Иброҳим Ғафуров. Чўлпоннинг тил ва услуб назокати

Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон бадиий таржимага янги миллий маданият яратиш ва уни кўтаришнинг асосларидан бири деб қаради ва бу соҳада фидокорлик билан жон куйдириб ишлади. Айниқса, таржимада бадиий услуб яратишнинг жуда нозик поэтик йўлларини очди. Унинг таржимада бадиий услуб ва тил шаклларини излаш устида олиб борган ижодий ишлари чинакам бадиий кашфиёт даражасига кўтарилди.

Таржимада бадиий услубни ёзувчининг ўзи каби яратиш буюк санъаткорликни талаб қилади ва маҳорат тушунчаси, аввало, шундан ҳосил бўлади. Туб матндаги нарса-ҳодисаларни аташ-номлаш, ўқувчи тасаввурига ғоят кучли таъсир қилувчи оҳанглар, образлар, поэтик ифодаларни муаллиф кўзлаган бадиий мақсад даражасида таржимада очиб кўрсатиш ҳам бадиий услубнинг мукаммал инкишофига хизмат қилади. Чўлпон ўз таржималарида буларнинг барига жуда катта эътибор ҳамда масъулият билан қарайди. Таъкидлаб ўтишга арзийдиган бир қизиқ ҳол: атоқли адибларимиздан Абдулла Қаҳҳор Чеховга алоҳида бир муҳаббат ва ихлос билан қараганлиги адабиётимиз тарихидан маълум. У Чеховни таржима қилишда ўз йўлидан борди: асосан унинг жуда ўткир ҳажвий асарларини ўзбекчага ўгирди. Аммо Чеховнинг кўзойнагини Чўлпондан бироз кейин тақди ва таржимада Чўлпон тажрибаларини ҳисобга олди. Чўлпон таржима учун Чеховнинг ажойиб лирик-драматик ҳикояларини танлади. Чехов ўткир ҳажвий асарларида қаттиқ кулдириб лол қилса, лирик-драматик асарларида, замондошларининг таърифлашларича, йиғлатиб кулдирар, кулдириб йиғлатарди. Чўлпонга Чеховнинг шундай йиғлатиб кулдирадиган жозибали лирик асарлари яқин эди. Ўзбек шоири шундай юракдан чиққан асарларни ёқтирар, ўзи ҳам шундай лирик драмалар, ҳикоялар ёзишни севарди. Фақат Чўлпоннинг бадиий услубида шоирона унсурларнинг кучлилиги ажралиб турарди.

Чехов “Ғам” деган ҳикоясида кексайган оғир касал хотинини шаҳарга врачга қаҳратон қиш пайти аравада олиб бораётган токарнинг ички кечинмаларини тасвирлайди. У умр бўйи ўз айшини кўзлаган ва муштипар хотинини асло одам ўрнида кўрмаган, унга жабру зулмлар қилган. “Токар” тушунчасини Чўлпон ўтган асрнинг 30-йиллари боши, йигирманчи йиллари охирида “қирмачи” деб табдил этади. Бу қайси шева, қайси лаҳжадан олинган, ё Чўлпоннинг ўзи татар-туркий тиллар асосида янги сўз-тушунча ясаганми, ҳали аниқлаб бўлмади. Лекин 20 — 30-йилларда Чўлпон ва Қодирий ижодида амалга кирган юзлаб ва ҳатто минглаб ноёб, яъни кўп қўлланмаган сўзлар каби “қирмачи” ҳам жонли сўзлашув тилимизда кенг истеъмолга кириб ўзлашиб кетмади. Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши ривожлана борган сари “токар” истеъмолда ғолиб чиқди ва одамлар, матбуот тилида кўпроқ қўлланди.

Токар узоқ қиш йўлида ўзига ҳам, бурканиб ётган кампирига ҳам ғўлдираб сўйланиб боради. Касал хотиндан садо чиқмайди ва Чехов-муаллиф шу ерда бир оғиз тасвир ташлайди: “Наконец, чтоб покончить с неизвестностью, он, не оглядиваясь на старуху, нащупивает ее холодную руку. Поднятая рука падает как плеть”.

