Абдулла Улуғов. Туш – ғаройиб жумбоқ

Ҳар бир одам ўзига хос сирли олам бўлгани боис ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам ҳамиша жумбоқдир. Одам ақл-идрок даражаси, ижтимоий мавқеи, ҳаётий тажрибасининг кўп-озлигидан қатъи назар, адашади, хато қилади, янглишади ва шу жараёнда аста-секинлик билан ўзини ва теварак-атрофидаги оламни англаб боради. Кишининг ҳар бир хатоси унга аввал сезмаган, пайқамаган, эътибор қилмаган ҳақиқатларини аён этади. Одам бошқа пайтда эмас, айнан хато қилганида, янглишганида унинг ҳаёти бошқалар билан бениҳоя боғлиқлигини кўпроқ ҳис қилади ва турмуш жуда чигал, мураккаб жумбоқ эканини англай бошлайди. Бу жараён бир умр – сўнгги нафасгача давом этади. Адабий асарларда азалдан шу хусусда сўз юритилади. Уларда инсон ҳаёти билан боғлиқ турли муаммоларга эътибор қаратилади. Бу жиҳатдан санъатнинг бошқа бирор тури адабиёт билан тенглашолмайди. Унда инсоннинг ўтмиши эслатилиб, бугуни гавдалантирилади, келажак тўғрисидаги орзу-хаёллари, ўй-кечинмалари ифодаланади. Бадиий асарларда, жумладан, қаҳрамонларнинг тушида кечган ҳодисалар ҳам нақл қилинади. Тушлар эса инсон ҳаётида ўзига хос ўрин тутади. Уларда одамнинг кўрган-кечирганлари, хаёл-тасаввури, ўй-кечинмалари ғаройиб тарзда уйғунлашади. Одам ўнгида кўрганларини таҳлил қилиб, бошқаларга тушунтира олади. Лекин ҳеч ким тушида кўрганларини бошқаларга тўлиқ маълум қилолмайди. Тушда кўрганларни англаш, тушунтириш эмас, тўлиқ эслолмасликнинг ўзи ҳам кишини мушкул аҳволга солади. Шунинг учун Мавлоно Жалолиддин Румий:

Ўз тушин таъбирин билмас киши,
 Ўзгалар таъбири бирла не иши, –

дейди. (Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. Бешинчи китоб. Форсийдан Жамол Камол таржимаси. – Теҳрон: “Ал-Худо” халқаро нашриёти, 2004. – 400 б. – 181-бет.)

Туш оқар сувдай тўхтамасдан ўтиб кетади. Сувни эса изига қайтариб бўлмайди. Ўнгида кўрган, эшитгани одамнинг хотирасига озроқ бўлса-да, ўрнашиб қолади. Лекин тушидагиси тўғрисида бундай деб бўлмайди. Улар тезда эсдан чиқади. Киши диққатини жамлашга ҳар қанча уринганида ҳам тушида кўрганларини хотирасида тўлиқ тиклолмайди. Лекин улар хаёл ойнасида кутилмаганда пайдо бўлади ва ғоят тезлик билан сирли тарзда йўқлик қаърига сингиб кетади. Балки шунинг учундир тушдаги ҳодисаларни худди турмушдаги воқеалар сингари таҳлил, тафтиш қилишга одамнинг қурби, ақли етмайди. Аммо ҳар бир кишининг турмуши тушида кўрганлари билан қандайдир тарзда боғлиқ кечади. Бу ҳақиқатни ҳис қилиш, туш ва ҳушёрлик ҳолати ўртасидаги ришталарни ўзаро боғлашга одам кўпинча ожизлик қилади.

Туш, вақт ўлчамига кўра, киши умрининг арзимас улушини ташкил этади. Лекин унга эътибор қилмасдан инсон ўзи тўғрисидаги асл ҳақиқатни билиб ололмайди. Чунки ҳақиқат ёмби каби ҳеч қачон яхлит бўлмайди. Уни билиб олиш учун нафақат катта, йирик ҳодисалар, балки майда зарраларга ҳам диққат қилиш, ўрганиш талаб этилади. Шунинг учун ҳақиқатга осонликча эришиб бўлмайди. Аёнки, ҳар бир одам баъзан кўзи очиқ ҳолида, ақл-ҳуши жойида бўлган пайтида ҳам ўзининг айрим ҳаракатларидан таажжубга тушади. Шундай экан, киши ухлаганида, мияси дам олаётганида кўрганларини тушунмасдан ажабланиши табиий. Агар одам ҳамма нарсани, айниқса, ўзини осонгина тушуниб етганида эди, ҳаёт бунчалик қизиқ бўлмасди. Ҳар бир одам умр бўйи ўзини билиб-билмай, тушуниб-тушунмай яшайди. Шу боисдан инсон ўзи учун ҳам, бошқалар учун тушуниксиз, мавҳум, айни чоғда қизиқарли ва ғаройиб олам бўлиб қолаверади. Инсоннинг сирли, жумбоқ дунёси шу боис ҳам фан, адабиёт, санъат учун асосий мавзу бўлиб келади.

Маълумки, инсоннинг ҳаёти икки ҳолат – уйғоқлик ва уйқу ҳолатида кечади. Инсон уйғоқ ҳолатида турли амалий иш билан шуғулланиб, борлиққа таъсир кўрсатади. Аниқроғи, уни ўз мақсадига мувофиқ тарзда ўзгартиришга интилади. Унинг изланиш, ҳаракат, уринишлари натижасида теварак-атрофда муайян янгиланишлар юзага келади. Инсоннинг уйғоқликдаги фаолияти борлиқни ўзлаштириш, уни ўзгартиришга қаратилади. Чунки уйғоқлигида ҳар бир одам жисмоний ва ақлий меҳнат билан шуғулланади. Ухлаганида эса унинг жисмоний ва ақлий фаолияти тўхтайди. Аммо у баъзан туш кўради ва унда турли ҳаракатлар қилади, хаёлига келмаган ҳодисаларни бошидан кечиради, ҳар хил воқеаларга гувоҳ бўлади. Лекин тушидаги воқеа-ҳодисалар уйғоқлик ҳолатидаги воқеаларга кўпинча унчалик ўхшамайди. Шунинг учун туш азалдан барчани қизиқтириб келади. Ушбу жумбоқ турлича талқин этилади. Шарқу Ғарбнинг руҳшунос олимлари, барча давр файласуфлари тушни ўрганиш, таҳлил қилиш билан шуғулланади. Аммо тушлар хусусидаги шарҳ, изоҳлар жуда жўнлиги боис ҳеч кимни қаноатлантирмайди. Масалан: “Туш – уйқуда содир бўладиган субъектив психик ҳодиса. Физиологик жиҳатдан туш бош мия катта яримшарларининг тормозланмаган ҳужайралари фаолияти натижасидир. Чуқур уйқу пайтида бош мия пўстлоқ қисмининг ҳужайралари бутунлай тормозланади ва бунда туш кўрилмайди. Бош мия пўстлоқ қисмининг айрим бўлаклари тормозланмаганда шу жойлар кучсиз таъсирларга сезгир бўлади. Шунда одам туш кўради. Тушда уйқудаги киши аниқ ва тасвирли кечинмаларнинг шоҳиди бўлади. Тушдаги воқеалар бир-бирига боғлиқ, бир оз ноаниқ, ҳаяжонли, афсонавий тус олади. Туш, асосан, тез кечадиган уйқу фазасидан уйғониш вақтида ёки ундан сўнгги бир неча дақиқа давомида рўй беради, киши уни узоқ вақт ёдда сақлай олмайди. Киши сокин кечадаги уйқу фазасида ҳам туш кўриши мумкин. Эрталабки уйғониш даврида туш, одатда, узоқ давом этади (чунки бунда “тез кечадиган” уйқу вақти узоқроқ бўлади). Тушнинг хусусияти кишининг нерв системаси типига, унинг соғлиғига, маълум даврдаги кечинмаларига боғлиқ” дейилади. (Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 8-жилд. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. 704 б. – 685-бет.) Табиийки, туш тўғрисидаги бундай илмий тавсифлар кўп кузатишларга асосланади. Лекин улар туш ҳодисасининг моҳияти тўғрисида аниқ тасаввур бермайди. Туш ҳодисасининг мавҳум ва сирлилиги ҳар бир одам ўзига хос жумбоқ, унинг туши ҳам ғоят чигал лабиринт эканлиги, инсон қалбида турли оламлар туташишидан далолат беради. Инсонда оламлар бирлашгани боис у “коинот гултожи” дейилади. Инсон заминга банди, унинг кундалик ташвишларига асир бўлгани ҳолда, самога интилади, хаёлида ой, юлдузлар билан сирлашади. Эҳтимол, шу боис у ўнгида эплолмайдиган ишларини тушида осонлик билан амалга оширади. Туш ҳодисаси одамга у замин ва осмон туташадиган макон эканига ишора этади. Баъзида одам гувоҳи бўлган воқеалари аввал тушида намоён бўлганини билиб қолиши, айрим ҳолларда эса тушида кўргани ўнгида рўй берганини ҳис қилиши – буларнинг барчаси ғайриихтиёрий тарзда кечиши худди шуни билдиради. Тушдаги воқеалар кўпинча кишининг кундалик фаолияти билан қандайдир тарзда боғланади ва бу, албатта, хаёлдан ўтади. Шу боисдан ҳеч ким тушига бефарқ бўлолмайди. “Туш – уйқуда вужудга келадиган образлар, уйқу вақтида кўриладиган нарсалар” бўлгани учун у кишининг кайфияти, фаолиятига, албатта, ўз таъсирини ўтказади. (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Икки томлик. 2-том. – М. : “Рус тили” нашриёти, 1981. – 715 б. – 236-бет.) Одам яхши туш кўрса ҳам, аксинча бўлганида ҳам яқин орада ҳаётида қандайдир ҳодиса юз беришини ич-ичидан ҳис этади. Ана шу савқитабиий ҳолат уни ўйлантириб, ташвишга солади. Бадиий асарларда инсон ҳаётини ҳар томонлама ёритиш, унинг образини тўлақонли кўрсатиш мақсадида қаҳрамонларнинг тушлари баёнига муайян ўрин берилади. Фольклор намуналарида ҳам, ёзма мумтоз асарларда ҳам инсоннинг туши унинг ички кечинмалари, мақсад-интилиши, дуч келган муаммолари билан бевосита боғлиқ ҳолда кечишига эътибор қаратилади. Чунки туш ҳар бир киши ҳаётининг узвий қисми саналади. Туш мотиви, туш эпизоди жаҳон адабиёти намуналарида ҳам, ўзбек адиблари асарлари сюжетида ҳам ҳажм жиҳатидан унчалик катта ўрин эгалламайди. Лекин у қаҳрамонлар характерини очишда, уларнинг руҳиятидаги зиддиятли курашни акс эттиришда муҳим аҳамият касб этади. Туш эпизоди ва туш мотиви инсон ҳаётидаги мавжуд ҳодиса сифатида дастлаб оғзаки адабиётда акс этгани, ундан ёзма адабиётга ўтгани барчага аён. Аксарият эртак, достонларда сюжет воқеалари бевосита тушда кечган воқеалар орқали ривожланади. “Алпомиш” достони бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу достонни ҳам, “Рамаяна”, “Маҳабҳорат”, “Манас”, “Гўрўғли” сингари халқ достонларини ҳам қаҳрамонларнинг тушисиз тасаввур этиб бўлмайди. “Алпомиш”да бир неча ўринда қаҳрамонларнинг туш кўрганига эътибор қаратилади. Масалан, Алпомиш, Барчин ва Қоражоннинг бир пайтда бир хил туш кўргани айтилади. Достонда кўнгли, руҳи, дунёқараши бир-бирига мос кишилар ўртасида узвий боғлиқлик, ўзаро яқинлик бўлиши шу тарзда таъкидланади. Халқ оғзаки ижодида, жумладан, достонларда туш мотиви сюжет ҳалқаларини туташтиришда асосий нуқталардан бири саналади.

“Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Рустамхон” каби достонларда туш мотиви сюжетни ҳаракатлантирувчи, унга динамик тус берувчи зарурий унсур – катализатор вазифасини бажаради. “Маликаи Ҳуснобод”, “Сусамбил” сингари халқ эртакларида ҳам туш мотиви шундай мавқеда туради. Адабиётшунос Жаббор Эшонқулнинг “Фольклор: образ ва талқин” монографияси, “Ўзбек халқ достонларида туш мотивининг ўрни ва таснифи”, “Ўзбек эртакларида туш мотиви” мақолаларида бу хусусда батафсил мулоҳаза юритилиб, туш мотиви эртак, достонларнинг таркибий қисми эканлиги таъкидланади.

Туш инсон ҳаётининг ажралмас, узвий бўлаги бўлгани боис эртак, достон, романларда унга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки тушида ҳар бир одам бошқа бир оламга тушиб қолади. Одам тушида кўпинча ўзини юксак шон-шуҳратга эришган ёки тубанлик ботқоғига ботган ҳолда кўради ва бунинг таъсирида унинг кайфияти ўз-ўзидан ўзгаради. Кайфиятнинг ўзгариши эса кишининг фаолиятига бевосита таъсир ўтказади. Одам тушидаги воқеаларнинг маъносини, унинг нимага ишора эканини аниқ билолмаса-да, лекин уларни буткул унутиб ҳам юборолмайди. Тушида кўрганлари ҳар бир одамнинг онг остида сақланиб қолади. Бу хусусда улуғ рус адиби Фёдор Достоевский шундай дейди: “Гоҳо ҳеч ақлга тўғри келмайдиган, ғайритабиий ва ғалати тушлар кўради одам; уйғониб уларни аниқ эслаймиз ва шундай ғалати нарсадан жуда ҳайрон бўлиб қоламиз; туш кўрган пайтингизда ақлингиз доим ўзингизда бўлганлигини ҳамиша эслайсиз… Сизнинг тушингиз ҳеч куракда турмайдиган, бўлмағур, ақл бовар қилмайдиган воқеаларга тўла, лекин айни пайтда сизнинг ақлингиз буларни ўзи худди шундай бўлиши керак бир нарсадай қабул қилади, нега шундай?.. Уйқудан уйғонаркансиз ва воқелик қучоғига қайтаркансиз, ҳар сафар сиз уйқу билан бирга яна англаб бўлмас бир нарсани қолдирганлигингизни қудратли бир ҳиссиёт кучи билан сезасиз, нега? Сиз ҳеч ақлга тўғри келмаган нарсаларни туш кўрганлигингиздан кулиб қўясиз, шу билан бирга, тушдаги мана шу ақлга тўғри келмайдиган нарсалар ҳаммаси қовушиб, бир-бирига чатишиб, қандайдир бир фикр ҳосил қилаётганлигини пайқайсиз, бу фикр ўнгингиздаги ҳаётингизга тааллуқли бўлади. Сизнинг ҳозирги ҳаётингизнинг аллақандай бир улушини ташкил қилади, у сизнинг қалбингизда илгари ҳам, ҳозир ҳам мавжуд бўлади; тушингиз сизга аллақандай бир янги нарсани, сиз кутган нарсани башорат қилгандай бўлади; сиз қаттиқ таъсирланасиз, шодланасиз ёки қайғуга ботасиз, лекин бу ўзи нимадан иборат, сизга қандай хабар келди – буларнинг барини сиз на англай оласиз ва на эслай оласиз”, дейди. (Достоевский Ф. М. Телба: Тўрт қисмдан иборат роман/ [Иброҳим Ғафуров тарж.] – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981. – 656 б. – 477 – 478-бетлар.)

Ф. Достоевский ўз асарларида қаҳрамонларини турли вазият, кайфият, ҳолатда кўрсатиш асосида ҳар бир одамнинг ботинида ўз тафтишчиси бўлиши ҳамда у билан доим баҳс-мунозара кечиши, овозсиз, унсиз бу савол-жавоб жараёни сўнгги нафасгача давом этиши, ички мунозара-сўроқ чоғида одам ўзининг аслида ким эканлигидан, оз-моз бўлса-да, воқиф бўлиши, инсоннинг ўзидан қаноатланмаслиги ва атрофдагилардан норозилиги айнан шу сирли жумбоқ билан боғлиқлигини очиб беради. Достоевский асарларида инсон ҳар бир нарсада, борлиқдаги ҳар бир ҳаракатда мислсиз маъно мавжудлигини англаши, унинг бутун ҳаёти ана шу маънони излашга, идрок этишга қаратилиши, шунда унинг умри мазмун касб этиши, акс ҳолда, бесамар кечишини таъкидлайди. А. Пушкин, Н. Гоголь, О. Бальзак, Л. Толстой сингари улуғ адибларнинг асарлари ҳам жаҳон адабиётидаги ноёб ҳодисалар сирасига киради. Буни ҳеч ким инкор қилмайди. Чунки уларнинг асарларида ҳаёт ҳодисалари ниҳоятда ишонарли тасвирланиб, кишилар образи жуда жонли, ҳаётий гавдалантирилади. Ф. Достоевский эса “Евгений Онегин”, “Тарас Бульба”, “Инсоният комедияси”, “Уруш ва тинчлик” муаллифлари каби инсоннинг ҳаётий, жонли образини кўрсатишнинг ўзи билан кифояланмайди. У ана шу мураккаб ҳолатни очиб бериш мақсадида инсон қалбининг қаърида кечадиган жараёнларга, ўз-ўзи билан савол-жавоб чоғида онг-тафаккури ёришиб кетадиган лаҳзаларга эътибор қаратади. Адиб туш ҳодисасини ҳам ниҳоятда нозик таҳлил қилади. У инсоннинг ўзини-ўзи англаши жараёнида тушида кечганлари муҳим аҳамият касб этишини уқтиради.

Туш жумбоғи худди Достоевский таъкидлаганидек, ғаройиб эканлигини ушбу романни ўқиётганда ҳар бир одам чуқур англайди. Тўғрироғи, ўзида ҳам тушлари тўғрисида шундай фикр бўлгани, лекин роман билан танишганидан кейин буни англаганини идрок этади. Улуғ адиб ўз асарларида шу тарзда одамларнинг ботинида турган, лекин илғанмайдиган туйғу, фикрларни аниқ-равшан ифодалаб беради. Ёзувчининг асарлари ўқувчи учун бамисоли ботинини кўрсатадиган кўзгуга айланади. У инсоннинг турли кечинма, ҳолатларини, жумладан, тушини барча адиблардан кўра чуқурроқ ёритади. Шу боисдан машҳур файласуф адабиётшунос Михаил Бахтин: “Достоевский тушнинг деярли барча кўриниш ва нозик жиҳатларига жиддий эътибор қаратиб, унинг воқеликни бадиий акс эттиришдаги имкониятларидан жуда кенг фойдаланган. Достоевский асарларида туш шу даражада кўп ва муҳим ўрин тутадики, эҳтимол, Европа адабиётида бошқа бундай ёзувчи йўқдир. Раскольников, Свидригайлов, Мишкин, Ипполит, ўсмир, Верлов, Алёша ва Дмитрий Карамазовнинг тушларини ҳамда бу тушларнинг ушбу асарлар ғоявий мазмунини очишдаги ролини эсга олайлик. Достоевский асарларида қаҳрамонларнинг қўрқинчли туш кўргани кўп тасвирланади”, дейди. (Бахтин М. М. Проблемы поэтики Достоевского. – М.: «Советская Россия», 1979. – 320 с. – С. 172).

Кишининг тушига муносабатида ҳам унинг табиати, ички дунёси билинади. Бесабр, ҳовлиқма кишилар кўпинча тушини бошқаларга билдиришга ошиқади. Улар тушида кўрганлари ёнига бошқа воқеаларни ҳам қўшиб-чатиб айтаверади. Бундай кишилар қўрқинчли туш кўрса, ваҳимага тушиб, атрофдагиларни безовта қилади. Кўрган тушига ёлғон гапларни қўшиб айтиш эса гуноҳ саналади. Чунки ёлғон аралашганда рост сўз ҳам таъсирсиз бўлиб қолади. Шу боис “Ёлғон сўз ризқни қияди”, дейилади. Ризқнинг камайишига сабаб бўладиган ёлғон яхши тушнинг ҳам файзини кетказади. Тушида кўрганларига ёлғон сўз қўшмасдан, эслаганича айтиш кишига зарар келтирмайди. Тушини бошқаларга маълум қилгандан кўра, уни сир сақлаш мақбул саналади. Чунки Абу Ҳомид Ғаззолий: “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Киши тушида отасидан бошқасини кўриб, отамни кўрдим, деб даъво қилиши, кўрмаган нарсасини кўрдим ёки айтмаган нарсасини айтдим, дейиши улкан ёлғондир” (Бухорий ривояти). Яна шундай мазмунда ҳадис бор: “Кимки ёлғон туш айтса, қиёмат кунида ҳеч қачон бир-бирига тугилмайдиган икки қилни тугиш вазифаси унга юкланади” (Бухорий ривояти)”, дейди. (Абу Ҳомид Ғаззолий. Тил офатлари китоби. – Тошкент: – “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. – 156 б. – 89-бет.) Оғир, вазмин кишилар ўнгида кўрган воқеаларини ҳам, тушида кечган ҳодисаларни ҳам иложи борича бошқаларга билдирмайди. Улар тушини кўпинча ҳеч кимга айтмайди ва тезда унутиб юборади. Агар киши тушини эслаганича бошқаларга айтса, у хотирасида нисбатан узоқроқ сақланади. Чунки айтаётганида тушидаги айрим ўринлар хаёл-тасаввурда кўриниб, мияга мустаҳкамроқ ўрнашади. “Ўткан кунлар” қаҳрамони табиатан оғир, вазмин бўлгани боис уйқусидан чўчиб уйғонган, юраги гуп-гуп уриб безовталанган бўлса-да, ҳеч кимга бу хусусда оғиз очмайди. У шунинг учун ҳам қўрқинчли тушини тезда эсидан чиқаради. Қолаверса, Отабек исломий тарбия кўргани боис нохуш туш кўрганини маълум қилмайди. Чунки мусулмончиликда яхши туш Оллоҳнинг инояти экани, киши бунинг учун яратганга шукрона айтиб, тушини бошқаларга билдириши, маҳзун қиладиган туш шайтонданлиги, шундай туш кўрганида парвардигордан паноҳ тилаб, уни ўзгаларга маълум қилмаслиги маъқул кўрилади.

Тушдаги воқеалар мавҳум, ғира-шира кўринишда бўлса-да, улар Ф. Достоевский таъкидлаганидек, кишининг турмушида кечган ва кечадиган воқеаларга қандайдир тарзда боғланади. Лекин бу алоқадорликни киши ўша пайтда эмас, кейинчалик пайқайди. Тушда кечган воқеалар дақиқалар ўтиши билан хотира қаърига шўнғиб кетади. Шунинг учун Отабек уйқудан турганида тушида кўрганларини тўлиқ эслолмайди.

Одам тушида кўрганларини эмас, ўнгида кечганлари, ўзининг ўй-кечинмаларини ҳам сўзма-сўз, айнан айтиб беролмайди. Киши кўрган-кечирган, гувоҳи бўлган, ўйлаганларини сўзлаб бераётганида, албатта, талайгина муҳим жиҳатларни унутиб қолдиради. Лекин одамнинг ўнгида кўрганлари ҳам, тушида кечганлари ҳам шу бўйича қолиб кетмайди. Улар дафъатан кутилмаганда хотира қаъридан юзага қалқиб чиқади. Шунда киши беихтиёр ҳайратга тушади, бир зум ажабланиб қолади ва ўзининг ўзи учун жумбоқ эканлигини, бир зумга бўлса-да, ҳис этади. Афсуски, одам ўзининг бундай ҳолатига унчалик эътибор бермайди. Чунки бу инсоннинг руҳига боғлиқ жумбоқ. Руҳнинг сирига эса мушоҳада билан етиб бўлмайди. Туш ҳодисаси кишининг руҳи ҳамда турмуши билан боғланади.

Инсон табиатининг ушбу жумбоғи хусусида Фёдор Достоевский “Инсон калласида туғиладиган ҳар қандай даҳо ғояда ёки фикрда бошқа одамларга англатиб, етказиб бўлмайдиган, жилд-жилд асарлар ва шарҳлар ёзиб, ўттиз беш йил тушунтиришга ҳаракат қилиб ҳам англатиб бўлмайдиган алланима қолиб кетади; миянгизда асло четга чиқишни истамаган алланима доим қолади, абадий сиздан ажралмайди”, дейди. (Достоевский Ф. М. Телба: 415-бет)

Аслида Худо бандаларини ҳамма нарсадан огоҳ қилади. Афсуски, одамзод турли тарзда билдириладиган ишораларни сезмай, эътиборсиз қолдиради. Одам тушидаги огоҳлантиришларга аксарият ҳолларда бепарво қарайди. Бу унинг рамзлар маъносини англамаслигидан келиб чиқади. Илоҳий китобларда тушда кўринган рамз, ишораларни англаш инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланади. “Қуръон” да Оллоҳнинг пайғамбари Юсуфнинг бошидан кечирганлари нақл қилиниб, у “энг гўзал қисса” деб таърифланади. Ушбу қиссада Юсуф ибн Яъқуб Миср мамлакати подшосининг тушини таъбир қилиб, халқни келгусида рўй берадиган очарчилик балосидан сақлаб қолгани баён этилади. Қиссада Юсуфнинг қисмати нима учун шундай чигал кечгани хусусида ҳам изоҳ берилади. Яъни “Юсуфни – унга барча тушларнинг таъбирини билдириш учун, – ўша ерга (Миср ҳокимининг уйига) жойлаштириб қўйдик. Оллоҳ ўз ишида ғолибдир (Яъни Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким ман қила олмайди)” дейилади (12-сура, 21-оят). Юсуф Оллоҳ унга ато этган илоҳий илм туфайли тушлардаги белги, рамзлар маъносини аниқ англайди ва уларни тўғри таъбир қилади. Тушда кишининг бошидан кечирганлари ва хаёл-орзулари бирикиб кетади ва улар мантиққа номувофиқ, ақл билан тушуниб етиш мушкул ғаройиб манзара ҳосил қилади. Унда намоён бўлган рамз, белгилар нимага дахлдорлиги, нимага ишора эканлигини ҳар қанча бош қотирганда ҳам тушуниб, идрок этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Ф. Достоевский “тушингиз сизга аллақандай бир янги нарсани, сиз кутган нарсани башорат қилгандай бўлади; сиз қаттиқ таъсирланасиз, шодланасиз ёки қайғуга ботасиз, лекин ўзи бу нимадан иборат, сизга қандай хабар келади – буларнинг барини на англай оласиз ва на эслайсиз”, дейди. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни таъбир этишидан аён бўладики, Оллоҳ бандаларига ҳамиша беҳад меҳрибонлик қилади ва уларга турли рамз, ишоралар орқали тўғри йўлни кўрсатади. Аммо муаммони қандай ҳал қилишни ҳар бир кишининг ўзига қолдиради. Чунки у одамларга ақл қувватини бериб қўйган. Афсуски, кишилар ўзларига берилган жуда кўп имкониятлардан керакли ўринда фойдаланишолмайди. Жумладан, ўзларидаги ақл қувватини ҳам етарлича ишга солишолмайди. Одамлар вақти ва ақлий-руҳий қувватини кўпроқ нафсини лаззатлантириш учун увол қилишади. Улар теварак-атрофдаги воқеалардан ибрат олмаслиги, эшитган, билган, гувоҳи бўлган ҳодисалардан ўзи учун керакли хулоса чиқаролмаслиги боис маънавий-руҳий камолотга эришолмайди. Ҳар бир одамнинг ён-верида эса уни ҳақ йўлга даъват этадиган, фалокат, офатлардан сақлайдиган жуда кўп рамз, ишоралар туради.

Туш – жўн ҳодиса эмас. У инсон табиатидаги ғоятда ғаройиб жумбоқ бўлиб, унинг сир-синоатларини “икки карра икки тўрт” деган тарзда тушунтириб, шарҳлаб бўлмайди. У кишининг маънавий-руҳий олами, дунёқараши тўғрисида муайян тасаввур беради. Чунки тушида кишининг руҳий ва жисмоний ҳиссиёт, кечинмалари акс этади. Киши тушида кўпинча ўзини ожиз ҳолда кўради. Отабек ҳам тушидан ўзини “дармонсизланган ва ханжари қўлидан тушган” ҳолда кўриб, чўчиб уйғонади. Ҳаётда эса ҳар бир одам ўзини ҳамма нарсага қудрати етадиган каби тутади, арзимас муваффақиятидан беҳад ғурурланиб юради, барчадан ўзини устун, деб билади. Отабек – катта амалдор, давлатманд кишининг яккаю ягона фарзанди. У савдо ишлари билан кўп юрт кезган. Шу боис у энг мушкул, таҳликали вазиятларда ҳам ўзини дадил тутади. Ҳаёти хавф остида турганида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди. Қаҳри қаттиқ, золим амалдорлардан асло чўчимайди. Уларга бўйин эгмасдан тенгма-тенг туриб сўзлашади. Лекин ҳар қанча довюрак, дадил бўлса-да, тушида қўрқади, ўзининг ночорлигидан изтиробга тушади. Барча динларда такаббурлик инсонликка номуносиб иллат экани таъкидланади. Чунки инсоният азалдан табиатидаги айни шу иллат туфайлидан азият чекади. Одам илоҳий мавжудот бўлгани боис унинг ботинида турфа ҳодисалар, сирли жумбоқлар яширин туради. Оллоҳ одамнинг ўзига ва оламга тегишли кўп сирларни пинҳон тутади. Одам кўпинча саҳар пайтида туш кўради. Саҳар эса энг қутлуғ вақт саналади. Саҳарда кун тун устидан ғолиб келади. Бу пайтда жамики жониворлар кунни олқишлаб, овоз беради: хўроз қичқириб, чумчуқлар чуғурлай бошлайди, қалдирғоч валфажр айтади. Дов-дарахтлар ҳам саҳар арафасида барг чиқариб, гуллайди. Саҳар еру коинотда ҳаёт давом этаётганидан дарак беради. Шу боисдан барча динларда тонгда туриб, ибодат қилиш буюрилади.

