Сабур ўзининг номини қандай олган?

Бу ўсимликнинг илмий номи «агава»дир, сабур дейилиши эса хатодир! Кўплар уни юз ёшга кирганда гуллайди, деб ҳисоблашади. Асл гап шундаки, унинг гуллаши ҳар бир сабурнинг ўзига хос хусусиятлари ва у ўсаётган шарт-шароитга боғлиқдир.

Жуда иссиқ мамлакатларда сабур бир неча йилда гуллаши мумкин. Совуқ иқлимда эса у фақат 40 — 60 ёшда етилади.

Агава ёки сабур, асосан Мексикада ўсади, аммо Қўшма Штатларнинг жануби ва ғарбида, шунингдек Жанубий Американинг Марказий ва тропик ўлкаларида ҳам учрайди. Бу ўсимлик эти қалин, учи ўткир барглари туфайли катта «розетка»га эга. Пояси шу қадар калтаки, барглари худди илдизидан униб чиқаётгандай.

Гуллаш даврида баргларидаги розеткаси марказидан майда-майда гуллар билан мўл қопланган узун поя, яъни «мачта» ўсиб чиқади. Афтидан, бундай гуллаш ўсимликнинг катта меҳнатлари эвазига келади; мана шу йиллар орасида у ўсиб, гул ёзиши учун ўзининг серэт баргларида озиқ моддаларни йиғиб боради.

Агаванинг ғайриодатий ўсиши уни қизиқарли тарзда қўллаш имконини яратади. Ўсимлик новдалари жуда тез ривожланади, бу жараён юз бераётган пайти ўсимлик шираси ёш новдалар поясига оқиб келиши кузатилади. Мексикаликлар бу новдани қулоч очиши билан юлиб ташлайдилар. Кейин улар ўсимликнинг ўртасидан ўйишади ва шу ерга анчагина ширасини тўплайдилар.

Бу шира «агуамиэль» дейилади ва уни чўчқа терисидан қилинган идишларда ферментлаш учун марказий омборга олиб келадилар. Шира қуюқ ва оқимтир тус олади. Сув таркибидаги қанд алкоголга айланади, пировардида кўплар тўйимли деб ҳисоблайдиган мексикаликларнинг миллий ичимлиги — «пулька» олинади.

Мексикаликлар кактуснинг яна бир тури — опунцийни муқаддас ўсимлик деб билишади. Шу боисдан у мамлакатнинг миллий гербида акс эттирилган.

Мексиканинг қадимий афсоналарида айтилишича, ацтеклар қабиласи тоғларда жуда кўп кунлик саргардонликлардан сўнг Тескоко кўли бўйига ҳордиқ чиқаришга ўтиришади. Улар кичик бир оролда опунцийга қўнган бургутнинг панжалари билан илонни ғажиб ўлдираётганини кўриб қолишади. Ацтеклар учун бу яхшилик аломати ҳисобланган, улар тоғдан тушиб келганлар ва бургутни кўрган жойларида Теночтитлан шаҳрига — «муқаддас опунций макони»га асос солганлар. Ҳозир ана шу жойда Мексиканинг пойтахти, Мехико ўрнашган.

Опунцийнинг нордон-ширин мевасини ацтеклар қадимдан овқат ўрнида тановул қилиб келганлар, кейинчалик европаликлар уни тиканли нок деб аташган. Ҳақиқатан ҳам улар кўринишидан кичик нок ёки лимонга ўхшаб кетади. Опунций мевасининг тиканини олиб ташлаб, ҳўллигида ҳам, қуритилган ва мураббо ҳолида ҳам истеъмол қилишади.

Опунций мевасидан олинган шарбатдан сироп, желе ва бошқа ичимликлар тайёрлашади. Мексикаликлар опунций поясини овқатга ҳам соладилар, новдаларини эса миллий таомлар тайёрлашда ишлатишади.

Бошқа турдаги кактус меваларини ҳам овқатга солишади. Улар орасида энг ширалиси эхиноцереус меваси саналади. Уларни ҳўллигида ҳам, қуритилган ва қайнатилган ҳолда ҳам ейишади. Пилосоцереус меваси, шунингдек, ферокактус ва мелокактуснинг серсув поясидан мармелад ва конфетлар тайёрлашда ишлатишади.

Миртиллокактус меваси таъми голубика (шимол ботқоқликларида ўсадиган мевали бута ва унинг тўқ кўк меваси)ни, дизокактус малинани, оқсочли опунций эса шафтолини эслатади. Аргентиналиклар таъми картошканикига ўхшаш ачакана илдизи ва серсув поясидан жон-жон деб овқат тайёрлайдилар.