Дилнавоз Юсупова. Дўстлар, бир чора…

Дўстлар, бир чора мен девонайи шайдо учун
Ким, ўлармен ул парийпайкар малаксиймо учун.

Оташин гул теграсида лаългун юз барг эмас,
Балки юз наъл ўтқа солмиш булбули шайдо учун.

Хом кўнглумким, дудоғингни тилаб афғон қилур,
Бор дурур ул тифлдекким, йиғлағай ҳалво учун.

Ашк ичинда ғарқамен, зулфунгни тутқайменму деб,
Уйлаким тожир тенгиз ранжин чекар савдо учун.

Турки мастедур кўзунг уйқуда, кўз кунжида хол
Ўғриким, қилмиш камин ёнида қўйған ё учун.

Гулханийдекдурки истар гулхану олотини,
Сифлаким меҳнат чекар дунёву мофиҳо учун.

Бу Навоий бандани, эй сарви озод, асраким,
Буйла бир булбул керак сендек гули раъно учун.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 481-ғазал)

ЛУҒАТ

Лаългун – лаъл рангли, қизил
Наъл – тақа, тақа шаклидаги тамға, муҳр
Тифл – ёш бола, гўдак
Ашк – кўзёш
Тожир – тижоратчи, савдогар
Кунж – бурчак, чет
Турк – бу ўринда: сипоҳий, жангчи
Камин – пистирма, пана жой
Ё – ёй, камон; қайрилма (қош)
Гулханий – ўт ёқувчи, гўлохий
Сифла – паст, пасткаш, хасис
Меҳнат – машаққат
Олот – асбоблар, қурол-яроғлар
Дунёву мофиҳо – дунё ва ундаги нарсалар

Ғазалнинг насрий баёни

1. Дўстлар, мен девонайи шайдо учун (ишқ йўлида) бир чора бор: бу – парийпайкар малаксиймо ёр учун жонни фидо қилиш.
2. Оташин гул (косаси)нинг атрофида лаъл (қизил) рангли юзта барг­лар йиғиндиси эмас, балки булбули шайдо учун оловга солинган юзта тамғанинг шаклларидир.
3. Хом кўнглим дудоғингни тилаб фиғон қилади, бу ҳолат худди ҳолва учун йиғлаётган болани эслатади.
4. Зулфингни тута олармиканман деб кўз ёшларим ичида ғарқ бўлдим, худди савдогар ўз бозорининг барори учун денгиз машаққатига ҳам рози бўлгани каби.
5. Уйқудаги кўзинг мастона туркка ўхшайди, кўзинг атрофидаги холинг ёнидаги ёйни пистирма қилган ўғридек гўё.
6. Гулханда ўт ёқувчи гулхан ва асбоблари учун, пасткаш кимса эса бу дунё ва ундаги моддий нарсалар учун машаққат чеккани каби.
7. Эй сарви озодим, Навоий каби асирингни асрагил, зеро, сендек гули раъно учун унинг каби бир булбул керак.

Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ошиқона мазмунда бўлиб, унда ишқ завқи ва машаққатлари, ёр жамоли васфи ва лирик қаҳрамоннинг қалб кечинмалари: туйғу ва изтироблари умумлашган ҳолатда акс эттирилган. Ғазал матлаъсининг “Дўстлар” ундови билан бошланиши унинг шарҳи ҳол йўналишида эканлигига ишора қилади:

Дўстлар, бир чора мен девонайи шайдо учун
Ким, ўлармен ул парийпайкар малаксиймо учун.

Илк байтдаёқ ошиқ ишқ дардига фақат ягона чора борлигини таъкидлайди: бу – ёр йўлида жон фидо қилиш.

Оташин гул теграсида лаългун юз барг эмас,
Балки юз наъл ўтқа солмиш булбули шайдо учун.

Гулшанда оловранг садбарг косаси теграсидаги қизилликни гулнинг баргларидан пайдо бўлган деб ўйламанг, дейди шоир, бу гулнинг ишқидаги булбули шайдонинг жисмига босиладиган юзта ўтли тамғанинг шаклларидир. Ҳусни таълил (бирор воқеликни унда дахли бўлмаган ҳодиса билан изоҳлаш)нинг бетакрор намунаси воситасида ишқ ва ошиқликнинг гўзал манзараси вужудга келган.
Кейинги байтлардан шарҳи ҳол ёки ўз ҳолидан ёзғириш кайфияти тад­рижийлик асосида ташбиҳ ва тамсил (биринчи мисрада айтилган фикр­га табиат ёки кундалик ҳаётдан мисол келтириш) санъатлари воситасида кучайиб боради:

Хом кўнглумким, дудоғингни тилаб афғон қилур,
Бор дурур ул тифлдекким, йиғлағай ҳалво учун.

Ошиқнинг кўнгли ҳали ишқ оловида пишиб етилмаган, яъни, ишқ мартабасида комилликка эришмаган (унинг тифл, яъни болага ўхшатилиши шундан дарак беради) ёрнинг дудоғини тилаб фиғон қилади, бу ҳолат худди ҳолва учун йиғлаётган болани эслатади. Кўнгилнинг болага, дудоқнинг ҳолвага ўхшатилиши орқали юзага келган манзара ғазалхон қалбида беғубор туйғуларни уйғотади.

Ашк ичинда ғарқамен, зулфунгни тутқайменму деб,
Уйлаким тожир тенгиз ранжин чекар савдо учун.

Ошиқ ёр зулфига етишиш хаёлида ёш тўкавериб, кўз ёшлари ичида ғарқ бўлди, бу ҳол худди тижоратчи савдогарнинг ўз бозори учун ҳўлу қуруқни писанд қилмай, денгиз машаққатини чеккан ҳолатига ўхшайди. Савдо сўзининг ҳам тижорат, ҳам орзу-истак маъноларини англатиб келаётгани шоир бадиий маҳоратининг яна бир қиррасини очиб беради. Шунингдек, байтда тамсил ва ташбиҳ санъатларининг муболағавий тасвир билан уйғунлашганига гувоҳ бўламиз.

Турки мастедур кўзунг уйқуда, кўз кунжида хол
Ўғриким, қилмиш камин ёнида қўйған ё учун.

Ушбу байтда Навоий бадиий тахайюлининг яна бир бетакрор намунасига гувоҳ бўламиз: ёрнинг уйқудаги кўзи мастона сипоҳийга ўхшайди, кўзи атрофидаги холи эса худди ёйни пистирма қилган ўғри кабидир. Агар кўз тепасида қош (ёй)нинг, уларнинг ўртасида эса қора холнинг жойлашганлигини назарда тутсак, маст уйқудаги сипоҳийдан ёйни тортиб олган ўғрининг пистирма ҳолатда беркиниб тургани ва ўқ отишни мақсад қилаётганлиги билан боғлиқ ажойиб манзара кўз олдимизга келади.

Гулханийдекдурки истар гулхану олотини,
Сифлаким меҳнат чекар дунёву мофиҳо учун.

Гулханда ўт ёқувчи гўлохий бу олам ва борлиқнинг маъносини ўзи ёқадиган олов ва асбобларда кўради, пасткаш кимса ҳам бу дунё ва ундаги моддий нарсалар учун машаққат чекиб, умрини ўтказади. Ушбу байт маърифий мазмунга эга бўлиб, шоир инсонни бу ўткинчи умрни беҳуда ўтказмасликка, моддий дунё бойликларига кўнгил боғламасликка чақиради. Байтда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Дунё ва ундаги нарсалардан икки ракаат суннат намози (ёки Аллоҳ таолонинг зикри) яхшироқдир” мазмунидаги ҳадисларига ишора ҳам бор.
Мақтаъда мурожаат объекти ўзгаради: лирик қаҳрамон ёрга мурожаат қилиб, ўзини булбулга, маҳбубасини гули раънога ўхшатар экан, юқоридаги тамсилу ташбиҳлардан мурод ўзи эканлигини юксак мамнуният ва фахр ила баён этади:

Бу Навоий бандани, эй сарви озод, асраким,
Буйла бир булбул керак сендек гули раъно учун.

Умуман олганда, Алишер Навоийнинг ушбу ғазали юксак бадиияти ва чуқур мазмунга эга эканлиги билан туркий ғазалиётнинг нодир намуналари сирасига киради.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 6-сон