Маъсума Аҳмедова. Оноре де Бальзак ижодининг уч қирраси

Бундан ўн беш йил муқаддам Франция ўзининг улуғ адиби,  нафақат француз, балки жаҳон адабиётига ҳам ”Сағри териси”, “Гобсек”, “Горио ота” каби бетакрор, ўлмас асарлари билан салмоқли ҳисса қўша олган Оноре де Бальзак таваллудининг 200 йиллигини кенг   нишонлаган эди (20.05.1799). 1979 йилда Франция матбуоти ёзувчи ижоди ва ҳаётига тааллуқли қизиқарли материалларни эълон қилди. Бу йил эса ёзувчи таваллудига 210 йил тўлди. Ўйлаймизки, ўн йил илгари матбуот юзини кўрган ижодкор ҳақидаги маълумотлар ҳозир кун ўқувчиси, хусусан, бизнинг ўзбек адабиёт  мухлислари учун ҳам  ўз қимматини йўқотмайди.

“Инсон  комедия”сининг муаллифи бир пайтлар графиня Эвелина Ганскаяга шундай деб ёзган эди: “Уч инсон бениҳоя, умрбоқий умрга муносибдир: Наполеон, Кювье, О’Коннель, –  мен уларнинг тўртинчиси бўлишни истардим. Биринчиси Европа ҳаёти билан ҳамнафас яшади, у ҳарбий қўшинлар билан бирга  ўсиб, улғайди. Иккинчиси Ер куррасини қамраб олди. Учинчиси ўзини халқи билан бирга кўрди, ўзини халқига бахшида этди (Ирландия мустақиллиги учун фидойи бўлди-тарж.). Мен бутун жамиятни бошим узра намоён этмоқдаман!”

Парижда нашр этиладиган машҳур “Фигаро” газетаси адиб таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан таниқли муаллифларнинг ажойиб мақолаларини чоп этди, улар учун газетанинг саккиз саҳифасини бағишлади. Ҳозир эътиборингизга ҳавола этиладиган  мақолалар “Фигаро” газетасидан қисқартириб олинди (муаллифлар Жан Монтальдо, Морис Дрюон, Филипп Тессон, Ален Шевалье).

Ҳамиша замонавий ва долзарб

Оноре де Бальзак ўз даврининг буюк ёзувчиси бўлиб етишгунига қадар кимлар бўлиб кўрмади. Нотариус ходими, газета ношири, босмахона эгаси (тез орада синган), журналист. Ўз даври маънавий қарашларининг тарихчиси  бўлган Бальзакни Франция учун Миср эҳромларидан пирамидага менгзаш мумкин:  унинг  “Инсон комедияси”– асл даҳо адиб томонидан яратилган дурдонадир.

Бизлардан қанчамиз “Бальзак бўлиб кўрдик”, ҳаётни ўрганмоқчи, инсоний муносабатлар санъатини эгалламоқчи бўлиб, 18-20 ёшимизда ҳарбий хизматга жўнадик. Бальзак замонавий журналистикада амал қилинадиган қоидаларни муомалага киритди. Ёзувчи таъкидлаганидай, одамлар хулқ-атворини англаб етмоқчи бўлсак, аввало тўртта: ким, қачон, қаерда ва нима учун деган саволларга жавоб бермоғимиз керак бўлади.

Бальзак – таҳлил ва кузатувнинг мисли кўрилмаган устаси эди. Биз айнан Бальзакдан ҳақиқатнинг тагига етишни, “тилла болакайлар”имизнинг молиявий найрангларини фош этиш учун агарда зарур бўлса, ҳатто уларнинг чиқинди қутиларини ҳам титкилашни ўрганамиз. Агарда  янги оламнинг ёрқин юлдузи каби қонун-қоидасиз ўйнайдиган ана шу устаси фаранг муттаҳаму олғирларни олқишлаб, кўкларга кўтарадиган бўлсак,  бу ҳол бизнинг жамиятимиз учун қанчалик тубанлик бўларди. Бундай одамлар – Бальзак  асаридаги банкчи Нусинген – “унинг вексели ҳамда номи бутун Европада маълуму машҳур” – муттаҳамнинг  чин авлодларидандир. Нусингенни ҳақли равишда ҳозирги  “дахл қилиб бўлмайдиганлар клуби”нинг отаси, асосчиси  дейиш мумкин.

Эмиль Блонде, Этьен Лустолар – аслида бундай кишиларнинг профессионал вазифаси ўз газеталарида Нусинген қабилидаги нусхаларнинг найрангларини  фош этишдан иборат бўлиши керак. Бальзак  уларнинг  ҳалоллик билан тўғри маълумот бермасликлари ҳамда пулнинг устунлигини ўз газеталарида кўрсатиб, ошкор этмасликлари устига-устак, ўзлари ҳам сотилишларини моҳирона тасвирлайди (баъзан тўрт суга  ҳам сотиладилар!). Улар пасткаш кишилар,  бундайлар имон, диёнат нима, билмайдилар, покизалик, инсоф, ҳалоллик деган тушунчаларга тупурадилар.

Шахс, оила, жамият

Ёзувчилар ҳар хил бўладилар. Қандай воқеалар, нималар ҳақида ҳикоя қилишларига қараб, уларни бир гуруҳга қўшиш мумкин. Баъзи ёзувчилар – фақат бир нарсани, ўз ҳаётини бадиий тўқиманинг бирор нафис либосига ўраган ҳолда тасвирлайдилар. Олий тоифага кирувчи, дунёни бошқача, мураккаблигича идрок этадиган ёзувчилар – ижодкорлар (бундай мақомга улардан камдан-ками эриша олади), – бирданига уч жабҳа: шахс, оила, жамиятга  хизмат  қиладилар. Сўнггисининг ҳам ўз кечмиши бўлади.

Агарда  ёзувчи  романида ўз персонажини ана шу уч жабҳада ҳаракат қилдира олмаса, бу образни муваффақиятли чиқади, деб бўлмайди. Романда тасвирланаётган зиддиятлар ана шу учала қирра билан боғлиқ  ҳолда ривожланиб бориши керак.

Биринчи жабҳа – шахс масаласи, – одатда муаллиф  ўз қаҳрамон ва  иккинчи даражали персонажларини атрофидаги кишилар ва уларнинг феъл-атворларини кузатишлари асосида яратади. Лекин бу борада кўп нарсалар ёзувчининг ўзидан, ўз қарашларидан дунёга келади, масалан,  ёзувчи инъикосини инсоният уруғлари жам бўлган бир идиш дейиш мумкин, ижодкор ана шу уруғларнинг ниш отиб, куртак ёзишига замин яратади.

Ёзувчи ўзини рашкчи, хасис,  ботир, қўрқоқ, калондимоғ ёки хўрланган,бечора камбағал қилиб тасвирлаши унчалик ҳам қийин эмас. Ундан ҳам, ёзувчи ўзини банкчи, сургунга бадарға қилинган маҳбус, роҳиб, ҳарбий, рассом, қози, вазир қиёфасида кўриши қийинроқдир. Улар (бундай кишилар) ўзларини қандай тутишлари мумкинлигини тасаввур этиш машаққати, – мана,  катта истеъдод эгаси бўлган даҳо ўзини кўрсатиши керак бўлган ҳудуд. Бу айнан шундай ҳудудки, бунда Бальзакка тенг келадигани бўлмайди. Бальзакдан бошқа ҳеч бир ёзувчи қайнаб турган миясидан шу қадар кўп сонли персонажларни чиқариб, бу образларни маҳорат билан ярата олмаган.

Агар конкрет олинган давр кўрсатилмаса, ўша замон нафаси уфуриб турмаса,  ҳеч бир персонаж ва ҳеч бир конфликт, зиддият бу қадар ҳаққоний ёки  тўғри чиқмайди. Муаллиф  бу давр ҳақидаги маълумотларни бирор-бир китоб ёки ўз кузатувларидан олади. Бальзакда эса Реставрация (тикланиш) йиллари  ва Июль империяси  даври тарихий фон бўлиб хизмат қилади. Зеро “Инсон комедияси”ни ҳақли равишда Наполеон ҳақидаги комедия дейиш мумкин. Биз Наполеонни “Вендетта”да ҳам, “Қора ишлар”да ҳам, “Ўттиз ёшли аёл”да ҳам ва ёзувчининг бошқа  кўпгина романларида ҳам учратамиз. Наполеон тимсоли, шубҳасиз, Бальзак яратган XIX аср бошларидаги инсон комедиясининг марказида туради. У, бир неча Наполеонлар, Наполеонлар қўшинлари бўлганлигини тасвирлайди. Бу – халқи билан яқинлашган инсон тимсоли эди. “Жон  талвасасидаги кишилар  ўринларидан қўзғалиб, “Яшасин Наполеон!” деб қичқиришга ўзларида куч топдилар”. Бошқа бир, иккинчи Наполеон эса  – француз маъмуриятини ташкил этган, хизмат борасида, мавқеда кўтарилиш қоидасини жорий этган, ёшларни мартаба сари даъват этган маҳкама одами эди. “Киши 25 ёшида юксак мартабага кўтирилиши мумкин эди”, дея эслаб ўтади Бальзак.   Бари ишлар тезда амалга ошириларди. Ишлар қайнаб ётарди. Наполеон номининг ўзи  Бальзак учун – мукаммаллик ва муваффақият рамзи эди.

Ёзувчи иккинчи – оила  жабҳаси учун қайси манбалардан материал тўплайди? Албатта,  ёзувчи бу борада биринчи навбатда ўз хотиралари, бобо ва момолари, амакилари, қариндошлари айтиб берган ҳикоялардан фойдаланади.

Ага оиланинг адабий асарга таъсири ҳақида баҳс юритадиган бўлсак,  шубҳасиз, Толстой биринчи ўринни эгаллаган бўларди. Асли у кибор рус насабидан келиб чиққан бўлиб,  мазкур асилзодалар насли катта оилалари билан машҳур эди. Толстой бир-бирига кўпдан-кўп ришталар билан боғланган  икки–учта оила мисолида уларнинг бари ҳаяжонлару, ҳиссиётлари, қувонч ва қайғуларини тасвир этган ҳолда бутун бир олам ярата олди. Туғилиш ва ўлим, илк, кўтаринки муҳаббат, сирли  муносабатлар, баллар, овлар, қарта ўйинлари, инқирозга юз тутиш ва муваффақиятлар унинг асарларида тўлақонли ўз аксини топди. Буларни бари, бундай тасвирлар Толстойда мўл бўлди.

Бальзак романларида эса  оила худди ёзувчининг ўзиники сингари  унча катта бўлмайди – отаси, онаси, у ва синглисидан ташкил топади. Отаси –  исми шарифи Бальс бўлган деҳқон ўғли эди (ёзувчи буни кейинчалик унча халқона бўлмаган Бальзак деган исми шарифга ўзгартиради), ҳукумат идораларида хизмат қилади. Жумладан, 22-дивизияда,  ҳарбийларга озиқ-овқат етказиб бериш бўлими мудири, кейинчалик Тур шаҳри Мэри ёрдамчиси лавозимида  ишлайди. Ёзувчининг онаси – газлама-мато билан савдо қиладиган парижлик савдогарнинг қизи эди.

Бальзакнинг болалик ва ўсмирлик йиллари вилоятда кечади. Унинг романларида вилоятдаги  мансабдорлар, кюре, нотариуслар, баққоллар образлари кўп. У йирик буржуазия давраларида кўп бўлмас эди. Банкчи Нусингеннинг уйи унинг ижодида истисно бўлади. Бунда Бальзак фақат банкчилик  касбини қаламга олади.

Бальзак юқори доирадаги  асилзодалар давраларида фақатгина бир неча киборлар хонадонларигагина кира олади, у булар орқали олинасаб соҳибжамол хонимлар: герцогиня д’Арбанте, маркиза де Кастриньелар – олди француз зодагонлари назарига тушишга умид қилади. Бироқ улар уни ўйин қилардилар, холос. Ўлими арафасида Бальзакнинг миясида яна 58 та асар учун хом ашё тайёр эди.

Матбуотнинг  қудрати ва мунофиқлиги

Журналистларни ҳамма даврларда койиб келишган ва ҳозир ҳам уларни уришадилар. XIX асрда эса бу койиш маълум санъат билан, мизансаҳна қурган ҳолда, танқид жараёни театрлаштириб, амалга ошириларди. Ҳеч ким ана шу матбуотчилар қабиласининг таомилу одатларини Бальзакдек, унинг “Пучга чиққан хом хаёллар” асарининг “Париждаги қишлоқи донгдор” деб аталмиш қисмидагичалик ҳаққоний ва рўй-рост кўрсатиб беролмаган эди. Худди Мопассаннинг “Азизим” романи қаҳрамони Жорж Дюруа сингари Люсьен де Рюбампре, Лусто Фино ва уларнинг дўстлари ҳам  журналистика ҳақида  турли афсоналар яратилишига сабаб бўлади, Бальзак таърифлаганидай, улар “ҳозирги асримизнинг яраси” бўлиб, тарихий типаж- намуна сифатида хизмат қилади.

Ёзувчи бизга ёлғон, дўқ-пўписа, масъулиятсизлик ҳукм сурган оламни кўрсатиб беради. “Жкрналист – мисоли акробат, – дейди Лусто Люсьенга. – Унинг қалби, имони йўқ, унинг комил ишончи ва кучли тафаккури йўқ. Шунинг учун ҳам ҳақиқатга тўғри ёндашувни кўрмайсиз. У ўзига юксак “дабдаба”ни раво кўради – ўзига-ўзи ёлғон гапиради. Журналист учун мумкин бўлган ҳамма нарса – ҳақиқатдир”. Люсьеннинг устозларидан бири Блонде шогирдига, журналист бир хил маҳорат билан аввал бир, сўнгра мутлақо биринчисига зид ҳолда тескарисини ёзишни уддалаши даркор, деб уқтиради. Люьен устоз ўгитларига қулоқ тутади: дўсти Натаннинг китобига икки хил тақриз ёзади – бири мақтовга тўлиқ бўлса, иккинчиси  танқиддан иборат бўлади.

Бальзак ўз асари билан ҳеч қандай кашфиёт қилмайди. Чиндан ҳам журналистикани ахлоқий жиҳатдан танқид қилиш ёзувчи яшаган даврда урф эди. Бу нарса ҳозирда ҳам урфдан чиққан эмас. Лекин Бальзак матбуотни ана шу юзсизлиги, ахлоқсизлигига кўникмаган, келиша олмаган биринчи ёзувчи эди. Унинг танқиди замирида жамият ҳолати кузатилар ва матбуотни ташкил этиш асосида ётган иқтисодий механизмни фош этар эди. Ёзувчи тарихни ижтимоий жиҳатдан талқин этиш ишига ҳамиша содиқ қолган ҳолда, ушбу тизим илдизларини излайди. Ёзувчи ана шу тизимнинг ҳаракатлантирувчи воситаси, ричагини англаб етади: худди адабиёт ва театрга ўхшаб, журналистика ҳам  – товар, уни ишлаб чиқариш ва тарқатиш ишлари бозор ва пул империясига бўйсунади.

Бальзак 1839 йилда “Пучга чиққан хом хаёллар” асарининг чоп этилиши муносабати билан илова қилган сўзбошисида шундай деб ёзади: “Жамият  адабиётни тижорат корхонасига айлантириб, унга қандай зарар кўрсатаётганлигини ҳали билмайди”.  Газета корчалони Фино:  “Орадан 10 йил ўтгач (ўшанда 1839 йил эди), журналистиканинг бари жабҳаси рекламага итоат қилади”, дея хитоб қилади.

Бироқ  Бальзак, ушбу тизимда сиёсий ҳокимият худди актёр сифатида ўртага чиқади,  ўйинчоқ  ва  қурбон бўлади, дея фикрини янада илгари суради. Унингча, пул – сиёсатни бошқаргани сингари, матбуотни ҳам бошқаради.

Париж матбуоти Бальзакнинг  “Пучга чиққан хом хаёллар” романи сабабли ағдар-тўнтар бўлиб кетади. Айниқса, “Фигаро” газетаси ғазаб отига минади. “Бу китобнинг,- деб ёзади “Ревю де Пари” газетаси, –  на услуби, на қадр-қиммати бор, унда истеъдоддан дарак йўқ”. Бодлер айтганидай, “француз танқидчилиги Бальзакни “Париждаги қишлоқи донгдор”и учун ҳеч қачон кечирмайди”. Ўз даври, жамияти ҳақиқатини  ёрита олган ёзувчи яна қандай мукофот олиши мумкин эди?

