадар турли газеталар ва журналларнинг қуйи қисмида босилгани, худди шу нашр­лар билан қилинган ҳамкорлик беллетристикага (ўқилиши осон, енгил-елпи асар) асосланмаганлиги кўпчиликка қоронғу бўлиб келмоқда.

Машҳур франтсуз адибаси Жорж Санд адабиётга журналистика орқали кириб келди. “Консуело” асари муаллифи бўлган адиба ижодининг ана шу қирралари ҳақида унинг биографи Жорж Санд қаламига мансуб мактублар ва публитсистик мақолаларга суянган ҳолда ҳикоя қилади. (“Ви увриер” газетасидан олинди, Париж.)

Жорж Санд — журналист… Ҳозирги замон китобхонлари тасаввурида шаклланиб улгурган адиба тимсолига чизилган анчайин ғайритабиий чизги.

Албатта, унинг романлари алоҳида китобга айлангунга қадар турли газеталар ва журналларнинг қуйи қисмида босилгани, худди шу нашр­лар билан қилинган ҳамкорлик беллетристикага (ўқилиши осон, енгил-елпи асар) асосланмаганлиги кўпчиликка қоронғу бўлиб келмоқда.

Адиба 1831 йил йигирма олти ёшида Парижга келади. У бир неча ой ичида қалам билан ҳам кун кечириш мумкинлигини исботлайди. Санд “Ревю де Пари” ҳамда бошқа салмоқли журналлар билан жадал ҳамкорлик қила бошлайди. Аммо бу нашрлар эшиги унинг қаршисида кейинроқ очилади. “Ахир нима қилиб бўлса ҳам кун кечириш керак-ку, — деб ёзади у 1831 йилнинг 15 мартида. — Ҳа мен “Фигаро” учун мақолалар ёзаяпман”.

Газетада босилган бир устун учун Жорж Сандга етти франк тўлашарди. Аввалига иш унча силлиқ кетмайди. Газета (“Фигаро”) ношири Анри де Латуш Санд топширган ўнлаб хабарлардан кўпинча биттасинигина олиб қолар, қолганларини каминга ирғитарди. “Бунинг устига, – деб ёзади Жорж Санд ўша 15 мартдаги мактубида, — журналистларда мен Парижга келгунимга қадар тасаввур қилган эркинлик йўқ экан. Де Латуш биздан кўзини узмайди, мақола ёзилган қоғозни бурда-бурда қилиб йиртади, қийқимлаб ташлайди, ғалати қилиқлари, турли хархашаларини кўтаришга, ўзининг янглиш фикрига кўнишга мажбур қилади. Биз ҳам у истагандай ёзамиз, чунки бу жой унга тегишли, биз эса унинг қўлидаги қўғирчоқлармиз, журналистикадаги қора ишчилармиз…”

Йиллар ўтади. Санднинг нафақат маҳорати ошади, балки маънавий камолоти юксалиб, тобора ўз ўрнини — адибалик, журналистлик, жамоат арбобилик масъулиятини равшанроқ ҳис этади.

1843 йилнинг кузида рўй берган бир можаро Сандга “Ревю индепандант” журнали (1841 йилда Санд томонидан асос солинган журнал. Бу даврга келиб, у Пер Леру тахаллуси остида Ёзувчи ва файласуфга айланган эди) саҳифаларида кимсасиз, ғариб-нотавон кишиларни ҳимоя қилиш компаниясини бошлаб юборишига туртки бўлади.

Бу воқеа мана бундай рўй берган эди. Етимхонадан (Eндр департаменти) ўн беш ёшли Фаншетта исмли соқов қиз йўқолади. Кейин аниқланишича, ювошгина, лекин дарди бедаво қизга бошқа қарагиси келмаган етимхона роҳибалари бир дилижон кондукторига пича чойчақа бериб, соқов қизни шаҳар ташқарисига обориб ташлашни тайинлайдилар. Кондуктор ҳам уларнинг айтганларини қилиб, қизни қоқ ярим тунда Обюссондан (Крёз департаманти) икки ле (узунлик ўлчов бирлиги, 4,5 километрга тенг) наридаги ўрмонга ташлаб кетади. Орадан бир ой ўтгач, қизни Риоме шаҳрида (Кантал департаменти) сайёр тсиркчилар труппаси орасидан топиб оладилар ва ортиқча шов-шув кўтармасдан яна етимхонага элтиб қўядилар.