Чўлпон бу тасвирни шундай талқин қилади: “Ниҳоят, бу чучмалликни бартараф қилмоқ учун, у кампир томонга бурилмасдан қўл узатиб, унинг совуқ қўлини ушлаб кўрди. Юқори кўтарилган қўл, гаврон сингари, яна пастга тушади”. Албатта, унутмайлик, 30-йилларда Ўзбекистонда бадиий таржима баъзи тажрибаларга қарамасдан ҳали тетапоя ҳолатида эди. Сизни матнда рус тилидаги “неизвестность” сўзининг кутилмаганда “чучмаллик” деган сўз билан табдил қилингани ҳайратга солади. Аммо шошмайлик. Чўлпон таржималари тилида бундай ўринлар бот-бот учрайди. Биз буни ҳозир, мисол учун, “токарнинг фиғони чиқиб” ёки “нима бўляпти ўзи деб орқасига ўгирилиб” сингари жумлалар билан ўгиришга уринардик. Аммо Чўлпон буларнинг ҳаммасига “бу чучмалликни бартараф қилмоқ учун…” деган ўзи топган ўзига хос бирикмани лойиқ кўряпти. Сиз, албатта, “неизвестность” “номаълумлик” ва асло “чучмаллик” эмас, дейсиз. Чучмал ширин ҳам эмас, тахир ҳам эмас, шунинг орасидаги маза-матрасизлик, яъни номаълумлик, мужмаллик. Чўлпон “чучмаллик” сўзини шундай кутилмаган ўринга олиб чиқиб одатдан ташқари маъносини очади. Лекин Чўлпондан кейин ҳеч ким “чучмаллик” сўзини мужмаллик маъносида истифода қилмади. Чучмалликнинг номаълумликни англатувчи маъно товланиши бой, ранг-баранг бўлмагани учун йўқолди. Энди бизни яна бир карра лол этган русча “плеть” деган сўзнинг “гаврон” деб талқин қилинганига тўхтайлик. “Плеть”ни ўзбеклар қайиш ёки ўрма қамчи дейишади. Токар кампирнинг қўлини кўтариб кўрганида бечоранинг қўли ўрма қамчидай шалвираб тушди. Чўлпон қамчидай шалвираб тушди дейишни лозим кўрмайди. Ахир, қаҳратон совуқда кампирнинг қўли ҳам, ўзи ҳам музлаб қотиб қолган, қотиб қолган нарса қамчидай тушмайди. Шунинг учун сўзлар ва ҳолатларни ўта нозик идрок этадиган шоир Чўлпон бу тасвирда қотиб қолганликни ифодалаш учун “гаврон сингари”, деб оляпти. Бу чинакам конверсия, яъни чинакам ағдариш, “таржима” сўзининг асл маъноси ҳам ўзи шу – ағдариш, уриш, йиқитиш, “перевод” сўзининг маъноси эса — ўтказиш, яъни бир тилдан иккинчи тилга ўтказиш, кўчириш. Бинобарин, Чўлпон бу ерда “ўтказаётгани” йўқ, балки том маънода “ағдаряпти”. “Гаврон” ва таёқ сўзлари маълум маънода синонимлар, лекин маъно ўзгачаликлари ҳам бор. Гаврон – йўғон, унча-мунчага синавермайди, таёқ эса кичикроқ, ингичкароқ бўлиши ҳам мумкин. “Гаврон” ЎТИЛда йўғон новдадан қилинган подачилар таёғи, деб изоҳланган. Тўғри-ю, битта аммоси бор: аммоси шуки, гаврон новдадан қилинмайди. Новда ҳали ёш, ингичка, мўрт бўлади, шунинг учун гаврон энг бақувват етилган шохдан ясалади. Чўлпон гап қурилишининг услубини Чеховга қандай яқинлаштирганига разм солайлик. Матнда ифодаланаётган мазмунга кўра бу ўринда аслида “қўл таёқдек тушди” матнга айни мувофиқ келарди. Аммо поча-пўстинларга бурканиб ётган шўрлик кампирнинг жонсиз қўли гаврондек тушган бўлса ҳам ажабмас. Туб матнда гап модал сўз билан бирга беш жумладан иборат ва улар турли ҳаракат-ҳолат ўзгаришларини англатади. Таржима ушбу ҳаракат-ҳолатларни оқизмай-томизмай ифодалайди, жумлаларнинг ритмик манзарасини келиштириб сақлайди.

