Аҳмаджон Мелибоев. Чеховни англаш

http://n.ziyouz.com/images/chexov.jpg

Атоқли рус адиби Антон Павлович Чехов тўғрисида кўп ва хўб ёзилган. Бор-йўғи қирқ тўрт йил умр кўрган бу ёзувчининг ижоди, адабий мероси тадқиқотчи олимлар, адабиёт ихлосмандларини ҳануз ўзига мафтун этади; дунёнинг нуфузли театрлари ўз репертуарларини Чехов асарлари билан мунтазам бойитишади. Адибнинг шахсий ҳаёти эса фавқулодда содда, айни пайтда, худди шундай мураккаблиги, ҳайратомуз воқеалар, кутилмаган тасодифларга тўлалиги билан мухлисларини ҳайратга солади. Озод Шарафиддинов Лев Толстойнинг “Иқрорнома” асари хусусида ёзар экан, адибнинг: “Мен урушда одам ўлдирганман, ўлдирмоқ ниятида дуэлга чақирганман, тасарруфимдаги мужикларни қартага бой берганман, уларнинг меҳнати эвазига яшаганман, уларни қатл этганман, ёлғончилик, ўғирлик, ҳар хил рангдаги зинокорлик, ичкиликбозлик, зўравонлик, қотиллик… Мен қилмаган жиноят қолган эмас…” деган сўзларини ўқиган ўзбек китобхони: “Ё алҳазар! Шу ўзимиз билган, соясига салом бериб келган улуғ адибми? Роса бўлган экан-ку! Вой, соқолинг кўксингга тўкилгур-ей!” дея ёқа ушлайди”, деганидек, Антон Чехов ҳам ҳаётига қизиққанлар кўз ўнгида тамомила бошқа қиёфаларда намоён бўладики, ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ.
Одатда, бой-бадавлат, мол-мулкининг ҳисоби йўқ одамлар очиққўл, меҳмондўст бўлишади, уйларига хос кишиларни, дўст-ёронни, турли мансаб эгаларини бетўхтов таклиф қилиб, қуюқ зиёфат беришади, совға-салом улашишади. Бундай саховатпешалик фақат байрамларда эмас, кўпинча ҳеч бир сабабсиз, бир қарашда шунчаки чиройли давра, мазмунли суҳбат, гап-гаштак учун ҳам ташкил этилади. Аммо бу дунёда ҳеч нарса сабабсиз, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Бой-бадавлат одамлар бу даражага қандай эришганларини яхши билишади, турфа хил зиёфатлар, совға-салом, хайр-эҳсонга кетган сарф-харажатларини фойда, мўмай даромад ёки бирон-бир нафга айлантиришни аввалдан режалаб қўйишади. Бу борада уларни янглиштириш қийин. Чехов улардан фарқли ўлароқ, бадавлат, сармоядор одам бўлмаган. Аксинча, ёзувчи ҳақидаги хотираларда таъкидланишича, кибру ҳавога берилмаган оддий шифокор, имкони бўлди дегунча, топган-тутганини таниш-билишларига, атрофидаги кунда-шундаларга сарф қилиб юборадиган, шу ишидан қандайдир ҳаловат топадиган, балки ижодкор сифатида илҳомланадиган, завқ оладиган ғаройиб феъл-атвор эгаси эди. Бутун оилани боқиш зиммасида бўлган, бир кунлик егуликка сариқ чақаси қолмаган ҳолатларда ҳам тушкунликка тушмай, бу қисқа ҳаётда иложи борича кўпроқ роҳатланиб яшашни, одамларга завқ-шавқ улашишни тўхтатмаган. Топган-тутганини меҳмонлари, “офтобда бирга қатиқ ичган” дўстлари, янги-эски танишлари, танишларининг танишлари, истеъдодининг мухлису мухлисалари ва мутлақо бегона, бетайин кишилар билан баҳам кўришни хуш кўрган.
Албатта, бу дунёда уйини меҳмонлар билан тўлдириб, шундан завқ оладиган одамлар оз эмас. Аммо Чехов домланинг меҳмонларидек ғаройиб “ансамбл”ни топиш, шундай давра тузиш қийин. Корней Чуковскийнинг ёзишича, улар: “…астроном Ольга Кундасова, мусиқачи Мариян Семашко, Лика Мизинова, Мусина-Пушкина (бошқа исми Дришка, “Чирилдоқ” дегани ҳам шу аёл), қандайдир Лесова билан Клара Мамуна, оиланинг яқин қариндошлари, кимлиги ва исмини билиб бўлмайдиган кунда-шунда қўноқлар…” Ҳар куни шу аҳвол. Баъзан бу ҳолат адибнинг жонига тегиб кетади: “Жумадан бери уйим тўла меҳмон, меҳмон, меҳмон. Бир сатр ҳам ёзганим йўқ…” дея ёзғиради у дўстларидан бирига йўллаган хатида. Аммо шу хатнинг ўзида, уйида Суворин, Шчепкина-Куперник, таганроглик Селиванова-Краузе, яна бир неча киши борлигига қарамай, яна Ольга Кундасовани, кейингисида Владимир Тихоновни, ундан кейин Лейкинани, Ясинскийни меҳмонга чақиради. Ўзининг уйига, вақтинча яшаб турган чоққина ижарахонага, дўстларининг уйига, дала-боғига ҳам тинимсиз меҳмон чақиради.
Яна қандай қилиб денг!
Архитектор Шехтелга йўлланган таклифномадан: “Келиб меҳмоним бўлмасангиз, илоҳим, кўчада кетаётганингизда иштонингизнинг боғичи ечилиб кетсин…” Водевиллар ёзиб юрадиган Билибинга йўлланган таклифномадан: “Сиз, яхшиси, уйланинг-да, келинбола билан бизнинг дала ҳовлимизга икки ҳафтага келинг. Ишончим комилки, яйраб дам оласиз, каллангиз бўлса янада тўпорилашади”. Беллетрист Шчегловга таклиф: “Мен сизни арқонга боғлаб бўлса-да, олиб келаман, шуни билиб қўйинг”. “Север” журнали муҳарририга: “Сизни суратимни босиб чиқариб, номимни машҳур қилганингиз учун иссиқхонамда етиштирилган беш боғ редиска билан мукофотлайман. Зудлик билан келиб, шу мукофотни тановул қилишингиз керак”. Таклиф қилинганлар, борди-ю келавермасалар, Чехов уларга дўқ-пўписа ҳам қилган: “Таклифимни ерда қолдирсангиз шундай жазога лойиқ бўласизки, унинг олдида дўзах азоблари ҳеч нима бўлмай қолади”, “Эришаётган муваффақиятларингиз сизга менинг ҳузуримга келишга халақит бераётгани учун ҳам сиздан нафратланаман”, “Агар у хоним уйимга келмаса, билиб қўйсин, тегирмонини ёқиб юбораман…”
Чеховнинг мактубларини ўқир экансиз, рус адабиётида дурдона асарлар яратган, бетакрор истеъдоди билан адабиёт оламини ҳануз ҳайратга солиб келаётган адибнинг кўпларга таниш бўлмаган, аммо ҳаётнинг ўзидай ғаройиб, тақдирнинг ўзидай турфа, гоҳо мантиқсиз ва, эҳтимолки, бу ёруғ оламдаги жамики нарсаларнинг ўткинчилиги, ҳеч нарсага арзимаслиги, айримлар буни ҳали-ҳануз англаб етолмаётганлари, шундай бўлса-да, жамиятнинг маънавий-руҳий ҳолати айни шу англамаслик билан уйғун эканлиги устидан нозик кинояга ўхшаб кетадиган қитмир, айни пайтда зиддиятли характери сизни ўйлантириб қўяди. Антон Павлович ҳамиша одамлар, таниш-билишлар, бир нафаслик улфатлар орасида, ғала-ғовур давраларда бўлишни хоҳлаган. Меҳмонлари обрў-эътиборли, фикр-мулоҳазали, яхши суҳбатдош, бирор соҳада анча-мунча шуҳрат қозонган кишилар, аммо улар орасида тепса тебранмас, ҳеч нимани ўйламайдиган, еб тўймас, ичиб бўкмас, ғам-ташвиш нималигини билмайдиган кишиларнинг ҳам борлиги, адибнинг уларга ҳам жиддий эътибори, суҳбатларини тинглаши кишини ажаблантиради. Балки шу ажабланишимизнинг ўзи ажабдир: адибнинг эътибори савдо дўконига кирган харидорнинг эътиборидан фарқ қилади-ку, ахир?!
Ўй-қарашлари, жамиятдаги мавқелари мутлақо бошқа-бошқа бўлган бу икки тоифа вакилларини бир дастурхон атрофига, бир даврага тўплаш, бир муаммо ёки мавзу атрофида баҳслашиш бежиз эмас, назаримда. Шундай давраларда кўп нарса ойдинлашади, фикрлилар фикрсизларга бир нималарни жон куйдириб, такрор-такрор тушунтирмоқчи бўладилар, машҳур асарлардан, ноёб манбалардан иқтибослар келтирадилар, олдиларидаги таом совиб қолади. Фикрсизлар эса, санчқини тўғри ушлаган ҳолда (бу уларнинг энг катта ютуғи), таомларни бир чеккадан паққос туширишади, ҳеч балони тушунмаётганларини маҳорат билан яшириб (бу ҳам ютуқ), ўзларини баҳсни диққат билан тинглаётгандай қилиб кўрсатишади. Содда нотиқлар буни сезмай, жон куйдиришда давом этишади, эҳтиросларга берилишади, бу пайтда фикрсизлар дастурхонга яна қандай таом тортилиши ҳақида жиддий ўйлаётган бўлишади. Бундай ноёб ҳолат-манзарани яна қайдан топиш мумкин? Ҳеч жойдан! Аминманки, бошқа ҳеч нарса эмас, бу пайтда адиб бўлажак асарларининг машҳур қаҳрамонлари портретини чизаётган бўлади. Бу фикрни Бунин ажойиб тарзда тасдиқлайди: “Чехов образларни қаерлардан йиғиб-териб оларди? Кузатишлар ва қиёсларни-чи? Ўзига хос тилини қандай яратди? У ўз ижод йўлини ҳеч кимга ишонмас ва кўрсатиб ўтирмасди. Айтишларича, ундан кўплаб ён дафтарлар қолган дейишади, эҳтимол, уларда бу сирга йўл очадиган калит топилар? Ёки бутунлай сирлигича қолиб кетар? Ким билади! Ҳар қандай шароитда бизга бу борада эҳтиёткорлик билан айтилган қочиримлар ва тахминлардан хулоса чиқариш имкони қолади”. Яна бир муҳим деталь: “Чехов олимлар, юк ташувчилар, тиланчилар, катта ер эгалари, адабиётчилар, хизматчилар, монахлар, кичик почта амалдори – ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма билан бир хил муомалада сўзлашар, уларни қунт ва эътибор билан тингларди. Балки шу боис, унинг ҳикояларидаги олимлар ва дайдиларнинг қалбини яққол кўриб турасиз, сўзларига ишонасиз”.
“Сарлавҳасиз” деб номланган ҳикояда адибнинг жамиятда, одамлар онг-шуурида кечаётган эврилишларга муносабати яққол кўзга ташланади. Шаҳарлик осий бир банда ярим тунда йўлдан адашиб, овлоқ бир жойдаги, “атрофида ёввойи қуш ва йиртқич ҳайвонлардан бошқа ҳеч нарса кўринмайдиган” монастрга келиб қолади. Бир хилдаги ҳаёт тарзи туфайли дарахтлар, гуллар, баҳор латофати, куз таровати бу ерга жойлашиб олган (эътибор беринг: “жойлашиб олган”) монахларни мутлақо қизиқтирмай қўйган, денгизнинг шовуллаши асабларини толиқтирадиган, қушларнинг сайраши ёқимсиз товушга айланган бу жойда шаҳарлик киши суҳбатдошларига қараб: “Бекор ўтирасизлар, монахлар, – дейди куюниб. – Еб-ичишдан бошқа нарсани билмайсизлар. Қиёматнинг ғамини шу хилда ейдими киши? Ўйлаб кўринглар: сизлар бу ерда тинчгина еб-ичиб, саодат хаёлида ўтирган чоғларда, яқин кишиларинг ҳалок бўлиб, жонлари дўзахга кетмоқда. Бир қаранглар-чи, шаҳарда нималар бўлмоқда…”
Нотаниш киши шаҳарда нималар бўлаётганини монахларга эринмай, бирор жойини қолдирмай гапириб беради: шаҳарликлар на худодан, на шайтондан ва на ўлимдан қўрқадилар, бунинг ўрнига бузуқчиликка берилишган, тинимсиз вино ичишади, маст-аласт бўлиб, художўй одамлар тилга олмайдиган ярамас сўзларни беҳаёлик билан айтадилар. Улар олдида яримяланғоч, аммо ёш, узун сочли, дўндиқ, қоракўз, дўрдоқ лабли ҳаёсиз аёл туради. У вино ичади, қўшиқ куйлайди, рақсга тушади ва ким хоҳласа, ўшанга ўзини топширади…
Нотаниш киши шаҳар ҳақида шундай ҳикоя қилади, шундай нарсаларни айтиб берадики, у эртасига эрталаб тунаб қолган ҳужрасидан ташқарига чиқиб қараса, монастирда битта ҳам монах қолмабди. Ҳаммаси шаҳарга кетиб бўлибди. Нима иш қилиб қўйганини ўзи ҳам билмай қолган бу кимсанинг ва яна: “Уйқу истаги” ҳикояси қаҳрамони – эртадан-кечгача қўли-қўлига тегмайдиган етим қиз Варканинг, “Ёвуз ниятли киши” ҳикояси қаҳрамони – содда, аммо тўғри сўз Денис Григорьевнинг образи ҳаётнинг нақд ўзидан олингани боис, ўта жонли ва таъсирчан чиққан.
Хотираларда Чеховнинг эрта тонгдан қўлига гулқайчи олиб, ўйчан ҳолда боғдаги атиргулларни парваришлаши, юз очаётган ҳар ғунчага худди ёш она чақалоғига тикилгандай термилиши, ноёб гул кўчатларини етиштириб, дўст-қадрдонларига тарқатиши кўп бор айтилади. Жамиятдаги адолатсизлик, зўравонлик, одамлар табиатидаги қўрс-қўполлик, беҳаё ва ёлғончилик, ғирромлик, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик ҳақида ўйлаганида ўзини овутиш учун, балки шундай қилгандир? Ахир, ҳаёт ҳар жиҳатдан эзиб ташлаган, тинка-мадорини қуритган омадсиз, чорасиз одамларнинг дард-ҳасратларини тинглаш, кўзларида ҳаёт чироғи сўниб бораётган беморларнинг оқимтир-кўкимтир тусга кираётган юзига тикилиш, яқинларига далда бериш осон дейсизми? Нима бўлганда ҳам, у бу номутаносибликлар олдида ўзини йўқотиб қўймагани, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилмагани, тушкунликка тушмагани аниқ. Фақат шундай одамгина боши оғир кулфатлар гирдобида гувиллаб турганида ҳам ишонч ва озроқ юмор билан: “Уч юз йилдан сўнг ҳаёт нақадар гўзаллашади!” дея олади. Умид ва надоматнинг бу гўзал қовушиғи бундан уч минг йил аввал юзага келган “Калила ва Димна”да ҳам бор!
Чеховнинг ўқувчини ҳайратга соладиган ғайриоддий “қилиқ”лари фақат уйига меҳмон таклиф қилишдангина иборат эмас. К.Чуковский хотираларига қайтамиз: “У дўстлари, яқинларига лақаб тўқишда устаси фаранглардан бўлган. Ғилай, Қийшиқбурун, Қораюз, Грипп, Шўртумшуқ, Самовархоним… санаб саноғига ета олмайсан. Иван Шчегловга “Герцог”, Борис Суворинга “Барбарис”, мусиқачи Мариан Ромуальдовичга “Мармелад Фортепианович” деган номлар насиб қилган. Дўстлари ҳам бўш келмай, Антон Павловични “Стамеска”, “Антуан”, “Потёмкин”, “Адмирал Авелан” деб чақиришган”, Чеховнинг ўзига эса “Ҳабашюз граф”, “Аркадий Тарантулов”, “Дон Антонио”, “Академик Тото”, “Шиллер Шекспирович Гёте” лақаблари, турфа хил шумликлар, масхарабозлик, таниқли кишиларга тақлидан образга кириш, меҳмонларни кулдириш ёққан.
Владимир Короленко “Чеховнинг кўзларида беадоқ ҳозиржавоблик, хушчақчақлик мавжуд эди”, деб ёзади. Дарвоқе, Чехов Короленко билан танишар экан, ундан “Менинг кичик ҳикояларим қандай ёзилишини биласизми?” деб сўрайди ва янги танишининг жавобини ҳам кутмай, стол устида турган кулдонни қўлига олиб дейди: “Эртага “Кулдон” номли янги ҳикоя ўқишни истайсизми?” Кейинроқ Чехов театр мавзусидан анча узоқ, драматургияга қўл урмаган бу ёзувчига: “Бирга ижод қиламиз. Драма ёзамиз. Тўрт пардадан иборат. Икки ҳафта ичида тугаллаймиз”, дейди қатъий тарзда. Билибин фамилияли ижодкорни тўсатдан ҳамкорликка чорлаб қолади: “Биргалашиб икки кўринишли водевил ёзмаймизми? Биринчи кўринишни сиз ёзинг, иккинчисини мен қоралайман. Қалам ҳақини тенг бўлишамиз”. Суворинни бўлса ғаройиб таклифи билан шошириб қўяди: “Биродар, биргалашиб бир-иккита ҳикоя ёзайлик. Сен бошлайсан, мен тугатаман…”
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Рус адабиётининг ноёб дурдоналарига айланган машҳур асарлар муаллифини масхарабоз, судья, прокурор, ўртакаш, бугунги ибора билан айтганда, уста “шоумен” қиёфасида тасаввур эта оласизми? Давраларда турли шумликларни ўйлаб топадиган ҳозиржавоб улфат образида-чи? Тасаввур қилиш қийин, аммо хотираларда адиб ҳаётидан келтирилган кўпдан-кўп фактлар, Антон Павловичнинг ўз эътирофлари, айниқса, сон-саноқсиз хатлари бу мураккабликни бирмунча осонлаштиради. Уларга мурожаат этамиз: “Ҳозиргина пойгадан келдим…”, “Зобитлар билан тўйиб овқатландим, мириқиб ичдим, ухладим…”, “Биз эркаклар гоҳо аёллар нима мақсадда яратилганини унутиб қўямиз-да…”, “Иккита опера қўшиқчиси билан тўйиб ичдим, яйраб қўшиқ куйладим”, “Бугун омадим келди: биттасини илинтирдим, момақаймоқнинг ўзи, бунақасини анчадан бери кўрмаган эдим”.
Чехов йирик асарлар устида ишлар экан, бироз чалғиш мақсадида кутилмаган қиёфага кириб, даврадошларини кулдириб, фикрини жамлаб олган, асарлари учун янги қаҳрамонлар қидирган, уларнинг антиқа қиёфасиини хаёлида гавдалантирган.
Қирқ тўрт йиллик умрида биргина рафиқасига неча минг дона мактуб ёзган, врач сифатида айрим кунлари юзлаб беморларни қабул қилган адиб қадрдонлари даврасида дарҳол масхарабозликни бошлаб юборар экан: “Бир гал “юзига қора бўёқ суриб, ўзини прокурорлардай тутиб, Левитаннинг устидан қоралов ҳукмини ўқишни бошласа, бошқа гал Бухоронинг зардўзи чопонини кийиб, бошига салла ўраб, ўзини омадёр бадавий қилиб кўрсатар эди. Бу ҳам майли, шаҳар миршабининг қўлига қоғозга ўралган тарвузни бериб, “Бомба, участкага олиб бор. Кўзингга қара, эҳтиёт бўл”, дейиш ёки ёш ёзувчи аёлни унинг каптарлари худди шундай малларанг мушуклар билан чатиштирилганига ишонтириш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди”. Чуковский ёзади: “Чеховнинг кулгили асарлари қанчадан-қанча дунёвий фалокатлардан, учта урушдан ва яна учта инқилобдан омон-эсон ўтди, ён-атрофимизда эса қанчадан-қанча салтанатлар таназзулга юз тутди, қанчадан-қанча дабдабали номлар унут бўлиб кетди, шуҳрат қозонган не-не китоблар ёддан кўтарилди. Адабий оқимлар, қоидалар ўзгарди, аммо Чеховнинг бир нафасда ёзилган кўплаб ҳикоялари ҳеч нима бўлмагандек яшаб келмоқда, эндиликда уларни набираларимиз ўқиб, худди оталари ва боболари каби хандон отиб кулмоқдалар. Бир вақтлар бу ҳикояларни ўқиб, бурнини жийирганлар ҳам бўлган, аммо улар рад этган нарсалар асл пўлат бўлиб чиқди…”
Хотиралар ва хатлар Чеховнинг янгидан-янги қирраларини намоён этади. Парижга қилган сафари чоғида, адибнинг бой-бадавлат танишларидан бири уни Францияда қолишга даъват этар экан, унга кўп миқдорда пул бериб туриши мумкинлигини, рози бўлса, бу ишни ҳозироқ қилишини айтади. Чехов рози бўлмайди. Ватанига қайтгач, ўша бой танишига мактуб ёзиб, Парижда қолишга рози бўлмагани сабабини: “Биродар, мен Парижда қолишни хоҳламаганим учун эмас, сиздан қарздор бўлиб қолишни истамаганим учун ҳам таклифингизни қабул қилмадим”, дея тушунтиради. Адибнинг қисқа ҳаёти ҳамиша ҳам тўкинчиликда кечмагани кўпчиликка аён. Аммо у ҳеч қачон яқин танишларидан, қариндошларидан, бадавлат дўстларидан пулсиз қолганида ҳам ёрдам сўрамаган, беришса олмаган. Аммо ўзи ҳар куни кимгадир қарз берган. Қарз сўраб келувчиларнинг охири кўринмаган, бировга юз сўм, бошқасига эллик сўм бераверган. “Кеча биттаси келиб, 100 сўм олиб кетди, биттаси мен билан хайрлашгани келган экан, 10 сўм бердим. Яна биттаси 100 сўм сўради, бердим. Бошқасига 100 сўм ваъда қилдим, яна бирига 50 сўм бермоқчиман”, “Шундайлари ҳам борки, бермагунингча серрайиб туришаверади”. “Битта яхши танишим мендан жумагача деб олти юз сўм олиб кетди. Қарз олувчилар жумагача деб олишади…” Ҳа, шундай бўлган, аммо бир эмас, бир неча жумалар, ойлар ўтса ҳам, пуллари қайтиб келмаган. Ўзи пулга муҳтож бўлиб қолганида дўстларига: “Мен сизлардан қарз сўрамаганим учун узр сўрайман”, дер экан қўлини кўксига қўйиб. Қарз олиш учун серрайиб тураверадиганлар, эҳтимол, адибга “Муштипар” ҳикоясини қоғозга туширишга илҳом беришгандир.
Хотинига ёзган хатидан: “Халатим йўқ, эскисини кимгадир совға қилганман, кимгалиги ёдимда эмас…” Дўсти Сидоринга ёзган хатидан: “Сиз мени пихини ёрган кредитчи деб ўйламанг, илтимос. Мендан олган ўша юз сўм пулни қўятуринг, бир гап бўлар, аслида сиздан мен қарздорман. Шу қарзимни узганимдан кейингина ўша юз сўмимни сўрашим мумкин. Ҳозирча тинчимни бузиб, қарздорлигимни эслатмай турганингиз маъқул”.
Чехов жаҳонгашта саёҳатчи ҳам бўлган. Ўттиз ёшида дунёнинг кўплаб мамлакатларини кезиб чиққан бўлса-да, чарчоғи ёзилмай туриб, кўрган-кечирганларини меҳмонларига айтиб улгурмаёқ, навбатдаги сафарга отланган. Шу ёшида Владивосток, Гонконг ва Шри-Ланка, Сингапур ва Ҳиндистон, Истанбул, Вена, Венеция, Рим ва Неаполни, Монте-Карло ва Парижни кўриб улгурган адибнинг саргузаштларини тинглаш дўстлари учун нақадар завқли бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас. Қандайдир сеҳрли, кўзга кўринмас куч уни дунёнинг турли чеккалари, дарё ва океанлар, оғир ва олис жойларга чорлаб турган, тўрт девор орасида – хонада диванга ёнбошлаб, бу ёруғ оламни фақат бир нуқтадан туриб кузатадиган ёзувчиларни ёқтирмаган. Хатларидаги мана бу сатрларга эътибор беринг: “Кўнглим кенгликларни қўмсайди…”, “Пароходни, умуман, эркинликни хоҳлайман, шу қадар хоҳлайманки…”, “Агар бу йил палубани ҳидламасам, чорбоғимни ёмон кўриб кетаман…”, “Шаҳзодалар оролига, Константинополга, яна Сахалинга, Ҳиндистонга борсам қанийди…”, “Лукада июнгача яшасам бўлди, кейин Парижга, фаранг хонимлар ҳузурига ошиқаман”, “Аҳмоқмиз-да, Парижга бориб, кўргазмани томоша қилмаймиз. Шу юришимизда ҳеч нимани кўрмай ўлиб кетамиз…”, “Бу ерларнинг табиати ақлдан оздирадиган даражада аъло, мен бўлсам, сурат чизишни билмайдиган сўтакман”, “Ҳа, қишлоқда роҳат-фароғат қилиб яшаса бўлади. Чўнтагимда ҳемири йўқ, аммо менинг фикримча, пули ошиб-тошиб кетган одам бой эмас, эрта баҳорда завқли ҳаёт кечириш имкониятига эга одам бой”, “Амур бўйлаб жуда кўп суздим, неча миллион манзараларни кўрдим, роҳатландим. Шунча бойлик, шунча манзарадан баҳраманд бўлдимки, энди бемалол ўлаверсам ҳам бўлади”.
Замондошлари Чеховни “табиат куйчиси”, “табиий гўзаллик шайдоси” деб ҳам аташган. Дарҳақиқат, адиб асарларида тасвирланган ариқлар сувининг жилдираши, қушларнинг чуғури, капалаклар рақси, тоза ҳаво, ғунчаларнинг юз очиши, боғлар, гулзорлар таровати, қайинзорларнинг сирли шивири, машаққатли, аммо завқли йўллар, паромлар, палубанинг бошқа ҳеч жойда учрамайдиган ҳиди, ғаройиб ҳамроҳлар, уларнинг янада ғаройиб суҳбатлари ўқувчини ўзига ром этади. У бу манзараларни ўз кўзи билан кўрган, кузатган, улардан баҳра олган, онг-шуурига сингдирган. Умри қисқалигини билгандай, сафарни сафарга улаб яшаган. Бедаво дардга йўлиқиб, тўшакка михланиб қолганида олдига келган ёш ёзувчига: “Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, Ҳиндистонга суриб қолган ва яна камида иккита факультетда ўқиган бўлардим…” дейишининг ўзи қандай ҳаётсеварлик! Адиб Қримда яшай бошлаганида, сувсиз, ташландиқ ерга ишлов бериб, ажойиб гулзор яратади. Гул уруғларини Таганрогдаги қариндошларига юбориб, уларни ҳам гул экишга, парваришлашга даъват этади, қўшниларига гул кўчатлари улашади.
Фақат шугина эмас, юқорида айтилганидек, Антон Павлович анча ёш бўлишига қарамай, оила ташвишларини зиммасига олади, ака-укалари, иккита синглиси ва отасини қайта тарбиялаш, тўғри йўлга солиш учун кўп ҳаракат қилади. Айниқса, танбал, боқибеғам Николайнинг тақдири уни ташвишлантиради. Унга хатлар ёзиб, ҳаётда йўл қўяётган хатоларини тушунтирмоқчи бўлади, аммо ҳаракатлари зое кетгач, 1886 йили ўлим тўшагида ётган акасига сўнгги, энг муҳим мактубини йўллайди. Чехов ҳақидаги хотираларда бу мактуб кўп бор келтирилади. Корней Чуковский ҳам айни шу хатга алоҳида эътибор беради. Чунки унда буюк адибнинг маънавий-ахлоқий дунёси, фалсафий қарашлари жуда равшан ифодаланган. Уни жузъий қисқартиришлар билан келтирамиз:
“Сенинг ягона камчилигинг бор, у ҳам бўлса – ўта одобсизлигинг… Одобли одамлар, менинг фикримча, қуйидаги шартларга мос келишлари керак:
1. Бундай одамлар инсон шахсини ҳурмат қиладилар, шу боисдан ҳам улар ҳамиша марҳаматли, юмшоқ, мулойим ва келишимли бўладилар… Улар оддий болға ёки йўқолиб қолган қандайдир резина учун айюҳаннос солишмайди, бирор жойда ким биландир бирга яшашга тўғри келиб қолса, буни миннат қилмайдилар, кета туриб: “Сиз билан яшаб бўлмайди”, демайдилар. Улар кимдир шовқин солса, совуқ забтига олса, кимдир гўштни куйдириб қўйса ёки таом аччиқ бўлиб қолса, уйларида бегона одамлар пайдо бўлса, бунга тоқат қилишади…
2. Улар фақатгина оч мушукларга раҳм қилмайди, балки оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсалар учун ҳам қалбан азоб чекадилар.
3. Улар бировнинг мулкини ҳурмат қилишади ва шу боисдан ҳам солиқ тўлашади.
4. Улар тўғрисўз одамлар, ёлғондан худди оловдан қўрққандай қўрқишади. Энг оддий нарсалар хусусида ҳам ёлғон гапиришмайди. Ёлғон – тингловчи учун бориб турган ҳақорат, ёлғончининг обрўсини эса бир пул қилади. Бундай одамлар ўзларини кўз-кўз қилишмайди, кўчада ҳам уйдагидек юришади, кичикларнинг кўзига чанг пуркашмайди, биров сўрамаса, ўзларича бир балоларни валдираб, маҳмадоналик қилишмайди. Бошқаларнинг қулоғи ҳурмати, кўпинча жим туришади.
5. Одобли одамлар бошқаларнинг раҳмини келтириш учун ўзларини афтодаҳол қилиб кўрсатишмайди, бошқаларнинг юрак торларига сўроқсиз қўл теккизишмайди. Бундай кишилар “Мени ҳеч ким тушунмайди”, деган гапни асло тилга олишмайди. “Жуда майдалашиб кетдим-да”, дейишмайди ҳам…
6. Одобли одамлар ҳар нарсага бош суқишмайди, машҳурлар билан танишиш илинжида югуриб-елишмайди. Родзевичлар, Левенбергларга хос “Мен матбуотнинг вакилиман”, деган иборани истеҳзо билан қабул қилишади. Ҳақиқий истеъдодлар сал пастроқда, одамлар орасида, кўзга ташланадиган жойлардан сал нарироқда ўтиришади. Ҳатто Крилов ҳам айтган: “Бўм-бўш бочка ичи тўласига нисбатан яхши овоз чиқаради”.
7. Бундай одамларда, агарки истеъдод бўлса, уни, албатта, ҳурмат қилишади. Шу истеъдодларини деб ҳаловатдан, аёллардан, винодан, майда-чуйда ишлардан воз кечишади… Истеъдодлари билан ғурурланишади. Мешчанлар билим юртининг назоратчилари, Скворцовнинг бетайин меҳмонлари билан ароқхўрлик қилиш улар учун ёт нарса… Бундай одамлар кўп нарсалардан ҳазар қилишади.
