Адабиётга виждон иши деб қарагандагина адиб баркамол асарлар яратиши, ҳаётнинг янги-янги қатламларини очиши, тирик образлар кашф этиши мумкин.
* * *
Китобдан биринчи мақсад – одамни шахс сифатида шакллантириш.
* * *
Китоб миллатнинг кўзини очиши керак. Кўзи очиқ одам ҳаётнинг баланд-пастликларини тўғри баҳолай олади.
* * *
Ҳақиқий ёзувчи ўзини ўзи баҳолай олади.
* * *
Бизда тарихни халқ яратади деб одамнинг кўзига қум сепиб келинди. Тарихни халқ эмас, шахслар яратади.
* * *
Менинг тушунишимча, одам бир касбни эгаллашга киришар экан, уни ипидан игнасигача билиб, шу ишнинг устаси бўлиши керак, профессионал бўлиши керак. Агарда инсон ўз соҳасида профессионал бўлса, ҳаётда қоқилмайди, қаерда бўлса ҳам, меҳнати орқасидан рўшнолик кўради.
* * *
Агар ёзувчининг ўзи шахс бўлмаса, у яратган асарлар ҳам бирор қийматга эга бўлмайди.
* * *
Умр мазмуни — ўзликни англаб яшаш. Маърифатли инсонгина ўзини англаб яшашга қодир.
* * *
Болаларни эркин қўйинг, сизга ўхшаб фикрламаса ҳам.
* * *
Айбим шуки, ўйлаганимни айтиш пайида бўламан.
* * *
Қаердаки ахлоқсизлик бўлса, ахлоқ бузилса, ўша ерда маънавият таназзулга юз тутади.
* * *
Кун кўриш керак эмас, яшаш керак.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон