Маъсума Аҳмедова. Ёзувчи ва ношир: турли манфаатли ҳамкорлик

Мана, орадан юз йилдан зиёд вақт ўтибдики, буюк француз фантаст ёзувчиси Жюл Верн яратган ажойиб, бетакрор асарлар бутун жаҳон бўйлаб китобхонларнинг янги-янги авлодини жалб қилган ҳолда довруғ қозониб келмоқда. Адиб ижоди инсон тафаккури ва қўли яратаётган оламшумул улкан ишларни олдиндан башорат қилгандай, унинг ақлу заковатига мадҳия ўқигандай бўлади. Жюл Верн ўз ижодида меҳр-муҳаббат, ишонч, дўстлик каби умрбоқий инсоний туйғуларни тараннум этади.

Адиб романларининг қаҳрамонлари сингари ўзи ҳам ана шу туйғуларга сидқидилдан ишонади. Аммо асарларида ғолиб келган ана шу ҳиссиёт воқеликка ҳамиша ҳам тўғри келавермайди. Ёзувчи ва китобларининг ношири ўртасидаги ўзаро муносабатлар бу фикримизга далил бўла олади.

Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган мақола машҳур ёзувчи ҳаёти, асарларининг тақдири билан яқиндан танишувимизга, катта ижодкор шахсини анг­лашимизга, ношир ҳамда қатъий бозор қонуниятларига кўп-да мутаносиб келмаган ижодий жараён ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилишимизга ёрдам беради. Ношир билан ёзувчи ўртасидаги бир-бирига уйғун бўлмаган муносабатлар, яъни ижодкор қалби ва реал ҳаётда яшайдиган шахс – ношир ўртасидаги алоқалар адабиётнинг қизиқувчан мухлисларини бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
(Марк Сориано,
“Экспресс” газетасидан олинди, Париж)

“Илмий роман” яратиш ғояси Жюл Вернда 1851-1852 йилларда пайдо бўлган эди. Жюл ўша даврда энди-энди адабий машқлар қила бошлаганди. Кўп ўтмай, у бу фикридан қайтади. Лекин 1859-1862 йилларда тобора илгарилаб бораётган илмий техника тараққиёти ва бунга омма қизиқишининг ортиб бориши Жюл Верн муваффақият калитини худди ана шу йўлдан излаши кераклигига ишора бўлди.

Ғоянинг туғилиши

Жюл Верн ўзи учун осойишталик, сукунат қидириш, билим олиш, изланиш умидида кўп вақтини кутубхонада ўтказар, оммабоп журналлар, брошюраларни чанқоқлик билан ўқир, газета-журналлар саҳифаларини тўлдирган янги машиналар тафсилоти, тадқиқот ва сафарлар ҳақидаги хабарларни бутун вужуди билан миясига синг­дириб оларди.

Кунларнинг бирида у Илмий матбуот клубида ҳамма нарсага қизиқувчан Надар деган йигит билан танишиб қолди. Янги танишнинг хаёлот олами кенглиги уни бир зумда ўзига ром қилиб олди. Бу пайтда Надар аэросуратга олиш билан қизиқиб қолган, аэростат остида қалқиб, мавжланиб турган манзараларни тасвирлашга имкон берувчи механизмни ихтиро қилганди. Ана шу фотокамерани тўлақонли ишлата олиш учун киши етук мутахассис бўлмоғи лозим эди. Надар бу масалани Жюл билан қизғин муҳокама қилди ва ҳаттоки, 6 минг кубометр ҳажмдаги улкан ҳаво шарини ясаш учун хайр-эҳсон йиғиш “кампания”сини ҳам бошлаб юборди.

Жюл Верн бу пайтда америкалик машҳур ёзувчи Эдгар По асарларининг янги таржимасини муккасидан кетиб ўқимоқда эди. 1862 йилда у отасига йўллаган мактубида Эдгар Понинг машҳур “Ҳаво шарида учаётган ўрдак” ҳикоясини эслайди ва қуйидагиларни хабар қилади: “Мен ўз шаримда ўрдакни ҳам, куркани ҳам олиб учмоқчи эмасман – булар ҳазил учун ярайди, холос. Шарда одамлар учиши керак. Ана шу аэростат механикаси бенуқсон бўлмоғи даркор”.

Шу тариқа Жюл Верннинг дастлабки “Ҳаво шарида беш ҳафта” романи дунёга келди. 1862 йил ёзида эса ё Надарнинг таклифи ё бўлмаса, ёзувчининг ўз илтимосига биноан китоб ношири Этцел роман қўлёзмаси билан танишиб чиқади. Роман дарҳол Этцел диққатини ўзига тортади. Ношир бир зумда романнинг долзарблиги ҳамда ундан мўмай фойда тушишини англаб етгани учун асар қўлёзмасини олиб қолади.

1863 йилнинг 4 октябрида Надар нақ Нотр-Дам шаҳрига тенг келадиган ўз “гигант” ҳаво шари – аэростатида парвоз қила бошлайди. Кузатиш майдонига минглаб томошабин тўпланганди. Надарнинг ёнида шар гондоласидаги битта ўрин учун минг франкдан ҳақ тўлаган ўн уч нафар йўловчи ҳам бирга учарди. Орадан беш соат ўтгач, улар Мо шаҳрига эсон-омон қўнади. Бироз вақтдан сўнг улар ҳаво шарида иккинчи марта парвоз қиладилар.

Матбуотда бунга қадар мисли кўрилмаган кампания авж олади. Ҳавода парвоз қилиш – кун, давр садоси, даъвати бўлди. Этцелнинг хизмати – Жюл Верннинг даст­лабки “ғаройиб саёҳат”ининг катта зафар қучишини олдиндан кўра билганида эди.

Адиб устидан назорат

Жюл Верн ва Этцел ўртасидаги ёзишма йигирма йилдан ортиқ (1863 йилдан 1886 йилгача) вақт мобайнида давом этади. Ёзувчи ва ношир орасидаги ана шу мактубларни баъзи ўринларда таассуф қилмасдан ўқиб бўлмайди. Афсуски, мазкур дуэтни Этцел оиласи Миллий кутубхонага тақдим этган Верннинг ўз мактублари асосидагина тиклаш мумкин, холос. Ноширдан фақат икки-учта хату Верн қўлёзмаси ҳо­шиясидаги бир неча белги ҳамда 1874 ва 1875 йиллар санаси қўйилган таклифлардан парча сақланган. Бундан Этцелнинг ёзувчини ҳар томонлама назорат қилганини англаш мумкин.

Айниқса, ноширда “Михаил Строгов” романи бўйича кўп иккиланишлар, шубҳали фикрлар пайдо бўлади. Албатта, воқеалар кечадиган жой сифатида Россия империяси – абсолютизм ва қатағонлар ҳукм­рон машъум қўрғон танланиши шартмикан? Этцелнинг шуб­ҳа-гумонларини тарқатиш учун ёзувчи анча-мунча тер тўкишига тўғри келди. У романни тақриз қилиш учун унинг ижодини қадрлайдиган ёзувчи Тургенев ҳамда чор Россиясининг Париждаги элчиси граф Орловга беришларига рози бўлади. Ҳаттоки, ноширнинг асардаги гаплар рус шоҳи шахсига тегиб кетмасин, деган мулоҳазасига ҳам кўниб, романнинг дастлабки “Подшо чопари” номини ўзгартиради.

Жюл Верн ноширнинг бундай асоссиз фикрларига мутлақо эътироз билдирмайди, ҳаттоки ундан тирноқ остидан кир қидиришдай синчков муносабатни талаб қилади. Эҳтимол, бу унинг ўзига, ижодига ҳаддан ортиқ танқидий қараши таъсиридир. Ахир у ўзини адабиётнинг камтарин заҳматкашлари қаторига киритгани ҳам маълум-ку. Лекин шуниси ҳақиқатки, Жюл Верн ҳамиша, ҳамма нарсада ҳам ноширга ён беравермаган. Айниқса, Этцел тузатишлари асар ғоясига путур етказадиган бўлса, бунга сира кўнмаган. Бунга бир мисолни келтириш мумкин. Гарчанд Этцел бундай хотимага эътироз қилган бўлса-да, капитан Немо душман кемасини сув тубига чўктириб юборади.

Жюл Верннинг Этцелга йўллаган мактубларидан хулоса чиқариб айтадиган бўлсак, у кишини ҳайрон қолдирадиган даражада кўнгилчан, ҳаттоки, журъатсиз одам бўлгани ойдинлашади.

Шуниси қизиқки, Этцел ҳаётлик чоғида ёзувчи ҳеч қачон унга қарши бормаган. Бироқ бу ҳолни тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳам сақланиб қолмаган. Лекин баъзи тафсилотлардан Верннинг ҳолатини, ҳар томонлама ўзини назорат қилишларидан бироз озод бўлишга интилганини тасаввур қилиш мумкин. Шундай бўлса-да, барибир иш очиқдан-очиқ низо, жанжал чиқишига етиб бормаган. Ёзувчи фақат Этцел вафотидан сўнггина нашр ишларига эътироз билдиришга жазм қилади. 1892 йил май ойи­да Этцелнинг меросхўрига йўллаган мактубида “Карпат қалъаси” (бу роман унга жуда қадрли эди) асарига киритилган тузатишлардан ранжиб, табиатига хос бўлмаган анчайин қатъият билан ўз фикрини билдиради.

Эҳтимол, ёзувчининг ўта камсуқумлиги ҳамда ноширнинг адиб истеъдодига очиқдан-очиқ муносиб баҳо бермаслиги оқибатида юзага келган вазиятда, пул, манфаат муносабатлари муҳим рол ўйнаган айни ҳолатда ношир ўзини салкам ҳаммуаллиф ҳисоблаганга ўхшайди. Таъкидлашларича, улар бу масалада рисоладагидай келишиб, яъни муроса қилиб ишлашган. Бундан ёзувчининг ноширга ҳаддан таш­қари камтарона муносабатда бўлганини тасаввур қилиш мумкин. Бу ҳақда Жюл Верн­нинг невараси шундай деб ёзади: “Этцел пихини ёрган, уста одам сифатида қаршисида хаёлидаги орзуни рўёбга чиқара олиш, яъни илмни адабиёт билан бирлаштириш, уйғунлаштириш дастурини амалга оширишга қодир одам турганини дарҳол англаб етган. Шундай қилиб, ўртада шартнома тузилади: Жюл Верн Этцелни йилига учта роман билан таъминлаш, Этцел эса бу асарларни ўз мулки сифатида ҳар бир жилди учун 1925 франк баҳосида сотиб олиш мажбуриятини оладилар”.

Ёзувчининг кўнгли тоғдай кўтарилади: умрида биринчи марта ўз қалами билан кун кўради, мўмайгина моянага эга бўлади. Яъни энди пул ҳақида ўйламасдан фақат ижод қилиши мумкин эди. У азбаройи хурсандлигидан битта эмас, бирйўла олтита шартномага имзо чекиб юборади. Верн биринчи шартнома бўйича (1862 йил 23 октябрдан) аванс ҳам, фоиз ҳам олмайди. Бир ҳужжатда фақатгина “Ҳаво шарида беш ҳафта” китоби икки минг нусхада чиқади, муаллифга 500 франк тўланиши керак”, дейилган холос.

Роман 1863 йил 31 январда сотувга чиқади. Жюл Верн ўзига тегишли 500 франк қалам ҳақини фақат баҳордагина олади. Фоизлар илгаригидай назарда тутилмайди. Худди шу йили Этцел ўз журналида “Капитан Гаттераснинг саргузаштлари” асарини чоп этишни бошлайди. Ноябр ойида эса “Ер марказига саёҳат” китобини сотувга чиқаради. Бу романлар мутлақо шартнома тузилмаган ҳолда нашр қилинади.

Жюл Верн ҳеч қандай кафолатсиз бутун вужуди, қалби билан Этцелга лаққа ишонади. Ношир ҳам зиммасига мажбуриятлар олгандики, булар оғизда берилган ёлғон ваъдалар эди. Ҳолбуки, Жюл Верн Этцелнинг хизматчисига айланади, ноширга хизмат қилади. Этцел ўша даврдаёқ довруғ қозонган ёзувчининг барча асарларига бир стандарт жилд учун қатъий белгиланган 3 минг франкдан тўлаган. Бу ижодкорнинг маоши 750 франкка тўғри келади, деганидир. Чунки ёзувчи ўзига мунтазам равишда гонорар тўланиб боришини маъқул кўрган. Кейинроқ ана шу иш ҳақи ойига 1000 франкка оширилган.

Этцел 1875 йилнинг май ойидагина ўзи тузган олтинчи шартномасида “жаноб Верн­нинг “Жаҳон бўйлаб саксон кунлик саёҳат” романи чоп этилгандан кейинги муваффақияти”ни назарда тутган ҳолда ҳар бир жилд учун муаллифга 50 сантимдан тўлашга рози бўлади. Ана шу арзимас чойчақаларни, фоизларни ёзувчи фақат 1882 йилдан бошлаб олади. Бироқ ношир билан ёзувчи ҳамкорлик қилган ўн икки йил ичида яратилган асарлар бутунлай ношир ихтиёрида қолганди.

Этцелнинг “саховат”и ҳақида кўп ёзилган. Бироқ Жюл Верннинг биографи Шарл Мартен ношир ёзувчидан саккиз баробар кўпроқ даромад қилганини ҳисоблаб чиққан. Шуниси аҳамиятга сазоворки, 1905 йили Верн вафотидан сўнг унинг ўғли нашр ишларидаги фирибгарлик, алдовнинг тагига етиш, ҳақиқатни юзага чиқариш мақсадида нашриётни судга бермоқчи бўлади. Шунда ношир узундан-узун рўйхат тузиб чиқади. Рўйхатда муаллифнинг чоп этилган барча китобларига кетган сарф-харажатлар ипидан-игнасигача келтирилган эди. Ушбу далиллар орасида “адабий тузатишлар” асосий ўринни эгаллайдики, гўёки Жюл Верн Этцел учун ҳаддан ташқари “қимматга тушган”.

Ижоднинг очкўз катализатори

Ношир давр руҳига мос равишда иш кўрган, муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида унчалик ҳам бош қотириб ўтирмаган. Этцел ўз даврида катта иш олиб борган: журнал, стандарт ва бир неча жилдли китоблар, болалар учун коллектсиялар ва албомлар чоп этган. У даромад келтириш мумкин бўлган муаллифни ўзига жалб қилиб, шунга қараб сарф-харажат белгилаган. Жюл Верн гарчанд адлия соҳасини сабот билан ўрганган бўлса-да, ишнинг кўзини умуман билмаган. Чунки аксарият катта ижодкорлар сингари унинг ҳам молиявий ишларга тиши ўтмаган, бу борада нўноқ бўлган. Шуниси қизиқки, у дўстона муносабатларни пул ҳисоб-китобидан ажрата олмаган, дўстлик нима, моддий манфаатдорлик нима – фарқига бормаган. Этцел томонидан ўзининг назорат қилинишини эса у, афтидан, ижодига дўстона хайрихоҳлик, асарларини ўртоқлашиш, деб тушунган, ношир қиёфасида дўстни, холис маслаҳат берадиган устозни кўрган. Бу фикрга ёзувчининг ноширга ёзган мактублари далил бўла олади. Ана шу дўстона оҳанг ёзувчи хатларида тез-тез учраб туради. “Сиз кашф этган камтарин қулингиз Верн”, дея имзо чекади у 1868 йили Этцелга йўллаган мактуби сўнгида.

Бундан келиб чиқадики, ёзувчининг ноширга ёзган мактубларида ўзи уқтирганидек, бу фикрни баъзилар ҳозир ҳам таъкидлашади, айнан Этцел Жюл Верн романлари асосчисимикан? Ахир, адиб аксарият асарларини Этцел билан танишгунга қадар ёзгани кундай равшан-ку. Яна “Ғаройиб саё­ҳатлар” ҳам тўлақонли равишда, ҳатто турли таҳрирларда бўлса-да, машҳур ёзувчи Жюл Верн қаламига мансуб бўлиб қолаверади.

Этцел ёзувчи хаёлоти, фантазиясини илиқ қарши олади, янги асар дунёга келишида юрагини бериб, чин дилдан иштирок этади. Ва, дарҳол ана шу ноёб хаёлотни пулга чақиб, ўзи учун муайян адабий формулани ишлаб чиқади. Этцел ёзувчи Жюл Верн заковати, улуғ истеъдодининг ўзига хос катализатори бўлиб хизмат қилади ва бундан катта даромад олади.

Бугун ўша ноширнинг номини ким эслайди? Этцелнинг номи аллақачон унут бўлган. Бу – ҳақиқат. Жюл Верн асарлари эса (шунингдек, ёзувчи номи ҳам) асрлар оша яшашда давом этмоқда. Бу китоблар адади бўйича жаҳонда чоп этилаётган нашрлар орасида етакчи ўринларни эгаллаб турибди.

Маъсума Аҳмедова
“Маърифат” газетасидан олинди.