8. Одобли одамлар ўзларида эстетик туйғуларни тарбиялаб боришади. Кийим-бошларини ечмай ухлашмайди, сассиқ ҳаводан нафас олишмайди, тупикка тўлиб кетган полда юришмайди, керосинкада тайёрланган таомни истеъмол қилишмайди. Жинсий эҳтиросларини жиловлаш ҳаракатида бўлишади. Фақат бўш вақтларида, бир сабаб бўлгандагина ичишади…”
Бу мактуб адиб ҳаёти ва ижодига оид эсдаликларнинг кўпида келтирилади. Муаллифларнинг фикри бир хил: ушбу мактубда баён қилинган маданий-ахлоқий меъёрларга биринчи бўлиб Чеховнинг ўзи риоя қилган, қисқа умри давомида кўп нарсалардан воз кечиб, шон-шуҳрат, қуруқ мақтов, тилёғламаликдан иборат ҳамду саноларга парво қилмай, адабиётшунослар юмор бобида уни Гоголдан кейинги ўринга кўтариб қўйишганига қарамай, 1888 йили Фанлар академияси уни Пушкин мукофотига муносиб кўрса ёки орадан икки йил ўтгач, шу ташкилот адибни академиянинг фахрий аъзоси қилиб сайласа ҳам, ҳаволанмай, худди ҳеч нима бўлмагандай, ҳаётни кузатиш, одамлар характерини ўрганиш, беморларни даволаш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш билан машғул бўлган, адибнинг кўп бор такрорлайдиган ибораси билан айтганда, ўзини ўзи “дрессировка” қилган, характерини тарбиялаган. Ижодкор зиёли учун камтарлик, самимийлик, айниқса, ростгўйлик ноёб истеъдод каби муҳимдир, балки ундан-да муҳимроқдир. Адабиёт ҳаётни бутун борлиғи, иссиқ-совуғи, паст-баландликлари, танти-нотантиликлари билан, қандай бўлса, шундайлигича тасвирлаши керак. Шу боисдан ҳам у АДАБИЁТ деб аталади. Адабиётнинг вазифаси ҳақиқатни софлиги ва тўлалигича, ўзига ва фақат ўзига ўхшатиб тасвирлашдир.
Чехов мана шу мангу ҳақиқатни чуқур англаган ва ўзи кашф этган ахлоқий қоидаларга ҳар қандай ҳолатда ҳам қатъият билан амал қилган. Мисол, у Сахалин оролига бирор кишининг кўмаги ёки бирор ташкилотнинг йўлланмаси билан эмас, ўз хоҳишига кўра борган, ўзича йўлга тушиб, изғиринли қор-совуқда кийим-боши шалаббо бўлган, тиззасигача лой кечган, нотаниш генерал билан “қўлбола” уйлардан бирига киришганида, генералга қуруқ кийим-бош, кўрпа-тўшак беришганида, ўзи эса жиққа ҳўл кийими билан, яна денг, ерда ётиб, тонг отишини кутганида ҳам димоғдорлик қилмаган, “Мен фалончиман, ахир”, дейиш хаёлига келмаган.
Чехов ёш ижодкорларга: “Иложи борича кўп ёзинг, ёзганларингиз кўнгилдагидек чиқмаса, бундан ташвишга тушманг, аксинча, ёзишда давом этинг, тўхтаманг, вақти-соати келиб, ҳаммаси яхши бўлади. Муҳими, ёшлигингиз ва шижоатингизни беҳуда юмушларга сарфламанг. Маҳоратингизни ошириш учун жиддий ишланг. Қаранг, ҳар ҳолда ёмон ёзаётганингиз йўқ, ўқиса бўлади, аммо сўз бойлигингиз кам, тилингиз ғализ. Тилингизни бойитиб боринг. Бунинг учун ҳар куни ёзиш керак”, дея маслаҳат берар экан. Ўзи бўлса асарлари тилини бойитиш учун ёшлардан кўра кўпроқ ишлар, изланар, дўстлари, суҳбатдошлари, кутилмаган ҳамроҳларининг сўзлари, ичкилик авжига чиққанда тилга қалқиб чиқадиган ажабтовур иборалардан, шунингдек, луғатлар, каталоглар, илмий ишлар, муқаддас китоблардан фойдаланишдан тўхтамас экан. “Поездда учинчи класс вагонида кўпроқ юринг, у ерда кўплаб қизиқарли воқеаларнинг гувоҳи бўласиз, умрингизда эшитмаган нарсаларни эшитасиз”, дер экан маслаҳат сўраганларга. Ҳафталаб, ойлаб, ташқарига чиқмай асар ёзадиган, ёзувчиларни хушламай, “Бундайларнинг қўлёзмаларидан эшик ва деразалари ёпиқ зах хонанинг ҳиди келади, ўқисанг, кўнглинг айнийди”, дея таассуф билдирар экан. Бир куни олдига келган ҳаваскор ёзувчининг салмоқли қўлёзмасини мажбуран ўқиб, “Биродар, шунча нарсани уйда, хира чироқда қандай қоғозга туширдингиз-а, дунёда Петербургдан ташқарида ҳам шаҳарлар, дарёлар, мовий ўтлоқлар, пивохоналар борлиги, у ерларда ҳам одамлар яшаши, уйланиши, ажрашиши, тўйларда тўс-тўполон кўтариши, гулдай хотини, болалари бўла туриб, упа-элик сурмаса, юзи буришиқ ошқовоқдай кўринадиган қирчанғиларга илакишиб қолиши ҳам мумкинлигидан хабарингиз борми ўзи?” деб киноя қилган экан.
Антон Павловичнинг Сахалин сафари узоқ вақт мобайнида тадқиқотчилар ўртасида турлича баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани аниқ. Бу хусусда 1960 йили Москвада чоп этилган “А.П.Чехов замондошлари хотирасида” тўпламига кирган мақолаларда кўп фикрлар айтилган. Гап шундаки, бундай оғир, машаққатли сафарга отланишга ҳамма ҳам журъат қилмасди. Чехов ҳеч кимга ҳеч нима демай, деярли тайёргарликсиз йўлга тушади. У пайтлари темир йўл қаёқда дейсиз, отда, аравада, пароходда, қайиқда, буғули чанғиларда, яна бир нималарда минг азоб билан йўл босади, аъзойи бадани қақшаб оғрийди, сувсиз, овқатсиз қолиб кетади, жомадони қайиқдан сувга ағанайди, ўзи неча бор ўлимдан қолади. Аммо ниятидан қайтмайди. Баъзилар унинг бу қарорини жамият ҳаётидан чекиниш, ижодий сустлашиш, тушуниб бўлмайдиган мавҳум бир узлат деб баҳолашади. Буренин “Истеъдодли ёзувчи йўқотган илҳомини топиш учун Сибирга жўнади, қоялар аро сарсон-саргардон кезди, аммо ҳеч нарса топа олмай, орқасига қайтди. Алқисса, илҳом қидириб узоққа бориш шарт эмас”, деган маънода кинояли шеър ёзади. Бошқа бир киши бу сафарни “шон-шуҳрат чўққисига интилиш” деб тушунади.
Аслида ҳам шундаймиди? Йўқ, бундай эмасди. Бу саволга аниқ жавобни адибнинг синглиси Мария Павловнанинг хотираларидан топиш мумкин. “Акамни Сахалинга сургун қилинган одамлар азоб-уқубат чекишмоқда, касалликдан нобуд бўлишмоқда, деган хабарлар жиддий ташвишга солди”. Шу биргина жумладан англашилмоқдаки, Антон Павлович шифокор сифатида маҳбуслар тақдирига бефарқ қарашни касбига нисбатан хиёнат деб тушунади, адиб сифатида жаннатдай яшнатиб қўйган боғида тинчгина умргузаронлик қилишни ўзига эп кўрмайди. Бу ташвишли ҳолатни билиб туриб, сургундаги муҳтожларга ёрдам бериш ўрнига, қуруқ сафсатабозликдан нарига ўтмаётган шоир ва ёзувчилардан нафратланиб кетади. Иккинчидан, бу пайтда адибнинг ўзида ҳам баъзи ички саволлар пайдо бўла бошлаган эди: “Ёзувчи ким учун ва нима учун ёзади? Жамият одамлар тақдирига нега бу қадар бефарқ? Ишонч ва ишончсизлик, вафо ва хиёнат, камтарлик ва такаббурлик, меҳнатсеварлик ва текинхўрлик, донолик ва нодонлик нега ёнма-ён яшайди, бу манфур занжирни узиш, ўзгартириш мумкин эмасми?” “Қилаётган ишларим ҳеч нарсага арзимаслигини ўйлаб, ўзимдан ўзим қониқмай қолдим. Ҳиссиётларим вақтни беҳуда ўтказаётганимни айтиб турибди”, деб ёзади у хатларидан бирида. Бошқасида ўқиймиз: “Йўқ, биз зарур нарсалар тўғрисида ёзолмаяпмиз…” “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр”, дейишади. Чеховдай адиб ёзолмаётган бўлса, унда… Бу саволларга “Олтинчи палата”дан жавоб топиш мумкин. “Ақлли одамлар ва уларнинг суҳбати тез-тез тушимга кириб туради, – дейди асар қаҳрамонларидан бири врач Андрей Ефимич почта мудири Михаил Аверьяновичга. – Отам мени хўб ўқитди-ю, лекин 60-йиллардаги оқим таъсири остида доктор бўлишга мажбур қилди. Агар ўша вақтларда унинг сўзига қулоқ солмаганимда, ҳозир фикр ўчоғининг худди марказида бўлардим, деб ўйлайман… Албатта, ақл ҳам абадий эмас, ўткинчи-ку, лекин сиз менинг нима учун унга мойиллигимни биласиз. Ҳаёт – аламли бир дом. Фикрловчи инсон улғайиб, ақли камолга етганда, беихтиёр ўзини қутулишнинг иложи бўлмаган бир домга илингандай ҳис қилади. Ҳақиқатан, унинг ихтиёридан ташқари, қандайдир тасодифлар орқасида йўқдан бор бўлиб, оламга келади. Нега? У нега мавжудлигининг маъносини ва мақсадини билишни истайди – унга айтилмайди ёки ақл бовар қилмайдиган сўзларни айтишади; тақиллатади, унга эшик очмайдилар, ўлим ҳам унинг ихтиёридан ташқари келади. Мана, турмадаги кишилар, умумий бахтсизлик туфайли бир жойга тўпланганларидан анча енгил тортгандай бўладилар, ҳаётда ҳам таҳлил ва умумий хулоса чиқаришга мойил одамлар бир ерга йиғилишиб, эркин ва шарафли ғояларини ўртоқлашиш билан вақт ўтказганларида ҳалиги дом сезилмайди. Бу жиҳатдан ақл ҳеч қиёссиз ҳузур-ҳаловатдир…”
Бу сўзларни айтаётган одам – беморларни даволовчи врач, аммо “кўриниши қўпол, дағал, деҳқонларга ўхшайди, юзи, соқоли, ясси сочи, мустаҳкам ҳамда беўхшов жуссаси катта йўллардаги баднафс ва ўжар давангирдек майхоначини эслатади… Бўйнига кичикроқ шиш чиққан, ўша шиш оҳорланган қаттиқ ёқа тақишга халақит беради, шу сабабдан доим читданми, оқ сурупданми юмшоққина кўйлак кийиб юради. Умуман докторчасига кийинмайди. Битта костюмини ўн йиллаб эгнидан туширмайди… битта костюмда касал ҳам қарайди, овқат ҳам ейди, меҳмонга ҳам бораверади, лекин бу пишиқлигидан эмас, уст-бошига бутунлай аҳамият бермаслигидан”.
Адиб ҳикоялари қаҳрамонларининг ҳар бири феъл-атвор жиҳатидан бир-бирини асло такрорламайди. Аммо улар, юқорида айтилганидек, умумий бахтсизлик ё умумий омадсизлик, беғамлик боис, бир жойга – бир жамиятга йиғилиб, бир даврда яшаётган ва бир хил муаммолар гирдобида қолган тақдирдошларга ўхшаб кетади. “Ротшильднинг скрипкаси” ҳикоясидаги ортиқча чиқим бўлмаслиги учун хотинига чой ичирмайдиган тобутсоз Яков, “Таниш эркак”даги оғримаётган, аммо ковак тишини қўлидаги узуги баҳосига суғуртирган Настасия Канавкина, “Аммамнинг бузоғи”даги иш берувчи ўзини шафқатсиз даражада таҳқирласа, иш ҳақининг ярмидан кўпини турли важлар билан ушлаб қолса ҳам қуллуқ қилиб турадиган хокисор Юлия Васильевна, “Ҳамён”даги саёҳатга чиққан уч актёр – буларнинг бари ўзаро тақдирдошлар, бир-бирини тўлдирувчи образлар десак, хато бўлмас. Дарвоқе, “Ҳамён” ҳикояси ўқувчига Шарқнинг ўзига хос нозикликларини эслатадики, “Чехов беҳудага Бухороча зардўзи чопон кийиб юрмаган бўлса керак”, деган фикр ўтади кўнгилдан.
Чехов адабиётни ҳафта-ўн кунда даромад келтирадиган томорқага, зотдор соғин сигирга айлантириб олган, аслида эса, ёзганлари бир пулга қиммат, истеъдодсиз кишилар кўпайиб бораётганидан ранжийди. Жан Жак Руссо 1750 йили нашр этилган асарида шундай ёзади: “Агар илм-фан ва санъат ютуқлари ҳақиқий бахтимизни юксалтирмас экан, агар улар ахлоқимиз, покиза дилимизга зиён етказар экан, у ҳолда соддадил ёзувчилар тўдаси ҳақида нималар дейишимиз мумкин?.. Илм-маърифат қўрғонларини андишасизлик билан бузиб, бу муқаддас даргоҳга нолойиқ тарбиясизлар учун йўл очиб берган кўчирмачилар ҳақида-чи? Адабиётда узоққа бора олмайдиганлар бу муқаддас даргоҳ остонасидан қувилсалар ва бошқа бирор фойдали ишга жалб қилинсалар маъқул эмасми?! Шундай қилинса, умр бўйи шунчаки қофиябозлик билан шуғулланиб юрган шоир, мутахассислиги ўртамиёна бўлган одамдан маҳоратли мато тўқувчи чиқиши мумкин эди-ку?!” Рус файласуфи Николай Бердяев (1974–1948)нинг фикрича, одамларнинг кўпчилиги воқеликнинг чин моҳияти билан эмас, балки нарсаларнинг ташқи жиҳати билан яшайди, фақат бир устқурмани кўради, одамларни уларнинг ташқи кўриниши, ташқи белгиларига қараб баҳолайди. Чунончи, рус зиёлиларининг кўпчилиги, гарчи улар ўзларини фикр ва зиё тарқатувчилар деб билишса-да, айни шундай – фикр мудроқлиги, беғамлик, мияга ўрнашиб қолган юзакилик билан муроса қилиш тарзида яшашади. Ёзувчи Шукур Холмирзаев ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида “Адабиёт ўладими?” деган саволни ўртага ташлади, кўпчилик: “Ҳа, мафкура адабиёти ўлади, аммо чинакам бадиий адабиёт яшаб қолади”, деб жавоб берди. Орадан йигирма йил ўтгач, рус танқидчиси Александр Титов “Адабиёт кераксиз бўлиб қоладими?” деган савол билан чиқиб, унга ўзи жавоб қайтарди: “Ўзини ўраб турган маданий муҳит номақбул ва номатлуб бўлишига қарамай, чеккага суриб чиқарилган ҳозирги адабиёт ўз ҳолича на жамият, на маданиятнинг бошқа соҳаларига дахлсиз ҳолда яшамоқда. Бироқ, оғир хасталигига қарамасдан, адабиёт нафас олмоқда, уни ўлмоқда дейишга тил бормайди” (“Жаҳон адабиёти”, 2010 йил, 12-сон, 146-бет).
Ўз вақтида Гоголь ва Толстой ҳам бу саволларга жавоб беришган. Чехов ҳеч кимга ҳеч нима демайди, секингина “кетдим” дейди-да, камтарин юки билан йўлга тушади. Тадқиқотчилар Чеховнинг бир ўзи ўта қийин шароитда бажарган бу ишни бирор расмий ташкилотнинг меҳнат жамоаси бир неча ой ичида аранг бажариши мумкинлигини айтишади. Бу – улуғ адибнинг адабиёт ва жамият муносабатларидаги мавҳумликка нисбатан исёни эмасмикан?!
Чехов инсон ғурурини, ички маданиятни ва айниқса, тарбиялиликни юқори баҳолаган. Тарбия воситасида ҳатто қон сурадиган ярамас иллатларни ҳам тузатса бўлади, деб ҳисоблаган. Ғурурсиз ёзувчиларни жини суймаган. Бир мисол. Виктор Буренин “Новое время” газетасида Ясинскийни истеъдодсизликда айблаб, пўстагини қоқади. Ясинский бўлса, худди ҳеч нима бўлмагандай, газета билан ҳамкорликни давом эттираверади. Бундан Чеховнинг жаҳли чиқади, “Ясинский “Новое время” билан ижодий ҳамкорликни давом эттириб, ўзининг башарасига ўзи туфлади, – деб ёзади у. – Бутун дунёда ҳали ҳеч бир мушук сичқонни Буренин Ясинскийнинг устидан кулганидек мазах қилмаган эди… Унинг ўрнида мен бўлганимда, бурнимни “Новое время”дагина эмас, “Малая итальянская”да (газета жойлашган кўчада) ҳам кўрсатмаган бўлар эдим”. Адибнинг принципиал фикри: “Бизнинг жаноб актёрларимизда ҳамма нарса бор, фақат тарбиялилик етишмайди”, бошқа бир фикри: “Бир нималарни тўкиб, дастурхонни ифлос қилмайдиган кишини эмас, бу ишни бошқа биров қилса, уни кўрмасликка оладиган кишини тарбияли дейиш мумкин”.
Вақт ўтиб боради. Одамлар ўзгаради, бадиий тафаккур ҳосилаларига талаб ва уларни идрок этиш мезонлари такомиллашади. Бинобарин, ёзувчи ёки шоирларнинг мероси шу шиддат ва талаб натижасида сараланади. Бу – инкор этиб бўлмайдиган аёвсиз қонуният. Бироқ шундай мерослар борки, улар йиллар, асрлар синовига дош бериш билан бирга, вақт ўтгани сари фикрий, ижтимоий салмоғи, қадр-қиммати ошиб бораверади, тагмаънолари очилиб, янги-янги ихлосмандларни ўзига оҳанрабодай тортади. Рус адабиётининг кўплаб намуналари XIX асрдан XX, сўнг XXI асрга бус-бутун ўтди, ўзбек адабиёти ҳам, ҳарқалай, янги мингйилликка қуруқ қўл билан келгани йўқ.
Чеховга келсак, унинг мероси яшашда, ўз вазифасини адо этишда давом этмоқда. Ҳикоялари ўқилмоқда. Драматик асарлари дунё театрлари саҳналарини “Олчазор”, “Уч опа-сингил” бўлиб безамоқда, шу асарлар туфайли не-не режиссёрлар, актёрларнинг қозони қайнаб турибди. Умрида қўлига китоб ушламаганлар ҳам буқаламунни билишади, дунёда олтинчи рақамли палатаси бўлмаган бирорта касалхонани топиш қийин. Бу палаталар тобора гавжумлашиб бораётир. Чунки Чехов яшамоқда. Унинг қирқ тўрт ёшга яна қирқ тўрт марта кириши эҳтимолдан холи эмас.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 4-сон