Саҳар вақтнинг алоҳида бир бўлагидир. Бу пайтда тун чекиниб, кун бошланади. Оламга интиқлигидан сарғайган қуёш аста-секин чиқиб келади. Борлиқда ҳаёт қайтадан жонланади. Саҳарда жамики жонзотга ризқ улашилади. Шайх Фаридиддин Аттор бу хусусида шундай дейди:

Келур ризқим менинг субҳу азалдин,
Қутулдим бир йўла ҳирсу хабардин…
Ўзинг е ўз ғамингни, бўлма ғофил,
Биров ерми ғамингни, ўйла, охир…
Магар билмасмисан, тонг тунни ўртар,
Сени ухлоқ кўриб ёқангни йиртар.
Ва андин, қўрқамен, бедор бўлур сен,
 Кийимсиз, қип-яланғоч, хор бўлурсан…

Ҳар бир одам уйғоқлигида – ўнгида кечган воқеалардан ҳамда ухлаганида – тушида кўрган ҳодисалардан, албатта, таъсирланади. Аниқки, уйғоқлигида кўрганлари кишига кўпроқ таъсир этади. Аммо бундан тушда кечганлари одам учун унчалик аҳамиятли саналмайди, деган хулоса чиқмайди. Тушда кечганлари кўпинча кишининг ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Лекин бу бирданига сезилмайди. Тушда кўринган ҳодисалар секинлик билан воқеликка айланади. “Қуръон”да Юсуф алайҳиссаломнинг тушда кўрганлари қирқ йилдан сўнг амалга ошгани айтилади(12:100). Бу инсоннинг туши – ғайб сири эканлиги, унда Оллоҳнинг ҳикмати яширинлигини билдиради.

Кишига тушида у уйғоқлигида қилган ишларга қатъий баҳо берилади ва келгусидаги ҳодисалардан огоҳ этилади. Шу боисдан Шекспир қаҳрамони Отелло: “Туш бўлса ҳам бир гаплардан хабар беради” дейди. (Шекспир В. Сайланма. Уч жилдлик. 2-жилд. – Т. : “Фан”, 2008. – 654 б. – 247-бет.) Ана шу мавҳум хабар одамни қўрқувга солади. Одам ҳар қандай иш, юмушнинг машаққатларини бошига тушгачгина ҳис қилади. Киши иссиқ-совуқнинг қадрини, очлик, касаллик азобини уларга дуч келган пайтида чинакамига сезади.

Тушлар кишиларнинг ақлий, руҳий, маънавий, ижтимоий даражаси, интилиши, фаолиятига мувофиқ кечади. “Кўпинча тушларимга буюк шахслар киради, – дейди улуғ адиб Чингиз Айтматов. – Улар билан ҳеч қачон учрашмаган бўлсам-да, аммо тасаввурга эгаман. Баъзан бирорта тирик жонга айтмай юрган сирларимни уларга айтиб қўяман.” (Айтматов Ч. , Шохонов М. Чўққида қолган овчининг оҳу зори: (Аср адоғида айтилган истиғфор). – Тошкент: “Шарқ”, 1998. – 432 б. – 57-бет.)

Ҳаётда ҳеч бир ҳодиса ўз-ўзича рўй бермайди. Ҳар қандай воқеа заминида нимадир ётади. Жумладан, тушлар ҳам муайян заминга асосланади. Тушда кўринган ҳодисалар замирида, албатта, ўзига хос сабаблар туради. Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романида Султон Маҳмуднинг қўрқинчли тушлар кўриши ҳақида сўз боради. Жумладан: “Мана, бу дарди бедавога гирифтор бўлганига бир неча ой бўлди, шундан бери кўнгли нотинч, жони беҳаловат, кечалари ёмон тушлар кўриб, ваҳима босади. Нечундир эзгу ишлари, қурган қасрлари, яратган боғлари, барпо қилган мачит ва мақбаралари эмас, жанглар сурони-ю отлар дупури, кесилган бошлар, дорда чайқалган мурдалар, ёнғинда қолган шаҳарлар ёдига тушади. Миясида илгари ҳеч қачон ўйламаган ёмон ўйлар чарх уради” дейилади. (Ёқубов О. Кўҳна дунё: Роман. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983. – 336 б. – 40-бет.) Одил Ёқубов ушбу романида кишиларга қилинган ҳар қандай зулм, зўравонлик изсиз кетмаслиги, золим, ким бўлишидан қатъи назар, ўз қилмишлари учун, албатта, жазога тортилишига ишора қилади.

Тушларни ҳар ким ўз ҳаёт тажрибаси, тушунча, дунёқараши асосида талқин қилади. Чунки уларда ҳеч бир нарса аниқ айтилмайди. Тушлардаги ана шу мавҳумлик кўнгилга ҳадик солади, соҳибини изтиробга қўяди. Султон Маҳмуд ҳам тушлари нимага ишора эканини билолмаганидан хавотирга тушади. Шундан унинг “миясида илгари ҳеч қачон ўйламаган ёмон ўйлар чарх уради”.

Одам ўзини мажбурлаб ухлаши ёки ухламаслиги, овқатланиши ёки сув ичмаслиги мумкин. Лекин ҳеч ким ҳохлаган пайтида туш кўриб, истамаганида туш кўрмасликнинг уддасидан чиқолмайди. Чунки туш кўриш-кўрмаслик одамнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ ҳодиса эмас. Бу руҳий-жисмоний жараённи ақл, ирода кучи билан тартибга тушириб, бошқариб бўлмайди. Шунинг учун одам тушида қўрқиб ёки ҳаяжонланиб кетганида босинқираб, ҳеч кимга билдирмаган ички сирларини айтиб қўяди. Масалан, жиноятчиларнинг кирдикорларини очиш учун уларнинг асаб ҳужайраларига таъсир этадиган турли дорилар, ўткир спиртли ичимликлар, наша, кўкнори, ёлғонни фош қилувчи детекторлардан фойдаланилади. Лекин бу усуллар ҳар доим ҳам кутилган натижани бермайди. Аммо ҳар жиҳатдан бақувват, асаблари обдон чиниққан жосуслар ҳам тушида алаҳсираб, ўзининг кимлиги, асл мақсадини ошкор этиб қўяди. Айрим бадиий асарларда тушнинг мана шундай ғаройиб жиҳатига эътибор қаратилади. Шунинг учун Фёдор Достоевский: “Киши бесару самон бўлиб эзилиб юрган чоғларда унинг кўрадиган тушлари ҳам кўпинча беҳад қаварган, тиниқлашган ва худди ўнгида кўрганга ўхшаган бўлади. Гоҳида одамнинг тушда кўрган нарсалари фавқулодда жуда даҳшатли бўлиб туюлади. Лекин тушдаги муҳит ва кечаётган жараёнлар шу қадар ишонса бўладиган, умумий манзарага мос, уни бадиий жиҳатдан тўлдирадиган нозик тафсилотларга эга бўладики, уларни ўнгида шу туш кўрган одамнинг ўзи ҳам, у борингки, Пушкин ёки Тургенев сингари санъаткор бўлган чоғида ҳам тўқиб чиқара билмасди. Шундай тушлар, жуда узоқ вақтлар эсда қолади ва жисми урён, ўзи бир ҳоли сар бўлиб юрган одамга жуда қаттиқ таъсир қилади”, дейди ва Раскольников кўрган қўрқинчли тушни баён этади. (Достоевский Ф. М. «Жиноят ва жазо»: Роман, И. Ғафуров тарж. – Т.; Адабиёт ва санъат нашриёти, 1977. – 664 б. – 69-бет.) Ушбу туш тафсилотлари романда олти саҳифани эгаллайди.

Қотиллик қилиши арафасида ҳаловатидан айрилган Раскольников тушида етти ёшлик пайтини, ўзи туғилган шаҳарчани, байрам куни кечқурун отаси билан шаҳар чеккасига сайилга борганини эслайди, қовоқхона олдида маст-аласт одамларнинг бақир-чақир қилаётгани, каттакон аравани тортолмаётган қирчанғи отни, аравага кўп одамлар чиқиб олганини, эгаси ва бошқа одамлар аравани жойидан қўзғотишга кучи етмаётган ориқ, кичкина отни аямай савалашаётганини, мастлигидан қутуриб кетган эгаси отни қамчи билан ургани камлик қилгандай шоти билан ура бошлаганини, атрофдагилар бу томошадан маза қилиб кулганини, Раскольников ўзини отнинг ёнида йиғлаб югуриб бораётганини, отнинг нақ кўзига қамчи тушуришаётганини кўради ва отга ачинганидан йиғлаб, “юраги қинидан чиқиб кетгудек бўлади, кўз ёшлари қуюлиб келади. Отни қамчилаётганлардан бирининг қамчиси унинг юзига” тегиб кетади; лекин у буни сезмайди, у қўлларини қарсиллатиб синдиради, бақиради, соч-соқоллари оппоқ оқариб кетган чолдан нажот истаб чопади, қария бошини чайқайди, буларнинг бари унга ёқмайди, уни дилгир қилади”. Маст-аласт кишилар аравани тортолмай йиқилган ориқ отни қўлларига илинган нарса: тош, таёқ, қамчи, шоти билан уриб ўлдиришганида Раскольников додлаганича саман отнинг олдига бориб, унинг жонсиз, қонга беланиб ётган бошини қучоқлаб ўпади, кўзларидан, лабларидан ўпади… Кейин кутилмаганда ўрнидан сакраб туриб, ғазаб билан муштчаларини кўтариб отнинг эгасига ташланади. Шу он анчадан бери унинг орқасидан қувиб юрган отаси ушлаб олиб, одамлар орасидан олиб чиқиб кетади”. Раскольников одамлар нега отни ўлдиришди, деб йиғлайди. Нафаси тиқилганидан бошқа сўз айтолмайди. “Бақирмоқчи бўлади ва уйғониб кетади”. Раскольников қўрқинчли туш кўргач, ўзининг .режалаштирган иши – судхўр кампирни ўлдириши бемаънилик эканини англаб етади. “Ё раббим! Наҳотки, наҳотки мен ростдан ҳам қўлимга болта олиб, унинг калласига урсам, миясини мажақлаб ташласам… Шилимшиқ, иссиқ қон ичида кечиб юрсам, қулфни бузсам, ўғирлик қилсам, қўрқиб-пусиб, биқинсам; бошдан-оёқ қонга беланганча… қўлимда болта билан яширинсам… Ё раббим, наҳотки?” деб изтиробга тушади. Романда Раскольниковнинг мудҳиш жиноятга қўл уриш арафасидаги азобли ўйлари батафсил баён этилади ва унинг қай тарзда қотиллик қилгани кўрсатилади. Ўқувчи Раскольниковни нияти, мақсади жиноятчи қотилга айлантирганини ҳис қилади ва ниятда гап кўплиги, мақсадда ҳикмат борлиги, ота-боболаримиз яхши ният қилиш кераклигини бежиз айтишмаганини кўнглидан ўтказади.

Тушлар кўпинча кишини ўтганларни эслашга ундайди. Уларда кишининг бошидан ўтган воқеалари, яқин одамлари қиёфаси, тасодифан дуч келган кишиларнинг ҳолати кўринади. Бу пайтда хотиралар шабадада мавжланган кўл юзидаги тўлқинлар сингари бир-бирига уланиб кетаверади. Тугамайдиган туюладиган манзара, кўринишлар, дилга хуш ёқадиган ёки хавотирга соладиган воқеалар, афсуски, охирига етмасдан шарт узилади. Ғаройиблиги шундаки, бу кўпинча ташқи таъсир туфайли юз беради. Яъни киши кутилмаганда нимадандир чўчиб, бехосдан уйғониб кетади. Бундай тушлар қарама-қарши фикрлар уйғотиб, кишига ҳаётнинг у аввал эътибор қилмаган ҳақиқатларини очиб беради. Кўнгил тубидан ёришиб чиқадиган бу фикр таъсирида одам ўтган воқеаларни қайта ўйлаб кўради ва хатоларини англайди. Лекин уларни ошкора тан олгиси келмайди. Султон Маҳмуд Ғазнавий, Абдуллатифнинг ҳолатида ҳар кимда мавжуд ана шу ожизлик кўринади. “Кўҳна дунё”, “Улуғбек хазинаси” қаҳрамонлари алғов-далғов тушлари туфайли хатоларини тушуниб етади ва ўзини кечиролмай, изтиробга тушади.

Марҳумлар тушга бежиз кирмайди. Чунки ҳар биримизнинг ҳаётимиз тириклар ва марҳумларга боғлиқ тарзда кечади. Биз истасак-истамасак, ҳар доим марҳумларни эслаймиз. Уларнинг феъл-атворидаги турли жиҳатларни ўзимизча муҳокама қиламиз. Марҳумлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда ҳамиша муайян ўрин эгаллайди. Шунинг учун эртак, достонларда ҳам, ёзма адабиёт намуналарида ҳам тирикларнинг тушига марҳумлар кўрингани тўғрисида сўз юритилади. Чунки ҳақиқатан ҳаётда шундай ҳодисалар содир бўлади. Худо тирикларга марҳумлар руҳи орқали хушхабар етказади ёки тавба қилиб, ёмон ишлардан тийилишига ишора қилади. Одамларга тушида ҳам юз бериши кутилаётган ҳодисалар очиқ-ошкора билдирилмайди. Чунки Оллоҳ одамга теварак-атрофидаги ҳодисалардан ибрат олиб, мушоҳада юритиши учун ақл-идрок бериб қўйибди. Яратувчи шу боис одамнинг ўзига ва оламга тегишли кўп сирларни пинҳон тутади. Бўлғуси воқеалар одамларга ўнгида ва тушида аниқ-равшан билинганида ҳаёт жуда силлиқ, бир меъёрда кечган бўларди, кишилар ҳеч қандай ташвиш, муаммога дуч келмасди. Агар шундай бўлганида ҳаёт якранг тус олиб, у жуда зерикарли бўлиб қоларди. Ҳаёт қизиқ, ғаройиб кечиши учун ҳам келгусида кутилаётган ҳодисалар очиқ-ошкора эмас, жуда нозик ишоралар, турли рамзлар орқали маълум қилинади. Кишилар бу ишора, рамзларни кўпинча воқеалар бўлиб ўтганидан кейингина пайқашади ва уларга эътибор беришмаганидан пушаймон бўлишади.

Одамга теварак-атрофидаги кўп нарсалар жўн ва арзимасдай туюлади. Лекин айнан ўша нарсаларнинг қатида кўп сир-синоат яширин туради. Улар ҳаётнинг аввал маълум бўлмаган ҳақиқат, ҳикматларини англашга очқич эканлиги кутилмаган бир тасодиф туфайли аён бўлади. Ўшанда киши эътибор қилмаганлари ҳам қадрли эканлиги, ҳаётда ҳам ҳар бир нарса эъзозлашга лойиқ эканлиги хусусида ўйланиб қолади. Султон Маҳмуд Ғазнавийни ҳам, Абдуллатифни ҳам ноҳақ қурбон бўлганларнинг руҳи безовта қилади. Уларнинг ҳар иккаласи одамларнинг ҳаёти билан ўйнашаётгани ҳақида кўп-да ўйлашмаган. Бошқаларни назар-писанд қилишмаган. Одил Ёқубов “Кўҳна дунё” романида Бўтакўзбегим руҳининг Ибн Сино тушида кўринганини қаламга олиш орқали тириклар эмас, марҳумлар ҳам адолатсизликдан азият чекишини таъкидлайди. “Ҳар бир руҳ, – дейди Афлотун (Платон), – эзгуликка интилади ва бу йўлда ҳар нарсага тайёр туради. Руҳ эзгуликнинг мавжудлигини ҳис этади, уни излайди, аммо унинг қаерда эканини англашга қуввати етмай қийналади.” (Ҳақиқат манзаралари. 96 мумтоз файласуф. – Т.: “Янги аср авлоди”, 2002. – 372 б. – 82-бет)

Туш мотиви қаҳрамон руҳий ҳолатини очишда ўзига хос очқич бўла олиши Антон Чеховнинг “Уйқу истаги” ҳикоясида янада яққол сезилади. Ушбу ҳикояда дастёр қизнинг аччиқ қисмати жуда таъсирчан гавдалантирилади. Улуғ рус адиби ушбу ҳикоясида туш мотивини беихтиёр қотилликка қўл урган Варьканинг уқубат тўла ҳаётини аниқ тасаввур қилиш имконини берадиган ўзига хос кўзгуга айлантиради. Бировнинг хонадонида хизматкорлик қилиб кунларини ўтказаётган Варька тузукроқ кийим кийиш, тўйиб овқатланишни хаёлига ҳам келтирмайди. Хўжайинининг тўхтовсиз бериб турадиган топшириқларини бажаришдан қўли бўшамайдиган бечора қиз фақат бир нарса – тўйиб ухлаш тўғрисида ўйлайди. Чунки у эрта саҳардан ярим кечагача тинмасдан елиб-югуриб хизмат қилади. Тонггача эса хўжайинининг беланчакдаги боласига қараб чиқади. Варькага тунда ҳам бирпас бўлса-да, ухлашга имкон беришмайди. Варька хўжайинининг беписанд муомаласи, камситишларини оғринмасдан қабул қилади. Хўжайини уни хўрлаб, ҳақорат қилаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Аммо уйқусизликка тоқат қилолмасдан қийналади. У беланчак тебратиб ўтириб, туш кўради. Тушига ҳам уйқу киради. Ҳикояда бу: “Варькани уйқу босиб, кўзлари юмилмоқда. Бўйни толиб, боши ерга оғиб боради. На қовоғини қимирлата олади, на лабларини. Назарида юзи қовжираб, тарашадай қотган, боши тўноғичнинг бошидай кичкина бўлиб қолганга ўхшайди. Алла, қўзим, алла-ё, Сенга ош пишира-ё… деб минғирлайди у. Печкада чигиртка чириллайди. Нариги уйда хўжайини ва шогирди Афанасий хуррак тортади… Беланчак нолигандай ғижирлайди. Варька минғирлайди. Буларнинг ҳаммаси қўшилиб, аллаловчи тун мусиқасига айланадики, бу мусиқани ўринга ётиб эшитганда ҳузур қилади киши. Бу мусиқа Варьканинг ғашига тегади, чунки уйқусини келтиради, ухлаш эса мумкин эмас. Худо кўрсатмасин, агар ухлаб қолса борми, хўжайини уриб ўлдиради”. (Чехов А. П. Танланган асарлар. Уч томлик. 1-том. – Т.: Бадиий адабиёт нашриёти, 1957. – 692 б. – 390 – 391-бетлар.) Ушбу парчада ҳар бир деталь қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини ифода этишга қаратилади. Адиб ҳикояда уйқу инсон учун энг ширин неъмат экани, бу табиий эҳтиёжни ирода кучи билан енгиб бўлмаслиги, кишини бу зарурий эҳтиёжидан маҳрум этиш фожиага олиб келишини юксак бадиий маҳорат билан кўрсатади. “Уйқу истаги”ни ўқиётганида ҳар бир кишининг кўнглида беихтиёр Варькага нисбатан ачиниш ҳисси жўш уради. Чунки унда кундузи тинимсиз елиб-югуриб, кечаси ором олмасдан беланчак тебратишга мажбур хизматкор қизнинг уйқу истагидаги ҳолати: “У ерга ўтириб, хўжайини калишини ювар экан, шу катта ва чуқур калишга бошингни тиқиб, бирпасгина мизғиб олсанг қандай яхши бўларди, деб ўйлайди. Бирдан калиш шишиб кенгайиб, уйдай катта бўлиб қолди. Варьканинг қўлидан чўткаси ерга тушиб кетди. Варька дарҳол бошини силкиб, кўз олдидаги нарсалар катталашиб, ҳаракатланмасин деб кўзларини каттароқ очишга тиришди” деб кўрсатилади. (Ўша манба. 394-бет.)

Кишининг тушида кўрганлари, албатта, унинг таржимаи ҳолига, кундалик фаолиятига муайян даражада дахлдор бўлади. Бу ҳақиқат Варьканинг туши тафсилотлари ва ундан кейинги воқеаларда ҳам кўринади. Одам кўпинча тушидаги қўрқинчли воқеалар таъсирига тушиб, нима қилишини билмай қолади. Бундай пайтда, ҳатто, ўзи билмаган ҳолда жиноятга ҳам қўл уради. Чунки ҳар бир кишининг табиатида эзгу ҳиссиётлар баробарида бошқа иллатлар ҳам яшайди. Одамнинг ичидаги яширин ёвузлик кутилмаганда қандайдир ташқи таъсир туфайли жунбушга келади. Ўша пайтда босиқ, вазмин кишиларнинг ҳам жаҳли чиқиб, ғазаби жўшади. “Уйқу истаги” қаҳрамони ўзи истамаган ҳолда беланчакдаги бегуноҳ болани ўлдиради. Алғов-далғов, тушуниксиз туши ва ҳаддан ташқари жисмоний толиққани Варьканинг ичидаги кўмилиб ётган нафрат, ғазабни юзага чиқаради. У табиатидаги яширин ёвузлик таъсирига тушади. Бу иллат турли шаклда – бировда озроқ, бировда кўпроқ, ҳар бир кишида мавжуд.

Антон Чехов мазкур ҳикоясида таҳқирлаш, зулм инсонни руҳан мажруҳ этиб, жиноятга бошлаши, қотилга айлантиришини қаҳрамоннинг туш таъсиридаги ҳолати билан боғлиқ тарзда тасвирлайди. “Ниҳоят меҳмонлар кетишади, чироқларни ўчириб, хўжайинлар ётишади. – Варька, болани тебрат! – деган сўнгги буйруқ эшитилади. Печкада чигиртка чириллайди; шипдаги доғ, ёйиғлик шим ва йўргак, латталардан тушиб турган соялар лип-лип қилиб яна Варьканинг очиқ кўзига суқилади, уни гангитади. – алла айтай сенга-ё, – деб минғиллайди у, — алла, қўзим, алла-ё… Бола йиғлай-йиғлай қотиб қолади. Варька яна ҳалиги катта тош йўлни, тугун кўтарган одамларни, Пелагеяни, отаси Ефимни кўради. У ҳаммани танийди, ҳаммасини тушунади-ю, лекин карахт қилиб, қўл-оёғини бойлаб қўйган, яшашга монелик қилаётган бу куч қанақа эканлигига чала уйқу ичида сира тушунолмайди. У яна шу кучдан қутулиш учун у ёқ-бу ёққа қарайди. Лекин уни тополмайди. У ниҳоят чарчаган ҳолда ўзининг бутун кучини, сезгисини тўплаб, шипдаги липиллаётган доғга тикилади ва йиғи овозига қулоқ солиб яшашга монелик қилаётган душманни топди. У душман – бола экан. Қиз кулиб юборади. Нега шунча кундан буён шу арзимаган нарсани тополмай юрган экан? Шипдаги доғ, соялар ва чигиртка ҳам ҳайрон бўлиб, унга қўшилиб кулаётгандай туюлади. Шу хаёл Варькани бутунлай чулғаб олади, у ўрнидан туриб, илжайганча кўзларини юммасдан, уйнинг у бошидан бу бошига юради. Қўл-оёғига кишан бўлиб турган боладан ҳозир қутиламан, деган хаёл уни қитиқлайди, хурсанд қилади. Болани ўлдиради-ю, кейин ҳузур қилиб ухлайди. У кулиб, кўзларини қисиб, шипдаги доғга қараб, бармоғи билан таҳдид қилади, аста беланчак ёнига боради ва энгашиб болани бўғади; кейин дарҳол полга ётиб ухлашнинг иложи топилганидан беҳад севинади ва бир дақиқадан сўнг ўликдай ухлаб қолади” деб тасвирлайди. (Чехов А. П. Танланган асарлар. Уч томлик. 1-том. – Т.: Бадиий адабиёт нашриёти, 1957. – 692 б. – 395-бет.)

Одам ухлаганида ҳам нафас олади, танасида қон айланади. Яъни унинг танасида ҳаракат жараёни бир зум тўхтамайди. Мия ҳам ҳушдагидай бўлмаса-да, ҳар қалай, бедор туради: хотирада сақланган воқеалар аралаш-қуралаш бўлиб, кутилмаган манзаралар ҳосил қилади. Одам нима ҳақида кўп ўйласа, қандай муаммога дуч келса, тушида айни нарсалар қандайдир тарзда кўринади. Антон Чехов “Уйқу истаги” ҳикоясида эса шу ҳақиқатни акс эттиради.

Фитратнинг “Қиёмат” ҳикоясида гиёҳвандликка мубтало кишининг тушида кечганлари нақл этилади. Рўзиқул – Почамир кўкнор тополмасдан касал бўлиб қолади. Унинг фикру хаёлини наша топиш, чекиб хумордан чиқиш илинжи банд қилади. Почамир иситмаси чиқиб ётар экан: “У дунёда наша бормикин?” деб ўйлайди. Унинг иситмадан қуруқшаб қолган лаблари орасидан фақат шу сўз чиқади. “У дунёда наша топмоқ фикри Почамирнинг миясини чарчатади”. Рўзиқул ҳолсизликдан ўзини ўлган ва у дунёга тушган ҳис этади. У дунё ҳақида эшитганлари, ўқиганлари ёдига тушади. Почамир хаёлан Мункар-Накир билан мунозарага киришиб, уларни мот қилади. Қиёмат юз бергани, сон-саноқсиз одамларнинг жаннат ва дўзахга тушаётганига гувоҳ бўлади. Тирикликдаги амаллари тарозида тортилаётган одамлар орасида худди бу дунёдагидай “очират” зарурлигини айтиб, тартиб жорий бўлишига эришади. Қурбонлик қилган оқ қўйини миниб, қилкўприкдан ўтиб, жаннатга боради. У жойдаги тўкинчилик, фаровонликдан зерикади. Яшашдан безиб қолган пайтида “Тўрт одим нарироқда кўзига бир бута кўкнор кўринди. Шодлигидан сесканиб қўйди. Бирдан шунга қараб югурди. Оёғи остидаги чуқурни кўрмаган экан, оёғи чуқурга тойиб кетди. – Воҳ! – деб йиқилди. Ўзининг “воҳ” деганига уйғониб кетиб, кўзини очса, хотини ёстиғи бошида ўтириб, Почамирнинг терларини артадир. Хотини: Устингизни очмангиз, терлагансиз. Тушингизда бир оз қўрқдингизми? – деди. Почамир кўрганларининг тушда эканини билгач, теран бир сўлиш олди. – Уф, сўрама, хотин. Кўп балоларга учрадим. Яхшиямки, туш экан, – деди.”(Фитрат А.Танланган асарлар. Жилд 1. 256 б. Т.: “Маънавият”, 2000. – 179-бет.)Адиб “Қиёмат”ни “хаёлий ҳикоя” деган бўлса-да, унда гиёҳвандликка гирифтор кишиларнинг ҳақиқий ҳолатини гавдалантирган. Гиёҳвандлар бу касалликдан қутулмоқчи бўлганида Почамирдан ҳам баттарроқ аҳволга тушиб қийналади. Почамир мадрасада таҳсил олгани учун у дунё тўғрисида ўйлайди. Аммо бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам яшаш лаззатини наша чекишда кўради. Шунинг учун Рўзиқулнинг алғов-далғов тушлари кўкнорига бориб боғланади. Рўзиқулнинг тушида кечганларини унинг терларини артиб ўтирган хотини кўрмайди. Хотини Почамир “воҳ”деб уйғониб кетганида, эрининг тушида қўрққанини пайқайди. Рўзиқул тушида у дунёда сайр қилиб, кўп воқеаларни кечирган бўлса-да, улар сассиз кечади. Почамир эшитган овозлар, қичқириқ, шовқин-суронлар хотинига эшитилмайди. Чунки бировнинг тушидаги манзараларни бошқалар кўролмайди. Туш кўраётган киши эшитган гап-сўз, овозлар бошқаларга номаълумлигича қолади.

Бадиий асарлардаги туш тасвири шундан далолат берадики, тушда инсон руҳий оламининг нозик ва нафис жиҳатлари кўнгилга ўрнашиб қолган нопок истаклари билан тўқнашади. Шунинг натижасида босириқ тушлар юзага келади ва ундаги турли алғов-далғов воқеалар кишини ваҳимага солади. Ҳар бир одам эса ҳиссиётлар, истакларига бошқалар эътиборсиз қарашидан қийналади. Ана шу ҳолат унинг руҳиятига таъсир этиб, миясининг пучмоқларига жойлашиб олади ҳамда ташқи омиллар таъсирида кутилмаганда қўзғалиб, кишини тушкун кайфиятга солувчи тушларни туғдиради. Бундай тушлар моҳияти – нимага ишора экани аён бўлмасдан саноқли сониялар ичида хаёл қаърига сингиб, ғойиб бўлади. Айни ҳолат кўнгилни хижил қилиб, кишини ўзидан, бошқалардан, умуман, ҳаётдан норози бўлишига олиб келади. Шунда юракка мажҳул оғриқ киради. Бу эса мантиқ қолипларига сиғмайдиган туш ҳодисаси онг идрок этолмайдиган ғаройиб жумбоқ эканини билдиради.

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон