Аксарият ҳайвонлар ҳид, товуш сигналлари ёки ўз «кийимларидаги» айрича тафсилотлар орқали таниқлик белгиларига эга. Жуфтлашиш даврида мана шу «шахсий гувоҳнома» бозорга қўйилган мол сингари кўз-кўз қилинади. Жониворлар танитиш белгилари сифатида ўзларининг ўзига хос, жимжимадор ҳолатларини сафарбар этади.
Зорянкалар қизилтоб кўкрагини олдинга чиқаради, колюшкалар модаси пуштитоб қоринчасини, калтакесак-сколопорус кўк бўйнини, аквариумда ўсадиган гемихромис балиқлари бошидаги ёрқин холларини намойиш этадилар. Танитиш аломатларини ўқиш шарт эмас: улар ирсият механизмида программалаштирилган.
Танишиш ташаббускорлари нари ҳам, макиёни ҳам бўлиши мумкин. Кумуш чайкаларнинг ташаббуси макиёнидан чиқади. Макиёни гала орасидан муносиб шерикни аниқлаб олгач, унга яқинлашади, бўйнини чўзиб ва қадамларини илдамлатиб, бир муддат кўнгил қушининг атрофида юради. Бу макиённинг танитув белгисидир. Агар хушторлик муносиб топилса, нари ўз рақибларига ташланиб, қувади ва макиёни ортидан эргашади. Эришилган муваффақиятга ишонч ҳосил қилингач, келин озиқ сўрай бошлайди, куёв кекириб, уни ярми синган балиқ билан овқатлантиради. Овқатлантириш — бу аҳдлашув маросимидир, у тамом бўлгач, келин-куёв уя қургани йўл олади.
Жуфтлашиш ўйинлари даврида бир-бирини ўзаро овқатлантириш қушлар ўртасида кенг тарқалган. Бунинг нимани англатиши: ўзига хос сеп-сидирғами, никоҳ узуги ёки сийлов тўғри эканлигига шерикларнинг бир-бирини ишонтирувчи ўзига хос танитувими, билиш қийин. Суваракларга шунга ўхшаш тасдиқни қанотлари устидаги без секретлари беради. Хушторлик вақтида эркаги уларни кўтаради, урғочиси эса секретни ялаб-чайқайди. Капалак эркаги модасига панжаларини узатади. Унинг тукли, тирноқлар билан қопланган оёқларида модасини жалб этадиган модда жойлашган. Макиёни уларни синдириб ташлайди, ундан ажралиб чиқаётган суюқлик томчиларини синовдан ўтказгач, жуфтлашишга ризолик беради.
Айрим ҳолларда бошқа нарсалар ҳам танитув белгиси бўлиб хизмат қилади. Африкада яшайдиган эстрильдин қушчаси учун бундай аломат шохча бўлади, шериклар қайси жинсдан бўлшнидан қатъи назар, уни шеригига топширади. Крачкалар нарининг жуфтлашиши кўнгилхушига олиб келиб берган балиқдан кейин бошланади. Ҳатто ўргимчак ва ҳашаротлар ҳам ўз маъшуқаларига мана шу тахлит совғалар қилишади. Қорабузов жуфтлашганидан кейин дарров бир боғлам майса ёк шохчалар олиб келиб тортиқ қилади, бу кўнгил ёрининг энди уй ишлари — уя қуриш билан шуғулланишига ишорадир.