Хемингуэйнинг сўнгги ёзи

http://n.ziyouz.com/images/Ernest-Hemingway.jpgХХ аср адабиётини забардаст Америка адиби Эрнест Хемингуэй номисиз тасаввур этиш қийин.

1926 йилнинг кузи. “Қуёш ҳам чиқади” романи чоп этилганида Эрнест Хемингуэй эндигина йигирма етти ёшга чиққанди. Шу ёшда у тўртта — ҳикоялар, шеърлар, сатира китобларини чоп этишга улгурган эди.

Ёзувчи шиддат билан ёзишда давом этди. Хемингуэй ёзиш билан бирга тинмай изланди. У олий академик таълим ўрнига учта ҳаётий университетни босиб ўтди. Бу университетлардан бири журналистика бўлди. У Канзасда чиқадиган “Стар” газетасида ишлай бошлади. “Стар” газетасида ўтган етти ойлик сермашаққат меҳнатдан Эрнест кўпгина фойдали малакага эга бўлди. Бунга унинг “Газетачининг юзта вазифаси” китоби мисол бўла олади. Ёзувчининг ҳозир оммабоп бўлиб кетган иборалари бошловчи ижодкор учун қоидага айланди, хусусан:

— Ёзганингда гап қисқа, лўнда бўлсин. Биринчи абзатс қисқа, тил кучли бўлиши зарур. Исбот қилиб гапир, аммо инкор этма. Сийқаси чиқиб кетган жаргон сўзлардан қўрқ.

— Сифатни, айниқса, “зўр”, “ажойиб”, “шукуҳли”, “улуғвор” каби башанг сўзларни ишлатишдан қоч.

Уруш эса Эрнест Хемингуэй учун нав­батдаги университет вазифасини ўтади. Биринчи жаҳон уруши унинг иштирокчиси бўлган адиб учун катта сабоқ берди. Шу сабоқ натижаси ўлароқ, жаҳон адабиёти “Алвидо, қурол!” романидай дурдона асар билан бойиди. Бу роман инсоннинг урушга қарши мардона даъвати эканлиги, энг эзгу инсоний туйғулар куйлангани билан мисли яшин янглиғ таъсир этди. Тўғрироғи, бу роман Эрнест Хемингуэйни катта Ёзувчи сифатида жаҳонга танитди.

Адиб учун учинчи адабий университет Париж ҳаёти бўлди. Унинг Парижда кечирган йиллари адабиётга “Чол ва денгиз” каби ажойиб асар ҳадя этилишига замин яратди. Унинг “Оталар ва болалар”, “Ғолиб ҳеч нимага даъвогар эмас”, “Маниту суди” каби ажойиб ҳикоялари, “Килиманжаро қорлари”, “Хавфли ёз”, “Парижда ўтган йиллар” каби қиссалари ҳамон адабиёт мухлислари томонидан севиб ўқилади, ХХ асрнинг гўзал насрига намуна бўлиб қолади.

Eрнест Хемингуэйнинг шахси, ижоди, ҳаёти каби ўлими ҳам кўпларга жумбоқ бўлди. Ёзувчи 1961 йилнинг 2 июл куни оламдан кўз юмди. Мана, салкам ярим асрдирки, улкан ижодкор шахсига, ижоди, ҳаётига қизиқиш сўнмай келмоқда.

Биз қуйида эътиборингизга ҳавола қилаётган мақолада бетакрор адиб, катта истеъдод эгаси Эрнест Хемингуэйнинг сўнгги ойлари ҳақида ҳикоя қилинади. Мақола муаллифи — немис драматурги Ролф Хоххут. Ролф Хоххутнинг урушга, фашизмга қарши ёзган песалари ўз вақтида ижобий баҳосини олган. Айниқса, унинг ўтган асрнинг 70-йилларида Эрнест Хемингуэй номидан битган ўзига хос асари — “Овчи нидоси” достон-монологи адабиёт майдонида шов-шувларга сабаб бўлган. Биз юқорида тилга олган мақола аслида Ролф Хоххутнинг “Овчи нидоси” китобининг кириш қисми.

Ролф Хоххут улкан ижодкорнинг умри поёнидаги портретини чизади. У Ёзувчи руҳий ҳолатини тасвирлар экан, жуда қизиқарли далилларни келтиради. Адиб сўнгги лаҳзаларда ўзлигини йўқотмайди, шерлигича — забардаст Ёзувчилигича қолади.

Eрнест Хемингуэй ҳақидаги фикрлар катта адабиёт мухлиси бўлган бизнинг ўқувчиларимизга ҳам қизиқарли бўлади, деган умиддамиз.

(“Eспрессо” газетасидан олинди, Рим)

… 1961 йилнинг 2 июн куни, якшанба тонги. Инсоннинг юз ифодасидан кўра, қадам олиши, сўзлаши унинг руҳий ҳолатини билдириб қўяди. Айниқса, киши бу ҳолатини яширишга интилмаса, уни баттар фош қилади. Унинг ёши олтмиш иккида, бўйи ҳам баланд — 1 метру 85 сантиметр, бироқ салобатли қадду қомати туфайли янада барваста кўринади.

Ҳозиргина Хемингуэй ҳузурига икки нафар университет профессори келиб кетди. Профессорлар Хемингуэйга талабалар учун маърузалар ўқиб беришини илтимос қилиб келишибди. Бироқ қария бунга кўнмади. Кейинчалик эса ана шу келганлар шундай ҳикоя қиладилар: “Биз кўрмоқчи бўлган қиёфадан фақат юмалоқ юзи қолганди, холос. Унинг юзи ранг­сиз ва қизғиш доғлар билан қопланган эди. Бу шамол ва қуёшдан қорайган чеҳра эмасди… Бизни, айниқса, унинг қўл ва оёқларининг ҳаддан ташқари озиб кетганлиги ҳайратга солди…

У бизда қолдирган муҳим таассурот — қалқиб, мўрт бўлиб қолган одам қиёфаси эди. Сўзларни тез-тез, тугатмасдан гапирарди. У ўз асарлари ҳақида сўзлашдан бош тортди”. Ваҳоланки, 1940 йилдан 1960 йилга қадар бутун дунёда Эрнест Хемингуэй асарларидан юқорироқ баҳоланган асар йўқ эди.

… 1959 йилнинг сўнгги куни Хемингуэй Европадан Америкага сузиб келаётган Трансатлантика “Либерте” тезюрар кемаси барида ўтирарди. Ўша ерда бўлган Ёзувчи Фитсжералднинг биографи бу тасодифий учрашувдан фойдаланиб, Хемингуэйга бир неча савол бермоқчи бўлади. Кекса Ёзувчи унга “бир оз ғалати” кўринади, лекин “Унинг барваста, салобатли қадди-қоматидан ва маъюс чеҳрасидан улуғворлик, виқор ифодаси таралиб турар эди”.

… Ҳаётининг сўнгги йиллари кўзлари тез-тез ёшланадиган бўлиб қолган эди. Айниқса, у ёза олмай қолиш ҳақиқат эканлигини аниқ англаб етиши ўзини эртами-кечми, ахири гўрга тиқишини айт­ган пайт кўзи ёшга тўларди. Овчилик сафарларидан хабар, мақолалар жўнатиб юрган вақтларидан бошлаб, қаламкашлар Хемингуэйни “ота”, деб атай бошлашган ва ёшига номуносиб бундай муносабат унга ёқиб тушган эди. Гипертония ва атеросклероз дарди саломатлигига шу қадар таъсир этган эдики, энди эллик бир ёшга чиққан Хемингуэй ўзини қариядай ҳис этарди. Ахир ана шу даврда — ўлимидан атиги ўн бир йил олдин — илҳом париси унга шундай илҳом туҳфа этдики, саноқли саккиз ҳафта ичида, яна ҳеч қандай таҳрир талаб қилмайдиган, равон, қуйма “Чол ва денгиз” қиссасини ёзиб ташлайди.

Ана шу китоб боис, нашр ишларига алоқадор қизиқ воқеани келтириш жоиз. Ҳаттоки Хемингуэй, ноширлар атрофида гирдикапалак бўлган, асарлари талаш Ёзувчи “Тайм-Лайф” компанияси томонидан чув тушган. “Буюк Ёзувчининг барча асарлари хотимаси” чоп этилган рангли журналнинг 5318650 нусхаси 48 соат ичида тарқалиб кетган! Муаллифга эса бунинг учун нашриётдан атиги 40 минг доллар ажратилган ва шундан 24 мингини ҳам солиқ идораси ушлаб қолган. “Йўқ, генерал, бу урушни енгиб бўлмайди”, деган эллик ёшли Ёзувчи ўзининг эски фронтдош жўрасига.

… Кимда-ким Ёзувчини 1961 йилнинг июнида кузатган бўлса, у кишида ўз қайғулари қафасига қамалиб олган, жулдур, пала-партиш кийинган, гигант — баҳайбат, саксон ёшларни қоралаган, аммо саксон ёш маррасига етишга ҳоли йўқ, бемор одам таассуротини қолдирарди. Хемингуэйни бундай аҳволда кўриш — уни билган, жумладан, энг совуққон одамларга ҳам оғир эди. Чунки Хемингуэй табиатан шу қадар ҳаётсевар, куч-ғайратли, шиддатли эдики, Ёзувчидаги ана шу хислатлар нафақат унинг ғурури, ифтихори бўлибгина қолмай, балки кишини ўзига тортиб турувчи жозибанинг сири ҳам эди. Ана шу жозиба унинг қонида бўлиб, қаршисидаги кишида ўзига нисбатан антипатия, яъни наф­рат туйғуси пайдо бўлишига йўл қўймас, ўша туйғуни ўлдирар эди. Ёдингизда бўлса, Хемингуэй бир асарида ўз қаҳрамонини 37 ёшида Килиманжарода ўлимга маҳкум этади. Ёзувчи асарида эпитафия (қабр тошига битилган Ёзув) тарзида қуйидаги иборани бежиз келтирмаган эди: “У фақат ўз кучини у ёки бу шаклда сотиш билан машғул бўлди”.

… Хемингуэйни яқиндан билган кишилар уни шундай таърифлайдилар: “Юз килограмм вазн асосан гавдасининг юқори қисмида тўпланган: у салмоқли, вазмин, елкалари квадрат бўлиб, аммо ёнбоши озғин, қотма эди. Унинг ҳолатида қандайдир таранглик, электрдан зар­ядланишга ўхшаш ва айни пайтда ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракатини қаттиқ назорат қилиб туриш ифодаси сезилиб турарди.”

Ёзувчини аксарият китобларининг кўп саҳифалари ҳаётдан қувониш, завқланиш ҳисларига лиммо-лим бўлиб, бу ҳиссиёт китобхонларни нурлантирар, худди гипноз қилгандай сеҳрлаб қўярди.

“Унинг асарларидан қувонч, бахтиёрлик, завқ-шавқ таралиб туради”, деб ёзганди Ёзувчи ҳақида унинг акаси. Айниқса, ўша зийраклик, теран ақл билан битилган саҳифаларда тасвирланган образлар, айтилган фикрлар олдиндан баъзи воқеалардан огоҳ этади. Орадан йиллар ўтгач, Ёзувчи ўлимидан сўнг чоп этилган “Океандаги ороллар” романида биз ана шу образларга дуч келамиз, Ёзувчи интуицияси, башоратидан ҳайратга тушамиз.

Тақдир Хемингуэйга илтифот кўрсатди. У ўз дўстларидан иккитасининг китобларида қайта яшай бошлади. Хотчнер ва Бейкер китоблари ажойиблиги, теранлиги, маънавий бойлиги билан ажралиб туради. Масалан, Гётенинг Эккерман билан қилган машҳур суҳбатлари китоб саҳифаларида ифодали қилиб берилган. Хемингуэй, ёзда, ўлимидан икки йил илгари Хотчнерга (муаллифнинг ўзи айтганидай, “Хабарнома”да буни маълум қилишни чўзиб ўтирмаган), ана шу лаҳзалар “менинг ҳаётимдаги энг ажо­йиб ёз бўлиб қолади”, дейди. Шунда Хотчнер шундай қўшимча қилади: “Мени ўн бир йил муқаддам шу қадар ҳайратга солган, Хемингуэйни қуршаб турган ҳаётнинг ёрқин, саодатбахш, фараҳли нурларини яна ҳис қилишга муваффақ бўляпман. Мен ўшанда Ёзувчи билан Кубада танишган эдим. Ва у ўша вақтдан бошлаб тобора заифлашиб бормоқда эди”.

… Ажал Ёзувчига олдиндан хабар жў­натади. Хемингуэй таваллудининг олтмиш йиллигини нишонлаган оқшомнинг эртаси куни у денгизда чўмилаётган чоғи бу хабар келади. Дўстлар тўлқинлар орасидан кучдан қолган инсон танасини суғуриб олиб, соҳилга олиб чиқадилар. Буни меҳмонлар, масалан, мана шу воқеа арафасида Хемингуэй милтиқдан ўқ узиб, оғзидан сигаретасини уриб туширган ҳинд маҳарожаси ҳам сезмай қолади. Сўнгра эса Ёзувчи “менинг ҳаётимдаги энг ажойиб ёз”дан сўнг АҚШ­га сузиб ўтмоқчи бўлиб, теплоходга ўтиради. Ўша пайт теплоходда бўлган ғарбий германиялик ношир, ҳозир маъюс гигант қайғу-ҳасрат измида эканлигини сезиб қолади. Ношир Ёзувчининг хайрлашув олдидан: “Мен сизга яна учта яхши китоб учун кафиллик бераман”, деган ваъдасига қарамасдан унинг ҳолатини ҳис этади.

Ёзувчи ваъда қилган ана шу китоблардан иккитаси ҳақиқатан тайёр эди. Фақат бу китоблар Ёзувчи вафотидан сўнг босмадан чиқади. Учинчи асари муҳаббат ҳақидаги хомаки, қўлёзма вариантини Ёзувчининг беваси нашрга бермай, қулфлаб ўтиради.

Қария теплоходда сузиб кетаётганида ўзини одатдагича тутади: барда узоқ ўтиради ва жаҳли чиқиб, муштини пештахтага уриб, дўқ ҳам қилади: “Манави ярамас мен билан бир столда ўтирмасин! Ҳеч қачон!”

Ким билади, Эрнест Хемингуэйнинг ҳамиша олдинда, биринчилардан бўлиш иштиёқи, энг катта балиқни тута олиш, ақлни шоширадиган, ажойиб шохли ки­йикни ҳам қувиб етишга қодир ана шу зўр иштиёқи, эҳтироси бўлмаганида-чи? Ана шу кучли иштиёқни ўзига ўзи ишонмаслик, қатъиятсизлик келтириб чиқармаганмикин? Бу — хаёлан тасаввур қилган шахсий заифликлари қаршисидаги қўрқув эмасмикин? Бу — атом бомбасини ишга солиб, ортга, ўтмишга, Американи илк бор кашф этувчиларнинг қўпол ва шафқатсиз даврларига улоқтирилган миллатга мансублик қаршисидаги қўрқув эмасмикин?

… Хемингуэй шерлар қафасига кириб, ўз мардлигини синаб ҳам кўрган. Унинг сон-саноқсиз, ранг-баранг, ҳатто мазмунан бир-бирига зид, машҳур ҳикматлари бор. Шулардан бири: “Инсонни йўқ қилиш мумкин, аммо уни енгиб бўлмайди”. Бу ҳикматдан унинг нима демоқчи бўлганини англаш ҳар бир кишининг ўзига ҳавола.

У энди Ёзув столида ғалаба қозонадиган ҳолатда эмасди. Аниқроғи, ўзи бир умр ишлаган баланд Ёзув столи сари ҳалокат яқинлашиб келмоқда, ҳалокат муқаррар эди. Эрнест Хемингуэй ана шу Ёзув столида нимани ёзиш мумкин бўлса, ҳаммасини ёзиб бўлганлигини, афтидан, англаб етганди. Яна шуниси ҳақиқатки, муаллифлик ҳаётига нуқта қўйилиши — ижодкор билан илҳом париси ўртасида тузилган ўзаро ёрдам ҳақидаги битим муваффақият билан тугалланганлигига далилдир. Ахир бу битим инсон умри баробар чўзилди. Ёзувчи айтганидай бўлди: “Шер бўлиб ўлмоқ афзал…”

Маъсума Аҳмедова тайёрлади

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).