Одамларнинг онгида «ҳашарот» сўзи қандай таассурот қолдирган? Одатда, чивин, пашша, куя, қўнғиз каби зарарли ҳашаротлар кўз олдимизда гавдаланади. Ёки у чумоли, асалари, ари, шунингдек, гўзал капалакни хаёлимизда жонлантиради. Мабодо сиз улардан ҳашаротларнинг бошқа турларини айт, десангиз яна битта ё иккитасининг номини айтиши мумкин.
Ҳашаротларнинг аслида, қанча тури борлигини биласизми? Икки миллиондан ошиқ уч миллионга яқин тури бор десак, албатта, ҳайрон қоласиз! Олимлар фақат олти юз йигирма бештасини таснифлашган. Ҳар бир турини таснифлашнинг деярли иложи йўқ. Оламда тирик мавжудотларнинг ҳашаротлар сонига тенг келадиган синфи топилмайди. Агар биз дунёда қанча ҳашарот борлигини санашга уриниб кўрсак, инсон онгига сиғмайдиган сон ҳосил бўлади! Бирорта минтақада яшаётган ҳашаротларни санашнинг ягона усули, бу — унумдор нам тупроқнинг бир квадрат метрида мавжуд ҳашаротларни санаб чиқишдир. Улар тахминан беш юздан икки мингтагача бўлади.
Бу — унумдор тупроқли бир гектар майдонда саккиз миллион атрофида ҳашарот фаровон ва тўкин-сочин яшайди, деган маънони англатади!
Бироқ ҳашаротларни махсус тайёргарликсиз кузатишга чиққан одам (кўпчилигимиз шундаймиз) ана шу майдондаги ҳашаротларни санашга уринса, у фақат атрофида учиб юрган капалак, тукли ари ёки қўнғизни кўриши мумкин. Аммо оддий кўз билан илғаб бўлмайдиган ҳашаротлар ҳам мавжуд. Уларни, асосан, микроскоп остида кўриш мумкин. Бир гектар майдондаги бу қадар кўп сонли ҳашаротларнинг бир неча минги одамга ноўнғайлик туғдиради ва шу боисдан у уларнинг сонини назорат қилиб туришга уринади.
Бу омилларнинг барчасини қайд этсангиз, инсоннинг, аслида, ҳашаротлар сайёрасида яшаётганини фаҳм этасиз, лекин у бу ҳашаротларнинг кўпини ва уларнинг ҳақиқий миқдорини тасаввур этолмайди!
Ташқи қиёфаси турли-туманлигига қарамай, ҳашаротлар учун икки хусусият умумийдир: уларнинг танаси уч аъзодан иборат ва кўпинча олти панжали бўлади. Бу уларнинг аксариятига хос, аммо бундан мустаснолари ҳам мавжуд.