Ҳашаротларда қон бўладими?

Биз ўзимиздан кичкина бўлган тирик мавжудотга қарасак, баъзи бирларимиз ўзимизда бўлган аъзолар ва организм функциялари уларда йўқ, деган хаёлга боради. Ҳашаротдек майда вужуднинг қандай қилиб юраги бўлиши мумкин? Жимитдай танада қонни бир зайл айлантириб турадиган қон юриш системаси қандай қилиб жойлашиши мумкин?

Табиатнинг сеҳру синоати фақат шу билан чегараланиб қолмайди, айни мавжудотларнинг аъзолари ўзларининг ҳаёти учун нақадар мукаммал тузилган.

Вояга етган ҳашаротларнинг танаси уч қисмга: бош, кўкрак ёки торакс ва қоринга бўлинади. Бошидаги бир жуфт мўйловчаси сезиш ва ҳид билиш функциясини бажаради. Оғзи ва кўзи ҳам бошида жойлашган.

Ҳашаротларнинг нафақат юраги, балки қон юриш системаси ҳам мавжуд. Қон клапанлари бўлган тешиклари орқали юрагига етиб боради. Юрак кичрайган пайти бу тешиклар ёпилиб қолади ва қон қизил қон томирига чиқариб юборилади. Ҳашаротларда биздагидек капилляр (қил томир)лар ва кўк томирлар йўқ.

Организмнинг кислород билан таъминланиши қон айланиш системаси орқали амалга ошмагани учун қон юриш системаси унчалик яхши ривожланмаган. Бизнинг организмимизда, сизга маълумки, қон танамизнинг ҳар бир аъзосига кислород етказиб беради ва яшаш учун имкон яратади.

Ҳашаротларнинг нафас олиш системаси бутунлай бошқача. Уларнинг кичкина тарқоқ найлари учи тешик бўлиб, ҳаво олиш учун танаси четларига чиқиб туради. Ҳаво тўғри тана сиртидан кириб, бевосита организм ҳужайраларига етиб боради.

Бундан мураккаброқ система уларнинг ўлчамига тўғри келмайди. Бошқа томондан, бундай содда система йирик ҳайвонлар учун етарли эмас. Тирик мавжудотларнинг ярмидан кўпи унингсиз яшаётганини эътиборга олсак, бу тузилманинг унчалик ёмон эмаслигига иқрор бўламиз.

Ҳашаротларнинг «гексапод» деб номланишини ҳам биласизми? Бу истилоҳ юнончадан таржима қилинса, «олтиоёқ» маъносини беради. Агар сиз уларнинг панжасига назар солсангиз, гексапод ҳашаротларнинг аксарияти учун муносиб ном эканига гувоҳ бўласиз. Уларнинг уч жуфт оёғи, одатда, тораксга бириккан.

Ҳашаротларнинг минг-минглаб тури бор. Улар орасида одамларга яхши дўстлари ва ўтакетган душманлари ҳам учрайди.