Бадиий услуб тасвирланаётган инсон характери хусусиятларига кўра шаклланади. Чеховнинг асарлари ҳам бу жиҳатдан дунё адабиётида ноёбдир. Чўлпон буни бутун поэтик нозикликлари билан теран тушунади ва қайта бунёд этади. “Ғам” ҳикоясида қишнинг оғир ҳувиллаган йўлида аравада касал хотинини дўхтирга олиб бораётган, умрида хотинига меҳр кўрсатмаган, юрагига борган сари ваҳима оралаётган кимсанинг совқотган, титроқ товуши эшитилади. Жумлаларда араванинг маъюс силкиниши баралла акс этади. Чеховнинг таржимони ушбу ҳолатни беҳад нозик идрок этади. Хотинининг аравада ўлиб қолганини кўрган мужик шу заҳоти ҳаёт батамом барбод бўлганини англайди: “За пьянством, драками и нуждой не чувствовалось жизни. И как назло, старуха умерла как раз в то самое время, когда он почувствовал, что жалеет ее, жить без нее не может, страшно виноват перед ней… Жить бы сызнова, — думает токарь”. Чўлпон Чехов қаҳрамонининг ўйларига эргашади: Кампир “билан бирга қирқ йил умр қилди, лекин бу қирқ йиллик умр худди тумандай ўтмадими? Мастлик, уриш-талаш ва муҳтожликлар ичида умрнинг ўтгани ҳам билинмади…”. Мана икки мунгли инсон ҳаётининг хулосасидай эшитилаётган “не чувствовалось жизни” деган фожиали бир хулосани Чўлпон ғоятда содда ва ғоятда ўзбекона қилиб: “муҳтожликлар ичида умрнинг ўтгани ҳам билинмади”, деб ўгиради.

Бу ўринда айни шу жумланинг бир қатор ўзбекона бошқа табдилларини вариант сифатида келтириб ўтиш мумкин. Аминмизки, уларнинг энг яхшилари ичида ҳам Чўлпоннинг табдили ўз бадиий таъсирчанлиги билан ажралиб кўринади. Чехов бир ўринда устанинг ўкинчига ўқувчисининг диққатини қаратади: “Он думает, как на этом свете всё быстро делается!”. Имоним комилки, жуда кўп устакор таржимонлар бир зумда “бу дунёда ҳаммаси кўз очиб юмгунча рўй беради-я”, деб ўгирган ва эҳтимол тўғри қилган бўлардилар. Аммо Чўлпон: “мунча бевафо бу дунё!”, деб ажиб шоирона ибора билан ағдаради. Чўлпон ўз таржимонлик услубини ­шакллантираркан, шоирона бойиган бадиий услуб яратади ва шу шоирона бадиий таржима услубига доим содиқ қалам тебратади. У бир қарашда туб матндан гўё узоқ сўзлар, иборалар, жумлалар, ифодаларни қўллайди, лекин ўйлаб қараганда, улар аслият матнига жуда яқинлиги маълум бўлади.

Аслият услубини таржимада чиқариш бу санъатнинг энг қийин соҳаси. Унга фақат катта санъаткорлик билангина эришилади. Аксинча, қарайсиз, жуда тўғри таржима. Таъна-дашномга асло ўрин йўқдек. Лекин бу ерда бадииятнинг қон томири — бадиий услуб йўқ! Толстойнинг улуғ асари бамисли ўртамиёна ёзувчининг камсуқум асаридай таржима қилинган. Таржимага калит топилмаган. Энди “Ғам”даги мужикнинг яна бир аянчли хитобига эътибор қаратайлик. Кампир ўлиб қолганини билгач, мужик: “Померла, стало быть, комиссия!”, деб нидо қилади. Чўлпон буни “Ўлиб қолганга ўхшайди. Қиёмат!”, деб ўгиради. “Қиёмат” – “комиссия” сўзининг айнан луғавий маъно таржимаси эмас. “Комиссия” асли келиб чиқишига кўра лотинча, луғатга кўра “топшириқ”, “вазифа” деганга ўхшаш маъноларни англатади, бошқа маъно турлари ҳам бор. Лекин бизга ҳозир шу кўрсатилганларнинг ўзи кифоя қилади. Рус классик адабиётида “қийин”, серташвиш, серғалва, “бошоғриғи иш” маъносида қўлланган. Уни таржимада “Ана бошоғриғи!”, деб ўгирса ҳам матнга жуда ярашарди. Лекин Чўлпон “қиёмат”ни танлайди. Мужикнинг ҳолати-аҳволига кўра вазиятни энг яхши англатадиган ва ўз ўқувчисига ҳам энг тушунарли, таъсирчан бўладиган шу сўзга тўхталади. Бу ерда сўз энди таржима қилинмади, балки контекст тақозо этган мазмунга мослаб олинди. Ўзбеклар бирон аҳвол энг ишкал нуқтага етганда худди шундай: “Қиёмат!”, деб қўядилар. Контекст тақозоси таржима қилишни эмас, авторда бўлмаган ибора ёки сўз бирликларини кашф қилишни амр этади. Шунда сиз текст, яъни туб матн ҳақиқатига оғишмай риоя қилиш заруратини жуда чуқур ҳис этасиз. Контекст тақозоси ва текст ҳақиқати нима? Бу текстнинг барча поэтик ва маъно товланишлари, шунинг баробарида унинг бутун бадиий хусусиятлари ва таъсир нуқталарини сақлаш, таржима тилида муодил тарзда баркамол баён этишдир. Контекст тақозоси ва текст ҳақиқатига тўла риоя қилгандагина туб матннинг услубини иккинчи бегона тил муҳитида сақлаш, тўла юзага чиқариш мумкин бўлади. Контекст тақозоси ва текст ҳақиқати, айниқса, хос сўзлар, турғун бирикмалар, паремиологик иборалар, ҳикматли бирликларни ўгириш муаммолари туғилганда, айниқса, сезиларли тус олади. Маълумки, булар туб матн услубини таржимада бунёд этишда катта таъсир қудратига эга. Бу вазифани баркамол ҳал қилмай туриб таржимада аслиятнинг бадиий услубини яратишнинг иложи йўқ.

Чўлпоннинг Чеховдан таржималаридан бир неча мисолга мурожаат қилайлик. “Ғам”да мужик отини қичаяпти: “…чтоб тебе пусто было, черт!». Чўлпон бу таржима қилиб бўлмайдиган иборани кутилмаганда: “…эй, ер тортқур, лаънати!”, деб бадал келтириб тўлдиради. Мужик тилига тушган бу ибора! Ёки мужик тилида эшитилган “Вот те крест!”, деган сўкинишни Чўлпон: “Нон урсин агар!” деб ажойиб бадал топади. Аслини сақлаб эса ҳеч қачон буни таржима қилиб бўлмайди. Текст тақозоси ва ҳақиқати фақат чин ижодкорликни талаб қилади. Чўлпон бу ерларда ўзини энг яхши маънода ижодкор таржимон сифатида тутади. Мужик кампиридан ҳеч жавоб ололмагач, жаҳл устида: “Ну и дура!”, деб куфри қўзийди. Чўлпон буни: “Эси пастсан-да ўзинг ҳам!”, деб ўгиради. Ҳолбуки бошқалар буни бир пастда “жинни”, “аҳмоқ”, “тентак” ва ҳоказо деб таржима қилиб ташлашлари ҳеч гап эмас.

Чўлпон турк, рус, татар, қримтатар, озарбойжон, нўғой, қозоқ, қирғиз, туркман, форс тилларидаги адабиётларни эркин ўқир, ўзбек тили шеваларидан, мумтоз адабиётимиз тилидан мукаммал хабардор эди. Шунинг учун унинг асарларининг тили ниҳоятда бой. Унинг таржималарида бу тил хазиналари дам-бадам юзага қалқиб чиқади. Чўлпон Чеховнинг “Эски қўра” (“Старый дом»), “Битаётган авлоднинг сўнгги қизи” (“Последный из могикан”), “Бўйинга осилган Анна” (“Анна на шее”), “Егер” сингари ҳикоялари таржималарида (улар илк марта 1933 йилда алоҳида китобча ҳолида чиққан, шундан сўнг 2012 йилда М.Аминов ва Ҳ.Абдиев томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи чиқарган А.П.Чехов танланган ҳикоялар китобига киритилган) бундай ноёб сўзларни бот-бот қўллайди. Чунончи, курок – кулангир, тощий – арвак ёки арвоқ, бледнолицая – заҳл (лекин бу сўзни контекст тақозосига кўра “оқ юзли” деб ўгириш маъқулроқ эди), застенчиво – уялчан, дичь – илварсин, вольный дух – саёқлик савдоси, воспитательный дом — гўдакхона сингари кутилмаган сўзлар воситасида табдил қилинганига дуч келамиз. Ҳали мукаммал ишланмаган кўп томли икки тилли луғатлар бўлмаган шароитда бундай изланишларни, ҳозир қандай нотабиий бўлиб кўринмасин, ўша бадиий таржимадаги изланишлар даври учун характерли ҳодисалар деб биламиз.

Айтолганларимиздан хулоса шуки, юксак ва теран тил бойлигига эга бўлмагунча ҳеч қайда моҳир санъаткор таржимон адиб йўқ. Тил бойлиги бўлгандагина таржиманинг энг қийин қадрли иши – туб матннинг услуб мавжларини санъаткорона гавдалантириб бермоқлик мумкин ва худди шу шарт билангина бадиий таржимон ижодкор ва санъаткор деган ном қозонади.

Шунга кўра улуғ адиб Чўлпоннинг таржималари бадиий санъаткорлиги билан қадрлидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 18-сон