Гуллар вақтни билиши мумкинми?

Агар сиз эрталаб ўрмонга сайрга отлансангиз, айрим гуллар ҳали ўз қалпоқчаларини очмаганини илғаб оласиз. Мана шу пайтда баъзи ўсимликлар буткул уйғониб, тонг қуёши томон талпинади, бошқалари эса қаттиқ уйқусини бузмаган, ҳарқалай, уларнинг қалпоқчаси очилмаган бўлади. Бордию сиз уларни бир неча кун кузатсангиз, ўзингиз учун ажойиб кашфиёт қиласиз. Қуёш чиқиши билан гуллар бир вақтда очилавермайди. Дарвоқе, одамлар буни қадим замонлардаёқ кашф этишган. Улар гулларни кузатиб, уларнинг ҳаёти маълум биологик маромга бўйсунишини англаб олганлар. Айрим гуллар ўз гулчамбарини эрта тонгдаёқ очади ва қуёш тик кўтарилганда ёпади, бошқалари эса кундузи ёки кечга яқин «уйқудан туради».

Қадим Юнонистонда ва Римда шаклдор гулзорга гулларни шундай экишганки, уларга қараб вақтни билиш мумкин бўлган.

Ҳозир швед ботаниги Карл Линнейнинг бундан 260 йил аввал яратган машҳур гулсоатларини ҳамма билади. Унинг Упсала шаҳридаги шаклдор гулзорида ўсган гуллар тонг азон соат 3 — 5 дан то ярим кечага қадар бирин-кетин очилган. У ерда ҳаммага таниш қоқигул, зиғир, картошка, ёрқин сарана, оддий кисличка, қўнғироқгул ва бошқа гуллар ўсган.

Олим ўз кузатишлари натижаларини кунда махсус жадвалга ёзиб борган. У жадвалга куннинг қайси вақтида қайси гул ўз гулкосасини очишини қайд этган. Ўша жадвалга қараб, кун вақтини билиш қийин бўлмаган.

Агар сиз бу тажрибани такрорламоқчи бўлсангиз, синаб кўринг, бу жуда қизиқарли. Аммо бир муҳим шартни назардан қочирманг: гулларнинг биологик мароми сиз яшаётган жойнинг жўғрофий ҳолатига боғлиқ. Шу сабабдан гулларни маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиқиб танланг. Масалан, Россиянинг ўрта минтақасида ҳаммадан аввал, соат 3 дан 5 га қадар эчкисоқол ўт — пойи чиройли сариқ сертук гул «уйғонади».

Тонгги соат 4 — 5 да қип-қизил бўлиб қизғалдоқ, кўм-кўк бўлиб сачратқи гултожлари очилади. Сўнг бўзтикан ва красноднев «уйғонади». Соат 6 га яқин қувноқ қоқигул, зиғирнинг нафис гуллари, картошканинг оч-бинафша гуллари очилади. Бордию сиз кислицанинг нафис гултожлари ва тўқ сариқ гулҳамишабаҳорни кўрсангиз, соат 9 бўлганига ишонч ҳосил қилаверинг, чунки бу гуллар айни шу вақтда «уйқудан туради». Наъматакнинг ёрқин гуллари кун бўйи очилиб туради.

Соат гуллар кечки ва тунги вақтни ҳам аниқлаб бериши мумкин. Ҳаммамизга беш қўлдай аён хушбўй тамаки тунги гуллар сирасига киради. Унинг гуллари кундузи ёпилиб, фақат кечқурун очилади. Қуёш ботиши билан тунги бинафша хушбўй ҳид тарата бошлайди. Ярим тунда «Тунги малика» кактусининг гулкосаси очилади.