Бадқовоқ бой

Мўйсафид дарвешлардан бири ҳеч эҳтиёжларини қоплай олмас эди; жуда танг аҳволда қолди. Унинг бу ҳолини кўрганлардан бири:
–Фалончи жуда бой, ҳисобсиз мол-мулки бор. Агар аҳволингни билса, жим қараб турмас деб ўйлайман, – деди.
Дарвеш:
–Мен уни танимайман; манзилини ҳам билмайман, – деди.
Одам:
–Таниш танимаслигинг муҳиммас. Мен сенга йўл кўрсатаман, – дея уни бойнинг уйига олиб борди.
Дарвеш эшикни тақиллатиб ичкарига кирди. Уни лаблари буришган, қошлари чимирилган, афтидан бадқавоқ бир одамнинг ёнига этдилар. Ўта кибрли эканлиги ҳар бир ҳаракатидан маълум эди. Дарвеш унинг башарасини кўрибоқ, ҳеч нима демасдан ташқарига чиқиб кетди. Ташқарида кутиб турган ҳамроҳининг олдига келди. Одам:
–Хўш, нима бўлди? – деб сўради. Дарвеш:
–Унинг лутфини юзига бағишладим! – деди. Ҳамроҳи:
–Нима деганинг бу? – деди. Дарвеш жавоб берди:
–Бадқавоқдан бир нарса истама, йўқса унинг ёмон табиатидан заҳар ичасан. “Кўнглингдагини шундай одамга айтгинки, юзини кўрар кўрмас шодлинсин!”

Ҳикмат

Инсоннинг юзи ичининг ойнасидир. Ичида ёмонлик ёки яхшилик ётган кишининг туйғулари юзида акс этади. Чеҳрасини очиқ ва гўзал қилганнинг табиати ҳам гўзал, чиркин қилганнинг табиати ҳам чиркиндир.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси