Учмайдиган қушлар ҳам борми?

Ҳозир учолмайдиган қушлар минглаб йиллар бурун ўз қанотларининг илк вазифасини бажариш имкониятини йўқотган. Бунинг сабаби оддий: уларга қанот керак бўлмай қолган, чунки улар жойлашган жойга ҳеч қандай йиртқич ҳужум қилишга ботинолмаган ёки бошқалари анча йирик бўлганидан хавф туғилган чоғи қутула олган.

Пингвиннинг қанотлари сузгичга айланган. Янги Зеландия кивиси тунги ҳаётга мослашган, у овқатни узун тумшуғи ёрдамида топади. Унга на қанот керак, на кўз, шунинг учун ҳам у ёмон кўради. Индонезия чангалзорларида яшайдиган казуар (туяқушнинг бир тури) одатда, қўрқоқдир, аммо у тирноқ ва панжалари ёрдамида ўзини жон-жаҳди билан ҳужумдан ҳимоя қилади ва рақибига хавф солади.

Учолмайдиган энг йирик қуш туяқушдир. Унинг бўйи 2,7 метр, чопаётганда тезлиги 50 километр-соатга етади. Австралия эмуси улкан қуш, аммо у ҳам туяқуш сингари тезкор. Жанубий Америка нандуси туяқушга ўхшайди, аммо кўринишдан кичик (1,6 метрдан ошмайди). Бу қушларнинг ҳаммасининг патлари кўркам.