Судхўрлар, биржачилар ва банкчилар

Бальзакнинг замондошлари кўнгилларидаги пуч инқилобий хаёллардан  халос бўлиб, Гизонинг: “Ўзингизни бойитинг”, деган маслаҳатига қулоқ тутадилар. Давр шиори шуни тақозо этарди. Кишиларнинг куч-ғайрати янги-янги  йўналишлар, конкрет, аниқ жабҳаларга қаратилади. Бальзак ана шу жамиятни қандай кўрса, шундай тасвирлаб беради.

Биз “Париж ҳаёти саҳналари” романида  бир-бирларидан унча фарқ қилмайдиган судхўрлар ва банкчиларни кўрамиз. Бальзак маҳорат билан яратган  судхўр Гобсек  образи чексиз-чегарасиз имкониятларга эга. У якка ўзи ҳаракат қилмайди.  Гобсек, Бальзак ёзганидай, “умумий манфаатлар”га алоқадор бўлган ўз ҳамтовоқлари билан “Фемида” қаҳвахонасида учрашаркан,  сирли молиявий оламни бошқаради. Гобсек ва унинг ҳамтовоқларини  жуда ранг-баранг, турли кишиларнинг кредитлари ва қарзлари ҳақидаги маълумотлар ёзиб қўйиладиган махсус “Қора дафтар”лари бўлади. Бу маълумотларга эга киши, ҳукуматнинг мансаб поғоналарида турган бирор қўғирчоқнинг шохига тегиб кетиш мумкин. “Мен, – дейди Гобсек, – инсон виждонини сотиб олишга қурбим етадиган, идора мирзаларидан тортиб то жазманлари, уларнинг арзандалари орқали куч-қудратли вазирларни ҳам  бошқарадиган  даражада бойман”. Ўзининг эътирофига кўра, “Парижнинг ўнта қиролларидан бири”  бўлган Гобсек шундай дейди: “Мен каби одам Парижда ўнтача келади; биз сизларнинг тақдирларингиз эгасимиз”. Гобсек – ювош, писмиқ, деярли кўзга кўринмас қирол.

Банкчиларга келганда, улар ҳамиша машҳур бўлишни, шуҳрат қозонишни яхши кўрадилар. Бундайларнинг иштаҳалари карнай бўлади. Улар судхўрлардан фарқли равишда, якка ўзлари ҳаракат қиладилар. Улар кўпинча ишни жанжал-можаро билан тугатадилар. “Цезарь Биротто”даги Келлер бойлик орттириб олгач, депутат бўлишга ҳаракат қилади. У шу тариқа сийқа, мартабага интилган, мансаб изидан қувган одамга айланади. Бу  мавзудаги асарларда энг ёрқин образ – яқинда олган баронлик мақомидан керилган бойвачча Нусинген бўлиб, уни зодагонлар жамияти қабул қилмайди. У биржада неча-неча инсон тақдирлари устидан ҳукмрон бўлса-да, киборлар хонадонлари эшигини очолмайди, герцогиня хонимлар қалбини ром эта олмайди. Нусинген суюғоёқ  аёлларнигина билади ва бу нарса уни қайғу-аламга маҳкум этади.

Бальзак бутун умри мобайнида нусингенлар ва келлерларга қарзини тўлаб, кун кечириб ўтади. Ёзувчининг уларни ипидан-игнасигача билиши, ўрганиши учун имкони ҳам, вақти ҳам мўл бўлган.

Молия оламини тасвирларкан, Бальзак улар орасида Вотрен образига алоҳида ўрин ажратади. У – сургундан қочган авантюрачи, ўғрилар банкчиси. Вотрен жазо муддатини ўтаган ва вақтинчалик  “ишдан узоқлашган” жиноятчилар бирлашмалари маблағларини бошқаради, бу пулларни  жамиятга қарши шахсий уруш очиб, уни молиявий таъминлаш учун  сарфлайди. Бальзак  бундай иблисона ишлари, фирибгарлиги учун қаҳрамонини сургунга бадарға қилишга ҳақли эди, лекин ёзувчи “Куртизан аёллар жилоси ва ночорлиги” романининг сўнгги бобида уни қидирув полиция бошлиғи этиб тайинлайди. Ва бу  ёзувчининг бари  қолган  асарлари кўлагасида мутлақо  ҳақиқатга хилоф кўринмайди.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади.