Тукан кўринишидан энг ғаройиб қушлардан бири. Ҳақиқатан ҳам у табиатнинг мўъжизаси.
Биринчидан, туканнинг тумшуғи улкан, унинг ўлчами бошидан бир неча баравар катта! Айрим туканлар тумшуғининг узунлиги бутун танасининг учдан бир қисмини ташкил этади. Шакли жиҳатдан у бизга катта чиғаноқ қисгичини эслатади, ранги равшан.
Мабода сиз туканни кўрган бўлсангиз, мана шундай ҳайбатли тумшуғи билан унинг мувозанатини қандай сақлашига ҳайрон қолган бўласиз. Жавоб оддий: тумшуқ ўз ўлчамига нисбатан анча енгил. Ташқи томони қоғоз қалинлигидаги қопламага эга, ичи эса ғалвирак суяк билан мустаҳкамланган. Тумшуқ ўзаги қуш бошининг ўлчамига тенг. Тумшуғининг четлари бўйлаб нотекис кертиклар ўтган.
Туканнинг тили ҳам ғайриоддий. У ясси, четлари тишли ва перога ўхшайди. Думининг мустаҳкамланиш йўсини туканга хос айрича хусусиятдир. Бир қарашда думи ошиқ-мошиқ бўғимлар билан бириккандай туюлади. Тукан думини кескин силтайди ва елкасидан юқорига кўтара олади.
Тукан Америка тропикларида яшайдиган қуш, у медоведлар, болтаютарлар, барбетлар ҳамда узоқроқ бўлса-да, қизилиштонларга турдош бўлиб, улар билан бир оилани ташкил этади. Туканнинг 37 хил тури бор, уларнинг энг йириги тахминан 60 сантиметр чиқади.
Туканнинг иштаҳаси тумшуғи ўлчамига мос тушади. У нимаики тўғри келса, еб кетаверади ва ўзи ҳам турли овқатлар топиб ейди. Жонажон ўрмонида зўр иштаҳа билан мева, тухум ёки ўзидан кичикроқ қушларнинг полапонларини тутиб ейди. Овқатланаётган пайти у улкан тумшуғи билан дириллаган овоз чиқаради. У кескин ва хунук овоз чиқариш қобилиятига ҳам эга.
Туканлар ихчам-ихчам гуруҳ ҳолда Марказий ва Жанубий Америка ўрмонларида яшайди. Уларнинг ҳаётини акс эттирувчи маълумотлар кам, аммо улар уяларини дарахтлар кавагида қуради, деб ҳисоблашади. Туканларни қўлга ўргатиш мумкин ва тутқун ҳаётда ҳам ўзини яхши ҳис этади.