Ҳар қандай боғча ёки майсазорга кўрк берадиган капалакгулни ким билмайди дейсиз! Шунга қарамай унинг яна бир оти бор: фаранги бинафша! Бу кўп йиллик, кичкина ўсимликнинг бўйи 10 — 40 сантиметр бўлиб, паҳмоқ, ғоят гўзал бинафша, сариқ, оқ тусдаги гултожбарглари мавжуд. Капалакгул апрелдан то кеч кузга қадар гуллайди ва бизга ўз латофати билан завқ бағишлайди.
Бу нозик, ипаксимон гултожбаргларда жуда кўп доривор моддалар борлигини биласизми? Олимлар капалакгулда А ва С витаминлари, гликозид, эфир ёғи, танин мавжудлигини аниқлашган. Айтганча, булар яқин орада аниқланган бўлса-да, тиббиётда фаранги бинафша юзлаб йиллардан буён ишлатилади. Унинг поясидан тайёрланган дорилар шамоллашга қарши жуда катта самара беради, кўпгина, масалан, тери касалликларига шифобахш. Агар терига тошма, сачратқи тошган бўлса, катталарга ҳам, болаларга ҳам гултожбарглар қайнатмаси аралаштирилган ванна қабул қилиш тавсия этилади. Уй косметикасида капалакгулдан дамлама, компресс ва маска ҳолида фойдаланилади.
Алқисса, гулзор яратмоққа киришсангиз, гўзал фаранги бинафша экишни унутманг, бу гулзорингизга бетакрор тароват, лозим бўлганда дори сифатида ёрдам беради.