Бу ишни шу билан тинчитмоқчи, айбдорларни эса жазосиз қолдирмоқчи бўладилар. Шунда ўртага Жорж Санд тушади. Фаншеттанинг “йўқолиб қолиши” тафсилотлари баён этилган Жорж Санд мақоласидан жамоатчилик қалқиб кетади. Адиба бу жиноятни яширган ҳукумат идораларини айблайди, айбдорларга кўрсатилган бундай “марҳамат” қизнинг келгуси ҳаётига кафолат бермайди, дейди. Айниқса, бу ишда Сандни ғазаблантиргани “Айтарли ҳеч нима бўлгани йўқ, Фаншетта шунчаки тўсатдан сирли равишда ғойиб бўлди”, дея қироллик прокурорининг таъкидлаши бўлади.

Орадан бир ой ўтгач, Санднинг яна бир публитсистик чиқиши бутун Франтсияни оёққа турғизади. “Eклерёр де лъEндр” газетаси адибанинг шарҳи остида парижлик бир новвой мактубини эълон қилади. Бу ишчининг дарду аламга тўла қайғу дафтари эди. Новвой мактубида бир йил мобайнида атиги уч ҳафтаю икки кун ишлаганини, Парижда унга ўхшаш икки мингдан ортиқ новвойлар ишсиз юрганини ёзади. Мактубда кишиларни ишга жойлаштириш бюроси ошкора айбланади. Муаллиф бюрога ўтириб олган мансабдорлар, ишга жойлаштириб қўйишни рўкач қилиб, одамлар иш ҳақларининг анчагинасини тортиб олишларини ва кимда-ким кам тўласа, ўша кишига ёрдам беришдан сурбетларча бош тортишини маълум қилади. Мактубда новвойларнинг кунига 16-18 соатлаб чироқсиз, шифт ва деворларидан қўланса ҳид анқиган, чирк боғлаган зах ертўлада машаққатли меҳнат қилиши, бу ер нақ “инсон кушхонаси” эканлиги айтилади. Нонвойлар тер тўкиб ишлаётган ушбу жаҳаннамга тушишга ҳазар қилган, тайёр маҳсулотга юқорида, бежирим пештахталарига мазали нон-булкалар тизилган кўркам дўконларда туриб баҳо беришни афзал кўрган назоратчи ходимлар айбланади.

Жорж Санд ушбу мактубга берган шарҳида парижликлар ҳар оқшом мана шу “тандир-қабр”дан чиқаётган, хамир қораётган новвойлар нолаларини эшитиши ҳақидаги ҳикояни келтиради. “Бу қандай бедодлик, дунёда энг муқаддас саналмиш, оппоқ, пок ундан ҳосил бўлган нон, ҳолдан тойган, оч-наҳор, совуқдан касал бўлган кишилар азоб-машаққатларидан бунёд бўлса?!”, — дея хитоб қилади Жорж Санд. Санд новвой мактубида нафақат шикоятни, балки яқинлашиб келаётган бўрон нафасини ҳам туяди.

Инқилоб санаси бўлган 1848 йилда “Консуело” муаллифининг сиёсий фаоллиги авж нуқтасига кўтарилади. Инқилобнинг феврал даврида (бу пайтга келиб, июл монархияси ағдарилган ва иккинчи республика ўрнатилиши учун замин ҳозирланаёт­ган эди) Санд шунчалик кўп ёзадики, ҳатто жанрларни ажратиб бўлмай қолади. Унинг матбуотдаги бу чиқишларида газетага хос ахборот тезкорлиги ҳам, ҳақиқий публитсистика полемизми (баҳс-мунозараси) ҳам, ўткир памфлет ҳам, сиёсий эссега хос ташвиқот ҳам уйғунлашиб кетганди.

Санднинг “Бюллетен дю министер де лъентёрер”да (у бу расмий ахборотномани муваққат ҳукумат ички ишлар вазири Ледрю-Ролленнинг топшириғига кўра чиқарарди) чоп этилган мақолалари асл сиёсий поема каби янграйди. Жорж Санд апрелда ўз ҳисобидан Феврал инқилоби қаҳрамонлари шарафига “Коз дю пёпл” гимн-мадҳиясини чоп этади. Ушбу мад­ҳияда эзгулик, дўстлик-биродарлик туйғулари тараннум этилади.

Санд кескин, мунозарали “Халққа мактуб”ни чоп этади. Бироқ 30 апрелга келиб, олдиндан кўнгилсизликни ҳис қилгандай, қуйидаги қайғули сатрларни битади: “Мен юксак орзуларим рўёбга чиқишини кўра олмайман… Халқим ва мен, биз руҳан бирга яшаганимиз сингари энди жисман бирга ҳалок бўлгаймиз…”

Июн қўзғолони қонли равишда бостирилади. Жорж Санд тирик қолади, бироқ унинг вужудидаги муҳим бир нарса ўлади. Ортиқ унинг овози халқ овози билан бирлашмай қўяди. Жорж Санд 1848 йилдан сўнг публитсистика майдонида кўринмайди, ижоди эса бутунлай бошқа ўзанга, соф романтизм йўналишига ўтиб кетади.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).