Туркия: AFAD фавқулодда вазиятларда қандай чора-тадбир кўради?

Туркиянинг жанубий вилоятларида 6 февраль куни рўй берган кучли зилзилалар мамлакат учун катта имтиҳон бўлди. Ушбу синовли паллада Туркия табиий офат ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш агентлиги (AFAD – Afet ve Acil Durum Yönetimi Başkanlığı) қутқарув амалиётида жонбозлик кўрсатмоқда.

2009 йилда фавқулодда вазиятларда ягона бошқарув асосида ҳаракатланиш мақсадида фуқаро мудофааси ва авария-қутқарув бошқармаларини бирлаштирган ҳолда AFADга асос солинган.

Туркия яқин тарихида бир неча бор кучли зилзилаларга гувоҳ бўлган. Масалан, 1999 йил 17 август куни рўй берган Измит зилзиласида 18,3 минг киши ҳалок бўлган, 24 мингга яқин киши жароҳатланган. Бу каби табиий офатлар AFAD каби яхлит тузилмани ташкил этиш ва фаолиятини кучайтаришни тақозо этган.

Айни пайтда замонавий технологияларга эга мазкур ташкилотининг минглаб ходимлари бор. Шу билан бирга, AFAD вилоятларда кўнгиллилар тармоғини ҳам шакллантирган. Агентлик 2022 йил ноябрь ойида фуқароларни ер қимирлашига қарши тайёрлаш бўйича умуммиллий машғулотлар ҳам ўтказган.

Туркия жанубий минтақаларида 6 февраль куни рўй берган зилзила оқибатларини бартараф этиш, вайроналар остидан инсонларни қутқариш учун AFADнинг минглаб ходимлари сафарбар қилинган, хусусан, табиий офат эпицентри бўлган Кахрамонмараш вилоятида тиғиз қутқарув амалиёти кетмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон табиий офат оқибатларини бартараф этишга бошчилик қилиш учун AFAD марказига келган. Туркия раҳбари сўнгги зилзилаларни 1939 йилдан бери кузатилган энг йирик ҳалокат деб атаган.

“Давлатимиз зилзиладан кейин барча муассасалар билан чора кўрди, жамики имкониятлар сафарбар қилинди, табиий офат рўй берган вилоятларга қутқарув бўлинмалари юборилди”, – деган Р.Т.Эрдўғон.

Туркия парламенти ҳам бир ҳафталик таътил эълон қилган, депутатлар эса жабрдийдаларга кўмак учун табиий офат рўй берган вилоятларга йўл олган.

Эътиборга молик жиҳати, инсонпарварлик ва қардошлик ифодаси сифатида, зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистондан Туркияга 60 нафар қутқарувчи ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилмоқда.