Маҳатма Ганди: “Ҳиндистоннинг бошқа нажот йўли йўқ”

Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг раҳнамоларидан бири Моҳандас Карамчанд (Маҳатма) Ганди 1869 йил 2 октябрда Гужарат князлигининг Порбандар шаҳрида туғилган. Англияда юридик таълим олгач, 1893 йилгача Бомбейда (ҳозирги Мумбайда) адвокатлик қилади, 1893 — 1914-йилларда Жанубий Африкада Гужарат савдо фирмасининг юрисконсулти вазифасида ишлайди.

1915 йилда Ҳиндистонга қайтиб, Ҳиндистон миллий конгресси (ҲМК) партияси билан яқинлашади, 1921 йилдан партияга раҳбарлик қилади, бироқ озодлик курашини олиб бориш усуллари борасида ҲМКнинг бошқа етакчилари билан келишолмасдан 1934 йилда партияни тарк этади. 1948 йил 30 январда Деҳлидаги ибодат маросимида мутаассиб ҳинд томонидан ўлдирилган.

1916 йил 4 февралда Банорасдаги Ҳинд университетининг очилиш маросимида сўзланган ушбу нутқ Гандининг ҳиндлар ўз тақдири ва ўз юртининг эгаси бўлиши керак деган принципини акс эттиради.

Маҳатма Ганди томонидан яратилган куч ишлатмасдан курашиш фалсафаси — сатйаграҳа (санскритча «ҳақиқатга интилиш» дегани) Ҳиндистонни мустамлакачилар зулмидан озод қилишда улкан рол ўйнабгина қолмай, бутун дунёда инсон ҳуқуқлари учун курашга жуда катта таъсир кўрсатди.

Ушбу фалсафа замирида куч ишлатишдан тийилиш ва жабр-зулмни сабр билан енгиш йўли билан душманнинг виждонини уйғотишга интилиш ётади.

* * *

1916 йил 4 февралда, Банорас шаҳридаги Ҳинд университетининг очилиш маросимида сўзланган нутқ

…Шу муқаддас шаҳарда, ушбу йирик университет қошида бу оқшом ўз миллатдошларимга чет тилида мурожаат қилишга мажбур бўлганим ҳаммамиз учун ҳам ҳақоратли бир ҳолдир.

…Декабр ойида мен конгресснинг сессияларида қатнашдим. Залда бу ердагидан ҳам кўп одам бор эди, сизга фақат ҳинд тилида сўзланган нутқларгина уларнинг қалбини жунбушга келтирди десам ишонасизми? Ҳамма ҳиндчани биладиган Банорасда эмас, Бомбейда (ҳозирги Мумбай шаҳри 1995 йилгача Бомбей деб аталган) шундай бўлган эди.

Аммо ҳинд тили ва Бомбей президентлиги шевалари ўртасида ҳинд ва инглиз тиллари ўртасидагичалик катта фарқ йўқ, шу боис конгресс мажлисларида ким ҳинд тилида гапирган бўлса иштирокчилар уни тўлиқ тушунишди. Университет бу ерга келувчи ёшларга уларнинг ўз она тилида билим бериш чораларини кўради деб умид қиламан.

Тилимизда ўзимиз акс этамиз, шундай экан, агар сиз нозик фикрларни аниқ ифодалаш учун тилимиз ниҳоятда камбағаллик қилади дейдиган бўлсангиз, очиғини айтинг: бундан кўра ҳаммамиз битта қолмай қирилиб кетганимиз яхши эмасми?

Орамизда инглиз тили Ҳиндистоннинг миллий тили бўлишини хоҳлайдиган бирон киши борми? Халқимизга бундай қийинчиликнинг нима кераги бор? Бир он бўлса ҳам ўйлаб кўринг, бизнинг ёшларимиз билан инглиз ёшларининг шароити баробарми?

…Бизни уддабурон эмассизлар деб айблашади. Умримизнинг қимматли йилларини ёт тилни ўрганишга сарфлашга мажбур бўлганимиздан кейин қандай уддабурон бўлайлик?

…Биз фақат инглизча таълим оламиз. Албатта, бунинг таъсири сезилиб туради. Тасаввур қилинг, охирги эллик йил мобайнида биз ўз она тилимизда таълим олганимизда нималарга эришган бўлур эдик?

Бугун озод Ҳиндистонда яшаётган бўлур эдик, одамлар маърифатли бўлур эди, аммо ўз уйидаги бегоналардек кўринмас, айтган гаплари ҳам халқнинг юрагига етиб борар эди.

Улар камбағалу қашшоқларнинг орасида меҳнат қилган бўлур эди ва ушбу эллик йил ичида улар эришган ҳамма нарса миллат бойлигига айланар эди. Бироқ ҳозир ҳатто аҳли аёлларимиз ҳам бизнинг энг яхши, илғор ғояларимизни тушунишдан ожиздирлар…

…Мен умумий аҳволдан гапирдим, модомики каминага эҳтиром кўрсатиб сизга мурожаат қилиш имконини берган экансиз, тўғрисини айтаман. Албатта, биз автономия талаб қилишимиз ва шу аснода ушбу масалаларни яхшилаб тушуниб олишимиз керак.

Сизга бошқа бир ҳолатни айтиб берай. Бизнинг кечаги мунозарамизга раҳбарлик қилган махаража жаноби олийлари ҳинд халқининг қашшоқлиги ҳақида гапирди. Бошқа нотиқлар ҳам шуни таъкидлашди. Лекин вице-қирол университетнинг тамал тошини қўйган пандалда (пандал — ҳиндча улкан чодир, бостирма) биз ниманинг гувоҳи бўлдик?

Шубҳасиз, ажойиб томоша бўлди: дабдабали зиёфат, нақ парижлик энг яхши заргар шахсан ўзи келиб кўриши керак бўлган тақинчоқлар кўргазмаси дейсиз. Азизлар, мен башанг кийинган оқсуяклар ва миллионлаб қашшоқларни солиштираяпману зодагонларга қарата: «Сиз ватандошларингизнинг аҳволини ўнглаш учун ўз тақинчоқларингизни юлиб олиб уларга бермагунингизча Ҳиндистон балолардан халос бўлолмайди», — дегим келади.

Бир нарсага аминман, қиролга ҳам, лорд Ҳардингга (Чарлз Ҳардинг 1910 йил 23 ноябрдан 1916 йил 4 апрелгача Ҳиндистон генерал-губернатори бўлган) ҳам ул зотларга бўлган бениҳоя ҳурматимизни кўрсатиш учун бошдан оёқ қимматбаҳо тақинчоқларга бурканишимизнинг ҳеч кераги йўқ. Сизга шахсан қирол Георгнинг (Георг бешинчи 1910 йил 6 майдан 1936 йил 20 январгача ҳозирги Буюкбритания ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги қироли бўлган. 1922 йил 6 декабргача бу давлат Буюкбритания ва Ирландия бирлашган қироллиги деб аталган) фикрини етказиб қўймоқчиман: унга бундай изҳори садоқат керак эмас.

Катта ҳинд шаҳарларидан бирида — Британия Ҳиндистонидами ё бизнинг оқсуяк доҳийларимиз бошқарадиган Ҳиндистондами, фарқи йўқ — улкан сарой қурилаётганини эшитсам менга алам қилиб кетади ва «Деҳқонлар меҳнати билан топилган пуллар мана нималарга сарфланаётган экан» деб ўйга толаман.

Мамлакатимиз аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи деҳқонлар ахир, ушбу заҳматкашлар ҳақида жаноб Хиггинботам кечагина ўз она тилида «бир бошоқ ўрнига икки бошоқ етиштирадиган одамлар булар» деган эди.

Агар биз деҳқонларни кўкартирмасак, топган-тутганининг деярли барчасини олиб қўйсак ёки кимлардир тортиб олишига индамай қараб турсак, қалбимизда мустақиллик руҳидан асар ҳам қолмагани шу эмасми? Деҳқонлар бизнинг нажоткорларимиздир. Нажотни бизга юристлар ҳам, врачлар ҳам, бой заминдорлар ҳам беролмайди.

Ҳасан Карвонли таржимаси