Пингвинлар уча оладими?

Кўп одамлар бу ғаройиб қуш Шимолий ва Жанубий қутбларда ҳамда бошқа совуқ жойларда яшайди, деб ҳисоблайдилар. Афсуски, пингвинлар фақат Жанубий қутбда яшайди. Улар Антарктида (Арктикада эмас!) ва унга туташ оролларда кун кечиради. Улар Перу ёки Бразилиянинг жанубида, Жанубий-Ғарбий Африкада, Янги Зеландия ва Жанубий Австралияда ҳам учрайди.

Пингвинлар, шубҳасиз, одамга ўхшашлиги билан машҳур бўлиб кетди. Пингвинлар ясси панжалари билан тик тура оладилар. Улар кўпинча, аскарлар каби тизилиб туради. Уларнинг виқор билан юришини курганингизда, беихтиёр кулгингиз келади. Бутун танаси майда тангачасимон патлар қопланган. У бизга оқ кўйлак ва фракдан иборат эркакларнинг кечки кийимини эслатади.

Тарихга қадар бўлган пингвинлар бўйи деярли икки метр бўлган. Бундай катталикдаги пингвинлар бизда ҳозир қандай таассурот қолдиришини кўз олдингизга келтириб кўринг. Шу кунларда пингвинларнинг 17 тури мавжуд, уларнинг энг каттаси баландлиги 1 метр келадиган ва оғирлиги 36 килограмм тош босадиган шоҳ пингвиндир.

Бурун замонларда пингвинлар қушлар мисоли уча олган. Ҳозирги пайтда ўша қанотларидан учишга яроқсиз ўсимталар қолган. Бу ҳол қандай юз берган? Унинг бир ажабланарли томони шундаки, пингвинларнинг деярли душмани бўлмаган. У Антарктиданинг жуда олис жойларида яшагани учун унга ҳужум қиладиганлар топилмаган. Шунинг учун ҳам у ҳаётини ҳам қуруқликда, ҳам сувда бемалол ўтказа олган.

Қанотидан фойдаланмаган пингвинлар авлоди ўзгариши билан қанотлари қаттиқлашиб ва кичрайиб, бора-бора учишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу баробарда улар сузиш ва сув тагида туриш борасида маҳоратли бўла борган! Пингвинларда яшаш жойидаги даҳшатли совуқдан сақлайдиган қалин ёғли қатлам ҳосил бўлган.

Одамлар пингвинларни ёғи учун ов қилишади, балки уларнинг қирилиб кетишидан асрайдиган қонун қабул қилиш лозимдир.